Сурат манбаси: corlettexpress.com
Ўзбекистоннинг ташқи иқтисодий алоқаларини ривожлантириш ва ташқи савдо ҳажмини оширишда халқаро бозорларга чиқиш учун логистика муаммоларини муваффақиятли ҳал этиш муҳим омил саналади. Собиқ СССР парчаланганидан сўнг денгизга чиқиш имкони бўлмаган давлатлар сони 29 тага етди. Ўзбекистон бу рўйхатда алоҳида ўрин эгаллайди, чунки, у жаҳон океанига камида икки давлат орқали чиқадиган иккита мамлакатдан биридир.
Uzanalytics сайти таҳририяти мамлакатнинг автомобиль ва темир йўл алоқалари, транспорт йўлакларини ривожлантиришдаги тўсиқлар, муаммолар ва истиқбол ҳақида таниқли эксперт, “Маъно” тадқиқотлар ташаббуси маркази директори Бахтиёр Эргашев билан суҳбатлашди.
Мазкур интервью жорий йилнинг февраль ойида, яъни, Президент Шавкат Мирзиёевнинг Исломободга ташрифи олдидан ёзиб олингани боис, ушбу ташриф давомида эришилган келишувлар, жумладан, Трансафғон темир йўли лойиҳасини илгари суриш бўйича келишувлар ҳисобга олинмаган. Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Президенти ва Покистон Бош вазири ўртасидаги музокаралар чоғида Марказий Осиёни Покистон билан, Ўзбекистонни эса Карачи, Гвадар ва Қосим портлари билан боғловчи “Термиз–Мозори-Шариф–Қобул–Пешавор” темир йўли қурилишини қўллаб-қувватлаш бўйича келишувга эришилган эди.
Ушбу суҳбатни аудиоподкаст ва матн шаклида эътиборингизга ҳавола қиламиз.
– Денгизга тўғридан-тўғри чиқиш имконияти бўлмаган Ўзбекистон учун мамлакатни жаҳоннинг бошқа минтақалари билан боғловчи транспорт йўналишларини ривожлантириш ва диверсификациялаш стратегик аҳамиятга эга. Ташқи дунё билан савдо-сотиқ ҳажмини ошириш ва диверсификациялаш нуқтаи назаридан Ўзбекистон учун мавжуд транспорт коридорлари, яъни, автомобиль ва темир йўл алоқалари самарадорлигини қандай баҳолайсиз?
– Географик жойлашувимиз ҳам геосиёсий, ҳам геоиқтисодий нуқтаи назардан бизга доимо муайян мураккабликлар туғдириб келган. Денгиз йўлларидан узилган Ўзбекистон учун маҳсулот импорти ва экспортида транспорт харажатларининг улуши юқорилигича қолмоқда. Яъни республикага олиб кирилаётган, ёки аксинча, мамлакатдан хорижга жўнатилаётган маҳсулотнинг ҳар бир тоннаси бизга бошқа давлатларга қараганда анча қимматга тушяпти.
Мустақилликка эришилгач Ўзбекистонда транспорт маршрутларини диверсификациялаш масаласига жиддий эътибор қаратилди. Ўша вақтда мамлакатни кесиб ўтувчи халқаро темир йўл ҳамда автомобиль магистраллари фақат шимолга йўналганди. 1991 йилдан бошлаб янги транспорт коридорларини очиш борасида жиддий саъй-ҳаракатлар бошланди. Биринчи навбатда, “Тежен – Серахс” темир йўл линияси қурилиб, Ўзбекистон маҳсулотлари Туркманистон орқали Эроннинг Бандар-Аббос денгиз портига етказиб бериладиган бўлди. 1990-йилларнинг ўрталарига келиб мазкур транспорт коридори биз учун ниҳоятда муҳим логистика йўналишига айланди. Масалан, 2000-2010 йилларда ўзбек пахтаси худди шу йўл орқали Европага экспорт қилинган. Лекин маҳсулони Эрон орқали етказиб беришнинг ўзига яраша қийинчиликлари бор эди. Хусусан, юклашни суғурталаш жуда қимматга тушган. Бу товар нархининг ошишига олиб келган.
