Наби Тоғаев
Наби Тоғаев, Интерлинк Капитал Стратегияси (Вашингтон, КО) компаниясининг Марказий Осиё бўйича директори. Буюк Келажак халқаро нодавлат ташкилоти аъзоси.
Биз “Buyuk kelajak” кенгаши экспертлари билан интервьюлар туркумини эълон қилишда давом этамиз. Доимгидек, улар Ўзбекистоннинг келажагини қандай тасаввур қилишлари ҳақида ўртоқлашадилар. Наби Тоғаев глобализацияни қандай қабул қилиш ва мамлакат тараққиёти учун нималар зарурлиги ҳақида фикр юритади.
Ўзбекистондан ташқарида орттирган тажрибангиз ҳақида гапириб берсангиз. Четда нималарни ўргандингиз? Ўзбекистонда эҳтимол ўргана олмаслигингиз мумкин бўлган энг асосий тажриба нима бўлди?
Чет элда, хусусан АҚШда ўрганган билим ва тажрибаларимнинг ўрни беқиёс, мен 2016 йил scholarship (грант) асосида Жорж Вашингтон Университети (Вашингтон, КО), МБА программасига қабул қилиндим. Шу ўринда чет элда ўқимоқчи бўлган талабаларга айтиб ўтишим керакки, университетнинг жойлашган ўрни жуда аҳамиятли, бизни шимол томондан Жаҳон Банки ва Халқаро Валюта Фонди, ғарб томондан Халқаро Молия Корпорацияси, жанубий-шарқ томондан Оқ Уй ўраб туради. Нуфузли ташкилотларнинг олийгоҳга яқинлиги, сизнинг нафақат у ерда билим олишингиз, балки networking учун улкан имоният, яъни профессионал жиҳатдан ўсишингизга имкон беради. Чунки, деярли ҳар куни университет ичида ва атрофида халқаро нуфуздаги тадбирлар бўлиб туради. Менинг бу шаҳарда бўлишим ўқиш билан биргаликда, шу каби тадбирларнинг бир қисмига айланишимга имкон берди, жумладан, 2018 йил май ойида, Ўзбекистон Республикаси президенти Ш. Мирзиёевнинг Оқ Уй ва Жаҳон Банкига ташрифини оласизми, ёки бошқа учрашувларни. Шу каби табдирларда баъзан меҳмон, баъзан кўнгилли бўлиб иштирок этдим. Бундан ташқари, қатор давлат раҳбарлари ва йирик сармоядорлар (инвесторлар) иштирокидаги тадбирларда мунтазам иштирок этдим. Ва ҳар сафар Ўзбекистонни тарғиб қилишни давом этдим. Менинг университетдаги қизиқишларим молия бошқаруви ва инвестиция портфолио менежменти бўлганлиги сабабли, асосан шу соҳа вакиллараи билан кўплаб мулоқатларда бўлдим. Бу ўз мевасини бермай қолмади, албатта. Натижада, қатор инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш имкони туғилди, ҳозирги пайтда бу лойиҳаларнинг (иккаласи ҳам қишлоқ хўжалиги соҳасида) ишга солиш босқичидамиз.
Глобализация ва миграцияга мен шахсан ижобий қарайман, албатта, маънавиятимиз, урф-одатларимизга салбий таъсир қиляпти дейгувчилар ҳам топилади, лекин мен учун иқтисодий ўсишимиз ва молиявий жиҳатдан ривожланган давлатлар қаторига киришимиз муҳимроқ.
Нима деб ўйлайсиз, миграция ўзбекларга таъсир кўрсатдими? Уларни дунёнинг глобаллашган фуқаролари деб айтиш мумкинми ёки халқ урф-одат ва анъаналари хали ҳам кучлими? Глобализациянинг ижобий томонлари қайсилар, анъаналарникичи? Экспатриантлар (ватанидан кўчиб кетганлар) ва маҳаллий фуқароларнинг қарашларини бирлаштириш мумкинми, узилиш юз бермадимикин?
