20-23 январь кунлари Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев расмий ташриф билан Германияда бўлди. Ташриф давомида Мирзиёев Германия Канцлери Ангела Меркель, Германия Президенти Франк Вальтер-Штайнмайер ва бошқа расмий вакиллар билан учрашди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Президенти Мюнхенда Германиянинг етакчи компания ва банклари раҳбарлари билан учрашув ҳам олиб боргани диққатга сазовор. Унда “Siemens”, “Thyssenkrupp”, “Volkswagen”, “Knauf”, “Claas”, “MAN”, “Deutsche Bahn”, “Linde Group”, “Falk Porcshe Technik”, “Atlas International”, “Tenova”, “Giesecke & Devrient”, “Papenburg”, “Euler Hermes”, “Deutsche Bank”, “Commerzbank” сингари Европа ва дунё бозоридаги пешқадам компаниялар, молия институтларининг раҳбарлари иштирок этди.
Германия нашрлари ўзбек раҳбарининг Германиядаги ташрифига, Германия ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларни ривожлантиришга катта эътибор қаратишди, ҳатто немис журналистларидан бири Мирзиёев расмий ташриф билан Германияда бўлган чоғида, Ўзбекистонга бориб, ушбу мамлакат ҳақида репортаж ҳам тайёрлади.
OWC Verlag für Außenwirtschaft (портал, Марказий, Шарқий Европа ва Осиёга бағишланган) “Ҳафта одами: Шавкат Мирзиёеев” мақоласида Мирзиёев 2016 йилда президентликка сайланганидан сўнг халқаро ҳамжамиятнинг танқидига қулоқ солди ва мамлакатни аста-секин халқаро яккаликдан чиқарди, деб хабар қилинади. Мирзиёев иқтисодий ислоҳотлар устида ишлаш билан бирга мамлакатда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ ҳолатни яхшилашга ҳам ҳаракат қилмоқда. ОАВ соҳасидаги давлат сиёсатида ҳам силжиш кузатилмоқда: журналистларга қайтадан визалар берилмоқда, қўлга олинган журналистлар озодликка чиқариляпти. Мирзиёевнинг ВВСнинг ўзбек бўлимини очиш тўғрисидаги баёноти ҳукуматнинг бу борадаги энг шов-шувли қарорларидан бири бўлди.
Германия, умуман бутун Европада Мирзиёев олиб бораётган ислоҳотларини диққат билан кузатишмоқда, деб ёзади газета. Бир томондан, немис иқтисодиёти 2019 йил бошларида 8 миллиард евро атрофида инвестиция киритиши ҳақида маълум қилишса, иккинчи томондан немис сиёсатчилари Ўзбекистон ҳукуматини либераллаштириш сиёсати ҳамда инсон ҳуқуқларига риоя қилишни давом эттиришга чақирмоқда (Ўзбекистон ва Германия бизнесменлари 8 миллиард евродан ортиқ маблағга тенг қўшма лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олдилар). Мирзиёевнинг немисларнинг Ўзбекистонга кириши учун чекловларни камайтириш ва 2019 йил январь ойининг ўрталаридан бошлаб сайёҳлик сафари учун виза талабларининг бекор қилиш ҳақидаги қарори расмий Берлин томонидан ижобий қабул қилинди, деб хабар қилади газета.
DW «Меркель Ўзбекистон билан ҳамкорликни кенгайтириш тарафдори» мақоласида Германия канцлери Ангела Меркель Мирзиёев билан учрашув чоғида давлат раҳбарининг мамлакатда бошлаган ислоҳотларини юқори баҳолайди, деб ёзилади. “Ўзбекистонда узоқ йиллар давомида турли соҳаларда кузатилган турғунлик, ҳозир сиз туфайли ҳаракатга келганидан хурсандмиз”, дейди Меркель. Ўтмиш ҳақида гапирганда, канцлер бошқарув тизимларидаги тафовутларга қарамай, Ўзбекистон ва Германия ҳамиша яқин ва ишончли ҳамкорлик қилганини таъкидлади. Берлин савдо бўйича сўнгги йилларда кузатилган “сезиларли ўсиш суръатлари”дан кейин ҳам янада кўпроқ ўсишни мўлжалламоқда, деб қайд этди Меркель.
