Дамир Саттаров
Эфталитлар ва “оқ хуннлар” мелодий V – VI асрларда Марказий Осиё ҳудудида илк кенг қамровли давлатлардан бирига асос солади. Эфталитлар давлати гуллаб-яшнаган пайт унинг чегаралари шарқдан ғарбга: Хўтандан (Шарқий Туркистон) Эрон чегаралари қадар ва шимолдан жанубга: ҳозирги Қозоғистон даштидан шимоли-ғарбий Ҳиндистон қадар, яъни Ўрта Осиё, Афғонистон, Покистоннинг катта қисми, Ҳиндистон билан Хитойнинг бир қисмигача (Шарқий Туркистоннинг бир қатор воҳалари) чўзилиб кетган. Бироқ ўша даврдаги бошқа туркий империялар сингари Эфталитлар давлати узоқ яшаб қолмаган – кескин рақобатда ўрнини бошқа қабилаларга бўшатиб берган. Эфталитлар Афғонистонадаги улкан Бомиён Будда ҳайкалларини мерос қолдирган, аммо толиблар уни 2001 йилда бузиб ташлади. Замонавий пуштунлар, эҳтимолки, тожиклар ва туркманлар эфталитларнинг авлодлари бўлиши мумкин.
Эфталитлар ҳақида бугун бизга туркман тарихчиси Ойдўғди Қурбонов сўзлаб беради.
Ойдўғди Қурбонов – туркман археологи ва тарихчиси, Марказий Осиёнинг тарихдан олдинги ва кечки антик даври унинг асосий тадқиқотлар соҳаси ҳисобланади. Қурбонов Туркманистон фанлар академияси Археология ва этнография институтида тарих ва археология соҳасида “Сосонийлар империясининг шарқий чегаралари: Жанубий Туркманистондаги тематик тадқиқот” деб номланган тадқиқот лойиҳаси билан постдокторант бўлган. Археология институти бўлимини бошқарган. Яна Берлиндаги Германия археология институтининг Евроосиё бўлимида ишлаган. 2007 йил январидан апрелига қадар АҚШдаги Пенсилвания университетининг Шарқий Осиё тиллари ва тамаддунлари (цивилизация) кафедрасида “IV – VI асрларда эфталитларнинг (оқ хуннларнинг давлат қурилиши” деб номланган тадқиқот лойиҳаси устида иш олиб борган.
У АҚШнинг “National Geographic” журналидан олинган молиявий грантлар ҳисобидан Туркманистонда “Сосонийлар империясининг шарқий чегараларини аниқлаш. Кўҳна Абиверд ва Марв вилоятларида ўтказилган тадқиқотлар (2014 йил 1 июлидан 2015 йил 30 июнига қадар)” ва “Марказий Осиёда неолит давридан энеолит даврига ўтишни ўрганиш. Дашли-депадаги қазишма ишлари (2018 йил 1 мартидан 2019 йил 28 февралига қадар)” деб номланган 2 та тадқиқот лойиҳасини амалга оширган.
2018 йил 1 июндан июл ойига қадар Directeurs d’Études Associés (Тадқиқотлар бўйича кўмакчи директорлар) дастурида таклиф этилган тадқиқотчи бўлган, айни дастур Fondation Maison des Sciences de l’Homme’нинг (Гуманитарлар фанлар уйи жамғармаси) “энг кўҳна халқаро сафарбарлик дастури” ҳисобланади. У Туркманистонда қазишма ишлари билан шуғулланган. Берлин Эркин университетига қарашли Қадимги Яқин Шарқ археологияси институтининг илмий ходими. Манба: https://en.wikipedia.org/wiki/Aydogdy_Kurbanov
Эфталитларнинг келиб чиқиши тўғрисида бир қанча тахминлар мавжуд: шарқий эронлик, прото-монгол, хунн ёки туркий ва бошқа тахминлар. Ўша тахминлар ҳақида батафсилроқ сўзлаб берсангиз. Эфталитлар давлати қаердан ва қачон ташкил топган? Унинг номи қаердан келиб чиққан?
Жуда яхши савол бердингиз, лекин мен даставвал унга бироз тузатиш киритсам. Сиз эфталитларни ҳозирги халқлар: пуштунлар, туркманлар ва тожиклар орасидан топиш мумкин, деб айтдингиз. Гап шундаки, эфталитлар ҳаммадан кўпроқ ражпутлар орасида из қолдирган, деб у ёки бу тарздаги ишонч билан айтишимиз мумкин. Ражпутлар – Ҳиндистоннинг шимоли-ғарбида яшайдиган халқ. Улар эфталитларнинг бевосита авлодлари бўлса ажаб эмас, аммо эфталитларнинг ўзини “эбодала” деб атаганини туркманлар орасида яшайдиган адбал қабиласи билан боғласак, эфталитлар авлодларини туркманлар орасидан ҳам топиш мумкин бўлади.
