Марказий Осиё тарихидаги машҳур Суғд минтақаси алоҳида шаҳар–давлатлар ёки аҳоли манзилгоҳлари ва тураржойларидан иборат бўлган, аммо улар ягона сиёсий бирлашма ҳосил қилмаган. Бунинг сабаби Суғд Буюк Кирнинг Форс империясидан бошлаб Искандар Мақдунийгача истилолари ҳудуди бўлгани бўлса ажаб эмас. Кейинчалик Суғд Салавкийлар империяси, Юнон–Бақтрия подшоҳлиги, Кушон империяси, Сосонийлар империяси, Эфталитлар империяси, Ғарбий Турк ҳоконлиги даврида қўлдан–қўлга ўтаверган. Суғд ниҳоят араблар Мовароуннаҳрни босиб олгандан кейин сўнг йўқ бўлиб кетди. Шунга қарамай, Суғд минг йиллик давлатчилик, дипломатия, савдо–сотиқ ва маданият анъаналарини яратди. Суғд одамлари эса Марказий Осиё тарихида нафақат Ипак йўлининг таянчи бўлган савдогарлар ва тадбиркорлар, қолаверса, рассомлар ва созандалар, заргарлар ва маъданчилар, ҳосилот ва шаҳарсозлар, жангчилар ва генераллар сифатида қолди. Биринчи Турк ҳоқонлигининг ҳужжатларни расмийлаштириш учун сарой тили бўлган суғд тили унинг бир шеваси сифатида сақланиб қолди, бугунги кунда Тожикистондаги яғнобийлар шу тилда сўзлашади.
Бизга суғдлар ва суғдликлар ҳақида Ўзбекистониннг кўҳна тарихи бўйича мутахассис Александр Неймарк сўзлаб беради.
Суғдликлар ким? Улар этник гуруҳ бўлганми ёки қандайдир тарихий вилоятга мансубликни англатадими? Машҳур венгр ва инглиз тилшуноси Семеренйи талқинига кўра, “суғд” атамаси “скиф” сўзи сингари “камончи” сўзидан келиб чиққан бўлиши мумкин. Биз тарихда суғдликларни ўтроқ шаҳарликларга ўхшатамиз. Улар энди пайдо бўлган пайтда кўчманчилар бўлганми?
Суғдликлар ҳақида илк марта машҳур зардуштийлар битиги Видевдатнинг (Вендидат) жуғрофий фрагардида (боби) сўз юритилган. Унда айтилишича, орийлар юрти бўлмиш Аирйанем Ваежаҳ ортида “Суғд” деб аталган барча зардуштийларнинг кўҳна ватани бўлган экан. Суғд манбаларда қадимий мамлакат бўлгани айтилади. Биз археология нуқтаи назаридан ушбу ҳудуд ҳақида мулоқотлар ҳудуди, ҳатто Яқин Шарқ маданиятлари ҳудудига кирганини биламиз. Аммо у жиддийроқ тарзда Бақтрия–Марғиёна мажмуасида зуҳур бўлди, унга Жанубий Тожикистон, Жанубий Ўзбекистон, Туркманистон, Марв киради. Шу билан бирга, Суғдда ўрта бронза даврининг Саразм маданияти бўлган ва у ерда милоддан 3 минг йил олдин металлургия ривожланган, кичик бир аҳоли манзилгоҳида чизилган сурат топилган. Аммо шундан сўнг ҳамма нарса сўниб қолади, қандайдир улкан, ақл бовар қилмас миқёсдаги ҳалокат юз беради. Ўша ҳалокат вақтида қадимги ҳиндларнинг Моҳенжо–Доро ва Хараппа цивилизацияси (тамаддуни) йўқ бўлиб кетади (дарвоқе, унинг шимолдаги манзилгоҳлари Афғонистон шимолига ҳам етиб келган), яна номи зикр этилган Бақтрия–Марғиёна мажмуасининг ҳам кули кўкка совурилади, ўша ҳудудларни Андрон маданиятига мансуб қабилалар эгаллайди, улар аслида шимолдан, ҳозирги Қозоғистон ҳудудларидан кўчиб келиб жойлашган.
Улар маданияти қадимги ҳинд–европа маданиятларига тегишли эди. Афтидан, кўчманчилар бўлган. Умуман олганда, ҳинд–европаликлар муваффақияти қайсидир этник гуруҳнинг фазилатлари билан эмас, от минишни ўрганиб олгани билан боғлиқ бўлган. Гап шундаки, улар милоддан 3 минг йил бурун отни хонакилаштира билди, унгача бу ҳеч кимнинг қўлидан келмаган эди. Унгача минилган, юк ташилган, ҳарбий араваларга қўшилган асосий жонивор Африка эшаги бўлган. Бу ҳаммамиз яхши биладиган ўша Марказий Осиё эшагидир. Бу ажойиб жониворнинг мақтагулик жиҳатлари кўп, аммо чопағон эмас, шу сабаб эҳтиёжларга тўлиқ жавоб бера олмаган, от эса тарихни ўзгартириб юборди. Аслида дашт одамлари оддий бир нарсани тушуниб етган, бу отнинг олдинги тишлари билан озиқ тишлари орасида бўш жой бор, ўша жойга сувлуқ солиб, юган қилиш мумкин ва у отни бошқариш имконини беради. Мана шу кашфиёт дашт одамларининг мақомини бутунлай ўзгартириб юборди, чунки улар 2 та нарсага қобил экани маълум бўлди: биринчидан, улар қорамолларнинг улкан подасига эгалик қилда билиши кўзга ташланди, чунки қорамолларни пиёда бир жойдан иккинчи жойга ҳайдаб бориб ёки бошқариб бўлмайди, бир неча отлиқ эса улкан подаларни ҳам бошқара олади ва шу йўл билан даштни максимал даражада ўзлаштириш мумкин. Натижада у ерларда аҳоли сони ортди ва дашт эса жуда кўп миқдордаги одамларни боқиш имконига эга эди. Иккинчидан, улар моҳир жангчилар бўлиб етишди, чунки отлиқ жанг майдонида ҳарбий тезкорлик, бир жойдан бошқасига илдам кўчиш ва ҳк. маъносида улкан устунликка эга. Ҳамма ишлар яхши кетаётган эди. Бироқ қайсидир даврда ушбу даштдаги гуруҳлар у ердан кўпчилик бўлиб кетишга мажбур бўлди, чунки даштнинг экологик макон сифатида кенгайиш ва торайиш тамойили мавжуд, яъни унинг қурғоқчилик даврлари, намгарчилик даврлари, иссиқроқ даврлари ва совуқроқ даврлари ва ҳк. бўлади. Афтидан, милоддан олдинги иккинчи минг йилликда мана шундай ноқулай давр вужудга келган, унинг оқибатида ўша кўчманчиларнинг тумонат оммаси, жанубга, шимолга, ғарбга юриш қилиб, дунёнинг ярмини эгаллаб олган. Бу ҳинд–европаликларнинг юриши эди. Ҳиндистонга бориб қолганлар орийлар, Эронга бориб қолганлар ҳам орийлар эди, “Эрон” сўзи шундан келиб чиққан, Ўрта Осиёга келиб қолганлар, замонавий Қозоғистон ҳудудидан кўчган бўлса керак. Бу – Андрон маданияти. Улар кўчманчилар бўлган. Аста–секин бу кўчманчилар ўтроқлашган, Суғд эса – ҳам воҳалари, ҳам кўчманчилари бўлган ҳудуд. Кўчманчилар воҳалар гирдида, айниқса, тоғ этакларида яшайди, у ерда турфа жониворлар учун яхши ем–хашак мўл, воҳалар чеккасидаги дарёлар тугайдиган ботқоқ ерларда эса қамиш кўп, у қишнинг совуқ кунларида энг яхши ёқилғи бўлади, кўчманчилар ҳар доим шунақа жойларда яшаб қишлаган. Ўша ҳудудлар – қишки ов учун жуда қулай жой, Бухоро воҳасининг жанубий қисмида кўчманчи қушлар, ўрдаклар бор. Суғд маданияти ҳар доим кўчманчилар билан боғлиқ бўлган, бу муқаррар эди, чунки суғдликлар кўчманчилар орасида яшаган, ҳар доим улар билан аралашиб кетган. Ҳар бир эркаги жангчи бўлган кўчманчилар сони кўп эмаслигига қарамай, жангарилиги сабаб деҳқонлардан устун бўлгани тушунарли. Марказий Осиёдаги асосий ҳукмрон сулолалар, ҳатто Суғддагилари ҳам, келиб чиқиши бўйича кўчманчилар бўлган.
