Ушбу мақолада Ўзбекистон Республикаси ва Хитой Халқ Республикаси ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари таҳлил этилган. Шунингдек, мазкур давлатлар томонидан ўрнатилган сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий–гуманитар соҳалар бўйича ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларининг ривожланиш омиллари ҳамда истиқболлари юзасидан фикр юритилган.
Муаллиф
Учкун Дўстов, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети тадқиқотчиси, Тошкент, Ўзбекистон
Янги тарихга старт
XXI асрнинг энг қудратли давлатларидан бири – Хитой Халқ Республикаси билан сиёсий, иқтисодий, савдо, илм-фан ва маданий соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни ўрнатиш ва ривожлантириш Ўзбекистон учун ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Хитой Халқ Республикаси томонидан Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллиги 1991 йил 27 декабрда тан олинди ва 1992 йил 2 январда дипломатик муносабатлар ўрнатилди. 1992 йил октябрда Тошкентда ХХР элчихонаси ва 1995 йил май ойида Пекинда мустақил Ўзбекистон элчихонаси фаолият кўрсата бошлади.
Иккитомонлама ҳамкорлик муносабатлари барча жабҳаларни қамраб олган бўлиб, икки мамлакат ўртасида ўрнатилган ўзаро ишончли алоқалар ҳамкорликнинг асосини ташкил этади. Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги муносабатларда терроризм, экстремизм, сепаратизм, наркотик ва ноқонуний қурол-яроғлар савдоси бўйича қарашларнинг муштараклиги кўзга ташланади.
Узоқ муддатли ҳамда самарали Ўзбекистон-Хитой муносабатларининг асосий тамойиллари кўплаб ҳужжатларда ўз аксини топган. Улардан “Дўстлик ва ҳамкорликнинг шерикчилик муносабатлари тўғрисидаги шартнома (2005 й.)”, “Стратегик шериклик ўрнатиш тўғрисидаги қўшма декларация (2012 й.)”, “Дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома (2013 й.)”, “Иккитомонлама стратегик ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ва ривожлантириш ҳақидаги қўшма декларация (2013 й.)”, “Ўзбек-Хитой ҳамкорлигини янада кучайтириш тўғрисидаги қўшма декларация (2014 й.)”, Стратегик ҳамкорлик тўғрисидаги ўзаро англашув битими (2016 й.) ва Халқаро автомобил транспрт йўли тўғрисидаги битим (2017 й.) фикримизнинг далилидир. Ўзбекистон-Хитой муносабатларининг шартномавий-ҳуқуқий негизи турли жабҳаларни қамраб олган 220 дан ортиқ ҳужжатларда ўз аксни топган.
Таъкидлаш жоизки, ҳар иккала мамлакатнинг ўзаро манфаатдорлик, тенглик, очиқликка асосланган ҳамкорлик алоқаларини тез суръатлар билан ривожланиб боришининг заминида авваламбор, уларнинг тараққиёт принциплари ва ташқи сиёсат стратегиясидаги ўхшашлик, яқинлик ҳамда мақсад-муддаоларнинг уйғунлиги ҳолати ётади[1].
Бардавом ҳамкорлик
Икки давлат раҳбарларининг ўзаро ташрифлари ва учрашувлари анъанага айланди. Жумладан Ўзбекистон Республикасининг биринчи президенти И.Каримов 1992, 1994, 1999, 2005, 2011, 2012 йилларда, Президент Ш.Мирзиёев 2017 йилда Хитойга ташриф буюрди. Шунингдек, Ўзбекистон Президентлари Шанхай ҳамкорлик ташкилоти йиғилишлари ва бошқа йирик халқаро тадбирларда иштирок этишди[2].
ХХР раисларидан Цзян Цзэмин (1996 йил), Ху Цзинтау (2004, 2010 йиллар), Си Цзиньпин (2013 йил, 2016 йил (ШҲТ Тошкент саммити чоғида) Ўзбекистонга расмий ташриф буюрди.
ХХР Раиси Си Цзиньпин 2016 йил 20 июнда Ўзбекистон билан бўлган муносабатларга тўхталиб «Хитой билан Ўзбекистон манфаатлари ва тақдири муштарак, қувонч ва ташвишни биргаликда баҳам кўрадиган тенг ҳуқуқли ҳамда ўзаро манфаатдор шериклардир»[3], – деб таъкидлади. Унга кўра, “Бундан 2000 йил аввал Буюк Ипак йўли халқларимиз ўртасида дўстлик алоқаларини ўрнатиш, ўзаро ҳамкорлик қилиш ва бир-бирларини бойитиш каби эзгу мақсадларга хизмат қилган. Хитойнинг Сихань сулоласи элчиси Чжан Цянь, Тан сулоласи элчиси Сюанцзан ва Мин сулоласи элчиси Чэнчэнь турли даврларда муайян миссия билан Ўзбекистонга келган ёки унинг ҳудудидан ўтган[4]”.