Аммо энди саволингизга қайтадиган бўлсак, қайд этиб ўтганингиздек, эфталитлар келиб чиқишига оид тахминлар кўп, улар келиб чиқишига кўра шарқий эронлик, прото-монгол, хунн ва ёки туркий ҳам деб аталади. Ҳозирга қадар олимларга эфталитларнинг келиб чиқиши маълум эмас. Ўша даврда хуннларнинг Осиёдан Европа қитъаси ҳудудига қараб юриши билан бошланган халқларнинг буюк кўчиши деб аталган ҳодиса юз бергани ва улар Европага етиб боргандан сўнг Аттилани ҳукмдор деб эълон қилгани ҳамма нарсани чалкаштириб юборган эди. Тарихнинг бу ҳодисаларидан хабарингиз бор, албатта. Аммо IV – V асрларда бошланган кўчиш даврида Марказий Осиё ҳудудида янги халқлар ёки, дейлик, қабилалар – улар орасида нафақат эфталитлар, шунингдек, бизга маълум манбаларга кўра, кидарийлар, алконлар ва хионитлар ҳам бор эди – пайдо бўлади. Шу ўринда жиддий савол туғилади: бу халқлар ким бўлган ёки улар яқин қариндошлар ҳисобланадими ёки келиб чиқишига кўра турлича бўлганми? Сўнгги маълумотлардан келиб чиққан ҳолда айтишимиз мумкинки, улар кўпроқ яқин қариндош қабилалар бўлган, эфталитлар Марказий Осиё ҳудудига келган қабилалар конфедерациясига кирган бўлиши ҳам мумкин, улар қандайдир ички тўқнашувлар ва эҳтимолки, бу жангда қисқа вақт ғалаба қозониб, ўз давлатини тузиш имконига эга бўлган. Эфталитлар давлати V асрда барпо этилган ва VI асрнинг учинчи чорагида тор-мор этилган. Сиз мендан эфталитларнинг номи қаердан пайдо бўлган, деб сўрадингиз. Биз илмий адабиётда итшлатадиган “эфталитлар” номи юнон тилидан олинган, чунки улар Бобил (Византия) манбаларида ё “оқ хуннлар”, ёки “эфталитлар” деб аталган. Улар ўзини “эбодало” деб атагани эҳтимоли кўпроқ, биз бу номни Афғонистон шимолидан топилган ҳамда инглиз олими Николас Симс-Уилям таржима ва таҳлил қилган Роб ҳукмдорлари архивидан олинган Бақтрия битикларида учратамиз. Тахмин қилишимча, улар ўзини “эбодало” деб атаган ва “эфталитлар” ўша сўзнинг бузилган шакли бўлиши керак.
Эслатиб ўтганингиздек, эфталитларнинг Марказий Осиёга кўчиб ўтиши IV асрдаги кўчманчилар миграциясининг оммавий тўлқини, “буюк босқин” натижаси бўлиб, унга юз берган иқлим ўзгариши ва Олтой яйловларидаги қурғоқчилик сабаб бўлган. Бу жараён ҳақида батафсил сўзлаб бера оласизми? Бу миграция қандай юз берган? Янги етиб келган туркий қабилалар минтақадаги ресурслар учун рақобат қилганми? Бу кураш қанчалик қаттиқ бўлган?
Ҳа, қайд этиб ўтганингиздек, миграция IV асрда юз берган, тўғрироғи, у IV асрда бошланган, сўнгра ҳатто V асрда ҳам давом этган. Миграция қандай кечган? Эфталитларнинг ўзини оладиган бўлсак, Хитой манбаларида қайд этилишича, улар дастлаб Буюк Хитой деворидан шимолроқда, яъни тахминан ҳозирги Монголия ҳудудида яшаган. Кейинчалик яна Хитой манбаларида таъкидланишича, эфталитлар ушбу минтақадан Олтой орқали Марказий Осиё ёки дейлик, минтақамизнинг эски камроқ ҳудудни англатувчи номини оладиган бўлсак, Ўрта Осиё ҳудудига кўчиб ўтган, яъни Хитой манбаларига кўра, улар Буюк Хитой деворидан шимолроқдаги жойда келган. Биринчилардан бўлиб кидарийлар кўчиб келган ва ҳатто бу ерда ўз пулини зарб ҳам қила бошлаган. Лекин бу, асосан, Кушонийлар тангаларига тақлид этиб зарб қилинган, кейинчалик кидарийлар сосонийлар билан жанг қилади. Сосонийлар милодий III аср бошида улкан империя тузган Эрон сулолаларидан бири бўлганини, 4 асрдан ошиқ вақт ҳукмронлик қилганини ва VII аср ўртасида араблар келиб, империяни йўқ қилганини биламиз. Шундай қилиб, кидарийлар Сосонийларга ўрнини бўшатиб бериб, Афғонистон ҳудудига, сўнгра Ҳиндистон ҳудудига ўтиб кетган. Бу воқеалар барчаси V аср ўртаси ва иккинчи ярмида юз берган. Шу ўринда бир савол туғилади. Баъзи маълумотларга кўра, эфталитлар ҳатто кидарийларга қарши курашда Сосонийларга ёрдам ҳам берган, аммо қўлимизда аниқ далиллар йўқ. Кидарийлар тор-мор этилиб, яшаб турган жойидан кўчиб кетгандан сўнг улар ўрнини эфталитлар келиб эгаллаган. Яна бир савол туғилади: Рим тарихчиси Аммиан Марцеллин ёзиб қолдирган хионитлар ким бўлган? Марцеллинга кўра, Шапур II IV асрда хионитларга қарши курашишига тўғри келган. Қизиғи шундаки, қўлимизда Марцеллин берган маълумотдан бошқа хионитлар ҳақида ҳеч нарса йўқ. Хионитлар тангалари йўқ қўлимизда, аммо эфталитлар, кидарийлар ва алҳонларнинг тангалари бор, улар қабилалар конфедерациясига тааллуқли бўлса ажаб эмас. Хионитлар қайсидир даражада қидарийлар билан бирлашган ва кидарийлар кетгандан сўнг эфталитлар ва хионитлар келган бўлса керак.
