2017 йилда асли келиб чиқиши Марказий осиёлик бўлган фуқаролар дунёнинг турли мамлакатларида бир қанча террорчилик ҳаракатларини амалга оширди. Ушбу ҳолатлар жаҳон ҳамжамиятини Марказий Осиёдаги ислом радикализми ҳақида яна сўз очишга мажбур қилди – радикализм минтақа аҳолисига хос хусусиятми ёки улар буни миграция жараёнида ўзлаштирдиларми?
Нью-Йоркдаги Колумбия университети Гарриман институти EurasiaNet ахборот ресурси билан ҳамкорликда махсус мунозара ўтказди. Унда экспертлар минтақадаги аҳвол, АҚШдаги Марказий Осиё диаспораси ҳамда Сайфулло Саипов сингари инсонларни теракт содир этишга ундаган омилларни муҳокама қилишди. Тўлиқ видеони шу ерда кўришингиз мумкин.
Музокарада Навбаҳор Имомова (“Америка овози”нинг ўзбек хизматидан), Эдвард Лемон (Гарриман Институтидан), EurasiaNet ахборот ресурси муҳаррири Питер Леонард ҳамда Эрика Марат (Миллий мудофаа университети профессори) иштирок этди.
Учрашув суратлари
Гарриман Институти диретори Александр Кули учрашувнинг очилиш қисмида таъкидлаганидек, одатда Марказий Осиёга оид тадқиқотлар ҳақида гап борганда, минтақани ўрганаётган мутахассислар бевосита ушбу ҳудудда содир бўлаётган ҳодисаларни тадқиқ этади. Бироқ сўнгги йилларда юз берган воқеалар шуни кўрсатдики, бугун дунёнинг бир нуқтасида содир бўлаётган воқеа ер юзининг бошқа бир чеккасига таъсир кўрсатмоқда. Хусусан, Нью-Йоркда амалга оширилган сўнгги теракт бунга мисол бўла олади. Айнан шунинг учун ҳам Америкадаги Марказий Осиё диаспоралари, улар тўқнаш келаётган муаммоларни тадқиқ этиш муҳим аҳамиятга эга.
Навбаҳор Имомова: Ҳали бундай диаспораларнинг ўзи йўқ ва буни ўзгартиришнинг фурсати етди
Навбаҳор Имомова ўзбек диапораси билан боғлиқ вазиятни шарҳлар экан, унинг Америкада ҳали у қадар ривожланмаганини таъкидлайди. Унинг фикрича, у ҳали тўлақонли диаспора сифатида шаклланиб улгурмаган. “Битта тилда сўзлашиш, бир юртдан бўлиш, миллий байрамларни бирга нишонлаш ёки бир дастурхонда ўтириб, палов ейиш – бу ҳали диаспора дегани эмас. Менимча, уюшган, умумий мақсадларга эга ва ушбу мақсадга етишиш йўлида муайян ҳаракат қилган тўдагина диаспора бўла олади”, – деб ҳисоблайди журналист.
Тўлақонли диаспорага айланиш осон эмас албатта, бунга эриша олган гуруҳлар узоқ ва кўп ҳаракат қилган, АҚШда истиқомат қиладиган миллатларнинг ҳаммаси ҳам бунга муваффақ бўлмаган. Бироқ буни амалга оширишнинг иложи бор. Масалан, ҳинд диаспораси. Ҳиндулар АҚШга Ҳиндистоннинг турли қисмларидан ташриф буюган, улар ҳар хил тилда сўзлашади, динлари ва ҳаттоки ошхоналари ҳам турлича. Аммо ушбу барча тафовутлар уларнинг диаспора бўлишига монелик қилмаган. Чунки улар битта умумий мақсад йўлида бирлашди ва бугунги кунда мамлакатнинг сиёсий ва иқтисодий ҳаётида фаол иштирок этиб келмоқдалар.