Бундан ташқари, Мирзиёев Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашни давом эттиришини ваъда берди. Ҳар икки томон ҳам иқтисодиёт, технологиялар ва маданият соҳаларидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш ниятида. Мирзиёев шунингдек, таълим, ўқитиш ва фан йўналишлари бўйича яқин ҳамкорлик қилишдан манфаатдорлигини ҳам билдирган.
Мақолада шунингдек, Мирзиёев ва Меркель Афғонистон масаласини ҳам муҳокама қилганлари айтилади. Масалан, канцлер Ўзбекистон билан иқтисодий ҳамкорликдан ташқари Афғонистон бўйича ҳам ҳамкорлик қилишини мўлжаллаганини қайд этган. Узоқ йиллар давомида немис аскарларининг Афғонистоннинг Ҳиндуқуш туманига киритилиши Ўзбекистон орқали амалга оширилган.
Ўз навбатида Мирзиёев ҳам учрашувдан олдин Ўзбекистонга киритилиши режалаштирилаётган миллиардлаб инвестициялар ҳақида журналистларга гапириб берди. Немис бизнеси бўйича Шарқий Европа уюшмасининг маълумотларига кўра, 2018 йилнинг дастлабки ўн ойида Ўзбекистон билан товар айланмаси ҳажми 500 миллион еврони ташкил этган ҳолда, 15,7 фоизга ўсган.
Мирзиёевнинг Германияга ташрифидан бир неча кун олдин немис-ўзбек иқтисодий анжумани ўтказилди. Linde, Siemens и Uhde сингари компаниялар иштирокида ўтган мазкур тадбирда иқтисодий ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга оид тегишли декларация қабул қилинди, деб ёзади газета.
Немис журналисти Ник Афанасьев Der Tagesspiegel газетасида ўзининг “Ўзбекистон диктатурани енгишга интилмоқда” сарлавҳали мақоласида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев юмшоқроқ қилиб айтганда, олдинги вазифадоши бажарган кўп ишларни бошқача қиляпти, деб ёзади.
Мамлакатда олиб борилган иқтисодий ислоҳотлар туфайли сўнгги йилларда катта ютуқларга эришилди. Уч йил илгари хорижий ОАВларнинг Ўзбекистонда эркин фаолият юритиши ақлга сиғмас даражада имконсиз эди. Бироқ мамлакат ўзгаришни ҳоҳлаяпти, деб ёзади муаллиф. Ўзбекистонга хорижий журналистларнинг кириши энг асосий ўзгаришлардан бири ҳисобланади.
Газетанинг ёзишича, Германия учун Ўзбекистон муҳим савдо шерик саналади. 2017 йилда Германия ва Ўзбекистон ўртасидаги савдо ҳажми 32 фоизга ўсган ва қарийб 607 миллион еврони ташкил этган.
“Ўзбекистон ва Марказий Осиё Яқин Шарқ ва Европа ўртасида қалқон ҳудуд ҳисобланади”, – дейди бош офиси Тошкентда жойлашган Марказий Осиё учун Конрад Аденауэр жамғармасининг минтақавий вакили Томас Кунц немис журналисти билан бўлган суҳбатда.
Жамғарма минтақада ўн икки йилдан ортиқ вақтдан буён фаолият юритиб келмоқда. “Тўқсонинчи йилларнинг бошларида шариат бошқаруви билан амирлик ўрнатишга бўйича интилишлар ҳам бўлганини унутмаслик керак. Шу боис, миграция, исломлаштириш ёки терроризм ҳақида гап борганда, Германия учун Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг барқарорлигича қолиши муҳим саналади”, – дейди у. Бунинг учун эса, сиёсий ислоҳотлар ва иқтисодий ривожланиш жуда зарурдир, деган қатъий ишончни билдирди Кунц.
“Илгари пахта терими мажбурий эди, одамлар мажбурий меҳнатга буюрилган. ОАВ давлат томонидан назорат қилинар, ҳуқуқни ҳимоя қилувчилар таъқиб остига олинарди. Иқтисодиётда коррупция ҳукмрон бўлган. Ҳеч ким туб ўзгаришлар бўлишини кутмаган эди. Уларни Мирзиёев амалга оширишди. Улар Совет Иттифоқи қулаганидан кейин амалга оширилган энг кенг кўламли ислоҳотлардир”, – дейди Кунц.
