Яқин даврга қадар, Марказий Осиё давлатлари орасида минтақавий ҳамкорлик масаласи бир қатор босқичлардан ўтиб, кўп ҳаракатларни талаб қилганди. Ўтган чорак асрда бир қатор ташаббуслар олға сурилган бўлса-да, бу мамлакатлар ўртасидаги алоқаларни мувофиқлаштиришга қаратилган аниқ бир тузилма йўқ эди. Бироқ, кейинги икки йил ичида, минтақадаги давлатлар орасидаги муносабатлар сезиларли даражада ўсди. Чегараларни делимитация қилиш ва сувдан фойдаланиш билан боғлиқ бўлган тортишувлар ҳал қилинди. 2018 йилнинг март ойида Марказий Осиё раҳбарлари Ўзбекистон президентининг ташаббуси ва Қозоғистон президентининг таклифи билан Остона шаҳрида йиғилишди.

Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорликни қайта тикланишига учта асосий омил туртки бўлди. Биринчидан, минтақадаги Осиё ва Европани бир-бирига боғлайдиган савдо алоқалари учун имкониятлар мавжудлиги ҳақиқатга айланмоқда. Буни тўлиқ амалга ошириш минтақадаги давлатлардан иқтисодий ва божхона сиёсатлари бўйича ўзаро алоқаларни ривожлантиришни талаб қиларди. Иккинчидан, юқори товар нархлари бир неча йиллик қаноатланишни яратди, аммо бу 2014 йил охирида нефть нархи тушиши билан ўзгарганди.

2015 йилдан бошлаб, Қозоғистонда жиддий сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар бошланди. 2016 йилга келиб, Ўзбекистон ҳукумати ўзгаришидан кейин, президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан давлат институтларини тубдан ислоҳотлаш бошланди. Минтақанинг қудратли давлатлари бўлган бу икки мамлакатдаги ислоҳотлар янги, юқори даражадаги минтақавий ҳамкорликни талаб қилди. Бу иқтисодий модернизация ва ривожланиш учун зарур эди. Учинчидан, Афғонистоннинг роли 1990 йилларга нисбатан ўзгарган эди. Аввал у фақат хавфли манба сифатида кўрилган бўлса, бугунда марказий осиёликлар Афғонистоннинг жанубга боғланиш учун муҳим мамлакат эканлигини англаб, бу давлат муаммоларини ҳал этишда фаол иштирок этишмоқда.

Марказий осиёликлар ўзларининг эҳтиёжларига мос келадиган ҳамкорлик тузилмаларини лойиҳалаштиришда, 1990 йиллар охирида эришилган ютуқларга таянишлари мумкин. Бироқ, минтақавий ҳамкорликдаги бошқа глобал ҳаракатларнинг умумий кўриниши ҳам ибратлидир. Бундай ташаббуслардан иккитаси ASEAN ва Nordic Council (Нордик Кенгаш) Марказий Осиё учун хусусий аҳамиятга эга. ASEAN Жанубий Шарқий Осиёдаги жиддий геосиёсий кескинлик даврида пайдо бўлди. 1970 йиллар бошидан ASEAN минтақадаги давлатлар орасида бирликни таъминлаш учун механизм ишлаб чиқиб, чет эл кучларига алоҳида эмас, балки бирликда, минтақа сифатида ёндашишга ёрдам берди. Бундан ташқари, ASEAN энергия соҳасини иқтисодий ривожланишга қаратиб, Жануби-Шарқий Осиёни жаҳон иқтисодиётига олиб чиқишга ёрдам берди.

Nordic Council ASEANга нисбатан анча чекланган мақсадларга эга, лекин бу ҳам муҳим роль ўйнайди. Чунки бу минтақадаги давлатларни интеграцияга турлича ёндашуви бўлишига қарамасдан, муваффақиятга эришиш мумкинлигини кўрсатади.

