Биз “Buyuk kelajak” кенгаши экспертлари билан интервьюлар туркумини эълон қилишда давом этамиз. Эксперт Малика Шарипова Ўзбекистон олий таълим тизимида Болония жараёнининг мақсадларини амалга оширишга доир ўз фикрларини UzAnalytics.com таҳлилий сайтига баён этди.
Малика ШАРИПОВА – 1982 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. Буюк Британиянинг Астон (Aston Business School) бизнес мактабида Ижтимоий масъулият ва барқарор ривожланиш йўналишида магистрлик дипломини олган. Ундан сўнг Франциядаги Кедж (Kedge Business School) Бизнес мактабини менежмент йўналишида магистратурани тугаллаган. Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг халқаро муносабатлар йўналишибитирувчиси . Тошкентдаги Халқаро Вестминстер Университетида дарс берган.
Айни пайтда Бельгияда корпоратив ижтимоий масъулият ва барқарор ривожланиш бўйича мутахассис, “NewLinks Global” консалтинги хамкори, “Buyuk kelajak” кенгаши эксперти.
Таълим тизимини ислоҳ қилиш, уни такомиллаштириш ва сифат даражасини ошириш йўлида устувор вазифалардан қилиб, дунёдаги энг илғор мамлакатлар билан тажриба алмашиш, глобал таълим жараёнларида фаол иштирок этиш, ҳамда ўқитувчи ва талабалар олдида турган сунъий тўсиқларни бартараф этишни белгиласа бўлади. Ушбу мақсадларга эришишнинг самарали йўлларидан бири сифатида Болония жараёнига қўшилиш бўлиб кўринади, зеро ёпиқ шароитларда таълимни ривожлантириб бўлмаслигини кўплаб мамлакатларнинг тажрибасидан билиб олиш мумкин.
Болония жараёни — Европа мамлакатлари орасида олий таълимни уйғунлаштириш жараёнидир. Бу тушуниш осон бўлган ва ўхшаш даражалар (малакалар) тизимини яратишини, таълимнинг кредит тизимига ўтишини, таълимнинг сифатини таъминлашда эркин академик ҳаракатланишни ва Европадаги таълим ҳамкорлигини ўз ичига олади. Қисқа қилиб айтганда, бу Европа мамлакатларининг олий таълим тизимларини уйғунлаштириш, ҳар бир киши учун тенг равишда таълимни таъминлаш, интеллектуал, маданий, ижтимоий, илмий ва технологик салоҳиятни шакллантириш ва мустаҳкамлаш, таълим сифатини такомиллаштириш жараёнидир.
Болония жараёнига қўшилиш шартлари
– Европа Маданият Конвенциясини ратификация қилиш ва олий таълим тизимида Болония жараёнининг мақсадларини амалга оширишга тайёргарлик;
– Болония жараёнида эътироф этилган илмий даражалар, шу билан бирга ЮНЕСКО томонидан ишлаб чиқилган дипломга илова системасини қабул қилиш. Дипломларни тасдиқлаш ва бошқа мамлакатларда уларнинг тенглигини эътироф этиш тартибини соддалаштириш учун Болония Декларацияси “ECTS” кредит бирлигида ифодаланган ўқув фанлари, амалий машғулотлар ва бошқа турдаги таълим тўғрисида асосий маълумотни ўзида акс этувчи махсус инглиз тилидаги диплом иловасини тақдим этилиши;
– Олий таълим соҳасида юқори сифатни таъминлаш, олий таълим соҳасидаги малака ва тегишли ҳужжатларни ўзаро тан олиш, университетларнинг автономлигини таъминлаш.