Семеренйе маъносини келтирган “камончи” – қизиқ ғоя, у менинг гапларимга ҳам мос келади. Яқинда бир мақолам чиққан эди, унда мен мавжуд ёзма манбалар ва тангаларга таянган ҳолда, Суғдда камонга сиғиниш бўлгани ва камондан ўқ отиш, камондан ўқ ота билиш унинг подшоҳлик ҳокимияти рамзи бўлганини кўрсатиб берган эдим. Қўлимизда хитойча битик бор (санаси милодий VI асрга тўғри келади), унда нақд қилинишича, Наврўз – янги йил байрамида Самарқанд ғарбидаги ўрмонда суғдликлар ҳар хил ўйинлар уюштирган, ўша ўйинлар вақтида улар жимитдай мўлжалга от устида камондан ўқлар отган. Ўша мўлжал бир варақ қоғоз устига қўйилган тилла танга бўлган ва унга биринчи бўлиб ўқ теккизган кишига бир кунлик подшоҳлик насиб этган. Подшоҳнинг муқаддас саналган ҳокимияти “камончи” сўзи билан боғлиқ эди. Дарҳақиқат, дастлаб Нашхабда, кейин Самарқандда давомли тарзда зарб қилинган суғд тангаларида қўлида камон ушлаб турган шоҳнинг тасвири жуда кўп учрайди. Унинг тарихи шундай бўлган. Шундай қилиб, суғдликлар Ўрта Осиё аҳолисининг таркибий қисми ва Ўрта Осиёда ҳар доим бўлгани каби, кўчманчилар ва ўтроқ ҳолда яшовчи деҳқонларнинг аралашуви натижаси бўлган.
Аҳмонийлар ҳукмдори Буюк Кир милоддан олдинги 546–539 йилларМарказий Осиёга юриш қилганида, Суғдни истило қилган. Буни Геродот ҳам ёзиб қолдирган. Суғд аҳолиси солиқ тўлаган ва форс шоҳлари ихтиёрига ҳарбий тузилмаларини бериб турган. Бу ҳам Персеполдаги барелйефда акс этган, унда форс шоҳи Доро I га совға–салом олиб борган суғдликлар тасвирланган. Форс империяси Суғдга қандай таъсир кўрсатган – Марказий Осиёнинг форслар орқали юнонлар тамаддуни билан алоқаси қандай бўлган? Суғд дипломатияси қандай ривожланган – суғдлар қаттиқ эмас, юмшоқ кучдан тез–тез фойдаланиб турган, деб айта оламизми? Лекин суғдликлар Искандар Мақдуний қўшинларига қақшатқич ҳарбий қаршилик кўрсатган.
Биринчи жавобим шуки, суғдликлар Аҳмонийлар империясига муваффақиятли қўшиб олинган, афтидан, Аҳмонийлар империясининг Ўрта Осиёдаги чегаралари Сирдарёга қадар етиб борган, форслар аҳоли манзилгоҳлари қурган, мавжудларини анча–мунча мустаҳкамлаган. Бунга, хусусан, Афросиёб мисол бўла олади. Француз миссияси яна битта манзилгоҳ – Кўктепани қазиб очди, бу дастлабки пайтда жуда муҳим эди. Ана шу қазишма натижаси Суғдни ўрганувчилар учун бутунлай янги имкониятлар туғдирди. Гап шундаки, суғдлар, айтиб ўтганимдек, кўчманчилар билан алоқа ҳудуди чегарасида яшаган, уларнинг кўчманчилар билан савдо–сотиқ борасида қадимий анъанаси бўлган. Аммо бу ҳар қандай суғдлик учун натурал машғулот эди. Биз ҳар доим суғдликлар ҳақида ипак савдоси билан шуғулланиб, суяги қотган кишилар деб гапирамиз. Аслида тўлиқ ундай деб бўлмайди, улар анча олдинги вақтлардан бошлаб, мўйна билан савдо қилган. Милодий I асрдан кеч бўлмаган даврда улар Шарқий Европада, Кама дарёси бўйларида пайдо бўлган. Бу – биринчидан. Иккинчидан эса, империя таркибига қўшиб олингач, суғдликларнинг Яқин Шарқ билан савдо–сотиқ қилиш имконияти юзага келган ва суғд тамаддуни ривожланиши учун бутунлай бошқача туртки берган. Шу билан бирга, уларни Аҳмонийлар даврида жуда ривожланиб кетган дейиш қийин. Афтидан, улар кўчманчилар билан савдо–сотиқ қилган, чунки машҳур Пазирик гиламлари Ўрта Осиёдан бориб қолган деб айтишга асос бор, улар ишлаб чиқариш технологияси бўйича Ўрта Осиёга, иконография бўйича Аҳмонийларга тегишли бўлган. Уларга қарашинг билан бирдан хаёлга Суғдиёна келади, чунки Суғдиёнада буғунинг сон–саноқсиз, ҳатто керагидан ҳам ортиқ тасвирлари бор, деб айтиш мумкин. Пазирик гиламининг бошқаларидан фарқи шуки, унинг гирди буғулар тасвири билан қуршаб олинган. Албатта, бугун буни исботлаш қийин, янги мавжуд технологиялар асосида гилам тўқилган жундаги минераллар таркибига қараб, қўй жунидан ясалган тўқимачилик буюмларининг келиб чиқиш ҳудудини аниқлаш мумкин. Вақт ўтиши билан Пазирик гиламлари қаердан келиб чиққанини билиб оламиз. Аммо билганларим асосида, деярли 100 фоиз ишонч билан Олтойга барча гиламларни суғдликлар олиб борган, деб айта оламан.
Шу тариқа суғдликлар Яқин Шарқ билан дашт ўртасида олди–берди қилган савдогар миллатга айланган – бу жуда фойдали ва жуда муҳим мавқедир. Форслар империясининг энг кейинги давригача, араблар вақтигача Суғдга таъсирига келсак, барча ҳуқуқий ҳужжатлар Яқин Шарқ мезонлари бўйича тайёрланганини кўрамиз. Биз билган барча шартномалар, никоҳ шартномалари, қандайдир битимлар – юриспруденциянинг бор тизими Яқин Шарқ тизимидан келиб чиққан. Табиийки, Аҳмонийлар ана шундай энг муҳим куч бўлган.
Зардуштийлик, чамаси, Суғдда Форслар империяси таъсирида пайдо бўлган, у Эроннинг кўҳна ва бошланғич динига жуда ўхшаш, аммо Суғдда бутунлай бошқа тарзда янги бўлган. Масалан, бу Сосонийлар Эронининг энг сўнгги давридагидан бошқачароқ эди, аммо келиб чиқиш нуқтаси барибир Аҳмонийлар билан боғлиқ бўлгани аниқ. Форс империяси иқтисодий ҳаёт соҳасида, ҳуқуқий амалиёт соҳасида, диний ҳаёт соҳасида Суғдга улкан таъсир кўрсатган. Форс империяси орқали юнонлар билан алоқалар қилинганига ақл бовар қилиши қийин, аммо улар жиддий бўлмаган. Амударё бўйида – Парфия билан Суғдиёна ўртасидаги қўлма–қўл бўлган ҳудудда қизиқ материал бор. Айрим тадқиқотчилар фикрича, у дастлабки ўрта асрдан ташқари Суғдиёна таркибига қўшилган, қайсидир даврда уни бақтрияликлар назорат қилган. Нима бўлганда ҳам, V асрда у ерда юнон тангаларидан иборат дафина қолдириб кетилган. Ҳарқалай, шундай тахмин бор: бу хазинани Доронинг Юнонистонга юришида қатнашган ёлланма жангчилардан, янги ёлланган аскарлардан бири урушдан қайтаётиб, Амударё бўйида ҳужумга учрагандан ёки нимадандир қўрққандан сўнг юнон тангаларидан иборат хазинани яширган. Чамаси, ўзи Юнонистонда бўлмаган, чунки тангалардаги тасвирларда Кичик Осиёнинг ғарбий соҳилидаги юнон армияси акс этган. Афтидан, у Доронинг Ғарбдаги қўшинлари сафида хизмат қилган. Ўша дафина ҳақида ҳозирча дастлабки маълумотлар эълон қилинди. Назарга тушган дафинанинг ярми ҳақида маълумотларни америкалик тадқиқотчилардан бири Глазго шаҳрида бўлиб ўтган нумизматика конгрессида ошкор этди. Айни пайтда биз ўша дафина ҳақидаги маълумотларни тўлиқ эълон қилиш устида иш олиб боряпмиз.