Кейинроқ Қозоғистон ва Хитой чегарасида темир йўл бекатлари қурилиб, Хитойдан маҳсулот қўшни республика орқали Ўзбекистонга кириб кела бошлади. Чин юртига йўлнинг очилиши биз учун, сўзсиз, муҳим амаҳият касб этган.
Бир вақтнинг ўзида Ўзбекистон Каспий денгизи ва Кавказ орқали Туркияга чиқиш имкониятларини ҳам ўрганди. 2018 йилда “Боку–Тбилиси–Карс” йўналишида Жанубий Кавказ транспорт коридори қуриб битказилди. Ҳозир ушбу маршрут ёрдамида маҳсулотларимиз Ўрта Ер денгизи портларига етказилмоқда. Бу ижобий ўзгариш, албатта.
Кўриниб турганидек, янги транспорт йўлакларини очиш, муқобил маршрутларни яратишдан Ўзбекистон ниҳоятда манфаатдор. Сўнгги 5-6 йил ичида мазкур масала янада устуворлик касб этиб, йирик лойиҳаларга қўл урилди.
Масалан, 1997 йилдан буён илгари сурилаётган “Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон” темир йўли қурилиши юзасидан музокаралар жонланди. Мен бу лойиҳани Ўзбекистон учун энг муҳим, деган бўлардим.
Қолаверса, ҳозирда мамлакатимиз ҳукумати трансафғон темир йўли қурилишини ҳам фаол қўллаб-қувватламоқда. Ушбу транспорт йўлаги Мозори-Шариф шаҳридан Покистоннинг Пешавор денгиз портигача чўзилган.
Афғонистон ҳудудини кесиб ўтадиган бошқа бир темир йўл Эроннинг Ҳинд океанидаги Чобаҳор портига олиб чиқади. Бу Ўзбекистон учун ниҳоятда керакли ва муҳим маршрут. Лекин қўшни мамлакатдаги нотинчлик сабаб ҳозирча трансафғон темир йўл магистралларидан фойдаланиш масаласи муаммолигича қолмоқда.
Шунга қарамай, Ўзбекистоннинг бугунги транспорт сиёсатида мана шундай янги, истиқболли лойиҳаларга алоҳида ўрин ажратилган.
Амалдаги халқаро логистика маршрутлари орасида шимолга қаратилган транспорт йўлаклари биз учун бирламчи ҳисобланади. Чунки ҳозир Ўзбекистон ҳам автотранспорт, ҳам темир йўл вагонларида юкларни Россия орқали Болтиқбўйи мамлакатларининг денгиз портларига, у ердан эса Беларусь ва Украина орқали Европа минтақасига етказиб бериш имкониятига эга. Юк ташувларимизнинг асосий қисми айнан шимолий йўналишдаги транспорт коридорларига тўғри келмоқда.
Ҳозир Россия қаторида Хитой ҳам Ўзбекистоннинг асосий савдо ҳамкорига айланган. ХХР билан товар айирбошлаш ҳажми жадал суръатларда ортаётганини ҳисобга олсак, Қозоғистон ҳудуди бўйлаб шимолга йўналган логистика маршрутлари бундан кейин ҳам биз учун ўз аҳамиятини йўқотмаслиги аниқ.
Ғарбга элтувчи транспорт коридори нисбатан кеч қурилгани боис Ўзбекистон унинг салоҳиятидан тўлақонли фойдалана олганича йўқ. Ҳарқалай, 2020 йилги пандемия шароитида Шимолий Кавказ темир йўл магистрали орқали цинк, мис хомашёсидан иборат дастлабки йирик юк ташувлари амалга оширилган. Шунга қарамай, ҳозирча улар Ўзбекистон экспортининг жуда оз қисмини ташкил қилмоқда.
