2022 йил Ўзбекистон учун ички барқарорлик нуқтаи назаридан оғир келди. Ушбу йил ўртасида ўзбек ҳокимият идоралари Қорақалпоғистондаги ички сиёсий инқирозга дучор бўлди. Норозиликлар ва ҳукуматнинг уларга жавобан ҳаракатлари жамиятда ҳокимият институтларини ислоҳ қилишга оид муҳокамаларнинг бир бўлагига айланди. Янги Ўзбекистондаги ислоҳотлар, асосан, у ёки бу соҳада – масалан, иқтисодиётда – амалга оширилмоқда, ижтимоий-сиёсий ислоҳотлар эса тугалланмаганича қолмоқда. Шунга қарамай, Ўзбекистон ҳокимият идоралари ҳозирча иқтисодиётнинг энг долзарб масалалари – ташқи савдонинг янги йўлларини излаш, саноатнинг энергетика билан боғлиқ эҳтиёжларини қондириш, минтақавий ҳамкорликни давом эттиришга асосий эътиборини қаратмоқда.
Тошкент ташқи сиёсат бобида ҳаммадан бирдай узоқлик принципини амалда тасдиқлашига тўғри келди. Бугун Ўзбекистоннинг Украинадаги урушга нисбатан тутган мавқеини “яширин рози эмаслик” формуласи ифодалайди. Бунинг маъноси шуки, Тошкент Россиянинг сиёсатига қўшилмайди, аммо бу мантиқ ва мавқени омма кўз ўнгида ошкор қилишдан тийилишни маъқул деб билади.
Шарқий Европадаги ҳарбий ҳаракатлар ва аксарият анъанавий логистика занжирларидан фойдаланиш тўхтаб қолган айни пайтда Ўзбекистон муқобил транспорт ва савдо маршрутларини ва уларни йўлга қўйишни шериклар билан муҳокама қилишни давом эттирмоқда. Самарқанд ва Тошкентда тез-тез ўтказилаётган турли саммитлар сони ортиб бораётгани шу билан боғлиқ. Умуман айтиш мумкинки, Ўзбекистон ҳаммадан бир хил узоқликдаги халқаро обрўсини маваффақиятли оширмоқда, Марказий Осиё минтақасида ҳамкорлик қилиш учун асосий рағбат бермоқда ва иқтисодий манфаатларига прагматик тарзда эришишга интилмоқда. Ҳатто чекланган ислоҳотлар шароитида ҳам ички муросани сақлаб қолишга нималар ёрдам бермоқда?
Ўтган йили Ўзбекистонда эришилган асосий натижалар ҳақида “Билим карвони” нодавлат илмий муассасаси директори Фарҳод Толипов гапириб беради.
Бугун ўтган йил натижаларини Ўзбекистоннинг ичқи ва ташқи сиёсатида юз берган воқеалар нуқтаи назаридан сарҳисоб қилмоқчимиз. 2022 йилда Ўзбекистон ҳам, Қозоғистон ҳам ички сиёсий инқирозларни бошидан кечирди. Улар қандай оқибатларга олиб келганига берган баҳонгизни айтсангиз. Масалан, Ўзбекистонда ўша инқироздан қандай сабоқ чиқарилди? Ушбу воқеалар натижаси ҳокимиятнинг турли институтлари ишини рағбатлантира оладими?
Ҳа, дарҳақиқат Қозоғистонда ҳам, Ўзбекистонда ҳам воқеалар юз берди. Йил ҳам халқаро миқёсда, ҳам ички сиёсатда турли синовлар ва муаммолар йили бўлди.
Чиндан ҳам йил ўртасида – июл бошида амалдаги конституцияга, аниқроғи, унинг лойиҳасига муайян ўзгартиришлар киритилганда, Ўзбекистонда шундай буҳрон содир бўлди. Конституция ҳали янги таҳрирда қабул қилингани йўқ. Бироқ ушбу лойиҳада Қорақалпоғистон автоном республикасининг мақоми Ўзбекистоннинг 12 та вилояти билан тенглаштирилиши назарда тутилган, яъни у ҳам бошқа вилоятлар сингари битта вилоят бўлиши ва айни чоқда давлатчилик мақомини йўқотиши керак эди. Конституция эски матнидаги мана шу банд чиқариб ташланиши режалаштирилаётганди. Айни ҳолат Қорақалпоғистонда шундан келиб чиқадиган барча оқибатлари билан норозилик уйғотди. Жиддий намойишлар бўлди ва вазият ўта чигаллашиб кетди. Уни изга солиш ва барқарорлаштириш учун Қорақалпоғистонда бир ойлик фавқулодда ҳолат ва комендантлик соати жорий қилинди. Конституцияга тузатиш олиб ташланди, шу билан вазият олдинги ҳолатига қайтди.
