Умида Аҳмедова – ўзбекистонлик таниқли фотосуратчи ва ҳужжатли кино мутахассиси. У тасвирчилик(операторлик)да катта тажрибага эга, кўплаб фотосуратлар ва ижодий лойиҳалар муаллифи. Аҳмедованинг моҳир ижодини барча юртдошлари бирдек тушунаверишмайди. Шунга қарамасдан, Аҳмедова 2016 йилда Вацлав Гавел мукофотига сазовор бўлди. Бир йил ўтиб, Тошкентда “Zero Line” арт-галереясида Аҳмедованинг “Беғубор осмон” номидаги кўргазмаси ташкил қилинди. Ушбу ҳодиса Ўзбекистонда вазиятнинг “юмшаши” ва эркинлик вужудга келиши билан боғлиқ бўлиши мумкин.
«Мен учун фотография синглимга айланди – у мени бир неча марта умидсизликдан қутқарди. Бундан ташқари, у фикрни ифода этиш ва назм шакли ҳамдир..» – Умида Аҳмедова
Фотография ва фотожурналистикада қандай фаолият бошлаганингиз ҳақида айтиб берсангиз
Даставвал Москвага бордим, Москва Давлат Университетининг фалсафа факультетига ўқишга кирмоқчи эдим. Бу ушалмас орзу эди (кулимсираб). Мен Паркентда рус ўрта мактабида ўқиган бўлсам-да, рус тилида яхши гапиролмасдим. Сабаби, Паркентда ҳамма ўзбек тилида гаплашарди. Бошқаларга ўхшамасдан, ҳаётда кўпроқ нарсаларга эришиш истаги менга тинчлик бермас эди. Менда мана шундай жўшқин фикрлар бўлган. Москва Давлат Университетига иккинчи уринишда ҳам киролмаганимдан сўнг дугонам билан Владимир шаҳрига бориб, клуб ходимларини тайёрловчи «культпроссветучилище»га ҳужжат топширдик. Биз “кино-фото” бўлимига кирдик. Бизга камералар берилди ва бир мунча вақт ўтгач, айнан шу соҳага муҳтож эканлигимни англадим! Суратларимдаги одамларнинг кинолардаги каби қимирлаётганларини ҳатто тушларимда кўрардим. Ўшандан буён менинг касбим, худди шампунь-кондиционер рекламасидагидек, «биттада иккита» бўлиб қолди.
Ўқишни битирганимиздан сўнг, биз “Клуб ишчиси – кино ва фото иши хаваскорлик раҳбари” ихтисослиги бўйича дипломга эга бўлдик. Менинг синфдошларим айни пайтда олий ўқув юртларининг охирги курсларида ўқиётганлигини эътиборга олсак, буни «обрўли» мартаба деб бўлмасди. Шунинг учун ўқишни тугатгач, ВГИК (Киноматография олий билим юрти)га киришга қарор қилдим. Лекин бунга қадар Тошкентга қайтиб, “Узкинохроника” киностудиясида кинооператор ёрдамчиси сифатида ишлай бошладим ва ВГИКга кириш учун ижодий танловга фаол тайёргарлик кўриш мақсадида Тошкентдаги “Панорама” фотоклубига қатнадим. Бир йил ўтгач ВГИК талабаси бўлдим.
Кинофильм суратга олишни бошласангиз, фотосурат орқа планга ўтиб кетади, аммо мен кинооператор бўлиб узоқ ишлашга улгурмадим. Совет Иттифоқи парчаланиб кетганида киностудияда қолиш бефойда эди. Минилабларнинг, сўнг рақамли камераларнинг пайдо бўлиши менга эркинлик берди ва мен фотосуратга содиқ қолдим.
Мен учун фотосурат кўнгилхушлик эмас, агар шундай бўлганида бу жуда осон кечарди. Мен учун фотосурат синглимга айланди, у мени бир неча марта умидсизликдан қутқарди. Бундан ташқари, у фикрни ифода этиш ва назм шаклидир. Тўғрисини айтсам, мен фотожурналистикада ишлаяпман деб айтолмайман. Мен бу жанрда ишлашимга тўғри келсада, асосан, турмуш ўртоғим Олег Карпов билан бирга видеоарт ва фотолойиҳалар орқали замонавий санъат соҳасида иштирок этяпман.