Охирги йилларда Ўзбекистондан минерал ўғитлар Бандар-Аббос порти орқали Осиё давлатлари (Вьетнам, Филиппин, Индонезия)га экспорт қилинди. Афсуски, Эрон ва АҚШ ўртасидаги сиёсий келишмовчиликлар сабаб ушбу логистика маршрути яхши ривожланмаяпти. Ҳозир Бандар-Аббосдан чиққан юк контейнерларини Ҳурмуз бўғоздан ўтказиш ниҳоятда мураккаб жараёнга айланган. Шунинг учун Ўзбекистон янги халқаро транспорт коридорларига эҳтиёж сезмоқда.
– Ўзбекистонни Покистон билан боғловчи трансафғон магистрали ҳақида гапирадиган бўлсак, 2021 йилнинг февраль ойида Ўзбекистон–Афғонистон–Покистон музокаралари якунига кўра, узунлиги 600 километрлик “Мозори-Шариф–Қобул–Пешавор” темир йўли қурилиши бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланган эди. Бироқ ўтган йилнинг август-сентябрь ойларида Афғонистон ҳукуматида ўзгаришлар рўй берди ва Толибон ҳаракати вакиллари ҳокимият тепасига келди.
Яқинда Афғонистон муваққат ҳукумати трансафғон магистралининг йўналишини тасдиқлагани ҳақида маълумот тарқалди. Вазирлар Маҳкамаси қарорига кўра, Мозори-Шарифдан темир йўл Бағлон ва Бомиён орқали ўтади.
Сизнингча, толибонлар даврида Афғонистон ҳудудидан ўтувчи транспорт йўлакларини барпо этиш истиқболлари ва имкониятлари қандай?
– Албатта, ҳокимиятнинг толибонлар қўлига ўтиши трансафғон темир йўл магистралларининг истиқболига ўз таъсирини ўзказмай қолмайди. Биринчидан, Афғонистоннинг янги ҳукумати ҳалигача иқтисодий дастурини эълон қилгани йўқ. Биз бундай дастур ҳатто бор йўқлигини ҳам билмаймиз. Бу эса йирик инфратузилмавий лойиҳаларни амалга оширишда ўзига яраша қийинчилик ва саволларни туғдириши табиий.
Иккинчидан, Пешаворгача борадиган трансафғон темир йўли қурилишини қўшқўллаётган сиёсий доиралар ва экспертлар Ҳиндистон ўз маҳсулотини Покистон орқали Марказий Осиёга олиб чиқишига нега бунчалик ишонч боғлаётгани шахсан менга мутлақо тушунарсиз. Сабаби Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги муносабатлар ниҳоятда таранг. Ҳудудий можаро сабаб улар ўзаро юзкўрмас даражага етган.
Шубҳасиз, Покистон анчайин қудратли давлат – унинг ядро қуроли бор, иқтисодиёти ривожланган, аҳолиси 200 миллион кишини ташкил қилади. Марказий Осиёга, минтақамиз орқали эса Россия ва Европага чиқиш учун Покистонга трансафғон темир йўли ниҳоятда зарур. Лекин бу маршрутдан Ҳиндистон ҳам фойдаланишига менинг кўзим етмайди.