Яқинда ўтказилган тадқиқотларга кўра, эфталитлар яшаган жой ҳозирни Ўзбекистон жануби ва шимолий Афғонистондаги Ҳиндикуш тоғининг шимолий этакларидаги Тоҳаристон бўлган. Улар пойтахти Қундуз шаҳри бўлган бўлиши мумкин. Эфталитлар қандай қилиб бунчалик катта ҳудудни эгаллаб олган?
Ҳа, Тоҳаристонни олсак, у ҳаммамизга маълум Бақтрия бўлган, кейинчалик у Бақтрия/Тоҳаристон деб атала бошлаган. Сиз қайд этиб ўтганингиздек, тарихий Тоҳаристон ҳудудига ҳозирги жанубий Ўзбекистондан ташқари, кичик ҳудуд, шунингдек, Туркманистон шарқи кирган, бу – кичик бир изоҳ. Яна Хитой манбаларида ёзилишича, Бадиан шаҳри эфталитлар пойтахти деб аталган, бу ном нимани англатишини охиригача билмаймиз, ўша шаҳар ҳозирги Афғонистонга қарашли Қундуз шаҳри бўлган бўлиши ҳам мумкин. Яна бир тахминга кўра, ўша шаҳар Ўзбекистоннинг Бухоро шаҳридан унча узоқ бўлмаган Пойкент ҳам бўлиши мумкин. Бошқа бир тахминга кўра, Афғонистон ҳудудидаги Балх шаҳри ҳам эфталитлар пойтахти бўлган бўлиши эҳтимолдан холи эмас, чунки айнан қайси шаҳар Эфталитлар давлати пойтахти бўлгани ҳақида қўлимизда аниқ далиллар йўқ. Таассуфки, Хитой манбаларида тилга олинган Бадиан айнан қаерда жойлашгани ҳалигача аниқ эмас ва биз фақат тахмин қилишимиз мумкин, холос.
Шу ўринда яна эфталитларнинг таянчи Тоҳаристон билан бир қаторда Суғдиёна бўлганини эътиборга олиш керак бўлади. Суғдиёна – тарихий вилоят. Биламизки, Хитой манбаларига таянилса, эфталитлар шимолдан кириб келган, яъни улар дастлаб Суғдиёна ҳудудидан келган, сўнгра Тоҳаристон ҳудудига ўтиб кетган. Тарихан Тоҳаристон Ҳиндикуш тоғи этагида тугайди, яъни ҳозирги Афғонистон ҳудудидаги Ҳиндикуш Тоҳаристоннинг жанубий чегараси ҳисобланади. Мана шу ўринда минтақамизга IV асрда кўчиб келган бошқа бир халқ – алҳонларни ҳамда Ҳиндикуш тоғи Эфталитлар давлати ҳудуди билан алҳонлар давлати ҳудуди ўртасидаги табиий чегара бўлганини эсга олиш зарур бўлади. Қизиғи шундаки, олдин олимлар эфталитлар ва алҳонлар давлатлари ҳудудлари бирлашган деб ҳисоблаб келган. Аммо сўнгги маълумотлар шаҳодат беришича, алҳонлар эфталитлар билан қардош бўлган бўлса-да, уларнинг Ҳиндикуш тоғининг жануб томонида ўз давлати бўлган. Ҳиндикуш тоғи шимолидаги ҳудуд улар давлати таркибига кирган. Шундай маълумотлар бор. Аммо биз эфталитлар ҳақида сўз юритаётганда, нафақат Тоҳаристонни, балки Суғдиёнани ҳам эсда тутишимиз зарур бўлади. Албатта, Сосонийлар шаҳаншоҳи Феруз 484 йилда мағлуб бўлиб, эфталитларга қарши жангда ҳалок бўлгандан сўнг Эфталитлар давлати ҳудудини анча кенгайтириб олади. Унинг таркибига Туркманистоннинг бир қисми киради, яна маълумки, бироз вақт Марв шаҳри, ўша машҳур Марв эфталитлар назоратида бўлган. Шунинг учун саволингизга жавоб бераётиб, Тоҳаристон Эфталитлар давлати таркибига кирган ҳудудлардан бири бўлган, аммо асосий ҳудуди бўлмаган деб айтишимиз мумкин; ўша давлат таркибига бошқа ҳудудлар ҳам кирган.
