Европа Ҳафвсизлик Тадқиқотлари Марказига қарашли EUCAM – Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи муносабатларини ўрганадиган тахлилий марказдир. Ўз ишини Нидерландиянинг Гронинген шахридан олиб бораётган EUCAM, навбатдаги нашрини июнь ойида Ўзбекистон мавзусидаги давра суҳбатига бағишлаган. Ўзбекистон ислоҳотлари тўғрисидаги муҳокамалар Бельгиянинг пойтахти Брюссельда ўтган. Давра суҳбати EUCAM дастури, Eвропа Қўшнилари Кенгаши (European Neighbourhood Council) ва Очиқ Жамият Фонди (OSF) томонидан ташкил этилган эди.
Йос Бунстра ва Андреас Маразиснинг “Оптимизм ва шубҳалар” номли шархларида Ўзбекистоннинг очиқликка, иқтисодий ва сиёсий ислохотлар сари босган қадамлар ҳақида фикр юритилмоқда . Асосий мавзу: Ўзбекистоннинг қўшнилари билан алоқаларининг яхшиланиши ва ички ислоҳотларнинг бошланиши.
Шарҳнинг бошланишида Ўзбекистондаги ўзгаришларга ижобий тақриз берилган. Жумладан, улар куйидаги фикрларни келтиради: “Ўзбекистон ҳукумати давлат хизматига ёш кадларни олиб келишини, сиёсий маҳбусларни озод қилишини, фуқаровий жамият ва ОАВ учун кенгроқ озодлик беришини ва халқаро ҳамкорларга ҳамкорлик ва сармоялар учун очиқ бўлишини намоён этди. Ўзбекистон чегара ва сув масалалари борасида қўшни республикалар билан яхши ва амалий алоқалар ўрнатмоқда”. Айни пайтда, шархда ушбу ислохотларнинг юзаки ўтказилаётганлиги ва парламент, ҳукумат ва адлия институтларининг ўзгармаётганлиги айтиб ўтилган. Муаллифлар мамлакат элитасининг нуқтаи назари аниқ бўлмаганлигини ва элитанинг келажак ҳаракатларининг ноаниқлигини ҳам эътироф этишган. Шу билан бирга, муаллифлар агар Ўзбекистоннинг савдо муносабатларига очиқлиги қўшни мамлакатларнинг бозорларига салбий таъсир кўрсатса, бу кейинчалик минтақавий рақобатга олиб келиш эҳтимоли борлигини ҳам таъкидлашган.
Муаллиф
Зайнаб Муҳаммад-Дўст
Халқаро лойиҳалар бўйича мухаррир, UzAnalytics
Ҳозирги пайтда Ўзбекистон Eвропа Иттифоқига кўплаб ҳамкорлик таклифларини тақдим этмоқда. Муаллифлар фикрича, Брюссель Ўзбекистон билан имзоланган Шериклик ва Ҳамкорлик тўғрисидаги битимни (ШХБ) янги Кенгайтирилган Шериклик ва Ҳамкорлик тўғрисидаги битимга (КШҲБ) ўзгартириш масаласини ҳам кўтаришган. EUCAM мутахассислари айтганидек, авваламбор, янги шартномадан олдин Eвропа Иттифоқи ва Ўзбекистон 1-2 йиллик ҳамкорлик режасини ишлаб чиқиб амалга оширишлари керак. Бундай режа демократик ислоҳотларни амалга оширишга қаратилган лойиҳалардан иборат бўлиши лозим. Режа Eвропа Иттифоқи тарафидан мувофиқлаштирилиши, Ўзбекистан уни амалга ошириши лозим ва иккалови уни назорат қилишлари керак. Муаллифлар ушбу режанинг келажакдаги Eвропа Иттифоқи ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлиги учун яхши тажриба бўлишига ишонадилар. Шарҳда бундай ҳамкорлик 2021 йилдан бошлаб Eвропа Иттифоқининг молиявий ёрдами учун муҳим йўналишларни белгилашга ёрдам бериши ва ижобий ҳамкорликнинг муваффақиятли КШҲБга олиб бориши мумкинлиги таъкидланган.