Visegrád Group (Висеград гуруҳи) 1991 йилдаги Чехословакия, Венгрия ва Польша раҳбарлари иштирокидаги саммитда юзага келганди. Тарихан маданий анъаналар ва ўзаро яқинлик ўхшашликларга асосланиб тузилган бу гуруҳ ASEAN ва Нордик Кенгашига нисбатан институцион тизимга эга эмас, балки турли даражадаги такрорий учрашувлардан ташкил топган эди. Гуруҳга аъзо давлатлар бир қатор масалаларни, шу жумладан, мудофаа ва хавфсизлик соҳаларида яқинроқ ҳамкорликни амалга оширишган. Visegrád Group давлатлари 2016 йилдан буён Европа Иттифоқини Battlegroup (Ҳарбий Гуруҳ) билан таъминлаб келмоқда.

Марказий Осиё нуқтаи назаридан Visegrád модели муайян ўзига хос афзалликларга эга. Минтақадаги ҳамкорлик аллақачон Visegrád модели йўналишидан олға силжимоқда. Аммо Visegrád моделини минтақада минимал деб аташ мумкин. Бу Марказий Осиё Ҳамкорлик Ташкилоти (CACO) бекор қилингандан сўнг заифлашган минтақавий ҳамкорликни яхшиланишига олиб келади. Дарҳақиқат, Марказий Осиё бир неча жиҳатларда Visegrád гуруҳи форматидан ўзиб кетди. Сўнгги маълумотларга кўра, марказий осиёликлар Шенгенга ўхшаш “Буюк Ипак Йўли Визаси” ишлаб чиқишга интилишмоқда. Бу визага эга бўлган шахслар минтақадаги барча давлатларга ташриф буюриш имконига эга бўлишади.

Марказий Осиё давлатлари Скандинавия давлатлари каби маданий ва тил борасида ўхшашликларга эга, лекин Европа Иттифоқи ва НАТО каби фарқли ҳамкорлик хусусиятларига эга. Марказий Осиёдаги институционал тузилмаларнинг уйғунлиги ва қатъияти уларнинг самарадорлигини белгилаб беради. Бу баландпарвоз риторика ёки бир маротабалик учрашув ва конференцилардан кўра муҳим ва минтақанинг келажагини белгилаб беради. Шунингдек, ҳамкорликни кучайтириш жараёни тезкорликдан кўра эҳтиёткорлик ва босқичма-босқич ва мослашувчан, ҳамма давлатларни ҳамкорликдан мамнунлигини тўлиқ таъминлайдиган ёндашувга эга бўлиши зарур. Минтақадаги ҳамкорлик ижобий тарихга эга бўлиб, 1990 йиллар охири ва 2000 йиллар бошларида бу жараёнда жиддий ривожланиш ва ўзгаришлар рўй берганди. Ўша пайтдаги ютуқлар Марказий Осиё Ядро Қуролидан Ҳоли Ҳудуд (Central Asia Nuclear Weapon Free Zone) ва Москва биринчи бўлиб қўшилган муваффақиятли ҳамкорлик тузилмаларини ўз ичига олганди. 2000 йиллардаги геосиёсий босим минтақавий ривожланишни вақтинчалик тўхталишига олиб келди. Аммо ўзаро тушуниш ва умид сақланиб қолди ва у бугунги ташаббусларга асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Ҳозирги давр минтақада институционал ҳамкорликни жонлантириш учун қулай шароит яратади. Тарихий тажриба ва бугунги кун сиёсати шуни кўрсатадики, минтақада муваффақиятли ҳамкорлик Марказий Осиё ҳамкорлиги негизи бўлган икки давлат, Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида ижобий ва конструктив алоқаларга таяниб қурилиши лозим. Икки давлат яқинлиги минтақада ва унинг ташқарисида ҳам минтақавий ҳамкорликка ишонч ва ҳурматни таъминлайди.

Президентлар (чапдан ўнга) Имомали Раҳмон, Шавкат Мирзиёев ва Нурсултон Назарбоев (манба: RFE/RL)

Бу икки давлат орасидаги илиқ муносабат, бошқа учта кичикроқ давлат – Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон билан муносабатлар муваффақиятида аҳамиятга эга. Жараёнда бу учта давлат ҳам тўлиқ овозга эга бўлиши ва уларнинг муаммолари инобатга олиниши зарур. Хусусан, Туркманистоннинг минтақавий ҳамкорликка муносабати муҳим, зеро, тарихан у ташаббуслардан ҳоли равишда қолиб келди. Балки, бу минтақадаги ҳамма давлатни ўз ичига олиши учун босқичма-босқич ёндашув, мослашувчанлик ва эҳтиёткорликни талаб қилар.

