Муслималар, яъни, мусулмон аёллар эркин таълим олишга, илм-фан билан шуғулланиш имкониятига илгари эга бўлганми ёки ҳозирда бу қандай?
Не тонгки, бугунги кунда кўплаб мусулмон аёлларининг ўз мамлакатларидаги таълим олиш имкониятлари ўрта асрлардагичалик ҳам эмас.
Исломнинг илк даврларида Хадичадан (р.а.) то Муҳаммад (с.а.в.) пайғамбарнинг сўнгги аёллари – Оишагача (р.а.) аёллар ислом жамиятида фаол бўлганлар.
Тўғри, аёлларнинг жамоатчилик ишларидаги иштироки йил ўтган сайин эркакларникидан кескин камайиб кетди. Бироқ, ўрта асрлар тарихида шундай қизиқарли номлар борки, бугун улар ҳақида кам ёзилади ва кам биламиз.
Мусулмон оламидаги энг ёрқин олималардан бири Самарқандда туғилган. Унинг исми Фотима ас-Самарқандий бўлиб, машҳур аллома оиласида туғилиб, илм ва тарбия олиб кейинчалик Шомнинг Халаб шаҳри амирининг фақиҳи бўлган олимга турмушга чиққан. Ушбу олим ота ва имом эр айнан Фотиманинг шарофати билан тарихда ном қолдиришди.
Фотима 12 асрда ислом олими Муҳаммад Аҳмад ас-Самарқандий оиласида таваллуд топди. Шаҳардаги мактабда ўғил болаларга дарс берган мударрис қизининг билимга чанқоқлигини кўриб унга ҳам илм ўргатди.
Гарчи аниқ ёзма далиллар сақланмаган бўлсада, вояга етганида Фотима ҳуснихат ва Ҳанафий мазҳаб фиқҳида юксак даражага етгани айтилади. Қуръон ва Ҳадис илмини чуқур эгаллаган Фотима фатво бериш ва фиқҳий масалаларда аввал ўз отасига, кейинчалик эрига ёрдам беради.
Унинг турмушга чиқишида ҳам куёв томон айнан илмига эътибор қаратган. Аллақачон ўз билими билан ном чиқарган қизнинг уйига келган совчилар отасининг имтиҳонидан ўтиши керак эди. Отаси ўз шогирдларидан бирини танлади ва маҳрига пул ёки бошқа моддий бойлик эмас, балки, китоб беришини сўради.
Фотиманинг отаси ислом ҳуқуқшунослиги бўйича «Туҳфатул фуқаҳо» (تـحـفـةالـفـقـهـاء) номли китоб ёзган. Унинг шогирди Алоуддин ал-Косоний устозининг китобига “Бадои ас Санои фи тартибаш Шарои” BadaiAl-Sana i fiTartibal-Sharai (بدائعالصنائعفيترتيبالشرائع) номли шарҳ ёзган. Бу икки китоб ҳам ҳозиргача сақланган ва иккинчиси Википедиянинг тожикча саҳифаларида қисқача келтирилган.
Ал-Косонийнинг шарҳи Муҳаммад ас-Самарқандийга шунчалик маъқул келдики, у нафақат шогирдининг қизига қўйган совчиларига розилик билдирди, балки, китобига ёзилган шарҳни маҳр ўрнида қабул қилди.
Ўз даврининг буюк фақиҳларидан бўлган ал-Косоний завжаси Фотиманинг маслаҳатларига худди қайнотаси каби мудом қулоқ тутарди.
Ривоятларда айтилишича, бир куни шогирдларидан бири Мавлоно Косонийга мураккаб савол беради ва олим унинг жавобини топишга қийналади. Шунда у уйига бориб жавобни билиб келади. Бундай ҳоллар кўп бўлган. Косоний қийин саволларга жавоб топа олмай қолганида уйига бориб хотинидан сўраб билиб келган.
Доктор Муҳаммад Ҳошимий ўзининг «Комил муслима» асарида ёзишича, баъзан имом Косонийнинг хатоларга йўл қўйган ҳоллари ҳам бўлган, шунда унинг хатосини Фотима тўғрилаган. Унинг ёзишича, Фотима ас-Самарқандий фатволарини ўз қўли билан мактубга ёзиб берган.
Олимлар оиласи тақдир тақозоси билан Самарқанддан Шом давлатининг Халаб шаҳрига келади ва бу ерда ал-Косоний фиқҳдан дарс бера бошлайди. Бу пайтда шаҳарни минтақадаги салб урушларида ўз қаҳрамонликлари билан ном қозонган саркарда Салоҳиддин Айюбийнинг яқини, салжуқлардан Нуриддин Занги бошқараётганди. У ўзининг адолатпарварлиги билан ном қозонган. Халқ учун очиқ қабуллар қилар ва унда авом амалдорлар устидан уларнинг кўз олдида амирга арз қиларди. Нуриддин шифохоналар, карвонсаройлар, мактаблар қурдирди. У ўз атрофига уламоларни чорлар, уларнинг ўзига ҳадис ривоят қилишларини севарди. Айни шу сабабдан имом Косоний ва унинг машҳур аёли Халаб амирининг саройига тезда кириб борди. Маълумотларда айтилишича, отасининг ўлими ҳақидаги хабарни эшитгач Фотима Самарқандга қайтишга чоғланади. Шунда амир Нуриддиннинг шахсан ўзи аралашиб уни ва оиласини Халабда қолишга кўндиради.
Манбаларда ёзилишича, Фотима тарихда илк бор талабаларга (уларнинг аксари эркаклар) муборак Рамазон ойларида оммавий ифтор қилиш анъанасини бошлаб беради. Биринчи ифтор учун у ўзининг қимматбаҳо билагузукларини сотади. Бу анъана узоқ йиллар Сурия ҳудудларида яшаб келди.
Фотима ас-Самарқандий 1185 йил Халаб шаҳрида вафот этади ва шу ерга дафн этилади. Унинг турмуш ўртоғи олти йил мобайнида ҳар жума завжасининг қабрини зиёрат қилди ва сўнгра Иброҳим Ҳалил масжиди олдидаги ушбу қабр ёнидан мангу қўним топди.
Суриялик олим Муҳаммад Ризо Кахаланинг ёзишича, ислом фиқҳи бўйича бир қанча китоблар Фотиманинг қаламига мансуб. Ўз даврининг юксак фасоҳат ва билим соҳибаси бўлиш билан бирга у китоблар ҳам ёзган, афсуски, улар бугунги кунгача етиб келмаган. Китоблар ва бошқа ёзма манбалар бўлмагач ўрта асрларнинг кучли, мустақил, олиму оқила ва фозила аёли ҳақидаги ривоятлар эл орасида йўқ бўлиб кетди.
Badai Al-Sana i fi Tartib al-Sharai. Фото: Википедия