Муаллиф: Руслан Изимов
Марказий Осиё минтақамиз, бир тарафдан, энергетика ресурсларига бой, аммо бошқа томондан, ўша энергетика ресурслари тенг тақсимланмаган ёки улар турли-туман. Сув-энергетика масалалари ҳал этилмагани нафақат муваффақиятли интеграция йўлида тўсиқ бўлмоқда, қолаверса, вақти-вақти билан маҳаллий можаро ва тўқнашувларга ҳам олиб келмоқда. Масалан, жорий йил январ ойи охирида Қозоғистон, Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг бир қатор вилоятларида электр қуввати ўчиб қолди ва бу бутун бошли энергетика ҳалқасидаги таъминот узилишларига сабаб бўлди. Муаммони тез орада бартараф этишга муваффақ бўлинди, аммо у минтақамиздаги ҳамма нарса ўзаро боғлиқ эканини кўрсатиб берди. Фалокат содир бўлиши биланоқ Ўзбекистон билан Қирғизистонда ўз энергетика тизимини мустаҳкамлаш ва қўшни мамлакатларга қарамликни камайтиришга оид даъватлар кучайиб кетди. Бошқача айтганда, Қозоғистон, Ўзбекистон ва Қирғизистонни қамраб олган Ягона энергетика ҳалқасининг қисқартирилган варианти зарурлиги ҳам саволлар туғдирмоқда.
Боз устига, ҳалигача сув ва энергетикага оид муаммолар тўплами ҳал этилмасдан қолмоқда. Экспертлар фикрича, яқин вақтдан бери бу масалалар: сув ва энергетика масалалари алоҳида-алоҳида кўрила бошлади, табиийки, бу уларни тартибга солиш йўлида янада каттароқ мушкулотлар туғдиради. Айни чоқда Марказий Осиё республикалари электр қуввати ишлаб чиқаришни ранг-баранглаштириш бўйича фаол чоралар кўрмоқда, жумладан, мамлакатлар тикланадиган энергия манбалари бўйича ўз дастурларини ривожлантирмоқда. Остона билан Тошкент АЭС қурилишини режалаштирмоқда, дарёларнинг бошланиш қисмида жойлашган мамлакатлар гидроэнертегикага урғу бермоқда. Марказий Осиёнинг барча мамлакатларидаги электр энергетикаси тизими жуда эскириб кетганини ҳисобга олсак, бу чоралар қанчалик самара бериши ҳақида бир нарса дейиш қийин.
Марказий Осиёда энергетика хавфсизлиги масалаларини қандай қилиб самарали ва ўзаро келишилган ҳолда ҳал этиш мумкин? Марказий Осиёга ягона энергетика тизими керакми ёки мамлакатлар мустақил тизимга алоҳида эътибор қаратгани маъқулми? Марказий Осиёда АЭС қурилиши қанчалик зарур? Ниҳоят, сув ва энергетика масалалари минтақа мамлакатларини бирлаштирувчи омил бўлиши мумкинми?
Ушбу саволларга Марказий Осиёнинг энергетика масалалари бўйича эксперти, Бирлашган Араб Амирликларининг Шайх Зайд номидаги университет ўқитувчиси Фарҳод Аминжонов жавоб беради.
Сизга берадиган биринчи саволим: Марказий Осиёнинг энергетика ҳалқаси бўйича бугунги вазият қандай? Йил бошида жиддий фалокат юз берди, унинг оқибатида Қозоғистон, Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг бир неча шаҳар ва вилоятларида электр таъминотида узилишлар юзага келди. Бунинг сабаби нима? Умуман, тарихга қаралса, Марказий Осиё энергетика тизими қандай яратилган эди ва у нимага асосланган?
Бу – жуда қизиқ ва муҳим савол, чунки масаланинг моҳиятини тушуниб олиш учун гапни тарихдан бошлашга тўғри келади. Электр энергетикасига асосий эътибор қаратиб, фикрлайдиган бўлсак, Марказий Осиёнинг энергетика тизими ХХ асрнинг 60 – 70 йилларида Совет Ититфоқи даврида яратилган. Бироқ Марказий Осиёнинг электр энергетикаси тизими Россиянинг электр энергетикаси тизимига тўғридан-тўғри боғлаб қўйилмаган. У алоҳида бўлган, шунинг учун ҳам Марказий Осиё электр энергетикаси тизими ёки Марказий Осиё энергетика ҳалқаси деб аталади. У ташкил этилаётганда, Марказий Осиёнинг барча 5 та республикасини –Ўрта Осиё республикалари ва фақат Қозоғистоннинг жанубий вилоятларини бирлаштирган. Ўша пайтда совет муҳандислари айни тизимни бутун минтақанинг энергетика ресурсларидан энг самарали ва оқилона йўсинда фойдаланишни кўзлаб, яъни бутун бошли тизимнинг 70 фоизини дарёларнинг қуйи оқимида жойлашган мамлакатлар, асосан, Ўзбекистон билан Туркманистонда иссиқлик энергетикаси тармоқлари таъминлаши кераклигини мўлжаллаб яратган. Қолган 30 фоиз Тожикистон ва Қирғизистон гидроэнергетика тизими зиммасига тушган. Ўша ҳалқа 80 дан ошиқ алоҳида электр қуввати ишлаб чиқарувчи иншоотни бирлаштирган. Қизиғи шундаки, ўша иншоотларнинг 29 таси электр қувватини газ, нефт ва кўмирдан ишлаб чиқарган, 48 та иншоот эса сув энергетикаси иншоотлари бўлган, яъни тизим у орқали узатиб бериладиган жами электр қувватининг 50 фоиздан ошиғи Ўзбекистон ҳиссасига тўғри келишига мўлжаллаб яратилган. Ўша пайтда Ўзбекистон электр қуввати ишлаб чиқариш бўйича энг юқори даражада турган, унинг жуғрофий жойлашуви ҳисобга олиниб, чегарадош қўшни мамлакатларни бирлаштириши кўзда тутилган. Ушбу тизим Совет Иттифоқи парчаланиб кетгандан сўнг ҳам ишлаб турди, чунки 90-йиллар бошида бизда бошқа бирор муқобил тизим йўқ эди, яъни ҳамма нарса одат бўйича дастлаб ўйланганидек ишлайверган. Ўзбекистон асосий мамлакат бўлгани сабабли энергияни мувофиқлаштириш маркази ҳам Тошкентда жойлашгани табиий бўлган.