– Қиёсий даражадаги тизим, яъни уч босқичли олий таълим тизимини қуйидаги икки модел асосида жорий этиш:
Бакалавр + магистр + аспирантура: 3 йил + 2 йил + 3 йил;
Бакалавр + магистр + докторантура: 4 йил + 1 йил + 3 йил;
– ECTS системаси асосида кредит тизимига ўтиш. Кредитлар, шунингдек (агар улар олий ўқув юртлари томонидан эътироф этилса), олий таълимдан ташқари, жумладан, ҳаёт давомида билим олиш (lifelong learning – LLL) жараёнида ҳам қўлланилиши мумкинлиги;
– Бутун ҳаёт давомида билим олиш (lifelong learning – LLL) учун шарт-шароитлар яратилиши;
– Қиёсий мезон ва услубларни ишлаб чиқиш мақсадида таълим сифатини таъминлашда Европа билан ҳамкорликни ривожлантириш;
– Олий таълимда, айниқса, ўқув дастурларини ишлаб чиқишда, институтлараро ҳамкорлик, мобиллик схемалари, биргаликдаги ўқув дастурлари, амалий машғулотлар ва тадқиқотлар билан боғлиқ муҳим масалаларда Европа анъаналарига ва тизимларига асосланиш;
– Талабалар, ўқитувчилар ва тадқиқотчиларнинг эркин ҳаракатини (мобиллигини) самарали амалга оширишга шарт-шароитлар яратиш: талабаларни таълим олиш имкониятларини яхшилаш ва амалий машғулотлар билан таъминлаш; ўқитувчилар, тадқиқотчилар ва маъмурий ходимлар учун эса натижаларни тан олиш ва бошқа университетларда тадқиқот, ўқитиш ва амалиётга сарфланган вақтни ҳисобга олиниш имкониятини яратиш;
Болония декларациясини имзолаш.
Болония жараёни асосан Европа давлатлари учун ташкиллаштирилган, бунда Осиё давлатлари ҳам қатнаша оладими?
Болония жараёни асосини Европа Иттифоқи давлатлари яратганига қарамасдан, бугунги кунда Европа Иттифоқига аъзо бўлган давлатлардан икки баробар кўп давлат бу жараёнга қўшилган (48 мамлакат). Болония жараёнига яна Европа Иттифоқида бўлмаган Швейцария ва Норвегия, олтита Шарқий ҳамкорлик мамлакатлари (жумладан, Беларус), Россия, Туркия ва Қозоғистон ҳам қўшилган.
2010 йилда Будапештда Қозоғистоннинг Болония декларациясига қўшилиши ҳақида якуний қарор қабул қилинган. Қозоғистон Европа таълим тизимининг тўлақонли аъзоси сифатида тан олинган Марказий Осиёдаги илк давлат ҳисобланади.
Болония жараёнига қўшилиш Қозоғистон учун нима берди?
Болония жараёнига қўшилгандан сўнг Қозоғистон олий таълим тизимида қуйидаги катта ўзгаришлар рўй берди:
– Қозоғистон университетлари ҳозирда дунёдаги 650 дан ортиқ олий ўқув юртлари томонидан имзоланган Буюк Хартияга қўшилди ва бу маҳаллий таълимни Европа стандартларига яқинлаштирди. Хартияни 60 дан ортиқ қозоқ университетлари имзоладилар.
– Болония декларацияси тамойиллари асосида бакалавр — магистр — докторлик диссертациясининг уч босқичли моделига ўтиш амалга оширилди.
– Олий таълим муассасаларининг таълим жараёнига илғор технологияларга асосланган таълим тизими жорий этилди: барча олий таълим муассасаларида кредитлаш технологиялари жорий этилди, 38 та иккита дипломли таълим, 42 та масофавий таълим йўлга қўйилди. Дублин ўқув дастури дескрипторларига мувофиқ, модулли таълим дастурлари, силлабуслар ишлаб чиқиляпти, малакалар квалификациясининг миллий дастури яратилди.
– «ECTS» (Европа Кредит Трансфер тизими) жорий этилди, «ECTS» қоидаларини қабул қилиш бўйича услубий қўлланма қабул қилинди (бу қўлланма 2015 йилнинг 14-15 май ойида Европа мамлакатларининг таълим вазирлари конференциясида тасдиқланган).
– Хорижий ўқитувчилар ва маслаҳатчиларни таклиф қилиш давлат буюртмаси доирасида ва университетларнинг бюджетдан ташқари жамғармалари ҳисобидан амалга ошириляпти. 2009 йилдан 2014 йилгача бўлган даврда 6927 нафар хорижий олим ва маслаҳатчи таклиф қилинди.
