Фото: Tashkent State University of Uzbek Language and Literature named after Alisher Navoi
Шу кунларда ўзбек тили давлат тили ёки расмий тил қилиб белгиланиши тўғрисидаги қонун қабул қилинганига 30 йил тўлди. Ҳеч бир истеҳзосиз айтиш мумкинки, ҳали СССР тарқаб кетмай туриб, давлат тили ҳақидаги қонун қабул қилингани Ўзбекистон тарихида муҳим сиёсий воқеа, миллий мустақиллик сари қўйилган энг муҳим қадамлардан бири бўлган эди.
Муаллиф
Фахриддин Низом (Фахриёр) – шоир, таржимон, публицист ва сценарист. Бир қанча шеърий тўпламлар муаллифи. Шеърлари рус, инглиз, хитой, уйғур, қозоқ, турк, озарбайжон, болгар, француз ва бошқа тилларга таржима қилиниб, турли тўпламларда чоп этилган. 2016 йилда ўзбек, рус ва француз тилларида иборат “L’Ombre Des Larmes” («Кўзёш сояси”) шеърий тўплами Францияда чоп этилган.
Унинг таржимасида Ҳиллари Клинтон (It Takes a Village), инглиз исломшуноси Тимоти Уинтер (Islam 2001: Finding the Qibla in a Postmodenr World) китоблари, American Short Stories (бошқа таржимонлар билан бирга) китоблар чоп этилган.
Жуда кўп бадиий фильм ва телесериалларни (“Чўқинтирган ота”, “Парадизо” кинотеатри”, “Сарой жавоҳири” ва ҳк.) инглизчадан ўзбекчалаштирган. Бир қанча бадиий фильмларга ҳамсценаристлик қилган.
Турли интернет нашрларида Марказий Осиё ва Афғонистонда рўй бераётган воқеалар бағишланган таҳлилий мақолалари дунёнинг жуда кўп тилларида чоп этилган.
Қонуннинг илк вариантида рус тилининг “миллатлараро муомала тили” сифатида қонунийлаштирилганини ва кўплаб моддаларга киритилганини тушунса бўлади – вазият шуни тақозо қилар эди. Ҳозирги кунга қадар у мавқеини йўқотмагани ва бошқарув тизимида фаол қўлланаётгани ҳисобга олсақ, унинг 1996 йилда таҳрир қилинган варианти қонундан кўра яхши ният баённомасига ўхшаб қолганини кўрамиз.
Албатта, дунё амалиётида мустамлакачилар тилининг расмий тил сифатида сақланиб қолиш ҳоллари тез-тез учрайди. Инглиз тилининг дунё бўйлаб кенг ёйилишига айнан Британия мустамлакачилиги сабаб бўлган эди. Масалан, Ҳиндистоннинг Британияга мутамлакаликдан озод бўлгандан сўнг 1949 йил 6 ноябрда қабул қилинган конституциясида инглиз тили 15 йил давомида расмий тил бўлиб қолиши, ундан кейин ўрнини ҳинд тили эгаллаши белгиланган, аммо асосий қонуннинг 343-моддасида парламентга зарур бўлган ҳолларда 15 йилдан сўнг ҳам инглиз тилини қўллаш бўйича қонунлар қабул қилиш ваколати берилган эди. Кўряпмизки, ушбу тилининг ҳозирги мақомда бўлиши Ҳиндистон конституциясига умуман зид эмас. У ерда иккита – ҳинди ва инглиз тиллари расмий тилдир. Бугунги кунда мамлакат аҳолисининг 41 фоизи учун ҳинд тили она тили ҳисобланади. Расмий маълумотларда аҳолининг тенг ярми ушбу тилда сўзлашиши айтилади.
Ўзбекистон конституциясининг 4-моддасида “Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тилидир”, деб белгиланган. Бинобарин, Конституция талабига кўра, давлат ва нодавлат идораларидаги барча ишлар расмий тилда юритилиши шарт. Аммо амалда-чи?
