Нурлан Кабдилхақ
(Rian Thum. “What is Islamic History,” History and Theory, #57, 2019) (Мақоланинг қисқача баёни)
“Ислом” ва “ислом дини тарихи” сингари тушунчалар чегараларини аниқлашга уринишлар узоқ интеллектуал шажараси бор илмий мунозараларни келтириб чиқарди. Манчестер университети профессори, Шарқий Туркистон ва Хитой ҳудудидаги ислом тарихи бўйича мутахассис Риан Тамнинг (Rian Thum) мақоласи ушбу муҳокамага муҳим қўшимча бўлди. Там мақоласида “ислом дини тарихи” тушунчасини кенг талқин этишни ёқлаётган олимлар гуруҳига қўшилади. Айни тушунча аввало мусулмонлар ўзини қандай тавсиф қилаётганига таянади. Бундай тоифадаги олимлар фикрича, мусулмонларнинг ўзи тавсифлаётган ва “исломий” деб атаётган нарсалар “исломий” бўлади. Ўзини тавсиф қилиш моделига таянилса, “ҳақиқий ислом дини” нима экани хусусидаги баҳслардан қочиш, бунинг ўрнига ислом динининг барча концепцияларини биратўла тўғри концепциялар сифатида қабул қилиш имконини беради. Бундай мавқе тарафдорлари кўпинча битта эмас, турли “ислом динлари” ҳақида гапиришни ёқтиради.
“Ислом дини” ва “исломий” тушунчаларини кенг талқин этишнинг бир қатор кўзга кўринарли илмий ва ахлоқий устунликлари бор. Илмий нуқтаи назардан, бундай талқин битта субъектив таъриф билан чекланиб қолмасдан, баъзан бир-бирини инкор этувчи ҳодисаларнинг кенг спектрини аниқлайди ва ўз тадқиқот объектининг чексиз янги таърифларини келтиришга изн беради. Ахлоқий нуқтаи назардан, ислом динини бундай тушуниш мақбул кўринади, чунки бу динни субъектив қолипга солмайди ва унга нисбатан “эпистемик (билим билан боғлиқ) зўравонлик”ни қўлламайди, яъни бундай талқинда ўзини мусулмон деб ҳисоблайдиган кишиларга нисбатан улар дини ва анъаналари исломий эмас, деган гап йўқ. Бундан ташқари, ушбу ёндашув замирида ислом динининг турфа хиллиги ва бир хил эмаслигини қабул қилиш ётади. Айни чоқда замонавий аксилмусулмон ирқчилиги ва исломофобия (ислом дини ва мусулмонларга ёвқараш, улардан чўчиш) асосида эса мусулмонларнинг асосий хислатларни кўрсатиб беришни иддао қилувчи ҳолатлар ётади, улар гўё бутун мусулмон жамоатларига тегишли салбий хислатларни ёпиштирмоқчи бўлади.
Хуэй/дунганлар ва ўзини-ўзи тавсифловчи модел танқиди
Санаб ўтилган устунликларига қарамай, ўзини-ўзи тавсифлаш ёндашуви бир қанча обрўли тадқиқотчилар, жумладан, Талол Асад ва Шаҳоб Аҳмаднинг эътирозига сабаб бўлмоқда. Шаҳоб Аҳмад фикрича, бирликдаги ислом дини нимани англатишини аниқламай туриб, кўпликда “ислом динлари” мавжуд деб аташ етарли эмас. Бундан ташқари, у савол беради: “Агар мусулмонлар мусулмон бўлиши учун мусулмонлар қилиши шарт бўлган ишни қилмаса, агар улар исломий бўлмаган, ҳатто ғайриисломий ишлардан кўпини қиладиган бўлса”, у ҳолда “улар ўйлаши ва қилиши керак бўлган ишлар билан амалда қилаётган ва ўйлаётган ишлар ўртасида қандай боғлиқлик бор?” Агар бундай боғлиқлик бўлмаса, бундай кишиларни қандай қилиб мусулмон, динини эса ислом деб аташ мумкин? Аҳмадни бундай талқинни қабул қилиш ислом динининг отидан бошқа нарсани англатмай қолиши ташвишлантиради. Унинг ва бошқа танқидчилар фикрича, ислом динини бундай тушуниш бемаъни ва номигагина қилинадиган ишдир.