– Бугунги кунга келиб Қозоғистоннинг 19 мингга яқин фуқароси дунёнинг 35 мамлакатида таълим олишяпти ва таълим, илм-фан соҳасидаги ҳамкорлик географияси ҳар йили кенгайиб бормоқда. Чет элда талабаларни ўқитиш қуйидагича амалга оширилади: халқаро таълим алмашуви; чет эл ҳукуматлари ва халқаро ташкилотларнинг стипендиялари; Қозоғистон Республикаси “Болашак” халқаро стипендияси ёрдамида.
– Ҳозирги кунда Қозоғистоннинг 50 дан ортиқ университетлари Буюк Британия, Ирландия, Испания, Чехия, Германия, АҚШ ва бошқа етакчи давлатлар университетлари билан икки диплом даража системасида таълим олиб бормоқда.
– Таълим сифатини таъминлаш борасида халқаро ҳамкорликни рағбатлантириш учун Қозоғистон Республикаси Таълим ва фан вазирлиги томонидан Аккредитация агентликлари миллий реестри ташкил этилди. Бу реестр Қозоғистон Таълим сифатини назорати бўйича мустақил агентлиги (IQAA) (https://iqaa.kz/bolonskij-protsess/voprosy-i-otvety-bolonskij-protsess ) билан биргаликда 8 та хориж агентликларини ўз ичига олади ва улар биргаликда қиёсий мезон ва методологияни ишлаб чиқиш учун ҳамкорлик қиладилар. 2009 йилдан 2015 йилгача бўлган вақт оралиғида IQAA 50 та университетни ва 1100 дан ортиқ дастурни институционал аккредитациядан ўтказди, бунда дунёнинг 25 мамлакатидан 153 хорижий эксперт, 1100 нафар маҳаллий эксперт, шу жумладан, 190 талаба ва 200 дан ортиқ иш берувчилар жалб қилинди. Агентлик олий таълим сифатини таъминлаш учун аккредитация стандартларини Европа олий таълим соҳасидаги мавжуд стандартлар ва қўлланмалар билан мувофиқлаштириш устида ишламоқда.
– Қозоғистонда Республика Таълим ва фан вазирлиги қошида Болония жараёни ва академик мобиллик маркази амалиёт олиб боради. Унинг асосий мақсади олий таълим тизимининг рақобатбардошлигини таъминлаш мақсадида Қозоғистон Республикасида мамлакат ва Университет даражаларида Болония жараёнининг келишилган принципларини тўғри ва тўлиқ амалга оширишга кўмаклашишдан иборат (http://enic-kazakhstan.kz/ru/about/o-centre ).
Болония жараёнига қўшилиш Ўзбекистон учун нима беради?
Болония жараёни Ўзбекистон таълим тизимига тахдид солиши мумкин ёки умуман фойда олиб келмайди, деган фикрлар ҳам мавжуд. Бундай тахминларга бир қатор омиллар сабаб бўлаётган бўлиши мумкин. Шулар қаторига Болония жараёнида иштирок этиш йиллар давомида шаклланган таълим тизимини тубдан ўзгартириш талаб этилиши, лозим бўлган ислоҳотларнинг қиммат ва узоқ вақт талаб этиши, академик алмашинувлар натижасида билимли инсонларнинг кетиб қолиш эҳтимоли, миллий анъаналарга путур етиш хавфи юқорилигини мисол қилиб кўрсатиш мумкин.
