Бухоронинг марказий кўчаларидан бирида, улкан Кўкалдош мадрасаси ва Шоҳсанам масжиди олдида кўримсизгина, лекин, меъморий ечими билан ўзига хос бўлган Эрназар Элчи мадрасаси мавжуд. Икки қаватли бу иншоот оқ мармардан қурилган ва шарқона безаклар билан жилоланган. Ички ҳовлиси кенг бўлиб, мударрислар ва талабалар учун хоналар ва ҳужралар бор. Вақф маблағлари ҳисобига ўз даврида бу ерда шогирдлар бепул таълим олиш баробарида нафақа ҳам олиб турганлар.
Мазкур мадрасанинг қурилиш тарихи ҳақида эса турфа хабарлар оғиздан оғизга кўчиб юради. Улардан биринчиси ва энг оммалашгани Россия подшоҳ хоними Екатерина II томонидан ажратилган маблағ эвазига Эрназарбий томонидан тиклангани ҳақидаги хабардир.
Бухоро ҳукмдори Шоҳ Муродхоннинг буйруғи билан Мулла Эрназарбий бошчилигидаги делегация Петербургга боради ва Екатерина II билан музокаралар олиб боради. Айни музокараларнинг муваффақиятли якунида катта миқдордаги хайрия маблағи ажратилади.
Машҳур шарқшунос Н. В. Хаников мазкур мадраса Екатерина томонидан барпо этилганини таъкидласа, Г. Пославский ўз қайдларида мадраса Екатерина томонидан ажратилган 40 000 рублга Эрназар Элчи томонидан қурилгани ёзилади. 1883 йилда Бухорода бўлган В. В. Крестовский “Бухоро амири ҳузурида меҳмонда” китобида бу хусусда тўхталиб ўтади. Унинг айтишича, Эрназар эшон камбағал оиладан чиққан ва умрини илм олишга сарфлаган. Унинг орзуси эса мадраса қуриб ёшларга таълим бериш бўлган. Хаттотлик ва мударрислик қилиб топган пуллари эвазига Эрназар эшон Лаби Ҳовуз ёнида мадраса қуришга киришади. Бироқ, етарлича маблағ топилмай қурилиш бир муддат тўхтаб қолади. Екатерина II ҳузурига ташрифдан сўнг бу қурилиш ишлари якунига етади.
Яна бир манбада ёзилишича, тарихда “Амири масъум” деб ном қолдирган Бухоро амири Шоҳ Муродхон ҳижрий 1199 йил шаъбон ойида (1784 йилнинг январида) Форсга қарши Россиянинг иттифоқчилигидан умидвор бўлиб Эрназарбийни Петербургга элчи қилиб жўнатади. (тарж. Аслида бу пайтда Дониёлбий оталиқ Бухоро тахтида бўлади ва унинг ўғли Шоҳ Муродхон анча кейин тахтга чиқади. Рус манбаларида Дониёлбийнинг ҳукмронлик даврида Абулғозий хон номидан Эрназарбийнинг элчи бўлиб боргани келтирилган. Абулғозийхон Дониёлбий амирлик пайтида қўғирчоқ хонлардан бўлган ва давлат ишлари унинг расман унинг номидан юритилган. Шу сабабли Россиядаги ҳужжатларда Абулғозийнинг номи қолган бўлиши мумкин. Бу Хива хони Абулғозий Баҳодирхон билан бир шахс эмас!)
Император Екатерина эса Ўрта Осиёга савдо йўлини очиш ва минтақани ўрганиш учун ҳиммат кўрсатган ҳолда мадраса қурилишига деб хайрия ажратади. Бу эса мусулмон ҳукмдорига ёқиши табиий. Г. Крестовский ўз мулоҳазалари якунида бу маълумотларнинг ҳеч бири аниқ манбага асосланмаганини айтган ҳолда Эрназар Элчи мадрасасининг қурилишида Екатерина II нинг иштирокига шубҳа қилмайди.
Россия ташқи ишлар коллегиясининг архивларида 1776 ва1786 йилларда Мулла Эрназарбий ва унинг ўғли Муҳаммад Шариф Бухоро давлати элчиси сифатида Екатерина ҳузурида бўлгани ҳақида маълумотлар сақланмоқда.