Афғонистоннинг роли минтақада ҳамкорликни амалга оширишни йўлга қўйиш жараёнининг бошидан аниқ бўлиши лозим. Унинг минтақага қўшилиши бутун минтақавий муносабатлар моҳиятини ижобий равишда ўзгартиради. Бу нафақат минтақада Совет даврида бу давлат ҳақида шаклланган тахминлар доирасидан чиқишга ёрдам беради ва бу давлатнинг ривожига ҳисса қўшади. Ўз навбатида, у ерда тинчликни ва умуман минтақада барқарорликни таъминлашга олиб келади. Афғонистон Марказий Осиё сармоядорлари учун имкониятларни очиб беради ва Совет даврида узоқ муддатга узилган Ҳинд суб-қитъаси билан савдо алоқаларини тиклашда муҳим роль ўйнайди.

Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорлик минтақадаги давлатлар томонидан қурилиши ва шу давлатлар манфаати учун хизмат қилиши зарур. Ҳамкорлик бошқа чет эл давлатларига очиқ бўлмаслиги, ҳатто кузатувчи сифатида ҳам яқин қўшни давлатларни ўз ичига олмаслиги зарур. Озарбайжон, Грузия ва Монголия давлатлари билан ҳамкорлик кўзда тутилиши мумкин. Бу давлатларнинг иқтисоди минтақадаги давлатларнинг иқтисоди билан Шарқий-Ғарбий транспорт коридори туфайли янада яқинлашаётгани сабабли, бу давлатлар билан ҳамкорлик ўринлидир.

Марказий Осиё давлатлари ASEAN тажрибасидан ўрнак олиб, минтақада биродарликни кучайтиришда манфаатдор бўлишлари мумкин. ASEAN минтақадаги йирик кучлар бир-бири билан аҳил эканлиги ва бошқа чет эл кучлари билан ҳамкорлик қилишда бирдамликни афзал кўришини белгилаб берди. ASEAN ҳамкорлиги фақат аъзо мамлакатлари манфаатларига хизмат қилади ва у биронта давлатга қарши йўналтирилмаган. Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев таъкидлаганидек, Марказий Осиё давлатлари чет эл давлатлари аралашувисиз қийинчиликларни биргаликда енгиб ўтишга қодир.

Хулоса ўрнида, минтақавий ҳамкорликка оид ASEAN, Nordic Council ва Visegrád гуруҳи каби ташкилотларнинг таҳлили шуни кўрсатадики, минтақавий ҳамкорликда институтлар жуда муҳим аҳамиятга эга. Самарали ва доимий институционал тузилмаларсиз ҳамкорликни амалга оширишнинг имкони бўлмайди. Марказий Осиёдаги институционал тузилмаларнинг уйғунлиги ва талабчанлиги уларнинг самарадорлигини таъминлайди.


Мақола Сванте Корнелл ва Фредерик Старр муаллифлиги остидаги “Modernization and Regional Cooperation in Central Asia: A New Spring?” (Марказий Осиёда Модернизация ва Минтақавий Ҳамкорлик: Янги Баҳор?) номли илмий парча асосида тайёрланди.

Сванте Корнелл (Svante E. Cornell) олим, Марказий Осиё-Кавказ Институти (Central Asia-Caucasus Institute) ва Silk Road Studies Program Joint Center директори ҳисобланади. Бундан ташқари, Хавфсизлик ва Ривожланиш Сиёсати институти асосчиларидан биридир.

Фредерик Старр (S. Frederick Starr) олим, Марказий Осиё-Кавказ Институти (Central Asia-Caucasus Institute) ва Silk Road Studies Program Joint Center асосчисидир. У – “Lost Enlightenment: Central Asia’s Golden Age from the Arab Conquest to Tamerlane” номли китобнинг муаллифи.

Total
7
Shares

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*
*