Сўнгра нима бўлди дерсиз? 90-йиллар – 2000-йиллар бошида, табиийки, Марказий Осиёнинг мустақил мамлакатлари мустақил, ҳатто айтиш мумкинки, излояцияланган энергетика сиёсатини юргиза бошлади. 2000-йилар бошига келиб, аниқроқ айтсак, 2003 йилда Туркманистон табиий газ захиралари кўп бўлгани сабабли Марказий Осиёнинг ягона электр энергетикаси тизимидан чиқишга қарор қилди. Мамлакат ўз электр энергетикаси секторини ривожлантира ва бир қанча иссиқлик электр станциялар қура бошлади. Туркман томони ушбу ҳалқанинг бир қисми бўлиш, боз устига, қўшни мамлакатлардан электр қуввати етказиб берилишига қарам бўлиш шарт эмас, деб ҳисоблайдиган бўлди. Аммо 2009 йилда инқироз юз берди, эсингизда бўлса, 2008 – 2009 йил қиши қаттиқ келиб, ҳаво кескин совиб кетган ва табиийки, Марказий Осиёнинг барча мамлакатлари энергетика хавфсизлиги муаммоси: электр қувватининг камдан-кам ҳолларда узилиб қолиши, шунингдек, доимий узилишларини бартараф этишга ҳаракат қилган эди. Айнан ўша қишда 2009 йилда энергетика тизимидаги асосий мамлакат бўлган Ўзбекистон экспорт қилинаётган электр қувватининг асосий қисмини ўз аҳолисини таъминлаш учун ички бозорга йўналтирди. Экспертлар иддаосича, бу Марказий Осиё энергетика тизими инқирозига сабаб бўлди.
Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатлари билан Ўзбекистон орқали ўтади электр узатиш линиялари орқали бирлашган Тожикистон, табиийки, тўлиқ узиб қўйилди. 2009 йилги буҳрондан сўнгги дастлабки йиллар Тожикистон учун жуда қийин бўлди. Лекин алал-оқибат мамлакат ундан чиқиш йўлини топди ҳамда кўмир билан ишлайдиган қўшимча иссиқлик электр станциялари қура ва имкон қадар гидроэнергетикани ривожлантира бошлади.
Энергетика ҳалқасига нима бўлди дерсиз? 2009 йилда Ўзбекистон ўша тизимдан чиққандай бўлди, аммо аслида электр қуввати узатиш линиялари ҳам, инфратузилма ҳам сақланиб қолди. Ўзбекистон, Қирғизистон ва Қозоғистон уч томонлама форматда ишни давом эттирди, яъни мамлакатлар ўртасида электр қувватини экспорт ва импорт қилиш сақланиб қолди. Табиийки, электр қувватини етказиб бериш ҳажмларини парчаланишдан олдинги давр билан таққослаб бўлмас эди. Адашмасам, 1990 йилда ягона ҳалқа доирасида 25 гигаватт/соат электр қуввати экспорт-импорт қилинган. 2008 – 2009 йй.га келиб, ушбу ҳалқа ичидаги жами экспорт-импорт ҳажми, бор-йўғи, 4 гигаватт/соат бўлди. Бўлиб ҳам, ҳажмлар кескин ўзгариб, гоҳ кўтарилиб, гоҳ пастлаб турди. Ҳозирги кунда Ўзбекистон ҳукуматининг янги сисёсати туфайли ушбу алоқалар тикланмоқда.
2022 йилда нима учун электр қуввати етказиб беришда узилишлар бўлди? Дарвоқе, асосий муаммо техник сабабларга кўра келиб чиққан. Турли манбаларда айтилишича, Қозоғистон томони муаммо Ўзбекистон тарафида юз берганини айтган. Ўзбекистон вакиллари иддаосича, Қозоғистондаги электр қуввати оқими ҳажмлари ҳаддан ошиб кетган ва зикр этилган тизимнинг энергетика хавфсизлигига путур етказган. Иккала томон ҳам ўзича ҳақ, лекин бу ердаги асосий муаммо тизимнинг эскириб кетгани билан боғлиқ, у 1960 – 1970-йиллардан бери ишлатилиб келяпти. Сўнгги ўн йилликлар мобайнида ушбу тизимни ва электр қуввати узатиш линияларини модернизация қилиш учун сармоя ажратилмади. Шу сабаб тизим эскириб кетган, самараси кам, йўқотишлар кўп, тизим электр қуввати оқимининг кўпайиб ёки озайиб кетишига, табиат ва фавқулодда ҳодисаларга дош бера олмайди. Шунинг учун минтақамизнинг ҳар бир мамлакатида илк ёмғир ва қор ёғиши билан электр қувватини ҳам ички, ҳам ташқи бозорга етказиб беришда муаммолар юзага кела бошлайди. Шунинг учун битта сабабни қидириш хато бўлади, чунки бир-бирига боғланиб кетган хатолар туркуми бор. Ўша туркум нимадан иборат? Булар эскириб қолган электр энергетикаси тизими, электр қуввати оқимлари Ўзбекистондан қўшни Қирғизистон ва Қозоғистонга, шунингдек, Қирғизистон ва Тожикистондан Ўзбекистонга самарали ва оқилона тарзда мувофиқлаштирилмаётгани, бутун бошли тизим молиялаштирилмаётгани ва модернизация қилинмаётгани билан боғлиқ.
Энергетика ҳалқаси қандай принцип асосида ишлашини батафсил тушунтириб бердингиз. Табиийки, ўша узилиш сабаби ҳақида фикрингизни эшитиш қизиқ бўлади. Бирор нарса: ҳар қандай можаро ёки қандайдир мунозара юз берса, ҳалигача бир-биримизни айблаш минтақамизнинг ўзига хос хусусияти бўлиб қолаётган бўлса, ажаб эмас. Қизиғи шундаки, ўша содир бўлган фалокатдан сўнг мамлакатларнинг муносабати, аниқроғи, ҳаракатлари турлича бўлди. Масалан, Қирғизистон билан Ўзбекистонда мустақил энергетика тизимини яратиш ва мустаҳкамлаш тўғрисида очиқ-ойдин гапирила бошлади. Қирғизистонда янги электр станциялари қурилиши масаласи ўртага ташланмоқда. Марказий Осиё мамлакатлари учун қайси вариант истиқболлироқ экани хусусидаги қарашингизни гапириб берсангиз. Биз ягона энергетика ҳалқасини тўлиқ тиклашимиз керакми ёки алоҳида энергетика тизимларини яратиш зарурми? Ҳар бир мамлакат ўзининг мустақил тизимини яратиши керакми? Бу масалада қандай кўзга ташланмас муаммолар бор?
Нега бу икки вариант бир-бирини истисно қилиши керак? Бунақа бўлиши шарт эмас. Дастлаб Марказий Осиё энергетика тизими минтақа мамлакатлари, аввалроқ айтиб ўтганимдек, мавжуд ресурслардан самаралироқ фойдаланишни назарда тутиб ташкил этилган эди. Худди шунингдек, Марказий Осиёнинг барча мамлакатлари мустақил энергетика тизимига эга ва инфратузилма борасида эркиндир. 2009 йилда Ўзбекистон ягона тизимдан чиққандан пайтда Туркманистоннинг ўз электр энергетикаси тизими қўшни Ўзбекистонникидан алоҳида тарзда яхши ишлаб турган эди. Ўзбекистон ҳар доим нисбатан мустақил бўлган, чунки бутун бошли тизимнинг марказий қисми бўлган. Тожикистон, Қирғизистон ва Қозоғистон эса қайсидир шаклда мана шу янги шароитга мослашишига тўғри келган. Зикр этилган уч мамлакатнинг барчасида 500 ва 1000 киловаттлик “Шимол – Жануб” электр қуввати узатиш линияси қурилди, улар айни пайтда бир вақтлар қўшни мамлакатлардан олинган электр қувватини истеъмол қилган минтақаларини ўзиники билан таъминлаб турибди, яъни Марказий Осиёнинг ҳар бир мамлакатидаги инфратузилма мустақилдир. Энди олдингидай Ўзбекистонга ёки ўша тизимга қарамлик даражаси йўқ.