Ўзбеклар 1950 йиллардан буён Америкада истиқомат қилишсада, ҳанузгача “янги тўлқин” эмигрантлари ҳисобланади, улар тарқоқ ва етарлича уюшмаган. Нью-Йоркда амалга оширилган сўнгги теракт бунга ажойиб мисол бўла олади: ушбу мудҳиш воқеа содир бўлганда, оммавий ахборот воситлари маълумот учун кимга мурожаат қилиш, ким билан суҳбатлашишни билмай қолди – ким ўзбек ҳамжамияти номидан гапира олади? Ким Америкадаги ўзбеклар тўғрисида ишончли статистика маълумотларини бера олади?
Навбаҳорнинг фикрича, АҚШнинг доимий фуқаролигига эга Сайфулло Саиповнинг ҳибсга олиниши ўзбек жамоаси олдига бирлашиш ва ягона мақсад, бу ҳам бўлса, ўз аъзоларида Америка жамиятига дахлдорлик туйғусини тарбиялаш, уларни фаол фуқароликка ўргатиш зарурлиги йўлида маданий ва сиёсий сабабларни ҳам қўйди. Навбаҳор буни осон иш эмас, деб ҳисоблайди. Чунки биринчидан, ўзбек жамоатида фуқаролик институтлари ва уюшмаларга қараганда, шахслар ва оилаларнинг ўрни муҳимроқ саналади. Иккинчидан, Америкадаги ўзбек ҳамжамияти маълум сиёсий, ҳаттоки шахсий манфаатларни ҳам қўллаб-қувватлай олмайдилар ва бу Ўзбекистондаги ҳолатни такрорлайди. Асли келиб чиқиши Ўзбекистондан бўлган Америкаликлар куч-ғайратга тўла, уларнинг ўз ташвишлари ҳам талайгина. Шундай бўлсада, улар бир жойга тўпланиб, бу муаммоларни бирга ҳал қилишга қодир эмаслар. “Уларнинг катта дошқозонда ош қилиб, юзлаб одамларни боқишга пули етарли, аммо қандайдир фуқаролик ташаббусини қўллаб-қувватлаш учун уларда ойига 50 доллар маблағ топилмайди!”.
Ўзбеклар ўз юртида бўлгани каби ҳукумат уларнинг муаммоларини ҳал қилиб беришини кутишади. Масалан, Нью-Йоркдаги ўзбеклар ўзбек ҳукуматининг уларга шаҳар маданият маркази очишга кўмаклашади ёки масжид қуриб, унга имомни юборади ва уларни молиялаштиради, деб умид қилади.
Навбаҳор Имомова, сенинг фуқаролик манфаатларингни ҳимоя қила оладиган бирор кимса бўлмаса, ўзинг ҳам бу мамлакатдаги фуқаролик манфаатларинг нимадан иборатлиги ҳақида ҳеч нарса билмасанг, бу ҳолатда диаспора бўлиш имконсиз, деб ҳисоблайди,
Ўзбек жамоати бир овозга бирлашиш учун кўплаб имкониятларни қўлдан бой берди ва жамоатнинг яқиндаги теракт билан боғлиқ жавоби ҳимояланиш ва тарқоқ тарзда чиқди. Ўзгаришнинг фурсати етди, буни тушуниб етган ўзбеклар кўп, бироқ тушунишнинг ўзи камлик қилади, ҳаракат қилиш зарур, дейди ўз хулосасида Навбаҳор.
Эрика Марат: Диаспоралар ҳали ўрганилмаган
Эрика Марат ўз чиқишида диаспоралар мавзусининг етарлича тадқиқ этилмаганини қайд этади. Бугунги кунда юз минглаб Марказий Осиё мигрантлари Ғарб давлатларида истиқомат қилсада, олимлар уларнинг кундалик турмуш тарзи, ташвиш ва истиқболлари ҳақида кам маълумотга эга.
Мигрантлар асосан икки (кўпинча ўзаро боғлиқ) гуруҳга бўлинади: иқтисодий сабаблар туфайли четга чиққан мигрантлар ва сиёсий ёки ижтимоий таъқиблар қочиб кўчишга мажбур бўлган фуқаролар. Уларнинг бу жараёнга мослашиши ва ўзгариши ҳар хил кечади. Мигрантларнинг айнан қай бири ва қандай сабабларга кўра, радикаллашувга мойил эканини билиш қийин. Шу боис ҳам Марказий Осиёни тадқиқ этаётган экспертлар аҳолининг ана шу қисмини ўрганишга алоҳида эътибор қаратиши зарур. Бундай тажриба ҳозирда Россия ва Қозоғистон мисолида амалга оширилмоқда.
