Ўзбекистон Ҳукумати маълумотига кўра ўтган 2018 йилнинг 9 ойи давомида мамлакатга 4,4 млн. нафар сайёҳ келган. Ижобий кўрсаткич саналган бу рақам шунингдек, хорижий меҳмонларнинг бир муддат яшаши учун меҳмонхоналарда жой етишмаслиги муаммоси мавжудлигини ҳам кўрсатади. Прогнозларга қараганда 2019 йилда Ўзбекистонга келадиган сайёҳлар оқими янада кўпаяди. 2017-2018 йилларда қабул қилинган қарорлар мамлакатда янги меҳмонхоналарни барпо этиш баробарида ҳукумат аҳолига ўз хонадонларида оилавий меҳмон уйларини очишга рухсат берди.
Дилбар Хўжамуродова Қорақалпоғистоннинг Мўйноқ шаҳрида яшайди. 2018 йилнинг бошида айнан Дилбар опанинг ташаббуси билан Мўйноқда илк оилавий меҳмон уйи очилди.
Унинг қизи Соҳибжамол Утемуратова номи билан юритиладиган 10 ўринли ўзига хос бу меҳмонхона очилганидан бери 150 нафарга яқин сайёҳни қабул қилди.
-Ўз уйимизда оилавий меҳмон уйини ташкил этиш ғояси менда уч йил олдин туғилган эди. Шундан сўнг қизим Соҳибжамол Утемуратова Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқидан 50 миллион сўм миқдорида кредит олди. Кредит асосида уйимизда очилган оилавий меҳмонхонани миллий руҳда жиҳозладик. Бу ерда барчамиз меҳнат қиламиз. Ўзим, эрим, қизим билан меҳмонхонани оилавий тарзда юритаяпмиз.
Жорий йил биз учун жуда омадли келди. Меҳмонхона фаолиятини юритиш учун сертификатга эга бўлдик.
Дилбар опани таъкидлашича, қиш бўлишига қарамасдан уларнинг оилавий меҳмон уйига хорижий саёҳлар келиб турибди. Умуман ўтган вақт ичида оилавий меҳмон уйи Италия, Испания сингари ўнлаб Европа мамлакатлари, АҚШ, Хитой ва бошқа давлатлардан келган хорижлик сайёҳларни қабул қилди. Бундан ташқари бу ерга бошқа вилоятлардан ҳам меҳмонлар келиб турибди.
Мўйноқда 11 мингга яқин аҳоли истиқомат қилади. Орол денгизи қурий бошлаганидан сўнг ишсизлик бу ҳудудга хос ҳолатга айланди. Кўпчилик ёшлар пул ишлаш мақсадида қўшни Қозоғистонга, айримлари эса Россияга иш излаб кетишди. Аҳолининг қолган қисми эса Мўйноқдаги дарёлардан балиқ тутиб, овчилик билан шуғулланиб тирикчилик қилмоқда.
Шунингдек, Оролнинг қуриган қисми Мўйноққа туташ ҳудуд саналади. Денгизнинг бу қисмини томоша қилишга келаётган сайёҳлар сонининг ортиши бу ердаги одамларнинг қўшимча даромад топишига имкон беради. Аҳоли орасида шу аснода ўзинг кичиқ бизнесини йўлга қўйган инсонлар бор. Ахир, сайёҳларнинг Мўйноқдан Нукусгача бўлган 300 км масофани ҳар куни босиб ўтиши ортиқча ташвиш, харажат дегани.
Оила аъзолари билан маслаҳатлашган Дилбар опа дастлаб ўз уйида таом тайёрлаб, сайёҳларни қорақалпоқ миллий таомлари билан меҳмон қила бошлади. Мўйноққа келаётган сайёҳлар сони кўп бўлгани билан, бу ерда меҳмонхоналар йўқ эди. Шу боис Дилбар опада ўз уйини меҳмонхонага айлантириш фикри туғилди. У ўз ҳовлисини кичик таъмирдан чиқариб, уни қорақалпоқ миллий услубида безади.
-Бу масалада мени қизим қўллаб-қувватлади. Меҳмонлар жойлашадиган хоналарга кўча томонидан алоҳида эшик бўлиб, бу бизга меҳмонхона ҳудуди ва ўзимиз истиқомат қиладиган жойни алоҳида ажратишга имкон берди. Ишни меҳмонхона ва ҳовли тузилишини ўзгартиришдан бошладик.