Навбатдагиги EUCAM нашри Брюсселда июнь ойида ўтган давра суҳбатига бағишланган. Маърузачилар қаторида Европа Иттифоқининг Марказий Осиё вакили Петер Буриан, Очиқ Жамият Фонди Евразия дастури мутахассиси Алишер Илхомов ва бошқалар иштирок этган.
Қуйида иштирокчиларнинг EUCAMга берган интервьюларининг баёни келтирилган:
Ўзбекистон ислоҳотлари
Питер Буриан, Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича собиқ вакили, Ўзбекистонда демократик ислоҳотига тўсиқлик қиладиган муаммоларни баҳоламоқда. Мамлакатдаги ҳукуматнинг тинч равишда ўзгариши, республикадаги ва минтақадаги ўзгаришларни ва хозирги президентнинг олиб бораётган сиёсатига ижобий баҳо беради. Буриан сўзларига кўра, ҳозирги раҳбарият учун ислоҳотлар вақтинчалик бир чора эмас, балки стратегик танловдир.
Изоҳда ҳозирги ислоҳотлар жараёнининг ижобий томонлари қаторида ёш ва яхши тайёрланган шахсларнинг раҳбарлик лавозимларига тайинланиши, давлатнинг хавфсизлик сектори ислоҳоти, иқтисодий либерализация ва минтақавий муносабатларнинг яхшиланиши, фуқаролик жамияти билан мулоқот ва умуман инсон ҳуқуқлари борасида вазиятни яхшилаш сари ҳаракатлар айтиб ўтилган. Айни пайтда қатор муаммолар, жумладан, “инсон ресурслари ва маъмурий салоҳиятнинг етишмаслиги, соҳа ўзгартириш стратегияларининг тайёр эмаслиги ва қонуний қарама-қаршиликларга йўл қўймаслик учун ислоҳотларни ўз вақтида амалга ошириш кераклиги” ҳам қайд этилган.
Ҳозирги Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон мулоқотида Ўзбекистон Европанинг техник кўмак ва ноу-хаусига катта қизиқиш намоён этса, ЕИ барқарор ривожланиш ва модернизация учун ҳамкорлик асосида давом этаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлашдан манфаатдордир. Дипломатнинг фикрича, Европанинг нияти – Ўзбекистонга бизнес имкониятларини ривожлантиришда ёрдам беришдир. Ўз ўрнида, бу бизнес муҳитини яхшилаш, қонун устуворлиги, яхши бошқарув (good governance) ва коррупцияга қарши курашни такомиллаштириш орқали амалга оширилиши мумкин. Буриан бу жараёнда Европанинг асосий қадриятлари муҳимлигини таъкидлади: “Инсон ҳуқуқлари, фаол фуқаролик жамияти ва мустақил оммавий ахборот воситаларига ҳурмат – ҳар қандай мамлакатнинг барқарорлиги учун асосдир. Ўзбекистоннинг бу соҳалардаги кўрсаткичларини яхшилаш ниятида қилаётган босқичлари бизни руҳлантирмоқда”.
Маърузачининг фикрига кўра, Кенгайтирилган Шериклик ва Ҳамкорлик тўғрисидаги битим (КШҲБ) инсон ҳуқуқлари, қонун устуворлиги ва демократик тамойилларга ҳурмат каби муҳим масалаларда икки тарафлама ҳамкорликни кучайтириш ва кенгайтириш имкониятини беради. Дипломат Ўзбекистоннинг муваффақияти Европа Иттифоқининг Марказий Осиё стратегияси муваффақияти учун сабаб бўлишига ишонади.
Алишер Илҳомов, Очиқ Жамият Фондининг Евразия дастури мутахассиси, Ўзбекистоннинг демократик ривожланиш учун бўлган асосий тўсиқни Шавкат Мирзиёевнинг ислоҳотлари натижаларига баҳо бериш ҳали эрталигида кўради. Унинг фикрига кўра, бу ислоҳот жараёни совет давлати раҳбари Никита Хрушчёв ўтказган ўзгаришларни эслатади: улар эса бошқарув тизимининг асосларини ўзгартирмасдан, зиддиятларга тўла авторитар ислоҳот модели мисолидир. Мутахассиснинг эътироф этишича, президентнинг статус-квони ўзгартириш ва мамлакатни халқаро изоляциядан чиқариш ниятлари туфайли баъзи бир ўзгаришлар рўй берса-да, Ўзбекистонда авторитар режим сақланмоқда ва унинг моҳиятини ўзгаришига хос аломатлар ҳали сезилмаяпти.