Сизнингча, фотографиянинг ижодий қиймати нима билан аниқланади?
Бу саволга битта гап билан жавоб бериб бўлмайди – у йиллар ўтгани сайин қувватланиб борадиган шаробга ўхшайди. Бу шундай суратки (ҳоҳ у пейзаж, ҳоҳ портрет бўлсин), бир қанча вақтдан кейин ҳам уни яна такрор-такрор кўргингиз келади. Бу маҳоратли устанинг фотосурати. Бу назм уфуриб турадиган ва муаллиф услуби сезилиб турадиган фотосуратдир.
«25 йиллик қўрқув ёшлар онгида ўз изини қолдирди. Бу жиддий муаммо фақатгина фотографияда мавжуд эмас» – Умида Аҳмедова
Буюк Британиялик санъатшунос Жонатан Жонс The Guardian газетасида фотографияни давримизнинг жиддий санъати деб атаган эди. Унинг фикрича, бу ижоднинг энг қулай ва демократик йўлидир. Ўзбекистонда фотосурат санъати бугун қандай ривожланмоқда ва ҳозирда унинг қайси йўналишлари мавжуд?
Мен санъатшунос фикрига қўшиламан ва ўзим ҳам айтаманки, фотография бу ижоднинг энг қулай шаклидир. Бугун Ўзбекистонда, бошқа жойларда бўлгани каби, кўплаб фотосуратчилар ва улар орасида таниқли мутахассислар ҳам бор. Афсуски, бундайлар жуда-жуда кам. Бугунги ўзбек фотографияси – менинг дардим. 6-7 йил аввал бизда бир фото-клуб бор эди. Биз бирга тўпланиб, Гулнора Каримова фонди томонидан ўтказиладиган “Art-week” билан боғлиқ имкониятлардан “фойдаланардик”. Фотобиенналега таклиф этилган таниқли фотосуратчиларни биз клубимизга “жалб қилардик”. Афсуски, 2014 йил бошида қўллаб-қувватлаш ўрнига, Бадиий Академия раҳбарияти ўзининг “классик” қўрқоқлиги туфайли бизга халақит беришга қарор қилди. Академия раҳбари ва унинг ўринбосари мамлакатнинг муаммолари ва ҳақиқий ҳаёти акс эттирилган суратларни олиб қўйишимизни сўрашди.
Менинг севимли шогирдим хорижга кўчиб кетди. Фикрловчи ва фаол кишиларнинг бир қисми ҳам мамлакатни тарк этишди. Афсуски, ҳозирда мен Ўзбекистонда бирор ёрқин номни кўрмаяпман. Бирон бир йўналиш ҳақида ҳам гапира олмайман, чунки мамлакатда фақат хушсурат расмларгина олинади. Бадиий муҳитда ўз ижодиётида фотосуратни ишлатадиган одамлар бор, лекин афсуски, улар орасида номдор фотосуратчилар йўқ. Албатта уларни ўтмишдан қидириб топиш мумкин, аммо биз ҳозирги кун ҳақида гапираяпмиз. Шунга қарамай, адашмасам, бу ерда “кўча фотографияси” деб аталган жанр ривожланган.
Шуни қўшимча қилиб айтишим мумкинки, Тошкент шаҳар фотоҳамжамияти раҳбарлари ижтимоий тармоқларда бир марта “Биз сиёсатни суратга туширмаймиз!” – деб ёзишганди. Менимча, бу бироз кулгули, худдики улар ҳали қаттиқ овқатга ўрганмаган гўдаклардек. Ўйлайманки, 25 йиллик қўрқув ёшлар онгида ўз изини қолдирди. Бу жиддий муаммо фақатгина фотографияда мавжуд эмас.
Сизнингча, Ўзбекистонда фотожурналистикани ривожлантириш учун нима қилиш керак?