Бухоро тарихида ХVIII аср иқтисодий ва сиёсий инқирозлар даври сифатида тилга олинади. Аштархонийларнинг қарийб икки юз йиллик бошқарувидан сўнг минтақадаги аҳвол ачинарли ҳолга тушиб қолди. Хива ва Қўқон хонликлари билан мунтазам зиддиятлар, Форс шоҳларининг таҳдиди сиёсий томондан мамлакатни заифлаштирган бўлса, давлат бошқарувидаги нўноқлик дунёдаги энг қудратли ва бой Темурийлар давлатидан мерос қолган тизимнинг йўқ бўлишига олиб келди. Зарафшон ва Сирдарёдаги ирригация тизими ўз ҳолига ташлаб қўйилиши оқибатида гуллаб-яшнаган водийлар саҳроларга айланди. Одамлар ўз яшаб турган жойларини тарк этдилар.
Саройлардаги фитналар, ҳокимият учун кураш нафақат Бухоро, балки, Хива ва Қўқон хонликларининг илдизига болта урди. Мамлакат заифлашди, халққа қўшимча солиқлар солинди. Европа ва Шарқий Осиёни боғлаб турувчи савдо йўлининг карвонлардан дунё океанидаги кемаларга ўтиши эса ҳудуддаги алоқаларнинг узилишига, минтақанинг турғунликда қолиб кетишига олиб келди. Савдо-сотиқдан тушадиган даромад ҳам кескин камайди. Бу эса ички ишлаб чиқариш, саноатнинг ўсишини тўхтатиб қўйди.
Аштархонийлар ҳукмронлиги барҳам топиб манғитлар ҳокимият тепасига келгач Бухоро амирлик деб номланди. 1773 йилда Бухородан Россия томон йўл олган катта карвон Оренбург яқинида Пугачёв шайкаси ва қозоқлар томонидан талончиликка учрайди. Омон қолган карвон кишилари эса Бухоро амирига воқеани баён қилади. Мамлакат катта талофат кўрган эди. Рус подшоҳи ҳузурига янги карвон юборишда Ҳиндистон, Форс ва Русияда бир неча бор карвон билан бўлган тадбиркор Мулла Эрназарбий Мақсуд ўғли ғайрат кўрсатди ва амир унга ёрлиқ топширди. 1974 йил аввалида у Бухоро элчиси сифатида қуйидаги таркиб билан Екатерина II саройига йўл олди:
Мулла Эрназарбий Мадсуд ўғли, элчи,
Элчининг ўғли Муҳаммад Шариф, понсотбоши,
Охун Мулла Араб,
Имом Мулла Ҳалил,
Мулла Бобошариф, маслаҳатчи ва мирза,
Муҳаммад Шариф, хазинадор (ғазнаси),
Аёзберди, юзбоши (капитан).
Бундан ташқари, элчихона таркибида бухоролик шифокор, ошпазлар, новвойлар, хизматкорлар, 9 машшоқ ҳамда подшоҳ Екатерина, шаҳзода Павел ва бошқаларга мўлжалланган отларга қараш учун 10 отбоқар, жами – 53 киши бор эди.
Элчи Бухоро хони Абулғозийнинг ишонч ёрлиғидан ташқари қимматбаҳо совға-саломларни ҳам Екатеринага олиб бориш масъулиятини зиммасига олганди.
Подшоҳ учун 7 та араб арғумоғи (оти), 18 та зардўзи ҳинд парчаси (аёллар либоси), 127 пуд ложувард, 84 пуд равоч; 5 пуд шовул, подшоҳнинг ўғлига 3 та араб арғумоғи, қизига 10 та ҳинд парчаси, Остерман, Панин, ака-ука Орловлар ва Олсуфьевларга ҳам араби отлар, қимматбаҳо эгар-жабдуқлари билан совға сифатида олинди.
Бундан ташқари Эрназар элчи қулликда бўлган ва Бухоро ҳукумати томонидан сотиб олиниб Ўрис подшоҳига совға сифатида юборилаётган йигирмата россиялик асирни ҳам олиб борди. (Маълумотларга кўра, ўша пайтларда Бухородаги ўрис қуллари сони 4000 тага етган. Улардан айримлари Бухоро армиясида юзбошилик даражасига кўтарилган ҳам.)
Вазиятдан фойдаланган элчи ва унинг ходимлари дипломатик мақоми туфайли сотиш учун Россияга олиб борган Бухоро товарларини ҳам бож-тўловларисиз чегарадан ўтказади.
