Ўзбекистоннинг замонавий Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти, Туркманистоннинг Дашҳовуз вилояти бир замонлар Хива хонлиги ёкиХоразмни ташкил қилган. Аҳолиси хонликни шундай деб аташни маъқул кўрган. Амударёнинг қуйи оқимидаги суғориладиган текисликларда жойлашган Хоразм мўғуллар босқини вақтида деярли бутунлай вайрон қилинган.
XVIII асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб Хоразм туркий мўғулларнинг Астрахандан келган қўнғирот уруғи ҳукмронлиги остида бўлган. Бироқ ички барқарорликка суғориладиган ерлар етишмаслиги, қабилалар ўртасидаги низолар, босқинлар ва қулдорлик сабаб путур етган. Рус қўшинлари Хивага 5 марта ҳужум қилган ва фақат 1873 йилга келибгина ҳарбий муваффақиятга эришган. Хива хонлиги Россия протекторатига айланган (қарам бўлган, айни чоқда унинг ҳуҳуди ҳам анча–мунча қисқариб кетган. 1920 йилда хонлик Хоразм Халқ Совет Республкасига айлантирилди, аммо кейинчалик бу ҳудуд Ўзбекистон ССР, Туркманистон ССР ва Қорақалпоғистон автономияси ўртасида тақсимланиб кетди.
Хива хонлиги ҳақида бизга тарихчи Нигора Алаева сўзлаб беради.
Марказий Осиё тарихида Хоразм, унинг ҳудудига Чингизхон қўшинлари бостириб кириши билан боғлиқ алоҳида фожиали саҳифа бор, у Хоразмшоҳни шахсий душмани деб билган. Мўғуллар босқинидан сўнгги вайронагарчиликлар даҳшатли бўлган. Хоразмшоҳ мўғуллар босқинидан олдин қандай шахс эди ва босқиндан сўнг кимга айланган?
Мен гапни мўғуллар босқинидан олдинги даврдан бошламоқчиман. Хоразм – Амударёнинг қуйи оқимидаги, Орол денгизига қуйилиш жойидаги ҳудуд. То шу кунгача унга туташ ҳудудда кўплаб қадимги деҳчончилик маданиятлари ўчоқлари кашф қилинган ва ўрганилган.
Милоддан олдинги иккинчи минг йиллик ўртасида бу ерларда ривожланган ирригация, техника мавжуд бўлган, улар милоддан олдинги биринчи минг йиллик янада юксакроқ даражага эришган. Ўша вақтдан бери Хоразм Ўрта Осиёнинг ва бутун форсий оламнинг энг муҳим иқтисодий ва маданий марказларидан бирига айланган. Шунинг учун тарихчилар таъкидлашича, буюк жаҳонгирлар: ҳоқонлар, соҳибқиронлар Хоразмнинг ўзига бўйсунишини улкан дастак ва обрў деб билган. Бунга XVI асрда ёзилган Муҳаммад Солиҳнинг “Шайбонийнома” ва Муҳаммадёр ибн Араб Қатағоннинг “Мусаххар ал–билод” (“Мамлакатларнинг эгалланиши”) сингари асарларини мисол қилиб келтиришим мумкин. Хоразм ҳам стратегик, ҳам жуғрофий нуқтаи назардан муҳим аҳамият касб этган, чунки унинг ҳудуди орқали асосий карвонлар маршрути ўтган, ушбу минтақанинг катта қисми таркибига Қорақум ва Қизилқум чўллари кирган.
Шунинг учун минтақанинг ҳам иқлимий, ҳам стратегик ўзига хосликлари ҳар доим алоҳида ўрин эгаллаган. Чингизхон босқинидан олдин бу ерда сунъий суғориш тизими яратилган ва у қадим замонлардан бери мавжуд бўлган. Айни ҳол унинг бутун минтақа марказига айланишига сабаб бўлган. Шунинг учун ўша вақтга қадар, айниқса, Ануштегинлар сулоласи Чингизхонга кескин қаршилик кўрсатган. Улар XI асрдаёқ нафақат минтақада мустақил давлат, қолаверса, ўзига хос империя барпо этган. Хоразм минтақада ҳам иқтисодий, ҳам сиёсий, ҳам ҳарбий нуқтаи назардан обрў–эътибор қозонган, у XI асрдан бошлаб Сажуқийлар давлатига қаршилик кўрсатган, у пайтда Хоразмда Қутбиддин Муҳаммад Хоразмшоҳ, сўнгра Отсиз Хоразмшоҳ ҳукмронлик қилган, Чингизхон бостириб келган пайтда уни Алоуддин Муҳаммад Хоразмшоҳ бошқараётган эди. Кучли қаршилик кўрсатилди, аммо таассуфлар бўлсинки, ўша пайтга келиб, катта давлатни бошқариш, айниқса, чекка ўлкаларни, чегара постларини назорат қилиш жуда қийин бўлган. Турли сиёсий низолар, келишмовчиликлар ва ҳокимият учун кураш ушбу империяни заифлаштириб қўйган. Шу маънода Чингизхон билан хоразмшоҳлар ўртасидаги низоларга сабаб бўлган бу ҳолатлар бир баҳона бўлган, холос. Бу гапимни бошқа тарихчилар ҳам тақдиқлайди, деб ўйлайман. Масалан, Чингизхон элчиларига Хоразмда ҳурматсизлик кўрсатилиши, Ўтрор шаҳрида карвоннинг таланиши – расмий қараш. Аслида Чингизхоннинг режалари миқёсига бу ўлкани босиб олиш киргани табиий, қаттиқ қаршилик кўрсатган минтақа босиб олингандан сўнг қаршилик кўрсатганларнинг тақдири жуда оғир ва қайта тикланиш жуда қийин кечган. Шу маънода Хоразмнинг тақдири ўта оғир бўлди. Биламизки, у ўша воқеалардан олдин маданият маркази бўлган ва у ерда Беруний ва Ибн Сино сингари олимлар яшаб ижод қилган. Ўша пайтнинг кўплаб олимлари ал–Хоразмий нисбасига сазовор бўлган.