2011 йил 19-20 апрель кунлари Ўзбекистон Республикасининг биринчи президенти И.Каримовнинг Хитойга уюштирган ташрифи чоғида Ҳукуматлар ўртасида имзоланган “Инвестицияларни рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш тўғрисидаги битим” иккитомонлама ҳамкорликнинг истиқболдаги ривожи учун мустаҳкам асос бўлди. Шунингдек, томонлар ўртасида ҳукуматлараро Ўзбек-Хитой ҳамкорлик қўмитасини ташкил этиш тўғрисидаги келишувга эришилди ва унинг биринчи йиғилиши 2011 йилнинг 26-27 октябрь кунлари Пекинда, иккинчиси эса ўша йил 30 октябрда Тошкентда бўлиб ўтди. Қўмита доирасида ҳамкорликнинг турли соҳалари бўйича 7 та кичик шўъбалар шакллантирилди.
Биринчи президент И.Каримовнинг 2012 йил 5-7 июнь кунлари Хитойга амалга оширган расмий ташрифи натижасида Ўзбек-Хитой муносабатлари муҳим босқичга кўтарилди. Хусусан И.Каримов ва Ху Цзиньтао Ўзбекистон Республикаси билан Хитой Халқ Республикаси ўртасида Стратегик шериклик тўғрисидаги қўшма декларацияни имзоладилар[5]. Шунингдек, мазкур учрашувда умумий қиймати 5,3 млрд. АҚШ долларига тенг бўлган 45 та битим ва шартномалар имзоланди.
2013 йил 8-10 сентябрь кунлари ХХР Раиси Си Сзинпиннинг Ўзбекистонга уюштирган илк давлат ташрифи иккитомонлама муносабатларни янги босқичга олиб чиқди. Томонлар Дўстлик ва Ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома ҳамда икки томонлама стратегик ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ва ривожлантириш ҳақидаги қўшма декларацияга имзо чекдилар. Си Сзинпиннинг Ўзбекистонга мазкур ташрифи чоғида жами қиймати 15 млрд. АҚШ долларига тенг 31 та ҳужжат имзоланди.
2013 йил 28-29 ноябрь кунлари Ўзбекистонга уюштирилган Хитой Халқ Республикаси Давлат кенгаши Бош вазири Ли Кецяннинг расмий ташрифи давомида томонлар ўртасида идоралараро, инвестицион ва маданий алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича жами 7 та ҳужжат қабул қилинди.
2013 йил 29 ноябрда Тошкентда бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) аъзо давлатлар ҳукумат раҳбарлари Кенгашининг ўн иккинчи мажлиси, 2014 йил 28 март куни эса Тошкентда ШҲТ Минтақавий аксилтеррор Кенгашининг навбатдаги йигирма тўртинчи мажлисида. Кенгаш томонидан террористик, сепаратистик ва экстремистик йўлда фойдаланиладиган интернет ресурсларнинг Ягона реестри тўғрисидаги низом тасдиқланди[6].
2014 йил май ойида Ўзбекистон Республикаси Президенти Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича Кенгашнинг Шанхай шаҳрида ўтказилган IV саммити йиғилишида иштирок этди. Унинг 2014 йил 19-20 август кунлари ХХРга қилган давлат ташрифи доирасида икки давлат раҳбарлари томонидан 2014-2018 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикаси ва Хитой Халқ Республикаси ўртасида стратегик шериклик муносабатларини ривожлантириш Дастури қабул қилинди. Шунингдек, мазкур ташриф чоғида Ўзбекистон-Хитой шериклигини янада мустаҳкамлаш юзасидан Қўшма баёнот, 2014-2018 йилларга мўлжалланган Стратегик шериклик муносабатларини ривожлантириш дастури, 6 млрд. доллардан зиёд миқдордаги 80 дан ортиқ иқтисодий-молиявий ҳамда сармоявий битим ва шартномалардан иборат ҳужжатлар тўпламининг имзолангани иккитомонлама мулоқот ривожида муҳим босқич бўлганидан далолат беради.
2015 йил сентябрда биринчи президент И.Каримов Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 70 йиллигига бағишлаб Пекинда ўтказилган тадбирлар доирасида ХХР раиси Си Цзинпин билан учрашди.