Минтақамиз шуниси билан қизиқки, бир тарафдан, энергия ресурсларига бой, бошқа тарафдан эса, ўша энергия ресурслари нотекис тақсимланган ёки улар турлича. Дарёларнинг қуйи қисмида жойлашган малакатлар нефть, газ ва кўмирга, юқори қисмида жойлашганлари гидроэнергетика ресурсларига бой. Табиийки, бу ресурсларни ягона тизим орқали билвосита баҳам кўриш, назаримда, энг мақбул вариантдир, яъни 2 та йўналиш ёнма-ён одимлаши лозим. Бир нарсани айтиб қўйишим керак, совет даврида ушбу тизимга жуда кўп эътибор қаратилган. Сиёсий вазият, жуғрофий-сиёсий вазият, мунозараларни ҳал этишнинг минтақавий механизми йўқлиги Марказий Осиё мамлакатларига у ёки бу даражадаги кафолатни бермайди ва улар чўчигани сабабли ана шу тизимга керагидан ортиқ умид қилиб қолган.
Уни нима қилса бўлади? Мавжуд вазиятдан чиқишнинг йўлларидан бири ҳар йили прагматик манфаатларни ҳисобга олган ва молиявий маблағларни кўрсатган ҳолда шартнома ва контрактлар тузишдир. Дарвоқе, ҳозир шундай қилиняпти. Агар Ўзбекистонга шу йил ёзида, дейлик, 1,5 миллиард квт/соат электр қуввати керак бўлса, шу ҳажмдаги қувватни қўшни Қозоғистон ёки Тожикистондан сотиб олиш учун контракт тузади. Мабодо қишда Қирғизистон билан Тожикистонга иссиқлик электр станцияларида ишлаб чиқарилаётган 1 ёки 2 миллиард квт/соат электр қуввати зарур бўлса, улар ҳар бир ҳолат учун айнан мана шу миқдорни ва алоҳида нархни кўрсатган ҳолда шартнома тузади. Биз қардош халқлармиз, қўшнилармиз, бир-биримизга ўзаро боғлиқмиз, деб гапиришни хуш кўрамиз, лекин, афсуски, бундай ёндашув ҳамманинг аҳволи яхши, қишда ҳаво илиқ, ёзда сув мўл бўлганда амал қилади. Шунда, майли, қўшнига ҳам бериб турамиз, дея фикр қилинади. Қандайдир буҳрон юз берганда, қиш жуда совуқ келиб, бирор йили сув танқис бўлса, газ билан нефтнинг нархи барқарор бўлмаса, ҳозир барчамиз дуч келиб турган муаммолар юзага чиқади. Шунинг учун шартномалар тузиш, уларга ва ҳозир уларда кўрсатилган ҳажмларга амал қилиш энг мақбул йўлдир. Улар ўша шартномалар асосида ҳар йили тузилса, Марказий Осиёнинг ҳеч бир мамлакати энергетика хавфсизлигига таҳдид қилмайдиган бўлади.
Хабарингиз бор, сўнгги пайтларда Марказий Осиёнинг энергетика хавфсизлиги ҳақида кўп гапирилаётган пайтда Қозоғистондаги криптовалюта майнинги (инглизча “mining” – фойдали қазилмаларни қазиб олиш сўзидан олинган бўлиб, криптовалюта платформалари фаолиятини таъминлаш учун янги тузилмалар яратиш билан боғлиқ иш) омили ҳақида гапириш урф ёки долзарб мавзу бўлиб қолди. Бу ҳақда батафсилроқ гапириб бера оласизми? Чиндан ҳам Қозоғистон ёки Қирғизистонда Хитой криптофермалари мавжудми? Ва бу энергетика хавфсизлигимиз учун нимани англатади?
Бу ҳам жуда қизиқ ва долзарб савол бўлди. Мен ўша криптофермалардан ҳеч бирига бормаганман, лекин улар, айниқса, Қозоғистонда мавжудлигига ишончим комил. Коронавирус пандемиясидан сўнг Хитой майнинг бўйича ягона пешқадам бўлганини ҳисобга олсак, кейинчалик унинг маълум қисми қўшни Қозоғистон ва Россияга оқиб ўтганини тахмин қилса бўлади. Масалан, 2021 йилда Қозоғистонда криптомайнинг сабаб электр қуввати истеъмоли ҳажми кескин ошиб кетди. Мен ўша фермаларни электр қувватини кўп ишлатади, деб айтмоқчи эмасман, лекин улар ростдан ҳам уни жуда кўп сарфлайди. Қўлимда мавжуд сўнгги маълумотларга кўра, Қозоғистонда 22 гигаваттлик белгиланган электр қувватининг 1,5 гигаваттини ўша майнинг криптофермалари истеъмол қилади. Мен буни зарур деб айтмоқчи эмасман, аммо, умуман олганда, мамлакатнинг бутун бошли электр энергетикаси тизимига таъсир кўрсатаётгани бор гап. Жуда кўп электр қуввати сарфланмоқда бу соҳага. Лекин бошқа тарафдан, бунга бизнес сифатида ҳам қараш мумкин. Нега дастлаб бу криптофермаларнинг бир қисми Қозоғистонга кўчиб ўтди? Чунки бу мамлакатда электр қуввати истеъмолчиларга нисбатан барқарор етказиб берилади, яна унинг нархи бошқа мамлакатлардагига нисбатан анча арзон. Масалан, Қозоғистонда унинг бир киловатти 4 – 5 цент туради, Россияда ёки Хитойнинг ўзида бунинг учун икки баробар қиммат пул тўлашга тўғри келмоқда. Нисбатан арзон ва узилишларсиз етказиб бериладиган электр қуввати уларни жалб этди.
