Ўзбекистонда сердаромад соҳа деб қаралаётган ёнғоқ, бодом, писта каби ўсимликларни етиштириб, мева олишни кўпайтириш масаласига жиддий эътибор қаратила бошланди. 2017 йил 1 июнда “Ёнғоқ ишлаб чиқарувчилар ва экспорт қилувчилар уюшмаси” фаолияти ташкил этилди
Янги тузилган Уюшма вазифалари
Лалми ерлардан фойдаланишни рағбатлантириш ва самарадорлигини янада ошириш, ички ва ташқи бозорларда рақобатбардош бўлган ёнғоқ ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш, хорижий инвестицияларни кенг жалб қилиш ҳисобига замонавий ёнғоқ плантацияларини барпо қилиш ҳамда ёнғоқ етиштириш бўйича илмий асосланган усуллар ва интенсив технологияларни кенг жорий этиш борасидаги вазифалар шулар жумласидандир.
Ёнғоқчилик илмий-тадқиқот маркази, Ёнғоқ логистика маркази ташкил этилди.
Мамлакатдаги энг йирик ёнғоқ ва бодом плантацияси
Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманида 25 миллиард сўм маблағ эвазига 1140 гектар майдонда ёнғоқзор ва бодомзорлар ташкил этиш режалаштирилган. Мазкур боғ тўлиқ барпо этилгач йилига 7 минг тоннага яқин маҳсулот олинади. Етиштирилган маҳсулотнинг 60 фоизини экспортга чиқариш кўзда тутилмоқда.
Мамлакатимизнинг тоғли ҳудудлари иқлим шароити ёнғоқ, бодом, писта каби дарахт кўчатларининг ўсиши ва юқори ҳосил бериши учун нисбатан қулай жойлар ҳисобланади. Жумладан, Андижон, Жиззах, Наманган, Самарқанд, Навоий, Қашқадарё, Сурхондарё, Фарғона, Тошкент каби вилоятларда бу каби дарахтлардан мўл ҳосил олиш мумкин.
Писта ҳақида
Евгений Ботман, Ўрмон хўжалиги илмий-тадқиқот институтининг лойиҳа раҳбари.
– Писта ёки хандон-писта экиш учун Марказий Осиё, жумладан бизнинг майдонларимиз жуда қулай ҳисобланади. Майдонлар чексиз бўлмасада, улар мавжуд. Тоғ ва тоғ олди ҳудудларида писта яхши мева беради.
Писта кўчати жуда секин ўсади, лекин 400-800 йил умр кўради. Пистани Эронда кулаётган ёнғоқ (хандан), Хитойда бахтли ёнғоқ деб, аташади. Пистанинг ватани Марказий Осиё ҳисобланади. Ўзбекистонда табиий ҳолатда деяр¬ли барча тоғ тизмаларида учрайди.
Сурхондарё вилоятининг Боботоғ тизмасида эса асосий ўрмон ташкил этувчи ўсимлик ҳисобланади. Атмосфера ёғинлари 300 мм бўлган (ёки ёз ойлари жазирамасида умуман бўлмаган), шунингдек, ёз ва қиш ойларида ҳаво +46 даражадан –40 даражагача ўзгарган экстремал шароитда ўсиш-ривожланиш ва мева беришда унинг бодомдан бошқа рақиби йўқ ҳисоб.
Айни пайтда Ўзбекистонда 30 минг гектар атрофидаги ерларда писта етиштирилади. Унинг бунчалик сердаромад мева эканини авваллари ҳеч ўйлаб кўрмаган. Ҳозир Америка, Африка ва Австралияда ҳам уни етиштиришга киришилган. Пистадан энг катта даромадни Эрон ва Туркия фермерлари олишади. Энг етакчи давлат сифатида Эронни тилга олиш керак: йилига 200-250 минг тонна ҳосил миллиардан ошиқ доллар даромад келтиради.
Ўзбекистонда бир йилда ўртача 200 тонна писта етиштирилади. Агар у АҚШ, Туркия ва Эронда маҳсус майдонларда етиштирилса, бизда у табиий шароитда ўсади. Германиялик мутахассислар тузган ҳаритага кўра Ўзбекистонда 6-7 миллион гектар майдонда писта етиштириш мумкин.
Баҳром Мамутов, Ўрмон хўжалиги илмий-тадқиқот институтининг илмий котиби.