ШҲТ – Муносабатларнинг янги манзили
Ўзбекистон-Хитой муносабатлари Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти (2001 йил июнда ташкил этилган) доирасида ҳам муваффақият билан самарали ривожланиб бормоқда. ШҲТнинг 2002 йилги саммитида имзоланган Хартия ташкилот фаолиятининг дастурий-меъёрий ҳужжати бўлиб, унинг ривожланишига катта туртки берди. Мазкур ҳужжат нафақат хавфсизлик соҳаси, балки савдо-иқтисодий, илмий-техникавий, таълим, маданият ва спорт, соғлиқни сақлаш соҳаларидаги ҳамкорлик алоқаларини ҳам назарда тутади.
Ўзбекистон ШҲТни тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга, биринчи навбатда, халқаро террор, диний экстремизм, босқинчи айирмачилик ва наркобизнес каби минтақавий ва дунёвий хавфсизликка таҳдид соладиган хавф-хатарга қарши туришда очиқ, ўзаро фойдали шериклик ва кўп томонлама ҳамкорликка қаратилган механизм деб билади.
ШҲТ барпо этилгандан буён ўтган 15 йил давомида ҳақли равишда нуфузли халқаро ташкилотлар қаторидан муносиб жой олди, барқарор тараққиёт, тинчликни мустаҳкамлаш, замонавий таҳдид ва хатарларга қарши курашиш, минтақавий ва глобал даражада хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашнинг таъсирчан омилига айланди[7].
ШҲТнинг халқаро ташкилот сифатида нуфузи тобора ошиб бораётганлиги боис дунёнинг кўпгина мамлакатлари, хусусан, Афғонистон, Белорусь, Ҳиндистон, Мўғулистон, Покистон, Эрон каби давлатлар Тошкент шаҳрида 2016 йилда бўлиб ўтган ШҲТнинг 15 йиллик юбилей саммитида кузатувчи сифатида иштирок этиб, ташкилот билан яқиндан ҳамкорлик қилиш ниятини билдиришди. Туркманистон Президенти Г.Бердимуҳамедов ўша пайтда ШҲТга раислик қилган Ўзбекистон таклифига биноан саммитда иштирок этди. Ўзбекистон ШҲТга 2003-2004, 2009-2010 ва 2015-2016 йилларда раислик вазифасини муваффақиятли адо этди.
2016 йил 24 июнда бўлиб ўтган музокаралар якунида ШҲТ 15 йилигининг Тошкент декларацияси, ШҲТнинг 2025 йилгача ривожланиш стратегиясини амалга ошириш бўйича 2016-2020 йилларга мўлжалланган тадбирлар режаси, ШҲТга аъзо давлатларнинг туризм соҳасидаги ҳамкорлигини ривожлантириш дастури тасдиқланди. Ҳиндистон ва Покистон давлатлари 2017 йилга келиб, мазкур ташкилотнинг тўлақонли аъзоси мақомига эга бўлди.
Иқтисодий алоқалар
Ўзбекистон Хитой Халқ Республикаси билан стратегик ҳамкорликни мустаҳкамлаш, кенг савдо-иқтисодий, инвестицион ва молиявий ҳамкорликни кенгайтиришни ўзаро манфаатдорлик ва тенгҳуқуқлилик тамойилларига асосланган иккитомонлама муносабатларни устувор йўналиш деб ҳисоблайди. Иккитомонлама Савдо-иқтисодий битимга (1992 й.) кўра икки давлат ўртасида савдо-иқтисодий муносабатларда энг кўп қулайлик яратиш тартиби ўрнатилган. Ҳозирда Ўзбекистоннинг савдо соҳасидаги шериклари орасида Хитой иккинчи (Россиядан кейинги) ўринни эгаллайди.
Жамиятда иқтисодий ислоҳотларни ўтказиш жараёнида ХХР ва Ўзбекистон учун хос бўлган қуйидаги муштаракликларни қайд этиш лозим: булар социалистик хўжалик тизимини бошдан кечирганлик, жамиятнинг ҳукмрон мафкура таъсирида бўлганлиги, қишлоқ хўжалиги учун ерларнинг кўплиги (сув танқислиги), ривожланган саноат корхоналари, илмий салоҳият, арзон ишчи кучи ва ҳудудий яқинликдан иборат[8].
