“Жаҳон тарихида энг кўп алифбосини ўзгартирган халқ бу ўзбеклардир”.
Ҳамдам АРЗИҚУЛОВ, мунаққид
Жорий йил 15 майда Ўзбекистон Ҳукуматининг “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини кенг жорий этиш ва янада такомиллаштириш бўйича Ҳаракатлар режаси” тасдиқланди. Режа бўйича йил охирига қадар ҳукуматга аниқ таклиф берилиши лозим эди. Яқинда “Халқ сўзи” газетаси эълон қилган қуйидаги хабар маърифат ахлини бефарқ қолдирмади: “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига бир қатор ўзгаришлар киритилади. Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат Ўзбек тили ва адабиёти университети қошида тузилган Ишчи гуруҳи, шунингдек, турли мутахассислар, жамоатчилик фикри инобатга олиниб ҳозир лотин ёзувидаги тўртта ҳарф ўзгарадиган бўлди. Булар: Oʻ унли ҳарфи қўшимча белгиларсиз Ŏŏ кўринишида, Gʻ ҳарфи Ğğ кўринишида ёзиладиган бўлди. Ҳарфлар бирикмаси орқали тузилган Ch ва Sh ҳарфлари мос равишда Çç ва Şş ҳарфларига алмаштирилади. Шунингдек, ng товуши ҳам алифбода сақланиб қоладиган бўлди.
Кирилл алифбосидаги Ц ҳарфини С кўринишида янги алифбога киритиш, шунингдек, Ж ҳарфининг иккита кўринишида бериш каби таклифлар қабул қилинмади. Натижада янги алифбога Цц ҳарфи киритилмади ва Жж ҳарфи битта бўлиб қоладиган бўлди”.
Айтиш керакки, бу ҳозирча кучга кирмаган тартиб, таклиф, лойиҳа. Ҳўш, Ишчи гуруҳ тавсиясига тилшунос олимларнинг муносабатлари қандай? Уларнинг ҳам ўз фикрлари ва мулоҳазалари бор, албатта. Қуйида Uzanalytics.com мухбирининг Ўзбекистон Миллий университети журналистика факультети “Услубият” кафедраси доценти, филология фанлари номзоди Зоир ТОҲИРОВ билан ушбу масала бўйича суҳбатини эътиборингизга ҳавола этамиз.
Зоир ТОҲИРОВ
Зоир ТОҲИРОВ – тилшунос олим, Тошкент давлат Университетининг филология факультетини тугатган. Ўрта мактабда ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчиси, “Ўзбекистон” ва “Ўзбекистон Миллий энциклопедияси” нашриётларида муҳаррир бўлиб ишлаган. 19 йилдан буён талабаларга дарс бериб келмоқда. Бир қанча китоб, дарслик ва ўқув қўлланмалар, ўнлаб илмий мақолалар муаллифи.
“Ёзувимиз тарихидан лавҳалар” монографиясида муаллиф алифболарнинг ўзгариш тарихи, мамлакатимизда нима учун ва қайси сабабларга кўра улар 6 марта алмашганини изоҳлаб берган.
Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига бир қатор ўзгаришлар киритилиши арафасидамиз. Ушбу назарда тутилган ўзгаришларга муносабатингиз қандай?
Дарҳақиқат, айни кунларда жамоатчилик, айниқса, ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари ўртасида лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини такомиллаштириш, ислоҳ қилиш орқали айрим ҳарфларга ўзгартириш киритиш борасидаги фикрлар кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
Ўзбек халқи жуда қадим ёзув маданиятига эга халқ. Биз ўтмишда турли ёзувлардан фойдаланиб келганмиз. Бу ёзувлар ўз тизимига кўра, асосан фонографик-ҳарф-товуш ёзувлардан иборат бўлган. Бунда сўғд, паҳлавий, урхун-энасой (руник), уйғур, араб ёзувлари аҳамиятли.