Глобализация ва миграцияга мен шахсан ижобий қарайман, албатта, маънавиятимиз, урф-одатларимизга салбий таъсир қиляпти дейгувчилар ҳам топилади, лекин мен учун иқтисодий ўсишимиз ва молиявий жиҳатдан ривожланган давлатлар қаторига киришимиз муҳимроқ. Буюк Келажак халқаро нодавлат ташкилоти аъзоси Бекзод Ҳошимов айтданидек, “бу биз учун ривожланган давлатлар сафида бўлишдаги охирги имконият бўлиши мумкин”, шунинг учун ҳозир глобализациянинг урф-одатимизга таъсирини муҳокама қилиб ўтиришимиз мантиқсиз. Бизнинг ҳозирги иқтисодий кўрсатгичимиз ҳавас қиладиган даражада эмас, буни қўшни Қозоқистонга таққослаган тақдиримизда ҳам кўришимиз мумкин. ЙИМимизнинг киши бошига тақсимоти бир неча баробар кам (7,970 ва 2,000 АҚШ доллари мос равишда).
Миграцияга келадиган бўлсак, бу табиий ҳол, яъни инсон ҳар доим ўзи учун ҳар томонлама яшаш ва ишлаш қулай бўлган ҳудудга кўчиб ўтади, давлат чегаралари пайдо бўлишидан олдинги инсоният тарихини эсга оладиган бўлсак, бу ҳолат ҳар доим бўлган. Агар саволингизда билимли кадрларимизнинг бошқа давлатларга кўчиб кетаётганини назарда тутган бўлсангиз, бу албатта давлат иқтисодиёти учун жуда катта зарар, чунки давлатнинг бойликлари ҳозирги замон иқтисодиётида унинг ер-ости заҳиралари билан эмас, балки инсон капитали сифати билан ўлчанади. Бунга ёрқин мисол, Калифорния штати (ЙИМ 2.448 трлн АҚШ доллари), унинг ЙИМи асосан интелектуал бойлик эвазигадир. Штатнинг ЙИМдаги асосий улушларини молия, бизнес хизматлари, таълим, соғлиқни сақлаш, технология, ва туризм соҳалари ташкил қилади (ҳаммаси биргаликда 56%) атиги 1%и қишлоқ хўжалигига тўғри келади. Юқоридаги мисолдан инсон капиталининг мамлакат иқтисодиётдаги ўрни беқиёслигига яъна бир бор амин бўлдик.
2016 йилдан бери Президент Ш. Мирзиёев раҳбарлигида юзлаб хорижда фаолият олиб бораётган профессионал ҳамюртларимизнинг давлат органларига жалб қилинишини оқилона қарор деб баҳолайман. Бу ҳолатни танага “янги қон” қуйилишига таққослаш мумкин, гарчи ҳали натижалар ҳақида гапиришга эрта бўлсада, лекин сезилари ютуқларга эришилмоқда. Жумладан, куни кеча Лондон Биржасида 1 млрд АҚШ долларилик облигацияларимизнинг жойлаштирилди ва халқаро рейтинг агентликларининг Ўзбекистон кредит рейтингини (BB-) эълон қилинди. Бу рейтинг бизни Бразилия, Грузия ва Ветнам каби давлатлар билан тенглаштириб, қўшни Тожикистон ва Украина каби давлатлардан юқори ўринларни эгаллашимизга имкон беради, натижада хорижий инвестицияларни жалб қилишни осонлаштиради. Бунинг ҳаммаси айнан мен юқорида эслатиб ўтган хорижда тажриба ошириб, юртга қайтган профессионал ҳаммюртларимизнинг меҳнати эвазига қисқа муддатда эришилди.
Бугун Ўзбекистонда қандай ижобий ўзгаришларни кўряпсиз? Нималарни тузатиш керак деб ўйлайсиз?