Хоразм илм–фан, маданият маркази эди ва Чингизхон босқинидан сўнг бу мақомидан маҳрум бўлган. Улус, Чиғатой улуси замонига келиб эса, Хоразм бу мамлакат таркибига кирган ва олдинги шуҳратини тиклаган. Аммо Амир Темур даврида Хоразм султонлари мустақил бошқарувини сақлаб қолишга интилган. Шу маънода Хоразм ҳар доим катта ҳужумларга учраб турган ҳамда маданият ва бошқа соҳаларда қаттиқ зарар кўрган.
Тарихи Чингизхонга ва ўғли Жўчи Шибанга бориб тақаладиган Арабшоҳлар сулоласи Хоразмни 200 йил – XVI асрдан то XVIII аср бошига қадар бошқарган. Яъниким, Марказий Осиё минтақасининг ушбу қисми учун ҳукмдорнинг Чингизхон авлодидан келиб чиқиши қонунийлиги муҳим бўлган. Ушбу сулола Хоразмда нимаси билан эсда қолди? Унинг таназзули ва Эрон шоҳи Нодиршоҳ билан қарама–қаршилиги ҳақида гапириб берсангиз.
Биласизми, Арабшоҳлар сулоласи тарихи – Хоразм тарихининг энг кам ўрганилган даври. Яхши ҳамки, мен бунга эътибор қаратдим ва кўплаб тафсилотларни келтиришим мумкин. Аммо, назаримда, ўша тафсилотларни битта суҳбатга жойлаштириб бўлмайди, шу боис энг ёрқин лаҳзалар ва ўзига хосликларни кўрсатиб беришга ҳаракат қиламан.
Сиз легитимлик (ҳокимиятга қонуний йўли ёки ўрнатилган таомил билан келиш) ҳақида гапирдингиз. Умуман, Арабшоҳлар сулоласининг ҳокимиятга келиши – мен буни монографиямда қайд этганман – ушбу сулола вакилларининг ҳокимиятга келишини Қипчоқ дашти чингизийлари билан Хоразм киборлари ўртасидаги ўзига хос келишув сифатида қараш керак бўлади. Абулғозий Баҳодирхоннинг “Шажарайи турк” асарида бу ҳақда батафсил маълумот берилади. Маълумки, 1510 йилда Муҳаммад Шайбонийхон билан Исмоил Сафавий қўшинлари ўртасида тўқнашув юз берган. Бухорода ҳокимият ўрнатган Арабшоҳлар, Муҳаммад Шайбонийхон ва шайбонийлар амакиваччаларнинг ўғиллари бўлганини қайд этиб ўтиш жоиз. Улар – бир сулоланинг икки тармоғи, шунинг учун Хива шайбонийлари ва Бухоро шайбонийлари сифатида ном қозонган. Улар – бир сулола, бир кишининг авлодлари, шунинг учун арабшоҳларнинг Хивага ва шайбонийларнинг Бухорога келиши бир вақтда юз берган эди. Аммо бу ҳолга турли томондан назар солиш керак бўлади, чунки Муҳаммад Шайбонийхон Бухоро билан Самарқандга Дашти Қипчоқдан бостириб кирган ва у ерларда ҳарбий тўқнашувлар бўлган. Аммо Хивадаги вазият бутунлай бошқача бўлган. У ерда 1510 йилда, қайд этиб ўтганимдек, Марв шаҳри яқинида Муҳаммад Шайбонийхон билан Исмоил Сафавий ўртасида тўқнашув юз берган ва жангда Шайбонийхон ҳалок бўлган. Унгача 1505 йилда Муҳаммад Шайбонийхон Хоразмни забт этгандан сўнг уни ўз давлати таркибига қўшиб олган эди, шу боис кейинчалик Хоразм ҳудуди ўз–ўзидан Сафавийлар (Эрон) ва Исмоилшоҳ қўлига ўтган. Бироқ 1510 йилда жуда қисқа вақт мобайнида – бир йилча дейиш мумкин – қўзғолон тайёрланган ва Вазир шаҳри халқи қози Умар бошчилигида қўзғолон ҳозирлаб, барча қизилбошларни (бош кийими – салладаги 12 та қизил чизиқ 12 нафар шиа имомини билдирган), яъни Эрон қўшинлари ва Исмоилшоҳ вакилларини мамлакатдан ҳайдаб чиқарган. Шундан сўнг улар машҳур ва ҳурматли шахс – Саид Отанинг авлоди Ҳисомиддин Қиттолга мурожаат этиб, тахтни эгаллаб, ўз подшоҳи сифатида эълон қилишини истаган. У эса ҳокимият легитимлиги ҳақида гапирган. “Шажарайи турк”да айтилишича, Ҳисомиддин Қиттол шундай деган: “Яхши, аммо халқ менинг ҳокимиятимни тан олган тақдирда ҳам, эртага менинг амалларим билан келиша олмаслиги мумкин. Келинглар, мен сизларга асл подшоҳни топиб, тавсия қиламан”. У ҳақиқий подшоҳ деганда, ҳокимиятни эгаллашга легитим ҳаққи бор кишини, яъни чингизийларни назарда тутган эди, чунки XVI асрда ҳам давлатни бошқаришда тахтни эгаллаш ҳуқуқи чингизийларга тегишли, деган анъанага амал қилинган. Шунинг учун у ўша пайтда Дашти Қипчоқда бўлган Элбар султонни тавсия қилган. Султон таклиф этилган ва Хоразм киборлари билан келишилган ҳолда кичик ҳарбий бўлинмаси ҳамроҳлигида етиб келган ва шаҳар ташқарисида кутиб турган. Қизилбошлар ҳайдаб чиқарилгандан сўнг Элбар султон Вазир шаҳрига таклиф этилган, ўша ерда катта зиёфат – тўй уюштирилиб, “хон кўтариш” маросимида тахтга ўтқазилган. “Хон кўтариш” хонни оқ қигизга ўтқазиш орқали амалга оширилган. Айни маросим уюштирилиб, у Хива хони деб эълон қилинган. Аввалбошданоқ легитимлик ва чингизийлар оиласи билан алоқа Хива хонлиги ташкил топишида муҳим рол ўйнаган. 