Эфталитлар давлатининг Шарқдаги дастлабки ўрта асрлардаги давлатлар билан ҳарбий ва сиёсий муносабатлари қандай эди? Ўша даврда эфталитларнинг қўшнилари: Эрон, Ҳитой ва Ҳиндистон қандай аҳволда бўлган?
Албатта, эфталитларнинг вақт нуқтаи назаридан омади бор экан, деб айта оламиз, чунки ўша пайтда Хитойнинг аҳволи унча яхши бўлмаган, Ҳиндистондаги Гупта сулоласининг эса куни тугаб бораётган ва турли-туман ички низолар сабаб заифлашиб қолган эди. Аммо шуни ҳам қайд этиш зарурки, Эрон ўша пайтда куч йиғаётган эди, аммо шарққа эмас, кўпроқ ғарбга юриш қилиб, Рим империяси, кейинчалик эса Бобил (Византия) империяси билан уришган. Шу сабаб эфталитларнинг улкан ҳудудини бўйсундириши учун идеал вазият вужудга келган эди. Ҳарбий ва сиёсий муносабатларга келсак, эслатиб ўтганимдек, тинчлик ва савдо-сотиқ алоқалари даврида ўзаро муносабатлар бўлган, шунингдек, ҳарбий тўқнашувлар даврлари ҳам бўлиб турган. Қайд этганимдек, эфталитлар даставвал сосонийларга кидарийларга қарши курашида ёрдам ҳам берган, яъни сосонийлар билан иттифоқчиликка ўхшаш алоқалари бўлгани эҳтимолдан холи эмас. Яна мен эслатиб ўтган римлик олим, тарихчи Марцеллин ҳикоя қилишича, [Эрон шоҳи] Шопур II римликларга қарши ҳозирги Туркия ҳудудида жанг қилишига тўғри келган, яъни замонавий Диёрбакир ҳудудида жойлашган Амида шаҳрини қамал қилиш чоғида сосонийлар қўшинида хионитлар ҳам Грумбат қўл остида жанг қилган, ҳужумлардан бири чоғида Грумбатнинг ўғли ҳалок бўлган. Ўша тарихчи битигида унга қандай аза тутилгани, у нариги дунёга қандай кузатиб қўйилгани тасвирлаб берилади.
Бу ерда иттифоқчилик муносабатлари бўлганини кўряпмиз. Яна шуни ҳам унутмаслик керакки, Ферузнинг вафотидан сўнг ўғли Ковад кейинчалик сосонийлар Эрони ҳукмдорига айланади. Феруз 457 йилда отаси Яздигард ўлимидан сўнг акаси (укаси) билан жанг қилгани каби, Ковад ҳам акаси (укаси) Ўрмуздга қарши шоҳлик тожи учун курашган эди. Мавжуд маълумотларга кўра, биласизми, ким ёрдам берган? Унинг акасига (укасига) қарши курашиб, ғалаба қилишида эфталитлар кўмаклашган. Аммо кейинчалик бу ўзаро муносабатлар Ферузга малол кела бошлаган ва у эфталитларга қарши уруш очган. Бу уруш ўзининг бошига бало бўлган, яъни қайд этиб ўтганимдек, бу 484 йили унинг эфталитларга қарши жангдаги ҳалокати билан тугаган. Қизиғи шундаки, ютқазилган жанглардан биридан сўнг Феруз катта ўлпон тўлашига, ҳатто гаров сифатида ўғли Ковадни эфталитлар қўлида қолдиришига ҳам тўғри келган. Ковад маълум вақтини эфталитлар орасида ўтказган. У эфталитлар тили ва одатларини яхши билган бўлса керак.
У кейинчалик Сосонийларнинг улкан давлати ҳукмдори бўлгандан сўнг эфталитлар билан иттифоқчилик муносабатларига киришган. Яна мавжуд маълумотларга кўра, VI аср бошида сосонийларнинг Бобил империясига қарши урушида эфталитлар уларга кўмак кўрсатган. Хитойга келсак, айтиб ўтганимдек, бу мамлакат заифлашиб қолган эди, аммо эфталитлар Хитойга элчи юборгани ҳақида маълумотлар бор. Ўша пайтда карвонлар ҳаракатланиб турган Буюк ипак йўлини ҳам эсдан чиқармаслик керак – савдо алоқалари давом этиб тургани ҳақида манбалар хабар беради. Ҳиндистонга келсак, бу мамлакат ҳам ўша пайтлар ҳукмрон Гупта сулоласининг ички низолари сабаб заифлашиб қолган эди. Бундан фойдаланган эфталитлар, алҳонлар ёки уларнинг қабиладошлари Ҳиндистондаги Гупта сулоласига қарши ҳарбий ҳаракатларни бошлаб юборади ҳамда ушбу мамлакат шимоли-ғарбида Гупта сулоласи идора этиб турган ҳудудларнинг катта қисмини забт этади ва ўша ерда ўз давлатини тузиб, тангаларини зарб эта бошлайди. Ўша тангаларни ҳамон топяпмиз ва қизиғи, уларда, дейлик, алҳонлар ҳукмдорлари тожсиз тасвирланган, бу – қизиқ, жуда қизиқ. Ўша тангаларда бош чаноғи шакли ўзгаргани акс этган, бу – жуда қизиқ факт, яъни алҳонлари ўзи босиб олган халқлардан ажралиб туриш учун тангалардаги бош чаноғи шаклини ўзгартирган.
