Муаллиф: Ёрқинжон Ҳайдаров
20-27 ноябрь кунлари Тошкент Фотосуратлар уйида Ўзбекистон халқ рассоми, Давлат мукофоти совриндори, Ўзбекистон ва Россия Бадиий академиялари академиги, профессор Алишер Мирзонинг шахсий кўргазмаси бўлиб ўтди. Кўргазманинг биринчи куни очилиш маросими билан бирга «Мусаввир ва Адиб» деб номланган ижодий кеча ҳам ташкиллаштирилди.
Алишер Мирзо 1948 йилда Тошкентда туғилган. Беньков номидаги Рассомлик билим юртини, кейинчалик Суриков номидаги Москва Давлат бадиий институтини тамомлаган.
Тадбирга рассомнинг яқинлари, ижодкор дўстлари, эл суйган ёзувчи ва шоирлар, бошқача айтганда гўзал тасвирий санъат ихлосмандлари ташриф буюришди. Очилиш маросимида рангтасвир ва графика санъати дарғаси Алишер Мирзо асарлари ҳақида, унинг ижодкор ва инсон сифатидаги фазилатлари ҳақида кўп яхши гаплар айтилди. Хусусан, Ўзбекистон Бадиий академияси раиси Акмал Нур сўз олиб қуйидаги мазмундаги сўзларни айтди. «70 йилларда Ўзбекистон тасвирий санъатида янги оқим пайдо бўлди. Шуҳрат Абдурашидов, Алишер Мирзо, Баҳодир Жалолов ва Жавлон Умарбековлар шу оқим вакиллари сифатида тасвирий санъатимиздаги тамойилларни янгилаган авлод бўлди. Биз уларнинг соясида катта бўлдик. Бу авлод ёзувчи ва шоирлар билан ҳамнафас бўлиб биргаликда ишладилар. Мен бу нарсани жуда муҳим деб биламан, тасвирий санъат адабиётсиз, мусиқасиз бўлиши мумкин эмас».
Ижодий кечада сўзга чиққан Усмон Азим Алишер Мирзонинг ижодкор сифатидаги бир муҳим хусусиятига эътибор қаратиб шундай деди: «Алишер қўрқмасдан ўзи қурган иморатни ўзи бузиб, янгитдан қурадиган ижодкор. У менга «Каллахоналик йигитча» романини ўқишга берганида аввалига китобни ўқишга чўчидим… Ўқиб бўлгач эса жуда хурсанд бўлдим. Агар ҳамма ўзбек ёзувчилари Алишердек ёзганида ўзбек адабиёти гуллаб кетган бўларди».
Алишер Мирзо расми:
Мусаввир таваллудининг 70 йиллиги муносабати билан ташкиллаштирилган ушбу кўргазмага ижодкорнинг 50дан ортиқ ишлари қўйилган. 1977 йилдан буён Ўзбекистон, Германия, Россия, Франция, Болгария, Ҳиндистон, Сурия, Корея, АҚШ, Литва, Норвегия каби мамлакатларда Алишер Мирзонинг шахсий кўргазмалари ташкил этилган. У тасвирий санъат муаммоларига бағишланган қатор халқаро анжуманларда ўз маърузалари билан иштирок этган. Рассомнинг асарлари бугунги кунда дунёнинг қатор музейларида, шахсий коллекцияларда сақланади.
Шу йилнинг август ойида Норвегиянинг Эгерсунд шаҳрида Алишер Мирзо таваллудининг 70 йиллигига бағишланган кўргазма ташкил этилган, у ерда Алишер Мирзо номидаги галерея ҳам иш юритмоқда. Рассомнинг шогирди Уйғун Солиҳнинг фикрича, Алишер Мирзонинг тасвирий санъатда ўзига хос услуби бор. Унинг ранг тасвирдаги услублари, рангларни қўрқмасдан ишлатиши ижодкорнинг бадиий асарларида ҳам акс этган. Қандай расм чизса, романлари ҳам шундай ёзилган. Бошқача айтганда, Алишер Мирзо ўз оламини, борлиғини нафақат тасвирий санъатда, бадииий адабиётда ҳам яхши ифода қила олган ноёб ижодкордир.
Мен эътибор қаратмоқчи бўлган жиҳат шуки, ижодий кечанинг «Мусаввир ва Адиб» деб номланиши бежиз эмас. Алишер Мирзо таниқли рассом бўлиш билан бирга ўзига хос услубга эга бўлган катта ёзувчи ҳамдир. Унинг «Каллахоналик йигитча» номли романи 2015 йилда Ўзбекистонда «Йилнинг энг яхши романи» мукофотига сазовор бўлган. Мазкур асар ортидан унинг мантиқий давоми бўлган «Мусаввир» романи ҳам чоп этилган.