Бу ўзига хос синов бўлди. Конституцияга тузатишлар киритиш бўладими ёки бошқа нарса бўладими, бундай сиёсий ўзгаришлар турли, ҳатто мана шундай оғир хатоларга йўл қўйиши мумкин бўлган decision makersнинг (қарор қабул қилувчиларнинг) тор доирасида эмас, кенг жамоатчилик иштирокида пухта ишлаб чиқилиши шарт. Мен буни Ўзбекистон учун, унинг сиёсий доиралари учун ҳақиқий маънодаги сабоқ бўлди, деб ҳисоблайман. Аммо у иш учун, бошқа турли институтларни такомиллаштириш учун қанчалик туртки бериши ҳақида бир нарса дейиш қийин. Ҳокимият институтларида ҳозирги кунда деярли ҳеч нарса ўзгармади. Шунга қарамай, бу воқеалар ҳар ҳолда ижтимоий тармоқлар, ОАВ, мустақил ОАВ ва ҳк.да кенгроқ қамровдаги ижтимоий муҳокамалар бошланиб кетишига сабаб бўлди, яъни Ўзбекистондаги сиёсий тизим дуч келаётган муаммоларга оид муҳокамалар кенгайиб кетди. Ҳокимият институтларини ислоҳ этиш муаммоси ва ҳк. ҳақида ижтимоий тармоқларда жамоатчилик мунозаралари бўляпти. Бу ҳокимиятнинг амалдаги институтлари ва расмий доираларга қанча таъсир этишини вақт кўрсатади. Ушбу муҳокамалар янги ўлчам касб этишига ва улар сиёсий институтлар ислоҳотига янги туртки беришига умид қилиб қоламиз.
Раҳмат! Украинадаги уруш ўзбек жамиятида қандай жараёнларни бошлаб бергани ёки тезлаштириб юборгани ҳақида ҳам фикрингизни билмоқчи эдим. Қандайдир туб ўзгаришлар ҳақида гапирса бўладими?
Ҳа, айтиб ўтганимдек, ўтган йил турли синовларга бой бўлди. Йил бошидан – февралдан бери Украинадаги уруш контекстида яшаяпмиз. Нафақат биз, балки бутун дунё шу контекстда яшаяпти. Албатта, биз атрофимизда, минтақамиз атрофида, собиқ совет ҳудудида юз бераётган воқеаларни у ёки бу тарзда бевосита ёки билвосита Украинадаги вазият билан боғлашимиз мумкин.
Украинадаги уруш сабаб Ўзбекистонда давлат нуқтаи назаридан жиддий ўзгаришлар бўлганини айтиш қийин. Аммо ўзбек жамиятида бундай ўзгаришлар бўлаётгани рост. Ҳатто айтишим мумкинки, ўзбек жамиятида турли даражаларда – юқори элита даражасидан бошлаб қариндошлик алоқаларию оилалар ўртасида муайян бўлиниш бўлаётганини кўряпмиз. Бу жамиятда аҳолининг анча қисми Россия тарафини ёқламоқда. Ундан ҳам кам бўлмаган қисми эса, ҳатто жамиятнинг аксарият қисми Украинани қўллаб-қувватламоқда. Ижтимоий тармоқлар, кундалик ҳаёт, кўчалар, бозорлар ва ҳк.да мана шу бўлиниш кузатилмоқда, чунки ижтимоий онг шу воқеалар сабаб уйғонди. Бутун жамият уларни лоқайд бўлмай, диққат билан кузатиб турибди. Мен ҳатто университетда ҳам ҳар куни янги дарс ва янги мавзуга киришишдан олдин бу муаммони талабалар билан қисқача муҳокама қилиб оламан. Катта билимга ва бу вазиятни яхшироқ тушуниб олишга қизиқиш ҳамма жойда бор.
Юксак сиёсат нуқтаи назаридан вазият бироз бошқача. Мен Ўзбекистон бетараф мавқе сақламоқда, демоқчиман, бироқ буни tacit disagreement – яширин рози эмаслик деб атайман. Бу танганинг бошқа тарафи. Биз, сукут розилик аломати, деб гапирамиз, аммо айни ҳолатда бу рози эмаслик белгиси, чунки давлат истеблишменти (ҳокимият тизими), Ўзбекистон раҳбарияти Украинага тажовуз сабаб Россияга нисбатан қандайдир қоралашга, танқид қилишга журъат этаётгани йўқ. БМТдаги овоз бериш ҳам буни кўрсатиб берди. Ўзбекистон овоз беришда бетараф қолди.