1511–1512 йилдан эътиборан адабиётларда ҳам, манбаларда ҳам Хоразм хонлиги ташкил топгани қайд этилади. Шу тариқа Арабшоҳлар сулоласи Хоразмда тинч йўл билан ҳокимиятга келди. Хабарингиз бор, совет давридаги кўплаб илмий ишларда қуйидаги концепция бўлган: негадир Бухоронинг эмас, айнан Хива хонлигининг бутун тарихи қора бўёқларда тасвирланган, гўё бунга ўзаро келишмовчиликлар, ташқи дунёдан узилиб қолган ва дунёнинг энг қолоқ ҳудуди сабаб бўлган эмиш.
Яқин вақтларга қадар бундай концепция мавжуд эди, чунки бу ерда Россия империясининг қаршилиги ўта кучли бўлган. Барча адабиётларда ҳарбий ҳаракатлар, ўзаро келишмовчиликлар ва ҳуқуқсизлик тавсифланган. Шунинг учун бу ҳақда мўл ва кўл ёзилди ҳамда ҳамма қабул қилган концепцияга ҳам айланди. Мен эътиборни мана шу сулола ҳукмронлиги даврида қилинган яхши ишларга, ўша давр Хоразм тарихда қандай из қолдирганига қаратмоқчиман. Арабшоҳлар сулоласининг бир неча ҳукмдори, ёрқин шахслари ва етакчиларини санаб ўтмоқчиман. Масалан, Ҳожи Муҳаммадхон 1558 йилдан бошлаб мамлакатни 44 йил бошқарган. Ҳукмдорлар тахтда бир йил ҳам ўтира олмаган олатасир даврларда бу хон мамлакатда 44 йил ҳукмронлик қилган эди. Бу – жуда узоқ муддат ва жуда кўп нарсани англатади. Дарҳақиқат, XVI аср ўртасидан XVII аср бошига қадар Арабшоҳлар – сиёсий вазиятни барқарорлаштириш даври бўлган. Ҳожи Муҳаммадхон қўшни мамлакатлар – руслар давлати ва Эрон билан халқаро алоқаларни ўрнатиш ва ривожлантиришга катта эътибор қаратган. Яна қалин савдо–сотиқ алоқалари ўрнатилган: кўплаб карвонлар рус ерлари, Эрон, Туркия – ўша пайтдаги Усмонлилар империясига жўнатилган.
Яна унинг ўғли Араб Муҳаммадхон ҳам довруқ қозонган, у XVII аср бошидан – 1602 йилдан тахтни эгаллаган. Лекин ҳукмронлиги охирига бориб, 1621 йилда унинг ўғиллари ўртасида ички урушлар авж олиб кетган. Аммо унга қадар маданий юксалиш бўлганини айтиб ўтишни жоиз деб биламан. 1613 йилда Араб Муҳаммадхон Хивада Араб Муҳаммадхон мадрасасини қуришга буйруқ берган. Яна суғоришга, янги ерларни ўзлаштиришга катта эътибор берилди. Манбаларда алоҳида қайд этилишича, иқтисодиётни барқарорлаштиришга улқан ҳисса қўшилди, ўша пайтда Хива ўзини ғалла билан таъминлай олган. Кўп миқдорда буғдой экилган, ҳатто “Шажарайи турк” китобида тавсифланишича, тариқ экилган ер майдонларини отда 10 кунда ҳам айланиб чиқиб бўлмаган. Ғалла шу қадар кўп экилганки, буғдой сотиб олиш учун Қозоқ даштидан, қўшни минтақалардан қорақалпоқлар ва Манғишлоқ туркманлари келиб турган. Шу маънода Араб Муҳаммадхон ҳукмронлиги бақарорлаштириш даври бўлган. Бироқ афсуски, XVII асрнинг 20–йилларига келиб, турли мухолифат кучлари мавқеи ортган. Абулғозихон Баҳодирхон таъкидлашича, бунга хоннинг ўзи сабаб бўлган. Араб Муҳаммадхоннинг ўғли, Арабшоҳларнинг энг ёрқин вакили ёзувчи ва тарихчи сифатида от қозонган. У “Шажарайи турк” асарида отасининг мулойим табиатлилиги бундай келишмовчиликлар, сиёсий низолар ва беқарорликка олиб келганини, шу боис унинг катта ўғиллари отасига қарши исён кўтарганини ва ҳокимият учун кураш бўлганини ёзиб қолдиради. Аммо орадан бироз вақт ўтиб, 1644 йилда бир қанча кескин вазиятлардан сўнг ҳокимиятни Абулғози Баҳодирхон эгаллайди. Буни барча тарихчилар ва филологлар қайд этган. Унинг асарлари маълум ва машҳур, айниқса, филологлар уларни жуда яхши ўрганган.