Буни Қозоғистон энергетика тизимига хавф туғдиряпти, деб ҳисоблаш мумкинми? Мен унақа деб ҳисобламайман. Айтиб ўтганимдек, минтақадаги энергетика хавфсизлиги – комплекс масала. Шу сабаб мен ҳамма айбни криптофермаларга ағдаришни истамайман. У ҳам – бизнес. Агар ушбу тизим мамлакатнинг умумий иқтисодий ривожланишига киритилса, зиммасига муайян миқдордаги солиқ тўлаш юклатилса ва улар фаолияти шаффоф бўлиши талаб этилса, улар давлат хазинасига миллонлаб доллар олиб келиши, яна сарфланган электр қуввати учун пул тўлаши турган гап. Хўш, унда муаммо нимада? Баъзан Қозоғистонда электр қувватини етказиб бериш билан боғлиқ узилишлар бўлиб туради. Бунинг учун айбни криптофемаларга тўнкаш керакми? Йўқ. Улар ҳам истеъмолчилар қаторига киради. Албатта, уларни айбдор қилиб кўрсатиш мумкин, чунки криптофермалар – бир томон, лекин аҳоли масканлари электр қувватисиз қолиши ёки бирор госпитал ва ёки шифохона электр қувватисиз қолиши – албатта, бутунлай бошқа масала. Эҳтимол масалага бошқача ёндашиб, мамлакатнинг электр энергетикаси тизимини – у муайян таҳдидлардан камроқ зарар кўриши учун – модернизация қилиб, мустаҳкамлаш, тикланадиган энергия манбалари ҳисобига электр қуввати ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш керак бўлар. Балки мамлакатдаги электр қувватини истеъмол қилиш ҳажмини атом электр станциялари орқали кўпайтириш зарур бўлар. Шунда электр қувватимиз криптофермалар ҳам фойдаланиб, мамлакат бюджетига ҳиссасини қўшиши учун етарли бўлади.
Келинг, тикланадиган энергия манбалари (ТЭМ) ва атом электр станцияларига тегишли гапларимизни давом эттирсак, бир хил энергия олиш манбасидан бошқаларига ўтиш масаласини батафсилроқ муҳокама қилсак. Биламизки, глобал пандемия, иқтисодий ўсиш суръатлари қисқариши ривожланган мамлакатларнинг бошқа энергия манбаларига ўтиш борасидаги режаларига таъсир кўрсатмай қолмади. Афтидан, 2050 йилга бориб, қайта-қайта таъкидланганидек, электр қуввати ишлаб чиқаришда углероддан фойдаланмасликка эришиш режаси жуда кўп мамлакатларда қайта кўриб чиқилади. Ушбу масала бўйича Марказий Осиё мамлакатларидаги аҳвол қандай? Бу – биз учун узоқ истиқболдаги масала. Шу гапга қўшиласизми?
Бир тарафдан, албатта, қўшиламан, чунки бундай узоқ муддатли мақсадларни ўз олдига қўйиш ва стратегияни ривожлантириш фақат битта стратегия орқали зикр этилган масалаларнинг барчасига эришилишини англатмайди. Лекин бошқа тарафдан, Марказий Осиё мамлакатларининг барчаси [иқлим ўзгаришининг олдини олишга қаратилган] Париж битимини имзолаган. Ҳавога ис газлари чиқишини камайтириш, шунингдек, тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланишга ўтиш бўйича аниқ мақсадларимиз бор. Айрим мамлакатларда бу қайси даврда: 2030 йилга қадар, 2040 йилга қадар ва 2050 йилга қадар нима иш қилиш зарурлиги аниқ белгилаб қўйилган. Энди шу йўналишда ишлаш керак бўлади. Лекин айтиб ўтганимдек, ҳамма нарса кўринганидек ёки режаланганидек осон эмас. Биз ҳам бундай ўтишдан четда қола олмаймиз. Бутун дунё барқарорроқ энергетика тизимига ва тозароқ яшил иқтисодиётга ўтмоқда. Биз ҳам ўша жараёнга қўшилишимизга тўғри келади. Афсуски ёки бахтимизга, тикланадиган энергия манбалари деб таснифланмайдиган энергия ресурсларига боймиз. Қазиб олинадиган ёнилғимиз ёки ёқилғимиз жуда кўп, яна гидроэнергетикамиз бор. Дарвоқе, Марказий Осиё шароитида гидроэнергетика алоҳида қисм, энергия ресурсларини алоҳида тури сифатида ажратиб кўрсатилади. У ҳамиша ҳам тикланадиган энергия манбаларининг бир қисми бўла олмайди. Биринчидан, минтақамизда гидроэнергетика потенциали жуда катта ва биз уни узоқ вақтдан бери ривожлантириб келяпмиз. Шу сабаб тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланишга ўтиш стратегиядир, аниқ мақсадлар бор, натижа бор. Келинг, Қозоғистондаги вазиятга назар солайлик. Мамлакат 2050 йилга бориб, электр қуввати истеъмолининг 50 фоизини ТЭМ ҳисобига қопламоқчи. Бу мақсад эришиб бўлмайдигандай туюляптими? Ҳа, бир тарафдан шундай. Лекин бошқа қисқароқ муддатли мақсадларга қаралса, Қозоғистон 2020 йилга келиб, электр қувватининг 3 фоизини ТЭМ ҳисобидан қоплашни истаган эди. Бу мақсадга эришилди. Энди 2030 йилга бориб, ТЭМ улуши 10 фоизга етиши даркор. Ҳозирги динамика – суръат ҳисобга олинса, Қозоғистон бу мақсадга ҳам эришиши аниқ. Кейин 2050 йилгача олдга қўйилган мақсад қолади. Ҳозир технологиялар ўзгариб бормоқда, янгиланмоқда, инновациялар шунчалик тез ҳаётга татбиқ этилмоқдаки, бир нарсани башорат қилиш жуда мушкул. Аммо Қозоғистон бундан буён ҳам шу йўлдан оғишмай кетадиган бўлса, олдига қўйилган мақсадларга эришиши тайин.
Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатлари ҳақида бундай ишонч билан гапира олмайман, чунки Туркманистонда бутун тизим газни ёқишга боғланиб қолган. У ерда иссиқлик электр станциялари мамлакатнинг электр қувватига бўлган бор эҳтиёжини қондиради. Қирғизистон билан Тожикистон бутун диққат-эътиборини шамол электр станциялари ёки қуёш панелларига эмас, гидроэнергетикага қаратади. Лекин улар ҳам параллел ривожланиши мумкин, аммо миқёси жуда тор бўлади. Ўзбекистонда эса бир неча йил олдин тикланадиган энергия манбаларига ўтиш ва мамлакатнинг энергетика тизимини мустаҳкамлаш бўйича концепция қабул қилинган эди. Ушбу мамлакатда қуёш нуридан ва шамолдан электр қуввати олиш бўйича кўплаб электр станциялари қуришга оид катта мақсадлар бор. Хитой, Европа, айниқса, Форс кўрфази мамлакатлари: Бирлашган Араб Амирликлари ва Саудия Арабистони билан меморандумлар ва битимлар имзоланган. Ўзбекистон имзоланган бир қатор шартномаларда ушбу мамлакат иқтисодиётига, жумладан, энергетика соҳасига миллиардлаб долларлик инвестициялар киритилиши назарда тутилган. Булар барча амалга оширилиши ёки оширилмаслигини айтиш жуда қийин, чунки билишим бўйича, шу пайтгача Ўзбекистонда яқиндагина 100 мегаватт электр қуввати ишлаб чиқаришга мўлжалланган биринчи қуёш электр станцияси ишга туширилди. Ўзбекистонда ТЭМни улкан ҳажмда жорий этиш бўйича лойиҳалар Қозоғистондан олдинроқ ишлаб чиқила бошлаган бўлса-да, афсуслар бўлсинки, бу жараён жуда чўзилиб кетди. Шунинг учун бу ҳақда аниқ гап айтиш жуда қийин.