Лекин масаланинг бундай ўта расмий тарафидан четга чиқиб қаралса, ҳокимият коридорларида ҳам, сиёсий истеблишиментда ҳам, Ўзбекистон раҳбариятида ҳам барча бу урушда ким ким эканини жуда яхши тушунаётгани маълум бўлади. Ҳар ҳолда қатъийроқ мавқени – мен Украинанинг иккита вилояти: Донецк, Луганскнинг мустақиллигини тан олиш ёки тан олмасликни назарда тутяпман – Ўзбекистон бир марта изҳор қилди. Ўзбекистон – Украинанинг ҳудудий яхлитлиги, жумладан, Қрим ушбу мамлакат таркибида бўлиши тарафдори. Вассалом. Қолган барча расмий жараёнлар ва хусусан, БМТдаги овоз беришда Ўзбекистон бетараф мавқеда эканини намойиш этмоқда. Аммо айтиб ўтганимдай, сукут – яширин рози эмаслик.
Кўриб турганимиздек, бундай натижалардан бири Ўзбекистон, умуман олганда, Марказий Осиё мамлакатлари ташқи сиёсати фаоллашгани бўлса ажаб эмас. Йил охирида Марказий Осиё мамлакатларининг Ғарбдаги шериклари билан алоқалари жадаллашгани кузатилмоқда. Қ–Ж. Тўқаев ҳам, Ш. Мирзиёев ҳам Францияга сафар қилди; Қозоғистон ЕИ билан стратегик ҳамкорлик битимини имзолади. Булар барчаси энергетика инқирози кучайиб бораётган пайтда европалик шериклар муқобил хомашё манбаларини излаётганини англатадими? Шундай бўлса, биз бу вазиятдан қандай фойдаланиб қолишимиз ва Ғарбнинг ташқи сиёсатидаги ролини қандай оширишимиз мумкин бўлади? Бу манфаатларимизга жавоб берадими?
Ҳа, чиндан ҳам Европа ва Европа мамлакатлари муқобил алоқалар ўрнатиш ва айниқса, мана шу қиш мавсумида энергиянинг муқобил манбаларини қидиришнинг фаол босқичига кирди. Аммо шуни ҳам эсга олиш зарурки, Совет Иттифоқи тарқаб кетганидан сўнгги дастлабки йилларда Европада, қолаверса, собиқ совет республикаларининг ўзида кун тартибига транспорт коридорларини – даҳлизларини, савдо йўлларини, муқобил газ ва нефт қувурлари қурилиши масаласи қўйилган эди. Яъниким, стратегик истиқбол нуқтаи назаридан келажакка қараш 90-йиллардан бери кун тартибида турган. Бироқ турли сабабларга кўра, бу масала ё четга ўтиб кетди, ёки секинлашиб, устуворлик касб этмай қолди, чунки Европа Россиянинг энергетика ресурслари билан таъминланган ва муқобил йўналишда жиддий ўзгаришлар бўлмаётган эди.
Энди эса уруш ҳаммани шошириб қўйди, яъни 90-йиллардан бери кун тартибида турган масала кўп тилга олинмоқда ва янги куч билан долзарблашмоқда. Европаликлар ранг-баранглаштириш сиёсатини муваффақият билан амалга ошираётганини кўриб турибмиз. Бир тарафдан, энергетика соҳасида бир қатор Африка мамлакатлари, Яқин Шарқ мамлакатлари билан, бошқа тарафдан эса Озарбайжон билан ҳамкорлик қилиш муайян натижалар бермоқда, Озарбайжондан энергетика ресурсларини етказиб бериш кескин, деярли икки баробар ошди. Албатта, Марказий Осиё мамлакатлари билан Европа ҳамкорлигида ҳам шунга ўхшаш вазиятни кузатиш мумкин, улар ҳам Европа мамлакатларига ҳам энергетика, ҳам бошқа ресурсларни етказиб бермоқда. Шу маънода булар барчаси ҳам Украинадаги уруш сабаб, ҳам 90-йиллардан бери кун тартибида бўлиб келган стратегик нуқтаи назардан юз бермоқда. Албатта, Марказий Осиё мамлакатлари воқеаларнинг бундай ривожланишидан фойда олмоқда, олиши ҳам шарт. Бироқ “вазиятдан фойдаланиб, Марказий Осиё мамлакатлари фойда олиши керак” оҳангида гапириш сиёсий реализм контекстида бироз керагидан ортиқдай туюлади, яъни биз максимал даражада риоя этишимиз зарур бўлган манфаатлар бор. Яна либерал ва меъёр билан боғлиқ масала ҳам мавжуд. Унга кўра, биз Европа билан ҳамкорликка Украинага ҳам, бошқа жуғрофий-сиёсий мулоҳазаларга ҳам боғламай туриб, икки томонлама фойдали ҳамкорлик сифатида қарашимизга тўғри келади. Шунинг учун бунга ҳозир “ҳозир вақти келиб қолди ва бундан максимал даражада фойдаланишимиз шарт” деб қарамаслигимиз лозим. У доимий изчил бўлиши керак. Бирдан ва ҳар доимги ҳамкорликни ўрнатиш, транспорт даҳлизларини, логистика ҳабларини – марказларини ривожлантириш ва уларни жуғрофий-сиёсий ёки сиёсий шароитга қарам қилиб қўймаслик зарур.