Эфталитлар ўша даврдаги кўплаб бошқа туркий империялар каби Ипак йўли бўйидаги савдо-сотиқ борасида гуллаб-яшнаган. Улар Хитой билан савдо-сотиғи ривожланган Суғдиёнани ҳам босиб олган. Уларнинг археология ва бошқа манбалардан билганимиз хўжалиги ва иқтисодиёти ҳақида гапириб берсангиз.
Тўғри қайд этганингиздек, Суғдиёна ҳар доим нафақат савдогарлари билан, Хитой билан савдо-сотиғи билан, қолаверса, Ғарбдаги мулклари билан шуҳрат қозонган, айрим мавжуд маълумотларга кўра, унинг савдогарлари Эрон орқали Бобил империяси билан ҳам савдо қилган. Аммо катта саволингизнинг сўнгги қисмига: хўжалик билан иқтисодиётга келсак, энг қизиғи ва археологик ва бошқа манбалардан билганимиз шуки, эфталитларнинг муайян давлати хўжалиги ва иқтисодиёти ҳақида ҳеч нарса билмаймиз. Хўжалик ҳақида гапирганда, Тоҳаристон ҳақида алоҳида, Суғдиёна ҳақида алоҳида ва Хуросон ҳақида алоҳида гапириш мумкин, чунки Эфталитлар давлатининг ўзи бизиннг тушунчамиздаги федерация бўлган, деб айтса бўлади. Яъниким, Суғдиёна, Тоҳаристон ва Хуросон уларга бўйсунган, аммо шу билан бирга, давлат тузилмасини синдирмаган, яъни зикр этилган ҳудудлар ярим мустақиллигича қолаверган, эҳтимол эфталитларга ўлпон тўлаб турган бўлиши мумкин.
Тарихчилар ҳамон эфталитларнинг тили ва ёзуви ҳақида бир тўхтамга келган эмас. Ушбу давлатда бир неча: суғд, Бақтрия ва браҳми ёзувлари бўлган. Бу нима билан боғлиқ? Улар маданияти ҳақида бизга яна нималар маълум? Улар асосан христианлар бўлганми ёки буддистлар?
Афсуски, қўлимизда эфталитларнинг тили ва ёзуви ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ. Бундан фақат ўша пайтдаги Хитой ва Бобил тарихчилари битикларида бизгача етиб келган айрим эфталит ҳукмдорларининг исми мустасно. Ҳозирги ғарбий Ҳиндистон ва Покистон ҳудудида алҳонларнинг Торамана ва Михирақул деган исмларини олсак, Сергей Павлович Толстов айтганидек, Михирақулни туркий тилдан “Митранинг қули” деб таржима қилса бўлар, лекин бу бир тахмин, холос. Торамана билан боғлиқ масала ҳамон очиқлигича қолмоқда, афсуски, исмлардан тил ҳақида бирор нарса билиб олиш қийин. Эфталитлар ёзувига келсак, улар, албатта Бақтрия ёзувидан фойдаланган, мавжуд маълумотларга кўра, алҳонлар ҳукмронлик қилган ҳудудларда браҳмилар ёзуви ишлатилган. Ҳатто Хитой сайёҳи ва роҳиби Сюанцзан қолдирган маълумотга кўра, Тухуло, яъни Тоҳаристон ҳудудида у Эфталитлар давлати таркибига кирган пайтлар Бақтрия ёзуви амалда бўлган. Сосонийлар тангаларида асосида зарб этилган тангалар ва бошқа чақаларда, асосан, Бақтрия ёзуви қўлланган. Айтиб ўтилган эбодало ҳам Бақтрия хатида битилган. Бундан келиб чиқиб, эфталитлар Бақтрия ёзувини, алҳонлар эса Бақтрия ва браҳми ёзувиларидан фойдаланган, деб тахмин қила бўлади. Бу нима билан боғлиқ бўлган? Боғлиқлиги шундаки, улар ўзи истило қилган халқлар ютуқларидан фойдаланган, маданияти ҳақида эса жуда кам нарса биламиз. Дин ҳақидаги савол ҳам қизиқарли, бу масалада ҳам бироз чалкашлик бор. Арман тарихчиси ёзиб қолдирган маълумотга кўра, арманилар сосонийларга қарши курашда эфталитларга ёрдам сўраб мурожаат қилган, улар эфталитларни диндош деб билгани, яъни христиан бўлгани учун ўзига ёрдам бериши шарт деб ҳисоблаган. Мавжуд маълумотларга кўра, эфталитлар ёки эҳтимол уларнинг бир қисми несторианлар бўлган ва христиан