Тарихни эсласак, Буюк Британияда ўтган асрнинг иккинчи ярмида таълимнинг деярли барча жиҳатлари ислоҳ қилинди. Жумладан, мактаб бошқаруви, уни молиялаштириш, ўқув дастури, ўқувчиларни баҳолаш, таълим сифати назорати, маҳаллий ва марказий ҳукуматнинг роли, мактаблардаги қабул ва бошқа йўналишларда кескин ислоҳотлар амалга оширилди. Лекин 1996-йилда ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра, 1948-йилдан 1996-йилгача бўлган муддат ичида, 50 йил давом этган ислоҳотларга қарамасдан, бошланғич мактаб ўқувчиларининг саводхонлик ва арифметика бўйича натижалари ўзгармаган.
Бу муваффақиятсизликдан олинажак хулосалар кўп. Лекин, энг асосийси, таълим ислоҳотларига бўлган муносабатимизни тўғри йўлга солишимиз даркорлиги. Ушбу мақолада тўғри ёндашув айнан қандай бўлиши кераклиги ҳақида сўз боради.
Икромжон Тўхтасунов
Икромжон Тўхтасунов – Тошкент шаҳридаги Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг (ЖИДУ) халқаро муносабатлар факультети бакалаври. Ҳозирда у АҚШдаги Нотр-Дам университетининг Global Affairs лойиҳаси бўйича магистратурада ўқимоқда. Тухтасунов бугунги Ўзбекистонда халқ таълими тизими ислоҳотини мураккаб вазифа сифатида кўрмоқда. Ушбу ёз Энсеня Чили (Enseña Chile) ташкилоти билан ҳамкорликда Чилида мактаб таълимида маълумотдан фойдаланиш бўйича дастурни амалга оширишда иштирок этди. Ёш эксперт UzAnalytics учун ёзган блогида Ўзбекистон таълимига ўзга ёндашув кераклигини ва уни ҳам ўта эҳтиёткорлик билан амалга ошириш зарурлигини таъкидламоқда.
Мактаб таълими яхлит тизим сифатида
Мактаб таълими соҳасидаги ислоҳотларга турлича ёндашув мавжуд. Ҳар қандай самарали ечимга эса фақат тизимли ёндашув орқали эришиш мумкин. Тизимнинг маълум бир унсурларини “тўғрилаб” қўйиш билан барча муаммоларни ҳал қилиб бўлмайди. Бу фикр яққол ҳақиқатдек туюлиши мумкин, лекин таълим соҳасидаги кўп муҳокамаларда бу унсур тушиб қолмоқда. Мисол учун ўқитувчиларнинг маошини ошириш ва мактабларнинг моддий-техник баъзасини кучайтириш масалаларини олайлик. Бу ишлар қилиниши шарт, албатта. Лекин бу вазифалар негизида бироз хавфли фикрлаш, яъни ўқитувчиларнинг маошини кўтарсак, мактаб менежментини оптималлаштирсак ва ваучер тизимини жорий қилсак, таълим тизимидаги муаммоларимиз ўз-ўзидан ҳал бўлади, деган қараш мавжуд. Бу элементлар сифатли таълим тизими учун зарур, аммо улар тизимдаги “касалликлар” учун “пенициллин” вазифасини ўтаб беролмайди.