Умуман, ўтган йилда Ўзбекистон ташқи сиёсат борасида фаол қадамлар қўйди. Ҳатто Самарқанд ва Тошкентда турли халқаро ва минтақавий ташкилотларнинг саммитлари бўлиб ўтди. Шу тариқа Ўзбекистонда турли куч марказлари ўртасида фикр алмашиш ва мулоқот қилиш учун истиқболли платформа – супа вужудга келмоқда. Сиз бу қадамларни қандай баҳолайсиз?
Яна бунақа масалалар, айниқса, транспорт даҳлизларини ранг-баранглаштириш ва ҳк. ўртага ташланаётганда, бундай фаоллик тез-тез Укпраинадаги вазият билан боғланади. Аммо буюк давлатлар билан турли соҳаларда ҳамкорлик қилиш, транспорт даҳлизларини ранг-баоранглаштириш каби ғоялар барчаси мустақиллик сабаб пайдо бўлганди, чунки ўша мустақиллик дунё мамлакатлари билан алоқа ўрнатиш ва уни ривожлантириш, дунё бозорига чиқиш, жаҳон ҳамжамиятига киришни назарда тутар эди. Мен бу масалага ҳар доим шундай қарайман. Фақат ҳозирги вазият ва ўтган йил аввалдан мавжуд бўлган ғоялар ва лойиҳаларга янги туртки берди. Хусусан, бунга транспорт даҳлизларини Афғонистон орқали Ҳинд океани томонга ҳам буриш билан боғлиқ ўша лойиҳалар киради. Айни лойиҳалар 90-йилларда ҳам мавжуд бўлган. Аммо улар бугунгидек кўп тилга олинмаган ва амалиётга жорий этилмай келаётган эди, чунки Афғонистондаги вазият бунга йўл бермаган. Энди эса у Украинадаги вазият сабаб қайта кун тартибига чиқмоқда. Энди Ўзбекистон учун Кавказ мамлакатлари ҳудуди, Озарбайжон, Грузия, Туркия орқали Европага чиқишдай янги транспорт даҳлизлари ва иқтисодий мўлжал қидириш муҳим ҳаётий аҳамиятга эга. Бошқа тарафдан, Афғонистон орқали жанубий йўналиш бор. Ўтган йилларда Ўзбекистонда – Самарқанд ёки Тошкентда юксак даражадаги конференциялар ўтказилгани тасодиф эмас. “Марказий Осиё – Жанубий Осиё. Иккита минтақанинг боғлиқлиги” деган шартли ном билан юксак даражадаги улкан конференция ўтказилгани жуда эътиборга лойиқ иш бўлди. Ўша конференцияда жанубий йўналишда Афғонистон орқали Покистонга темирйўл қурилиши муҳокама этилгани асосий масала бўлди. Темирйўл шартли равишда “Мозори Шариф–Кобул–Карачи” деб аталади. Ўзбекистоннинг олдин мавжуд бўлган лойиҳалар ва ғояларга янги туртки беришга интилаётганини тахминан шундай тасаввур қилиш мумкин.
ШҲТ саммити доирасида долзарблик касб этган яна бир Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темирйўли лойиҳаси бор. Ушбу лойиҳа бўйича янги битимларга қўл қўйилди ва сўнгги маълумотларга кўра, лойиҳа жонлана бошлаган. Лойиҳа бўйича нима ишлари қилинаётгани ва бу йўлнинг истиқболи борлиги ёки йўқлиги ҳақида гапириб берсангиз.