Ислом динини кенг талқин этувчи оппонентларнинг далилларини батафсил муҳокама қилиш учун Риан Там ўзини-ўзи тавсифловчи моделнинг энг мураккаб намуналарига назар ташлашни таклиф этади. Аҳмаднинг танқиди ҳам ўша моделга тегишли. 1991 йили америкалик антрополог Дрю Глэдни Хитойнинг Фуцзян вилоятидаги “хитой мусулмонлари”га бағишланган тадқиқотини эълон қилган эди. Глэдни тадқиқ қилган одамлар гуруҳи ўзини “хуэй” (рус тилидаги анъаналарда улар “дунганлар” сифатида машҳур) деб танитган, бу хитойча атама тахминан “мусулмон” тушунчасига тўғри келади. Глэдни таъкидлагани бўйича хуэйлар/дунганларнинг айни жамоати ислом анъаналарига амал қилмаган, ўз эътиқодини “ислом” ҳам деб атамаган. Ўзини-ўзи тавсифлаш модели тор тушунилганда, одамларнинг бу гуруҳи мусулмонлар деб аталаши мумкин эмас, чунки улар исломий илдизларига қарамай, ўзини бунақа гуруҳга мансуб деб билмайди.
Хуэй жамоати бўлган “сохта мусулмонлар” ишини кўриб чиқаётган пайтда мана бу савол туғилади: ўзлигини мусулмон деб билиш нимани англатади? Тарихан мусулмон маданиятига мансуб деб ҳисобланган ҳар қандай маданият “ислом” ёки “муслим” атамалари билан этимологик жиҳатдан боғлиқ тавсифий сўзлардан фойдаланган. Бироқ “хитой мусулмонлари” ўзини-ўзи тавсифлаш учун “хуэй” сўзининг вариантларидан бирини ишлатади, бу уларнинг этник мансублиги билан чамбарчас боғлиқ. Айни чоқда дунганларнинг аксарияти диний эътиқодини англатиш учун “цин-чжэнь” атамасини ишлатади, у хитойча “тоза” ва “ҳақиқий” сўзлари бирикмаси ҳисобланади.
Ушбу этимологияга кўра, келиб чиқиши узоқ бўлган атамалар пайдо бўлишидаги муҳим жиҳат хитой тилида илк марта ислом дини битиклари чоп қилингани бўлган эди. Бундай битиклар биринчи марта XVI аср охирида, дастлабки мусулмонлар Хитой ҳудудига кириб келгандан сўнг орадан 8 асрдан кўпроқ вақт ўтиб сужудга келган. Бундай атамалар шаклланиши ва тилда мустаҳкам ўрнашиб қолишига узоқ таъсир кўрсатган энг биринчи асар хуэй сўфийси Ван Дайюйнинг “Тоза ва реал нарсалар ҳақида буюк таълимот” рисоласи 1642 йилда ёзилган эди. Ван ушбу китобида ўқишишли конфуцийлик, буддавий ва даочилик таълимотлари ўқувчилари оммасига, яъни хитой тилли мусулмон бўлмаганларга ўз эътиқод тизимини тушунтиришга интилади. Айнан шунинг учун сўфий муаллиф, ўз иддаосича, ислом таълимотини тўққиз пулдай қилиб тушунтириш учун буддавий ва даочилик ибора ва ифодаларидан фойдаланишга қарор қилади. Ушбу илмий асар натижаси ўлароқ, мусулмонлар эътиқоди ва анъаналарини тавсифлаш учун “тоза ва ҳақиқий”, “асосий йўл” ва “бизнинг таълимотимиз” каби иборалар пайдо бўлди. Араб ва форс тилларида мусулмон таълими бўлишига қарамай, ХХ аср бошига келиб, хитой тили ушбу мамлакатнинг аксарият мусулмонлари учун (Шарқий Туркистонни истисно қилганда) асосий тилга айланди. Вақт ўтиши билан ушбу мусулмонлар ўз динини тушуниш учун Ван Дайюй ва бошқа муаллифлар китобларига таяна бошлади, дастлаб уларда мусулмон бўлмаган кишиларга ислом динини тушунтириш учун маҳаллий даражада қабул қилинган диний атамалардан фойдаланилган эди. Натижада дунганлар учун “цин-чжен” ислом динининг умумқабул қилинган номини, “цин-чжэнси” (тоза ва ҳақиқий нарсалар ибодатхонаси) масжидни, хуэй эса мусулмонни англатадиган бўлди. Пировардида бундай атамалар асл келиб чиқишидан бехабар бўлган ва “цин-чжэн”нинг ислом дини билан принципиал алоқасини англаб етмаган дунганлар ўзини, “цин-чжэн” динига эътиқод қиламиз, деб ҳисоблайдиган бўлди. Шу сабабга кўра, Риан Тиам мана бу саволни ўртага ташлайди: “Ўзини-ўзи тавсифлаш моделига амал қиларак, хуэйларнинг ушбу гуруҳини мусулмонлар, таълимотини эса ислом деб аташ мумкинми?”