Албатта, Форс империяси Суғдга улкан таъсир кўрсатган, у бу мамлакатни бепоён Яқин Шарқ дунёси бир қисмига қонунан ва асосли тарзда айлантирган, дейиш мумкин. Сиз айтганингиздек, кейинчалик суғдликлар қаттиқ куч эмас, юмшоқ дипломатияни ишга солган. Аммо тарихга назар солсак, ҳамма империялар, ўрдалар, буюк саркардаларга мафтун бўлганини кўрамиз. Чингизхон, Темур, Искандар Мақдуний, Наполеон Бонапарт ва ҳк. – қаҳрамонларимиз. Бу кишиларга шахсий фазилатлари бошқаларникига ўхшамайдиган, ўта, жасур, совуққон, ўта ақлли ва ҳк. шахслар сифатида қаралади. Аммо маданият билан боғлиқ машҳур ишларга уларнинг алоқаси йўқ. Искандар Мақдуний эллинларнинг таъсирини улкан ҳудудга ёйгани билан машҳур, аммо эллинлар маданиятини у яратгани йўқ, ўша маданият юнонларнинг шаҳар–давлатларида, кичик шаҳарларида, айнан шундай майда бўлакларга бўлиниб кетган ва бирлашмаган шаҳарларида яратилган. Айнан шундай шароитда савдогарлар барча нарсаларнинг ривожланиши учун ҳайратланарли шароит яратади, чунки феодалдан ёки йирик латифундия эгасидан фарқли ўлароқ, ҳатто ҳунарманддан фарқли ўлароқ, савдогар, ҳеч бўлмаса, савдо қилаётганда, топқир бўлиши шарт. Айлан–ўргил – йўлини топ. Ҳар доим бизнесини, атрофидаги ишларни юргизишни ўйлайдиган кишилар ўз ҳаётини ўзгартиради, яна шуниси муҳимки, улар ўз ватанидан сафар қилиб, бошқа маданиятлар билан танишишга мойил бўлади. Бу – ислоҳотлар ва ўзгаришлар манбаси, чунки муайян маданий анъана ичидан чиқмай яшаётган киши, ўша маданий анъана шартли эканини тушунмайди. У бошқа мамлакатга бориб қолганда, анъаналар, қонунлар, турли–туман маросимлар шартли эканини англай бошлайди. Мамлакати чегарасидан чиққан савдогар ижтимоий қатламлар чегараларини бузади. Қадим замонларда ва ўрта асрларда одатда деярли ҳар бир мамлакатда япон самурайлари, касталар, Европа рицарлиги сингари табақалар чегаралари бўлган. Савдогар эса – ҳайрон қоларли касб эгаси, чунки у бошқа маданиятга мансуб, шу билан бирга, турли синфлар чегараларини осон кесиб ўтади. Савдогарлар деҳқонлар, айниқса, шаҳарликлар билан савдо қилиши баробарида шоҳлар саройларига ҳам кириб боради. У инноватив бўлган, ўша чекловларнинг адолатли экани ҳиссини йўқотган, улар ўз маданияти ҳудудларидан ташқарига чиқмаган кишиларга нисбатан ижтимоий сафарбарликни истаган ва уни амалга ошириш мумкин, деб ҳисоблаган. Ниҳоят, яна бир ҳолат. Турли мамлакатларга саёҳат қилган савдогарлар, турфа жойларда технологияларни кўрган ва ўзи ҳам барча технологик янгиликлар манбаи бўлган.
Шундай қилиб, савдогарлар маданияти жуда кўп нарсаларни олға силжитади. Финикияликлар алифбони ихтиро қилди, деярли бутун дунё финикияликлар алифбосидан келиб чиққан алифбода ёзади. Монголлар замонавий монгол хатида эмас анъанавий алифбода ёзган, замонавий монгол ёзуви эса қайта ишланган уйғур ёзуви, уйғур ёзуви эса ўз навбатидан қайта ишланган суғд ёзуви, суғд ёзуви эса қайта ишланган оромий ёзувидир. Яна ҳамма нарса бориб, Яқин Шарқдаги финикий ёзувига бориб тақалмоқда.
Ўрта Осиёга омад кулиб боққани ҳайратланарли, бизда нафақат буюк жаҳонгирлар – Темур ва Чингизхон бор, бизда яна савдогарлар маданияти бор, у кўп жиҳатдан Марказий Осиёга жуда катта таъсир кўрсатган. Мен бу билан суғд алифбоси кенг тарқалиб, қўлланганини айтаётганим йўқ, мен бу билан суғд тили, масалан, лингва франка (миллатларо мулоқот тили) бўлганини айтаётганим йўқ. Славян ёзуви пайдо бўлиши ҳақидаги ривоятларда ўз ҳурматини билган киши юнон, лотин, иброний ва суғд тилларини билиши шартлиги айтилган. Яъниким, суғд тили Евроосиёда ўзаро мулоқот тили бўлган. Бундан ташқари, суғдликлар адабий сюжетларни, суғд тасвирий санъатига кириб қолган юнон сюжетларини тарқатган, улар Хитойга етиб борган. Ҳинд ва форс сюжетлари, амазонкалар (жангари аёллар) ҳақидаги дашт сюжетлари “Қирқ қиз” тарзида суғд тасвирий санъатида аксини топган. Суғдликлар VI асрда Хитойда ипак ишлаб чиқаришни ўзгартириб юборган, янги дастгоҳ (Фарғона водийси ипакчилари тилида – дўкон – тарж.) яратилгани бу соҳада инқилобга сабаб бўлган эди. Ниҳоят, “чек” сўзини – суғдча “шек”, хитойчадан келиб чиққан – суғдликлар Ғарбга олиб борган. Масалан, қарз беришнинг (кредитлаш) бутун бошли тизими турли ғоялар билан ифодаланган, Халифаликнинг илк даврида машҳур қарз бериш тизими аксарият ҳолларда суғдликлар амалиёти билан боғлиқ бўлган бўлса ажаб эмас, чунки бировга нақд пул бериш хавфли бўлган, қарз бериш – чек ёзиб бериш, қарз мажбуриятлари ва ҳк. эса тизим бўлган.
Суғдликлар билан хитойликларнинг илк мулоқотлари қачондан бошлаб қайд этилган уларнинг қуруқликдаги савдо–сотиғи қачон бошланган? Суғдликларо чиндан ҳам савдо–сотиқ санъатини Ипак йўлидаги илк савдогарлар бўлган кушонликлардан ўзлаштирганми? Суғднинг савдо ва деҳқончилик манзилгоҳлари қандай ташкил топган?