Илҳомов президент Мирзиёев ислоҳотларни Қозоғистоннинг даражасига етгунига қадар амалга оширишига ишонади. Қозоғистонда эса авторитаризмнинг нисбатан юмшоқ шакли, демократиянинг йўқлиги, аммо шу билан бирга фуқаролик жамияти, халқаро матбуот ва халқаро нодавлат ташкилотлари учун имкониятлар, тадбиркорлар ва инвесторлар учун кўпроқ иқтисодий эркинликлар мавжуд.
Мутахассис айтганидек, ҳозирги тузумнинг заиф нуқтаси президентнинг айрим бир коррупционерлар билан тузган сулҳидир. Бу кланлараро курашга асосланган иттифоқ, коррупцияга қарши кураш механизм яратилишида ва суд ҳокимияти мустақиллигида сезиларли ютуқларнинг йўқлигига асосий сабабдир.
Шарҳда Европа Иттифоқининг роли ҳақида гапирганда, Европа Ўзбекистонни кучли фуқаролик жамияти асосига қурилган, барқарор ташқи ва ички сиёсатга эга, минтақада ишончли шерик сифатида кўрмоқчи экани таъкидланган. Илҳомов Ўзбекистон ислоҳотларни ўтказмай, давлат ва жамиятнинг барча соҳаларини милиция назоратига топширса, келажакда яна ҳар хил минтақавий ва глобал кучлар ўртасида ўйин юритишга мажбур бўлади, деб ўйлайди. “Европа Иттифоқи Ўзбекистоннинг ислохотларни қўллайдиган элитаси, мутахассислари ва зиёлилари билан биргаликда чуқур ислоҳотларни амалга оширадиган, фуқаролик жамияти асосларини қурадиган, бошқарув тизимидаги масъулиятларни ошкоралик ва меъёрларни белгилайдиган режа йўлида иш олиб бориши керак” деб ишонади.
Алишер Сиддиқ , “Озодлик” радиоси раҳбари, ўзбек ОАВ ҳали озод бўлмаганлигини таъкидлаган. “Бироқ, Мирзиёев ҳокимиятга келганидан бери, ҳукумат матбуот эркинлигини кенгайтирди, жумладан, давлатдан рухсат олмасдан хабар бериш мумкин бўлган мавзулар кўпайган”, деб эътироф этган. Шарҳда бошқа ўзгаришлар орасида чет эл ахборот агентликлари фаолиятига кенгроқ рухсат берилгани, расмийлар журналистларга нисбатан ҳурмат ва давлат органларининг матбуот идораларининг очиқроқ иш юритаётгани қайд этилган.
Муаммолар қаторида, биринчидан, Ўзбекистондаги оммавий ахборот воситалари яқин келажакда ҳукуматнинг ҳаракатларига қарши чиқа олмаслиги айтиб ўтилган. Иккинчидан, уларнинг Россияга ён босиши ҳолати давом этмоқда. Учинчидан, исломийлашув тенденцияси, ғарб, демократия ва илмга қарши чиқишлар ва зарарли фундаменталист пропагандаси ҳам сезилмоқда. Тўртинчидан, Ўзбекистондаги оммавий ахборот воситаларига ишонч йўқлиги айтиб ўтилган. Муаллифга кўра, потенциал манбалар маълумот беришни истамаслиги ва манбаларнинг ҳимоя қилинмагани (бунга сабаб ҳавфсизлик хизмати ва бошқа органлар босими) ҳали ҳам мавжуд. Ниҳоят, маҳаллий журналистларнинг маълумот йиғиш, тергов, далилларни текшириш ва мақола ёзиш бўйича малакаси йўқлиги ҳам эътироф этилган.
Зайнаб Мухаммад-Дўст – CAAN таҳлилий платформаси билан ишловчи мустақил тадқиқотчи, Ўзбекистон таълим тизими ҳақида фикр билдирди.
