Муаллиф: Сиёсатшунос Санжар Саидов
Ҳар бир мамлакат тараққиёти, унинг гуллаб-яшнаши ёки инқирозга учраши, энг аввало, жамиятда илм-фаннинг аҳволига бевосита боғлиқ. Янги ғоялар, илмий кашфиётлар, инновацион ташаббуслар ва ноанъавий ёндашувлар бугунги XXI асрнинг талаби ҳисобланади. Фан ютуқлари нафақат ижтимоий ҳаётимизни, балки бутун цивилизация тақдирини белгилаб бермоқда. Бундай ҳолатда эса академик эркинлик омили бирламчи ўринга чиқмоқда. Ҳўш, бугун Ўзбекистонда академик эркинлик даражаси қай ҳолатда? Жамият ва давлат тўлиқ академик эркинликка тайёрми? Илм-фанга бўлган муносабат ва эътиборни қандай баҳолаш мумкин? шу ва бошқа саволларни кўриб чиқамиз.
Масаланинг назарий аспектлари
Академик эркинлик – бу олий таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот ташкилотларининг талабалари, илмий ходимлари ва профессор-ўқитувчилари ўз миссияларини бажаришлари учун зарур бўлган тадқиқот эркинлиги тамойилларидир. Таълим муассасалари ахборот оқимини назорат қила олиши сабабли улар кўпинча ташқаридан, масалан, давлат томонидан босимга дучор бўлишади. Олимлар ҳокимият ёки маълум сиёсий гуруҳлар учун ноқулай бўлган фактлар ҳақида ғоялар ёки маълумотларни тарқатишга ҳаракат қилганда, улар оммавий қоралаш, ишдан бўшатиш, ёки бошқа турдаги жавобгарликка тортилиши ҳам мумкин.
Академик эркинлик мамлакатнинг илм-фан соҳасидаги асосий ҳуқуқлардан биридир. ЮНЕСКО томонидан илгари сурилган вариантга кўра academic freedom қуйидаги эркинликларни назарда тутади[1]:
• Ўқитиш ва муҳокама қилиш;
• Тадқиқот ва нашр этиш;
• Ўз фикрингизни омма олдида билдириш;
• Университет (ёки давлат) томонидан цензурага учрамаслик.
Кўриниб турибдики, академик эркинлик турли элементлардан иборат. Бундан ташқари, у бир неча даражаларда: давлат даражаси, институционал даража ва шахсий даражада намоён бўлади.
Академик эркинлик сифатли олий таълим олишнинг зарурий шартидир. Ҳар қандай саволни, ҳатто энг ноқулай саволларни ҳам бериш қобилияти фанни олдинга силжитади. Кўпчилик талабалар университетга кўзлари ёниб, фикр юритишга, баҳслашишга ва мулоҳаза юритишга тайёр ҳолда келишади. Аммо у ерда (биринчи навбатда давлат даражасида) улар бюрократия, вертикаллашув ва “сукут сақлаш”га дуч келишади. Давлат томонидан “қабул қилинган” меъёрлар чегарасидан ташқарига чиқмасдан, уларни иложи борича ноаниқ муҳокама қилишади. Бу мамлакатдаги умумий мафкура ва ижтимоий муносабатларга боғлиқ.
Институционал даражада одатда чекловлар камроқ кўринади. Талабалар, ўқитувчилар ёки илмий тадқиқотчилар ўзларининг университетларида турли, ҳатто энг мунозарали мавзуларни муҳокама қилишлари мумкин. Бу жойда кўп нарса муассасанинг (университет ёки ўқув-илмий марказнинг) ўзига боғлиқ. Интеллектуал эркинлик муҳитини яратиш замонавий таълим менеджменти ва ўқитиш методикасини жорий қилишни ҳам талаб этади.
Академик эркинликни тартибга солишнинг шахсий даражаси – ўз-ўзини цензура қилиш (самоцензура) ҳисобланади. Ажабланарлиси шундаки, бу борадаги турли таҳлилларда белгиланишича айнан ушбу даража умумий ҳисобда академик эркинликнинг 80 фоизини блоклайди. Лекин шахсий цензура ўз-ўзидан пайдо бўлмайди. Кўпинча, бу ижод эркинлигининг ташқи чекланишининг маҳсулидир. Бундай шароитда тадқиқотчилар турли санкциялардан қўрқиб, маълум мавзулардан онгли равишда қочишади. Чунки, айнан ўхшаш фаолият учун қандай ва кимлар жазонлаганини кўришган, эшитишган ёки кузатишган. Бу ҳолатда ўз-ўзини цензура қилиш учун инсонларга таҳдид қилиш шарт эмас.