Хулоса қиладиган бўлсак, минтақа барибир барқарор энергетикага ўтади. Лекин бу ўтиш ҳар бир мамлакатда турлича бўлади. Аниқ ва ягона тизим ҳам, тамойил ҳам бўлмайди, назаримда. Аммо барибир шунга ўтилади. Бунга келгусида нима таъсир кўрсатиши ҳақида олдиндан бир нарса дейиш қийин. Нафақат энергетика тизимларига, қолаверса, мамлакатлар ва минтақалар иқтисодиётига эсанкиратувчи зарба берган коронавирус пандемияси юз бериши кимнинг ҳам тушига кирибди дейсиз? Умуман, ўтиш жуда мураккаб бўлади. Лекин бошқа тарафдан, ижобий жиҳат шундаки, жуда кўп инновациялар жорий этилмоқда – буни олдинроқ айтиб ўтган эдим. 2018 йилга келиб, инсониятнинг бутун тарихи мавомида биринчи марта қуёш энергетикаси таннархи газ, нефт ва ҳатто кўмир ёқиб, иссиқлик электр станцияларида ишлаб чиқариладиган электр қуввати таннархидан арзонроқ бўлди. Ҳозирги кунда мамлакатлар янги электр станцияларини қурмоқчи бўлса, анъанавий иссиқлик электр станцияларидан кўра ТЭМ – қуёш ва шамол электр станцияларига сармоя киритиш анча фойдали бўлади. Йил ўтган сайин ТЭМ таннархи арзонлашиб бораверади, яна ишлаб чиқариладиган электр қуввати атроф-муҳитни ифлослантирмайди. Электр қуввати таннархи, ҳатто Марказий Осиё шароитини ҳисобга олган тақдирда ҳам, тобора арзонлашиб бормоқда.
Атом электр станцияси ҳақида нима дейсиз? Масалан, ўз ҳудудларида АЭС қуриш режаси борлигини маълум қилган Қозоғистон билан Ўзбекистон учун бу нимани англатади? Айтмоқчи, Россия Ғарб мамлакатларининг оммавий санкциялари остида қолган ҳозирги шароитда Остона билан Тошкент АЭС қурилишида айнан Москва билан ҳамкорлик қиладими? Умуман, анъанавий электр станцияларидан ТЭМга ўтиш АЭСнинг роли ва ўрни ҳақида гапириб берсангиз. У қандай ўрин тутади?
Атом электр станциялари қурилишидан кўзланган бош мақсад электр қуввати ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтиришдир, чунки барча мамлакатларда у ёки бу сабабга кўра муайян пайтларда электр қуввати анча-мунча етишмай қолаётганини ҳис қиляпмиз. Аҳоли сони ортиб бормоқда, иқтисодиётлар нисбатан ривожланмоқда, бу ўз-ўзидан электр қуввати истеъмоли тез ортаётганига сабаб бўлмоқда. Атом электр станциялари жуда истиқболли ва жозибали муқобил ҳисобланади. Биринчидан, АЭС Марказий Осиё мамлакатларида ишлатилаётган иссиқлик электр станцияларига нисбатан анча тоза. Одатда улар мавжуд электр энергияси ишлаб чиқариш қувватини жиддий тарзда оширади. Ўзбекистонда атом электр станцияси қурилиши мўлжалланмоқда, у мавжуд электр энергияси ишлаб чиқариш қувватини 20 – 25 фоиз оширади. Бу Ўзбекистонда жорий этилиши тахмин қилинаётган АЭСнинг белгиланган қуввати 2,5 гигаватт бўлади. Қозоғистонда ҳам электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми тахминан шунақа.
Шундан келиб чиққан ҳолда, Марказий Осиёда атом электр энергетикаси ёки атом электр қуввати керакми? Бу ҳалигача очиқ қолаётган ва баҳсли масаладир. Айтиб ўтганимдек, электр қуввати истеъмолининг ошиб бораётган ҳажмларини қоплаш учун нима қилишимиз керак? Бу борада атом энергетикаси ягона муқобил бўла оладими? Албатта, йўқ. Бу масала комплекс ёндашувни талаб этади. Марказий Осиёнинг барча мамлакатларида электр энергетикаси тизими жуда эскириб кетган. Масалан, Ўзбекистонда электр энергетикаси тизимининг 75 фоизи эскирган, барча электр узатиш линиялари 40 йил ёки ундан ҳам олдинроқ қурилган. Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистонда ҳам тизим шундай эски. Яъниким, атом электр энергиясини ишлаб чиқаришни йўлга қўясизми, йўқми, бундан қатъи назар, йўқотишлар кўп бўлади ва бу асосий мақсадга эришишга халақит беради.
Ҳисоб-китобларга кўра, Қозоғистонда ҳам, Ўзбекистонда ҳам ҳар бир АЭС қурилиши тақрибан 10 миллиард долларга тушади. Энди 10 миллиард долларни қуёш электр станциялари қурилишига сарфлашни тасаввур қилиб кўринг. Албатта, уларнинг баҳоси фарқ қилади, аммо мамлакатларимизда кимошди савдоси механизми жорий этилиши билан қуёш электр станциялари қурилиши нархи кескин тушиб кетди. Агар мана шу 10 миллиард доллар қуёш ёки шамол электр станциялари қурилишига сарфланса, мавжуд қувватлар устига яна катта миқдордаги элктр қувватини оламиз. Бироқ энергетика соҳаси экспертлари тили билан айтганда, ҳар дом захира режасига эга бўлиш керак. Ранг-баранглаштириш ҳар қандай энергетика тизимини ривожлантиришнинг асосий жиҳатларидан биридир. Мабодо қайсидир мамлакатдан электр қуввати, газ ёки нефт импорт қилаётган бўлсанг, муқобил таъминотчиларни топишни ҳам ўйлаб қўй. Уларни ташишнинг бир неча канали бўлсин. Мамлакат ичида, агар қандайдир аниқ энергетика ресурсига қаттиқ қарам бўлсанг, уни ранг-баранглаштиришга ҳаракат қил. Ўзбекистонда электр қувватининг 85 фоизи газ ёқиладиган иссиқлик электр станцияларида ишлаб чиқарилади. Қозоғистонда электр қувватининг 70 фоизи кўмир ёқиб ишлайдиган иссиқлик электр станцияларидан олинади. Табиийки, қазиб олинадиган ёнилғи ёки ёқилғига қарамлик даражаси жуда баланд. Буни ранг-баранглаштириш шарт.