Суғдлар билан хитойликларнинг илк мулоқоти милоддан олдинги II асрга бориб тақалади, чамаси, бу биринчи тўғридан–тўғри учрашув бўлган. Хитой тарихшунослиги асосчиси Сим Цяннинг “Ши Цзи” деб номланган тарихий битигида Даван (Фарғона) ва Анси (Парфия) ўртасида яшаган кишилар савдо–сотиқда моҳир бўлгани ва сўнгги тангага қадар савдолашгани ҳақида мулоҳазалар бор. Суғдликлар ўша пайтда ҳам савдо–сотиқнинг ҳадисини олган миллат бўлган, аммо айтиб ўтганимдек, улар амалиёти биринчи навбатда кўчманчилар билан узоқ муддатли, асосий савдо–сотиққа ва бутун бошли иқтисодиёт пировардида шунга таянган. Кушонлар катта рол ўйнаган, чунки гандҳаралик кушон савдогарлари Шарқий Туркистон орқали жанубий йўлдан бориб келишни йўлга қўйиб олган, суғдликлар эса Узоқ Шарқ билан савдо қиладиган бўлса, Фарғона водийси орқали қатнаган, аммо бу йўл орқали қатнов унча кўп бўлмаган. Улар шарқдан кўра, даштга кўпроқ очиқ бўлган. Гандҳараликлар эса Хунза – Шимолий Покистон орқали Хўтанга, ундан кейин Шарқий Туркистонга, Торим дарёси бассейнига олиб борадиган йўлни ўзлаштира бошлаган. Такла–Макон чўлидан жанубий тарафда, тоғ этакларида бўлган мамлакатлар Хўтан билан Шаншанда милодий III асрга келиб, ҳиндларнинг таъсири устун бўлган. Улар ўша пайтдаги Гандҳара тили – гандҳара пракратида ёзган. Кушонлар айнан ипак савдосини жуда жадал бошлаган, суғдликлар милодий I асрда улар қаторига қўшилган.
Бироқ Суғдда қандайдир ҳалокат юз берган. Кушонларнинг қангюйлар билан муносабатлари жуда яхши эди. Буни милодий I аср охирида кушонлар билан қангюйлар ўртасида никоҳ шартномалари тузилгани қайд этилган хитой манбаларидан биламиз. Чамаси, милодий I асрда Суғдга аллақандай кўчманчилар бостириб келган, улар Оролбўйида яшаган аланлар бўлса керак, кейинчалик қангюйлар орқали милодий II аср ўрталарида қандайдир гуруҳлар ҳам Суғд ерларига ёриб ўтган. Суғд қаттиқ зарар кўрган, Самарқанд эски маъмурий маҳаллалар қадар қисқариб кетган ва бошқа шаҳарларнинг кули кўкка совурилган. Бир қанча йўқ бўлиб кетган шаҳарлардан хабаримиз бор. Жанубий Суғдда, яъни Қарши ҳудудида, Кеш ҳудудида (ҳозирги Шаҳрисабз) ҳамма нарса яхши сақланиб қолган, Бухоро билан Самарқанд эса жуда қаттиқ зарар кўрган. Шундан сўнг кушонлар бошқа кўрилган тадбирлар қаторида чегараларини ёпганига гувоҳ бўламиз. II аср ўрталаридан сўнг 70 йил мобайнида суғдликлар унчалик кўзга ташланмай қолган эди, III аср бошидан бошлаб эса улар яна фаоллашади – Қозоғистоннинг Култепа деган жойидан топилган нарса шундан далолат беради. Афтидан, Суғднинг Чочдан бўлган чегарабўйи жангчилари кондотйерини (дружина бошлиғи) раҳбарлигида Суғд, Бухоро, Самарқанд, Кеш ва Нахшаб ҳукмдорлари ёллаган ва улар ўшалар маъқуллови билан узоқ шимолга – Ариси водийсига бориб, ўша ерда қалъалар қурган, “азна” ўрнатган – манбаларда шу сўз қўлланади. У хазина эмас, ўша пайтлардаги арсенал – қурол–яроғ омбори бўлган. Буни жиддий тушуниш керак, чунки Ариси водийси катта Сирдарё йўли орқали Талас водийси, ундан кейин Еттисув, Иссиқкўлбўйи ҳудуди, Турфон, сўнгра Хитойга бориб боғланади. Бу Шимолий ипак йўли, Ипак йўлининг шимолий тармоғи шаклланиши эди. Илгари бу йўлнинг бўлаклари мўйна йўли деб аталган – ўша йўл орқали мўйна савдоси юритилган. Аммо ўша пайтда Қора денгиз бўйидан Хитойгача алоқа бўлган, жанубда савдо қила олмаган суғдликлар (бунга кушонлар имкон бермаган бўлса керак) шимолда савло–сотиқни йўлга қўйган. Сўнгра жуғрофий–сиёсий алмашувлар юз бериб, Кушон империяси ҳам бошқа барча империялар каби қулаган, у қайсидир вақтга келиб, тарқаб кетгач, жанубда жуда оғир ҳаёт бошланган. Бир тарафдан, Сосонийлар мутлақ назорат ўрнатишга ҳаракат қилган, аммо Афғонистонда ҳеч қандай назорат ўрнатиб бўлмайди. Умуман, кўчманчиларнинг янги гуруҳи – улар хуннлар бўлган – бостириб келгунга қадар 150 йиллик мураккаб ҳарбий ҳаёт даври ўтган, улар илк турклар эди (хуннларнинг авлодлари – чувашлар). Янги хунн империяси таркибига Суғд ҳам кирган. Дарвоқе, Сосонийлар Суғд ҳудудини ўз империясига қўшиб олмаган, фақат Бухоро маълум вақт унинг таркибида бўлган, улар Суғднинг қолган ҳудудларини ҳеч қачон назорат қилмаган. Суғдликлар сўнгра шимолий йўлдан Сосонийлар империяси ҳудуди – жануб томон юз бурган, шунда ҳам шимолий йўлдан бутунлай воз кечмаган. Аммо энди жанубий йўл улар фаоллиги ҳудуди бўлиб қолган. Шунгдан сўнг улар барча савдо–сотиқ ишларини гандҳарликлардан тортиб олиб, Хунза, жануб, Хўтан орқали, шимол орқали, Фарғона орқали Ипак йўлида савдо қила бошлаган ва бу коммуникацияларнинг барчасини эгаллаб олган. Қизиғи шундаки, суғд тилида сарбон, танга ва бошқа ҳар қандай савдо билан боғлиқ атамалар ҳинд тилидан олинган, яъни суғдликлар бу ишни ҳиндлардан тортиб олиши баробарида уларнинг савдо амалиётини ҳам ўзлаштирган.
Бундан ташқари, Суғдда Қадимги Юнонистондагига ўхшаш ҳар хил кутилмаган воқеалар кўп бўлган, масалан, ресурслар етишмагани сабаб Юнонистон мустамлакаларида ички вазият таранглашган пайтлар демократия ёки олигархия билан подшоҳ ҳокимияти ўртасидаги курашларга олиб борган. Бу курашда енгилган демократлар, олигархлар ёки собиқ подшоҳлар қувғинга юборилиб, аҳоли манзилгоҳларига асос солган. Бизга Пойканд шаҳри ва шафқатсиз золим Абруй ҳақида шунга ўхшаш воқеа маълум: Пойканднинг бой кишилари йиғилиб, кўчиб кетган ва ҳозирги Жанубий Қозоғистон ҳудудига бориб, Жамукат шаҳрини барпо қилган. Жанубий Қозоғистондаги шаҳарга оид назария ҳам, ҳатто уни бемалол таниб олиш мумкин бўлган қолдиқлари ҳам бор. Ўша кишилар турк ҳоқонининг Пойкандни макон тутган ўғли таклиф этмагунча улар ўша ерда узоқ яшаб қолаверган. Ҳаммаси бўлмаса ҳам, улар қайтган. Одатга кўра, манзилгоҳлар қолаверади. Суғддаги ички келишмовчиликлар аҳоли гуруҳларининг четга чиқиб кетишига сабаб бўлган бўлиши мумкин. Суғд аслзодаларидан бири Шарқий Туркистонга бориб, шундай аҳоли манзилгоҳларидан бирини ташкил этганини биламиз, бу ҳақда Хитой манбаларида қайд этилган ([буни канадалик хитойшунос] Эдвин Пуллебланк тадқиқ қилган). Ўша манзилгоҳ деҳқончилик ва савдо–сотиқ манзилгоҳи бўлган. Шунга кўра, суғдликлар Еттисувда манзилгоҳ барпо этган, ўша ерда савдо–сотиқ билан шуғулланган, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирган, ипак, маъдан, кумуш ва ҳк. билан савдо қилган.
