Саудия Арабистони ёхуд бугунги қиролликдан олдинги Арабистон ярим ороли бутун дунё мусулмонлари учун ҳам марказ, ҳам бегона жой бўлган ва бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади.
Муаллиф: Файсал Девжи
Жаноб Девжи Оксфорд университетида тарих фанидан дарс беради.
Деҳлилик ёзувчи Аҳмад Назирнинг 1869 йили урду тилида ёзган романида география дарсидаги икки ёш мусулмон қиз тасвирланади. Харитада турли мамлакатларни кўздан кечираётганда, улар Арабистон ярим оролига дуч келишади. Дарс ўтаётган муаллим бу ярим оролни қароқчи бадавийлар яшайдиган ҳудуд дея тасвирлар экан, бу ернинг якка-ю ягона афзаллиги Ислом динининг пайдо бўлишидаги тарихий аҳамиятида эканини тушунтиради.
Макка ва Мадинадаги маданий ёдгорликлар ва диний таълим муассасалари мусулмон марказлари саналган Бағдод ва Қоҳира, Истанбул ва Исфаҳон, Самарқанд ва Деҳлидаги масжидлар, мадрасалар ва мақбаралар билан таққослаганда, меъморий ва молиявий жиҳатдан ҳамиша заиф бўлган.
Мусулмон подшоҳлари Макка ва Мадинани кам зиёрат қилишган. Аммо бу икки шаҳар подшоҳлик душманлари учун сургун жойлари ҳисобланган.
Макка ва Мадина дунё мусулмонларининг энг асосий зиёратгоҳларидан саналса-да, ушбу муқаддас шаҳарлар одамлар учун ҳозир ҳам ёт ва хавфли жойдек туюлади. Бу таассурот зиёрат даврида ҳожиларнинг кўплиги туфайли янада кучаяди.
Ворис шаҳзода Муҳаммад бин Салмон давлат тарихида илк бор Саудия Арабистонини ҳам сиёсий, ҳам ҳарбий жиҳатдан қудратли мамлакатга айлантириш учун ҳаракат қилмоқда. У Яман билан қақшатқич уруш олиб борди, Қатарни қамал қилди, Эрон ва бошқа рақибларига нисбатан агрессив сиёсат олиб бормоқда. Шаҳзода Муҳаммаднинг стратегияси муваффақиятли бўладими- йўқми, бу сиёсат Саудия Арабистонининг мусулмон оламидаги диний мақомини ўзгартиради.
Пайғамбар Муҳаммад(с.а.в.) давридан бошлаб ҳисоблаганда, Арабистон ярим ороли Ислом дини тарқалиш географиясининг марказига айланиши илк бор ХIХ асрнинг охирида рўй берди. Бу омил усмонлилар ҳокимиятининг Яқин Шарқда заифланиши ва инглизларнинг Ҳиндистондаги ҳарбий ва иқтисодий базаси кенгайиши билан боғлиқ.
Маккадаги муқаддас зиёратгоҳ. Номаълум рассом. Сурат манбаси: The David Collection/Fine Art Images, Getty Images
“Мусулмон дунёси” тушунчаси картографик жиҳатдан динни тасаввур қилиш учун янги бир категория сифатида пайдо бўлди. 1882 йили инглиз дипломати ва арабшунос олим Вилфрид Скавен Блант “Ислом келажаги” номли китобини нашр этди. У Европа кучлари томонидан мусулмон давлатларининг мустамлака қилинишини олдиндан билган ва Исломни Британия империяси ҳимоясига олишга интилган. Зеро, Британия мустамлакаси бўлган Ҳиндистонда мусулмонлар сони усмонлилар империяси мусулмонлари сонидан анча кўп эди.
Жаноб Блант Ислом дини тарқалиш географиясини қайта кўриб чиқиб, унинг марказини Арабистон ярим оролидаги ҳудуд дея белгилаш ҳақидаги фикрни биринчилардан бўлиб илгари сурган эди. Блантнинг фикрича, Истанбул – Ислом маркази, турк султони эса мусулмонларнинг ҳақиқий пешвоси бўлолмайди. Бунга араблар ва уларнинг ватани даъвогарлик қилиши мумкин. Унинг назарида, ягона мусулмон ҳокимиятининг пойтахти бўлган Истанбулни ҳалифалик даъвосидан маҳрум қилиш ва исломий ҳокимиятни Британия қироллик денгиз кучлари томонидан ҳимоя қилинадиган Арабистон ярим оролига кўчириш лозим эди.
Британиялик ёзувчи Арабистон ярим оролига таянган янги мусулмон дунёсини яратишда Британия Ҳиндистонининг роли муҳим дея ҳисоблаган. Ҳиндистоннинг нуфусли мусулмон аҳлидан ташқари, мамлакат қуролли кучлари, савдогарлари, ишчилари ва зиёратчилари ҳатто усмонлилар даврида ҳам Арабистоннинг хавфсизлиги, иқтисодиёти ва демографияси учун ҳал қилувчи омиллардан бири бўлган.
Мумбай шаҳридаги мусулмон оиласининг портрети. Тахминан 1860 йиллар, сурат манбаси: Аллинари, Getty Images.
Шу даврлар мобайнида Арабистонда ваҳобийлар ҳаракати ва Ибн Сауд оиласи ўртасидаги иттифоқ давлатнинг мустаҳкамланишига олиб келди. Бу эса 1932 йили Саудия Арабистони давлатининг пайдо бўлишига замин яратди.