Тўғрисини айтсам, менинг АЭС қурилишига муносабатим икки ёқлама. Бир тарафдан, буни олқишлайман. Бошқа тарафдан эса, муайян хатарлар ҳам бор. Қурилиш билан боғлиқ хатарлар. Атом электр станциялари дунёдаги энг ишончли иншоотлардан ҳисобланади. Технология кўп йиллар давомида ривожланиб, изчил равишда такомиллашиб борган. Атом электр станцияси яхшилаб қурилса, жуда хавфсиз бўлади. Хавфсизлик масаласи кўпчиликни ўйлантиради. Лекин бошқа тарафдан, жараён бошдан-оёқ ҳар доим ҳам шаффоф бўлмагани, уни қураётган идоралари ҳар доим ҳам ҳисобот бермаслиги ҳисобга олинса, кўпчилик бундай хатарни зиммасига олишга, албатта, қўрқади.
Ҳозир Ўзбекистонда ҳам, Қозоғистонда ҳам мавжуд битимларга кўра, атом электр станцияларини Россия қуриши тахмин этилмоқда. Аммо бу – хато қараш, чунки Россия Ўзбекистон ва Қозоғистон билан атом энергетикаси соҳасида ҳамкорлик қилаётган ягона ҳамкор эмас. Ҳам Қозоғистон, ҳам Ўзбекистон билан атом энергетикаси соҳасида ҳамкорлик қилаётган яна бошқа кўплаб мамлакатлар бор. Масалан, Японияни, унинг Toshiba корпорациясини олайлик. Уларнинг Қозоғистон Республикаси билан атом энергетикасини ривожлантириш, уран қазиб олиш ва экспорт қилиш бўйича бир қатор шартномалари бор. Эҳтимол тутилган атом электр станциялари қурилишини техник жиҳатдан баҳолаш борасида бундай компаниялар Қозоғистон билан ҳам иш олиб бормоқда. Хитойнинг атом энергетикаси бўйича Guangdong, Ҳиндистон, Канада ва Американинг шу соҳага ихтисослашган компаниялари ҳам КазАтомПром билан бир қатор шартномалар тузган. Ҳатто ўша АЭСни Россия қурган тақдирда ҳам бу барча ҳуқуқ ва ҳаракатлар эркинлигини Россия томонига бериб қўйишимизни англатмайди. Албатта, бу жараён устидан кузатув олиб борилиши шарт ва шундай бўлади ҳам. Баҳони ҳам миллий, ҳам Россия, ҳам чет эллик экспертлар беради. Агар биз бу ишни йўлга кирсак, қандайдир жиддий таҳдидлар бўлади, деб хавфсирашимизга ўрин қолмайди.
Бу ерда бошқа масала бор – электр қуввати бизга бугун керак. Электр қуввати етказиб бериш барқарорлиги ҳам, албатта, ҳозир зарур. Атом энергетикаси буни таъминлай оладими? АЭС қурилиши 10 йил вақт олади. Бу – нисбатан узоқ муддат. Бу вақтда нималар юз бериши мумкин? Атом энергетикаси – шундай нозик мавзу. Қайд этиб ўтганимиздек, шартномалар 10 йил олдин: 2007, 2008, 2012 ва 2014 йилларда имзоланган эди. Қурилиш эса ҳамон бошлангани йўқ. Атом электр станциялари атрофида кўтарилган бундай шов-шув бизни ҳозироқ ҳал этилиши керак бўлган бошқа масалалардан, дейлик, инфратузилмани яхшилаш ва бутун жараённи мувофиқлаштиришнинг умумий тизимини жорий этишдан чалғитадими?
Энди бошқа масалага ўтсак. Марказий Осиёнинг энергетика соҳасидаги муаммоларга оид мураккаб савол бермоқчиман. Марказий Осиё мамлакатларининг қалин кооперацияси йўлидаги тўсиқлар ҳақида гапирганда, чегарадаги можаролар ва баҳсли ҳудудлар билан бирга сув масаласини ҳам эслаймиз. Айнан сув билан боғлиқ муаммоларнинг тартибга солинмагани кўпинча маҳаллий можаролар келиб чиқишига баҳона бўлади. Лекин айни чоқда айнан сув, муаммоларнинг сув ва энергетика билан боғлиқ мажмуаси – томонлар муросали ёндашув топа олса – минтақа мамлакатларини бирлаштирувчи омилга айланиши ҳам мумкин. Марказий Осиёнинг сув ва энергетика муаммоларини ҳал этиб бўлади, деб ўйлайсизми? Минтақамизда қўллашимиз мумкин бўлган халқаро прецедент (намуна олиш мумкин бўлган воқеа) ёки қандайдир формула борми?
Тизимимиз сув ва энергетика ресурсларидан оқилона фойдаланишни кўзлаб яратилган эди. Сув ва энергетика тизими энергетика тизимимиз ҳам эди. Агар 20 йил олдинги вазиятга қарайдиган бўлсак, бу қай тарзда бир-биримиз билан ўзаро маслаҳатлашиб, бирга ишлашимиз мумкинлиги намунасидир. Бироқ мен бугунги кунда сув ва энергетика масалалари ўзаро ажратилганини айтиб ўтмоқчиман. Экспертлар, ҳокимият вакиллари электр қуввати ишлаб чиқариб, уни истеъмолчиларга етказиб бериш билан трансчегара дарёларида сувдан фойдаланиш хусусидаги қарорларга иккита мутлақо бир-биридан айри масалалар сифатида қарамоқда. Илгари дарёларнинг қуйи қисмида жойлашган мамлакатлар электр қувватини уларнинг юқори қисмида жойлашган мамлакатлардан сотиб олиши ҳамда Қирғизистон билан Тожикистон ўз навбатида Марказий Осиё дарёларининг қуйи қисмида жойлашган Туркманистон, Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг ирригация эҳтиёжлари учун сув ташлаб бериши кўзда тутилган. Яъниким, бундай тизим, бир тарафдан, барча мамлакатларни бирлаштириб ишлаб турган, бошқа тарафдан эса, сув билан энергетика масалалари ўзаро ажратилмаган. Энди ҳамма нарса тескари тус олди. Ҳозир мустақил энергетика тизимини барпо этаётган ва ўз манфаатларига эга бўлган ҳар бир мамлакат сув масаласини ушбу тенгламадан ўчириб ташлашга интилмоқда. Мен, тўғриси, сув ва энергетика муаммоларида сув муаммоларига алоҳида, энергетика муаммоларига алоҳида қаралиши керак, деб ўйламайман. Билишимча, бу Марказий Осиё мамлакатларини бирлаштирадиган омил бўла олмайди. Ҳамкорлик ва кооперация албатта керак, интеграция эса ўтган йиллар мунозараси, холос. Олдин гапирилган сув ва энергетика муаммоларини айни пайтда билиб-билмасликка олишга, уларни йўқ деб ҳисоблашга уринилмоқда, чунки сув билан боғлиқ муаммоларимиз жуда оғир. Энергетика билан боғлиқ муаммолар ҳам жиддий. Биз энергетика муаммоларини алоҳида, сув билан боғлиқ муаммоларни алоҳида ҳал этяпмиз.
