Ўзбекистон қандай қилиб янги минтақавий сиёсатни амалга оширмоқда?

Ўзбекистонда юритилаётган жадал сиёсат, ташқи сиёсатдаги янгиликлар ва эришилган келишувлар шароитида халқаро муносабатлар соҳаси бўйича ўзбек мутахассиси Бахтиёр Мустафоев Марказий Осиёдаги ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари ҳақида ўз қарашлари билан ўртоқлашади, Тошкентнинг бутун минтақага ўзгариш киритиш салоҳиятига эга бўлган ташаббуслари ҳамда шериклар билан тузилган сўнгги келишувлар натижалари тўғрисида сўзлаб беради.

Бахтиёр Мустафоев – Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар маркази раҳбари, халқаро муносабатлар магистри. Мутахассис Марказий Осиё минтақаси, Афғонистонни тартибга солиш муаммоларини тадқиқ этади.

БМТ да Ўзбекистоннинг қўшни мамлакатларга нисбатан янгича бўлган очиқ ва яхши қўшничилик сиёсати ижобий баҳоланди. Ҳатто минтақавий баҳсларни ҳал этишда Ўзбекистон тажрибасидан фойдаланиш таклифи ҳам билдирилди. Бу борада қандай сезиларли натижаларни айтиб бера оласиз?

Ўзбекистоннинг янги минтақавий сиёсатига бўлган бундай баҳо Ўзбекистон Республикасининг Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида юритаётган тинчликсевар ва дўстона ташқи сиёсати БМТнинг асосий мақсадлари ва вазифалари билан ҳамоҳанглиги билан белгиланади. Ўзбекистон қуйидаги тамойилларга асосланган ҳолда изчил ташқи сиёсатни юритмоқда: а) ҳамкорлик қилишда мафкуравий қарашлардан қатъи назар очиқлик; б) тенг ҳуқуқлилик ва ўзаро манфаат, суверенитет, ҳудудий яхлитлик, чегаларар даҳлсизлигини ҳурмат қилиш; в) давлатларнинг ички сиёсатига аралашмаслик, мунозараларни тинч йўл билан ҳал этиш, куч ёки таҳдид кучларини қўлламаслик; г) ҳарбий-сиёсий блокларда иштирок этмаслик, ўз ҳудудида хорижий ҳарбий базаларнинг жойлашувига йўл қўймаслик, хорижий операцияларда иштирок этмаслик.

Жорий йилнинг январь ойида қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг янги Мудофаа доктринасида айнан мазкур тамойиллар мустаҳкамлаб қўйилган. Ушбу тамойиллар, шунингдек, янгиланаётган Миллий хавфсизлик Концепцияси ва Ўзбекистон Ташқи сиёсий фаолияти Концепцияси лойиҳаларида ҳам белгилаб ўтилган.

Шавкат Мирзиёев ҳали ўзининг сайловолди дастурида Марказий Осиё Ўзбекистон Республикаси ташқи сиёсатидаги асосий устувор йўналиш эканини маълум қилган эди. Ўзбекистон яқин қўшниларига нисбатан очиқ, хайрихоҳ ва дўстона сиёсатнинг қатъий тарафдорилигича қолади. Ушбу фикр, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ҳам мустаҳкамланган.

Хорижий экспертларнинг таъкидлашича, Ўзбекистон Республикасининг прагматик ва конструктив сиёсати самарасида минтақада жуда қисқа вақт ичида янгича сиёсий реаллик шаклланди. Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги давлатлараро муносабатлар манфаатларни ўзаро ҳисобга олиш ва ҳурмат қилиш, икки томонлама очиқлик ва сиёсий ишонч сингари хусусиятлар билан сифатлана бошлади.