Статистик маълумотларга кўра, 2014 йил якунлари бўйича икки томонлама товар айирбошлаш $4,75 млрд.га етган бўлса, шундан $2.36 млрд. экспортни ва $2.39 млрд. ни импорт ташкил этган[9]. 2015 йилда Ўзбекистон-Хитой ўртасидаги ўзаро савдо-сотиқ ҳажми 4 млрд. доллардан ошган бўлса, жорий йилнинг дастлабки тўрт ойида товар айрбошлаш ҳажми 1,4 млрд. долларни ташкил этди. Ўзбекистон иқтисодиётига жалб қилинган Хитой инвестициялари ва кредитлари ҳажми 6,5 млрд. доллардан ошади. Ўзбекистонда Хитой капитали иштирокида ташкил этилган 786 дан (уларнинг 95 таси 100 фоиз Хитой сармояси асосида ташкил этилган) ортиқ корхона фаолият юритаётгани,[10] ХХР ишбилармонлари томонидан Ўзбекистонга нисбатан қизиқишнинг ошиб бораётганини кўрсатади. Шунингдек, Ўзбекистон бозорларини яқиндан ўрганиш учун Тошкентда Хитойнинг 73 та етакчи фирма ва компанияларининг ваколатхоналари фаолият юритмоқда[11].
Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбек-Хитой ҳукуматлараро қўшма комиссияси мажлислари доимий фаолият кўрсатиб турибди. Ушбу комиссия доирасида илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича ҳам комиссия мавжуд.
Иккитомонлама инвестицион шериклик борасидаги алоқалар Ўзбекистон ва ХХР ҳукуматлари ўртасида ноҳомашё ва юқори технологиялар соҳаларидаги ҳамкорлик дастурига (2010 й.) мувофиқ ривожланмоқда. Нефть-газ ва телекомуникация тармоқларида, транспорт, тўқимачилик, кимё саноати ва бошқа соҳаларда қўшма лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилмоқда. Хитой бизнес субъектлари Ўзбекистондаги кўплаб янги саноат гигантлари, жумладан, Деҳқонобод калийли ўғитлар ҳамда Қўнғирот сода заводлари қурилишида иштирок этди. ХХР тадбиркорлари кўмагида Ўзбекистонда электр техникаси маҳсулотлари, мобиль телефонлар, қурилиш техникасини ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. “Huawei” компанияси томонидан Тошкент шаҳри ва бошқа вилоятларнинг телекоммуникация тармоқларини ривожлантириш бўйича 20 та лойиҳа амалга оширилди. ZTE корпорацияси билан ҳамкорликда чиқарилаётган модем, смартфон ҳамда бошқа ускуналарнннг маҳаллий ва хорижий бозорлардаги сотуви катта самара бермоқда.
Бугунги кунда Ўзбекистон ва Хитой турли лойиҳалар, аввало, юқори технологиялар соҳасидаги йирик инвестициявий лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш борасидаги ҳамкорликни жадал ривожлантирмоқдалар. Шу жумладан 2011 йилда ХХР раҳбарияти томонидан илгари сурилган Хитой компаниялари иштирокидаги Ўзбекистон-Хитой юқори технологиялар саноат паркини ташкил этиш тўғрисидаги ташаббусни Ўзбекистон қўллаб-қувватлади. 2013 йилнинг март ойида ушбу парк “Жиззах” махсус индустриал зонаси сифатида ташкил этилди ва у Сирдарё вилоятида ҳам ўз филиалига эга бўлди. Жиззах иқтисодий ҳудудига мўлжалланган қиймати 100 млн. долларни ташкил этадиган 21 та битим имзоланди. Ушбу индустриал зонада мобиль телефонлар, тикув машиналари, қурилиш материаллари, қуёш коллекторлари ва бошқа харидоргир маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. Хитойнинг “Поли Текноложи” компанияси билан ҳамкорликда Ангренда автомобиль ва қишлоқ хўжалиги техникаси учун шиналар ҳамда конвейер лентаси ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Хитой бизнес субъектлари Деҳқонобод калийли ўғитлар заводи ва Қўнғирот сода заводи қурилишида иштирок этди.
Молиявий соҳадаги ҳамкорлик, хусусан, Хитой Давлат тараққиёт банки ва Эксимбанки билан алоқалар фаол ривожланмоқда. Мазкур банклар йўналиши бўйича молиявий-техникавий алмашувлар иқтисодий алоқаларнинг муҳим таркибий қисми ҳисобланади. Ҳозирги пайтгача Ўзбекистонга мазкур молиявий муассасаларнинг узоқ муддатли имтиёзли кредитларини жалб қилиш орқали, жамиятимизнинг соғлиқни сақлаш, таълим, энергетика, транспорт ва бошқа соҳаларни қамраб олган 40 дан зиёд лойиҳа амалга оширилди.