Маърузачи Ўзбекистондаги мактабларда малакали ўқитувчилар ва китобларнинг етишмаслигини таъкидлаган. Улардан ташқари бошқа муаммолар ҳам белгиланди: ўқитувчиларнинг текин ишлашга мажбурланиши, кераксиз қоғозбозлик билан шуғулланиши ва яхши мактабларнинг етишмаслиги. Муаллифнинг фикрича, мактаблардаги таълим даражаси паст бўлиши туфайли пулдор ота-оналарнинг репетиторларга ва хусусий мактабларга мурожаат қилишлари одатга айланган.
Алоҳида турган бир муаммо, бу олий таълим соҳасидаги вазиятдир. Олий таълим давлат томонидан бошқариладиган бўлса-да, унга ниҳоятда кам давлат маблағи сарфланади. Қабул этилаётган талабалар сони жуда ҳам оз ва олий диплом эгаларининг миқдори атиги 8,5 фоизни ташкил этади. Тадқиқотчига қараганда, расмийлар бу кўрсаткични 2020 йилга қадар 18 фоизга ошириш ваъда бериб, бир неча янги университетларнинг очишга қарор қилганларини ҳам айтиб ўтди. Аммо, айни пайтда бу чоралар олий таълимга бўлган талабни қондириш учун етарли эмаслиги ҳам таъкидланади. Ижобий ўзгаришлар орасида турли кўчирма ва кераксиз қоғозбозликка қарши йўналтирилган янги “йўл харитаси” айтиб ўтилган. Бироқ, коррупциянинг сақлаб қолиниши, мафкуравий махсус курсларнинг ниҳоятда кўплиги ва хусусий университетларнинг йўқлиги каби масалалар ҳал этилмагани ҳам тадқиқотчи тарафидан эътироф этилган.
Европа Иттифоқи ва Ўзбекистоннинг таълим соҳада бўлган ҳамкорлик ҳақида гапираркан, тадқиқотчи Европа давлатлари мактабларни кўпроқ технологиялар билан таъминлаши, ўқитувчиларнинг малака ошириш курсларини ва бошланғич ва ўрта мактаб ўқитувчиларининг сонини кўпайтириш учун моддий рағбатлантиришни таклиф этиши мумкин, деб ҳисоблайди. Бундан ташқари, Европа Иттифоқи таълим дастурларни тайёрлашда вазирликларга soft skills, яъни “ижтимоий қобилиятлар” ва ижодкорликни ривожлантириш учун ўқув дастурини тайёрлашга ёрдам бериши мумкин, деб ўйлайди. Айни пайтда олий маълумотга эга бўлганлар орасида аёллар улушини сонини бугунги тахминан 39 фоиздан тепага кўтариш ҳам муҳим бир вазифадир. Аёлларнинг олий таълим масканларида камчиликни ташкил этиши мамлакатнинг дунёвий қадриятларига, ҳавфсизлиги ва ривожланишига салбий таъсир қилиши мумкин. Европа Иттифоқи ёрдам дастурлари орқали илм-фан, технология, муҳандислик ва математикага (STEM -science, technology, engineering, and maths) кўплаб Ўзбекистонлик хотин-қизларни жалб этиб, уларни қўллаб-қувватлашни тавсия этади.
Маърузачига кўра, Ўзбекистон олий таълимни ривожлантириш учун давлат дастури (2017-2021 йй.) борасида ташқи донорларни ёрдам ва ҳамкорликка чақирмоқда. Университетларга ҳар йили Европа ва Осиёлик профессорларнинг жалб қилиниши ва хорижий университетлар билан ҳамкорлик учун йўл очилганини ижобий баҳолайди. Мамлакат академик алмашув ва хорижий грантларга янада очиқ бўлиши мумкин, деб ўйлайди. Бу эса малакали мутахассисларни тайёрлаш учун ва Европа Иттифоқининг халқ дипломатиясининг мустаҳкамланиши учун ҳам ажойиб имкониятдир.