Эрики Маратнинг фикрича, Марказий Осиёдаги мигрантлар ҳаётини чуқур ўрганиш, минтақада юз бераётган воқеалар (инсонларни кўчишга мажбур қилаётган омиллар), фуқароларнинг АҚШ ва Ғарбий Европада радикаллашувига етакловчи йўлларни янада яхшироқ тушунишга ёрдам беради.
Марказий Осиёлик мигрантларнинг бошқа муҳитга мослашиб кетишига кўмаклашувчи ташкилотлар\механизмлар борлигини, яна нималар зарурлигини тадқиқ этиш зарур. Мигрантлар қандай ниятлар билан АҚШга келишмоқда ва ушбу мамлакатнинг реал ҳаёти тўғрисида улар қай даражада хабардор? “Саипов ва Тамерлан Царнаев ҳаёти “америка орзуси” кетидан қувиш умидларнинг пучга чиқишига ва шу билан инсонларни радикаллашувга сабаб бўлиши мумкинлигини кўрсатди”, – деб хулоса қилади эксперт.
Эдвард Лемон: Минтақада террористлар жуда кам
Гарриман Институти илмий ходими Эд Лемон ўз чиқишида Марказий Осиёнинг жаҳон ҳамжамияти нигоҳига бузиб кўрсатилган образи ҳақида гапирди.
Нью-Йоркдаги теракдан сўнг кўплаб ОАВ Марказий Осиё, хусусан Ўзбекистонни яна “экстремизм ўчоғи” ва “терроризм экспортчиси” деб айблай бошлади. Лекин ҳақиқатан ҳам шундайми? Чиндан ҳам Марказий Осиё терроризм марказига айланяптими?
Тадқиқотчининг сўзларига кўра, минтақани яхши ўрганиш натижасида, бу ернинг, ислом дунёсидаги бошқа ҳудудларда кузатилаётган зўравонликка мойил эмаслиги ойдинлашади. Статистика маълумотлари ҳам бу хулосани тасдиқлайди. Терроризм бўйича глобал маълумотлар базаси (Global Terrorizm Database) га кўра, дунёда 1976 йилдан 2016 йилга қадар 170 минг террористик ҳужумлар содир бўлгани қайд этилган. Бу вақт мобайнида Марказий Осиёда (Афғонистон ҳисобга олинмаганда) 269 та теракт амалга оширилган. Шуларнинг ярми Тожикистондаги фуқаролар уруши даврида содир этилган. Яъни, ер юзи аҳолисининг 1 фоизига деб ҳисоблаганда ҳам, дунёда содир этилган барча терактларнинг атиги 0,001% Марказий Осиёда амалга оширилган. 2011 йилдан буён АҚШда “экстремизм”да айбланган 7 нафар ўзбек ҳибсга олинган, бу Америкада истиқомат қилувчи барча ўзбекларнинг 0,0001 фоизини ташкил этади. Ва ниҳоят, Марказий Осиёнинг тахминан 3 мингдан 5 минг нафаргача бўлган фуқароси Сурия ва Ироққа кетган – бу минтақанинг ҳар 12 минг аҳолисидан бир нафари ёки 0,0001% деганидир. Шундай қилиб, Марказий Осиёни баъзилар кўрсатаётганидек “террорчилар бошпанаси” деб бўлмайди.
Ҳақиқатда биз кўрган нарса, бу – Марказий Осиёдан Яқин Шарққа жанг қилиш учун авраб олиб кетилган минглаб ёшлардир. Диний оиладан бўлмаган Саипов сингари кўпгина ана шундай инсонлар, Ислом ташкилотининг эзгуликнинг ёвузликка қарши курашиши тўғрисидаги ғоялари таъсирига тушгач, исломни қайтадан кашф этишади. “Таниқли француз тадқиқотчиси Оливер Руа айтганидек, Ислом давлатига қўшилаётган асли Марказий осиёликлар – ҳаётга бўлган эътирози ва умидсизлигини жиҳод орқали ифодалашга интилаётган дарғазаб нигилистлардир, – дейди Лемон. – Юз бераётган воқеаларни “исломнинг радикаллашуви” деб эмас, “радикализмнинг исломлашуви” деб қараш лозим”.
