Йигирманчи аср бошларида бер неча Жадидчилар томонидан хотин-қизлар учун замонавий мактаблар очиш ва уларни рағбатлантиришнинг аҳамияти ва зарурияти ҳақида кўплаб мулоҳазалар мавжуд эди.
Муаллиф: Дилмира Матяқубова
Индиана университетининг Марказий Евроосиё факультети ходими, олима Мариан Камп (Marianne Kamp) Туркистон аёллари, хусусан, ўзбек аёллари ролининг XIX асрдан буён турли ҳукумат бошқарувлари давомида ўзгариши, уларнинг жамиятдаги ўрни ва фаолияти ҳақида “Ўзбекистон янги аёли: Ислом, Замонавийлик ва Коммунизм даврида паранжининг ечилиши” (The new woman in Uzbekistan: Islam, Modernity, and Unveiling under Communism) номли китоб ёзган. Олима Кампнинг фикрига кўра, мустамлака даври Жадидларининг хотин-қизларни илмга жалб қилиш ва уларни жамиятда ўз ўрнини белгилаш борасидаги ислоҳотлари Совет давридаги аёлларни қўллаб-қувватлаш ҳаракатларига асос бўлганди. Яъни, хотин-қизларга билим бериш ва уларни жамият ривожига ҳисса қўшишига шароит яратиш борасидаги ўй ва ҳаракатлар Совет тизими ва Коммунистик партия юзага келишидан анча олдин бошланганлиги таъкидланади.
Болшевиклар ўзбек аёлларини Совет ҳукуматини қувватлашга йўналтириш илинжида паранжини очишни тарғибот этишни 1927 йилда бошлашди. Аммо Жадидлар паранжини йўқ қилишни 1920 йилларда тарғибот қилишни бошлашганди. Жадидлар ҳаёлида хотин-қизларни билимли қилиб тарбиялаш бутун Туркистон ҳалқи маданиятини ривожланишига ҳисса қўшиши тайин эди. Шу аснода қизлар ва аёлларни ўз тилида ёзиш ва ўқиш саводини ошириш тарғиб этилганди. Кўплаб ўзбеклар аёллар ҳаётини ўзгартиришга ҳисса қўшишга партияда иштирок этиш орқали эришиш мумкинлигига ишониб, партияга аъзо бўлишганди.
“Янги Йўл” нинг 1927 йил апрель сони муқоваси. British Library
Аёллар борасидаги ислоҳотлар миллатни тиклаш билан ўзаро боғланган мулоҳазалар билан боғлиқ эди. Аммо, Туркистонлик мусулмонларнинг хотин қизларни рағбатлантириш ва миллатни тиклаш борасидаги фикрлари ўзаро уйғун эмасди. Тафовутлар XIX аср охири ва XX асрнинг бошларида Мисрдаги замонавийлар ва исломийлар ҳаракати фарқланишига ўхшаш эди. Жадидлар миллатни йўқ бўлишидан чўчиган ҳолда, миллат аёлларини билимли вояга етказиш билангина миллатни қайта тиклаш мумкинлигига ишонишган ва ислоҳотларга чуқур маъно беришганди. Миллат деганда, “Туркистонлик”, яъни Марказий Осиёнинг туркий ва тожик тилларида сўзловчи халқ назарда тутилганди.
Марказий Осиё ислоҳотчилари аёллар таълими ва турмуш ҳаётини ўзгартиришни тарғибот қилишганди. Зеро уларнинг дастурлари шаҳардаги камчилик аёлларда кузатилган бўлса-да, уларнинг ғоялари инқилобдан кейинги сиёсатларга таъсир кўрсатганди. Туркистонлик фаоллар Рус империяси даврида турк тилидаги нашрларда аёллар таълими, турмуш қуриш ёши ва аёлларнинг оммавий роли ҳақида ўз фикрларини бидириб келишган. Бу кейинчалик, 1920 йилларда ўзбек фаол аёлларини ўз ислоҳот дастурларини ишлаб чиқишида йўналиш кўрсатганди.