Ўзбекистонда охирги икки йилда ўзгаришлар жуда салмоқли, буларнинг ичида валюта айирбошлашдаги эркинлик, солиқ ислоҳотлари ва қатор инвестиция жалб қилиш бўйича чиқарилган Президент қарорлари, қонун лойиҳалари, ва уларнинг ижросини ижобий баҳолаш мумкин.
Чунки биргина валютага бўлган чеклов йиллар давомида иқтисодиётимизга миллиардлаб АҚШ доллари шаклида зарар келтираётганди. Шахсан мен энг катта ютуқ деб қўшни давлатлар билан олиб борилаётган тинч қўшничилик сиёсатини ҳисоблайман. Масаланинг сиёсий ёки ижтимоий қисмига тўхталиб ўтмоқчи эмасман, балки унинг иқтисодий жиҳатлари ҳақида гапирмоқчиман. АҚШда фаолият олиб бораётганимда, кўплаб инвесторлар билан суҳбатда бўлганман, уларнинг деярли барчаси Марказий Осиёни дини, тили, маданияти бир яхлид ҳудуд ҳисоблашади, яъни 70 млн аҳоли яшайдиган, ЙИМи 260 млрд АҚШ доллари бўлган умумий майдони 4 млн км2 бўлган минтақа. Муаммоларга келадиган бўлсак, улар ҳали етралича, лекин мен фақат асосийларига тўхталиб ўтмоқчиман. Энг аввало суд тизимини мустаҳкамлашимиз керак, ҳар қандай тадбиркор хорижий ёки маҳаллий бўлсин унинг учун мулк дахлсизлиги ва ҳақ-ҳуқуқлари ҳимоя қилиниши жуда муҳим. Шундагина, хорижий инвесторларнинг ишончини қозонамиз, ва иқтисодий жиҳатдан ўса оламиз. Бундан ташқари, инфраструктура, оммавий ахборот эркинлиги таъминлаш, кучли фуқаролар жамиятини шакллантириш, административ ислоҳотларни амалга ошириш, банк, ҳокимият ва солиқ идораларидаги ишларнинг самарадорлигини оширишимиз керак. Юқоридагилардан ташқари, иқтисодиётнинг кўплаб жабҳаларини хусусийлаштириш керак, давлат фақат қонун устуворлигини таъминловчи орган бўлиб қолиши керак. Чунки, давлат мулк эгаси ёки шерикчилик асосида қайсидир секторни бошқармаслиги керак, агар у стратегик аҳамиятга эга бўлмаса албатта. Компаниялрга субсидия ёки преференсиялар берилмаслиги керак, чунки унинг юки солиқ тўловчилар гарданига тушади. Бунга яққол мисол Женерал Моторс, компаниянинг АҚШдаги фаолиятини оладиган бўлсак, у ҳозирги кунда рақобатбардош компания эмас, чунки у кўплаб давлат субсидияларини олади (2008-2009 йиллар кризис пайдида bailout давлатга $11. 2 миллиардга тушган), биладики у доимо давлат ҳимоясида. Шунга қарамай, ЖМ маҳсулотлари нафақат жаҳонда, балки АҚШнинг ичида ҳам Тойота, Хонда, Мерcедес-Бенз каби брэндларга ютқазмоқда.
Шундан хулоса қиладиган бўлсак, давлат фақатгина, ҳалол рақобат ва қонун устуворлигини таъминлаб берса бўлди, буёғига талаб ва таклиф ўз сўзини айтади. Энг муҳими, халқ ишончини йўқотмаслигимиз керак, уни тиклаш қимматга тушиши мумкин.
Мамлакатда инсон капитали сифатини қандай баҳолайсиз? У қайси тармоқларда сақланиб қолган, қайсиларида эса йўқ? Инсон капитали сифатини қандай кўтариш мумкин?