Севара Хамидова, EUCAM стипендияси Ўзбекистонлик совриндори, фуқаролик жамиятининг вазиятини таҳлил этмоқда. “Тахминан 15 йиллик сукутдан кейин, Ўзбекистонда фуқаролик жамияти бироз эркинликка эга бўла бошлади ва ҳатто ҳукумат томонидан демократик ўзгариш учун биргаликда ишлашга таклиф қилинди”, деб таъкидлайди у. Мутахассисга кўра, бу ўзгариш сиёсий маҳбусларнинг озод қилинишига, оммавий ахборот воситаларида ижтимоий масалаларнинг муҳокама қилинишига ва нодавлат ташкилотларнинг коррупцияга қарши кураш кампаниясига ҳисса қўшиш учун таклиф этилишига олиб келди. Аммо шу билан бирга, бу жараён диний раҳбарларнинг фаоллашувига ва замонавий турмуш тарзига қарши баъзи ғоялар ва ташвиқотга ҳам эркинлик берди. Ҳамидова вазиятни тузатиш учун “танқидий таҳлил платформаларини ва фуқаролик таълимини ривожланишини қўллаб-қувватлаш, ёшлар билан бирга ишлайдиган нодавлат ташкилотларга ёрдам бериш керак” деб ёзади. Ёшларни қарор қабул қилиш жараёнларига қўшиш, уларни танқидий фикрлаш ва бошқариш қобилиятларига ўргатиш алоҳида ахамият касб этади. Акс ҳолда бугунги анънанавий ва диний қадриятларнинг дунёвий тамойиллардан устун қўйилиш, сиёсатнинг дин таъсири остида қолишига ва шахсий эркинлик ва ҳуқуқларнинг поймол этилиши каби салбий оқибатларга олиб келиши мумкин, деб огоҳлантиради Хамидова.
Европа эътибори ҳақида гапирар экан, муаллиф Брюсселда Ўзбекистонга нисбатан маълум даражада оптимизм борлигини таъкидлаган. Айни пайтда, у Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон ўртасидаги янгиланаётган ҳамкорликнинг қандай бўлишини аниқ эмаслигини ҳам айтиб ўтган. Бу қисқа муддатга мўлжалланган чора-тадбирлар бўладими ёки демократик ва иқтисодий ислоҳотларни қўллаб-қувватлайдиган узоқ муддатли шериклик бўладими? Мутахассис “Ўзбекистоннинг очиқлиги давом этадими ва қанча давом этади? Ўзбекистон ҳукумати инсон ҳуқуқлари, ижтимоий эркинликлар ва демократияга, Ғарбнинг талабларидан қатъий назар, содиқ бўла оладими?” каби саволларни ўртага ташлайди. Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон ўтмишдаги ўз хатоларини такрорламаслиги керак, деб ёзади у. Бунинг учун эса Европада Ўзбекистонни узлуксиз кузатадиган танқидий тадқиқот салоҳияти керак, Тошкент эса ҳозиргача мавжуд бўлмаган таҳлил марказларини ташкил этиши ва олий ўқув юртларнинг тадқиқот қобилиятини мустаҳкамлаши керак, деб тавсия қилади маърузачи.
Минтақавий ҳамкорлик
Марказий Осиё давлатларидан бошқа EUCAM стипендиатлари Ўзбекистоннинг ички ва ташқи сиёсати қўшни мамлакатларда қандай баҳоланганлиги хақида ўз фикрларини билдиришган.
Диана Маматова, Central Asia Program (CAP) стипендияси собиқ совриндори, Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги муносабатларнинг яхшиланиши ҳақида ёзмоқда. Кўп йиллар давомида можаро ва низоларга тўла муносабатлар 2017-йилда президентларнинг сиёсий иродаси туфайли ўзгарди, деб таъкидлайди Маматова. Аммо, мутахассис нуқтаи назарига кўра, давлатлараро ҳамкорлик ҳали барча синовлардан ўтказилмаган. Тошкент ва Бишкек ўртасида умумий чегараларнинг 85 фоизи бўйича тарихий битим имзоланган бўлса-да, қолган 15 фоизи энг баҳсли ерлар ва бешта этник анклавдан иборатдир. Икки мамлакат сув билан боғлиқ масалаларни биргаликда ечишга рози бўлди-ю, аммо ҳанузгача тўлиқ келишув мавжуд эмас. Иқтисодий соҳада 2017 йилда икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми икки баробар ошган. Ўзбекистон келгуси йилларда Қирғизистон билан савдо ҳажмини 500 миллион еврога кўтармоқчи. Аммо бу ҳолат чинакам минтақавий ҳамкорликка олиб келиши ҳозирча ноаниқдир, деб ўйлайди муаллиф. Энг муҳим савол очиқлигича қолмоқда – ушбу “ўзгариш” минтақанинг сиёсий ривожланишига, яъни яхши бошқарув амалиёти, қонун устуворлиги ва инсон ҳуқуқларининг ҳурмат қилинишига олиб келадими, йўқми?