Бир аёлнинг ислоҳотга чақируви
1906 йилда қўқонлик аёл, Тожия биринчи турк тили аёллар журналига хат ёзиб, у туркистонлик мусулмон аёлларнинг аҳволи ҳақида ўзбек аёллари номидан шикоят қилган:
“Ҳурматли Шафиқа ханум, биз камтарона ҳолда қуйидагиларни маълум қиламиз…
Ҳаммага аён бўлса керак, бугунда Россияда эркинлик, ҳуқуқлар, ўсиш ва ислоҳотларга катта аҳамият берилаяпти. Мусулмон аёллари ҳам ўзига хос ҳафталик нашрга эга ва улар ўз фикр-мулоҳазалари, саволлари ва таклифларини ёзиб юборишга қодирлиги маълум. Бунга фақат баракалло деймиз! Аммо, биз Россия марказида фаолият кўрсатаётган мусулмон аёлларига миннатдор ҳолда, бу ерда ўз вазифаларимизни айни даражада бажара олишга имконимиз йўқлигидан афсусдамиз. Бошқалар астойдил ҳаракат қиларкан, биз, Сартия мусулмон аёллари кўп нарсадан бехабар, ҳамон уйқудамиз. Рўзноманинг фақат бир неча сатрларида, биз, Сартия мусулмон аёлларининг Қрим ва Қозон аёлларига нисбатан ўз ҳуқуқларимиз ҳақида билимга эга эмаслигимиз ҳақида ёзилсайди! Агар бизнинг аҳволимиз ҳақида баён қилинса, келажагимиз ислоҳотлар орқали яхшиланиши мумкин ва биз ўз ҳуқуқларимизга эга бўлардик.
Бироқ бу амалга ошадими? Ох, бу қашшоқлик! Биз ҳаммамиз илм ва таълимга мухтожмиз!
Биз ҳозир билим олмасак, келажакда ҳам бунинг иложи бўлмайди. Фақат юздан бир мусулмон аёли ёзиш ва ўқишни билишини таъқидлаш лозим. Бу жаҳонда биз каби мусулмон аёлларидек ҳуқуқларидан маҳрумлар бўлмаса керак…
Биз ўз фарзандларимизни ўзимиз каби илмсиз қилиб тарбиялашни истамаймиз. Биз, фарзанларимиз учун қизлар мактаби очишга уринаётган Нўгай ўқитувчиларига ёрдам қила олмаяпмиз. Бизнинг илм олишга бўлган уринишларимиз бизга йўл очиб бермай, қийинчилик туғдириб, донг қотиб колганимиз тан олиниши зарур. Агар шу йўлда давом этадиган бўлсак, бир кун, биз, мусулмон аёлларининг номи тарих саҳифаларида нафрат билан тилга олиниши тайин. Бизга ўз ҳолимизни ўзгартиришга, ислоҳотларни амалга оширишга, (улардан) ўрнак олишга изн беринг! Фарзандларимиз, ўғил ва қизларимизни Нўгай мактабига юборишга йўл беринг!”[i]
Тожиянинг муҳаррирга йўллаган мактуби Туркистон аёлларининг инқилобдан олдинги нашриётлари орасида ниҳоятда ноёб мисолдир. Хатда Жадидлар томонидан ўша пайтларда муҳокама қилинаётган муаммолар кўтарилган, аммо улар Тожия томонидан аёллар муаммоси сифатида таъкид этилгани жуда ҳам ноёбдир. Тожия, Сартия (яъни, ўтроқ Туркистонлик ёки Ўзбек) аёлларининг ўз ҳуқуқларини билмаслиги ва уларни қутқаришнинг ягона йўли – бу уларга замонавий таълим бериш эканлигига алоҳида урғу беради. Унинг мурожаати Жадидлар чақируви, яъни исломий таълимни замонавий, ғарб таълимига муносиб тарзда ўзгартиришга ундайди. Тожиянинг фикр ва ғоялари унинг исломий ҳаёт ва туркий нашр билан алоқалари борлигини акс эттиради. У ўз мурожаатида Россиядаги мусулмон аёллари, яъни татар миллатига мансуб аёлларнинг ҳаракатларини назарда тутган. Бунга сабаб, у ўзини мусулмон аёллар муҳитида кўриб, муаммоларга ечим кенгроқ исломий жамоада топилиши мумкинлигига ишонганди.