Қисқа муддатли, осон ва “кўчирма” ечимлар йўқ
Ривожланган давлатларда таълим тизими ва унинг сифат даражаси турлича. Нима учун ривожланган давлатлар қаторига кирувчи Италия PISA (мактаб ўқитувчилари ўртасида ўтказиладиган халқаро тест) натижалари бўйича 1-ўринда турувчи Сингапур таълим тизимини ўзида татбиқ этмайди? Нима учун бошқа давлатлар шунчаки Финляндия моделини олиб, ўзида қўллаб кўрмайди? Турли давлатлардаги жамият, сиёсий-ижтимоий ҳаёт ва мактаблардаги муҳитнинг бир-биридан фарқланиши Сингапур ёки Финляндия, ҳатто бизга маданий жиҳатдан энг яқин Жанубий Корея тизимини “кўчириш” самара бермаслигининг асосий сабабидир. Кундалик ҳаётимизда жамият сифатида биз, индивид сифатида эса ўзбекистонлик ўқитувчи ёки ўқувчи қаршисида пайдо бўладиган муаммолар Жанубий Кореядагидан анча фарқли. Биз дуч келаётган муаммоларнинг ўзгачалиги муаммоларга ўзимизга хос ва мос ечимларни талаб қилади. Таълим соҳасидаги қайси бир мутахассис билан суҳбатлашманг ёки шу йўналишдаги исталган илмий адабиётга мурожаат қилманг, бу ҳақиқат бот-бот такрорланаверади.
Келинг, буни оддий мисол билан тушунтирсам. Мактабда 10 ёки 15 йилдан бери ишлаб келаётган ўқитувчининг таълим жараёнида Япония моделидан фойдаланишига эришмоқчисиз. Унга тренинг-машғулотлар орқали бу моделнинг қандай ишлашини тушунтирасиз ҳамда дарсда қўллаб кўриши мумкинлигини айтасиз. Ўқитувчи бу моделни синаб кўради, бу натижа бериши ҳам мумкин. Аммо бу унинг 10-15 йил давомида шаклланган кундалик режасини ўзгартириб юборади, ундан ҳар куни қўшимча равишда ўз устида ишлаш талаб этилади. Тасаввур қилинг, Сиз муаллимдан бир неча йил давомида иш беради, деб ишонган ва ундан доимий фойдаланиб келган методикасини ўзгартиришни сўраяпсиз. Унинг профессионал фаолиятига зуғум ўтказаяпсиз. Бу қанчалик самара беради?
Зуғумга муқобил таклиф борми? Албатта, бор! Ўзбекистонда мавжуд энг зўр ўқитувчиларни “кашф” қилайлик, уларда қайси усуллар ишлаётганини ўрганайлик. Шундан сўнг иш бераётган ушбу усулларни оммалаштирайлик. Бу усуллар айнан ўқитувчиларнинг кундалик фаолиятидан олингани ҳамда маҳаллий мактаблардаги муҳитга мос келгани учун самаралироқ бўлиши мумкин.
Таълим тизимидаги муаммоларни ҳал қилишда шошилмаслик лозим
Масаланинг иккинчи жиҳати чет эл тажрибасига оптимистик ёндашувни таклиф этади. Бошқа давлатлар тажрибасидан ўрганишимиз мумкин бўлган жиҳатлар жуда кўп. Таълим тизимидаги ечимларнинг ўзини ўрганмасдан, эътиборни нимага айнан бу ислоҳотлар ишлаб чиқилгани ва улар бунга қандай келганини ўрганишимиз, содда қилиб айтганда, таълим тизимидаги ислоҳотлар методологиясини ўрганишимиз муаммоларимизга мос ечимларни шакллантиришимизда муҳим аҳамият касб этади.
Ушбу қисмдан олинадиган хулоса шуки, таълим тизимидаги муаммоларни ҳал қилишда вазирликни шошилтирмаслик лозим, масъул шахсларни чет эл тажрибаси шиори остида “тезкор” ва “кўзни қамаштирадиган” ечимларни татбиқ қилишга мажбур қилиб қўймаслигимиз зарур. Таълим соҳасидаги ҳар қандай ислоҳот натижаси одатда 10-12 йилда кўзга ташлангани боис, бу ислоҳотлар узоқ таҳлил ва ўрганишдан кейингина амалга оширилиши лозим. Мантиқий кетма-кетлик асосида кейинги масала, яъни таҳлил қандай амалга оширилиши зарурлигини муҳокама қилсак.