Фақат бир нарсани гапириб ўтиш эсдан чиқибди. Бу суғдликларнинг Искандар Мақдуний қўшинларига қаттиқ ҳарбий қаршилик кўрсатгани эди. Суғдда жанг қилиш ҳар доим қийин бўлган, чунки унинг бир тарафи дашт бўлиб, у ёқда яхши жангчилар бўлган кўчманчилар бор эди, бошқа тарафи эса тоғ бўлиб, тоғликлар ҳам яхши жангчилар бўлган. Масалан, Қўқон хонларининг 2 та гвардияси бўлган: биттаси тоғлик тожиклар, иккинчиси эса қипчоқлар – қозоқлар эди. Хива хонларининг махсус бўлинмалари туркманлардан ташкил топган. Бу йигитлар билан жанг қилиш жуда қийин бўлган. Тоғларда қурилган қалъаларни эгаллаб олиш жуда мушкул эди, даштда эса кўчманчилар ҳужум қилиб, гарнизонларни талаб, яна ортига қайтиб кетаверган. Албатта, шунинг учун улар билан жанг қилиш оғир бўлган, бундан ташқари, суғд зодагонлари, суғд аристократияси – оқсуяклари муаммоларини бошқа усуллар билан ҳал этадиган савдогарлардан фарқли тарзда жангари бўлган. Оқсуяклар оғир қуролларни ишлатадиган ва турли кодекслари бор рицарлар синфига мансуб бўлган. Бундан араб манбалари, “Тарихи Табарий” китоби орқали хабар топганмиз. Улар ҳарбий соҳада жуда моҳир бўлган ва тарихи – мана шу.
VII асрдан VIII аср ўртасига қадар Самарқанд Суғдини Ихшидлар сулоласи бошқарган. Самарқанд қанчалик катта таъсир кучига эга бўлган? У чиндан ҳам Суғд пойтахти бўлганми ёки энг ривожланган шаҳар эдими?
Бу – қизиқ савол, чунки айтиб ўтганимдек, Суғд Ўрта Шарқ ёки Ўрта Осиёдаги империя бўлмаган давлатнинг муваффақиятли ривожланиши намунасидир. XIV – XV асрларда италянлар шундай йўл тутган. Генуя, Венеция, Флоренция сингари Рим папаси тахтидан мустақил бўлган бу турли давлатлар иқтисодий, сиёсий ва ҳарбий соҳаларда ақл бовар қилмас даражада муваффақият қозонган. Қайси бири Италия пойтахти бўлганини айтиб бўлмайди. Суғдда ҳам шундай бўлган, яъни Самарқанд анъанавий тарзда бош марказ ва энг катта шаҳар бўлган. Бу Самарқанд водийси ерларининг унумдорлиги, савдо йўлларида қулай жойлашгани ва маълум маънода ҳимоялангани ҳисобига таъминланган. Аммо Култепа битикларига эътибор қилсангиз, у ерда икки марта шаҳарлар ва подшоҳлар рўйхати келтирилади, улар шимолий ҳудудлар, Ипак йўлининг шимолий қисми устидан назорат ўрнатишга уринишларни қўллаб–қувватлаган экан.
Бу рўйхатларнинг фарқи шундаки, биттасида биринчи бўлиб Самарқанд эсланади, иккинчисида эса биринчи бўлиб Нахшаб (Қарши) тилга олинади. Чиндан ҳам шундай, чунки Нахшаб I аср охирида аланлар бостириб келгани билан боғлиқ юз берган воқеалар ва аланларнинг қангюйлар ҳудуди орқали иккинчи марта бостириб келиши оқибатида унчалик кўп зарар кўрмаган. III аср бошида, ушбу битиклар қолдирилган пайтда Самарқанд жуда заиф, Нахшаб эса жуда кучли бўлган. VII асргача бўлган ҳукмдорлар унвонлари сифатида “хуб”, “хубу”, “хатаб” – “ўрдулар ҳукмдори, хўжайин” сўзлари қўлланган: “Самарқанд хўжайини” ёки “Нахшаб хўжайини” ва ҳк. уларнинг унвони деярли тенг бўлган, аммо VII асрнинг иккинчи учдан бир қисмида Самарқанд ихшидлари VII асрда Нахшабнинг вайрон этилиши ва Бухорога жиддий зарар етказилиши билан боғлиқ воқеалар оқибатида кучайиб кетган подшоҳ – маук, ихшид унвонини қабул қилиб, ҳукмдорликни тан оладиган бўлди. Шунга қарамай, ихшидлар маҳаллий мулкларни назорат қилмаган, улар номига сюзерен (йирик ер эгаси – феодал, унга қарам бўлган вассалларга нисбатан ҳукмдор) бўлган ва ҳеч ким уларга солиқ тўламаган.
Суғд ихшидлари сулоласини 750 йилда форс саркардаси йўқ қилган. Умуман, суғдликлар араблар босқинига қаттиқ қаршилик кўрсатган. Нега улар ҳокимиятини сақлаб қола билмади, Суғднинг араблар босқинидан сўнгги таназзули нима билан боғлиқ?
Бу ерда икки нарсага эътибор қаратиш муҳим: биринчидан, ҳеч қандай таназзул бўлмаган, аслида бу юрт барқ уриб ривожланган, буни советлаштириш билан солиштириш мумкин, биз ҳозир биладиган Ўрта Осиё ва Қозоғистонни тасаввур қилинг ва уни, дейлик, 1915 йил билан таққосланг. Ўша пайтда бу ерларда анъанавий қадриятлари, ҳаёт тарзи ва аъанавий моддий маданияти бўлган анъанавий жамият бор эди. Кейин совет ҳокимияти келди. Совет ҳокимияти ғалати ишларни қилди, янги йилда арча безашни, унинг ўйинчоқларини тақиқлади, улар буни негадир христианлик билан боғлиқ деб ўйлаган, лекин бу аслида немисларнинг янги йилни кутиб олиш анъанасига бориб тақалади, бу анъана дастлаб Англияга, сўнгра Америкага етиб борган ва ўша пайтда рус анъанасининг ҳам бир қисмига ҳам айланган. Бироқ негадир совет ҳокимияти буни мумкин эмас деб ҳисоблаган. Шунинг учун Тошкентда яшаган катта бувим янги йилда болалар учун ХХ асрнинг 30–йилларида арча безатганда, унга илинадиган ўйинчоқларни ўзи ясаган, чунки арчага осиладиган ўқинчоқлар умуман бўлмаган. Мана – сизга оддий мисол.
Ҳокимият куйланаётган қўшиқларни, ўтказилиб келган маросимларни тўлиқ ўзгартириб юбориши мумкин, чунки анъанавий ҳаёт оддий кунлар ва байрамлардан иборат. Байрамлар – фавқулодда муҳим тадбир, одамлар уларни ўтказишга тайёргарлик кўради ва ҳаётида муҳим воқеа ҳисобланади. Ислом дини келиб қолганини тасаввур қилинг. Шундан сўнг суғдликларнинг байрамларини нишонлаб бўлмай қолади, чунки исломлаштириш бошланган эди. Шунга кўра, суғдликларнинг байрами Наврўзни Бухорода нишонлаб бўлмай қолган, лекин у Варахшада байрам қилинган ва у “Наврўз Киши Варзан”, яъни “деҳқонлар Наврўзи” деб аталган. Янги йилни нишонлашга деҳқонлар йиғилган, чунки қишлоқларда анъанавий турмуш тарзи сақланиб қолган, шаҳарларда ҳамма нарса исломлаштириб бўлган, ҳамма нарса бошқа тартибга ўтиб кетган.