Элчихона 1774 йил январида Бухородан чиқиб Хива орқали февралда Оренбургга етиб келди. Бу ерда Пугачёв исёни туфайли ярим йилча қолиб кетганидан сўнг Манғишлоқ билан 1774 йилнинг сентябрида Астраханга борди. Астрахань губернатори, генерал-майор Кречетников эса Петербургдан рухсат бўлмагунча уларни мамлакат ичкарисига ўтказиб юбормади. Бу орада Кречетников турли бюрократик тўсиқлар билан карвоннинг ҳаракатланишини тўхтатиб турди ва турган ҳар бир куни учун катта миқдорда бож олди. Эрназарбийнинг канцлер граф Остерманга мактубидан сўнг вазият юмшади. 1975 йилнинг 9 февраль куни капитан Егор Павлов бошчилигидаги батальон ҳамроҳлигида элчихонанинг 42 ходими икки эшелонга бўлинган ҳолда Москва сари йўл олди.
Дипломатик миссия 14 март куни Москва дарёси бўйидаги Ташқи ишлар коллегиясига тегишли уйга жойлашди. Бироқ, улар бу ерда кўп қолишмади ва хусусий уйга ижарага чиқдилар.
27 март куни канцлер бетоблиги туфайли элчихона тўлиқ таркиби билан вице-канцлер граф Панин томонидан қабул қилинди. Элчи Эрназарбий Бухоро амирининг ишонч ёрлиғини Екатеринага етказиш учун унга топшириб ўз ҳукмдорининг саломини етказди. Шундан сўнг у вице-канцлернинг ўнг тарафига ўтирди. Панин Бухоро давлати вакиллари билан дўстона суҳбат қурди.
5 апрель куни элчихона Подшоҳ томонидан қабул қилинди. Элчи Екатерина билан учрашди ва ўз ҳукмдорининг дўстона таклифларини етказди. Шундан сўнг бухороликлар Шаҳзода Павел томонидан қабул қилинди.
Россия пойтахтидаги кейинги бир йил давомида элчихона савдо-сотиқ ишлари билан шуғулланди. Ўзлари олиб келган маҳсулотларни сотиш ва Бухоро учун Москва фабрикаларидан керакли маҳсулотларни сотиб олишга эътибор қаратди.
1776 йилнинг 15 январь куни элчи граф Панин ҳузурида яна бир бор қабул қилинди ва сўнг Бухорога қайтиб кетди. Москвадан қайтиши олдидан Эрназар элчига Россия императорининг Бухоро амирига дўстона руҳда битилган жавоб ёрлиғи топширилди.
Канцлердан эса карвоннинг талангани учун товон тўлаш ҳақидаги элчихонанинг сўрови Рус ҳукумати томони рад этилгани ҳақидаги мактуб олинди. Шу билан бирга канцлер Подшоҳ хоним номидан Бухоро амирига жавоб тарзида совға-саломлар берди. Улар орасида илгарироқ Қрим хони Сағин Гирей учун тайёрланган, усти олмослар билан безатилган қимматбаҳо шашка, шунингдек, шаҳзоданинг номидан қиймати 2000 рубль атрофида турадиган олмос шодалари бор эди.
Екатеринанинг фармонига кўра икки давлат ўртасидаги муносабатларни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун Элчи Эрназарбий қимматбаҳо совғалар билан мукофотланди. Эрназарнинг шахсан ўзи учун қуйидагилар тақдим этилди:
– Рус ҳудудлари билан савдо қилиши учун Каспий денгизида кема совға қилинди;
– Йилига 9000 рубль тўлаган ҳолда Рус ҳудудлари билан беш йил мобайнида божсиз савдо қилиш ҳуқуқи берилди;
– 2000 рубль мукофот ажратилди ва 1000 рубль йўл харажатлари учун берилди;
– Астраханда элчи томонидан сотиш учун олиб қўйилган товарлар ҳисобига хазинадан 2000 рубль қайтариб берилди;
– Сувсар терисидан пўстин совға қилинди;
– Москвадан Астрахангача йўл харажатлари учун 1630 рубл берилди;
Юртига қайтар экан, бухороликлар Россиядаги қабуллардан хурсанд бўлгани аниқ. Бироқ, дипломатик миссиянинг асосийси бажарилмаган бўлсада, Эрназарбий ўзи учун жуда катта шахсий бойлик орттириб олди. Шу сабабли юртига қайтиши биланоқ у яна Россия сафари тадоригини кўра бошлади. Бунга қуйидаги ҳолат сабаб бўлганди.