Расман 2018 йил 15 майда тасдиқланган “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини кенг жорий этиш ва янада такомиллаштириш бўйича Ҳаракатлар режаси”га мувофиқ шу йил охирига қадар миллий алифбомизнинг ислоҳ қилинган янги лойиҳасини ишлаб чиқиб, тасдиқдан ўтказиш лозим. Шу мақсадда яқинда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини кенг жорий этиш ва такомиллаштириш муаммолари” деб номланган илмий-амалий конференция ўтказилди. Университет қошида тузилган Ишчи гуруҳ ва конференция иштирокчилари миллий алифбомизни ислоҳ қилиш бўйича аниқ таклифларни илгари сурдилар. Маълумки, Ишчи гуруҳ икки йил мобайнида лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини ислоҳ қилиш бўйича изчил иш олиб борди.
Конференция якдиллик билан қабул қилган Ŏŏ, Ğğ, Çç ва Şş ҳарфлари бўйича қарор тўғри деб ўйлайман. Бошқа мунозарали, тортишувларга сабаб ҳарф(товуш)ларни миллий тил талаффузи меъёрлари нуқтаи назаридан фонетика бўйича етук мутахассислар билан маслаҳатлашиб қайта кўриб чиқиш керак. Мамлакатимиздаги мен билган бундай ягона мутахассис – филология фанлари доктори, профессор Миразиз Миртожиев. У киши республикамизда биринчи бўлиб фонетика дарслигини яратган, бу борада жуда кўп изланиш ва тадқиқотлар олиб борган етук олим. Шунинг учун масаланинг бу томонига батафсил тўхталмадим.
Бошқа қардош халқлардан фарқли ўлароқ, ўзбек халқи бир неча лаҳжада сўзлашувчи элатларни ўзида бирлаштирган. Айтайлик, қозоқ, қирғиз ва қорақалпоқлар яхлит қипчоқ; турк, туркман, озарбайжонлар ялпи ўғуз, уйғурлар қарлуқ лаҳжасига мансуб бўлса, ўзбек этноси таркибида қипчоқлар ҳам, ўғузлар ҳам, қарлуқлар ҳам бор ва уларнинг сўзлашув тарзида муайян фарқ сезилади: битта сўз бир лаҳжада қисқа-қалин унли билан айтилса, бошқасида узун-юмшоқ унли билан талаффуз қилинади. Алифбони ислоҳ қилишда қарлуқ лаҳжасини асос қилиб олиш, бошқа лаҳжаларни унга бўйсундириш мақсадга мувофиқ бўлади. Акс ҳолда адабий нутқимиз лингвистик саводсизлик намунасига айланади.
Ишчи гуруҳ томонидан таклиф қилинаётган режа фақат лойиҳа сифатида таклиф этилмоқда. У расман кучга кириши учун аввал қонуний тартибда кўриб чиқилади, оммавий ахборот воситалари орқали кенг жамоатчилик ўртасида муҳокама қилиниши лозим.
Бундай ўзгаришларга қандай эҳтиёж бор эди?
Гарчи мен ишчи гуруҳ таркибида бўлмасамда, унинг фаолиятини қизиқиш билан кузатдим. Ўтган вақт мобайнида алифбо ислоҳоти бўйича ҳамюртларимиз томонидан кўплаб фикрлар билдирилди. Мавжуд вазиятга баҳо бериб шуни айтаманки, алифбо ислоҳотчиларини уч гуруҳга бўлиш мумкин: Биринчи гуруҳ –минимал ислоҳот тарафдорлари. Уларнинг наздида амалдаги алифбомизга деярли тегмаслик керак – фақат O‘, G‘ ҳарфларининг кўп муаммога сабаб бўлаётган қўшимча белгисини тўғриласак бўлди.