Албатта, нозик жиҳат ва тафсилотлар ҳақида мутахассислар кўпроқ гапириб бера олади. Мен фақат яқинроқ бориб, вазиятни тавсифлаб беришим мумкин. Чиндан ҳам мазкур лойиҳа ўтган асрнинг 90–йилларида пайдо бўлган, аммо турли сабабларга кўра тўхтатиб қўйилган эди. Қирғизистон билан Ўзбекистон шу вақтгача бу лойиҳа бўйича умумий мавқени топа олмай, ўзаро келиша олмай келди. Ниҳоят, сўнгги олий даражадаги учрашувлар чоғида, айниқса, Қирғизистон ҳозирги президентининг Ўзбекистонга сафари ва президент Мирзиёев билан учрашувидан сўнг тўсиқларни ёриб ўтувчи келишувга эришилди. Самарқандда бўлиб ўтган ШҲТ саммити чоғида Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темирйўли қурилажаги эълон қилинди. Бу шов-шувли эълон бўлди.
Қайд этишим жоизки, темирйўл – танганинг фиқат бир томони. Бошқа томони эса – автомобил йўли. У бир неча йилдан бери мавжуд ва “Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон” лойиҳасининг бир бўлагидир. Темирйўл ушбу транспорт артериясини тўлдиради ва кучайтиради. Темирйўл ва автомобил йўли бирга ушбу векторга стратегик мазмун бағишлайди. Гап шундаки, Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темирйўлига фақат учта мамлакатга дахлдор деган тор ёндашув билан эмас, қитъалараро йирик Ғарбий Хитой – Ғарбий Европа мегалойиҳасининг бир бўлаги сифатида қаралмоқда. Мутахассислар берган маълумотга кўра, ушбу вектор Европа билан Хитой ўртасидаги йўлни анча-мунча қисқартиради. Шу маънода у 3 та мамлакат учун жуда фойдали лойиҳадир. Кўряпмизки, буни яна Украина контексти билан боғлаш ёки боғламаслик бугунги кунда унчалик муҳим эмас. Ҳар ҳолда биз келишувга эришилгани ва тўсиқлар енгиб ўтилганини фақат олқишлашимиз мумкин. Албатта, бу зикр этилган темирйўл тез орада қурилади, дегани эмас. Масаланинг техник жиҳатлари, техник–иқтисодий асоснома ишлаб чиқиш ва ҳк. бор. Ҳар ҳолда сиёсий даражада келишувга эришилди, бу – жуда катта ютуқ.
Гапингизга қўшиламан. Ўзбекистон туркий интеграцияга ёндашувлари қай тарзда ўзгармоқда? Бир тарафдан, тўғри қайд этиб ўтганингздек, жозибали бўлиб қолди, уруш сабаб ташқи сиёсат бўйича ушбу векторларимиз янги туртки олди. Аммо айрим экспертлар фикрича, амбицияларга эга Туркиянинг ҳаддан зиёд кучайиб кетиш хавфи бор.
Қайд этишим жоизки, бу ҳамжамият ёки бирлашма ўтган куни пайдо бўлгани йўқ, унинг ўз тарихи бор. Илгари Туркий форум, сўнгра Туркий тилли давлатлар ҳамкорлиги кенгаши (ТТДҲГ) деб аталган, бурноғи йилдан бери эса Туркий давлатлар ташкилоти деб номланмоқда. Ушбу гуруҳ, ушбу бирлашма доимий амал қилувчи халқаро ташкилот сифатида институционаллашди. Албатта, бу ҳам туркий тилли давлатлар ва халқлар гуруҳининг узоқ давом этган тадрижи катта ютуғидир.
Аммо ҳозирча ушбу ташкилот халқаро майдонда жуда кучли, аҳамиятли, таъсир кучига эга актор деб айтишга ҳали эрта, чунки биз ҳали бу лойиҳанинг бошланишида турганимизни айтиб қўйишим керак. Гап шундаки, бу ташкилотда, бу тузилмада бирлашувнинг бош унсури ёки омили этник омил, яъни унга аъзо мамлакатларнинг туркий тиллилик, этник ва тил умумийлиги бўлиб турибди. Назаримда, бу – тор ёндашув, яъни агар биз фақат тил ва этник асосга таянадиган бўлсак, ташкилотнинг фаолият майдони торлигича қолаверади. Бошқа тарафдан, мен минтақамиз бўлмиш Марказий Осиёга устуворлик беришни муҳим деб биламан. ТДТ доирасида туркий интеграцияга кўра, иштирок этиш, бирлашиш ва қандайдир лойиҳаларни амалга ошириш бир гап, узоқроқ давом этадиган, пухта асосга эга ва реалроқ бўлган жараён эса Марказий Осиё минтақасидаги интеграциядир. Ушбу Марказий Осиё тузилмасида туркий тилли мамлакат бўлмаган Тожикистон ҳам иштирок этади. Бинобарин, агар биз ТДТ доитрасида фақат тил ва этник ёндашувга ёпишиб оладиган бўлсак, Тожикистон бу тузилмадан тушиб қолади. Мен шу нуқтаи назардан Тожикистон ҳам ТДТга аъзо бўлишини таклиф этаман. Венгрия ҳам туркий тилли давлат эмаслигини биламиз, аммо у ТДТда кузатувчи мақомига эга. Шу тариқа Тожикистон ҳам ташкилотда ё кузатувчи, ёки тўлақонли аъзо бўлиши мумкин.