Академик эркинлик таълим муассасасининг автономияси билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, бу муассасанинг ўз сиёсатини белгилашда, ўқув жараёнини амалга оширишда, кадрларни танлаш ва жойлаштиришда, илмий, молиявий ва бошқа фаолиятда мустақиллигини билдиради. Академик эркинлик анъанавий равишда ўқитиш эркинлиги ва талабалар эркинлиги (сўз эркинлиги, тадқиқот, фикрни ифода этиш, таълим курслари ва шаклларини танлаш ва бошқалар) каби элементларни ўз ичига олади.
Ўзбекистон реалликларида академик эркинлик
Ўзбекистондаги вазиятни ҳам юқорида қайд этилган академик эркинликнинг 3 та даражаси мисолида таҳлил этишимиз мумкин. Масалан, давлат даражасида амалдаги белгилаб берилган курсдан ўзга масалаларни таҳлил қилиш “қўллаб-қувватланмайди”. Бу борадаги илмий-тадқиқот ёки маърузаларда нозик масалалар – мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари ҳолати, коррупция, мансабдор шахсларнинг этикаси, давлат бошқарувидаги маҳаллийчилик ва бошқа “оғриқли” мавзуларни тадқиқ этиш мумкин эмас. Бу ҳолат айниқса ижтимоий-сиёсий фанлар (сиёсатшунослик, социология, фалсафа ва б.) йўналишида яққол кўзга ташланади. Яъни, ёш тадқиқотчи диссертация мавзусини тасдиқлашда албатта “амалдаги курсга” ҳамоҳанг равишда танлаши талаб этилади.
Тўғри, сўнгги йилларда олий таълим соҳасида бир қанча ислоҳотлар амалга оширилди. Масалан, олийгоҳлар сони 2,5 баробар кўпайиб, 198 тага етди, талабалар қамрови даражаси 38 фоизни ташкил этмоқда. Бу борада 41 та олийгоҳга академик ва молиявий мустақиллик берилди[2]. 2023 йилни Президент томонидан “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”, деб ном берилиши, унинг асосида таълим сифатини ошириш – Янги Ўзбекистон тараққиётининг яккаю ягона тўғри йўлидир[3]дея эътироф этилиши ҳам бу борада янги умидларни пайдо қилади.
Умуман, давлат раҳбарининг Олий Мажлисга йўллаган мурожаатномасида таълим йўналишидаги истиқболларни қуйидагича кўринишни тизимлаштиришимиз мумкин:
- таълим сифати ҳамда жамиятда ўқитувчи касбининг нуфузини ошириш;
- таълим муассасаларини янги методика асосида яратилган дарсликлар ва ўқув адабиётлари билан таъминлаш;
- ўқувчи (талаба)ларда эркин ва креатив фикрлашни, жамоада ишлаш ва мулоқот кўникмаларини шакллантириш;
- тизимга халқаро таълим дастурлари ва илғор стандартларини татбиқ этиш ва бошқалар.
Лекин, бу масаланинг бир томони. Бошқа томондан эса муаммоли вазият ва эскича ёндашувлар ҳалиям устуворлик касб этмоқда. Масалан, таълимнинг мазмуни, фанлар каталоги ва унинг “мафкуравий қиёфаси” давлат томонидан маълум қолип асосида қаттиқ назорат қилиб борилади. Университетлар тизимида бир қанча лавозим ва бўлимлар мавжудки (масалан: ёшлар ишлари ва маънавият бўйича проректор, шу номдаги бўлим ва декан муовинлари) улар талабаларни бевосита назоратда ушлаб туришга қаратилган. Бир сўз билан айтганда олий таълим муассасаси бугун замонавий таълим ва илм-фан маркази эмас, талабаларни (айрим ҳолда профессор-ўқитувчиларни) маълум “қолипда” ушлаб туриш воситасига айланган.
Буларнинг натижаси ўлароқ Ўзбекистондаги ҳеч бир университет дунёда тан олинган “QS World University Rankings”, “The Times Higher Education” каби рейтингларда ўз ўрнини мустаҳкамлай олмаяпди. Ёки бўлмаса 2020 йилда эълон қилинган дунё бўйича Academic Freedom Index[4] тизимида Ўзбекистон эркинликка хавф юқори бўлган мамлакат сифатида баҳоланиб, қуйи поғоналардан ўрин олган.
Илмий тадқиқотлар ва академик эркинлик
Ўзбекистонда илмий тадқиқотлар олиб бориш (диссертация ҳимоя қилиш) борасида совет даври тажрибаси тўлиқ сақлаб қолинган. Унга қўшимча равишда эса турли бюрократик сунъий тўсиқлар ҳам шакллантирилган. Масалан, дунёнинг бирон бир цивилизацион мамлакатида бўлмаган ташкилот – Олий аттестация комиссияси (ОАК) деган давлат муассасаси мавжуд бўлиб, у илмий ишлар ҳимояси борасида монопол мавқейга эга.