Бироз қўшимча қилмоқчи эдим. Сиз Марказий Осиёдаги интеграция ғоясига қандай қарайсиз? Тушунишим бўйича, сиз Марказий Осиёда бизга ингерациянинг кераги йўқ деб айтяпсиз. Гапингизни тўғри тушундимми? Фақат қалин кооперация керакми?
Ҳа, худди шундай.
Бу қарашингизни қандай асослаб берасиз? Нима учун Марказий Осиёга интеграция керак эмас? Бу – жуда қизиқ ва баҳсли масала. Аслида биз, айниқса, марказий осиёлик сўзловчиларимизга бу саволни тез-тез бериб турамиз, чунки ҳозирги кунда, кўриб турганингиздек, янги импулсни, минтақада қалинроқ интеграция ёки кооперацияга интилишни бошдан кечиряпмиз. Бу борада экспертларнинг фикрини билиш муҳим.
Назаримда, интеграция сиёсат, иқтисодиёт, хавфсизлик, инфратузилма, логистика – барча соҳаларда ўзаро боғлиқликнинг юксакроқ даражаси бўлишини тақозо қилади. Биз бир-биримизга боғлиқмиз. Шунинг учун муаммоларни бирга ҳал этишимиз шарт. Қўшни мамлакатлар бўлганимиз учун иқтисодиёт соҳасида ўзаро ҳамкорлик қиламиз. Инфратузилма масаласида минтақа даражасидаги энергетика, транспорт ва логистика инфратузилмалари мавжудлиги табиий. Ҳа, ҳамкорликдан қочиб ҳеч қаёққа бора олмаймиз. Лекин бу хавфсизлик муаммоларини ҳал этишда, иқтисодий устуворликларни аниқлашда, қандайдир масалаларни ечишда ягона минтақа, бир бутун бўлиб ҳаракат қилаётганимизни англатадими? Афсуски, мен буни кўраётганим йўқ. Назаримда, интеграция жараёни – яна қачондир қайтадан пайдо бўлса – табиий йўл билан давом этиши шарт. У ташқаридан ёки ичкаридан тиқиштирилмаслиги керак. Бунга энергетика соҳаси яхши мисол бўла олади. Яна қайтараман, ўртамизда муаммолар бўлмаган пайт, биз қардошлармиз, биз қўшнилармиз, ҳамма ишимиз яхши, ҳамкорлик қиляпмиз, ҳатто қайсидир даражада Марказий Осиё интеграция лойиҳасини тақдим этяпмиз, деб гапираверишимиз мумкин. Биринчи қор ёғиши, биринчи ёмғир ёғиши, биринчи қиш совуғи, сув танқис бўлган йил келиши биланоқ ҳамма муаммолар юзага қалқиб чиқади ҳамда Марказий Осиё мамлакатлари ички манфаатлари, аҳолиси, ички истеъмолини устуворлик сифатида олға суради. Бу реал сиёсат нуқтаи назаридан ўзини оқлаши мумкин, лекин устувор масалаларни бу тарзда белгилаш Марказий Осиё минтақасига биз кўришга, тушунишга кўниккан маънода интеграциялашув имконини бермайди.
Келинг, энди бироз экпорт қилинадиган энергетика ресурслари маршрутлари ҳақида гаплашамиз. Россиянинг Украинадаги ҳарбий ҳаракатлари ва Ғарбнинг Россияга қарши жавоб сифатидаги санкциялари сабаб дунёда энергетика алоқалари кенг миқёсда қайта кўриб чиқилаётганига гувоҳ бўляпмиз. Бу ўзгаришлар Марказий Осиё мамлакатларига таъсир кўрсатмай қолмайди. Бугунги кунда Қозоғистон ўз энергетика ресурсларини Европага Каспий қувури консорциуми (КҚК) ва Россия орқали ўтадиган бошқа қувурлар орқали етказиб беришда қийинчиликларга дуч келмоқда. Шу маънода Марказий Осиё мамлакатларида яна қандай муаммолар пайдо бўлиши мумкин? Келинг, шу ҳақда батафсилроқ гаплашайлик.
Қизиқ савол бердингиз. Мен бу ерда 3 та ҳолатга эътибор қаратмоқчиман. Биринчидан, энергетика ресурсларини экспорт қилишда Марказий Осиё мамлакатлари билан Россия бир-бирига боғлиқ, яъни Россия орқали ўтадиган инфратузилма, қувурлар битта. Иккинчидан, энергетика ресурсларининг Марказий Осиёдан Европага Россияни айланиб ўтган ҳолда экспорт қилиниши. Учинчидан, бугунги кунда Россия бизнеси энергетика соҳасида Марказий Осиё минтақасида анча фаол.
Биринчи масала. Аслида Россиянинг Украинадаги ҳарбий ҳаракатларидан фақат Қозоғистон кўп зарар кўради. Қозоқ нефти Европага Россиянинг маълум ҳудуди ва қувурлари орқали ташиб берилади. Қозоғистондан бошқа ҳеч бир Марказий Осиё мамлакати йирик ҳажмда нефт ёки газни Россия орқали экспорт қилмайди ёки етказиб бермайди, шунинг учун бу можаро уларга бундай таъсир кўрсатгани йўқ. Туркманистон 1990 йилда, Совет Иттифоқи парчаланиб кетишидин олдин йилига 88 млрд. м3 газ ишлаб чиқарган ва шунинг 80 млрд. м3 Россияга, Россия орқали Европага экспорт қилинган. Туркманистон ҳозир Европага Россия инфратузилмаси орқали умуман газ экспорт қилмайди, Россиянинг ўзига эса жуда оз ҳажмда газ жўнатмоқда, яъни бу инқироздан Туркманистон зарар кўрмайди. Ўзбекистон ҳам Россия инфратузилмаси орқали бу мамлакатга газ экспорт қилаётгани йўқ. Унга ҳам инқироз қаттиқ зарар етказиши қийин. Россиянинг Украинадаги ҳарбий ҳаракатлари оқибатларини сезаётган ягона мамлакат Қозоғистондир.
Иккинчи масала. Европа ҳар доим Россияни айланиб ўтган ҳолда Марказий Осиё энергетика ресурсларидан фойдаланишга қизиқиб қелган. Бир неча лойиҳа мавжуд – Каспий денгизи минтақаси, кейинчалик Туркия ва бошқа ҳудудлар орқали Европа бозори томон тортиладиган газ қувурлари, нефт қувурлари. Аммо узоқ истиқболда Россия билан Европа ўртасидаги муносабатлар қандай бўлишини ҳеч биримиз билмаймиз. Илгари Россия бу мамлакат ҳудудини айланиб ўтадиган қувурлар қурилишига бор имконини ишга солиб, тўсқинлик қилган бўлса, энди у Транскаспий қувури қурилиши ҳеч қачон амалга ошмаслиги учун исталган чораларни кўради. Бундан нафақат Қозоғистон, яна Туркманистонга ҳам зарар етади, келгусида ўша қувур орқали ўзбек газини ҳам экспорт қилиш кўзда тутилган эди.