Хулоса қилиб айтмоқчиманки, ТДТ фаолияти ва айниқса, ТДТ доирасидаги Марказий Осиё мамлакатлари фаолияти Марказий Осиёдаги интеграцияга эш бўлиши ёки шунга туртки бериши зарур. Бу биз учун устувор бўлиши шарт. ТДТдаги ҳар қандай иштирокимиз мана шу мақсадни – 5 та давлатнинг Марказий Осиё интеграцияси устуворлигини кўзлаши даркор.
Фарҳод ака, Тожикистонга ТДТда кузатувчи ёки тўлақонли аъзолик мақомини бериш ҳақида жуда қизиқарли фикрни айтдингиз. Бундай режа ёки таклифнинг амалга ошиш эҳтимоли қанчалик баланд? Масалан, Тожикистон тарафи бу ғояни қандай қабул қилади, деб ўйлайсиз?
Ҳа, биз Тожикистоннинг мавқеи қандай бўлиши ҳақида тайинли бир гап айта олмаймиз. Мен бу принцип жиҳатидан ТДТ бирлашмасига зид эмаслигини назарда тутяпман. Айниқса, ҳар доим Тожикистон туркий тилли мамлакат эмас, деб гапирсак-да, бошқа тарихни ҳам биламиз. Тожик халқининг бутун тарихи Марказий Осиё халқлари тарихи билан маданиятда ҳам, маиший ҳаётда ҳам, иқтисодиётда, савдо-сотиқда ҳам, умуман, ягона ойкумена (ернинг инсоният ўзлаштирган қисми) ва минтақанинг бирга яшашида ҳам, қариндошлик алоқалари ва ҳк.да ҳам ўзаро чатишиб кетган. Ўзбекистон биринчи президенти янги минг йиллик арафасида Тожикистонга давлат сафарига борганда, Тожикистон жамоатчилиги олдида чиқиш қилиб, жуда қизиқ ва сиёсий жиҳатдан муҳим шиорни айтган эди: “Тожиклар ва ўзбеклар – икки тилда сўзлашувчи бир халқ”. Бу тожик халқига айтилган рамзий нома бўлиб, тақдиримиз, ҳаётимиз ва келажагимиз бир-бири билан чамбарчас боғланиб кетганини акс эттиради. Шунинг учун баъзан тарихчи мутахассислар ўз дискурсида тарихда “тожик ва ўзбекларнинг билингвизми” (икки тиллилиги) бўлганини қайд этади. Икки тиллилик бир ҳудуддаги бирга яшашни, ҳаётни англатади. Тарихан Самарқанд ва Бухоро каби тамаддун жойлари, шаҳарлари, маданият ўчоқлари иккала халқнинг икки тиллилиги, ягона тамаддуни ва ягона тарихи ҳисобланиши бежиз эмас.
Агар булар ҳаммасини бир жойга жамласак, Тожикистоннинг ТДТга потенциал аъзолигида ҳеч қандай зиддият бўлмайди, деб ҳисоблайман. Аммо бу сиёсий жаҳатдан қандай расмийлаштирилишини, тўғриси, билмайман. Балки бу Тожикистонга бериладиган таклиф бўлар, балки Тожикистон ўзи аъзоликка кириш учун ариза берар. Аммо бу энди техник масала бўлади.
Ҳа, дарвоқе, бу кўп масалаларни, дейлик, гўё туркий тилли мамлакатлар кимгадир қарши бирлашаётганига оид хавотирларни дарҳол кун тартибидан олиб ташлаган бўлур эди. Яна Марказий Осиёдаги минтақавий интеграция мавзуси давомини муҳокама қилсак, нима дейсиз? Жорий йилда қозоқ–ўзбек муносабатларида жиддий олға силжиш бўлганини кузатдик. 2018 йилда, яхшиси, Тошкент–Остона иттифоқи ёки ўқини яратиш керак ва шунга асосланиб, минтақавий ҳамкорликни жойидан жилдириш мумкин, деб гапирган эдик, энди шу амалга ошмоқда. Шу маънода Қозоғистон билан Ўзбекистон амалда ҳарбий-сиёсий иттифоқчилар бўла оладими? Шундай истиқбол Ўзбекистонда қандай баҳоланмоқда? Биз ҳозир минтақада хавфсизликни таъминлашнинг бутунлай янги тизими ташкил топиши бўсағасида турибмиз ва бу Марказий Осиёдаги мустақил мамлакатларнинг манфаатларига яхшироқ жавоб беради, деб айта оламизми?
