Дарз кета бошлаган хотира
Ўзбекистонда, ўлимидан икки йил ўтиб, биринчи Президент Ислом Каримов хотирасига дарз кета бошлагани кузатилади. Марҳум хотирасининг икки йиллиги муносабати билан ёдгорлик очилиши ва бошқа тадбирлар давом этаётгани ҳам бор гап. Аммо шунга қарамасдан, Мирзиёев етакчилигидаги янги ҳокимият турғунлик даври рамзига айланган диктатор хотирасини улуғлашда давом этиш эълон қилинган ислоҳотларга ҳам, уйғониб бораётган жамоатчилик фикрига ҳам зидлигини англаб етаётгандек.
Каримов хотираси куни арафасида “Оқ сарой”да унинг номидаги кутубхона, бир пайтлар у таълим олган ва ҳозирда унинг номи билан аталаётган Тошкент техника унверситетида барельеф очилиши маросими бўлиб ўтди.
2 сентябрь Ўзбекистонда расман Ислом Каримов хотираси куни сифатида эълон қилинган, шу муносабат билан президент Шавкат Мирзиёев ўтган йили Тошкент шаҳрида очилган Ислом Каримов номидаги хотира мажмуасига ташриф буюриб, биринчи президентни хотирлади.
Бундан ташқари, Каримов хотирасига бағишлаб Самарқанд ва Қарши шахарларида биринчи президентнинг ҳайкалларига гул қуйиш маросимлари, пойтахтнинг «Навруз» масканида эса хотирлаш тадбири бўлиб ўтди.
Аммо бу тадбирлар Ўзбекистон телевидениесида марҳумни эслашга тақиқ қўйилгани ҳақидаги хабарлар қаршисида шунчаки расмиятчилик бўлиб кўринади. Жамоатчиликда қизғин муҳокама қилинган бу хабар янги ҳокимиятда Каримов хотирасига нисбатан қарашлар ўзгараётганини кўрсатувчи дастлабки ишора эмас.
Матбуотда президент Мирзиёевга ҳамда ўқилаётган мақолаларда бугунги ўзгаришларни Каримов даври билан қиёслаш ва мислсиз ислоҳотлар ҳақида хулосалар қилиш анча аввал бошланган эди.
Қолаверса, Мирзиёевнинг ўзи ҳам, халқ орасида анча машҳур бўлиб кетган чиқишларида, собиқ тузумни 37-йиллардаги қатоғонлар даврига ўхшатгани, яратгандан бу кунларни халқ бошига қайтармасликни сўраши Каримов даври ҳақида қандай фикрда эканлигини билдирувчи муждалар эди.
Бу муждани жамоатчилик ҳам, президент атрофидаги сиёсий элита ҳам яхши англади.
Янги даврдаги мислсиз ўзгаришлар, эски замонда буни ҳатто тасавур ҳам қилиш қийинлиги ҳақида матбуотдаги чиқишларнинг бирортасида Каримов ўша даврнинг муқобилсиз раҳбари бўлиб келгани эсланмайди.
Яратган тузумидан фарқли, Каримов ҳақидаги хотиралар буюк сиёсатчи, мустақил давлат асосчиси каби тарифлардан иборат, шу маънода шоир ва сенатор Иқбол Мирзонинг Каримов даврини “қора туш”га қиёслаши жамоатчиликни ҳайратда қолдирди, дейиш мумкин.
“Агар шоир ўтган йилларни қора туш кўраётган даврларга қиёслаган бўлса, олган мукофотларини қайтариши керакмасми? Буёғи унинг виждонига ҳавола”, дейилади Қалампир.уз наширидаги мақолада.
Жамоатчилик ғазабига асосан кеча Каримовни улуғлаб шеърлар ёзган шоирнинг бугун марҳум етакчилик қилган даврни фош этишга чоғлангани, бу орада навбатдаги юртбошига мадҳ ўқишни ҳам унутмаётгани сабаб бўлди.
Таъкидлаш жоиз, Иқбол Мирзони мунозара қўзғатган бу мақоласида ҳам Каримов шахси, қора тушга қиёсланган эски даврдан фарқли, дахлсиз қолдирилган. Сенаторнинг мақоласи жамоатчиликда Каримов даврига, унинг хотирасига нисбатан мавжуд муносабатни пайпаслаб кўриш учун ёзилгандек таассурот уйғотади.