динининг несторианлар тармоғи нафақат Шарқ, Эрон, қолаверса, Марказий Осиё ҳудудида ҳам кенг тарқалган эди. Буддизмга келсак, у ҳақиа бир-бирига мутлақо зид бўлган маълумотлар мавжуд. Илгари камида бир неча олим Хитой манбалари хабарларига асосланиб, эфталитлар ёки аниқроғи, алҳонлар буддизм ибодатхоналарини бузиб ташлаганини айтади. Бироқ айни чоқда яқинда шимолий Афғонистондан бир қизиқ нарса топилди, у ҳозир Норвегиянинг Шиен шаҳридаги коллекцияда сақланмоқда. У устбитик бўлиб, бир неча ҳукмдор: Меҳама, Хингила, Торамана номи қайд этилган. Улар бизга алҳонлар ҳукмдорлари сифатида маълум. Мана шу номлари зикр этилган ҳукмдорлар буддистлар ибодатхонаси қурилишига пул ҳадя қилган. Бу алҳонлар буддистлар ибодатхоналарини қўллаб-қувватлаганидан далолат беради. Бундан ҳатто улар келгусида буддизмни эътиқод сифатида қабул қилган, бир қисми буддист ҳам бўлган, деб тахмин қилиш ҳам мумкин. Аммо шу билан бирга, Хитой манбаларига таянган маълумотларда айтилишича, уларнинг ўз эҳтиқоди бўлган ва унга кўра, қулоқ солинчаги тилинган. Маълумотларга кўра, улар қуёшга топинган. Аммо бунақа қарашлар фақат бир тарафдан олинган манбаларга таянади, бошқа исбот йўқ, шу сабабли бу масала бироз мужмал. Аммо қайд этишимиз мумкинки, шимолдаги эфталитлар қисман христиан, жанубда эса алҳонлар давлат қисман ҳатто буддистлар бўлган бўлса керак – ҳарқалай мавжуд маълумотлар шундан далолат беради.
Бугунги кунда Эфталитлар давлати тарихига оид манбалар доираси (ёзма манбалар, археология, нумизматика ва эпиграфика маълумотлари) қандай?
Айни пайтда қўлимизда эфталитлар ҳақида қандай маълумотлар бор ва улар тарихи ҳақида нималар дея олишимиз мумкин? Биринчи навбатда ёзма манбаларга эгамиз. Аммо бу ёзма манбалар эфталитларнинг қўшниларига тегишли. Эфталитларнинг ўзи битган манбалар эса, таассуфки, қўлимизда йўқ. Лекин уларда эфталитлар, Эфталитлар давлати тавсифи эса бор. Хусусан, милодий V ва VI асрлар ҳақида гап кетганда, биринчи гуруҳга Бобил ва армани битиклари, яна “Бей Ши” ва “Суй Ши” сулолалари йилномалари киради. Яна иккинчи гуруҳ бор. Унга кейинроқ битилган араб ёки фоис мусулмон манбалари мансуб. Асосан, араб манбаларида эфталатлар ҳақидаги маълумотлар бўлиб, улар “ал-ҳайталия”, “ҳайтал”лар деб аталган. “ҳайтал” сўзи “абдал” сўзининг ўзгарган шакли бўлган бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Форс муаллифларининг бир қанча асарлари бор, улар орасидан ад-Динаварийни ёки машҳур ат-Табарийни алоҳида қайд этиш мумкин. Айрим маълумотлар ал-Берунийнинг асарларида ҳам учрайди. Яна машуҳр шоир Фирдавсийни ва унинг тилларда достон бўлган “Шоҳнома” асарини ҳам тилга олиш мумкин. Бу асарда сосонийларнинг эфталитлар билан кураши, сосонийлар шоҳи Ферузнинг эфталитлар билан тўқнашув лаҳзалари ва ҳалок бўлиши тасвирланган. Яна Ўзбекистоннинг Қарши шаҳри яқинидаги эфталитлар билан туркийлар ўртасидаги жанг тавсифи ҳам қизиқ. Ёзма манбалардан бошқа сиз айтгандек, археология, нумизматика, эпиграфика маълумотларини оладиган бўлсак, улар орасида нумизматикага оид маълумотлар кўп. Қўлимизда эфталитлар тангалари бор, бизга уларнинг тангалари маълум, у тангалар жуда қизиқарли, лекин, асосан, эфталитлар тангаларига тақлидан ясалган. Масалан, улар Феруз тангаларини олиб, улар устига ўз тангаларини зарб қилган.