Давлат тили ҳақидаги қонуннинг 1996 йилдаги таҳрир вариантига қаралса, ундан “миллатлараро мулоқот тили” ибораси олиб ташланганини кўриш мумкин, аммо уни синчиклаб ўқиган одам “бошқа тиллар” жумласи ортига аксарият ҳолларда ҳамон ўша “мулоқот тили” яширилганини пайқаши қийин эмас. Аслида Ўзбекистон кўпмиллатли мамлакат бўлгани учун бунинг ёмон жойи йўқ. Лекин “бошқа тиллар” “қалқони” сабаб давлат тили талаблари бузилаётгани ва энг ачинарлиси, бунинг учун ҳеч қандай чора кўрилмаётгани ёмон.
Айрим хабардор журналист дўстларимиз айтишича, айни дамда давлат тили ҳақидаги қонуннинг янги таҳрири устида иш олиб борилаётган экан. Бу яхши, албатта. Вақт ўтиши билан ҳар бир нарсани такомиллаштириш эҳтиёжи туғилади. Лекин бир ҳақли савол пайдо бўлади: нега шунча вақтдан бери қонун талаблари бажарилмай қоғозда қолиб кетяпти?
Бирор ҳайдовчи йўл ҳаракати қоидасини бузса, жарима тўламасдан қутула олмайди, уйига жарима билдируви боради, берилган икки ойлик муддатда жаримани тўламаса, шахсий автомобили ҳибсга олиниб, жарима майдончасига тиқилади. Афсуски, давлат тили ҳақидаги қонун талаблари бузилган ҳоллар ҳақида бунақа дейиш қийин.
Гапимиз қуруқ бўлмаслиги учун қонуннинг 2-3 моддаси талаблари ва бугунги кун воқелиги уларга бўйсунмаётганига оид бир-иккита мисол келтиришга ҳаракат қилиб кўрайлик.
Масалан, қонуннинг 7-модда 3-бандини олайлик: “Янги илмий асосланган атамалар жамоатчилик муҳокамасидан кейин ва Олий Мажлис палаталари тегишли қўмиталарининг розилиги билан ўзбек тилига жорий этилади”. Адашмасам, Вазирлар Маҳкамаси қошидаги Атамалар қўмитаси (расмий номи бошқача бўлиши ҳам мумкин) тугатилгандан бери атамалар жамоатчилик муҳокамасига олиб чиқилгани ёки парламентда кўрилгани йўқ.
Ваҳолонки, мустақилликка эришилгандан бери тилимизда минглаб янги атамалар пайдо бўлди. Уларнинг аксарияти ахборот технологиялари, бозоримизга тобора бостириб кириб келаётган қурилмаю гаджетларнинг (компьютер, планшет, смартфон, ақлли соатлар ва ҳк.) дастурий таъминотлари, илова дастурларининг баъзан маромига етмаган, ҳатто айтиш мумкинки, чала-чулпа таржималарида кўзга ташланмоқда.
Бугун ўша гаджетлар фойдаланувчилари сони мамлакат аҳолисининг ярмидан бемалол ошади. Лекин тартибга солинмагани, мутахассис назаридан ўтказилмагани учун атамалар ўрмонида адашиб қоламиз, нимани англатишини русча ёки инглизчадаги вариантини кўрмагунча тушунмаймиз. Албатта, бу ишни бажараётган етакчи АТ компаниялари Ўзбекистондаги бирор расмий идора билан келишиб иш қилаётгани йўқ – билганича таржимон ёллаб, ўзбекчалаштириб ётибди, чунки 33 миллион нуфуси бор Ўзбекистон чакана бозор эмас. Унга бугун кирмаса, эртага рақиби унинг ўрнини эгаллаб олади.