Учинчи масала – Россия бизнеси. “Лукойл” ва “Газпром” компаниялари Қозоғистонда, Ўзбекистонда, ҳатто Туркманистонда ҳам жуда фаол. Умуман, Россия ва бу мамлакатнинг энергетика компаниялари Украинада юз бераётган воқеалардан молиявий зарар кўради, унинг таъсири Марказий Осиёга ҳам тегмай қолмайди, чунки “Лукойл” ва “Газпром” Марказий Осиё минтақасидаги нефт ва газ секторига кўп миллион долларлик инвестициялар киритмоқда ва лойиҳаларни амалга оширмоқда. Агар уларнинг молиявий маблағлари тортилиб қолса, Марказий Осиёдаги газ ва нефт қазиб олиш ҳажмларини кенгайтириш, модернизация қилиш ва кўпайтириш ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас. Бунга энди технологияларни ҳам қўшинг. Технологиялар нефт ва газ қазиб олиш соҳасини ривожлантиришнинг энг нозик компонентларидан биридир, уларни Россия ишлаб чиқармайди, Россия ҳам уларни импорт қилади. Технологиялар нефт ва газни қазиб олиш, ташиш ёки қайта ишлаш учун ўта муҳим ҳисобланади, бинобарин, табиийки, ўрта ва узоқ истиқболда марказий осиёликлар ҳам зарар кўради.
Энергетика ресурсларини экспортга етказиб бериш билан боғлиқ яна бир масала бор. Агар бироз истиқболга, қисқа муддатли ёки ўрта муддатли истиқболга қаралса, Россия энергетика ресурсларининг Европага экспорт қилиниши тахмин этилган бир ёки катта қисми Шарққа йўналтирилишини тушунамиз. Шарқ деганда биринчи навбатда Хитой кўз олдимизга келади. Бу Қозоғистон, Туркманистон ва Ўзбекистон нефт ёки гази учун нарх ҳосил бўлишига таъсир кўрсатадими? Энергетика ресурсларимиз экспорти бюджетга тушадиган даромадларнинг энг муҳим қисмларидан биридир. Туркманистоннинг ҳам катта режалари бор. Билишимизча, Хитойга газ экспорт қилишни кўпайтириш учун 4-газ қувури тортилаётган экан. Бу нима бўлади, шу ўринда нимани башорат қилишимиз мумкин? Бу Марказий Осиёдан Хитойга экспорт қилинаётган энергетика ресурслари нархларига таъсир этадими, Хитой Марказий Осиёдан импорт қилаётган газ ҳажмини қисқартирадими?
Биринчи саволингизга жавоб берсам, менимча, бу баҳога қаттиқ таъсир кўрсатмайди, чунки нефт баҳоси жаҳон бўйлаб бир хил. 6 – 8 ойдан сўнг газнинг баҳоси ҳам нефтнинг нархи ортидан эргашади. Яъниким, агар нефтнинг нархи кўтарилса, орадан 6 – 8 ой ўтиб, газнинг нархи ҳам ошиб боради, аксинча, нефтнинг дунёдаги нархи тушадиган бўлса, газ нархи ҳам пасаяди.
Умуман олганда, Хитойнинг Марказий Осиё мамлакатлари билан тузган икки томонлама шартлари бошқача ёндашувни кўзда тутади. Биринчидан, энергетика ресурсларининг умумжаҳон баҳоси Марказий Осиёдан Хитойга экспорт қилинаётган газ ва нефт баҳоси ошиши ёки камайишини белгилаб беради. Иккинчидан, табиийки, Бу Хитой билан Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги икки томонлама муносабатларнинг ўзига хосликларидир. Яъниким, хитойликлар инвестицияларини ҳозиргина сиз эслаб ўтган “Марказий Осиё – Хитой” инфратузилмасига қайтаради, бу ҳам Хитой Марказий Осиё республикаларига тўлаётган пул миқдорига таъсир кўрсатади. Бунинг маъноси шуки, Россия, Украина ва Европа ўртасидаги можаро Марказий Осиёдан Хитойга етказиб берилаётган энергетика ресурсларининг нархи ҳосил бўлишига тўғридан-тўғри жуда кам таъсир кўрсатади. Саволнинг биринчи қисмига жавоб мана шу. Иккинчи қисми нима эди?
Ҳажмлар қисқариши ёки қисқармаслиги ҳақида сўраган эдим.
Умуман, ҳажмлар қисқармайди, чунки нефтга келсак, Қозоғистон нефт қувури орқали Хитойга етказиб бераётган 10 млн баррел унга керак бўлади. Марказий Осиёдан Хитойга етказиб берилаётган газ, асосан, Хитойнинг ғарбий минтақаларини эҳтиёжларини қоплайди. Қувур инфратузилмасининг Хитой импорт қилаётган газ ёки нефтнинг умумий ҳажмига нисбатан устунлиги бор, яъни бозорнинг энергетикамиз қоплаб бераётгани қисмини бошқалар қоплай олмайди. Хитой учун ягона муқобил Россиядир. Агар Европа Россиядан нефт билан газни камроқ сотиб ола бошласа, Россия қувурлар йўналишини ўзгартириши мумкин. Ушбу мамлакат ҳукумати анчадан буён Хитойга улкан ҳажмда нефт ва газ етказиб беришни режалаштираётган эди. Мана шу ўринда биз билан Россия ўртасида рақобат юзага келади. Лекин бунинг учун Россияга ўзи анча йиллардан бери жуда секин қураётган инфратузилма керак бўлади, шунинг учун яқин йилларда бундай рақобатдан хавфсирамаса ҳам бўлади.
Келинг, суҳбатимизга якун ясайлик. Умумлаштирадиган бўлсак, Марказий Осиё минтақасидаги энергетика хавфсизлигини қандай кўряпсиз?
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Марказий Осиё минтақасидаги энергетика хавфсизлиги даражаси унчалик юқори бўлмайди. Лекин шу билан бирга, ҳозирги кунда юритилаётган сиёсат энергетика тизимида қандайдир узоқ муддатли инқирозли вазиятларнинг олдини олишга ёрдам бермоқда. Ҳукуматлар инфратузилмани имкон қадар модернизация қилиш, янгилашга интилмоқда. Лекин кенг қамровли модернизация, табиийки, улкан маблағ талаб этади, Марказий Осиё мамлакатларининг бундай маблағи йўқ. Айни чоқда Қозоғистонда тикланадиган энергетика манбаларига ўтилаётгани, гидроэнергетикани ривожлантириш истиқболлари ва унга қизиқиш, янги нефтни қайта ишлаш иншоотлари, янги иссиқлик электр станциялари қурилаётгани муайян умид уйғотади. Лекин инқирозлардан қочиб қутулиб бўлмайди. Фикримча, мамлакатларимиз зарарни камайтира ва энергетика соҳасидаги узоқ муддатли инқирознинг олдини ола билади.