Aгарда ҳукуматлар мамлакат обрўсини кўтаришни исташса, журналистларнинг қайтишига йўл бериши керак
Марказий Осиё ёшлари радикал исломда жамият ва ота-оналарининг қариндошларига нисбатан ўз норозилигини ифодалаш усулини топди.
Питер Леонард: Воқеалар етарлича даражада ёритилмайди
Журналист Питер Леонард ўз чиқишини “Гугл” қидирув тизимида “Ўзбекистон” ва “ўчоғ” сўзларини ёзганида, биринчи саҳифада Нью-Йоркдаги теракт билан боғлиқ фақат битта воқеага оид маълумотлр чиққанини эслаш билан бошлади. Вақт омили олиб ташланганда ҳам, барибир ўша натижа чиқаверади. EurasiaNet муҳаррири ўз нашрининг айнан “Ўзбекистон – терроризм ўчоғими?” сарлавҳали мақоласи ушбу қидирувда биринчи ўринда туради, деб залда кулги кўтарди. Лекин материални ўқиб чиққанда тескари жавоб келиб чиқади.
Леонард, кўпчилик экспертларга қарши ўлароқ, ўзбек террористи билан боғлиқ сўнгги воқеа ОАВ томонидан умуман олганда яхши ёритилди, деб ҳисоблайди. У янгиликлар, айниқса тезкор хабарлар журналитикаси моҳиятан юзаки бўлади, деб таъкидлайди. Бироқ айнан шу мавзу билан боғлиқ кўплаб мулоҳазали мақолалар чоп этилди. Энг яхши материалда ҳам журналист ишни якунлолмаслиги ёки хулоса қила олмаслиги мумкин, албатта. Шундай воқеалар юз берганда, энг аввало, нима учун одамлар бундай қиляпти, деган саволга жавоб қидириш лозим, америка мегаполисидаги инцидент ҳам бундан мустасно эмас.
Айни пайтда, унинг фикрича, мазкур терактни ёритишда Трампнинг таъсири ҳам муҳим ўрин тутган. Яхши журналистика эса, “ёмон мигрантлар ва уларнинг жиноятлари” ҳақидаги риторикани такрорламаслиги керак.
Ихтисослашган ОАВнинг ҳар қандай воқеа юз беришидан қатъи назар уни ёритадиган ва ёритиши лозим бўлган ўз роли бор. Экспертлар ва олимлар ҳам худди шундай. Улар ҳам ўтирган жойида журналистларни танқид қилмасдан, фаол ҳаракат қилиши ва тузатишлар киритиши лозим.
Питер Леонард минтақа ўзининг номаълумлиги ва уни хавфсизлик ва Афғонистон мавзулари орқали кўриб чиқилгани сабабидан ҳам юзаки ёритилади, деган фикрга қўшилади. Унинг қайд этишича, бундай ёндашувни ўзгартириш кўп вақт талаб этади. Бироқ бу ерда минтақа ҳукуматлари, хусусан у Ўзбекистоннинг ҳам айби бор, чунки улар мустақил журналистларни унча хушламайди. Андижон воқеаларидан сўнг кўплаб хорижий ОАВ мамлакатга кира олмади, у ерда қолганлар журналистлар эса, аккредитация билан боғлиқ айрим муаммоларга дуч келди. Леонарднинг фирича, агарда ҳукуматлар мамлакат обрўсини кўтаришни исташса, журналистларнинг қайтишига йўл бериши керак.
ОАВ дан таъна қилиш мумкин бўлган яна бир нарса бу – воқеаларда инсон омилининг назардан четга қолганидир. Кўпинча инсонлар ҳукуматлар сиёсати туфайли радикаллашади ва бу азоблар эътиборни талаб этади. Ана шунда журналистлар бу мавзуни чуқур, батафсил, ҳар томонлама ва фаол ёритиш учун маънавий жавобгар ҳисобланади.
Рус тилидаги оригинал: CAA Network