Абулғози Баҳодирхон – тарихчи ва шоир, унинг “Шажарайи турк” ва “Шажарайи такрокима” деган машҳур асарлари бор. Яна у доривор гиёҳлар ва даволаш ҳақида “Манофе ул–инсон” (“Инсон учун фойдали тадбирлар”) рисоласини ҳам ёзган. Шу маънода Абулғози Баҳодирхон Арабшоҳларнинг энг ёрқин вакили ҳисобланади. Ҳукмронлиги даврида у маъмурий ислоҳот ўтказган, барча лавозимларни тартибга келтирган ва саройда етакчи амалдорлар сифатида 32 кишини тайинлаган.
Ҳокимиятнинг марказлашуви, табиийки, чегаралар ҳудудини мустаҳкамлаган. Ҳарбий ютуқлар ва иқтисодий масалада Ҳиндистон, руслар давлати ва бошқа мамлакатлар билан алоқаларни, савдо–содиқ ва дипломатия муносабатларини яхши ривожлантирган. Шу сабаб Абулғози Баҳодирхон ҳукмронлиги Хоразм тарихидаги энг муваффақиятли давр бўлган. Арабшоҳлар сулоласи чиндан ҳам Хоразм тарихида ўз изини қолдирди.
Эрон шоҳи Нодиршоҳ истилосига келсак, у 1740 йили Бухорони босиб олгандан сўнг Хоразм сари йўл олди. Бу ерда у қаттиқ қаршиликка дуч келди. Хоразмнинг барча шаҳарлари ва қалъалари қадим замонлардан бошлаб мустаҳкам қилиб қурилган, чунки дашт билан иқлим алоҳида эътиборни талаб этган. Шунинг учун нафақат Нодиршоҳ ёки бошқа ҳукмдорлар, ҳатто соҳибқиронлар ҳам бу жойларни эгаллаши осон бўлмаган. Босқин пайтида ҳукмдор бўлган Илбарсхон, яъни Илбарсхон II чин маънода қаттиқ қаршиликни ташкил этган. Ҳонқа шаҳри яқини ва бошқа ҳудудларда қақшатқич жанглар бўлган.
Бошқа иложи ҳам йўқ эди. Нодиршоҳ 20 нафар султон бирга Илбарсхон ва яқинларини асир олиб, қатл этди. Энди ҳукмдорсиз қолган Хоразм киборлари Нодиршоҳнинг олдига чиқади. Яна кам ўрганилган тафсилотларни ҳам қайд этиш зарурки – мен уларни монографиямда форсий манбалардан, жумладан, Муҳаммад Козимнинг “Номайи оламоройи Нодирий” (“Нодиршоҳнинг оламга безак бўлувчи тарихи”) асаридан келтирганман, у ўша китобида бу ҳақдаги тафсилотларни келтиради. Ёзилишича, Нодиршоҳ яқинлашиб, ўша пайтда Хива хонлиги пойтахти бўлган Хива марказига киргач, барча амалдорлар, беклар ва султонларни йиғиб, уларга мурожаат қилади: “Ораларингизда ушбу минтақадаги ҳокимиятни беришим мумкин бўлган киши борми?” Яъниким, у маҳаллий киборлар фикрига қулоқ солади, чунки, айниқса, шарқда, Ўрта Осиёда, Марказий Осиёда легитимлик муҳим рол ўйнашини яхши тушунар эди. Шу сабаб у сўрайди: “Мен кимни Хоразмдаги ўз вакилим, ҳукмдор қилиб тайинлашим мумкин?” Шунда Хоразм киборлари ўртага чиқиб, шундай дейди: “Биз сизнинг ҳар қандай қарорингизга розимиз, танловингизни ҳурмат қиламиз, аммо кўп асрлардан бери, Чингизхон давридан бери, Ясоқ (Чингизхоннинг қонунлар тўплами), мўғуллар қонунларига кўра, бизни чингизийлар вакили бошқариши керак, шунинг учун биз бу оила олдида бошимизни эгамиз, биз ушбу оила вакилларидан исталган кишини қабул қилишга тайёрмиз”. Нодиршоҳнинг ёнида ўзига хизмат қилиб юрган Тоҳирхон бор эди. У чингизийлардан бўлган ва шоҳ уни Хоразмдаги вакили этиб тайинлаган эди.
Шундай қилиб, чингизийлар омили давлат боқарувида ҳар доим таъсир кучига эга бўлганини, ҳатто босқинчилар ҳам мана шу қоида билан ҳисоблашганини кўряпмиз.
Қўнғиротлар сулоласи келиб чиқишига кўра, Чингизхонга бориб тақалмаган. Унинг келиб чиқиши қандай ва қўшни Бухорода ҳукмдор бўлган Манғитлар сулоласидан нимаси билан фарқ қилади?