Бу саволингизга мен инсон капитали сифати жуда қониқарсиз деб жавоб берган бўлардим, бунда нафақат кадрларнинг илмий салоҳияти, балки “ҳалол”лиги (давлат мулки ва иш соатига хиёнат қилмаслиги назарда тутилган) жуда муҳим ўрин тутади. Ишчи ўринларига нисбатан деярли рақобот йўқ, ишга кириш ҳеч қандай қийинчилик эвазига қўлга киритилмайди, чунки кадрлар етишмайди. Университетлар сони эса аҳолига нисбатан жуда кам. Ҳозирги кунда республикада университетдаги ўринлар фақат унга бўлган эҳтиёжнинг 9%ини қондиради, сифати эса алоҳида мавзу. Бу кўрсатгич ривожланган давлатларда бир неча баробар юқори. Бундан ташқари, университетда ўтилаётган фанлар жаҳон талабларига деярли жавоб бера олмайди, натижада университет битирувчилари қайси соҳа бўлишидан қатъий назар, хориж компанияларига тўғридан-тўғри ишга жойлаша олишда қийинчиликларга дуч келади. Маҳаллий кадрлар эса дунёдаги ҳамкасбларига рақоботдош бўла олмайди, ва бу ҳолат мамлакат иқтисодиётига ЙИМ шаклида салбий таъсир кўрсатади.
Сизнингча, Ўзбекистонни ривожлантирадиган устувор тармоқлар қайси? Мамлакат газ, пахта ва олтиндан ташқари нималарни экспорт қилиши мумкин?
Мен ер ости бойликлари эвазига давлат ЙИМ тўлдиришни оқламаган бўлардим. Чунки чегараланган ресурслар, бизнинг иқтисодий салоҳиятимизни ҳам чегаралайди, бундан ташқари хом-ашё бозоридаги нархларнинг охирги йиллардаги ностабиллиги бизнинг рақобатбардошлигимизни йўққа чиқаради. Бунинг ўрнига тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва уларнинг турларини оширишга катта эътибор қаратиш мақсадга мувофиқ бўларди. Яна бир нарсани ҳисобга олишимиз керакки, бизнинг географик жиҳатдан ноқулай жойлашишимиз ҳар қандай экспорт маҳсулотларимиз таннархини ошириб юборади. Шунинг учун хоҳлайсизми йўқми, ер ости бойликлар эвазига бойишга устивор масала сифатида қарамаслигимиз керак. Агар биз асосий эътиборни АТ, молия, солиқ соҳасидаги хизматларни экспорт қилишга қаратсак, ЙИМни бир неча баробар оширган бўлардик. Мисол тариқасида, АҚШда солиқ мавсумини оладиган бўлсак, миллионлаб солиқ декларациялари Ҳиндистон ва бошқа жанубий-шарқий Осиё давлатлари ҳисобчилари томонидан (виртуал равишда) тўлдирилади, натижада аутсорсинг биргина Ҳиндистонга 150 млрд АҚШ доллари[1] олиб келади. Юқорида айтиб ўтганимдек, бунинг учун таълим сифати ва олийгоҳлар сонини оширишимиз керак.
Экспатриантлар ва чет элдаги жамиятлар мамлакатни ривожлантириш учун қандай ёрдам бера олишлари мумкин?
Экспатриантларнинг давлат органларига жалб қилиниши ҳозирги кунда жадал амалга оширилмоқда, улар ўзлари билан нафақат хорижий тажриба, шу билан биргаликда давлат бошқаруви тизимига ноу-хау кирита оладилар. Хориждаги ўзбекистонликлар жамияти ҳам ўлкадаги ўзгаришларга улкан қизиқишлар билан қарашмоқда. Агар улар билан алоқани тўғри йўлга қўя олсак, уларнинг юртимизни дунёга танитишдаги ўрни беқиёс. Айни пайда уларнинг ўзлари ҳам тарихий ватанига бўлган қизиқишлари юқори. Улар хорижда йирик-йирик ташкилотларда раҳбар лавозимида ишлаб келмокда. Факат уларнинг билим ва тажрибаларидан унимли фойдалансак кўзда тутилган мақсадларга албатта эриша оламиз.