Ўзбекистон туризмни ривожлантиришда катта имкониятларга эга. Кўп йиллар давомида ушбу соҳага кам эътибор берилганлигига қарамасдан, мамлакат сўнгги икки йил ичида сезиларли даражада ўзгарди. Бир неча кун илгари, келгуси 7 йил мобайнида туризмни ривожлантириш дастури қабул қилинди.
Сўнгги 2 йилда ушбу соҳада нима қилинди ва яқин келажакда қандай натижаларга эришилади? Uzanalytics.uz материалида ўқинг.
Ўзбекистон туризмни ривожлантиришда улкан салоҳиятга эга. Мамлакатда 7,4 мингдан зиёд маданий мерос объектлари бўлиб, улардан 209 таси ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мерос объектлари рўйхатига киритилган. Бундан ташқари, республикада 11 та миллий боғ ва давлат қўриқхонаси, 12 та қўриқхона, 106 та музей ва сайёҳларни жалб қилиш мумкин бўлган кўплаб бошқа объектлар ҳам мавжуд.
Шундай бўлсада, узоқ йиллар мобайнида, бу салоҳиятдан тўлалигича фойдаланилмади. Масалан, 2011-2016 йиллар давомида хорижий меҳмонларнинг мамлакатга ўртача йиллик ташрифи 8 % га ўсган холос.
Бироқ, сўнгги 2 йилда Ўзбекистоннинг барча иқтисодий тармоқлари сингари туризм соҳаси ҳам янгича ривожлана бошлади — 2016 йилнинг декабрь ойи бошларида давлат раҳбари туризм соҳасини “жадал ривожлантириш” вазифасини қўйди ва бу бўйича тегишли ҳужжатга имзо чекди. Бунинг самарасида ваколатли давлат органи — Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ташкил этилди, тадбиркорларга туризм соҳасида солиқ имтиёзлари ва преференциялар тақдим этиш, миллий туризм салоҳиятини ички ва ташқи бозорларда самарали тарғиб қилиш учун шароитлар яратиш бўйича давлат раҳбари ва ҳукумат қарорлари қабул қилинди ҳамда виза режимини либераллаштириш ишлари амалга оширилди.
Қуйидагилар ана шундай чора-тадбирлар жумласига киради:
– қўшимча яна 9 та мамлакат учун визасиз режимнинг ўрнатилиши (жами 18 та мамлакат);
– фуқароларга кириш визаларини олишнинг соддалаштирилган тартиби қўлланиладиган мамлакатлар сонининг 12 тадан 50 тагача оширилиши;
– хостеллар фаолиятига бўлган талаблар соддалаштирилди ва 22 та талаб бекор қилинди;
– хорижий сайёҳларни хусусий хонадонларга жойлаштириш имкони яратилди;
– қишлоқ жойларда сертификатлаштириш талаблари бекор қилинган ва меҳмон уйларини ташкил этиш бўйича минимал талаблар ўрнатилган ҳолда меҳмон уйларини ташкил этишнинг соддалаштирилган тартиби ишлаб чиқилди ва тасдиқланди.
Янги қоидаларнинг жорий этилиши ва сайёҳлик хизматлари бозори либераллаштирилиши билан хорижий меҳмонлар сони ҳам кўпайди. 2017 йилда чет эл сайёҳларининг ошиш суръати 32,7% ни ташкил этди ва 2,69 млн нафардан ошди. 2015 йилда сайёҳлик ташкилотлари сони 398 тани ташкил этган бўлса, 2018 йил охирига келиб, уларнинг сони 950 тага етди. 2018 йил якунига кўра, республикага 5,3 млн нафар хорижий фуқаро ташриф буюрган — бу 2017 йилга нисбатан қарийб 2 баравар кўпдир.
Меҳмонхоналарни кўпайтиришга қаратилган мислсиз чора-тадбирлар
Меҳмонхоналар сонини кўпайтириш, уларнинг сифати ва унга ҳамроҳлик қилувчи инфратузилмани яхшилаш мақсадида жорий йилнинг 5 январь куни қабул қилинган президент фармонига кўра, меҳмонхона қурувчи тадбиркорлар учун янги имтиёзлар тақдим этилади. Масалан, меҳмонхона қуриш учун ажратилган ер участкаси, қурилиш якунланганидан сўнг сармоядорга эгалик ҳуқуқи билан сотилиши мумкин. Моддий-маданий мерос объектларининг ҳудудлари ва қўриқлаш зоналари ҳамда қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланган ер участкалари бундан мустасно.
Агарда 3 юлдузли тоифа учун 50 та хонадан кам бўлмаган ва 4 юлдузли тоифа учун 100 та хонадан кам бўлмаган хоналар фондига эга меҳмонхона 2022 йил 1 январгача фойдаланишга топширилган тақдирда, меҳмонхона тоифаси тасдиқлангач янги меҳмонхонани қуриш ва жиҳозлаш учун инвесторлар ҳаражатларининг бир қисми давлат бюджети ҳисобидан қопланади. Тўлов миқдори 3 юлдузли тоифага эга меҳмонхоналардаги ҳар бир хона учун 40 миллион сўм, 4 юлдузли тоифага эга меҳмонхоналардаги ҳар бир хона учун 65 миллион сўмни ташкил этади.
