Ҳукумат томонидан кенг кўламли ташкилий ишлар амалга оширилди. Нуфузли делегация учун барча шароитлар муҳайё қилинди: меҳмонхоналар ҳозирланди, маданий дастурлар ишлаб чиқилди, кўчалар ободонлаштирилди, “Россия Федерацияси Президенти Путин Жаноби Олийлари, Ўзбекистонга ҳуш келибсиз!”, “Ўзбекистон ва Россия дўстлик алоқалари мустаҳкамланаверсин!” мазмунидаги ўнлаб улкан шиорлар меҳмонлар харакатланиши мумкин бўлган йўл бўйларига ўрнатилди. Кўчалар икки мамлакат байроқлари билан безатилди, жамоат транспортлари эса Ўзбекистон ва Россия байроқчаларини тақиб харакатланди.
“Кейинги бир йилда юқори даражада 80 дан ортиқ ташрифлар амалга оширилди. Ҳудудлар ўртасида яқин ҳамкорликни йўлга қўйдик. Бугун Тошкентда Ҳудудлараро ҳамкорлик форуми бўлиб ўтмоқда. Унда Россия ҳудудлари, жамоатчилиги ва бизнесининг мингдан ортиқ вакили иштирок этмоқда. Жорий йил бошидан ҳозиргача товар айирбошлаш ҳажми 30 фоизга ўсди. Йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда”.
Шавкат Мирзиёев, Ўзбекистон Президенти
Россия Федерацияси президентининг Ўзбекистонга давлат ташрифи давомида АЭС лойиҳасига доир ишларга старт берилди. Икки мамлакат ҳукуматлараро келишувига мувофиқ, Ўзбекистонда умумий қуввати 2,4 ГВт бўлган икки энергоблокдан иборат АЭС қурилиши режалаштирилган. Лойиҳа Россиянинг “Росатом” корпорацияси билан ҳамкорликда амалга оширилади. АЭС қиймати тахминан 11 миллиард АҚШ долларини ташкил қилади ва биринчи энергоблок 2028 йилда ишга туширилиши кутилмоқда.
Бизнес учрашувлари ва семинарлар, тўпланган тажриба алмашинуви ва минтақалараро ҳамкорликни ривожлантиришнинг долзарб масалалари муҳокамаси натижаларига кўра, умумий қиймати 27,1 миллиард долларга тенг 785 та икки томонлама битимлар ва меморандумлар имзоланди. Хусусан, савдо-иқтисодий соҳада 1,76 млрд. долларлик 600 битим, инвестиция соҳасида 25,3 млрд. долларлик 185 келишув имзоланган.
Ўзбекистон бозори учун мини-автобусларимизни таклиф қиляпмиз. Маҳаллий истеъмолчилар корхонамизда ишлаб чиқарилаётган кўчма автодўконлар билан кўпроқ қизиқишмоқда. Ўзбекистоннинг чекка ҳудудларидаги ахоли учун транспорт ва хизматнинг ушбу тури жуда қулай ҳисобланади.
Вадим Сорокин, “Группа ГАЗ” президенти ва бош директори
Биз Ўзбекистонда қатор бизнес лойиҳаларни амалга ошириш ниятидамиз. Шулардан бири мева-сабзавотларни узоқ вақт ақлаш учун мўлжалланган улкан музлаткичли омборхоналар қуриш лойиҳаси. Яна бир лойиҳамиз бор. У ўзбек пахтасидан тайёрланган сифатли жинси матоларини ишлаб чиқариш фабрикасини қуриш. Лойиҳаларимизнинг умумий қиймати 45 миллион АҚШ долларини ташкил этади.
Алексей Матвеев, “Газпромбанк” бошқаруви раиси ўринбосари
Ўзбекистон ва Россия ҳудудлараро алоқаларга муҳим аҳамият қаратмоқда. Кейинги пайтда бундай алоқалар янада фаоллашди. Ўзаро 40 дан ортиқ ташриф уюштирилди. Сентябрь-октябрь ойларининг ўзида Ўзбекистоннинг 14 ҳудуди раҳбарлари Россиянинг 26 субъектида бўлди. Буларнинг натижасида маҳсулот етказиб бериш учун янги бозорларга йўл очилди, иш ўринлари яратилди, аҳоли учун қўшимча даромад манбаи пайдо бўлди.
“Чирчик қишлоқ хўжалиги техникаси заводи” цехларида бугунги кунда “Ростселмаш” ОАЖнинг дон ўриш комбайнлари йиғилиб келинаётган эди. Аммо унинг қуввати бугунги талаб даражасида эмас. Биз Чирчиқ заводи базасида ишлаб чиқариш имкониятини йилига 1000 дона техникага етказишга эришмоқчимиз. Аграр соҳани ривожлантириш Ўзбекистон учун муҳим масала ва бу имкониятлар келгусида янада ошиши мумкин.
Денис Мантуров, РФ саноат ва савдо вазири
Ўзбекистон-Россия кенгайтирилган шаклдаги музокараларида Россия президенти Владимир Путин “Россия Ўзбекистонда ҳарбий техника ишлаб чиқаришни бошлашга тайёр, бунда нафақат қурол-яроғ ва замонавий техникани етказиб бериш, балки ушбу техникани Ўзбекистон ҳудудида ва корхоналарида биргаликда ишлаб чиқариш ҳам назарда тутилади. Шу билан бирга, қурол-яроғини етказиб бериш “истисно тарзида” Россия ички нархларида амалга оширилади”, дея таъкидлади.
Ўзбекистон – Россия муносабатларида савдо-иқтисодий алоқалар асосий ўринда туради. Мамлакатда Россия инвестициялари иштирокида тузилган 960 дан зиёд корхона, Россияда эса Ўзбекистон сармоядорлари иштирокида ташкил этилган қарийб 570 корхона фаолият юритади. Мамлакатнинг 64 етакчи фирма ва компанияси Ўзбекистонда ўз ваколатхонасини очган. Ўзбекистон МДҲ мамлакатлари орасида Россия билан товар айрибошлаш бўйича тўртинчи ўринда туради. 2017 йилнинг натижаларига кўра, бу сумма 3,6 миллиард долларни ташкил қилиб, қарийб 34 фоиз ўсиш қайд этилган.
Бундан ташқари, спорт, соғлиқни сақлаш, маданият, маданий-гуманитар, адабиёт, санъат, туризм, ёшлар масалалари бўйича кўплаб ўзаро ҳамкорлик битимларига эришилди.
Маълумот учун: Россия Марказий банки маълумотларига кўра, 2018 йилнинг иккинчи чорагида Россиядан Ўзбекистонга тўлов тизимлари орқали ўтказилган жисмоний шахсларнинг пул ўтказмалари миқдори 748,8 млн. АҚШ долларини ташкил этган.