Юқорида айтиб ўтганимдек, мен маҳаллий ёш фотосуратчиларга шубҳа билан қарайман. Гап шундаки, фотожурналист бўлиши мумкин бўлган бир нечта иқтидорли одамлар тўйларни ва рекламаларни суратга туширишга мажбур. Фотосурат ҳамма ерда ҳамма учун ҳам пул келтирмайди – дунёда фотосуратдан пул топадиган саноқлигина номлар бор. Ахир касб ва ижодга фидокорлик, муҳаббат ҳам бўлиши керак-ку.
Ғарб мамлакатларида ёш мутахассис ўсиши, ўз устида ишлаши учун керакли муҳит мавжуд. У ўз лойиҳалари ва ўқиши учун баъзи грантларни қўлга киритиш имконига эга. Ёшлар қаерда ўқишни ҳам билишади. Лўнда қилиб айтганда – муҳит мавжуд. Дунё бўйича босмахоналар қоғоз қийинчиликларига учрашига қарамай (рақамли асрда улар учун рақобат қилиш осон эмас), газета ва журналлар яхши суратларни чоп этишади. Яхши суратларга талаб бор, деб ўйлайман. Аммо шуни ёдда тутиш керакки, фотосурат юбориш шакли тез-тез ўзгариб туради. Бугунги визуал дунёнинг ойналари – слайд-фильмлар, мультимедиа, видео-арт ва ҳоказо.
Агар Ўзбекистондаги ёшлар ҳақида гапирадиган бўлсак, улар учун бу янада қийин. Фотожурналистика ўзидан ўзи ривожлана олмайди. Лекин бугунги дунё очиқлиги маълум даражада кўнгилларга таскин беради. Ёшлар машҳур усталардан ўрганиши, тилларни билиши, ўз тарихини чуқур ўрганиши, танловлар ҳамда халқаро миқёсдаги лойиҳаларда иштирок этиши мумкин ва керак. Бундан ташқари, “орқага қараш” эмас, балки танқидий фикрлаш керак. Менинг хоҳиш-иродам айнан шу, лекин бу ерда ҳам менда шубҳа пайдо бўлади. Тошкент Фотосуратлар уйида тайёрланаётган кўргазмани ўтказа олмаганимиздан кейин, менинг умидим камайди, чунки бу Ўзбекистонда фотография ривожига зарар етказди.
Ўтмишда ўзбек ҳукуматининг айрим вакиллари фаолиятингизга ўз норозилигини билдирган эди. Аммо 2017 йилда, Тошкентдаги “Zero Line” арт-галереясида “Беғубор осмон” номли кўргазмангиз ташкил қилинди. Кўргазма қандай ўтди ва унинг ўтказилиши ҳозир Ўзбекистонда сўз ва ижод эркинлигига муносабат ўзгара бошлаганини англатадими?
Менинг расмий вакиллар билан “зиддиятларим” ҳақида кўп муҳокамалар бўлган ва таҳлиллар қилинган. Бу ерда фотография санъат сифатида қабул қилинмаслиги менинг кўнглимда доғ бўлиб қолган.
Ниҳоят, Ўзбекистонда саккиз йиллик сукунатдан сўнг, “Беғубор осмон” номи остида “Zero Line” арт-галереясида кичик шахсий кўргазмам ўтказилди. Бир йил аввал, албатта, бу ерда қанақадир эйфория ҳукумрон эди. Янги президент Ғарб давлатлари ва минтақадаги қўшнилар билан алоқаларни яхшилади. Бироқ, менинг кўргазмам ўтказилаётган паллада бир куни кечаси галерея пневматик қуролдан ўққа тутилди. Галерея эгаси (Белла Сабирова) бу ҳодисанинг кўргазмага ҳеч қандай алоқаси йўқ, деб фикр билдирган бўлсада, аммо бу “сигнал” мен учун ёқимсиз бўлди.