Ўзбекистоннинг жуғрофий афзалликлари боис ХХР билан транспорт соҳасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик тобора ривожланаяпти. Хитойдан Европа давлатларига маҳсулотлар ташиш мамлакатимиз ҳудуди орқали амалга оширилмоқда. Биргина Навоий аэропортида фаолият кўрсатаётган Халқаро интермодал хаб орқали 2015 йили 1,8 минг тонна юк ташилди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли қурилишини, жумладан Хитойнинг “Бир камар–бир йўл” ғоясини қўллаб-қувватлади. Натижада стратегик жиҳатдан нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё учун муҳим бўлган лойиҳанинг амалга оширилишида, яъни “Қамчиқ” довони орқали ўтадиган 19,2 км. масофадаги темирйўл тоннели қурилишида Хитой фирмалари фаол қатнашдилар. Мазкур лойиҳа бўйича Ўзбекистон ўз зиммасига олган қурилиш ишларини 2016 йил август ойида якунлаб, денгиз сатҳидан 2,2 минг метр баландликда жойлашган ушбу тоннель орқали поездлар ҳаракатини йўлга қўйди.
ХХР Ўзбекистон билан уран стратегик хом-ашёси бўйича ҳамкорлик қилмоқда. Уран конлари бўйича геологик қидирув ишлари Навоий вилоятида олиб борилмокда. Табиий ресурсларга бўлган эҳтиёж ортиб бораётган ҳозирги пайтда «Республикада 30 та уран конлари мавжудлиги ва ушбу ресурснинг аниқланган захиралари қарийб 50-60 йил давомида уран қазиб олишни таъминлаш имконини бериши» ҳам муҳим аҳамият касб этиб, ўзаро ҳамкорликнинг муҳим соҳаси ҳисобланади.[12]Ўзбекистон Давлат геология қўмитасининг маълумотларига кўра, мамлакатимизда ураннинг захираси 185,8 минг тоннага тенг бўлиб, бу эса ривожланаётган давлатлар билан ҳамкорлик қилиш учун истиқболли соҳа ҳисобланади[13].
2012 йил апрелда Ўзбекистонда инвестициянинг умумий ҳажми 5 млрд. АҚШ долларидан иборат бўлган 25 та лойиҳани амалга ошириш режаси эълон қилинди. Хусусан, транспорт ва кимё индустрияси соҳасида биргаликдаги лойиҳаларни амалга ошириш учун 1,5 млрд. доллар миқдорида маблағ ажратилди[14]. Сўнгги олти йилда икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми қарийб 6 баробарга ошди ва 2013 йилда 5,2 миллиард АҚШ долларига етди[15].
Иқтисодиётнинг жадал ривожланиши баробарида ХХРда нефть маҳсулотлари ва табиий газ истеъмоли ҳам мос равишда ошиб бормоқда. Хитойда жами қазиб олинаётган нефт ва газ миқдори эҳтиёжнинг ярмини қоплаётганлиги сабабли мавжуд талаб импорт орқали қондирилмоқда. Бу борада Ўзбекистон катта имкониятларга эга бўлиб, 75% газ конденсати заҳиралари мавжудлиги аниқланган. 1997 йилда 1990 йилга қараганда газ қазиб олиш 1,27 баробарга ортди ва унинг маълум бир қисми экспорт қилинди[16].
Бир қатор Хитой компаниялари Ўзбекистон ҳудудида углеводород конларини қидириш ва қазиш ишларида фаол иштирок этмоқда. Ҳозирги вақтда Туркманистон – Ўзбекистон – Қозоғистон – ХХР магистрал газ қувурлари ишга тушди. Марказий Осиё-Хитой газ қувурининг тўртта тармоғи ҳам мамлакатимиз орқали ўтиши ёқилғи-энергетика соҳасидаги улкан салоҳият ва ўзаро манфаатдорликдан далолат беради. Хитой Миллий нефть-газ корпорацияси (CNPC) мамлакатимиздаги углеводород конларини қидириш ва қазиш ишларида фаол иштирок этмоқда. Муборак газ-кимё мажмуасида табиий газни қайта ишлаш бўйича ҳамкорликда иш олиб борилмоқда.
Қайд этиш жоизки, Ўзбекистон ҳудудининг 60 фоизи нефть ва табиий газ қидируви учун қулай ва истиқболли. Бундан ташқари, Ўзбекистон дуёнинг ўнта йирик газ қазиб чиқарувчи мамлакатлари қаторида туради[17].