Ислом дини ўзи билан қизиқ нарсаларни бу ерларга олиб келган, масалан, зардуштийлар ерга ҳожатхона қурмаган, чунки улар анъанасига кўра ер муқаддас саналган, уни ифлослантириш мумкин бўлмаган. Ислом дини кириб келиши билан ҳар уйда бадараблар пайдо бўлган. Мусулмонлар, бир тарафдан, намоз олдидан мажбурий ювиниш одатини олиб келади, масалан, Пойканд шаҳридаги ҳар бир уйда IX асрда иссиқ суви ҳам бор кичик ванналар пайдо бўлади. Яъниким, жуда оддий нарсалар ҳам ўзгаради, маданиятнинг ўзига хос асосий белгилари ўзгариб кетади. Масалан, маданият нуқтаи назаридан тасвирий санъат муаммога айланади. Қизиғи шундаки, жуда кўп иддаоларга қарамай, ислом динида расм чизишга тақиқ йўқ. Фақат дин тадбиру маросимлари ўтказиладиган жойда жонли мавжудотлар суратини чизишга тақиқ бор. Гарчи бу тақиқ бузилган ҳолатлар учраб турса–да, жонли мавжудот, айниқса, одамларнинг сурати масжид ёки мадрасада бўлиши мумкин эмас, бироқ ҳеч ким дунёвийлик санъатида расм чизишни тақиқламаган. Шунга қарамай, буюртмаларнинг асосий қисми диний мавзуда бўлган, тасвирий санъат тезда барҳам топган, аммо тўлиқ йўқ бўлиб кетмаган. Самарқандда Қорахонийлар тасвирий санъати бор, Сомонийлар тасвирий санъати бор, Ғазнавийлар тасвирий санъати бор, аммо деворларига сурат ишланган уйлар бутунлай ўзгариб кетади, безаклар табиати ўзгаради, шу сабабдан Суғд маданияти бутунлай йўқ бўлиб кетганига оид ҳис пайдо бўлади.
Аммо у йўқолмайди – дастлабки исломга кўчади, XVI асрга қадар Ўрта Осиёнинг турли ҳудудларида одамлар суғд тилида сўзлашган. Х асрда эса суғд тили Суғднинг барча қишлоқларидаги аҳолининг сўзлашув тили бўлган. Суғдликлар ислом динини ўзиники қилиб олган, уни забт этган, деб ҳам айтиш мумкин, чунки Ибн Сино сингари машҳур олимлар тақдири суғдликлар билан боғлиқ эди. У Бухоронинг Афшона шаҳарчасидан, отаси Бухоронинг шимолий қисмида солиқ йиғувчи бўлган. Ибн Синонинг отаси солиқ йиғувчи бўлган ўша шаҳарча – археология ёдгорлигининг қолдиқлари сақланиб қолган. Ибн Сино туғилиб ўсган жой бор, аммо у археологик жиҳатдан тадқиқ қилинмаган. Тарихи – мана шу. Бинобарин, Суғд йўқолиб кетмаган. Сулола ҳақиқатан ҳам йўқ қилинган, аммо бу иш 750 йилда эмас, 751 йилда юз берган, сўнгра барибир норасмий анъанавий маҳаллий подшоҳ сақланиб қолган. Англияда норманд зодагонлари ва кўҳна саксон эрллари сақланиб қолганидай, Суғдда ҳам шу ҳол юз берган. Бу ерда деҳқонлар, қадимги Эрон ва Суғд оқсуяклари сақланиб қолган. Уларнинг араблар билан муносабатлари мураккаб бўлган, аммо шунга қарамай, Муқанна қўзғолонидан сўнг суғдлар ишхиди Язид ибн Гурак (ёки Ярид) ҳижрий 130 йилдан сўнг ҳам араблар ҳокимияти билан ҳар хил музокалар олиб борган.
Совет археологлари Суғд бўйича унинг ҳудудида (Афросиёб, Панжакент, Варахша, Қалъаи Муғ ва ҳк.) кўплаб кашфиётлар қилган, илмий асарлар ёзган. Ушбу кашфиётлар суғдликларнинг кундалик ҳаёти ҳақида кўпроқ нарса билиб олишимиз имконини берадими? Улар нима билан овқатланган, қандай кийимлар кийган, байрамларни қандай ўтказган ва нимага ишонган?
Мен Панжакентда беш йил ишлаганман, маълум вақт Варахшадаги ишларга бош–қош бўлганман, Афросиёбда ҳеч қачон ишламаган бўлсам ҳам, унга тегишли жойим бор. Пойкандда жуда кўп вақт ишладим. Шу сабаб шу жуда қизиқ ва турфа моддий маданият борлигини айтишим керак. Суратларда акс этганига кўра, улар турли майда жониворлар билан озиқланган, сигирларни сотиб олганини биламиз, барча турдаги жониворлар гўшти билан озиқланган. Энг муҳим гўшт етказиб берувчи жониворлар қўй ва паррандалар бўлган, чунки ўша суратларда ғозлар, товуқлар ва ўрдаклар бор. Шунга кўра, меваларнинг катта суратлари бор, қовунники ҳам, қовунлар жуда мазали бўлган. Яна узум тасвири кўп учрайди, у ҳақда хитойликлар ҳам ёзиб қолдирган. Археологик қазишмалар вақтида узум данаклари топилган. Айтганча, юнонлар Суғдда жуда катта узум борлигини айтиб, ҳайратга тушган. Афтидан, Ўрта Осиёнинг бу ажойиб узум нави “бўри кўз” бўлган бўлса керак.
Улар ҳар хил кийинган. Ҳар ким топганини, пули нимага етган бўлса, ўшани кийган. Аммо суратларга ва Тибетдан, Шарқий Туркистондан, Кавказдан топилган суғд матоларига кўра, улар ўзи кийиниши баробарида бошқаларни ҳам кийинтирган. Масалан, Афшона ҳудудида матолар ишлаб чиқарилган. Бундан ташқари, улар нафақат ипак, қолаверса, пахтали матолар ҳам ишлаб чиқарган, улардан энг машҳури занданачи матоси бўлиб, бутун Шарқий Европа, Яқин Шарқ ва ҳк.га экспорт қилинган. Ўша ерда Бухородаги “Байт ат–Тураз” улкан устахонасининг тарихи бор. Дастлабки мусулмонлик даврида асли Бухорода тўқилган матонинг ажойиб намуналари бор, уларда “Байт ат–Тураз”нинг мана шу анъанаси давом эттирилган, ўша матонинг битта намунаси Францияга бориб қолган. Салиб юришларидан сўнг Ўрта Осиёни босиб олган салжуқлар, афтидан, уни Яқин Шарққа олиб борган, Яқин Шарқда эса уни салибчилар тортиб олиб, ўз юртига олиб кетган ва Францияда христиан авлиёсининг мурдаси шунга ўраб дафн этилган. Суғдликлар ҳамма нарсага ишонган, чунки Суғд шаҳарларининг асосий дини зардуштийликнинг форслар сиғинганидан бутунлай бошқача кўриниши бўлган.
Қазишмалар вақтида топилган ибодатхоналар бор, улар сони ҳозирги кунда тобора ортиб бормоқда. Бу зардуштийлик ибодатхоналаридир. Зардуштийликнинг алоҳида маҳаллий кўриниши. Яна зардуштийлик билан боғлиқ анъанавий байрамлар бўлган. Улар вақтида ҳар доим катта таомлар тайёрланган. Қўлимиздаги маълумотларга кўра, Пойкандда улкан ўлчамдаги дошқозон бўлган, унинг ичига қараш учун ёнига нарвон қўйиб чиқилган. Бундай дошқозонлардан фойдаланиш лангарликлар анъаналарида ҳам бор. Кўпроқ бу Ҳиндистонда сақланиб қолган, аммо Ўрта Осиёда ҳам ҳар бир тасаввуф биродарлиги ёки тариқатида дошқозон бўлган, Ўрта Осиёнинг энг бош қозони Қозоғистоннинг Туркистон шаҳридаги Хўжа Аҳмад Яссавий мақбарасида сақланади. Дошқозондан сув учун фойдаланилади, деб ёзилган, аммо сув учун бундай дошқозон керак эмас, у рамзий маънога эга ва сўфийлик бирдамлигини ифода қилади. Бундай байрамлар вақтида бу каби дошқозонларда овқат пиширилган. Бу бойликларни қайта тақсимлашнинг ўзига хос усули эди, яъни байрам чоғида ҳамма, ҳатто камбағаллар тўйиб овқатланиши керак бўлган.