Ҳа, бу – жуда қизиқ ва айни чоқда жуда муҳим масала. Биринчидан, иттифоқчилик мақоми де-юре (ҳуқуқий жиҳатдан) расмийлаштирилди. Агар бурноғи йили Ш. Мирзиёев билан Қ–Ж. Тўқаев учрашуви чоғида ҚР билан ЎР ўртасида иттифоқчилик муносабатлари ўрнатиш тўғрисида декларация имзоланган бўлса, яқинда бу декларация шартномага айлантирилди, яъни энди биз шартнома бўйича иттифоқчилармиз. Иттифоқчилик муносабатлари – иттифоқчилар деб аталганларнинг алоҳида табиатини, ҳамкорлик мақомини акс эттирувчи атама. Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасида 10 йил олдин имзоланган “Стратегик шериклик ҳақида”ги битим ҳам бор. Демак, биз 2013 йилдан бери стратегик шериклар ҳисобланамиз. Энди стратегик шериклик иттифоқчилик даражасига олиб чиқилди. Ушбу 2 та атама ўртасидаги фарқ кам. Шунга қарамай, иттифоқчилик ўз мазмуни ва сиёсий аҳамиятига эга.
Қозоғистон тарафи иттифоқчиликка нисбатан ўз мавқеини ифодалаётганда, у ҳарбий соҳада, ҳарбий-сиёсий соҳада ҳам яқин бўлишини айтган эди, демак, унинг шу маъноси ҳам бор. Аммо Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасида блокка ўхшаган нарса пайдо бўляпти, дейишга ҳали эрта, чунки Ўзбекистон ташқи сиёсатда блокларсиз стратегия ва принципга амал қилмоқда. Шунга қарамай, бу турли шаклларда – қўшма ҳарбий машқлар бўладими, ҳарбий-сиёсий ҳамкорлик бўладими – умумий ҳарбий ҳамкорликни рад ҳам, истисно ҳам этмайди. Де-юре бунга эришилиб бўлди.
Энди де-факто (амалда) ундан нима чиқишини кутишимиз мумкин. Мустақилликнинг дастлабки йилларидан бошлаб икки давлат ўртасидаги ҳамкорликнинг кенг қамровли манзарасини олсак, ривожланиш тадрижи уни шундай юксак даражага олиб чиққанини кўрамиз. Эҳтимол ушбу тадрижнинг айрим босқичлари нотекис ҳам бўлгандир. Аммо умуман олганда, Ўзбекистон билан Қозоғистоннинг шундай умумий ҳамкорлик чизиғи уларни қалин шериклик сари бошлаб борди. Балки Украинадаги ҳозирги уруш контексти ҳам қўшимча туртки берган бўлиши мумкин. Яна Украинадаги вазиятга қайтдик. Ҳа, у туртки бўлиб хизмат қилгани аниқ. Аммо яна қайтариб айтаман: қозоқ–ўзбек муносбатларининг бутун тадрижи ва бутун тарихи шунга олиб келаётган эди. Қозоғистон билан Ўзбекистон 2 та йирик давлат сифатида Марказий Осиё мамлакатларининг бирлиги ва жипслиги учун алоҳида жавобгарликдай юкни ортмоқлаб келаётир.
Бир вақтлар Қозоғистон билан Ўзбекистон ўртасида гўё рақобат борлиги ҳақида шундай чўпчакнамо фикр, сохта тушунча бўлгучи эди. Мен уларни мақолаларимда танқид қилганман. Аммо воқеаларнинг бундан буёнги ривожи ва иттифоқчилик шартномаси аслида ҳеч қандай рақобат бўлмаганини ва ҳозир ҳам йўқлигини кўрсатиб берди. Иккала давлат жипслашиб, иттифоқчи сифатида, биринчидан, Марказий Осиё минтақасидаги қўшни давлатларга намуна бўлиши ҳамда бутун бошли минтақа миқёсида бирлашиш, янада яқинроқ минтақавий бирлашма пайдо бўлишига кўмак бериши мумкин. Ҳар ҳолда жуда жиддий ва ишонарли жараён суръати тезлашмоқда. Мен президентларнинг маслаҳат учрашувларини назарда тутяпман. Янги бошланган йилда бешинчи учрашув Душанбеда ўтказилади. Унгача Ўзбекистон билан Қозоғистон минтақавий бирлашмани маслаҳат учрашувларидан қандайдир янги даражага олиб чиқиш масаласида инновацион таклифлар тўпламини тайёрлаб қўйиши ҳам, иттифоқчи бўлиб ва бу иттифоқчиликни амалда кўрсатиб, қалин ҳамкорлик намунасин намойиш этиши ҳам мумкин.