Мутахассислар Хитой хом-ашё заҳираси ҳолатига баҳо берар эканлар мамлакатда газ қазиб чиқариш 2020 йилга келиб 80 млрд. куб.м ва 2030 йилга бориб 86 млрд. куб.м етишини ва ўз навбатида, истеъмол ҳам 176-260 млрд. куб. метрга етишиши тахмин қилишмоқда. Истеъмол ва қазиб чиқариш ўртасидаги бундай катта тафовутни эса импорт ҳисобига тўлдириш кутилмоқда. Импорт эса 2020 йилга бориб 78 млрд., 2030 йилга бориб 125 млрд. кубга етиши кутилмоқда. Бу масалани ҳал қилиш мақсадида ХХР Ўзбекистон, Туркманистон ва Қозоғистонда газ захираларини қидириш ва ишлаб чиқиш соҳасида тобора фаол иштирок этмоқда[18].
ХХРнинг Ўзбекистондаги ўша даврдаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Чжан Сяо фикрича, 2011 йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми қарийб 2,6 млрд. АҚШ долларини ташкил этди. Бу кўрсаткич, 2010 йилга қараганда 20 фоизга ортиқ. 2011 йилнинг охирига келиб, Хитой томонидан Ўзбекистон иқтисодиётига киритилган сармоялар ҳажми 4 млрд. доллардан ошди. 2010 йилда Хитой-Ўзбекистон газ қувурининг иккинчи тармоғи фойдаланишга топширилди. Уранни ўзлаштириш ва қайта ишлашга ихтисослашган қўшма корхона ишга тушди[19].
ШҲТ доирасида молиявий ҳамда ишбилармонлик алоқаларини ривожлантиришга қаратилган иккита муҳим орган таъсис этилди 2005-2006 йй). Биринчиси, ташкилот ҳудудида инвестицион лойиҳаларни молиялаштириш ва банк хизмати механизмини яратиш мақсадида 2005 йил октябрда ташкил топган Банклараро бирлашмадир. Ушбу бирлашма инфраструктура қурилиши ҳамда юқори технологиялар соҳасидаги дастурларнинг ҳаётга татбиқ этилиши учун маблағларни йўналтиргани ҳолда ШҲТ га аъзо мамлакатлар ўртасида “молиявий кўприк” вазифасини ўтайди. Иккинчиси, 2004 йилда имзоланган Тошкент декларациясида ШҲТ Ишбилармонлар кенгашини тузиш белгиланди. 2006 йил июнда таъсис этилган Ишбилармонлар кенгаши тузилмага аъзо давлатлар бизнес уюшмаларининг нуфузли вакилларини бирлаштирди.
Маданий–гуманитар соҳада Ўзбекистон-ХХР муносабатларининг янги босқичга кўтарилишига нафақат савдо, коммуникация, балки туризм соҳаси ҳам ижобий таъсир кўрсатмоқда. Ўзбекистоннинг қадимий тарихий маданиятига оид ёдгорликлари ҳамиша чет эллик сайёҳлар эътиборини ўзига жалб қилиб келган. Ўзбек-Хитой муносабатларида туризм соҳасидаги ҳамкорликка ҳам алоҳида эътибор қаратиб, 2010 йилдан буён Ўзбекистон Республикасига Хитой фуқароларининг гуруҳ-гуруҳ бўлиб саёҳат қиладиган туристик мамлакат мақоми берилган.
2013 йил ноябрь ойида Ўзбекистонга уюштирилган Хитой Халқ Республикаси давлат кенгаши Бош вазири Ли Кетсяннинг расмий ташрифи давомида томонлар ўртасида туризм соҳасида ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро битим имзоланди.
Хитойнинг қатор шахарларида Ўзбекистон маданияти ҳафталиги ўтказилганини самарали маданий ҳамкорлик мисоли сифатида баҳолаш мумкин. Шу билан бирга, Хитойнинг кўпгина йирик мегаполислари-Пекин, Шанхай ва бошқа шаҳарларида таниқли ўзбекистонлик рассомларининг ўзбек халқининг замонавий ҳаёти ҳамда тараққиётининг турли қирралари тасвирланган ижодий ишлари кўргазмаси бўлиб ўтди.
Хитойлик санъаткорлар ҳар икки йилда Самарқанд шаҳрида ўтказиладиган “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалида мунтазам қатнашиб келмоқдалар. Мамлакатимизда ўзаро маданий мулоқотни мустаҳкамлашга мўлжалланган кино кунлари, бадиий кўргазмалар, фестиваллар ўтказилмоқда. 2015 йилги фестивалда бош соврин-Гран-прини Хитойнинг “Jiangsu women’s Orchestra” гуруҳи қўлга киритди.
Таълим соҳасидаги ҳамкорлик ҳам жадал ривожланмоқда. Хусусан идоралараро алоқалар доирасида талаба ва амалиётчилар алмашинуви кенг йўлга қўйилган.