Шундан кейин Нукусдаги дўстларимга ўз уйимда 10 ўринга мўлжалланган кичик меҳмонхона очганимни, бу ерга келадиган меҳмонлар учун корақалпоқ миллий таомларини тайёрлаб беришим мумкинлигини маълум қилдим.
Шунингдек, Дилбар опа меҳмонлар учун Орол денгизининг қуриган қисмига, сув мавжуд бўлган ҳудудларига сайёҳат уюштириш имкониятига ҳам эга эди.
–Дастлабки меҳмонлар Франциядан эди. Улар нукуслик дўстларимизнинг танишлари бўлиб чиқди. Биз франсуз тилини билмаслигимиз муаммо келтириб чиқишидан қўрққандик. Бироқ, бу вазиятда қизимнинг оз бўлсада инглиз тилини билиши биз учун қўл келди. Франсузларга кичик бўлсада, бизнинг меҳмон уйимиз ёқди. Улар бу ҳақда Франциядаги дўстларига сўзлаб беришлари ҳақида ваъда беришди.
Ҳозирги пайтда Дилбар опа ўз меҳмонхонасига хорижлик сайёҳларни интернет орқали жалб қилишга ҳаракат қилмоқда. Унинг фикрича, шу тарзда иш тутиш сайёҳлар учун ҳам қулай. Чунки Нукусдан Мўйноққа йўл олган хорижликлар тунда кўчада қолмасликликларини яхши англашади.
-Иккита “Patriot” русумидаги жип автомашиналаримиз бор. Сайёҳларнинг хоҳишига қараб, улар учун Орол денгизи бўйига сайёҳатлар ҳам уюштирамиз. Ҳозирда қуриб бораётган денгизда 20 га яқин кемалар савлат қуриб турибди. Салобатли бу кемалар кўплаб сайёҳларнинг диққатини жалб этади.
Бундан ташқари меҳмонларимиз мўйноқ балиғидан, овланган қушлардан тайёрланган қорақалпоқ таомларини ҳам суйиб истеъмол қилишади. Орол музейини, у ердаги турли экспонатларни томоша қилиш учун хоҳиш билдиришади. Чунки у ерда Орол денгизи тарихига доир видео, фотосуратлар мавжуд.
“Меҳмонларни қандай таомлар билан сийлайсиз?”, деганимизда Дилбар опа ўйламасдан қуйидаги фикрларни билдирди.
– Меҳмонлар албатта, биринчи ўринда Қорақалпоғистоннинг миллий таомларини сўрашади. Биз уларга Бешбармоқ, зоғорабалиқдан тайёрланадиган балиқ қовурдоқ сингари қатор миллий таомларимизни таклиф қиламиз. Шунингдек, улар Европа таомларини ҳам маъқул кўришади. Оилавий меҳмон уйимизда барча ишларни ўзим, турмуш ўртоғим, қизим бажарамиз. Оиламиз аъзолари 7 нафар кишидан иборат. Ишлар кўпайиб кетганда бошқа фарзандларим ҳам бизга кўмаклашишади.
2018 йилнинг 8 август куни Вазирлар Маҳкамасининг «Оилавий меҳмон уйлари фаолиятини ташкил этиш тўғрисида» ги қарори қабул қилинди. Бундан мақсад, туризм фаолияти субъектларини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш, минтақаларнинг туристик салоҳиятидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, дам олиш ва туризм учун шарт-шароитларни яхшилаш, шунингдек, туризм хизматлари кўрсатиш соҳасида янги иш ўринларини ташкил этиш ҳамда аҳолининг бандлигини таъминлашдан иборат. Қарорга биноан оилавий меҳмон уйлари очиш учун қуйидаги талаблар амалга оширилиши лозим:
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бошқармаси бош мутахассиси Азамат Сапаровнинг UzAnalytics.com сайтига таъкидлашича ҳозирда республикада 40 га яқин меҳмонхона, меҳмон уйлари, хостеллар фаолият кўрсатмоқда. Биргина Мўйноқда 5 та шундай жойлар мавжуд. Жорий йилда ҳудудда яна 4 та янги меҳмон уйлари очилди.
Ҳукумат қарорига мувофиқ, оилавий меҳмон уйлари ягона реестрига киритилган тадбиркорлар буюртмаларига биноан энг кам иш ҳақининг 300 баробаригача миқдорда, беш йил муддатга, шу жумладан 2 йиллик имтиёзли давр билан кредитлар ажратиш тавсия қилинмоқда.
Оилавий меҳмон уйларини ташкил этишга рухсат берилиши самарқандлик тадбиркорлар учун оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга туртки бўлди.