Тожия иммигрантлар оқимини кўрган Қўқон шаҳрида яшаган. Шаҳар Россия империяси темир йўл хизматига боғлангандан сўнг кўплаб руслар ва татар мусулмонларини қабул қилганди. Қўқон савдогарлари, татарлар, руслар ва марказий осиёликлар пахта ва дон экспортига сармоя киритишганди ва шаҳар банк тизимида ривожланганди. 1900 йилда Қўқонда тўртта нашриёт уйлари, бир неча китоб дўконлари мавжуд бўлиб, янги услубдаги Жадидлар мактаблари бир қанча мактаб ва мадрасалар қаторига қўшилганди. Тожиянинг, агар аёллар замонавий илмга эга бўлса, ижтимоий муаммолардан халос бўлиши тўғрисидаги мунозаралари кейинчалик, иккинчи ўн йилликдан сўнг Коммунистик партиянинг Аёллар бўлими томонидан тарғибот этилган мунозараларнинг айни мантиққа эга эканлигини кузатиш мумкин.
Жадидларнинг аёллар ҳаётини такомиллаштириш ва янги, замонавий таълимни тарғиб қилиш ҳаракатлари баъзилар томонидан шикоятга сабаб бўлганди. Туркистон Вилоятининг Газетаси ёзувчилари уларни аёлларни Шарият томонидан талаб қилинган паранжи ва чачвонларини ечиб ташлашида ва уларни саводхон бўлиб, нодиний бўлишига сабабчи бўлганликда айблашган. Хотин қизларни ўқиб, таълим олишини тарғиб этиш ҳаракатлари диний консерватив мусулмонлар томонидан ғазабли норозиликка дучор бўлганди.
1907 йилда мусулмон яна бир туркистонлик аёл Ножия Дума мусулмон аъзоларига мактуб ёзади. У ўз мактубида мусулмон аёлларининг эркаклар томонидан тўрт девор орасида қамалиб қолгани ва шарият аёлларга тижорат билан шуғулланиш ва Ҳажга саёҳат қилиш каби ҳуқуқларни беришини, Истанбул ва Миср аёллари бу ҳуқуқлардан фойдаланаётганликлари ҳақида шикоят қилади ва Думанинг мусулмон аъзоларидан туркистонлик аёлларга бу ҳуқуқларни таъминлашларини талаб қилган ҳолда ўз фикрларини очиқ ҳолда баён этади.
Умуман, Туркистонлик мусулмон аёлларининг Рус империяси давридаги ислоҳотлар борасидаги фаол ҳаракатлари ва мурожаатларида иккиламчи ҳуқуқлар назарда тутилганди: сиёсий ва диний, Исломий ҳуқуқлар. Ножиянинг ўз мурожаатини империя Думаси мусулмонлар муовинлигига йўллаши унинг аёлларни ҳукумат олидидаги сиёсий фуқаролик ҳуқуқларига ишора берганди. Шу билан бирга, у аёлларга шарият томонидан берилган ҳақларини мусулмонлар томонидан паймол этилганлиги ва агар улар таълим олишса, ўз ҳуқуқларини қайта тиклашга эришишини таъкидлайди.
Илк аёллар исёни
1916 йилда Рус маъмуриятига қарши Туркистон шаҳар ва қишлоқлари бўйлаб исёнлар кўтарилди. Бу ҳолат тарихда биринчи марта рўй берган, ўзига хос, аёллар қатнашган исён эди. Туркистон аёллари илгари ҳеч оммавий чиқишларда ва қўзғолонларда қатнашмаган эди.
Туркистонда империя бошқаруви даврида турли исёнлар рўй берганди. Бу исён эса ҳарбий меҳнат амалларинин ўзгартирилиши сиёсатига боғлиқ бўлиб, бутун Туркистон (бугунги Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон) бўйлаб одамларни жалб қилган ва мустамлака ҳукуматга қарши курашга чақирганди. Бу исён баъзи тарихчилар томонидан “миллий озодлик ҳаракати” деб аталган.
