Ўтган икки йил давомида Ўзбекистонда юз берган ўзгаришлар хақида биз мамлакатдаги жараёнларни кузатадиган мустақил мутахассислар билан мухтасар суҳбат олиб бордик. “Америка овози” телерадиоси журналисти Навбаҳор Имомова, Алишер Илҳомов, “Очиқ Жамият Фонди”нинг Евроосиё дастури мутахассиси, журналист Ҳайрулло Файз Ўзбекистондаги энг муҳим ўзгаришлар, мамлакат ҳақида мавжуд “афсона”лар ва номаълум нарсалар юзасидан фикр билдирдилар.
Мустақилликдан 27 йил сўнг ва Ислом Каримов вафотидан 2 йил ўтгач, Ўзбекистон жамиятида (одамларида) содир бўлаётган энг муҳим ўзгариш нималардан иборат деб ўйлайсиз?
Навбаҳор Имомова:
Ислоҳотлар бошланди. Улар халқ хоҳлаганидек жадал ва сермаҳсул эмас, лекин ўзгариш қилиш учун ирода бор. Узоқ вақт мобайнида Ўзбекистон бундан яхшироқ яшашга ва бундан ортиғини исташга қодир эмас, деган қараш шаклланган эди. Мана шу қараш асоссиз экани исботлана бошлади. Халқ ўзгариш қилиш осон эмаслигини, бу нафақат бошқарув балки ҳар бир фуқарога боғлиқ эканини тушуна бошлади. Одамлар билан гаплашсангиз, улар ва биз хоҳлаган прогрессга эришиш учун қаттиқ меҳнат қилиш кераклигини тан олишади. Чорак аср “буюк келажак қураяпмиз” деган пропаганда остида яшаган халқ бугун бутун тизимни ва ҳар бир жабҳани ислоҳ қилиш кераклигини тушуниб етган. Жамоатчилик сиёсат нима экани ва сиёсий қарорлар уларнинг ҳаётига қанчалик таъсир кўрсатишини муҳокама қилиб, раҳбарлар ва мутассаддилардан ўз вазифасини бажаришни талаб қила бошлади. Жамоатчилик орасида, хусусан ижтимоий тармоқларда, хилма-хил мавзуларда мунозара кетмоқда. Буларнинг ҳеч бири кенг миқёсда эмас, лекин сезиларли даражада кечмоқда.
Алишер Илҳомов:
Каримовнинг вафотидан сўнг бир неча асосий ўзгаришларни айтиб ўтар эдим:
а) Ўзбекистон қўшнилари Қирғизистон ва Тожикистон билан алоқаларни яхшилади. Илгари Каримов бошчилигида бу муносабатлар совуқ уруш сари кетаётгандек эди.
б) Валюта алмашуви соҳасида бошқариш бироз эркинлаштирилганини кўрдик. Валютанинг расмий ва қора бозор нархлари ўртасидаги фарқ йўқолган. Каримов даврида бу фарқ жуда катта бўлган ва мамлакатнинг иқтисодий тараққиётига тўсиқ бўлиб, сармоядорларни қўрқитадиган омил эди.
в) ОАВ учун вазият бироз яхшиланди. Матбуот эркинлиги ва сўз эркинлиги ҳали тўлиқ таъминланмаган бўлсада, Ўзбекистондаги оммавий ахборот воситалари ҳақиқатни ёритишда анча жасур бўлмоқда. Мақолаларда танқидий овозлар кўпроқ учрамоқда.
г) Пахта етиштиришдаги мажбурий меҳнат муаммоси мавжудлиги расмий даражада тан олинди. Аммо ҳукумат бу амалиётни тугатиш мажбуриятини қандай ижро этилишини ҳали аниқламаган ва пахта сектори ҳали ислоҳ қилинмаган.
д) Миллий ҳавфсизлик хизмати ислоҳ қилинди. Кўзга энг ёмон кўринган раҳбарлар ишдан олинган. Бироқ, ушбу хизмат ҳалигача сиёсий полиция вазифасини бажармоқда.