Қарор қабул қилиш жараёнида тизимли маълумот ва илмий тадқиқотларнинг етишмаслиги
Муаммолар мураккаб бўлиб, улар билан боғлиқ илмий асосланган маълумотларнинг етишмаслиги алалоқибат муаммоларни соддалаштиришга ва нотўғри ечимларни қўллашга олиб келади. Натижада “чиройли” ечимлар таклиф қилинади, лекин асл муаммо шундайлигича қолаверади, чунки муаммонинг негизи тўғрисида етарлича маълумотга эга бўлмаймиз. Ижтимоий тармоқдаги ва телевидениедаги баҳслар орқали таълим сифатига оид муаммоларни тушунгандек бўламиз. Баъзан омма фикри саноқли одамларнинг шахсий фикрлари орқалигина шаклланиб бораётганининг ҳам гувоҳи бўлмоқдамиз. Энг кўп билганимиз, нари борса, таълим сифатининг пастлиги ва бунга сабаб порахўрлик, ўқитувчилар маошининг етарли даражада эмаслиги ҳамда университетлардан яхши кадрларнинг етишиб чиқмаётгани. Ҳақли савол туғилади: асл муаммо айнан нимада экани борасида аниқ бир илмий-статистик тадқиқот ўтказилганми ва бу омма эътиборига ҳавола этилганми? Биламизми?
Ўзбекистонда халқ таълими бўйича маълумотларни ўз ичига олган илмий тадқиқотлар тўплами
Eвропада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти томонидан икки йилда бир маротаба аъзо давлатлар таълим тизимига доир тадқиқотлар тўплами чоп этилади. Бу маълумотдан ҳукумат, таълим соҳасидаги нодавлат ташкилотлар ва бизнес вакиллари ўз дастурларини амалга оширишда фойдаланишади. Бундай ҳисоботлар турли йўналишдаги статистик, ижтимоий ва ҳуқуқий маълумотларни ўз ичига олади. Ҳисоботлар олиб борилаётган ислоҳотлар самара беряптими ёки ёндашувни ўзгартириш керакми-йўқми, деган муҳим саволларга жавоб беради. Янги лойиҳаларда эътибор қаратиш зарур бўлган йўналишлар белгилаб олинади. Буларнинг барчаси омма эътиборига ҳавола этилган ҳисоботлар, яъни маълумотлар асосида амалга оширилади. Ўзбекистонда ҳам шунга ўхшаш ҳисоботлар тўпламини омма эътиборига ҳавола этиш соҳа ривожида муҳим роль ўйнаши турган гап.
Қуйидаги расм – ЮНЕСКО(UNESCO)нинг Глобал таълим мониторинги ҳисоботи, 2017-йилдан кўчирма. Таълимга қанча маблағ сарфланиши бир неча параметрлар орқали кўрсатилган. Бу ҳисоботда Ўзбекистон ҳақида маълумот мавжуд эмас.
Университет профессорларининг мактаб таълими соҳасида илмий иш қилишларини амалий рағбатлантириш
Чили давлатида таълим соҳасидаги лойиҳам давомида, бир неча университет профессорлари билан кўришиб, таълим соҳасидаги илмий ишлари борасида суҳбатда бўлдим. Давлат бошқаруви, иқтисодиёт ва психология йўналишидаги профессорлар таълим соҳасидаги профессорлар билан ҳамкорликда турли илмий ишларни амалга оширишади, асосийси, бу ишларнинг натижаси омма эътиборига ҳавола этилади. Ушбу илмий ишлар жамиятда омма фикрини шакллантириб, сиёсий қарорлар қабул қилинишига асос бўлмоқда. Сусана Кларо томонидан ёзилган илмий иш Чилидаги мактаб таълими тизимида бурилиш ясаган десак, муболаға бўлмайди. Чилидаги иқтисодий нотенглик сабаб, мактаб ўқувчиларининг яхши-ёмон ўқишлари ижтимоий-иқтисодий келиб чиқишларига боғлиқ экани исботланган эди. Сусана Кларо эса ўқувчилардаги ўсувчи дунёқарашнинг мавжуд ёки мавжуд эмаслиги ижтимоий-иқтисодий омиллардан ҳам муҳим эканини исботлади. Шундан сўнг кам таъминланган оила фарзандлари ҳам таълимда муваффақиятга эришишлари мумкинлиги ҳақидаги қараш кенг ёйилди. Шунга ўхшаш тадқиқотлар Ўзбекистон шароитида ҳам тўғри қарорлар қабул қилишга асос бўлар эди. Маълумот йиғиш эса ортиқча қоғозбозлик ва мажбуриятларни келтириб чиқармаслиги керак.