Фахриддин Тоҳиров Самарқанд шаҳридаги Панжакент кўчасида истиқомат қилади. Айни пайтда улар яшайдиган хонадонда ҳам “Марҳабо хаус” меҳмон уйи очилган. Ўз хонадонларида меҳмонхона очиб, оилавий бизнесни юритиш ғояси унинг онаси Марҳабо Нуруллаевадан чиққан эди.
Фахриддин Тоҳировнинг UzAnalytics.com сайтига айтишича, меҳмонхонада уч киши ишлайди.
– Ушбу меҳмонхонанинг очилганига кўп вақт бўлгани йўқ. Бу ерда барча ишларни 3 киши мен, онам ва хотиним бажарамиз. Меҳмонхонамизда бешта хонамиз бор. Икки кишилик хоналарда шаҳримизга келган сайёҳлар учун шароитлар яратилган.
Меҳмонхонада нархлар маҳаллий сайёҳлар учун хонасига қараб, кунига 70 минг, 80 минг ва 100 минг сўмни ташкил этади. Хорижлик меҳмонлар эса бир кун учун 40 АҚШ доллари тўлашлари лозим.
Яқинда Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Ахборот-таҳлил бошқармаси ва Давлат статистика қўмитаси томонидан “Туризмнинг оқ китоби 2018″нинг тақдимоти бўлиб ўтди. Мазкур китобдаги маълумотлар 2018 йилда сайёҳлар орасида ўтказилган сўровномалар асосида тўпланган. Сўровномалар Ўзбекистонга бир кундан зиёд муддатга ташриф буюрган, бу ерга ишлаш мақсадида келмаган сайёҳлар ўртасида ўтказилган бўлиб, бундан асосий мақсад – мамлакатда туризм статистикасини юритиш ва кириш туризми ривожланишини ўрганиш, шунингдек хорижий сайёҳларнинг талаб ва эҳтиёжларини аниқлашдан иборат.
Сўровномага кўра мамлакатга ташриф буюрувчи хорижлик сайёҳларнинг 58 фоизи Тошкентга келгани ва бу ерда тўхтагани ҳақида маълум қилинган. Kun.uz сайтининг “Туризмнинг оқ китоби”даги маълумотлар асосидаги хабарига кўра сайёҳлар энг кўп ташриф буюрган Ўзбекистон шаҳарлари орасида иккинчи ўринни 31 фоиз кўрсаткич билан Самарқанд эгаллаган. Учинчи ўрин 25,6 фоиз овоз билан Бухоро шаҳрига насиб этган. Шу билан бирга, Хива (13,3 фоиз), Термиз (6,5 фоиз) ва Нукус (4,5 фоиз) шаҳарлари ҳам сайёҳларнинг севимли масканлари қаторидан ўрин олган.
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг Самарқанд вилоят ҳудудий департаментининг матбуот котиби Бекзод Болтаев бу ҳақда UzAnalytics.comга сўзлаб берди.
-Ҳозирги вақтда Самарқандда кўплаб хонадонларда меҳмон уйлари фаолият кўрсатмоқда. 2018 йилда 20 га яқин хонадонда хорижий сайёҳларнинг жойлашиши учун меҳмон уйлари очилди. Юқорида таъкидланганидек, меҳмон уйлари Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан белгилаб берилган тартиб асосида рўйхатга олинмоқда. Бу жараённинг соддалаштирилгани туризм соҳасида иш юритиш истагида бўлган фуқаролар учун айниқса қўл келмоқда.
Муйноқлик Дилбар Хўжамуродова келажакда ўз фаолиятини янада кенгайтиришни мақсад қилиб қўйган.
-2019 йилда банкдан имтиёзли кредит олиб, 30 ўринли янги меҳмонхонани қуришни режалаштирганмиз. Мана ҳозир қиш бўлса ҳам, сайёҳлар келиб турибди. Меҳмон уйимизда хоналар учун олинадиган нарх арзон. Хонасига қараб бир кунлик нарх 5-10 долларни ташкил этади. Қолаверса, Мўйноқда газ, электр энергияси таъминоти яхши. Фақатгина ичимлик суви масаласи бироз қийин. Агар сув таъминоти ҳам яхшиланса, бизнесимиз ҳар томонлама ривожланиб кетади.
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бошқармаси ходимларининг UzAnalytics.comга маълум қилишича, бу ерга келган маҳаллий сайёҳлар Нукусга эрта тонгда етиб келадиган поезд қатнови йўлга қўйилиши бўйича ўз таклифларини билдиришган.