Шундан сўнг улар ўзига хос дизайн ўйлаб топиб, тангаларини зарб этишга киришган. Аммо кейин юз берган тарихий воқеалар – минтақага Араб ярим оролида пайдо бўлган янги кучлар кириб келгандан сўнг бу жараён тўхтаб қолган. Қўлимиздаги археология маълумотлари эса жуда оз. Айнан қайси тамаддун ёдгорликларини эфталитлар билан боғлаш жуда мураккаб. Аммо қайд этиш жоизки, мен 2013 йилда чоп этилган китобимда рўйхат тузиб, унга топилган бир қанча ёдгорликлар, юқорида эслатиб ўтганим тангалар ёки косаларни тиркаган эдим. Аммо бу кумуш косалар ҳақида гапираётиб, Суғдиёна ҳудудидан топилган коса бўладими ёки Британия косаси бўладими, уларни эфталитлар косалари деб айта олмаймиз. Косаларнинг ташқи тубида алҳонлар тангаларидаги тасвирга хос бўлган, яъни бош чаноғи шакли ўзгарган ва тожсиз одам тасвирлари бор.
Ҳозирги Покистон ҳудудидан топилган ва Британия музейида сақланаётган Британия косасига келсак, унинг қизиқ жиҳати ташқи тарафида 4 нафар отлиқнинг ов қилаётгани тасвирланганидир. Кўплаб тарихчилар унда 2 нафар кидарийлар ва 2 нафар алҳонлар вакили тасвирланган, деган фикрга қўшилади. Улар тангалари ва тангалардаги тасвирлар, ўзаро солиштириб кўрилса, чиндан ҳам ўша косада 2 нафар кидарийлар ва 2 нафар алҳонлар отлиғи тасвирлангани ойдинлашади. Афсуски, ҳозирча эфталитлар билан боғлаш мумкин бўлган бундан бошқа аниқ археология ёдгорликлари йўқ. Эҳтимол янги қазишмалар қўшимча маълумот берар. Албатта, Тоҳаристон ҳудудида янги қазишмалар олиб бориш қизиқ бўлиши турган гар гап. Тоҳаристон ҳақида гапирганда, бевосита Ўзбекистон билан Афғонистон назарда тутилади. Афғонистондаги сиёсий воқеалардан келиб чиқиб, афсуски, вақтинча бу мамлакатни эсдан чиқариш керак бўлади.
Таассуфлар бўлсинки, вазият шундай. Археологик маълумотлар тақчил бўлганига қарамай, ёзма манбалар, шунингдек, нумизматикага оид маълумотлар бизга эфталитлар ҳақида ахборот беради.
Эфталитлар Марказий Осиёдаги давлат тузилмаларида тадрижида қандай рол ўйнаган? Кейин ўтган империялар уларга тақлид қилганми, уларнинг қандайдир тажрибасини ўзлаштирганми? Ниҳоят, эфталитларнинг Марказий Осиё замонавий халқлари этнос сифатида шаклланишидаги роли қандай бўлган?
Марказий Осиёдаги давлат тузилмалари тадрижи тўғрисидаги саволингизга жавобан шуни айтмоқчиманки, улар бу масалада бирор катта ролни ўйнагани йўқ, чунки Эфталитлар давлати бир асрга яқин ҳукмронлик қилган. Таъкидлаб ўтганимдек, уларнинг давлат тузилмаси федерация бўлган, шу сабабли эфталитлар давлат тузилмаси, хўжалик ёки иқтисодиётда бирор нарсани ўзгартирмаган. Улар фақат сиёсий жиҳатдан Суғдиёнани, Тоҳаристонни бўйсундирган. Аммо қандайдир катта ўзгаришлар қилгани ҳақида маълумотлар йўқ. Улар ортидан келган империялар эфталитларнинг қайсидир тажрибасини олган бўлиши мумкин. Эфталитлар кўчманчилар давлати бўлгани сабаб барча бундай империяларнинг ўхшаш жиҳатлари бор. Лекин кейинги империялар улардан қандай тажрибани ўзлаштирганини айта олмаймиз.
Энди эфталитларнинг Марказий Осиёдаги этнослар шаклланишига таъсири ҳақида шуни айтиш мумкинки, уларнинг Дурраний қабиласи этногенези шаклланишида катта рол ўйнаганини тахмин қилса бўлади. Бу қабила XVIII асрга келиб, Афғонистоннинг биринчи подшоҳи Аҳмадшоҳ “абдал” қабиласи номини “дурраний”га ўзгартиргандан сўнг дурраний, яъни “дур” деб атала бошлаган ва пуштунлар таркибида ҳозирга қадар мавжуд. Эфталитлар ўзини “абдал” деб атаганини биламиз. Агар “абдал” сўзининг қандайдир диний – исломий – маъноси бўлмаса, абдал қабиласи яшаган ва дурраний қабиласи истиқомат қилаётган ҳудудларни эътиборга олиб, тарихга разм солинса, ушбу ҳудудда милодий V – VII асрларда эфталитлар яшагани маълум бўлади.