Ёш тадқиқотчи бирор бир мавзу устида диссертация ёзмоқчи бўлса у қуйидагича тизимдан ўтишга мажбур. Даставвал у мавзусини кафедра, университет (ёки институт) кенгашида тасдиқлатади ва ОАКга диссертация мавзусини тасдиқлаб бериш бўйича мурожаат қилади. Мавзу тасдиқлангандан кейин тадқиқотчи изланишни бошлаши мумкин. Яна бу ерда ижтимоий-сиёсий фанлар учун юқорида кўрсатилган “алоҳида” талаблар мавжуд. ОАК томонидан Диссертация ва диссертация авторефератини расмийлаштириш қоидалари[5] ишлаб чиқилган бўлиб, унга кўра барча диссертацияларни ягона қолипга солиш амалга оширилади.
Бунда диссертациянинг долзарблиги, объекти, предмети, мақсади, илмий янгилиги ва бошқа барча қисмлари қандай бўлиши, нечта абзацдан иборат бўлиши кераклиги белгилаб берилган. Дессертацияларнинг ҳажми, унинг президент ва ҳукумат қарорлари билан ҳамоҳанглиги каби жиҳатларга ҳам эътибор берилади. Ҳаттоки тадқиқотчи ўз илмий изланишлари доирасида қайси илмий журналларда мақола чоп этиши кераклигию қайсиларида мумкин эмаслигигача белгилаб қўйилган.
Шу жойда илмий мақолалар чоп этиш борасида қисқача тўхталиб ўтсак. 2018 йилдан бошлаб Ўзбекистонда барча олий таълим ва илмий муассасаларда Scopus ва Web of Sciences тизимига кирувчи журналларда мақола чоп этиш вазифаси белгилаб қўйилган. Бу норасмий белгиланган мажбурият бўлса-да, уларсиз докторантлар аттестациядан ўтказилмайди, профессор-ўқитувчилар учун эса ишдан бўшатилиш “таҳдиди” пайдо бўлади. “Илмий журналда мақола чоп этишдан мақсад нима? – дея савол қўяди Валерий Хан ўзининг “Ҳамма Scopus’да мақола чиқарсин” дея номланган мақоласида, – Энг аввало, улар илмий жамоатчиликнинг мулкига айлансин, фаннинг у ёки бу соҳаси ривожига хизмат қилсин. Шу муносабат билан у ёки бу журналдаги мақолаларнинг роли ва аҳамияти бир томонлама бўлмайди[6]. Биз бу борада турли халқаро индексларга кирган журналларда мақолалар сонини сунъий равишда оширишга ҳаракат қилмоқдамиз. Уларнинг кўпчилиги охир-оқибат йиртқич журналлар (хищнические журналы) бўлиб чиқмоқда. Бу эса педагог-ходимлар ва тадқиқотчиларни ҳам моддий, ҳам маънавий қийнаб қўймоқда.
Ўзбекистонда ижтимоий-сиёсий, жумладан сиёсатшунослик фани йўналишида илмий иш олиб бориш бу алоҳида мавзу, дейиш мумкн. Масалан, бу йўналишдаги тадқиқотчилар илмий семинарда диссертация муҳокамасидан муваффақиятли ўтгандан сўнг, бир неча ойлаб ҳимояни кутишга мажбур бўлишади. Чунки, ОАК раисининг шахсан ўзи авторефератларни кўриб, розилик бериши талаб этилади. Унинг талабига кўра, фалсафа доктори (PhD) диссертациясининг илмий янгилиги 4 та банд ва фан доктори (DSc) диссертациясининг илмий янгилиги 5 та банддан иборат бўлиши шарт. Фақат ОАК раисининг ўзининг қўлидан ўтиб “рухсат теккан” диссертация ҳимояга олиб чиқилади. Бу ерда субъективизм – тадқиқотчининг кимлиги, илмий раҳбари, унинг амалдаги ҳукуматга мойиллиги каби бир қанча ёзилмаган тамойиллар ишлайди.
Масалан, сўнгги йилларда сиёсий фанлар доирасида ҳимоя қилинган диссертация ишлари мавзуларининг ўзида долзарбликни кўриш қийин. Тадқиқот объекти ва предмети ҳам умумий гаплар билан баён этилган. Амалиётда қўллаш борасида жўяли таклиф ва тавсиялар мавжуд эмас. Бу эса ижтимоий-сиёсий фанлар йўналишидаги тадқиқотларнинг сусайишига, академик эркинлик ва тадқиқот мустақиллигининг чекланишига ва илм-фаннинг инқирозига сабаб бўлмоқда.