Сергей Маринин, EUCAM стипендияси Қозоғистонлик совриндори, Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги савдонинг кучайганини айтиб ўтмоқда. Айни кўрсаткич 1,1 миллиард евродан 1,7 миллиардга кўпайиши ва 2020 йилда 5 миллиард еврога бориши мўлжал қилинмоқда. Бундан ташқари, Тошкент ва Остона сув ва энергетика масалалари бўйича, айниқса, транспорт ва газни қайта ишлаш бўйича учта йирик инвестицион лойиҳалар ҳақида қатор ташаббусларни амалга оширмоқда. Бу, муаллифга кўра, мамлакатларни иқтисодий жиҳатдан янада яқинлаштиради.
Марининнинг таъкидлашича, Марказий Осиёнинг бешта президенти Остонадаги саммитни фақат ўз ташаббуслари билан ўтказгани минтақавий ҳамкорлик сари муҳим қадам бўлди. Унга кўра, йигирма йиллик рақобатдан кейин ўзбек-қозоқ муносабатлари муваффақиятли минтақавий ҳамкорликнинг муҳим омилларидан бири ҳисобланади. Шунингдек, Қозоғистон 2018-чи йилни “Ўзбекистон йили” деб эълон қилди. Бироқ, муаллиф фикрича, Ўзбекистоннинг ислоҳот жараёни ҳали бошланғич босқичда экани ва қўшни мамлакатларга нисбатан очиқликнинг доимий кафолати йўқлиги кишини ўйлантиради. Айни пайтда, шарҳ муаллифи Қозоғистон ва Ўзбекистон кейинчалик бир-бирини рақиб сифатида кўра бошлаши хавфи эҳтимолини ҳам унутмасликка чақирилган.
Нушофарин Нозирий, EUCAM стипендиясининг Тожикистонлик совриндори, Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги алоқаларнинг асосан Роғун ГЭС қурилишига, ҳамда савдо, транспорт ва чегараларни ривожлантиришга қаратилганини айтмоқда. Ўзбекистон президенти Мирзиёев 2018 йил март ойида Тожикистонга илк расмий ташрифи мобайнида Роғун тўғони қурилиши лойиҳасини имзолади ва икки мамлакат электр энергия ва табиий газ билан ўзаро таъминлашга келишдилар. Аммо ташрифнинг энг кутилган натижаси мамлакатлар орасида виза режимини бекор қилиниши ва тўққизта чегара пунктининг қайта очилиши бўлди. Мутахассис, Тошкент ва Душанбе ўртасида тўғридан-тўғри рейслар қайта тикланишини ҳам олқишлаган.
Ўзбекистон, шунингдек, икки давлат ўртасидаги савдо ҳажмини ошириш учун юк ташиш ва автобуслар учун тўловларни бекор қилиш масаласини ҳам кўриб чиқмоқда. Бу икки давлат учун ҳам жуда муҳимдир, сабабки, улар иккиси ҳам хар томонлама қуруқлик ўралган, бевосита очиқ денгизга чиқиш имконидан маҳрум. Улар Евразия Иқтисодий Иттифоқига қўшилмаган ва қўшни Туркманистон ёки Афғонистон билан савдо алоқалари етарли ривож топмаган.
Нозирий Тожикистон ва Ўзбекистон тарихининг ўзаро яқинлиги, ноёблиги, кўплаб ўзбекларнинг Тожикистонда, кўплаб тожикларнинг Ўзбекистон ҳудудида муқим истиқомат қилишини алоҳида таъкидлайди. Яна бир умумий жиҳат – ҳар икки давлат бугунда нотинч Афғонистон билан чегарадошдир. Муаллиф Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик бутун минтақанинг ривожланиши учун ҳам муҳим омил бўлишига ишонади.