Яна бир бошқа жиҳат ҳам бор. Қайд этиб ўтганимдек, улар Ҳиндистоннинг шимоли-ғарбида истиқомат қилаётган ражпутлардир. Ҳисобланишича, ражпутлар шимоли-ғарбий Ҳиндистон ҳудудига бориб қолган алҳонларнинг маҳаллий халқлар билан аралашувидан пайдо бўлган, чунки ражпутлар уруғларидан бирининг оти “хунна” деб аталади. Ҳиндларнинг эфталитлар ҳақидаги манбаларида улар шундай деб номланган. Яъниким, ўша пайтдаги ҳиндлар учун, ҳинд муаллифлари учун улар хуннлар бўлган. Эфталитлар ҳақидаги қисқа ҳикоямга якун ясаб, таниқли австриялик нумизмат Гебел эфталитлар тангалари ҳақидаги китобини ёзганида, уларни кенг маънода Эрон хуннлари деб атаганини келтирмоқчиман. Унинг фикрича, эфталитлар хуннлар бўлган, аммо уларни бошқалардан ажратиб кўрсатиш учун Эрон хуннлари деб атаган.
Дарвоқе, “кидарийлар” атамаси, ҳукмдор Кидари номидан келиб чиққан деб ҳисобланади. Аслида улар қандай аталганидан бехабармиз. Хионитлар атамасини олсак, у қайсидир жиҳатдан хуннлар билан боғлиқлиги кўзга ташланади. Эфталитларнинг келиб чиқиши ҳақидаги Хитой манбаларини эсга олсак, улар дастлаб хуннлар билан бевосита боғлиқ бўлган, мана шу буюк кўчишда қатнашган, эҳтимол IV асрда халқлар кўчишининг бир тўлқинида уларнинг бир қисми Европа ҳудудига, бир қисми эса Ўрта Осиёдан бошланувчи ҳудудларга келиб қолган, шу тариқа эфталитлар, хионитлар, алҳонлар ва кидарийлар пайдо бўлган. Айтиб ўтганимдек, улар қардош халқлар бўлиб, бир тўлқин билан келган, кейинчалик ҳарбий тўқнашувлар вақтида улкан ҳудудни бўйсундиришга муваффақ бўлган. Бу улкан ҳудудга ҳозирги Қозоғистоннинг, қисман Ўзбекистон, Тожикистон, Туркманистон, Афғонистон ва Покистон ҳудудлари, ҳатто бугунги Ҳиндистоннинг бир қисми, ҳозирги кунда Хитой Халқ Республикаси таркибида бўлган Шарқий Туркистон кирган.
Яъниким, у улкан империя бўлган ва қулай вақтда пайдо бўлган эди. Аммо VI асрда бошқа куч – Тукий ҳоқонлик ёки Биринчи туркий ҳоқонлик пайдо бўлиб, ҳукмдорлардан бири Истами ҳоқон ҳозирги Ўрта Осиё – Марказий Осиё ҳудудида юриш бошлагани эфталитларнинг бошига бало бўлади. Айрим маълумотларга кўра, милодий 563 йилда, бошқа маълумотларга қараганда эса 565 – 567 йилларда Қарши шаҳри атрофида юз берган жанг – уни Фирдавсий “Шоҳнома”сида тасвирлаб берган – 8 кун давом этади ва турклар эфталитлар қўшинларини тор-мор қилади, улар йўлбошчиси Готфар ҳалок бўлади, Суғдиёна ҳудудларидан жанубга чекинади. Ўша ёқда уларни анча ўз мавқени мустаҳкамлаб олган Сосонийлар Эрони Хусрав 1 раҳбарлигида кутиб турган эди, форслар эфталитларга ҳарбий зарба беради. Шундан сўнг Эфталитлар давлати ер билан яксон этилади. Афтидан, улар қисман бошқа халқларга қўшилиб кетади, эҳтимол сақланиб қолган бўлиши ҳам мумкин, чунки яна араб манбаларида қайд этилишича, араблар Ўрта Осиё ҳудудига кириб келган пайтда айрим маҳаллий халқлар ё турклар, ё ҳайталлар, яъни эфталитлар деб аталган. Арабларга қарши курашган йўлбошчи ва Низат Тархан деган киши бир жойда турк деб аталади, бошқа жойда билдирилишича, ҳайтал, яъни эфталит бўлгани айтилади. Аммо кейинчалик улар ҳақида ҳеч қандай маълумот учрамайди. VII асрда яшаган хитойлик муаллиф Бэй Ши айтишича, эфталитлар ҳақида узоқ юртлардан келаётган маълумотлар жуда чала бўлган. “Айни пайтда биз эфталитларнинг келиб чиқиши ва тарихи ҳақида аниқ бир гап айта олмаймиз” – бу Бей Ши VII асрда ёзиб қолдирган маълумотининг тушкин бўлагидир. Кўриб турганимиздек, Эфталитлар давлати ёрқин юлдуз бўлиб порлаб, турклар келиши билан сиёсий вазият ўзгариб, улар тор-мор қилинади, яъни улар шимолда Турк ҳоқонлиги билан Хусрав Ануширвон раҳбарлигида сосонийлар Эрони ўртасида сиқилиб қолади. Улар ҳар томондан бўлаётган бунақа босимга чидай олмай, енгилади ва йўқ қилиб ташланади, кейинчалик бошқа халқлар, эҳтимол туркманлар, тожиклар, пуштунлар ва ражпутлар таркибига сингиб кетади.