Ёки ўзимизда пайдо бўлаётган юзлаб янги сўзу атамаларни олайлик. Уларни истеъмолга киритиш билан шуғулланадиган, саралаб оладиган бирор ташкилот ёки қонун йўли билан белгилаб қўйилган механизм борми? Балки Исроилдаги Иврит тили академиясига ўхшаш атамаларни ўрганиб, расман тасдиқлаб, муомалага киритадиган Ўзбек тили академиясини ташкил қилиш керакдир. Эҳтимол, буни қонун йўли билан Алишер Навойи номидаги Ўзбек тили ва адабиёти университети зиммасига юклаш ва уни шунга яараша маблағ, моддий техник база билан таъминлаш керакдир. Чунки 90-йилларда айрим отахон тилшуносларнинг ўзибўларчилик ёндашуви оқибатида билган ҳам, билмаган ҳам ўзича янги сўзларни қўллайвериб, анархия вужудга келган эди.
Қонуннинг 8-моддасида “Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг бошқа ҳужжатлари давлат тилида қабул қилиниши ва эълон этилиши” белгилаб қўйилган. Аммо ҳалигача давлат идораларида кўп ҳужжатлар русча тайёрланиб, кейин ўзбекчага ўгирилаётганини айтсам, “давлат сири”ни ошкор қилмаган бўламан. Ҳатто сўнгги пайтларда ҳукумат қарорлари умумхалқ муҳокамасига қўйиш учун порталларга рус тилида жойлаштириладиган бўлди. Балки ҳужжатларни тез қабул қилиш эҳтиёжи юзасидан уларни таржима қилишга вақт қолмаётгандир, лекин қонун талабларини бажаришга бу баҳона бўлиши керак эмас-ку. Шу тариқа халқ ҳаётига дахлдор ҳар бир ҳужжатни халқ назаридан ўтказиб олишдай олижаноб мақсад обрўсизланиб қолмаяптими?
Тан олиш керак, чорак асрда йиғилиб қолган муаммоларни бир зарб билан, боз устига, “ҳеч кимнинг бурнини қонатмас”дан ҳал этиш ўта оғир масала, бироқ бу қонун талабларини бузишга сабаб бўлмаслиги керак.
Давлат тили тўғрисидаги қонунда давлат идоралари билан фуқаролар ўртасидаги ҳужжатлар қайси тилда расмийлаштириши ҳақида ҳеч қандай гап йўқ, аммо 12-моддада, “Ўзбекистон Республикасида нотариал ҳаракатлар давлат тилида амалга оширилади. Фуқароларнинг талабига кўра расмийлаштирилган ҳужжат матни нотариус ёки нотариал ҳаракатни бажараётган шахс томонидан рус тилида ёки имконият бўлган тақдирда — бошқа мақбул тилда берилади”, дейилади.
Мисол тариқасида ҳар биримизнинг кунда-кун ора ишимиз тушадиган банклардаги ҳужжатлар айланмасини олиб қарайлик, банк билан мижоз ўртасидаги у ёки бу хизмат тури кўрсатишга оид шартномаларнинг деярли барчаси русча, ўзбекчасини талаб қилиб ҳам олиб бўлмайди. Савол туғилади: нима, шу икки қоғоз нарсани ўзбекчага таржима қилиш шунчалик қийинми?
Йўқ, қийин эмас, фақат қунт йўқ, қонун ижросини талаб қиладиган идора йўқ, одам йўқ.
Энди 20-моддага мурожаат қиламиз: “Лавҳалар, эълонлар, нархномалар ва бошқа кўргазмали ҳамда оғзаки ахборот матнлари давлат тилида расмийлаштирилади ва эълон қилинади ҳамда бошқа тилларда таржимаси берилиши мумкин”.
Қонунни ўқишни шу ерда тўхтатиб, кўчага чиқиб, атрофга разм солинса, одам қайси мамлакатда яшаётганига ҳам ҳайрон бўлиб қолади: пешлавҳалар, реклама матнлари рус тилида, ташкилотлар номлари эса бўлар-бўлмасга инглиз тилида ёзиб ташланган. “Ай лав”ларни айтмаса ҳам бўлади.