Машҳур турк олими Исамбек Тўғон асарида қайд этишича, Қўнғиротлар сулоласи она тарафдан Чингизхон билан боғланган, Чингизхоннинг аёллари қўнғиротлардан, яъни туркийларнинг қўнғирот уруғидан бўлган. Бу манбаларда ҳам қайд этилган. XIV–XV асрларда Хоразмда Сўйилар сулоласидан Чин сўфилар ҳукмронлик қилган. Уларнинг келиб чиқиши қўнғирот бўлган, шунинг учун ўзбек олимлари таъкидлашича, қўнғиротларнинг XVIII асрнинг иккинчи ярмида ҳокимиятга келиши айни сулола вакилларининг тахтни эгаллаш йўлидаги иккинчи уриниши бўлган. Биринчидан, улар манғитлардан фарқли бўлган. Иккинчидан, мен алоҳида қайд этмоқчи бўлган жиҳат шуки, ҳокимиятни легитимлаштиришда ҳарбий куч имтиёзи деган усул бор. Ҳокимиятни эгаллаётган сулола устунлигини ҳарбий ютуқлар билан кўрсатиши, мамлакатни ташқи кучлардан озод қилишда иштирок этиши керак бўлган. Бу қандай юз беради? Айтиб ўтганимдек, 1768–1769 йилларда турли табиат ҳодисалари, иқлим билан боғлиқ ўзгаришлар кузатилган. Шу сабаб қурғоқчилик юз бериб, Хоразм халқи бошига оғир кунлар тушган. Маълум вақт бундан Хивада туркманларнинг ёвмид қабиласи вакиллари мақсадларига эришиш йўлида фойдаланган. Шу туркман уруғлари Хивада куч ишлатиб, ҳокимиятни эгаллаган, ўша пайт Қўнғирот уруғи вакили Муҳаммад Амин Иноқ (“иноқ”, тахминан, вазир мақомида, шу билан бирга, лавозим ва унвон) мамлакатни ёвмидлар ҳужумидан озод қилиш масъулиятини зиммасига олади. Шунинг учун у дастлаб Бухоро амиридан ёрдам сўрамоқчи бўлади, аммо таассуфки, бунинг иложи бўлмайди. У ўшанда ҳам ҳеч қандай ёрдам олмайди, кучларни бирлаштириб, ҳокимиятни қайтариб олишга, зикр этилган туркман қабилаларини ҳайдаб чиқаришга, ҳокимиятни қонунан эгаллашга муваффақ бўлади. Лекин улар ҳам ҳокимиятга қўғирчоқ хонларни чиқариш усулидан фойдаланади. Бундан хабарингиз бор. Нодиршоҳдан сўнг бир давр чингизийлар авлодлари деб аталган номига хон бўлган кишилар тахтга ўтқазилган, аслида эса маҳаллий киборлар ҳукмронлик қилган. Қўнғиротлар 1762 йилдан бошлаб сиёсий ҳокимиятни қўлга олган. XVIII аср 70–йилларида ҳокимият ўзгариб, қўнғиротлар ҳокимиятни эгаллаган. Улар легитимлаштиришнинг мана бундай усулидан фойдаланган: тахтга қўғирчоқ хонни ўтқазиб, амалда ҳокимиятни ўзи бошқарган. Бироқ 1806 йилда қўнғиротларнинг узоқларни кўзлаган вакили Элтузархон ўша қоидани бекор қилган. У ўзини хон деб эълон қилиб, хон унвонига эга бўлган. У чегара ҳудудини мустаҳкамлаш учун Бухоро хонлиги ҳудудига бир неча ҳарбий юриш уюштиради. Сўнгги жангларидан бирида мағлубиятга учраб, чекинаётган пайтда Амударёга чўкиб кетади. Яна қисқа вақт қўғирчоқ хонларни тахтга ўтқазиш анъанаси тикланади, аммо орадан 5 ой вақт ўтгач, қўнғиротлар расман хон унвонига эга бўлади. Уларнинг охиригача ўзини хон эмас, амир деб атаган манғитлардан фарқи шунда эди. Шунинг учун кейинчалик ўзини хоразмшоҳлар, қадимги хоразмшоҳлар ворислари деб атаб, ҳокимиятини легитимлаштиришга ҳаракат қилган. Қўнғиротлар кейинчалик келиб чиқиши хон бўлганлик ҳуқуқи сабаб хон унвони билан ҳукмронлик қилишни давом эттирган.
Маълумки, Хоразмда ирригация ва сувга алоҳида аҳамият берилган. Ҳатто Амударё ўзанининг ўзгариши пойтахт бир жойдан бошқа жойга кўчишига сабаб бўлган. Бу хонлик иқтисодиётига қандай таъсир кўрсатган?
Албатта, суҳбатимиз бошида айтиб ўтганимдек, ирригация, иншоотлар ва сунъий суғориш тизимларини барпо этиш Хоразмнинг илм–фан ва маданият маркази сифатида оёққа туришига хизмат қилди ҳамда бу жуда катта таъсир кучига эга бўлди. Амударё бир неча марта ўзанини ўзгартирган. Бунинг оқибатида Хоразм маркази бўлган Қиёт шаҳри чўлу биёбонга айланган. Вазир шаҳри ҳам шундай қисматга дучор бўлган, у вақт ўтиши билан пойтахт сифатида аҳамиятини йўқотган. Яна Кўҳна Урганчни айтишим мумкин, у – ҳозир Қорақалпоғистон ҳудудида[1]. Ўша замонларда Урганч Амударёнинг эски ўзани оқимини бошқа томонга ўзгартиргани учун ҳалокатга юз тутган. Хонлар ҳамиша ариқлар ва каналларнинг ирригация тизимини тиклашга, тозалашга алоҳида эътибор қаратган. Шу маънода мен Арабшоҳлар сулоласининг ёрқин вакили сифатида таништирган Абулғози Баҳодирхон 1646 йилда Кўҳна Урганч ёнида яна битта шаҳар қуришга фармон беради. У Янги Урганч деб аталган ва у бир пайтлар пойтахт ҳам бўлган. У даврда Хива шаҳри Хива хонлигининг, Урганч эса халқаро савдо–сотиқ билан шуғулланган савдогарлар пойтахти бўлган, барча энг йирик савдо келишувларига Урганч шаҳрида эришилган. Олий ҳукмдор шахсан ўша ерда туриб, каналлар, ариқларни тозалаш жараёнини назорат қилган. Унинг мажбуриятига ҳар доим ҳар йили “қазув” – қазиш ишларини ўтказиш кирган. Хон, ҳеч бўлмаса, биринчи куни шахсан ўзи иштирок этиб, бошқаларга ўрнак кўрсатган. Бу марказий ҳокимият аралашувини талаб этган энг муҳим тадбир бўлган.