Синфхонадан йироқлик
Қарор қабул қилиш жараёни ҳақидаги фикрни давом эттирар эканмиз, бу жараёндаги муҳим омил қарорларнинг синфдаги бугунги кун ҳақиқатлари билан ҳамоҳанг бўлишидир. Қачон ҳамоҳанглик таъминланади? Қачонки, қарорлар синфхонадан йироқ бўлмаган одамлар томонидан қабул қилинса. Мисол учун, ўқитувчиларга дарсга тайёрланишлари учун қанча вақт белгиланиши лозимлиги ҳақида қарор қабул қилиш жараёни кетмоқда, дейлик. Агар камроқ вақт белгиланса, ўқитувчи дарсга яхши тайёрлана олмаслиги ва таълим сифати пасайиб кетиши мумкин. Агар кўпроқ вақт белгиланса, берилган вақтнинг маълум қисми исроф қилиниши мумкин. Синфхонадан йироқда бўлган одам, яъни дарс бериб кўрмаган ўқитувчи муаммоларини бошидан ўтказмаган ёки дарсни мунтазам кузатиб бормайдиган одам бу масалада қандай қилиб самарали қарор чиқариши мумкин? Ҳеч бўлмаганда, қарор қабул қилувчининг атрофидагилар ёки маълумот тақдим этувчи мутахассислар бундай тажрибага эга бўлишлари керак. Акс ҳолда, қабул қилинаётган қарорлар ҳақиқатдан йироқ бўлиши, натижада эса кутилган самарани бермаслиги тайин.
Таълим соҳасидан бошқа соҳаларда ўқиган мутахассисларни махсус тренингдан сўнг мактабларда дарс ўтишларига рухсат бериш синфхона ҳақиқатини тушунадиган мутахассисларни жамиятимиздаги турли соҳаларда фаолият кўрсатган ҳолда, таълимга ҳисса қўшиш имконини беради.
Мактабдаги ўқитувчилар учун уларнинг бошқарув қобилиятларини кучайтириш мақсадида турли дастурлар, жумладан, ушбу йўналишда магистратура ёки махсус малакавий дастурлар жорий этиш таълимда бошқарувни оптималлаштиришга ёрдам беради. Вазирлик ходимларини ҳамда маҳаллий халқ таълими бошқармалари ходимлари таркибини турли дастурлар орқали ўқитувчилардан шакллантириш чиқарилаётган қарорларнинг синфхона ҳақиқатларига мос бўлишига хизмат қилади.
Ўқитувчилар ва улар берадиган таълим – тизимдаги энг муҳим омил сифатида
Таълим тизимидаги ҳар қандай ислоҳотлар самараси ўқувчиларнинг ўзлаштиришига қараб ўлчанилиши зарур. Ўқувчининг таълимдаги муваффақиятини оширувчи омиллар нима? Улар жуда кўп, лекин энг муҳимлари синфхонада мавжуд омиллар: ўқитувчи ва ўқитиш. АҚШнинг машҳур консалтинг компанияларидан бири Маккинзей “энг юқори ўринда турувчи таълим тизимларининг ўхшаш жиҳатлари нималарда” деган саволга жавоб беришда учта омилни келтириб ўтади: ўқитувчилик касбига муносиб одамларни танлай билиш, дарс беришни ривожлантириш ва ҳар бир ўқувчининг муваффақият қозониши.