Дастлаб кўплаб мусулмонлар учун муқаддас бўлган қадамжолар ва авлиёлар мақбараларини вайрон қилган ваҳобийлар Ҳиндистон ва бошқа мамлакатлар мусулмонлари орасида жиддий қўрқув уйғотди. Усмонлилар ваҳобийларни бидъатчи дея эълон қилганда, Ҳиндистон мусулмонлари бу хабардан анча қувонишди. Улар усмонлиларнинг мусулмонларни бошқаришга бўлган даъвосини Биринчи жаҳон урушидан кейин янги Туркиянинг вужудга келишига қадар ва ҳалифаликнинг расман бекор қилинишигача қўллаб-қувватлаганлар.
Вақт ўтиши билан бу муносабат ҳам ўзгарди. Ваҳобийлар Арабистондан ташқаридаги заиф ёки мустамлакачи элиталар томонидан бошқарилган бошқа мусулмон жамиятларида ижобий таассурот уйғота бошладилар.
ХХ асрга келиб, ҳатто инглизларнинг ўзлари ҳам ваҳобийларни ва уларнинг Ҳиндистондаги издошларини қўллаб-қувватлай бошладилар. Инглизлар ваҳобийларни католик диндошлари орасидаги инқироз ва жоҳилиятга барҳам берадиган Ислом протестантлари сифатида кўра бошладилар.
Бу ҳаракатнинг мусулмон мухлислари ҳам консерваторлардан, ҳам либерал тараққиётчилардан иборат эди. Улар инглизлардек ваҳобийларни мусулмон подшоҳлари ва анъанавий поплар каби диний ҳокимиятни буза оладиган ва араб илдизларига асосланган тоза Исломга қайтишни истовчилар сифатида кўрардилар.
Буюк Британия 1930-йилларда Ибн Сауд ва унинг ваҳобий қўшинларини қўллаб-қувватлашга қарор қилганда, Ҳиндистон мусулмонлари Саудия Арабистони тузилишининг тарафдори бўлди. Бу фикр Макка ва Мадинага нафақат Истанбул, ҳатто Қоҳира ва Бағдод даъвогарлик қилган Исломнинг географик маркази, балки комил мусулмон жамиятининг тарихий намунаси сифатида қарашдан сўнг пайдо бўлди.
Исломнинг янги географияси ҳам протестантларникига ўхшаш эди. Римнинг инқирози ва унинг рад этилиши Истанбул тарихида акс этди. Женеванинг соддалиги эса Арабистоннинг муқаддас шаҳарларида ўз инъикосини топгандек эди гўё. Саудия Арабистони тузилганда, жаноб Блант тасаввур қилганидек бўлди – у айнан Британия қироллик кемалари ҳимояси остида бўлиб, насроний кучлар лагерига ва Ислом марказига айланди.
Биринчи жаҳон урушидан сўнг Британиянинг ўрнини Америка денгиз кучлари эгаллаб олди. Нефть захиралари эса қиролликни ғарб капитализми учун муҳим манбага айлантирди. Аммо Саудия Арабистонининг диний ва иқтисодий марказлашуви унинг сиёсий маргиналлашувига зид эди. Британия, АҚШ ва ҳатто Покистон қўшинлари Саудия Арабистонининг ички барқарорлигини ва ташқи таҳдидлардан ҳимоясини таъминлар эди.
Бугунги Саудия Арабистони Эронга қарши тургандек гўё, аммо унинг ҳокимиятга бўлган даъволари фақат Мисрнинг заифланиши ҳамда Ироқ ва Суриянинг парчаланиши туфайли амалга ошди. Эронни ҳисобга олмаганда, унинг ягона ва ҳозиргача хавфли рақиби Туркиядир.
Шаҳзода Муҳаммаднинг подшоҳлиги “теократик” эмас, балки кўпроқ “дунёвий” давлатга ўхшайди. Унинг суверенитети қавмлар ва руҳонийлардан монархияга жиддий курашлар натижасида ўтган. Бироқ Саудия Арабистони геосиёсий кучини фақат диний мақомини хавф остига қўйиб ошириши мумкин. Мамлакатнинг геосиёсатдаги роли айнан шу диний мақомидан келиб чиқиб белгиланар эди.
Ҳокимиятнинг клериклардан дунёвий ҳукуматга ўтиши Ислом географияси учун нимани англатади? Биринчи жаҳон урушидан кейин усмонлиларнинг мағлубияти Исломнинг муқаддас шаҳарларини бевосита Европа назорати остигa олиб келганда, мусулмон мутафаккирлари Макка ва Мадинани Ватикан каби нейтрал бир кучга айлантириш ёки уларга мусулмонлар номидан халқаро бир мақом бериш фикрини муҳокама қилдилар. Эрон ушбу муқаддас шаҳарларни саудияликлар тасарруфидан олиб қўйишни назарда тутувчи иккинчи ғояни қўллаб-қувватламоқда.
Саудия Арабистонини диний эмас, сиёсий кучга айлантирмоқчи бўлган лойиҳа унинг Исломда тутган носиёсий ўрнини ва исломий географиянинг асрлар давомида шаклланган харитасини ўзгартириши мумкин.
XIX асрдаги расм “Ҳаж”. Рассом: Альфред Дехоненк. Сурат манбаси: CreditFine Art Images/Heritage Images, Getty Images
Ҳожилар Макка ва Мадинани зиёрат этишда давом этадилар, аммо Ислом, охир-оқибат, глобал кўриниш ҳосил қилиб, колониал картографияда кескин ўзгаришлар рўй беради. Дунё мусулмонларининг озчилигини ташкил этадиган Яқин Шарқ мустамлакачилик даврида чизилган харитадаги марказий ўрнидан ажралади.
Оқибатда, Ислом динига эътиқод қилаётган аҳоли энг кўп яшайдиган ва бутун дунёдан капитал ва ҳокимиятни ўзига тортиб олаётган Осиёда муқаррар равишда ривожланади.