Мамлакат ичкарисидаги ўзбеклар билан туркманлар муносабатлари ҳақидаги ҳам гапириб берсангиз. Маълумки, Хива хонлари туркман уруғ–қабилаларига бир қадар қарам бўлган, улар қўшинга одам етказиб бериб турган ва ички сиёсатга таъсири кучли бўлган. Бироқ туркманлар Қўнғирот уруғидан бўлган ҳукмдорларга қарши қўзғолон ҳам қилиб турган. Нега?
Туркманларга қарамлик деганингиз қаттиқ гап бўлди, чунки бу ерда ўзаро боғлиқлик, ўзаро манфаатдорлик бўлган. Нега? Чунки улар қўшинлар таркибида хизмат қилган ҳамда Хива хонлигининг энг кучли бўлинмалари ва энг кучли қисми бўлган. Аммо бунинг эвазига улар ерлар, мукофотлар, пул олиб турган ва бундан манфаатдор бўлган. Туркманларни тавсифлаганда, битта сўз билан бирёқлама гапиришнинг кераги йўқ, чунки улар турли қабилаларга мансуб бўлиб, ҳатто ўзаро ҳам келиша олмай қолган вақтлари кўп бўлган. Ёвмидлар, така туркманлар, алиэли, хизрэли – умуман, улар жуда кўп бўлган, айниқса, Хуросон, Хоразм ва Бухоро ўртасидаги чегара ҳудудида истиқомат қилган туркманлар ҳар доим тактика ва стратегиядан фойдаланишга уста эди. Масалан, Хива тарафи улардан солиқ тўлаш ёки давлатнинг бирор хизматини ўташ талаб қилинганда, ўз манфаатига зарур йўсинда, “Йўқ, биз Хива хонлиги ҳокимиятига кирмаймиз, биз Эрон фуқароларимиз”, деб жавоб берган. Ўзларича эркин кишилар бўлган.
Улар яшаган ҳудуд жуда катта бўлган ва унинг ҳам аксарият қисми чўлда жойлашган, шу сабаб нафақат Хива хонлиги ёки Бухоро амирлиги, ҳатто Эрон ҳокимияти ҳам уларни тўлиқ назорат эта олмаган. Эркин ва мустақил бўлган бу қабилалар ўз моддий манфаатларидан келиб чиқиб, у ёки бу ишга киришган. Аммо марказий ҳокимиятга ёки Хоразмнинг жанубий қисмига яқин қабилалар чиндан ҳам хонликка хизмат қилган. Ҳатто айрим манбалардаги тавсифга кўра, туркман беклари хонликка содиқ бўлган ва умрининг охиригача унга хизмат қилган. Ҳатто хоннинг ака–укалари ҳам унга бу даражада садоқат кўрсата олмаган. Улар чиндан ҳам қўшиннинг кучли қисми бўлган. Хива хонлари туркман қабилалари ва қорақалпоқлар билан келишиб иш тутиш, уларни мукофотлаш ва зарур бўлганда, хизматларидан фойдаланишдан манфаатдор эди. Ҳатто форс тилида битилган манбада тасвирланишича, Нодиршоҳ Хоразмга ҳужум қилиш ва бостириб киришдан аввал қабила бошлиқлари олдига улар билан ҳарбий ҳаракатлар пайти бетараф ва аралашмай туришига келишиш учун элчиларини юборган. Босқинчилар қабила бошлиқларини бетараф қилиш учун шундай ишларга қўл урган.
Бухоро амирлиги, Қўқон ва Қозоқ хонликлари тарихи билан таққослаганда, Хива хонлиги тарихи кучли қабилалар ва заиф ҳокимият сабаб қанчалик мураккаблашиб кетган?
Нафақат ўрта асрлар, билишимча, бизнинг кунларда ҳам ҳукмдор шахси муҳим аҳамиятга эга, унга жуда кўп нарса боғлиқ, олий ҳокимият кучли шахсга тегишли бўлади, унинг обрўси амалдорлар, қўл остидагилар, сарой аҳоли ва аҳоли ўртасида ҳам баланд бўлади. Хивада эса шундай даврлар ва ҳукмдорлар бўлганки, улар ҳокимияти номигагина эди, Нодиршоҳ Хоразмга бостириб киргандан сўнг 40 йилдан ошиқ вақт “хонбози” – “хонбозлик”, яъни “хон–хон ўйини” даври бўлди. Буни чет эллик ҳамкасбларимиз “тахт ўйини” деб атайди. Тарихчи Абдулкарим Бухорий XIX асрдаёқ буни “хон–хон ўйини” – “хонбози” деб номлаган эди. Хоразмнинг қўнғирот ва манғит қабилалари, ушбу қабилалар етакчиларининг олий ҳокимиятга таъсири катта бўлган ва мамлакатни амалда улар бошқарган. Масалан, сўнгги арабшоҳлардан бири Эренгхон (ирноқ) ёки Эренкхон XVII аср охири – XVIII аср бошига келиб, ҳокимиятдан айрилаёзган эди. Ҳатто ўша пайтда Бухоро хони номига хутба ўқилган. Бунинг маъноси шуки, Хива хонлиги қисқа вақт мобайнида Бухоро хонлиги таркибига ҳам кирган. Ўша пайтларда ҳукмдорлар номигагига ҳокимият ва хон унвонига эга бўлган.