Бу мунозаралардан қатъий назар, Каримов шахсига танқидий қараш ўзбек матбуотидаги табу, уни бузиш шахсан Мирзиёев изнига боғлиқ, буни матбуот ҳам, эски замондаги қора тушлар ҳақида гапираётган сиёсий элита ҳам яхши билади.
Ҳозирча марҳум президент шахси ҳақида фақат илиқ хотираларга ёки таъбир жоиз бўлса сукут сақлашга рухсат берилган, Каримов даври ҳақиқатларини ошкор қилиш учун ҳали эрта, ҳар ҳолда Мирзиёевнинг вақти келганда жамоатчиликка ҳаммасини очиқ айтишга ваъда беришидан шундай хулоса чиқариш мумкин.
Турғунлик даври сифатида баҳоланган Каримов бошқарувини 13 йили бевосита Мирзиёев Бош вазирлиги остида кечгани инобатга олинса, Каримов ҳақидаги президент ҳақиқатларини узоқ кутилиши эҳтимоли йўқ эмас. Жамият қанчалик бу ҳақиқатни эшитишга тайёр эканлиги аниқ эмас.
Албатта, Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келар экан Каримов ўлимидан саросимада турган жамият учун кутилган баёнотлар қилди, ҳар жабҳада Каримов сиёсатини давом эттиришга ваъда берди, биринчи президент хотирасини абадийлаштиришга доир қарорини эълон қилди. Ислом Каримовнинг 80 йиллиги ҳукумат миқёсида кутиб олинди.
Аммо Каримовсиз ўтган икки йил унинг ўлимидан тушкинликка тушган жамиятга кутилмаган уйғониш, эркинлик шабадасини тақдим этди. Бу нисбий эркинлик Каримовга муқобил лидер тасаввуридан маҳрум қилинган миллионлаб ўзбекистонликларга фуқаролик қадр-қиммати тушунчаларини қайтармоқда, оддий одамларда йиллар давомида топталган ҳуқуқлар тикланишига ишонч кучайган.
Жамоатчиликда уйғониш тўлқини давом этар экан, бу умидланиш қаршисида Каримов хотирасига эҳтиром кўрсатишда давом этиш янги ҳокимият учун ҳам, Каримов сиёсатини давом эттиришга қасам ичган президетни Мирзиёев учун ҳам қийин бўлади. Бу манзарада Каримовнинг беваси Татьяна Каримова ва кенжа қизи Лола Каримова томонидан тузилган Ислом Каримов жамғармаси фаолияти биринчи президент хотирасини тарғиб қилиб келаётган ягона манбаа сифатида кўринади.
Жамоатчиликда Ислом Каримов шахсига қизиқиш маълум муддат шу фонд томонидан эълон қилинган тарихий суратлар, Каримов шахсий ҳаётига тааллуқли, аввал жамоатчиликка номаълум бўлган тафсилотларнинг очиқланиши эвазига ҳам ушлаб турилди. Татьяна Каримова Ислом Каримов билан биринчи учрашуви, муҳаббат тарихига боғлиқ хотираларини, оилавий архивдаги суратларини эълон қилди, Каримовнинг шахсий шифокори Вячеслав Аваков, узоқ йиллар тансоқчиси бўлган Саъдулло Муҳаммадқуловлар билан суҳбатлар уюштирилди.
Жамғарманинг асосий юритувчиси Лола Каримова, ва унинг онаси Татьяна Каримоваларнинг ёндашуви билан қилинаётган ҳатти харакатлар, Ислом Каримовнинг хотирасини сақлаш ва абадийлаштиришнинг ягона манбаи эканлиги маълум бўлиб қолди.
Янги президент Шавкат Мирзиёев эса Ислом Каримовнинг хотираси билан нима қилишни кўп уйламасдан, эҳтимол ўз тарихини яратиш билан шуғулланади, бу каби ҳолат қўшни мамлакатдаги Туркманбошининг мероси йўқ бўлганлигидан кўриш мумкин.