Ўзбекистонда ўқитувчиларни қўллаб-қувватлаш борасида катта ишлар амалга oширилмоқда. Уларнинг маоши кўтарилиб, турли хил ижтимоий-иқтисодий имтиёзлар тақдим этилмоқда. Ўқитувчилик касби жамиятда қадрланадиган бўлса, соғлом рақобат соҳага муносиб одамларни олиб келишини таъминлайди. Бу, ўз навбатида, ўқувчиларнинг билимида яққол намоён бўлади.
Ўқитиш жараёнини яхшилаш эса – алоҳида масала. Савияси юқори кадрларни ўқитувчи сифатида олиб келишнинг ўзигина таълим жараёнидаги муаммоларни ҳал қилиб бермайди. Ўқитиш методикаси, умуман, ушбу жараённи ривожлантириш кўрсатма-маълумотни қўллаш орқали амалга оширилиши мумкин. Агар ўқитувчи ўтаётган дарс мунтазам равишда бошқа ўқитувчилар томонидан кузатилса ва конструктив фикр-мулоҳаза билдирилса, ўқитувчи профессионал ривожланишга эришиши мумкин. Ўқувчи ва ота-оналардан олинадиган фикр-мулоҳазалар ҳам ўқитувчининг ривожланиши учун муҳим аҳамият касб этади. Бундан ташқари, ўқитувчилар бир-бирлари билан ўқитиш методикаси бўйича тажриба алмашиш орқали профессионал ривожланишга эришишлари мумкин. Ўқитувчи, ўз навбатида, мактаб маъмурияти, ҳамкасблари ва ота-оналардан ўқувчиларнинг билими ошиб бориши ҳамда ўқувчиларнинг ўзларидан дарс ўтилиши ҳақида олаётган фикр-мулоҳазаларини уларнинг тест натижалари ва дарсда кундалик қатнашишларига оид маълумотлар билан солиштириб, хулосалардан ўқув дастурини ташкил этиш борасида қарор қабул қилаётганда фойдаланса, мақсадга йўналтирилган ўзгаришларни амалга ошириши мумкин. Албатта, буларнинг барчаси учун имкон яратиш керак. Бу борада мактаб маъмурияти ва ўқитувчилар орасидаги алоқалар билан бир вақтда, ўқитувчилар ўзаро муносабатларининг ҳам ижобий бўлиши кўзланган ривожланишга имкон яратиши мумкин.
Маҳаллий, муаммога мос ечимлар
Юқоридаги фикрлар таълим сифатини оширишдаги муаммоларни соддалаштираётгандек туюлиши мумкин. Аслида, санаб ўтилган фикр-мулоҳаза ҳалқаларини яратиш – жуда мураккаб вазифа. У чуқур изланиш ва тадқиқот талаб этади. Асосий эътибор Ўзбекистондаги мактаб контекстига қаратилиб, қайси амалий тадбирлар иш бераётганини аниқлаш лозим. Яна бир жиҳат, бу элементлар яхши ўрганилса-ю, самарали механизмлар жорий этилмаса, шунчаки мўъжиза содир бўлиб, янги методикалар ишлаб кетмайди. Жумладан, Гейтс ташкилотининг таълим соҳасидаги 525 миллион АҚШ доллари қийматига тенг сўнги лойиҳаси кутилган натижаларни бермади. Бу лойиҳа “энг зўр ўқитувчиларни” аниқлаш ва уларни бошқа ўқитувчиларга ёрдам беришини таъминлашга қаратилган эди. Бир неча йиллар давом этган ва ўнлаб мутахассисларни жалб қилган бир неча юз миллион долларлик лойиҳа самара бермади. Бунга сабаблар кўп, лекин энг асосийларидан бири – механизмдаги кичик унсурларнинг аҳамияти. Ўқитувчига бериладиган фикр-мулоҳаза учун “тўғри” шакл танлаб олиниши кераклиги, яъни бир неча соат давом этадиган, расмий йиғилишлар ҳеч қандай натижа бермай, аксинча, норасмий, эркин, қисқа муддат давом этадиган, лекин тез-тез такрорланиб турадиган “маслаҳат” учрашувлари афзал экани асосий сабаб қилиб кўрсатилган. Йўл қўйилган хатолардан хулоса чиқарган ташкилот расмийлари эндиликда “мактабдаги ўқувчиларнинг билимини ошириш йўлида маълумот ва далилдан фойдаланган ҳолда маҳаллий ечимларга” эътибор қаратишни маълум қилишди. Биз учун оладиган хулоса ҳам шунга ўхшаш: ечимларни ўзимиздаги муаммоларни тизимли ўрганиш ва таҳлил қилиш орқали ўзимиздан шакллантиришимиз даркор.