е) Солиқ тизимида ислоҳот ўтказилиши кутилмоқда
ж) Бир неча виждон тутқунлари озодликка чиқарилди. Аммо улардан ҳеч ким маҳбусликда бўлган йиллар учун тўлиқ реабилитация қилинмаган ва компенсация олмаган.
Ҳайрулло Файз:
Мустақилликдан кўп ўтмай Ўзбекистон диктаторлик унсурлари бўлган авторитар тузумга асир бўлди. Бу жараён Ислом Каримов ўлимига қадар давом этди. Бундан бир неча йил аввал хорижий экспертлар билан бир суҳбатда Ўзбекистон ва Марказий Осиёда хавфсизлик масалалари ҳақида сўз борар экан, турфа тахминлар ўртага ташланганди. Сув заҳираларидан тортиб диний ақидапарастликка қадар хатарлар саналганди. Мен ўшанда Марказий Осиёда бир шахс муаммоси бор, бу муаммо ўртадан кўтарилиши билан вазият ўзгаришини айтган эдим. Очиғи, бу барча башоратларга қарши бир қараш эди ва ўзим ҳам бунинг илмий ва сиёсий асосларини тўла кўрмаган эдим. Фақат Ўзбекистон ва минтақа Каримов даврида бўлган зулм ва мисли кўрилмаган иҳоталаш сиёсатига ортиқ тоқат қилолмайди деб ишонар эдим. Бугун президент Мирзиёев олиб бораётган сиёсат ана шу қарашнинг исботи бўлмоқда. Ҳозирги сиёсат икки йил аввалгисидан фарқ қилади ва бу фарқни бугун икки йил аввал Ислом Каримовни ота деб атаётганлар ҳам олқишлашмоқда. Бу олқишлар табиий ва ё нотабиийлигидан қатъий назар, бугунги реалликдир. Бу реалликни икки йил аввал аксарият одамлар тушда ҳам кўришмаган эди.
Ўзбекистон ҳақида чет элда энг кенг тарқалган “афсона” нима?
Навбаҳор Имомова:
Сиз, назаримда, “афсона” деб нотўғри тасаввур хусусида сўраяпсиз. Уйдирма, десак ҳам бўлади.
Бири шуки, Ўзбекистон Самарқанд, Бухоро ва Хива каби эртаксимон шаҳарлардан иборат. Бу тасаввурга Ўзбекистоннинг ўзидан чиқадиган ўта экзотик мазмундаги видеолар ҳам куч бериб туради. Уларда ҳозирги Ўзбекистонни кўрмайсиз.
Иккинчиси шундан иборатки, Ўзбекистон – азоб-уқубат макони. Нотинч эмас лекин одамлар қашшоқ, мамлакатда замонавий инфраструктура йўқ ва ҳукумат ҳеч қандай хизмат кўрсатмайди.
“Афсона”лар кўп ва уларнинг ҳар бирида озгина бўлса ҳам ҳақиқат бор. Лекин, афсуски, дунё аҳли аксарият ҳолларда ҳар қандай манзарани оқ ва қора рангларда кўради ва таҳил қилади.
Алишер Илҳомов:
Халқаро доираларда Ўзбекистонда ислоҳотлар ўтказилаётганлиги ва очиқлик сари бораётганлиги ҳақида гапира бошлашди. Бундан ҳам кўпроқ ислоҳотлар кутилмоқда. Ҳозир энг мухим нарса, ана ўша умидларни қондириш. Ўзбекистон ҳали юқори даражада коррупцияга эга ва фуқаролар эркинликларини чеклайдиган авторитар бир давлат сифатида кўринмоқда. Ўзбекистон замонавий стандартларга жавоб берадиган ривожланган давлатлар сафига қўшилиши учун ҳали анча йўл бор.