Марказий Осиёда биринчи бўлиб Тошкентда (2005 йил майда) ва Самарқанд шаҳрида (2013 йил сентябрда) очилган Конфуций институтлари ўзбекистонликларни хитой тили ва маданияти билан яқиндан таништириб келмоқда. Ушбу институтларни ўтган 11 йил давомида Хитой билан Ўзбекистон дўстлигини мустаҳкамлашга хизмат қиладиган 3 мингдан ортиқ мутахассислар битириб чиқдилар. Бундан ташқари, Хитой ҳукумати ҳомийлигида Ўзбекистон олий ўқув юртларида хитой тилини ўқитиш бўйича замонавий марказлар ташкил этилди.
Хитой Марказий миллатлар университетида (2010 йилдан) ва Пекин чет тиллар университетида (2012-2013 ўқув йилидан) ўзбек тилини ўқитиш йўлга қўйилди. Хитойнинг нуфузли ўқув академик муассасаларидан бири ҳисобланган Шанхай Халқаро тадқиқотлар университетида алоҳида ўзбек тили кафедраси фаолият кўрсатмоқда. 2016 йилнинг сентябридан Шанхай олий ўқув юртида факултатив дарс сифатида ўқитилмоқда.
Икки томонлама келишувга мувофиқ ва ШҲТ доирасида ХХР ҳукумати 2012-2013 ўқув йилида ўзбекистонлик 120 талаба ва стажёрларга грантлар ажратди. Конфуций номидаги институт орқали Ланчжоу унверситетида ўзбекистонлик 50 га яқин талаба таҳсил олмоқда.
2013 йил 15 май куни Шанхай шаҳрида Хитойда биринчи марта Шанхай университети ҳузуридаги ШҲТ халқ дипломатияси илмий тадқиқот институти негизида Ватанимиз тарихи ҳамда ривожланишини яқиндан ўрганиш мақсадида Ўзбекистон тадқиқотлари ва таълим алмашувлари маркази очилди. Унинг мутахассислари Ўзбекистонда рўй бераётган замонавий жараёнларни кузатиб бормоқдалар.
Хитой ва Ўзбекистон ўртасида 2014-2017 йилларга мўлжалланган маданий ҳамкорликка оид дастур (2013 йил ноябрь) қабул қилинди. Икки томонлама маданий муносабатларни мустаҳкамлашда 1998 йилда ташкил этилган “Ўзбекистон-Хитой” ва 2007 йил ўз фаолиятини бошлаган “ХХР-Марказий Осиё мамлакатлари” дўстлик жамиятлари муҳим аҳамият касб этмоқда. Икки мамлакат дўстлик жамиятлари ўртасидаги ўзаро делегациялар алмашинуви давлатлараро алоқаларни янада мустаҳкамлашга кўмаклашмоқда.
Хитой қадимги маданий ёдгорликлари ишлари бўйича давлат бошқармаси, Хитой ижтимоий фанлар академияси, Хитой Шимоли-Ғарбий университети вакиллари ўзбекистонлик ҳамкасблари билан археологик тадқиқотлар ва тарихий обидаларни реставрация қилиш бўйича ҳамкорлик қилмоқдалар. Улар Буюк Ипак йўлининг тарихий кўринишини қайта тиклаш борасида изланишлар олиб бормоқдалар. Хитойлик машхур ёзувчи Лаошэнинг ўзбек тилига ўгирилган “Мушуклар шаҳри хотиралари” асари китобхонларимизга Хитой адабиёти билан танишиш имконини бермоқда.
2017 йил 13 мартда Хитой ва Ўзбекистон ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 25 йиллиги арафасида Шанхай университетида буюк аллома Алишер Навоий ҳайкали очилди.
Таъкидлаш жоизки, икки далат ўртасида минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш борасида метропол субъектлар (Тошкент-Шанхай, Самарқанд-Сиан шахарлари, Навоий-Чжучжоу, Тошкент-Хунан, Самарқанд ва Шенси вилоятлари) ўртасида тўғридан-тўғри муносабатлар ўрнатилганлиги натижасида икки мамалакат ҳудудларининг алоқалари ривожланиб бормоқда.
Хулоса ўрнида шуни қайд этиш жоизки, сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикасининг ХХР билан муносабатлари сифат жиҳатидан янги даражага кўтарилди. Бинобарин, Ўзбекистон ташқи сиёсий фаолиятида Хитой билан бўлган муносабатлар долзарблигича қолмоқда.