«Каллахоналик йигитча» романи ҳақида Ўзбекистон халқ ёзувчиси, таниқли адиб ва давлат арбоби Хуршид Дўстмуҳаммад шундай дейди: «Асар қўлёзмасини ўқиганимда, роман ўзбек адабиётида янгилик бўлишига ишонгандим. Романни ҳақиқий маънода мўйқаламда ёзилган асар, дейиш мумкин. Рассом ва ёзувчи нигоҳи уйғунлигида воқеа, ҳолат ва қаҳрамонлар ички олами жуда чиройли бўёқларда тасвирланган. Рассомчиликда илмий-фалсафий мушоҳадалар улуғворлиги билан донг қозонган Алишер Мирзонинг бадиий адабиётдаги илк изланишлари ўта муваффақиятли чиққан. Рассомнинг ёзувчи сифатидаги яна бир ўзига хос хусусияти унинг бадиий образ, ҳолат, воқеалар тасвирида халқ ичида кенг тарқалган, аммо шу кунларда кам ишлатилаётган айрим сўз, ибораларни усталик билан ўз ўрнида қўллашидир. Гап-сўзларнинг кулгили жиҳатлари фақат ҳолат, кайфият тасвиридагина эмас, балки қаҳрамонлар ва муаллиф сўзларининг табиий-миллий жарангида ҳам яққол сезилади. Романларда воқеа, сюжет, ҳолатлар енгил, аммо ўткир юмор нури билан бойитилади».
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, адабиётшунос олим Иброҳим Ғафуров ҳам Алишер Мирзонинг романларига юқори баҳо беради: Мен «Каллахоналик йигитча» ва «Мусаввир» романларини қўлёзма ҳолида ўқидим. Бу асарлар шакл жиҳатидан ҳам, ҳикоя қилиниш тарзи жиҳатидан ҳам, қаҳрамонлар характерининг ёритилиши жиҳатидан ҳам шу пайтгача Тошкент ҳақида ёзилган барча асарлардан тамомила фарқ қилади.
Алишер Мирзонинг асарларида ижодкорнинг кўрган-кечирганлари, болалик ҳаёти, Московга бориб ўқиши, рус санъат ва маданиятининг сир-асрорларини аста-секин ўзлаштириб бориши, ҳаёт синов ва қийинчиликларни енгиб ўтиб, эволюцион тарзда баркамол ижодкорга айланишини кўриш мумкин.
Романлар ижодкорнинг ўз услубида, хаёлида қандай сақланган бўлса, шундай ҳолда тасвирланган. Муаллиф санъат фалсафаси, шакл ва ранглар ҳақидаги ажойиб фикрларини ҳаётий деталлар, воқеалар ёрдамида ҳам ёзувчи, ҳам рассом сифатида жуда нозик тасвирлаган.
Мен бу икки романни ҳаяжон билан ўқидим. Адабиётимиздаги ҳеч бир асарни камситмаган ҳолда, бу романлар прозамизнинг тамомила янги бир ҳодисасидек туюлди. Назаримда, бу романларнинг қиммати, аҳамияти, ҳаётимизга таъсири жуда катта бўлади».
Кўргазманинг очилиш маросимида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Дилбар Маҳмудованинг Алишер Мирзо асарларига бағишланган «Мўйқаламда ёзилган роман» номли рисоласи ҳам тақдим этилди. Қуйида Дилбар Маҳмудованинг ана шу рисолада айтилган фикрларини келтиришни лозим топдик: «Очиғини айтсам, ҳар икки романни ҳам ўзбек адабиётида фавқулодда рўй берган бадиий, ижодий ҳодиса, мўъжиза сифатида қабул қилдим. Китобларни ўқиётиб, гоҳ кўзимда ёш, гоҳ чеҳрамда қуёш деганларидек, севинч билан алам тез-тез алмашиб турди. Йиғлаб туриб кулдим, кулиб туриб, ҳўнг-ҳўнг йиғладим… Бу ердаги кулги сўзини асл маънода қабул қилманг, чунки китоб саҳифаларидаги ҳикоялардан қалбингизда оғриқ туради. Аммо муаллифнинг кучи шундаки, у ана шу ғам-андуҳлардан сизни ҳам, қаҳрамонини ҳам енгил табассум ила олиб чиқиб кетади. Унинг қаҳрамонларида оптимистик кайфият кучли, ёмонликдан сўнг албатта яхшилик келишига, ойнинг ўн беши қоронғи бўлса, ўн беши ёруғ бўлишига ишонч кучли. Энг муҳими, унинг қаҳрамонлари ўз мақсадига, орзу-ниятига етиш йўлидаги ҳар қандай қийинчиликларни писанд қилмай енгиб ўтадилар. Китобу калом жону жаҳонингни мана шундай алғов-далғов қилишга қодирми, демак, ёзувчининг кучи мана шунда».
Романлардаги мени ҳайратга солган жиҳат – Алишер Мирзонинг асарлари ҳам ижодкорнинг ўзи каби оптимизм ва кўтаринки кайфият билан тўлиб тошган. Бу нарса уларни ўқиган кишига ҳам таъсир қилмай қолмайди.
Алишер Мирзонинг ҳақиқий санъат асарлари ҳақидаги фикрлари кишини мушоҳадага чорлайди: «Ҳайратланиш – инсоннинг энг улуғ неъматларидан. Инсон тасаввури шу қадар бепоёнки, унинг ёрдамида истаганча эртаксимон хаёллар суратини яратиш мумкин. Ҳар бир санъат асарида табиий ва ҳаёт тортиқ этган ҳайрат ва яна ҳайрат ифодаланиши керак». Ҳаётдан завқланиб, ҳайратлар ичра яшаш бахти ҳар бир инсонга насиб қилсин.