Кичик грантлар асосида аҳоли билан иш олиб бориш ишлари давом эттирилмоқда. Аҳоли, фермер хўжаликлари бугун сафларимизни тўлдирмоқдалар. Масалан, Шеробод Бойсун туманларида кўплаб маҳаллий аҳоли пистачилик билан шуғулланишни бошлади. Писта қурғоқчиликка чидамли бўлгани сабабли, ҳосилга кириш муддати узоқроқ бўлса ҳам сув кам борадиган ерларда бу иш яхшигина даромад келтириши мумкин. Ўзбекистоннинг жуда катта қисми қурғоқ ҳудуд ҳисобланади. 7,8 миллион гектар бўш майдон мавжуд. 1 гектар ердан 1,5 тоннадан ортиқ ҳосил олиш мумкин. Бу эса улкан имкониятлар эшигини очади.
Ёнғоқ ва бодом ҳақида
Ёнғоқ ишлаб чиқарувчилар ва экспорт қилувчилар уюшмаси раиси ўринбосари Илёс Ҳайдаров
Уюшма ва унинг мутахассислари томонидан кўрсатилаётган хизматлардан исталган тадбиркорлик субъекти, ассоциация аъзоси бўлиши ёки бўлмаслигидан қатъий назар бепул фойдаланиши мумкин. Ҳозирги кунда уюшмага бутун республикадан 80 дан ортиқ ёнғоқ етиштириш соҳасида фаолият олиб бораётган деҳқон ва фермер хўжаликлар аъзо бўлган.
Ёнғоқ ва бодом боғлар бутун республика ҳудудларида барпо этилмоқда, жумладан, Самарқанд, Жиззах, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида йирик плантацияларни мисол келтириш мумкин. 2017 йилда ёнғоқ учун 500 гектар майдон ажратилган бўлиб, баҳорги мавсувда ёнғоқ кўчатлари экилди. 2018 йилга ёнғоқ ҳамда бодом плантацияларнинг умумий майдони 5000 гектардан ортиқ майдонда ташкил этилди.
Хорижий тажриба
2017 йилдан бошлаб бугунги кунга қадар, уюшмага АҚШ, Испания, Исроил, Туркия ва Чили давлатлардан малакали мутахассислар ташриф буюриб, улар томонидан боғларда амалий машғулотлар ўтказилиб, замонавий ёнғоқ, писта ва бодом плантацияларни барпо қилиш юзасидан уюшма ходимлари билан фикр алмашиниб келинмоқда. Уюшма ходимлари, аъзолари ва Самарқанд қишлоқ хўжалик инстути профессор олимлари билан биргаликда АҚШнинг Калифорния штатининг У.C.Дэвис Университетнинг профессорлари иштирокида илмий семинар ўтказди.
Ўтган 2018 йилда уюшманинг биотехнолог ва тупроқшунос мутахассислари Туркиядаги Invitro ва тупроқ анализ лабораторияларида бир ой давомида малака ошириб келди. Украина давлатига уюшма мутахасислари ташриф доирасида “Украина миллий ёнғоқ уюшмаси” билан хамкорлик меморандуми имзоланди ва ҳамкорлик алоқалари олиб борилмоқда. Келгусида Чили, АҚШ ва Австралия ёнғоқ уюшмалари билан ҳамкорлик алоқаларни ўрнатиш режалаштирилмоқда.
Баҳром Мамутов, Ўрмон хўжалиги илмий-тадқиқот институтининг илмий котиби.
– Республикамизда ўрмон фонд ерларининг 10 фоизи тоғ ҳудудларига тўғри келади ва бу майдонларда асосан ёнғоқ етиштириш мумкин. Аммо сўнгги йилларда тоғолди ва тоғ ҳудудларида аҳоли сонининг ортиши, инсон омилининг салбий оқибатлари кучайиши натижасида ёнғоқ мевали ўрмонлар майдони анча қисқариб кетди. Дарахтлардан ўтин сифатида фойдаланиш, ёнғоқ дарахтининг мебель саноати учун қимматбаҳо ҳом-ашё саналиши, дуродгорлик ишларида фойдаланиши натижасида кўплаб ёнғоқ навлари камайиб кетди.
Хатто йўқолиш ҳавфи туғилди. Яна бир муаммо – мавжуд ёнғоқларнинг аксарияти тарқоқ холда ўсаётгани. Плантациялар шаклида етиштирилаётган майдонлар кам. Ана шу тарқоқ ўсаётган ёнғоқзорлар атрофини кенгайтириш ва сифатли навларни етиштириш орқали уларни сақлаб қолиш долзарб масала саналади.
Ҳозирги пайтда тарқоқ ёнғоқзорлар майдони 3 минг гектардан ортиқни ташкил қилади. Уларда асосан 80 дан ортиқ навлар ўстирилади. Тезпишар “Идеаль”, “Юбилейний” “Дўрмон-1”, “Дўрмон-2” каби навлар кўплаб етиштирилади. Ҳукуматнинг тегишли қарори билан ҳозирги кунда институтимиз олимлари янги, серҳосил навлар устида илмий тадқиқот ишларини олиб боришмоқда.