Айни дамда Қўнғирот уруғига мансуб хонлар ҳукмронлик қилган даврда маданий ютуқларга ҳам эришилган. Ўша даврда Хоразм Ўрта Осиёдаги туркий адабиёт ривожланишининг бош марказига айланган. Ўша ютуқлар ҳақида гапириб берсангиз.
Бу Қўнғиротлар сулоласи ҳокимиятга келгандан сўнг юз берган. Хива хонлари ҳарбий–сиёсий жиҳатдан мутаҳкамланиб олган. Масалан, мен Муҳаммад Раҳимхон I (1806–1825 йй.) даврини алоҳида қайд этиб ўтмоқчиман. Унинг ҳокимияти жуда кучли бўлган, ҳатто қозоқ бийлари, Хуросоннинг кўплаб ҳукмдорлари унга ўлпон сифатида совға–салом олиб келиб турган. Қозоқ султонлари унинг қўшинлари сафида хизмат қилишга интилган. Муҳаммад Раҳимхон I фақат чегара ҳудудини мустаҳкамлаб қолмай, маданият соҳасида ҳам кўп ишлар қилиб, мадраса ва масжидлар қурдирган. Таълим, китоб ёзишга катта эътибор қаратилган. Қўнғиротлар сулоласи ҳукмронлиги даврида асосий, тарихи, Мунис ва Огаҳий, Муҳаммад Юсуф Баёний каби тарихчиларнинг тарих мавзусидаги асарлари битилган, Хоразм йилномалари ўша даврда яратилган.
Яна шуни ҳам қайд этиш зарурки, Муҳаммад Раҳимхон I ислоҳот ўтказган. Унгача маъмурий ислоҳотни XVII асрда Абулғозий Баҳодирхон амалга оширган эди. Муҳаммад Раҳимхон I эса биринчи марта Олий Кенгашни ташкил этган, у хон билан бирга давлатнинг энг муҳим масалаларини ҳал қилган. Бу хон кераксиз лавозимларни бекор қилган. Абулғозихон даврида бундай лавозимлар 362 та бўлган бўлса, Муҳаммад Раҳимхон I даврига келиб, улар 100 киши ўрнига қадар қисқартирилган. У ҳатто давлат бошқарувида демократик тартибларни ўрнатишга интилган. Муҳаммад Раҳимхон II даврига келиб эса, маданият ривожланиши кучайган. Бу 1873 йилда Россия империяси қўшинлари бостириб киргандан сўнг протекторат даври ҳисобланади. Лекин кўплаб олимлар қайд этишича, бу Муҳаммад Раҳимхон II нинг ўзига хос легитимлашуви даври эди, у Россия империясига қисман қарам бўлиб қолган. Унинг сиёсий ҳокимияти қисқарган. Шу сабаб у маданий тараққиётга асосий эътиборни қаратади ва шу йўл билан ушбу мамлакат ҳукмдорига хос легитимлигини исботламоқчи бўлади. Бу ҳақда кўплаб китоблар ёзилган, форсий тилдаги асарлар туркий тиллардан бирига таржима қилинган, таълимга алоҳида эътибор қаратилган. Муҳаммад Раҳимхон II даврида жуда кўп янгиликлар жорий этилган. Масалан, Худойберган Девонов Эронга бориб, у ердан суратга олиш техникасини олиб келган. У ҳақли равишда Хоразмнинг биринчи сураткаши бўлган.
Шунингдек, Муҳаммад Раҳимхон турли лавозимларга тайинланаётган кишилар, мадраса мударрислари тайинланаётган пайтда имтиҳонлар ўтказилишини шахсан назорат қилган. Муҳаммад Раҳимхон II ҳукмронлиги даврида илк мусиқий ноталар яратилган. Қўнғиротлар сулоласи ҳукмронлиги давридаги маданий юксалиш нафақат мамлакат ичида, қолаверса, қўшни минтақада ҳам акс–садо берган. Қўқон хонлигидаги адабий муҳитда ҳам Хоразм маданият ва илм–фан маркази ҳисобланган.
Руслар бир неча марта Хивани босиб олишга уринган. Хива босиб олинган 1873 йилга қадар, аммо русларнинг Гўктепа ёнидаги мағлубиятидан олдин бир неча марта Хива хонлиги қўшинлари омадсиз юришлар қилган (1839—1840 йй.). Нега Хива рус қўшинларига бу қадар кескин қаршилик кўрсатган ва нима сабабдан мағлубиятга учраган?