Ҳозир дабдурусдан ижод эркинлиги пайдо бўлгани ҳақида гапириш, эътироф этишга эрта. Биринчидан, одамлар ўзларидаги ўз-ўзини цензура қилиш ва қўрқувни ҳали енгиб ўтишмаган, иккинчидан эса, ҳукуматда асосий мафкурачилар ўзгармаган. Ўзбек тилида мустақил вебсайтларнинг очилиши мени қувонтиради, бироқ уларни ҳам ёпишга уринишди ва журналистлар ишлашига халақит беришди. Мисол учун “kun.uz”ни эслашимиз мумкин. Шунинг учун, назаримда, ижод эркинлиги ҳақида гапиришга ҳали эрта.
Сиз сиёсат билан шуғулланмайсиз ва мухолифат партиясида ҳам эмассиз. Айни пайтда фотосуратларингиз ватанга бўлган муҳаббатингизни ифодалайди, улар реал воқеаларни ва одамларга ҳамдардлигингизни акс эттиради. Нега айрим кишилар сизни “сиёсат” билан шуғулланади деб ҳисоблашади?
Тўппа-тўғри!! Мен ҳеч қандай мухолиф партияларда бўлмаганман. Қолаверса қанақа партия ҳақида гапириш мумкин, қачонки улар юртмизда мавжуд бўлмаса. Каримов ҳокимиятга келиши биланоқ уларни қаттиқ жазолаган.
Фақат шуни айтишим мумкинки, мен ҳеч қачон ҳеч кимга “ўйин қилмаганман”. Ўз ижодимда тўғри-ҳалол бўлганман ва бўляпман, ҳақиқий дунёни суратга тушураман. Шу билан бирга “қора мавзулар”ни ёқтирмайман, салбий нарсаларни суратга олиш мен учун мушкул (жиноятчилар ва ҳоказо)
Шу маънода менинг тарихим ачинарли тарих. У расмийларга “ўйин-кулгу” ва “бахтли ўзбеклар” кераклигини яққол намоён этади. Бу тизим учун санъатни назорат қилиш маъқул бўлиб келган.
2015 йилда Bird In Flight онлайн-журналига берган интервьюда сиз «Ўзбекистондаги қозоқлар» ҳамда «Мен ва баннерлар» (агитация ҳақида) лойиҳалари устида ишлаётганингиз тўғрисида айтгансиз. Охирги лойиҳа ҳақида гапираётганда сиз «Шиорлар ҳам, замонлар ҳам ўтади» дегансиз. Бу борада охирги икки йилда бирор ўзгариш сезиляптими? Шиорларнинг мазмуни ўзгардими ёки уларнинг сони камайдими?
– Мен “Ўзбекистондаги қозоқлар” лойиҳасини суратга олишни давом этаяпман. Бу узоқ муддатли лойиҳадир ва бир кун келиб бу ҳақида катта кўргазма қилиш орзуим бор. Аммо бу келажакда. “Мен ва баннерлар”га келсак, мен уни “СНАП” деб атадим. Сабаби, Владимирда ўқиб юрганимда “Средства Наглядной Агитации и Пропаганды (Тасвирий агитация ва пропаганда воситалари) деб аталган дарс ўтиларди. Талабалар шиорлар ёза олишлари лозим эди, чунки барча клублар ва саройлар давлат мафкурасига хизмат қиларди. “СНАП” лойиҳамни ўтган йили Гамал Боконбаев раҳбар бўлган “Посттоталитаризм” замонавий санъат фестивалида намойиш этдим.
Шиорлар ҳақида гапирганда, уларнинг сони Каримов давридан кўра бир оз қисқарди деб айта оламан. Бироқ, яшнаётган мустақил ватан учун махсус матн бериш анъанаси сақланиб қолган. Тўғри, ҳозир улар кўп “кўзга ташланмайди”. Менимча, аввалги даврни тасвирларга муҳрлашга улгурдим.
Руҳланиш, завқланиш инсоннинг кўнгил тубидан ҳосил бўлади, лекин баъзида биз мураббийларимиз, дўстларимиз тимсолидан ёки иқтидорли ўқувчиларга билим бериш жараёнида завқланамиз. Ҳаётингизда учраган шундай одамлар ҳақида айтиб бера оласизми?