1775 йилда Бухоро элчихонаси билан бирга Москвада Усмонли султонлигининг ҳам элчилари жойлашганди. Икки мусулмон турк давлати элчилари ўзаро савдо алоқаларини мустаҳкамлаш, Ўрта Осиёдаги зиёратчиларнинг Хива ва Астрахань орқали Россия жанубидаги ерлар билан Константинополь ва Анатолияга денгиз орқали чиқиши ҳамда Маккага боришларини таъминлаш бўйича музокаралар олиб боришди. Ўз юртларига қайтган элчилар бу ҳақда ҳукмдорларига маълум қилишди. Биринчи бўлиб Константинополдан Бухорога элчилар жўнатилди. 1799 йилда бунга жавобан Бухоро ҳукмдори ҳам Эрназарбий ва унинг ўғли етакчилигидаги элчиларни Усмонли давлатига юборди. Йўл-йўлакай улар Москвага бориб Екатерина билан учрашиши, Астраханда таланган карвон учун товон пули талаб қилиши ҳамда Бухоро ҳукумати учун 3000 пуд мис сўраши керак эди. 28 кишидан иборат элчихона ходими бу сафар ҳам аввалгиси сингари совға-саломлар билан йўлга отланди. Элчихона 1799 йил баҳорида Бухородан чиқиб 10 август куни Оренбургга кириб борди ва декабргача шу ерда қолиб кетди. (Бухородан Россияга ўша даврларда 4 та асосий йўл бўлган: 1) Бухоро-Хива-Астрахань — 30 кунлик йўл; 2) Бухоро-Хива-Оренбург — 60 кунлик; 3) Бухоро-Троицк, Орол денгизининг шарқий соҳиллар бўйлаб — 80 кунлик; 4) Бухоро-Тошкент-Петропавловск — 90 кунлик йўл.)
31 декабрь куни Бухоро элчилари Москвага Оренбург батальони ҳамроҳлигида етиб келди. 4 январь куни улар Петербургга бориб Васильевск оролидаги Ташқи ишлар коллегиясига тегишли давлат хазина қароргоҳига жойлашдилар. Бу сафар элчихона учун давлат томонидан ойига 360 рубль ажратилди; элчининг ҳаракатланиши учун 800 рублга карета сотиб олинди; ёрдамчиларининг юришлари учун икки экипаж извош ёлланди.
Аввалгидан фарқли ўлароқ, бу гал Екатерина Бухоро элчисига жуда катта илтифот кўрсатди. 2 февраль кунги қабул маросимида Эрназарбий Рус подшоҳи билан қўл бериб кўришди, ширин сўзлар айтди, бироқ, Екатерина элчининг совғаларини шахсан олишга рози бўлмади. Бухоро элчихонасининг ишлари билан шуғулланиш вазифаси Ташқи ишлар коллегияси ходими Муратовга топширилди.
Петербургдалик чоғида Эрназар элчи давлат ташқи ишлар коллегиясига Бухоро ҳукумати ва шахсан ўз номидан талабнома киритди. Унда қисқача мана шулар баён қилинганди:
– Бухоро ҳукуматига 1773 йилдаги карвони талон-тарож қилингани учун бухоролик савдогарларга товон пули сифатида 471.830 рубль бериш;
– Троицк заводидан 3000 пуд мис пластиналари бериш;
– 1775 йилда элчихона томонидан қайтарилган рус асирлари учун мукофот бериш;
– Элчи ва унинг ўғли ҳамда ходимларини рус ҳудудлари орқали Усмонли давлатига ўтиши ва қайтишига рухсат бериш;
– Эрназарбий ва унинг ўғлига Рус саройидаги турк, форс ва бошқа элчиларга берилгани каби подшоҳлик оиласи номидан шоҳона поча пўстин совға қилиш.
Бу талабларнинг барчаси дипломатик миссиянинг иккинчи даражали мақсадлари сирасига кирарди. Асосийси эса, юқорида таъкидланганидек, рус-турк ерлари орқали Маккага йўл очиш бўлган.
Натижада Россия ҳукумати томонидан бу талабнома ўрганиб чиқилиб Екатеринанинг резолюциясига кўра 1780 йил 9 май санасида ташқи ишлар коллегиясининг қарори қабул қилинди.