Дарҳақиқат, Марказий Осиёда минтақавий хавфсизликни таъминлаш тизими ҳақида гапирадиган бўлсак, минтақавий хавфсизликка у ёки, бу томондан бўлаётган мавжуд хатарлар ва таҳдидларни Марказий Осиёнинг 5 та мамлакати саъй-ҳаракатлари билан бемалол бартараф қилиш мумкин бўлади. Яъниким, улар минтақадан ташқаридаги кўмак кўрсатиш тузилмалари – буюк давлатлар ёки дейлик, КХШТ сингари ташкилотларни жалб қилишни талаб этмайди. Айнан ўз кучи билан, Марказий Осиё давлатлари кучи билан минтақавий хавфсизликни бемалол таъминласа бўлади. Лекин Қозоғистон билан Ўзбекистон ўртасидаги мана шу ҳарбий-сиёсий ҳамкорлик, тепароқда айтиб ўтганимдек, биринчидан, Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатлари учун интеграцияни юқорироқ даражага олиш чиқиш борасида намуна бўлади, деб жуда умид қиляпман. Иккинчидан, бу иттифоқ бўлғуси минтақавий хавфсизлик тизимининг прототипи – аввалий намунаси бўлиши ҳам мумкин.
Ниҳоят, келинг, йилнинг оралиқ сарҳисобини қилишга уриниб кўрамиз. Минтақанинг барча мамлакатлари аҳоли устидан ички назоратни кучайтирди. Эҳтимол айрим кузатувчилар Марказий Осиёда кучли демократик мамлакатлардан кўра ишончли иттифоқчиларга эга бўлишни афзал билиб, Ғарб ҳам ушбу авторитар векторни қабул қиляпти, деб ҳисоблаётгандир. Сиз бунга нима дейсиз? Бундай автократиялар чиндан ҳам барқарор бўладими ва минтақамиз манзарасининг ўзгармас қисми бўлиб қоладими?
Йўқ, мен бир неча сабабларга кўра бунақа деб ўйламайман.
Биринчидан, Ғарбда Марказий Осиёдаги мавжуд режимлар билан иш кўришни афзал билишади, деган саволга тузатиш киритаман. Менимча, Ғарбда, Европа Иттифоқида ёки АҚШда бўлишидан қатъи назар, мамлакатларимиздаги сиёсий тадриж ва ислоҳотлар диққат билан кузатиб борилмоқда. Улар ҳали ҳам қонун устуворлиги, инсон ҳақларини ҳимоя қилиш, демократия институтларини мустаҳкамлаш, фуқаролик жамиятини ривожлантириш ва ҳк. фикри ва ғоясини фаол тарзда олға суриб келмоқда. Шунга кўра, бу муаммолар Ғарбнинг Марказий Осиёга нисбатан сиёсатида ҳам кун тартибидан олинган эмас. Бунга С5+1 каби концепцияни, Америка ёки Европанинг Марказий Осиё бўйича стратегиясини, икки томонлама лойиҳаларни мисол қилиб келтирса бўлади. Масалан, АҚШ билан Ўзбекистон ўртасида “Стратегик шериклик мулоқоти” деган механизм бор. Декабр ойида Ўзбекистон ташқи ишлар вазири “Стратегик шериклик мулоқоти”дипломатик форуми доирасида Вашингтонда бўлиб қайтди. Айтиб ўтганимдек, мана шу барча механизм ва форматларда меъёрий муаммолар, яъни демократия, инсон ҳақлари ва ҳк. ҳар доим долзарблигича қолмоқда. Мен ҳатто шу нуқтаи назардан, айниқса, Марказий Осиёга нисбатан Россия тарафидан сўнгги пайтларда ахборот майдонида таҳдид ва дўқ-пўписалар янграётган пайтда Марказий Осиё давлатларининг мустақиллиги, хавфсизлиги ва эгаменлиги ушбу таҳдидларга қарши туриш усули сифатида талқин этилиши мумкин, деб айтмоқчиман. Яъниким, демократик ривожланиш, инсон ҳақларини ҳимоя қилиш ҳам ушбу Марказий Осиё мамлакатларига Ғарбнинг фаолроқ ёрдам бериши ва қўллаб-қувватлаши учун, жумладан, хавфсизликни таъминлаш масалаларида шарт-шароит яратади. Шунга кўра, Ғарб зикр этилган меъёрий масалаларни умуман кун тартибидан олгани йўқ, деб ўйлайман.