Немис журналисти ўз мақоласида Ўзбекистон пойтахти Тошкент жуда фаол ривожланаётганини ёзади. Кўплаб янги автомобилларни, ҳамма жойда амалга оширилаётган қурилишларни кўриш мумкин. Тошкент собиқ совет республикасининг пойтахти сифатидаги образидан воз кечмоқда. Янгидан янги уйлар қурилмоқда, эскилари таъмирланмоқда. Кўчалардаги катта баннерларда Майк Тайсоннинг сурати туширилган рекламаларни кўрса бўлади.
Тошкент кўчаларида жуда кўп полиция текширувларини кўриш мумкин. Амалдорлар сотиб олинганми? “Илгари улар пора олардилар, ҳозир эса, бу жуда кам ҳолларда содир бўляпти. Эҳтимол бу ҳозир полициянинг кичкина видеокамера олиб юриши туфайлидир”, дейди таксичи. Мақолада, Ўзбекистон “Чегарасиз репортёрлар” рўйхатида 165-ўринни эгаллаши, бир қанча журналистлар эса, ҳали ҳам қамоқда эканлиги айтилади. Шундай бўлсада, халқаро Пресс-клуб модератори Шерзод Қудратхўжаев сўнгги йилларда воқеаларнинг ижобий ўзгаришини кўради. У ўз таассуротларини қуйидагича баён қилади: “Биз ҳукумат аъзоларини жонли эфирга таклиф этамиз ва коррупция, мажбурий меҳнат каби кескин муаммоларни уларнинг олдига қўямиз”.
Немис журналисти шунингдек, бошқа соҳаларда ҳам ривожланиш борлигини айтади: мажбурий меҳнат ва қамоқдаги қийноқлар таъқиқланди. Бироқ ҳамма муаммолар ҳам бартараф этилганича йўқ, дейди Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ раиси Акмал Саидов. Масалан, ноанъанавий жинсий мойил гуруҳ вакиллари камситилади ва уларга нисбатан қийноқ ва таҳдидлар бор.
Немис ташқи савдо палатасининг Тошкентдаги вакили Дариуш Эфтихар шундай дейди: “Ўзбекистон Марказий Осиё дарвозаси ҳисобланади. Сиз бу ердан истаган ҳудудга ўтишингиз мумкин. Айниқса, Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги, тоғ-кон ва тўқимачилик саноати улкан салоҳиятга эга. Бироқ, шунча ижобий ўзгаришларга қарамасдан, бир савол очиқлигича қолмоқда: Янги президентнинг ислоҳотлари ниқоб эмасмикан?”
Deutsche Allgemeine Zeitung газетасида “180 градусга ўзгариш: ўзбек президентининг ислоҳотлари нечоғлик мустаҳкам?” сарлавҳаси остида мақола чоп этилди. Газетада хабар қилинишича, Ўзбекистондаги сиёсий ислоҳотлар мамлакатда инсон ҳуқуқларининг яхшиланишига олиб келди. 2016 йил сентябрдаги “президент онлайн-потали”нинг ташкил этилиши Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг таркибий қисми бўлди. Унда истаган фуқаро ўз шикоятлари ва таклифларини қолдириши мумкин. Ҳозирги кунга қадар мазкур порталга қарийб уч милилон нафар кишининг шикояти келиб тушган. Мирзиёев президентликка киришган йилини “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилди.
Давлат хизматчилари ва фуқаролар ўртасидаги муносабатларни ривожлантириш ҳукуматнинг эътибор марказида бўлди. 2017 йилнинг январь ойи бошларида барча оммавий ахборот воситаларида янги президентнинг тараққиёт стратегияси нашр этилди. Жамоатчилик 2017-2021 йилларга мўлжалланган стратегияни танқид қилиши ёки тўлдириши мумкин. Портал ходимларининг билдиришича, мамлакат аҳолисидан олинган мулоҳазалар тараққиёт стратегиясига киритилган.
Ўзбекистоннинг қатор фаол сиёсатчилари янги Президентнинг ислоҳотлари ҳозирча фақат иқтисодиётга йўналтирилганини билдиришмоқда. Қолган нарсалар фақат қоғоздагина мавжуд.