Бекович–Черкасский экспедицияси тарихидан бизга маълумки, ўша экспедициянинг мағлубияти Россия империяси билан Хива ўртасидаги муносабатларга жуда кучли таъсир кўрсатган. Узоқ вақт элчилар алмашуви тўхтаб қолган ва Перовскийнинг 1839–40 йиллардаги Хивага юриши ҳам муваффақиятсизликка учраган. Албатта, бу Хоразм халқининг ҳар доим чет ҳужумларга қаршилик кўрсатгани, барча босқинларга, истилоларга қаршилик кўрсатгани билан боғлиқ, шунинг учун бунақа бўлиши табиий эди. Хива хонлиги дин нуқтаи назаридан Россия империясининг ўз устидан ҳокимият ўрнатишига йўл қўя олмас эди. Шунинг учун бу кўрсатилган қаршиликларга табиий жараён сифатида қараш лозим бўлади. Аммо мен бу ишга табииат куч сифатида ёрдам берганини ҳам таъкидлаб ўтмоқчиман. Биласизки, табиат ҳодисалари – энг кучли, садоқатли ва ишончли дўст, шу билан бирга, энг кучли душман ҳамдир. Хоразмда иқлим ўзгаришлари: очарчилик, қақшатқич совуқ юз берган даврлар бўлган. Улар Хоразмга, унинг иқтисодиётига, барқарорлигига қаттиқ зарар етказган. Ташқи кучлар таъсир кўрсатаётган пайтда табиий офатлар, айниқса, Хоразм қиши, жуда қаттиқ совуқ кўмакка келган. Бундай қуруқ совуққа ўрганмаган, йўллардаги сув ва озиқ–овқат билан боғлиқ турли қийинчиликларни кутмаган кишиларга қарши курашда улар Хива тарафига ғалаба қозониши учун ёрдам берган. Адашмасам, Захарьин деган муаллиф бир мақоласида ёзишича, Бекович–Черкасский ва Перовский мағбулиятидан сўнг Петербургнинг юқори табақаларида Хива – қўл етмайдиган сирли мамлакат, у билан ҳисоблашиш ва яхшиси, кўпроқ дипломатик муносабатларга амал қилиб, у ерга бостириб бориш ғоясидан воз кечиш керак, деган масала муҳокама қилинган. Аммо улар узоқ вақт тайёргарлик кўриб, 1873 йили, орадан 100 йилдан кўпроқ вақт ўтиб, Пётр I нинг шарққа қаратилган сиёсати мева бера бошлагач, Хиванинг қурол–яроғ, техника ва ҳк. бўйича жуда кучли бўлган душман – Россия империясига қаршилик кўрсатиш имкони қолмаган эди.
Хивада инқилоб қандай юз берган эди? Бу ерда ҳам маҳаллий модернистлар ёки жадидлар бўлганми? Нега Хоразм ҳудуди 3 та совет республикаси ўртасида бўлиниб кетган?
Албатта, Қўқон хонлиги, шунингдек, 1920 йилга қадар Россия империяси протекторати бўлган Бухоро амирлиги босиб олингандан сўнг модернистлар, жадидлар ёки маърифатпарварлик ҳаракати Туркистоннинг, Туркистон ўлкасининг барча минтақаларида фаолият кўрсатган. Бу ерда Хоразм Халқ Республикаси ташкил топган. Аммо бу жараёнларнинг ҳеч бири бошқа тарихий жараёнлардан айри кечмаган. Хоразмда ҳам, масалан, Полвонниёз ҳожи Юсупов, Бобо Охун Салимов ва ҳк. маърифатпарварлар бўлган. Улар “Ёш хиваликлар” ва “Ёш бухороликлар” партиялари сифатида демократик қоидалар, ўша вақт учун замонавий бўлган давлат бошқаруви усуллари ва шаклларини ўрнатишга ҳаракат қилган. Албатта, улар ўша пайтдаги “Турк ёшлари” ҳаракати билан қаттиқ боғланган, кўпчилиги Туркияга ва Германияга бориб ўқиб келган. Улар қандайдир янги қоидаларни жорий қилишга интилган, аммо таассуфлар бўлсинки, бу ҳаракатларнинг барчаси бостирилган, аниқ режа ва стратегия ишлаб чиқилмагани учун кўплаб ёш хиваликлар гангиб қолган.
Ҳарбий–сиёсий нуқтаи назардан ҳам, табиийки, 1920 йилдан сўнг куч етишмаган, лекин улар ўз конституциясини қабул қилишга, кўп нарсаларни ташкил этишга, миллий анъаналарга амал қилишга интилган. Булар барчаси муваққат эди ва пировардида, улар ғояларини охирига қадар амалга ошира олмаган. Булар барчаси Бухорода ҳам, Туркистон генерал–губернаторлигининг бошқа минақаларида ҳам мағлубиятга учради.
Энди Хоразм ҳудудининг 3 қисмга бўлинганига қайтсак. Маълумки, Россия империяси “бўлиб олу бошқар” принципига амал қилиб иш юритган. Бу уларнинг бош концепцияси (стратегияси) эди. Хива хонлиги жуда қаттиқ қаршилик кўрсатгани учун кейинчалик бунақа ҳолатга йўл қўймаслик мақсадида уни уч бўлакка бўлиб юборишган, чунки болшевиклар узоқни кўра билувчи сиёсатчилар сифатида Қорақалпоғистон алоҳида автоном республика бўлишига ҳаракат қилиб, Хива хонини назорат қилиш, уни нафақат бошқариш, балки кучларини бўлаклаб ташлаш мақсадида Амударё бўлимини тузган. Бундан яна бир кўзланган мақсад турли тўқнашувлар, сиёсий ёки бўлгинчилик ҳаракатларини ташкил этиш бўлган. Узоқни кўра билган сиёсатчилар шундай йўл тутган.
[1] Муаллиф бу ерда янглишган. Кўҳна Урганч — Туркманистоннинг Тошҳовуз вилоятидаги шаҳар (1986 йилдан).