Ҳозирги кунда Ўзбекистон ХХР билан ташқи савдо, транспорт коммуникацияси соҳасидаги ҳамкорликлар жадал суръатлар билан ривожланмоқда. Хитойнинг Ўзбекистонга қаратилган ташқи сиёсатида ўзаро манфаатли ва кўпқиррали муносабатларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўзаро алоқаларнинг янада мустаҳкамланиши Ўзбекистоннинг Жануби-Шарқий Осиё давлатлари билан бўлган муносабатларини ривожлантиришда катта аҳамият касб этади.
Собиқ иттифоқ парчаланиб кетгандан сўнг Марказий Осиёда хавфсизлик тизими мавжуд эмас эди. Шундай бир пайтда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг вужудга келиши ва халқаро ташкилот сифатида самарали фаолият кўрсатаётганлиги сабабли, айтиш жоизки, минтақамизда хавфсизлик тизими шаклланмоқда. Бунда Ўзбекистоннинг мазкур ташкилот доирасидаги саъи-ҳаракатлари салмоқли бўлди.
ШҲТ доирасидага фаолият туфайли Ўзбекистон Хитойдан замонавий, юқори сифатли техника ва технологияларни олиш ҳамда Осиё-Тинч океани минтақаси халқаро молиявий ташкилотларининг сармояларидан кенг фойдаланиш имкониятини қўлга киритмоқда.
ШҲТнинг кузатувчи мамлакатларининг мавжуд имкониятлари ва бозорларини ўзаро манфаатли ҳамкорликка жалб этиш нафақат барқарор ижтимоий-иқтисодий тараққиётни таъминлашга, балки аъзо давлатларнинг халқаро иқтисодий муносабатлар тизимига интеграциялашувига ҳамда ШҲТнинг жаҳондаги обрў-эътиборининг ошиишига ҳам кўмаклашади.
Ўзбекистон ва Хитой узоқ тарихга, ноёб маданият ҳамда улкан интеллектуал салоҳиятга эга. Бу давлатлараро гуманитар ҳамкорликни кенгайтириш, икки мамлакат олий ўқув юртлари ва илмий-тадқиқот институтлари ўртасида шериклик муносабатларини ўрнатиш, шунингдек, ўзаро маданий алоқаларни янада ривожлантиришни давр тақозо қилмоқда.
Шундай қилиб, Ўзбекистон-Хитой алоқаларининг ҳозирги ҳолати давлатларимизнинг бир-бирлари билан узоқ муддатли стратегик ҳамкор эканликларидан далолат беради. Бу эса, икки мамлакат халқларининг миллий манфаатларига ва ҳозирги замон талабларига тўла мос келади. Икки мамлакат ўртасидаги мулоқотлар, алоқалар изчил ривожланиб бораётган халқаро муносабатлар тарихида муҳим аҳамият касб этади ва келажакда янада самарали натижаларга эришишга кенг имкониятлар яратади.
[1] Идиров У. Ўзбекистон-Хитой дўстона муносабатлари ривожининг мустаҳкам заминлари. Шарқ машъали. 2013 – №1 – Б 51.
[2] http://www.mfa.uz/uz/cooperation/countries/199/
[3] Халқ сўзи, 2016. 21 июнь.
[4] Си Цзиньпин. Хитой-Ўзбекистон дўстлигининг янги ёрқин саҳифалари. Халқ сўзи. 2016.21 июнь.
[5] Халқ сўзи. 2012, 7 июнь.
[6] Халқ сўзи. 2014, 29 март.
[7] Халқ сўзи. 2016, 28 июнь.
[8] Шарқшунослик, 1999. — № 3. Б. 84.
[9] http://www.mfa.uz/uz/cooperation/countries/199/
[10] Халқ сўзи. 2016, 23 июнь.
[11] Халқ сўзи. 2016, 18 июнь.
[12] Хасанов У.А. Халқаро муносабатлар назариясига кириш. —Т.: ЖИДУ, 2007. 91-бет.
[13] 12uz com. 2013, 5 июль.
[14] Кузьмина Е.М. Российское и китайское экономическое присутствие в Центральной Азии. Есть ли возможность взаимодействия?//Проблемы Дальнего Востока, 2013. — №5. – С.42.
[15] Халқ сўзи. 2014, 21 май.
[16] Ташкентская правда, 1998, 3 июня.
[17] Бизнес Вестник Востока, 2004, 15 января.
[18] Сазонов С.Л. Реформа транспортной системм КНР и мировой финансово-экономический кризис// Проблемы Дальнего Востока, 2010. – №2. – С.29.
[19] Рахматов У., Дюгай П. Ўзбекистон-ХХР: «Мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликнинг бугуни ва келажаги буюкдир»//Халқ сўзи. 2012, 2 май.