Яна бир муҳим масала шундан иборатки, ҳар бир ўқувчи, оиласидаги ижтимоий-иқтисодий ҳолатдан қатъи назар, таълимда муваффақиятга эришиши зарур. Тошкентда бўладими ёки Ўзбекистоннинг чекка тоғли ҳудудидаги мактабдами – барча ўқувчиларнинг сифатли таълим олишлари таъминланиши керак. Акс ҳолда, бу нотенглик бошқа ижтимоий-иқтисодий муаммоларга сабаб бўлиши мумкин. Бу муаммолар оқибатларини бартараф этишга эса бир эмас, бир неча авлод алмашинуви керак бўлиб қолади. Дунёда мактаб таълими соҳасида энг юқори ўринда турувчи Финляндия таълим тизимининг энг таҳсинга сазовор жиҳати ҳам фанларни энг паст кўрсаткич билан ўзлаштирувчи ўқувчи билан энг юқори даражада ўзлаштирувчи ўқувчи ўртасидаги фарқ дунё бўйича энг камлигидадир. Бизнинг таълим тизимимиз муваффақиятини белгиловчи асосий мезонлардан бири ҳам шу бўлиши керак.
Хулоса
Агар ушбу мақоладан олинадиган хулоса битта бўлса, у ҳам таълимдаги ислоҳотларга бўлган ёндашувимизни тўғри йўлга солишимиз ҳақида. Тўғри ёндашув таълимнинг мураккаб, узоқ йиллик жараён эканини тан олиш, унга нисбатан кўптомонли тизимли ёндашувни шакллантириш ва маълумотдан самарали фойдаланишни ўз ичига олади. Таълим тизимининг асосий мақсади ўқувчилар билимини ошириш экан, ҳар қандай ислоҳот самараси шу ўлчов асосида баҳоланиши ва назорат қилиниши зарур. Бу унсурлар мавжуд бўлмас экан, “номи чиройли” ислоҳотлар орқали шунчаки бошқа давлатлар йўл қўйган хатоларни такрорлайверамиз. Улар эса ўзгартириб бўлмас салбий оқибатларга олиб келиши мумкин. Чунки ислоҳотлар бир сафар “ўхшамаса”, кейинги сафар маза-матрасиз овқат каби одамларда ёқимсиз кайфият уйғота бошлайди.
Photo: Shutterstock, ZARAFSHAN, UZBEKISTAN – DECEMBER 10: Teacher of Zarafshan Industrial College explains to students the engine electronics control system December 10, 2010 in Zarafshan, Uzbekistan.
1 comment
1) Maktabga direktor tayinlash eng asosiy vazifa. Direktorni tayinlaydigan insonlarni ta’yinlash ham eng muhim.
2) Maktablarga erkak o’qituvchilarni ko’proq ishga olishga e’tibor berish kerak nazarimda.