Мен одамлар отни елдириб кетаётиб, мўлжалга қарата ўқ отиши ҳақида гапириб ўтган эдим. Суғд жангчилари ҳақидаги яна бир тарихда айтилишича, шароб солинган жом бир жойга қўйилган. Агар кимдир дастурхон олдига келса, бу билан ўтган йилги ғолиб жангчининг ўрнига даъвогарлигини билдирган. Ўртада жанг – мусобақа бўлган ва улар чизилган суратларда акс этган. Ўша жанглар чоғида жангчилар ўлгунча курашган. Бундай воқеалар Суғдлар минзилгоҳларида, масалан, Еттисувда юз берган. Қўлимизда Еттисувда тайёрланган бир идиш бор, унда икки жангчининг бири ўлгунга қадар жанг қилаётгани тасвири бор.
Панжакентдаги ҳар бир бой уйда чизилган суратлар бор. Ўша суратлар жуда чиройли, ёрқин, қизиқ ва ҳашамли бўлган, чунки улар йирик империялар билан савдо-сотиқдан фойда олиб турган. Улар йирик империялар – Эрондаги Сосонийлар империяси, Рим империяси, кейинчалик Бобил (Византия) Ҳиндистондаги Каннауж, Турк Ҳоконлиги ва Хитой ўртасида савдо–сотиқ қилган. Ушбу империялар аристократияси ҳар хил қиммат маҳсулотларни олаётганда, қуйи табақалар вакилларидан олган даромадлари ҳисобидан пул тўлаган, суғдликлар улкан даромад орттирган. Шундан сўнг анъана бўйича шундай дейилган, хитойликлар ҳам суғдликлар ҳақида шуни айтган: суғдликлар бола туғилганда тили ширин бўлиши оғзига асал суртган, кафтига эса пулни маҳкам ушлаши учун тангани боғлаб қўйган. Улар фарзандларини тўрт ёшидан бошлаб, ёзиш ва ўқитшга ўргатган. Ҳар бир эркак ёшлигида уйидан чиқиб кетган ва бой бўлмагунча, орқага қайтмаган. Суғд шунинг ҳисобига жуда бадавлат, гуллаб–яшнаган ва маданиятли миллат бўлган.
Суғдликлар Хитой ҳудудида ҳам яшаган, у ерда Суғд савдо манзилгоҳларининг кенг тармоғи мавжуд бўлган ва гуллаб–яшнаган ҳамда улар Тан империяси вақтида жуда ёрқин таъсир кучига эга бўлган. Тан империяси зодагонлари суғдликларда урф бўлган нарсаларга, бошқа маданий анъаналарига, ҳатто махсус суғд рақсларига қадар тақлид этган ва уларни қабул қилган. Шу давр ҳақида батафсилроқ гапириб берсангиз. Буни суғдликлар таъсирининг авж нуқтаси дейиш мумкинми?
Ҳа, Хитойда Тан импарияси даври суғдликлар таъсирининг авж нуқтаси бўлган, аммо нега? Билмайман, буни охиригача тушунтириб бера олмайман. Масалан, мен нега ХХ асрнинг 70–йилларида ҳамма Амрика жинси шимларини кийгани сабабини, тўғриси, билмайман. Ёшлигимда икки дона жинси шими нархи Россияда ойлик маошдан кўп эди. Одамлар уни сотиб олган, аммо Америкада бу жинси шимнинг нархи бир кунлик маошдан ҳам арзон эди, чунки бу экзотика эди, чунки маҳаллий шароитга хос бўлмаган ва экзотик мамлакатлар билан боғлиқ маданий қадриятлар эди. Билмадим, бу ҳақда ҳеч нарса дея олмайман. Фақат шуни айтишим мумкинки, хитойликлар чиндан ҳам суғд модасини ўзлаштирган, суғд раққосаларидан фойдаланган. Аслида ҳатто Хитой янги йилида аждарҳони ўйнатиб, ижро этиладиган рақс суғдларнинг арслон билан тушадиган рақси бўлган, яъни Хитойнинг ҳаммага таниш асосий анъанаси суғдлардан келиб чиққан. Сўнгра хитойликларнинг айланиб тушиладиган рақси ҳам асли суғдларники бўлган.
Суғд мусиқаси жуда оммалашиб кетган. Лекин нега бизда “Битлз” ансамбли жуда машҳур бўлиб кетган эди? Улар қўшиқларида ёқадиган нима бор эди? Нима, улар композитор А. Пахмутовадан зўрмиди? Мен бунинг сирини билмайман, чунки мода бўйича мутахассис эмасман. Хитой аристократияси, саройи суғдликлардан таъсирланган ва уларга тақлид қилган. Келиб чиқиши, ярим суғдлик, ярим турк бўлган Ан Лушан (чамаси, Рахшон бўлган, “ёруғлик” маъносини беради) хитойликлар хизматидаги фавқулодда муваффақиятга эришган саркарда бўлган. Кейинчалик у қўзғолон кўтарган ва бу қўзғолони Хитой империясини ер билан яксон қилишига бир баҳя қолган, ҳатто император унвонига ҳам даъвогарлик қилган.
Беш йил муқаддам Ўзбекистонда “Ўзбекистоннинг маданий мероси жаҳон тўпламларида” деб номланган ноёб ва қўшма ўзбек–америка археологик лойиҳасини амалга ошириш бошланди, унинг доирасида “Британия музейи коллекциясидаги Суғд тангалари” албоми нашрга тайёрланди. Ўша тангалар ҳақида батафсилроқ гапириб берсангиз. Сизнингча, бутун дунё – Европа ёки Хитойдаги музей коллекцияларига назар ташланса, суғдликлардан нималар сақланиб қолган?
Бу ерда 2 та савол бор. Биринчи саволингиз тангалар ҳақида. Гап шундаки, Ўрта Осиё жамиятларида тангаларни йиғиш анъанаси бўлмаган, яъни тангалар қўлига тушиб қолган, баъзан бу ерлар қадимий экани исботи сифатида хазинада сақланган, аммо Ўрта Осиёда тангаларни йиғиш одати бўлмаган. Илк танга йиғувчилар Самарқанд ва Бухоро ва ҳк.га келиб қолган ҳар хил британ ёки рус сайёҳлари бўлган, улар бу масалада биринчи навбатда Бухорони афзал билган. Натижада илк суғд тангалари ё Британия музейига, ёки Россияга бориб қолган. Улар Россия орқали баъзан бошқа коллекцияларга, аммо, асосан, Эрмитажга тушган. Британия музейида Александр Каннингем шарофати билан Россия тангаларининг жуда катта коллекцияси борлиги ҳайратланарли. У жуда ноёб киши ва Ҳиндистонда ишлари юришган маъмур бўлган. Кейинчалик Ҳиндистоннинг археология хизматига асос солган, тангалар йиққан, уларни Ўрта Осиёдан борган савдогарлар ва дипломатлардан сотиб олган. Умуман, XIX асрга тегишли бу коллекцияга ХХ аср бошидан сўнг ҳам у–бу тангалар қўшилган.
Ўша коллекцияда жуда кўп ноёб қадимги кумуш тангалар бор, яъни тангалар қайсидир тўпламининг деярли ярми машҳур қадимги ноёб суғд тангаларидан иборат бўлган. Шунинг учун биз Британия музейи куратори билан бирга шу каталогни тайёрлашга киришдик. Бу – жуда муҳим материал, чунки Суғднинг дастлабки тарихи ҳақида бизга мутлақо ҳеч нарса маълум эмас. Гап шундаки, қўлимизда манбаларнинг 2 та катта гуруҳи бор: биринчиси, Ўрта Осиёга Искандар Мақдуний билан келган кишиларнинг гувоҳликлари, улар Искандарнинг тарихчилари бўлган, Искандар тарихини сўзлаб бераётиб, у келиб қолган мамлакат ва ўзи уришган мамлакат ҳақида жуда кўп нарса сўзлаб берган. Уларнинг жуғрофия, анъаналар ва ҳк. ҳақида ёзиб қолдарган материалларини биламиз. Иккинчи жиҳат софийларнинг Ўрта Осиёга зарба берганидир – бу араблар истилоси эди. Араблар истилосининг анъанавий тарихида – كتاب فتوح البلدان, “Китаб футуҳ ал–булдон”да (“Шаҳарлар фатҳи китоби”) – ҳамма нарса батафсил ёзилган. Унда кўплаб ёзувчилар ўша истилолар тарихига қизиқиб, уларни ёзиб олган.