Унда Бухоро элчихонасини Киев ёки Херсон орқали Константинополга ўтказиб юбориш ва йўлда чегарага қадар уларга ҳар томонлама ёрдам бериш кўрсатилган. Шунингдек, чегарагача 2600 рубль ва йўл харажатлари учун 1200 рубль ажратиш, элчига йўл каретаси сотиб олиб совға қилиш учун 1300 рубль, Эрназарбий ва унинг ўғлига подшоҳлик оиласи номидан шоҳона поча пўстин совға қилиш ва 2000 рубль ажратиш, Бухоро амирига эса Троицк заводидан 3000 пуд мис пластиналари бериш ва бу ҳақда Константинополдаги элчихонага чопар орқали хабар етказиш кўрсатиб ўтилганди.
Эрназарбийнинг бошқа талаблари эса рад этилди. Бухоро элчилари 10 октябрда Петербургдан чиқиб 9 кундан сўнг Херсонга етиб боришди. Бу ерда Херсон губернатори генерал-поручик Ганнибал томонидан кутиб олиниб икки юнон кемасига жойлаштирилди. Бирига элчи ва яқин аъёнлар, иккинчисига эса юклар жойланди.
Константинополдаги Рус элчихонасининг маълумотларига кўра Эрназарбий бошчилигидаги Бухоро элчилари 1780 йилнинг 27 октябрь куни Усмонли давлатига етиб келишди ва 9 ноябрь куни мамлакат Садри Аъзами (бош вазири) билан учрашди. Сиёсий музокаралардан сўнг Эрназарбий Маккага томон йўлга отланди. 1781 йилнинг сентябрь ойида Бухоро давлати дипломати Кичик Осиёда тарқалган ўлатга чалиниб Кўнияда вафот этди.
Бу билан Эрназар элчининг номаю аъмоли ёпилди. Лекин, унинг ишларини ўғли Муҳаммад Шариф давом эттирди. У Константинополдан қайтишда 1783 йил ва кейинчалик 1785 йилда алоҳида карвон билан Екатерина ҳузурида бўлди. Гарчи, отаси сингари у ҳам Рус подшоҳининг илтифотига лойиқ кўрилган бўлсада, отаси бошлаган асосий ғоя – Марказий Осиёдан Рус ерлари орқали Ғарбий Европага савдо йўлларини очиш масаласини ҳал эта олмади.
Эрназар элчининг ўлимидан сўнг бу ғоя узоқ муддат ёддан кўтарилди. Руслар Туркия ва Швеция билан келишмовчиликлар, Польша, Қрим ва Грузиядаги нотинч вазият билан андармон бўлиб Туркистон ҳақидаги ғояларни ортга суришди. Бухорода эса бошқа Эрназарлар топилмади. Бу билан Чор истилоси қарийб бир аср кечикди. Тўғри, бу орада Россия томонидан бир қанча разведка экспедициялари уюштирилди. Уларнинг айримлари муваффақиятсизликка учради.
Мулла Эрназарбийга келадиган бўлсак, у дунё кўрган мутараққий киши сифатида мамлакатининг нақадар қолоқ аҳволда қолганини ҳис қилди ва уни ривожлантириш учун Ғарб мамлакатлари ва Усмонли султонлиги билан савдо алоқаларини мустаҳкамлаш зарурлигини Бухоро ҳукмдорларига тушунтира олди. Унинг элчилик мақомидаги юришлари гарчи муваффақиятсизлик билан якун топган бўлсада, тадбиркорлик билан тўплаган маблағлари эвазига Бухоро марказида ўзи орзу қилган мадраса қурилди. Афтидан, қурилиш ишларини ўғли Муҳаммад Шариф охирига етказди.
Юқорида айтиб ўтилганидек, Эрназар элчи мадрасаси Екатеринанинг хайрия пулларига эмас, балки, Эрназарбийнинг ҳалол ишлаб топган маблағига қурилди.
Эрназарбий элчи ўз даврининг энг қудратли давлати подшоҳи билан муваффақиятли музокара олиб борган моҳир дипломат, мазлум халқи учун таълим муассасаси қуришдек эзгу ғояси учун ўз жонини гаровга тиккан маърифатпарвар сифатида тарихда ном қолдирди.
(“Бухарские посольства при дворе Екатерины II // Исторический вестник, № 2. 1897” нашридаги мақоладан эркин таржима)
PS: Қарийб икки аср давомида фаолият юритган Эрназар элчи мадрасаси ХХ асрнинг 50-йилларида коммунистик тузум вакиллари томонидан бузиб ташланган.