Хизмат тақозосига кўра, чет мамлакатларга тез-тиз чиқишга тўғри келади. У ерларда фақат зарурат юзасидан аэропортлар, меҳмонхоналар ва саёҳат қадамжоларидаги ёзувлар ўша мамлакат тилида, кейин инглиз тилида берилади. Ҳар бир халқ ўз мамлакатида она тилини бошқаларникидан устун қўяди ва бунга ҳаққи бор, қолаверса, бу ҳеч кимни камситмайди. Бизнинг ҳам тилимизга муносабатимиз шундай бўлиши шарт.
Олдимизда тил билан боғлиқ яна бир жуда оғир муаммони ҳал қилиш вазифаси турибди. У ҳам бўлса, лотин алифбосига узил-кесил ўтишдир. Айни масала бўйича ўтган йили қўзғалган қизғин баҳслар иккала алифбо тарафдорлари ҳам исталганча топилишини ва унга қонун йўли билан нуқта қўйилмаса, тортишувлар узоқ давом этишини кўрсатди.
1993 йил 2 сентябрда қабул қилинган ва 1995 йил май ойига келиб Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси қарори билан ўзгартиришлар киритилган “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида”ги қонуннинг 2-моддасида “янги алифбога босқичма-босқич ўтилиб, бу иш 2010 йилнинг 1 сентябрига қадар тўлиқ тугалланиши” кераклиги белгилаб қўйилган эди.
Тузатиш киритилган сана ҳисобга олинса, орадан 24 йил вақт ўтди. Аммо негадир “2010 йилнинг келиши” ҳамон қийин бўляпти.
Шу кунларда Ўзбекистон атрофида бўлаётган жуғрофий-сиёсий ўзгаришларни, уни турли минтақавий тузилмаларга тортиш билан боғлиқ мислсиз босимларни ҳисобга олсак, алифбо муаммосини ҳал этиш сандиқнинг энг тагига ташлаб қўйилишига оид хавотирлар ҳам йўқ эмас.
Бироқ 2018 йил 15 майда бош вазир ва президент маслаҳатчиси “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини кенг жорий этиш ва янада такомиллаштириш бўйича ҳаракатлар режаси” тасдиқлангани, 22 октябрда эса Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида «Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини кенг жорий этиш ва такомиллаштириш муаммолари»га бағишланган илмий-амалий конференция ўтказилиб, унда иш гуруҳи такомиллаштирилган алифбо лойиҳасини ишлаб чиққани маълум қилингани, қолаверса, ушбу масала энг катта идораларда ҳам муҳокама қилинаётгани жиддий силжишлар бўлишига умид уйғотади.
Вақт ўтар, янги таҳрирдаги давлат тили тўғрисидаги қонун ҳам, лотин алифбосининг мақбуллаштирилган янги варианти ҳам қабул қилинар. Лекин уларга ҳам муносабатимиз амалдаги тил ва алифбо ҳақидаги ҳужжатларга ўхшаб, сансалор ҳолатда қоладиган бўлса, бирор нарса ўзгариши даргумон.
Бундан сансалорлик қандай оқибатларга олиб келганини кўриш учун бир республика ташкилоти матбуот хизмати раҳбарининг қуйидаги аламли шикоятини хулоса ўрнида келтириш жоиз деб биламан:
‒ Ака, мен мактабда ҳам, олий ўқув юртида ҳам лотин алифбосида ўқиганман, лекин кейинги пайтларда ҳамма ёзув-чизувлар фақат кирилл алифбосида олиб борилаётгани учун ёзганларимда айрим имло хатолар ўтиб кетаётган экан. Саводсизсан, дейишяпти. Лекин мен мактабда ҳам, университетда ҳам, яхши ўқиганман. Айбим нима?
Афсуски, айбсиз айбдор бўлаётганлар фақат журналист укамиз эмас.