Бироқ, Самарқанд, Тошкент ва Фарғона шаҳарларидаги исёнлар ҳукумат армияси томонидан тўхтатилган. Қирғиз ва қозоқ туманларида исёнлар давом этганди. Туркистонлик аёлларнинг исёнда қатнашиш сабаблари ҳақида турли мулоҳазалар мавжуд ва аниқ тафсилотлар йўқ. Баъзилар ўзлари қатнашишга қарор қилган, бошқалар эса эркаклар томонидан ундалгани ва айримларнинг йиғим-терим мавсумида эркакларнинг кетишини маъқул кўришмагани туфайли исёнга қўшилганлиги ҳақида тахминий фикрлар мавжуд. Аёлларнинг ҳажми кўпчиликни ташкил этгани, уларни эркаклар ва чақирувчилар томонидан масжид, бозор ва бошқа оммавий жойларда жалб қилинганлигини тахмин қилишга ундайди. Балки, туркистонликлар ниҳоят аёлларни “миллат онаси” эканлиги ва уларни Туркистон сиёсий ҳаётида ўз ўрни мавжудлигига ва ўз овозлари эшитилишига ҳуқуқлари борлигини англаб етишгандир.
Инқилобдан сўнг аёллар ҳуқуқлари
1917 йилда Февраль инқилобидан кейин Россияда аёллар учун овоз бериш ва сайланиш ҳуқуқлари эълон қилинди ва Октябрь инқилобидан сўнг бу ҳуқуқлар Болшевиклар томонидан қаноатлантирилди. Айни йилда Тошкентда муваққат ҳукумат остида Шўрои Исломия партияси аёлларга овоз бериш ҳуқуқини муҳокама қилишганди. Аммо улар Петербургда қабул қилинган аёллар тенглиги ҳақидаги қонунни қабул қилишмаган. Туркистон Болшевиклар назоратига ўтгандан сўнг аёллар овоз бериш ва сайланиш ҳуқуқлари билан таъминланганди. Бироқ, бу ҳақда камчилик аёллар билишган, 1920 йил охирларига қадар уларни амалда қўллашмаганди.
Октябрь инқилобидан сўнг Коммунист партиянинг Аёллар Бўлими ўзбек аёлларини партия фаолиятига, сайловлар ва маҳаллий ҳукумат фаолиятида иштирок этишга жалб қилишга интилганди.
Ўзбек завод ходими. 1930 йиллар. Library of Congress
Совет ҳукумати модернизация йўлида аёлларни таълим ва касбда тенглик ҳуқуқлари билан таъминлаган бўлса-да, гендер борасидаги мулоҳазалар ва роллар ўзгармаганди. Ҳукуматнинг бу ҳаракатлари эса аёлларни ва умуман, жамиятни “замонавийлаштириш” мақсадига йўналтирилганди. 1924 йилда Марказий Осиё ўлкаси бешта бирлашма ва автоном республикаларга бўлингандан сўнг уларга замонавий, социалистик миллий жамиятни қуришга ўз фуқароларини сафарбар этиш вазифаси юкланганди.
1920 йиллар Совет тизими ўзгариштириш ва ислоҳотлари аслида бу тизимдан келиб чиқмаганди ва улар фақатгина аёлларни рағбатлантиришга эмас, балки, Совет модернизациясига йўналтирилганди. “Қолоқлик”ка қарши курашишга йўналтирилган бундай дастурлар ўша даврдаги бир неча давлатлар томонидан ҳам амалга оширилганди. 1920 йиллардаги давлат лойиҳасини нимага ўзбек аёллари томонидан қўллаб-қувватланганини тушуниб етиш учун Марказий Осиёда Советлар модернизациясининг Жадидлар модернизациясига асосланиб қурилганлигини ва аёлларнинг “янги аёл”ни яратиш ҳақидаги орзу-истак ва фикр-мулоҳазаларини ўрганиб чиқиш ниҳоятда муҳимдир.
[1] Британия кутубхонаси (British Library), “A New Path, A New Dawn: Women’s Magazines in 1920s Soviet Uzbekistan,” Май 2017, https://blogs.bl.uk/european/2017/05/a-new-path-a-new-dawn-womens-magazines-in-1920s-soviet-uzbekistan.html
[i] Мариан Камп, “The new woman in Uzbekistan: Islam, Modernity, and Unveiling under Communism” 2006, Вашингтон Университети нашри, АҚШ.