У ерда жуда кўп маълумотлар келтирилган. Шу икки манба ўртасида 1000 йиллик вақт оралиғи бор, чунки Искандар Суғдга милоддан олдинги 327 йилда келган ва қизиғи шундаки, арабларнинг Ўрта Осиёдаги илк жиддий босқинлари 672 йили юз берган, улар ўша йили Бухорога бостириб кирган ва бу воқеа батафсил ёзиб қолдирилган. Ушбу икки воқеа ўртасида минг йиллик вақт бор. Ушбу 2 та воқеа, 2 та маълумотлар тўплами ўртасидаги манбалар сони жуда ҳам кам. Фикримча, улар барчасини йиққан тақдиримизда ҳам битикларнинг ўзи, улар билан боғлиқ фикрларнинг ўзи ҳеч бир изоҳсиз, нари борса, 5 бетдан ошмайди. Шунинг учун нумизматика мутлақо биринчи даражали манба ҳисобланади, чунки тангалар маълум маънодаги прокламация – хабарномадир, ҳар бир танга – хабарнома, унда ўзини зарб қилган ҳокимият ҳақида ахборот, диний қарашлар, маданий анъаналар ҳақида ахборот бор. Тангалар устида, масалан, юнон ёки инглиз тилидаги ёзувлар бор. Унинг юз тарафида кўчманчиларнинг одатий етакчиси тасвирланган бўлиши мумкин, айни дамда кўчманчилар сулоласи, масалан, Нахшабни бошқаради, у зардуштийлар анъанасига кўра, Аштат деб аталади, Бу исм ҳақиқат ва адолат илоҳаси Арштат номидан олинган. Ўша Аштатнинг исми суғдча ёзилган, ёли бор, жубба кийган, мўйловли, оддий кўчманчи, танганинг орқа тарафида юнон камончиси тасвирланган ва “Подшоҳ Антиох” деб ёзилган. Аштат ўз наслини Салавкийлар сулоласига олиб бориб тақашга ҳаракат қилган, чунки у Салавкнинг ўғли бўлган, Салавк эса Искандар сафдоши бўлган асосий ва омадли қўмондонлардан бири эди. Кейинчалик у улкан Салавкийлар империясига асос солган ва унинг таркибига Ўрта Осиё ҳам кирган.
У орадан 300 йил ўтиб, Антиох ўлимидан сўнг ўз наслини милодий I асрда зарб этилган тангада акс эттирган. Антиох камончи этиб тасвирланган, бу суғдлар анъанасига мос келади. Мана шу тангалар тадқиқот, муносабатларни, сиёсий чегараларни, иқтисодий мақомни аниқлаб олиш – қисқаси, иложи бўлган барча нарсаларни аниқлаб олиш учун турли имкониятлар беради. Албатта, танганинг ўзи алоҳида олганда, унчалик кўп маълумот бермаслиги мумкин, аммо улар нисбатан кўп бўлса, айниқса, улар келиб чиқишидан, келиб чиқиш жойидан хабардор бўлсангиз, боз устига, топилмалар стетографиясини, яъни археологик қатламлардаги ҳолатини билсангиз, жуда кўп иш қилишингиз мумкин. Шунинг учун тангалар – фавқулодда муҳим манба. Мен улар билан кўп шуғулланаман ва ҳаракат қиламан.
—–––––––––––––––––––
Александр Ильич Наймарк 1959 йил 5 октябрда Тошкент шаҳрида туғилган. Отаси Илья Аронович Наймарк (тахаллуси Александр Наумов) журналист, адабиётшунос, аммо энг муҳими, машҳур шоир, Ўрта Осиё адабиётининг рус тилига таржимони бўлган (https://www.poetnaumovnaymark.com/). Онаси Светлана Викторовна Алесина ТошДУнинг тарих факултетини ва МДУнинг журналистика тарихи бўйича аспирантурасини тугатган, турли йилларда газета фотожурналисти, тарих ўқитувчиси, нашриётда муҳаррир бўлиб ишлаган, эркин журналист бўлиб, мақолалар ёзган.
Александр 14 ёшида Ўрта Осиёдаги Тошкент воҳасидаги (Қобул Алимов ва Юрий Фёдорович Буряков қазишмаларида) қадимги Кабарна (Кавардан шаҳристони) илк археология экспедициясида қатнашган. Александр 1976 йили ТошДУнинг археология кафедрасига ўқишга кирган, 1977 йилда республика йиғими бўйича Москва университетига ўтказилган, 1982 йили археология ва манбашунослик бўйича унинг курсни тамомлаган. Ўқиш даврида Панжакент (1977–1982 йй.), Ҳисор ва Шаҳринав қазишмаларида иштирок этган. 1983 йил баҳоридан бошлаб Москванинг Шарқ музейига ишга кириб, Кавказ экспедицияси ишларида қатнашган (1983–1985) ҳамда Пойканд, Мулла Эшқул ва Иштихон яқинидаги Ҳовузтепа қизишмалари вақтида музей бўлинмаси ишларига раҳбарлик қилган, сўнгра Самарқанд Суғдидаги Дўрмонтепа / Исбискат ва Бухорога яқин Варахшадаги кўп йиллик тадқиқотларда Ўрта Осиё археология экспедицияси бошлиғи ўринбосари бўлган.
Александр 1991 йилда оиласи билан АҚШга кўчиб кетди. У 1992 йил кузида Блюмингтондаги Индиана университети Марказий Осиё факултетининг докторлик дастурига ўқишга кирди. Ўқиши билан бир қаторда Ўрта Осиёнинг қадимги тарихи ва археологияси бўйича лекциялар ўқиди ҳамда Индиана университетининг истисноли аспиранти–ўқитувчиси сифатида мукофот олди.
Александр 1998–1999 йй.да Ҳорстман стипендиясини олди, бу унга Берлиндаги Германия археология институтининг Евроосиё бўлимида диссертацияси устида ишлашни давом эттириш имконини берди. Ўша пайтда у Берлиндаги Ҳумболдт университетининг Марказий Осиё институтида Ўрта Осиёнинг қадимги тарихи бўйича лекциялар ўқиган.
1999 йилда Александо АҚШга қайтиб, Ню–Йорк яқинидаги Ҳофстра университетида дастлаб йўриқчи, Индиана университетидан икки ёқлама докторлик даражасини олгандан сўнг санъат тарихи, Марказий Осиё тарихидан Assistant Professor – доцент сифатида дарс бера бошлади. Ҳофстра университетида 23 йил таълим бергани натижасида Александр Наймарк тўлиқ профессорликка эришди ва турли йилларда Санъат департаменти раҳбари ҳамда Яқин Шарқ ва Ўрта Осиё дастури директори вазифаларини бажарди. Ўрта Осиёнинг қадимги тарихи, археологияси ва нумизматикаси бўйича 100 дан ошиқ илмий ишини эълон қилди (https://hofstra.academia.edu/AleksandrNaymark). Александр 3 марта Оксфорд университетининг Shama стипендиясини олган, ҳозирги пайтда профессор Рустам Сулаймонов билан гранти бўйичаСуғднинг Нахшабкнязлиги пойтахти Ерқўрғон қазишмаларига оид материалларни чоп этиш устида иш олиб бормоқда. Central Asiatic Journal (SOAS, London University–Harrassowitz Verlag) ва Journal of the Oriental Numismatic Society (London) таҳририят кенгашлари аъзоси.