Ҳайрулло Файз:
Ўзбекистон ҳақида бундан икки йил аввал тарқалган қараш афсона эмас эди. Бу реаллик инсон ҳуқуқлари мисли кўрилмаган равишда топталадиган, ўз халқини Андижонда қирғин қилган ва маҳбусларни қайноқ сувда куйдирган бир мамлакат эди. Болаларни мажбурий ишлатадиган, Президент оиласидан тортиб кўчадаги милиция ходимига қадар бўғзигача коррупцияга ботган бир мамлакат сифатида танишарди. Бугун бу ўтмишга айланди. Ўтмишда қолгани рост бўлсин.
Аксинча, хорижий аудиторияга Ўзбекистоннинг мавҳум қолаётган томонлари нима деб ўйлайсиз?
Навбаҳор Имомова:
Ўзбекистон аҳли ҳиссиёт ва хаёлот оламида яшайдиган, қолаверса анча романтик халқ. Индивидуализм йўқ. Ҳамма ҳамманинг ҳаётига хўжайин. Одамлар ўз ҳиссиётлари ҳақида очиқ гапирмайди. Лекин ички дунёлари бой. Эътибор билан кузатсангиз, аслида одамлар севги-муҳаббат истайди. Ҳақиқий бахт нима эканини ҳис этишни хоҳлайди. Лекин ўз туйғуларини бошқалар билан баҳам кўришни маъқул кўрмайди. Ўзаро ишонч паст, қолаверса уялади. Бу фақат Ўзбекистон халқига хос ҳолат эмас, лекин бу юрт одамлари шундай экани ҳақида маълумот деярли йўқ. Буни билиш учун у ерда яшаш керак, одамлар орасида бўлиш керак.
Алишер Илҳомов:
Ўзбекистондаги коррупция муаммосини кўпроқ таҳлил қилар эдим. Масалан, Ўзбекистон коррупциянинг олдини олиш учун механизмлар ташкил этишда сезиларли ютуқларга ҳали эришмаган.
Ҳайрулло Файз:
Хорижликларнинг билганидан билмагани кўпроқ. Мамлакатнинг инсоний потенциалидан тортиб, меҳмондўст халқи, қадимий ёдгорликлари ва буюк тарихи ҳамон дунё ҳамжамияти учун тўла очилгани йўқ. 26 йил ичида жуда кўп муваффақиятларга эришиш мумкин эди. Кечроқ бўлса ҳам дунёга очилаётганимиз яхши… Бардавом бўлсин!
Чет эллик китобхонлар учун ёзилган мақолада Ўзбекистонда ўтказилаётган ислоҳотларни қандай жумла билан тавсифлаб берардингиз?
Навбаҳор Имомова:
Секин, кўп ҳолларда суст, лекин бошланган ва давом этмоқда. Уларнинг қай томон кетиши халқнинг ўз қўлида. Унга халқаро ҳамжамиятдан ёрдам ва қувватлов керак, ҳар соҳада.
Алишер Илҳомов:
Ўзбекистон ўзгармоқда, аммо тўлиқ ўзгариш учун ҳали узоқ бир йўл бор. Энг муҳим нарса бу ислоҳотлар йўлидан қайтмаслик ва уларни давом эттириш.
Ҳайрулло Файз:
Бу осон эмас. Ҳали бундай бир жумла шаклланмади. Ҳозир ёзилаётган деярли ҳар бир мақолада том маънода зулмат ўтмишимиз соясини кўриш мумкин. Ҳар бир чиқишда Каримов даври эсланади ва бундан ҳеч чўчимаслик керак. Бу бизнинг ўтмишимиз. Бошқа томондан кийим кир бўлса ювиб кийиб кетаверасиз. Кири кўпроқ бўлса узоқроқ ювасиз. Айни ўхшатиш қанчалар қўпол бўлмасин, ҳақиқатдир. Кийимларимиз тоза ва ё янги бўладиган даврлар узоқ эмас, деб умид қиламан.