Қолаверса, Болония жараёнига қўшилиш учун тўсқинлик қилаётган яна бир қанча омиллар борки, уларни бартараф этмай туриб, биз бу жараёнга қўшилишимиз мушкул. Булар орасида қисқача тўхталиб ўтиш мумкин бўлган омиллардан:
– Айни вақтда таълим стандартларимизнинг жаҳон талаблари билан мувофиқ эмаслиги;
– Ўқувчи ва ўқитувчилар малакаси бугунги талабларга жавоб бермаслиги, яъни масалан инглиз тилини билиш даражасининг пастлиги;
– Барча талабаларимиз ҳам чет элдаги кўчиб ўтиш, турар-жой ва овқат харажатларини қоплашга қодир эмаслиги. Университетларимиз хорижий таълим муассасаларида стажировка таклиф этиш имкониятига эга бўлишса-да, рўйхатга олиш ва талабаларни алмашиш шартлари ҳамманинг ҳам чўнтагига тўғри келавермаслиги;
– Худди шундай тарзда эркин академик ҳаракатланишни таъминлаш учун Университетларда ривожланган инфратузилманинг (ётоқхона, тиббий суғурта ва ҳ.к.) ва маблағ манбаларининг (саёҳат грантлари ва бошқалар) етарли даражада ривожланмаганлиги;
– Болония жараёни университетларнинг автономияси принципига катта аҳамият беради. Автономия — ўзларининг малакаси билан боғлиқ масалаларни ҳал қилишда университетларнинг мустақиллигидир. Бизда афсуски барча таълим муассасалари ҳали ҳам давлат қарамоғида ва олий таълим вазирлиги қўли остида фаолият юритадилар;
– Олий таълим тизимида ҳали ҳам коррупциянинг мавжудлиги;
– Болония жараёни масалалари доирасида амалга оширилаётган учрашувлар ва йиғилишларда Ўзбекистон қатнашуви жуда сустлиги.
Ушбу мавжуд муаммоларни кўзда тутган холда қуйидаги ечимларни таклиф этса бўлади:
1. Болония жараёни биздаги мутахассисларнинг чет элда қолиб кетишини осонлаштиради деган шубҳаларга келсак, албатта хавф мавжуд, чунки агар Европада ўзбек дипломлари қабул қилинса (ёки ҳеч бўлмаса тан олинадиган бўлса), бу албатта, битирувчиларимизни у ерда иш топишларини осонлаштиради. Аммо мутахассисларни чет элга чиқиб кетиш жараёни агар мамлакатимизда мавжуд бир қатор муаммоларни ҳал қилмасак, шундай ҳам рўй бераверади. Масалан, юртимиздаги иш билан таъминловчи ташкилотлар, шу жумладан, давлат, битирувчиларнинг иш шароитларини Ғарбдагидек таъминлаб бера олмасалар (масалан, иш ҳақи, креатив ва эркин фикрлаш учун шарт-шароитлар ва ҳ.к.) мутахассисларимиз Болония жараёнига қўшилмаган тақдиримизда ҳам чиқиб кетаверадилар. Аксинча Болонияга қўшилиш бизга нафақат маҳаллий мутахассисларнинг чиқиб кетишини қисқартириш, балки хорижликларни ҳам таълим бериш жараёнларига жалб қилишимизга имкон беради, бу эса Ўзбекистон олий ўқув юртларининг рақобатбардошлигини оширади.
2. Ҳозирги таълим стандартларини такомиллаштириш мақсадида худди Қозоғистондаги каби мустақил агентлик ва марказлар ташкил этиш лозим бўлади.
3. Хориждан келган талабалар ва хорижий ўқитувчиларга дарс машғулотларини ўтказиш учун шароит яратиш лозим. Масалан, инглиз тилида янги дастурларни очиш, талаба ва ўқитувчиларнинг инглиз тили салоҳиятларини инглиз тилини ўргатиш бўйича текин курсларни уюштириш.
4. Талабаларимизнинг эркин мобиллигини таъминлаш учун турли халқаро грантларни жалб этиш, балки давлат дастури асосида ҳам сармоя ажратиш керак.
5. Тажриба асосида баъзи университетларга автономлик бериш ва уларнинг Болония жараёнига қўшилишдарига ёрдам бериш (айниқса, СТЕМ йўналишларида);
6. Коррупцияга қарши курашишда юқорида ташкил этилиши таклиф этилган мустақил агентлик билан ҳамкорликда дастур ва йўл хариталари ишлаб чиқиш.
7. Болония жараёнига бағишланган учрашувларда Ўзбекистоннинг фаоллигини таъминлаш (бунда мустақил агентлик ходимлари ҳам қатнашса бўлади).