Қолаверса, хавфсизлик масаласини унутмаслик керак. Яқинда тарқалган хабарга кўра, Ангрен шаҳридан кўмирни Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларига очиқ темир йўл вагонлари орқали ташишда юкнинг камида учдан бир қисми йўлда ўғирлаб кетилар экан. Тасаввур қилинг, мамлакатнинг ичида шундай ҳолат кузатиляпти! Ваҳоланки, Ўзбекистонда толибонлар йўқ, Ўзбекистонда тинчлик ҳукм сурмоқда. “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ кўмирни сақлаб қолиш учун вагонларни темир қопламалари билан ёпишга мажбур бўляпти. Афғонистонда эса қанчадан-қанча одам қўлида қурол кўтариб юрибди. Уларни давлат назорат қилмайди. Бунақада Марказий Осиёдан Покистонга жўнатиладиган товарлар манзилига беталафот, бус-бутун етиб боришига ким кафолат беради? Савол – очиқ. Шу боис Афғонистон орқали юк ташиш ниҳоятда хавфли иш.
Кўплаб экспертлар баҳорда Афғонистондаги сиёсий вазият яна кескинлашиши ҳақида гапирмоқда. Бундай шароитда темир йўлни қандай қилиб қуриш мумкин? Қайси сармоядор ёки халқаро молиявий ташкилот бу лойиҳани молиялаштиришга рози бўлади? Менимча, ҳеч ким.
Трансафғон темир йўли керак ва у вақти-соати келиб, албатта, қурилади. Лекин бу ишга ҳозироқ киришиш шартмикан? Лойиҳанинг техник-иқтисодий асослари тайёрланиб, темир йўл Бағлон вилоятидан ўтиши айтилмоқда. Аммо бу масалада ҳам саволлар талайгина. Покистон йўналишидаги транспорт коридори яқин келажакда қурилишига ишончим комил эмас. Лойиҳа камида 5-6 миллиард долларга баҳоланмоқда. Маблағнинг қанча қисми Ўзбекистон зиммасига тушади, киритилган инвестиция қачон қайтади –бу саволлар ҳам ҳозирча очиқ.
Эроннинг Чобаҳор портига чиқадиган иккинчи трансафғон темир йўлининг истиқболи ҳам мавҳум. Айни вақтда Ўзбекистон Республикаси транспорт вазирлиги маҳаллий экспорт маҳсулотларини Чобаҳорга Туркманистон орқали етказиб бериш масаласини кўриб чиқмоқда. Мазкур лойиҳага Ҳиндистоннинг қизиқиши баланд. Охирги 5-6 йилда ҳиндлар Чобаҳор портини модернизациялашга 500 миллион долларга яқин сармоя киритди. Турган гапки, келгусида улар ўз товарларини айнан шу порт орқали Россия ва Европа бозорларига олиб чиқишни кўзлаган. Афғонистондаги сиёсий беқарорлик яна узоқ вақт чўзилиши мумкинлигини инобатга олсак, Ўзбекистон Эрон йўналишидаги транспорт коридорига катта умид боғлаётгани айни муддао. Ҳар ҳолда, Эрон тинч мамлакат, унинг иштирокида йирик инфратузилмавий лойиҳаларни бемалол амалга оширса бўлади.
– “Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон” темир йўлини қуриш ташаббуси Биринчи Президент Ислом Каримов даврида Ўзбекистон томонидан илгари сурилган эди. Аммо узоқ вақт давомида ушбу лойиҳа тўхтаб қолди.
Сизнингча, уни амалга оширишга қандай омиллар тўсқинлик қилди?
– Лойиҳанинг тўхтаб қолишига кўп жиҳатдан Қирғизистон расмийларининг позицияси сабаб бўлган. “Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон” темир йўлини қуриш ташаббуси бундан 25 йил олдин илгари сурилган. Шу вақт ичида Қирғизистонда беш марта ҳукумат алмашди. Ҳар қайси давлат раҳбари ушбу лойиҳа юзасидан ўз қарашига эга эди. Қайсидир президентлар уни қўллаб-қувватлаган, бошқалари, масалан, Алмазбек Атамбаев Қирғизистондан Хитойга олиб борувчи транспорт коридорининг қурилишига тиш-тирноғи билан қарши чиққан. Республиканинг амалдаги президенти Садир Жапаров даврида бу масалада ижобий силжишлар кузатиляпти. Айниқса, охирги бир йил мобайнида янги темир йўлнинг қурилишига доир музокаларга учала томон фаол қўшилгани кишини қувонтиради.
“Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон” темир йўли иқтисодий юксалишимиз учун ниҳоятда муҳим. Ҳозир Хитой ва Ўзбекистон экспортёрлари Қозоғистон ҳудудидан ўтадиган темир йўлдан фойдаланишга мажбур. Янги траспорт коридори ишга тушса Чин юртигача масофа нақ 900 километрга, юкларни етказиб бериш вақти эса 2-3 суткага қисқаради. Ўз-ўзидан транспорт харажатлари тежалади. Менимча, мана шу темир йўл бугунги кунда Ўзбекистон учун энг мақбул логистика маршрути ҳисобланади.
Лойиҳанинг амалга ошишига тўсқинлик қилган бошқа омиллар ҳам бор. Транспорт-логистика соҳасидаги кучли рақобат шулар жумласидан. “Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон” темир йўлининг қурилиши минтақадаги иккита йирик транзит мамлакат – Россия ва Қозоғистоннинг манфаатларига жиддий зарба беради. Шу боис улар янги маршрутга доимо қаршилик билдириб келган.
Масаланинг яна бир нозик жиҳати бор. Марказий Осиё давлатлари ҳамда Россияда темир йўл излари оралиғининг кенглиги 1,5 метрни ташкил қилса, Хитойда бу масофа қисқароқ. Шу маънода икки мамлакатни туташтирувчи темир йўл қаерда учрашади, деган савол мутахассиларда баҳс-мунозара уйғотиб келаётганди. Хитой темир йўлни Ўш шаҳригача тортиб боришни таклиф қилганида, Россия қарши чиққан. Ҳозир бу масалага ҳам ечим топилди – Хитой ва Қирғизистон чегарасининг тоғли қисмида махсус темир йўл станцияси қурилиб, рельсларнинг оралиғи ўзгартириладиган бўлди. Мазкур вариант Россияга ҳам маъқул, боз устига, эндиликда россияликлар янги темир йўл қурилишида иштирок этиш истагини билдирган.
– Жорий йилнинг 25 январь куни бўлиб ўтган “Марказий Осиё давлатлари – Хитой” онлайн-саммити чоғида ХХР раиси Си Цзиньпин “Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон” темир йўли ҳамда Хитой–Марказий Осиё транспорт коридорлари лойиҳасини илгари суришга тайёр эканини маълум қилди.
Сизнингча, бундай баёнот янги темир йўлнинг қурилишига реал импульс бера оладими? Мазкур лойиҳани яқин истиқболи ҳақида нима дея оласиз?
– Қирғизистонда навбатдаги давлат тўнтарилиши содир бўлмаса, президент Садир Жапаров ўз ўрнида қолса, ишончим комилки, яқин бир-икки йилда “Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон” темир йўлининг қурилишига старт берилади. Лойиҳани тезроқ якунига етказишдан Хитой манфаатдор эканини билдирди. Онлайн-саммитда Си Цзиньпин буни яна бир бор таъкидлади. Ўзбекистон лойиҳани доимо қўллаб-қувватлаган. Қирғизистоннинг позицияси ҳам ўзгарди. Бундай вазиятда янги темир йўлнинг истиқболига шубҳа қилмаса ҳам бўлади.
– “Марказий Осиё – Хитой” онлайн-саммитида Қозоғистон Хитой билан ҳамкорликда транспорт йўлакларига 20 миллиард доллар сармоя киритишни режалаштираётгани маълум бўлди.
Қозоғистон орқали Хитой билан транспорт йўлакларини такомиллаштириш ва диверсификациялаш нуқтаи назаридан бу Ўзбекистон учун нимани англатади?