Бундан ташқари, дунёнинг таниқли ва нуфузли меҳмонхона брендларидан (меҳмонхона брендларининг топ-50 рейтингига кўра) фойдаланиш бўйича Ўзбекистон Республикаси резидентлари бўлган ташкилотлар учун роялти франчайзинг тўғрисидаги шартнома кучга кирган вақтдан бошлаб уч йил мобайнида давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қисман молиялаштирилади. Молиялаштириш маблағи қуйидагича: дастлабки 50 та 3 юлдузли тоифага эга меҳмонхона — ҳар бир меҳмонхонанинг битта хонаси учун йиллик 200 АҚШ доллари эквивалентида, дастлабки 30 та 4 юлдузли тоифага эга меҳмонхона — ҳар бир меҳмонхонанинг битта хонаси учун йиллик 400 АҚШ доллари эквивалентида.
Мазкур ҳужжат билан Ўзбекистонда яқин 3 йил ичида қуриладиган меҳмонхоналар қурилишининг мақсадли кўрсатгичлари ҳам белгиланди: ҳозирги кунда меҳмонхоналар сони 866 тани ташкил этади. 2021 йил охиригача уларнинг сонини 2394 тагача (2,7 баравар) ошириш режалаштирилмоқда. Айни пайтда меҳмонхона хоналари сони 19832 тани ташкил этади. 2021 йил охиригача уларнинг сонини 50 044 тагача (2,5 баравар) ошириш кўзда тутилмоқда.
Ўзбекистонда туризмни жадал ривожлантиришнинг “Етти йиллик” дастури
2019 йилнинг 5 январида яна бир “кенг қамровли” ҳужжат, 2019-2025 йилларда Ўзбекистонда туризм соҳасини ривожлантириш концепцияси ҳам қабул қилинди. Мазкур концепция қуйидагиларни кўзда тутади:
– сайёҳлик фаолияти соҳасида ҳуқуқий базани такомиллаштириш;
– сайёҳлик инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда фойдаланиш мумкин бўлган ва қулай сайёҳлик муҳитини шакллантириш;
– транспорт логистикасини ривожлантириш, ташқи ва ички йўналишларни кенгайтириш;
– сайёҳлик бозорининг турли сегментларига йўналтирилган сайёҳлик маҳсулотлари ва хизматларини диверсификация қилиш;
– ички туризмни ривожлантириш;
– сайёҳлик маҳсулотини халқаро ва ички сайёҳлик бозорларига тарғиб қилиш, мамлакат имиджини хавфсиз саёҳат ва дам олиш мамлакати сифатида мустаҳкамлаш;
– сайёҳлик тармоғи бўйича кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш.
Бундан ташқари, қарорда виза режимини янада либераллаштириш ҳам кўзда тутилган. Хусусан:
а) 2019 йил 1 февралдан бошлаб, ҳужжатга илова қилинган рўйхатга кўра, 45 та мамлакат фуқаролари учун 30 кунлик визасиз режим ўрнатилади;
б) 2019 йил 1 февралдан бошлаб электрон кириш визаларини оладиган фуқаролари бўлган мамлакатлар сони 76 тагача кенгайтирилади;
в) 2019 йил 15 мартдан бошлаб амал қилиш муддати 30 кун бўлган икки мартали (35АҚШ доллари консуллик йиғимига эга) ва кўп мартали (50 АҚШ доллари консуллик йиғимига эга) визалар жорий қилинади;
г) алоҳида гуруҳдаги чет эл фуқаролари учун кириш визаларининг қўшимча (электрон бўлмаган) тоифалари киритилади:
“Vatandosh” — ўзбекистонликлар ва уларнинг оила аъзолари учун бериладиган 2 йиллик виза;
“Student visa” — Ўзбекистондаги таълим муассасаларида таҳсил олаётган хорижлик талабалар учун бериладиган бир йиллик виза;
“Academic visa” — Ўзбекистонда илмий-тадқиқотчилик ва ўқитувчилик фаолиятини амалга ошириш истагида бўлган чет эл фуқаролари учун 2 ойдан 2 йилгача бўлган виза;
“Medical visa” — Ўзбекистонга даволаниш учун ташриф буюрган чет эл фуқаролари учун 3 ойгача бўлган виза;
“Piligrim visa” — туристик ташкилотлар ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги дин ишлари бўйича қўмита талабномасига кўра, чет-эл фуқароларига 2 ойгача муддатга бериладиган зиёрат визаси.
109 та мамлакат (рўйхатга кўра) фуқароларига қуйидаги ҳудудларда кўчмас мулк харид қилган тақдирда, Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномасини олиш ҳуқуқи тақдим этилади:
— Тошкент вилояти ва Тошкет шаҳрида — 400 000 АҚШ долларидан кам бўлмаган кўчмас мулкни;
— Самарқанд, Бухоро, Наманган, Андижон, Фарғона ва Хоразм вилоятларида — 200 000 АҚШ долларидан кам бўлмаган кўчмас мулкни.
— Қорақалпоғистон Республикаси ва республиканинг бошқа вилоятларида — 100 000 АҚШ долларидан кам бўлмаган кўчмас мулкни.
Президент қарори билан Ўзбекистонда туризм тармоғини жадал ривожлантиришнинг “етти йиллик” дастурида кўзда тутилган чора-тадбирларни амалга ошириш натижасида эришиладиган аниқ мақсадли кўрсатгичлар белгиланди.