O‘, G‘ ҳарфларини ёзиш учун аввал O ёки G ҳарфини ёзиб, сўнг бир бармоқ билан “Alt” тугмаси босилади ва бошқа бармоқ билан махсус код – 0145 терилади. Яъни бир ҳарфни ёзиш учун олти марта клавиатура тугмаларига қўл урилади. Шундагина алифбодаги O‘, G‘ ҳарфлари тўғри шаклда ёзилади. Бундай машаққатталаб белги дунёдаги бирор бир халқнинг алифбосида йўқ.
Иккинчи гуруҳ – мўътадил ислоҳот тарафдорлари. Уларнинг фикрича, айни пайтда ўқиш ва ёзиш жараёнида турли англашилмовчилик ва қийинчиликларни юзага келтираётган O‘, G‘ ҳарфлари билан бирга Ch, Sh ҳарфларини ҳам тўғрилаш шарт. Чунки ана шу тўрт ҳарф туфайли бугун алифбо ислоҳоти кун тартибида турибди.
Учинчи гуруҳ – максимал ислоҳот тарафдорлари. Уларнинг фикрига кўра, O‘, G‘, Ch, Sh ҳарфлари ўзгартирилиши ва алифбога Ĵ ундоши ва ı, ö, ü унлилари қўшилиши лозим.
Ҳар бир гуруҳнинг ўз ҳақиқати, далиллари бор. Жумладан, минимал ислоҳотчилар алифбони жиддий ўзгартирсак, чорак аср давомида чоп этилган китобларнинг тақдирию фарзандларимизнинг саводхонлиги нима бўлади, ахир, ёш авлод шу алифбога ўрганиб бўлган, уларни чалғитиб нима қиламиз, дейди. Мўътадил ислоҳотчилар бизга ҳозир тўртта ҳарф муаммо туғдиряптими, уларни ислоҳ қилиб тўғрилайлик, вассалом, аммо алифбо таркибига янги ҳарфлар киритиб, халқимизни янги имловий муаммолар гирдобига отмайлик, дейди. Максимал ислоҳотчилар эса алифбони тубдан ислоҳ қилайлик ва мукаммал алифбога эга бўлайлик, дейишади.
Ҳуллас, эҳтиёжлар етилиб қелаётган эди, фақат энди гап тўғри қарор қабул қилишда қолди.
Ўқилиши, талаффузи қийин сўзлар тақдири нега очиқ қолди? Бу масалада сизнинг таклифларингиз?
Бу масалага ҳам, Ишчи гуруҳ хулосасига ҳам айрим таклифларимни билдирмоқчиман. Биринчиси, мен ўзимнинг тажрибамдан келиб чиқиб айтаманки, мактаб ўқувчиларининг энг бошоғриқ нуқтаси бу юмшоқ “Ҳҳ” ва қаттиқ “Хх”. Бизнинг лаҳжамизда юмшоқ “ҳ” жуда кам ўринларида мавжуд. Асосан, улар форс ва араб тилларидан кирган сўзларда кўпроқ учрайди. Ўша вақтда бу сўзлар бегона тилда қандай талаффуз қилинса, шундайлигича қабул қилиниши оқибатида кириб келган. Модимики, биз ислоҳотлар ҳақида гапирар эканмиз, ишни учинчи ёки тўртинчи масаладан эмас, энг аввало, аосий масалани хал қилишдан бошлашимиз керак. Асосий масала нимада? Агар биз халқимизнинг саводли бўлишини истасак, қачондир алифбони яна ислоҳ бўлишини истамасак, унинг ёзуви билан талаффузини деярли бирхиллаштиришимиз керак. Тўғри, маъно фарқлайдиган томонлари ҳам бор. Аммо, уларни бир хил – “Хх” тарзида қабул қилсак, ёзилиши ва айтилиши бир сўзлар – омоним сўзлар тариқасида қўлланаверади.