Умуман олганда Болония жараёнини синчиковлик билан таҳлил қилиш натижасида қуйидаги хулосаларга келса бўлади:
– Болония жараёнида иштирок этиш Университет битирувчиларига меҳнат бозорида янги имкониятлар яратади;- Талабалар ва академик алмашинувлар тажрибаси глобаллашган дунёда Ўзбекистон кадрларининг савияси ошади, ривожланган давлатлардаги тажрибаларни ўзимизда ҳам тадбиқ этишга имкон беради;
– Болония жараёни Ўзбекистонга интеллектуал бойликдан самарали фойдаланиш учун илмий ва саноат тадқиқот тузилмалари йўналишидаги инновацион ва изланувчан университетлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш имконини беради;
– Болония жараёнига қўшилиш Ўзбекистонга Европа таълим тизимидан фойдаланиш, дипломлар ва малакаларнинг профессионаллигини эътироф этиш, кредит тизимини (ECTS) ва диплом иловасини жорий этиш, таълим сифатини баҳолаш, талабалар ва факультетларнинг академик уйғунлигини амалга ошириш ва узлуксиз таълимни таъминлашга имкон беради;
– Болония декларациясининг тавсияларига мувофиқ, ҳар бир талаба ҳеч бўлмаса бир семестрни бошқа бир университетда, имтиёзли равишда чет элда ўтказиши лозим. Бундай алоқалар ва алмашувларнинг аҳамияти, айниқса, Ўзбекистондаги замонавий адабиётнинг камлиги ва кўпинча чекланган ва эскириб қолган лаборатория жиҳозлари шароитида талабалар учун керакли билимларни олишга ёрдам беради;
– Болония жараёнида иштирок этиш республика учун таълим хизматлари рақобатбардошлигини ошириш, олимлар ва ўқитувчиларимиз малакасини оширишга, халқаро таълим соҳасидаги Ўзбекистоннинг ўрнини мустаҳкамлаш учун зарур шарт-шароит яратишга асос бўлади;
– Дипломларимизни халқаро майдонда тан олиниши, келгусида умумий Европа таълим майдонининг бир қисми бўлиш имконини беради;
– Европа Иттифоқи билан ташқи савдо ва инвестицион алоқаларимиз йўлга қўйилган ва ривожланиб боряпти. Ушбу алоқалар, биринчи навбатда, олий маълумотли кишилар ва мутахассислар томонидан амалга оширилади. Агар икки тараф дунёқарашлари бир бирига яқин бўлса, бир-бириларини танишса, алоқаларни янада мустаҳкамлаш осонроқ бўлади.
Албатта Болония жараёни камчиликлардан холи эмас. Масалан, уч йиллик бакалавриат ичида инновацияларга қодир тадқиқотчи олимни тайёрлаш қийин. Буни англаган баъзи МДҲ мамлакатларида фанлар сонини камайтириш ўрнига, эски дарсларни, имтиҳонларни қисқа муддатда ўтказишга ҳаракат қилишади. Бу эса талабалар ва ўқитувчиларда ҳақли эътирозларга сабаб бўлади.
Кейинги муаммо Болония жараёнида иштирок этадиган мамлакатларнинг ҳаммаси ҳам етарлича юқори сифатли таълим хизматларини кўрсата олмайди, кўплаб талабалар чекланган мобиллик ҳақида шикоят қиладилар (бошқа мамлакатга кўчиб ўтишда, талаба одатда банкдаги ҳисоб рақамларида маълум миқдорда пул борлигини кўрсатишлари керак, бу эса баъзи давлатларда қиммат – масалан, Норвегия учун йилига 9,5 минг евро), талабаларнинг пассивлиги, янги қоидаларни талқин қилишда ўзбошимчалик (бу эса таълим сифатини пасайишига, бакалавриат дастурининг тузилиши билан боғлиқ муаммоларга олиб келади).
Шунга қарамай, умумлашган таълим тизимига қўшилишнинг афзалликлари кўпроқ. Таълимни таъминлашда изоляцияга йўл қўйишдан қочиш керак, бугунги глобализация жараёнларига қўшилиш, жаҳон ҳамжамиятига интеграция қилиш мамлакатимиз келажаги учун жуда муҳим ҳисобланади. Таълим дунёвий илмий-интеллектуал, бадиий-эстетик ва маънавий-ахлоқий маданият ютуқларини ўзлаштириш жараёнидир ва ҳақиқий таълим миллий-давлат чегараларини тан олмасдан жаҳон тажрибаларига асосланган бўлиши ҳар қандай давлат келажаги учун кучли омилдир.