Биз доим кимгадир тақлид қиламиз, кимдандир ўрганамиз ва кимдандир илҳомланамиз. Мен “Панорама” фото-клуби собиқ раиси Михаил Штайнга алохида миннатдорчилик изҳор қиламан. Агар у мени тасодифан Тошкентдаги кўргазмада учратмаганида ва клубга таклиф қилмаганида, мен фотографияда муваффақиятга эришмаган бўлармидим, билмайман. Ўша пайтда (1981 йил), мен эндигина Тошкентга келгандим ва ВГИКнинг ижодий имтиҳонларига тайёргарлик кўраётгандим. Бу жуда мушкул давр эди.
Михаил Штайн менинг устозим эди ва у мени қўллаб-қувватлади.
Кўп йиллар ўтгандан сўнг мен Рубен Мангасарян (афсуски, ҳозирда вафот этган) семинарига бордим (мен илм олишдан ҳеч уялмайман). Устоздан замонавий фотожурналистикани ўргандим. Кейин мен Санкт-Петербургдаги Фотодепартамент асосчиларидан бири Ольга Корсунова билан дўстлашдим. Ольга мени бошқа фотография оламига олиб борди. Бу фалсафа-фотографияси, ғоялар-фотографияси эди.
Ольга икки йил олдин вафот этганида, етимликни ҳис этдим. Ўзимни мураббийини йўқотган спортчи каби сездим. Албатта бу ерда шахсий меҳр-муҳаббат ва дўстлик муҳим роль ўйнади. Ҳозир мен ишлашим, ўйлашим, суратга олишим ва бошлаган ишларимни тугатишим кераклигини сезаяпман, чунки бу менинг устозлар олдида қарзимдир.
Ўзининг чуқур ижодиётига эга ва бошқа авлод вакили, менинг ўғлим ҳам мени илҳомлантиради. У айнан мана шу замонавий фотожурналистика тилини яхши тушунади. Ўғлим бўлгани учун мен уни ортиқча эслатмоқчи эмасман, лекин бугунда у менинг устозим.
Қайси лойиҳалар устида ишлаётганингиз ҳақида айтиб берсангиз.
Мен ҳали тайёрлаш жараёнида бўлган лойиҳалар ҳақида гапиришни истамаган бўлардим. Лекин “Love Story” деган этнографик лойиҳани деярли тугатганимни айтишим мумкин. Билсангиз керак, илгари қизлар ўз маҳрамлари учун турли сўзана, палак, сочиқлар, рўмолча ва бошқа нарсалар тўқишган. Совет даврида юрак ичида қиз ва йигит тасвири тикилган каштадўзлик жуда машҳур эди. Шунингдек, турли маъноли сўзлар тикилган кашталар ҳам учраб турарди. Мана шундай чизмалар “Naive” (содда) услубида тикилган. Мен каштани ўзини фотосуратда қўллашни режалаштираяпман. Менимча, бу чиройли чиқса керак.
Фотожурналистика билан қизиқадиган ёшлар сиздан таълим олиши мумкинми? Бирор мактаб очишни ҳеч ўйлаб кўрганмисиз?
Юқорида айтиб ўтганимдек, гарчи турли жанрлар аллақачон бир-бири билан қоришиб кетган бўлса ҳам, мен ўзимни фотожурналист деб айтолмайман. Мен кўпинча замонавий санъат, фотолойиҳа ва видео-арт соҳасида ишлайман. Шунга қарамай, ёшлар менга ёрдам учун мурожаат этишса, албатта, улардан ўз ёрдамимни аямайман. Мактаб очаман, деб айтолмасамда, лекин клуб очишим мумкин. Бошимдан ўтган кўп ғам-ташвишлар сабаб, ҳали бунга руҳан тайёр эмасман.
Жавобларингиз учун катта раҳмат!
Саволларни Зайнаб Муҳаммад-Дўст тайёрлаган
Рус тилидаги оригинал: CAA Network