Иккинчиси, тутуқ белгиси ‘, қаттиқ (твёрдый) белги – “Ъъ” ни умуман алифбодан чиқариш шарт. Ҳудди юмшатиш – “Ьь” белгисидан воз кечилганидек! Ахир арабларда талаб этиладиган бўғиз (аъйн) товуши бизда мавжуд эмаску. Улар шундай талаффуз қилмасалар сўзнинг маъноси ўзгариб кетади, бу улар учун керак, биз учун эмас.
Энди навбатдаги масала ҳақида тўхталсам. Амалдаги алифбомизда ислоҳдан кейин ҳам айрим муаммолар бор. У ёзма нутқимиз учун ҳам жуда ижобий эмас. Агарда алифбо ислоҳида “илмий” тортишувлар тугамас экан, унда кирилл асосидаги собиқ алифбони ислоҳ қилиш ва унга қайтиш мақбул бўлади. Ҳалиям кеч эмас. Негаки, мавжуд адабиётларнинг 99 фоизи кирилл ёзувидадир. Модомики, биз лотин ёзувига ўтдик, энди ортга йўл йўқ, деган тўхтамга келинса, юқоридагилар каби бир қатор масалаларни хал қилган ҳолда алифбо ислоҳоти бўйича якуний қарорга келиш лозим.
Яна бир муаммоли, баҳс манбаи бўлаётган белги – Сс ҳарфидир. Бу белгини ёқловчи ва рад этувчи икки зид қутб бор. Ёқловчилар бу белги алифбомизда бўлмагани билан маънавий-маърифий, илмий-ижтимоий ҳаётимизда барибир иштирок этяпти, масалан, автомашина рақамларида, тест саволларида, турли формулаларда Сс белгисидан фойдаланяпмиз, шунинг учун бу белгига бирор товушни юклашимиз керак, дейишади.
Рад этувчилар Сс белгисини алифбомизга умуман киритмаслигимиз керак, сабаби бу белги турли халқларда турлича товушлар (с, к, ж, ч) ни ифодалайди, шу сабабли унга қайси товушни юкламайлик, халқаро атамаларни ўқишда чалкашликлар юзага келади, қолаверса, хорижликлар ўзбекча сўзлар, айниқса, исм ва жой номларини ўқишда чалғийди, дейишади.
Цц – барча туркий тиллар сингари ўзбек тили учун ҳам бегона товуш. Шу боис ҳанузгача бу товушни айтишга оддий одамларимизнинг тили келишмайди, халқимизнинг аксарият қисми Цц ни оддий Сс тарзида талаффуз қилади. Ўз вақтида Абдулла Қаҳҳордай атоқли адибимиз ҳам бу товушнинг миллий алифбомизга киришини мутлақо ёқламаган.
Бу ўзгаришлар саводхонлик даражасига, сифатига таъсир кўрсатмайдими?
З.Тоҳиров: – Жамиятда алифболар алмашуви ҳар доим ҳам осон кечмайди. Бу, айниқса, турли авлод вакиллари учун қийинчилик туғдиради. Масалан, ўзимиздан мисол олайлик. 1993 йилдаги қонун билан лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбоси жорий этилгач, йиллар ўтиб жамиятда лотин ёзувини ўқишни билмайдиган катта авлод ва кирилл алифбосини танимайдиган ёш авлод шаклланди. Хорижий тилда эмас, ўз она тилингда ёзилган ёзувни ўқишга қийналиш халқ учун ноқулайлик туғдириши шубҳасиз, албатта.
Аммо бугунги кунда лотин алифбосига киритилаётган ўзгаришлар халқни саводсиз қилиши ҳақидаги даъволарга қўшилиб бўлмайди. Алифбо тўлиқлигича биридан бошқасига алмашиб кетаётгани йўқ. Шунчаки, 4 та ҳарфнинг шаклига жузъий ўзгариш киритилмоқда, холос. Бунинг натижасида халқ саводсиз бўлиб қолмайди. Алифбога киритилаётган ўзгаришлар халқни саводсиз қилади, деган иддаолар етарли асосга эга эмас.