Исломий билимларни бошқаларга узатиш ва ислом динини қабул қилиш
Биз бир тарафдан ўзини-ўзи тавсифлашни тор тушунишни қабул қилишимиз ва хуэйларнинг айни гуруҳи ўз динини ислом деб атамагани учун уларни, мусулмон эмас, иддао қилишимиз мумкин. Бундай ёндашув Аҳмаднинг ўзини-ўзи тавсифлаш модели номинал, яъни номигагина экани ҳақидаги далилини тасдиқлайди ҳам. Яна иддао қилиш мумкинки, хуэйлар тарихи ўзликни англаш принципи муқаррар хато эканини кўрсатиб беради. Бироқ Там фикрича, ўзини-ўзи тавсифлаш ўзликни ҳеч қандай маънога эга бўлмаган сўз ёки тушунчага боғлашдан кўра каттароқ нарсадир. Хитойдаги ислом тарихи хуэй ва мусулмонларни, чин-чжен ва ислом динини ўзаро маънодош тушунчаларга айлантирди. Айни тарих исломий билимларни, жумладан, уларни хитой тилига таржима қилишга уринишлар орқали узатиш занжири муҳим эканини кўрсатиб беради. Ўзини-ўзи тавсифлаш барча исломий ўтмиш билан ўзаро таъсирлашувни назарда тутади, у хуэйлар ўз таълимотини “цин-чжен” деб аташига сабаб бўлган эди.
Ўзини-ўзи тавсифлашни муайян сўз ёки ҳеч нарсани англатмайдиган рамзга боғланиб қолиш сифатида тушунишнинг тарих билан ҳеч қандай алоқаси йўқ. Бундай мавқе нега одамлар ўз динини ислом деб аташга қарор қилгани, шунингдек, улар ишлатаётган атамалар қаердан пайдо бўлганини ҳисобга олмайди. Жавоб ислом динининг бой ва турфа хил тарихида мужассам. Қуръонсиз ва Муҳаммад пайғамбарсиз ҳеч ким ўзини мусулмон деб атамаган ва исломий атамаларни бошқа тилларга таржима қилиш заруриятини ҳис қилмаган бўлар эди. Жалолиддин Румий шеърияти гўзаллигисиз ёки кезгинди сўфийлар мўъжизаларисиз Марказий Осиё аҳолиси ислом динини қабул қилиши учун кўпроқ вақт талаб этилиши тайин эди. Ҳар бир киши “ислом” деган сўз мавжудлигини бошқа кишилардан билиб олиши зарур бўлган. Узатиш занжири, асосан, бошқа мусулмонлар орқали ўтган ва барча ҳолатларда уни Муҳаммад пайғамбар ва унинг саҳобаларигача кузатиб бориш мумкин. “Ислом” сўзи ва таълимоти бутун дунё бўйлаб барча исломий жамоатларнинг кенг қамровли тарихи шарофати билан тарқалган.
Кенгроқ қамровли тушунчада ўзликни англаш амали исломий билимларни узатиш тарихи билан ўзаро боғлиқлик доирасидан ташқарига чиқиб кетади ҳамда ислом динини қабул қилиш амали билан ўзаро боғлиқликни назарда тутади. Олтин Ўрдадаги ислом тарихига оид илмий ишида тарихчи Девин ДеВиз ислом динини ва “мусулмон” атамасини қабул қилиш принципиал жиҳатдан муҳим эканини кўрсатиб беради. У таъкидлашича, ислом динини қабул қилиш амали тарихий хотиранинг сийқаси чиқиб кетган намунаси эмас. Ўзини мусулмон деб аташ инсон моҳиятини ва уни қамраб турган воқеликни жиддий тарзда ўзгартиришни англатади. Шу маънода динни “қабул қилиш”нинг “номинал”дан теранроқ кўриниши бўлмаса керак.