Хулоса
Илм-фан ва тадқиқотлар ҳар доим келажакка хизмат қилган. Барча ислоҳотлар ва янгиланишларнинг таг-замирида илм туриши барчага аён. Лекин, бугунги кунда бу борада бир қанча камчиликлар мавжуд. Фан соҳасидаги техник, технологик ёки молиявий қолоқликларни ўрни тўлдириш мумкин, аммо академик ва сўз эркинлиги билан боғлиқ муаммолар миллий фанимиз ривожига катта зарба беради. Бу, аввало, тафаккурдаги эврилишлар билан боғлиқдир. Шу маънода қуйидаги жиҳатларга эътибор бериш лозим:
- Ўзбекистондаги университет ва илмий-тадқиқот марказларининг академик мустақиллигини таъминлаш борасидаги амалий ишларни чуқурлаштириш талаб этилади. Уларни фақатгина талабаларни қамрови, моддий-техник базани мустахкамлаш билан эмас, балки янги фан ва техника, илмий-инновацион муҳитда ишлайдиган, ғоялар ва ташаббуслар генератори сифати ислоҳ қилиш лозим. Бугунги кунда илм билан шуғулланаман деган ёш тадқиқотчилар жуда кўп. Уларнинг аксарияти янги илмий назариялар, ёндашув ва лойиҳалар устида ишламоқда. Кўпчилиги, ҳатто, хорижий илмий-тадқиқот марказлари ва етакчи университетларда малака ошириб келишган. Лекин, миллий илм-фанимизда оқсаётган академик эркинлик ва юзага келаётган бундай нохуш омиллар сабаб, ушбу ёш олимлар илм-фандан четга чиқиб қолишмоқда.
- Миллий илм-фанимиз ривожига ғов бўлаётган турли бюрократик омилларни буткул йўқ қилиш зарур. Дунёнинг нормал, демократик тараққиёт йўлига кирган давлатларининг ҳеч бирида учрамайдиган Олий аттестация комиссияси каби ташкилотни тугатиш ва диссертацияларни тайёрлаш борасидаги ягона “қолиплар” тизимидан воз кечиш вақти келди. Бу борада диссертациянинг маълум қолиплар ва стандартларга жавоб бериши эмас, балки унинг илмий-назарий ва амалий-татбиқий қиймати бўйича баҳолашнинг шаффоф тизимини яратиш керак.
- Давлат томонидан таълим, илм ва фанга қаратилган инвестицияни кучайтириш лозим. Ўзимизга савол бериб кўрайлик: бир ой давомида университетда 400-500 АҚШ доллари маош олиб ишлайдиган профессор-ўқитувчи талабаларга қайдай қилиб сифатли билим бериши мумкин!? Ёки тадқиқотчилар учун ажратиладиган стипендиялар унинг илмий изланишларини қоплай оладими? Бу борада давлат ва жамиятнинг якдил ҳаракати талаб этилади. Илм-фан ва таълим соҳасига қаратилган fundraising стратегияларини ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқ бўларди.
Дунё тажрибасидан маълумки, энг яхши ва самарали сармоя бу инсон капиталига йўналтирилган маблағдир. Таълим соҳасидаги ислоҳотлар бир томонлама эмас, балки комплекс равишда бўлиши, унинг ядросини эса академик эркинлик ва фикрлар плюрализация ташкил этиши даркор. Замонавий жамиятларда айнан янги илмий ғоялар иқтисодий “товар” сифатида тавсифланади. Янги ғоялар ва янги ташаббуслар эса, аввало, янги авлод олимлари томонидан ишлаб чиқилади. Мамлакатнинг фойдали қазилмалари, ишлаб чиқариш қувватлари ва бошқа барча турдаги ресурсларининг охири бор, фақатгина инновацион илмий ғоялар заҳираси чексиздир.
[1] Recommendation concerning the Status of Higher-Education Teaching Personnel // https://www.unesco.org/en/legal-affairs/recommendation-concerning-status-higher-education-teaching-personnel
[2] Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори, 24.12.2021 йилдаги ПҚ-60-сон // https://lex.uz/docs/5793261
[3] Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномаси // https://uza.uz/uz/posts/ozbekiston-respublikasi-prezidenti-shavkat-mirziyoevning-oliy-mazhlis-va-ozbekiston-xalqiga-murozhaatnomasi_437285
[4] https://www.gppi.net/2021/03/11/free-universities
[5] Диссертация ва диссертация авторефератини расмийлаштириш қоидалари // https://oak.uz/userfiles/files/6_%20Amaliyot.pdf
[6] Всем публиковаться в Scopus! // https://www.gazeta.uz/ru/2022/02/10/scopus/