– Транспорт йўлаклари қанчалик кўп бўлса, шунчалик яхши. Чунки бу ўзбек экспортёрларига қўшимча имкониятлар яратади. Янги йўллар транспорт-логистика соҳасида рақобатни туғдиради, юк ташувлари нархининг пасайишига олиб келади. Бундан иқтисодиётимиз, маҳсулот экспорт қилувчи компаниялар ютади, албатта. Қозоғистон янги транспорт маршрутларини очса Хитойдан Ўзбекистонга ҳамда Ўзбекистондан Хитойга жўнатилаётган товарлар чегарадан тезроқ ўтади. Ҳозир Хитойдан келаётган юк контейнерлари божхона постларининг ўтказувчанлик қуввати пастлиги туфайли 2-3 суткалаб, байрамларда эса ҳафталаб Қозоғистон чегарасида қолиб кетяпти. Бу бизга қўшимча муаммо туғдирмоқда. Шунинг учун транспорт коридорлари, ўтиш йўллари, янги маршрутларни имкон қадар кўпайтириш зарур.
– Юқорида сўз юритилган логистика маршрутларидан ташқари яна қандай транспорт йўлакларини Ўзбекистон учун стратегик аҳамиятга эга, деб ҳисоблайсиз? Уларни ишга туширишга нима ҳалақит бермоқда?
– Аввалроқ айтиб ўтганимдек, Ўзбекистон учун муҳим логистика маршрутларидан бири транскаспий темир йўл магистрали ҳисобланади. Бунда Каспий денгизидан Кавказга, у ердан эса Ўрта Ер денгизидаги портларга чиқиш имкони мавжуд. Мазкур транспорт йўлагининг салоҳияти анча юқори. Чунки Туркия орқали Ўзбекистон товарларини Жанубий Европа, Шимолий Африка, Яқин Шарқ минтақаларига нисбатан осон ва арзон нахларда етказиб бериш мумкин. Шу боис Жанубий Кавказ транспорт йўлаги Ўзбекистонга анча қўл келади. “Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон” темир йўли қуриб битказилгач, биз мазкур маршрутдан нафақат экспортёр давлат, балки транзит мамлакат сифатида ҳам фойдалана оламиз. Яъни Ғарбдан Шарққа ҳамда Шарқдан ғарбий ўлкаларга жўнатилаётган юк составларининг Ўзбекистон ҳудудидан ўтиши таъминланади. Натижада транзит тушумларидан иқтисодиётимиз катта фойда кўради.
Умид қиламанки, Хитойгача темир йўл тез орада қуриб битказилади. Лекин Эрон ёки Покистон орқали ўтадиган жанубий темир йўл маршрутлари ҳамда Ғарбга йўналтирилган транспорт коридорлари ҳам Ўзбекистон учун муҳим эканини эсдан чиқармаслик керак.
Транскаспий транспорт йўлагидан самарали фойдаланишимизга юк ташувлари учун ўрнатилган тарифларнинг юқорилиги тўсқинлик қиляпти. Ўзбекистондан чиққан юк вагони “Туркманбоши” денгиз портидан Бокуга йўл олади. Ундан кейин Грузия ҳудудини кесиб ўтиб, Туркияга етиб боради. Ўртада турган мамлакатлар юк ўтказмаси учун ўз нархини белгилайди. Ҳозир имкони борича тариф ставкаларини пасайтиришга эришиш зарур. Бунинг учун ҳар бир транзит мамлакат билан якка тартибда музокаралар олиб бориш керак. Бу ниҳоятда мураккаб ва давомли жараён. Барча манфаатдор томонлар айни масалада бир тўхтамга кела олса, Жанубий Кавказ темир йўли уларга мўмай даромад келтириши аниқ.
UzAnalytics сайти таҳририяти эксперт Бахтиёр Эргашевга мазкур суҳбат учун миннатдорлик билдиради.
Муаллифлар: Навруз Мелибаев, Наргиза Умарова
Овоз режиссёри: Тимур Исмаилов