Риан Там яна қайд этишича, узатиш тарихи ёки динни қабул қилиш амал билан бир қаторда ўзини-ўзи тавсифлаш амалининг бошқа маънолари ва оқибатлари ҳам бор. Масалан, кўпинча мусулмон киши муайян тарзда ҳаракат қилади, муайян битикларни ўқийди, муайян нарсаларга содиқ бўлади ва муайян маслакларга амал қилади. Ўзликни таниш қандайдир жамоатга рамзий тарзда бекордан-бекорга ўзини мансуб деб билиш эмас, аксинча, бутун бошли оламни унинг талаблари, мажбуриятлари, имтиёзлари ва етишмовчиликлари билан қабул қилиш демакдир.
“Ислом тарихи” чегараларини аниқлаш йўлида
Ўзини-ўзи тавсифлаш моделига таянадиган “ислом” ва “мусулмон” тушунчаларининг кенг қамровли талқинини қабул қиларак, Риан Тиам “тарих” тушунчаси ҳақида ҳам ўйлаб кўришни таклиф этади. У бунинг учун тарихчи Грег Денингга мурожаат қилади. Денинг тарихга “битикларга айланган ўтмиш – битилган, талаффуз қилинган ёки моддий объектлар сифатида қотиб қолган битиклар”, деб таъриф берган эди. Тарихнинг бундай таърифи ислом динининг ўзини-ўзи тавсифлаш модели билан бирга “ислом тарихи” тушунчасининг кўплаб эҳтимолий маънолари борлигини назарда тутади. Айни тушунчага мусулмонларнинг ўтмиши; исломнинг дин сифатидаги ўтмиши; мусулмонларнинг ислом дининики деб атайдиган тарихи; мусулмонлар иштирок этган тарихий воқеалар ва ҳк. жо бўлади. Бундай тушунчанинг очиқлиги ундан фойдаланиш усуллари кўплигида акс этади. Риан Там бу тушунчаларнинг қайси бири устунлигини таъкидлаб ўтирмай, “ислом тарихи”ни мусулмонлар яратган кенг қамровли тарихлар мажмуини (ўтмишдаги битикларни) англатиш учун ишлатишни таклиф қилади.
Агар мусулмонлар кимлигини мусулмон деб биладиган кишилар, ислом эса улар ислом деб атаётган дин бўлса, “ислом тарихи” Там наздида ғайриоддий тарзда қамровли, турли-туман ва жуғрофий жиҳатдан кенг тарқалган ҳодиса бўлиб, Ғарбий Африканинг “Сундиата” эпосини, Хитой дунганлари афсоналарини, “Ислом миллати” деб аталувчи афро-америкаликлар газетасининг тарихий очерклари, Индонезиянинг Сунан Калижаги ҳақидаги ҳикояларини ўз ичига олади. Табарий йилномаси каби кўпроқ ном қозонган ислом билан боғлиқ воқеалар баёни, сулолалар тарихи ёки Қуръонни айтмаса ҳам бўлади. Яқин Шарқ маданиятлари ва жамиятлари замонавий илмий ислом тарихшунослигидаги устунлигини сақлаб қолмоқда. Ислом динини бундай тор тушуниш бой тарихий анъаналарга эга жуда кўплаб мусулмонларни ислом тарихига қўшмайди. Риан Там ўз навбатида мусулмонлар ва ислом дини тарихининг кенгроқ концепциясини таклиф этади. “Ислом тарихи” кенг талқин қилиш тадқиқотлар доирасига бошқа мусулмон маданиятлари ва минтақалари, жумладан, дунё мусулмонлари аҳолисининг учдан бир қисми яшайдиган Жануби-Шарқий Осиё ва Саҳрои Кабирдан жанубдаги Африка минтақасини ҳам фаол қўшишда ёрдам беради.
Риан Там мақоласи сўнггида таъкидлашича, амалий даражада тобора кўпроқ тарихчилар бевосита ёки билвосита ислом тарихини белгилашга бўлган ўзини-ўзи тавсифлаш ёндашувини қабул қилмоқда. Бунинг натижасида Сибирдан Филиппингача бўлган янги исломий воқеалар баёни пайдо бўлди. Там яна қайд этишича, кўплаб мамлакатлардаги асосий сиёсий қарорлар ислом дини ва унинг тарихини нотўғри тушунишга асосланмоқда. Шунинг учун, бир тарафдан, ислом динини ўрганишни давом эттириш, бошқа тарафдан эса, ислом дини ва ислом тарихи ҳақидаги одамлар онгига ўрнашиб қолган қолган қолипларни бузиб ташлаш муҳим.