Ўзбекистон ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида давлат чегараларини делимитация ва демаркация қилиш масалалари бўйича улкан келишувларга эришилди. 2016 йилнинг августидан 2018 йил июль ойига қадар Ўзбекистон ҳукумати делегацияси қўшни мамлакатлар билан жами 63, жумладан Қозоғистон билан 17, Қирғизистон билан 27, Тожикистон билан 9, Туркманистон билан 9 ва Афғонистон билан 1 учрашув ўтказди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёевнинг 2017 йил 5-6 сентябрь кунлари Бишкек шаҳрига уюштирган давлат ташрифи давомида “Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги давлат чегаралари тўғрисидаги шартнома” имзоланиши чегарани делимитация ва демаркация қилиш, чегараолди муаммоларини ҳал этишда муҳим аҳамият касб этди. Шартнома доирасида чегаранинг 80 фоиздан зиёд қисми белгиланди.

Бундан ташқари, 2017 йилнинг ноябрь ойида Ўзбекистон, Қозоғистон ва Туркманистон томонидан Давлат чегараларининг туташган нуқтаси ҳудуди ҳақида шартнома имзоланди. Ушбу шартноманинг имзоланиши Қозоғистон, Туркманистон ва Ўзбекистон ўртасидаги давлат чегарасини халқаро-ҳуқуқий расмийлаштиришнинг босқичларидан бирини тўла якунлаш имконини беради ҳамда уч мамлакат ўртасида ўзаро ҳурмат, суверен тенглик ва ҳудудий яхлитликни мустаҳкамлашда мустаҳкам асос яратади.

Жорий йилнинг март ойида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Душанбега уюштирган ташрифи доирасида “Ўзбекистон-Тожикистон давлат чегарасининг айрим участкалари ҳақидаги шартнома” имзоланди. Мазкур ҳужжат томонларга чегараларнинг илгари делимитация қилинмаган 99,9% участкалари бўйича келишиб олишлари имконини берди. Буларнинг барчаси икки томонлама мунозарали масалаларнинг ҳал этилишигина эмас, бутун минтақа кун тартибидан жиддий низонинг олиб ташланиши ва сиёсий ишонч даражасининг ошишидир.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, нафақат чегараолди муаммоларнинг ҳал этилиши, балки, минтақавий ҳамкорликнинг савдо, транспорт, энергетика ва хавфсизлик соҳалари фаоллашуви ҳам халқаро ҳамжамиятнинг юксак эътиборига сазовор бўлмоқда.

2017 йил май ойида Ўзбекистон Қозоғистон Республикасининг Қўстанай шаҳрида «Ravon» русумли автомобилларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйди. Жорий йилнинг июль ойида Ўзбекистоннинг “Крантас групп” масъулияти чекланган жамияти ва Тожикистоннинг “Талко” алюминий компанияси билан ҳамкорликда махсус техника ишлаб чиқарадиган «Талко-Крантас» заводи ташкил этилди. Қўшма корхонада автокранлар, трактор тиркамалари, ярим тиркамалар ва бошқа турдаги махсус техникалар ишлаб чиқарилади.

Жорий йилнинг октябрь ойида Душанбе шаҳрида илк маротаба Ўзбекистон, Тожикистон ва Жанубий Корея тадбиркорларининг бизнес-форуми ўтказилди. Унда Ўзбекистон, Тожикистон ва Жанубий Корея ўртасидаги савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни янги босқичга кўтариш масалалари муҳокама қилинди. Тадбирда, шунингдек, ушбу мамлакатлар ҳудудларида хорижий капитал иштирокида инвестициявий лойиҳаларни амалга оширишнинг истиқболли йўналишлари юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Қирғизистонда Ўзбекистоннинг “Ўзавтосаноат” акциядорлик жамияти қишлоқ хўжалиги техникаси, автомобиллари, “Самавто” автобуслари, “Artel” бренди остидаги кир ювиш машиналарини йиғишни ташкил этиш тўғрисида дастлабки келишувга эришилди. 2017 йилнинг декабрь ойида Қирғизистон Республикаси Президенти С. Жээнбековнинг Ўзбекистонга ташрифи якуни бўйича шартнома имзоланди. Унга кўра, Ўзбекистон Қирғизистон молиявий муассасаларига молия-кредит муассасалари линияси бўйича 100 млн АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратади. Қирғизистон бизнесменлари бу маблағга Ўзбекистондан товарлар, хомашё ва бошқа компонентларни харид қилишлари мумкин.

Ҳамкорликдаги ишлаб чиқариш соҳалари ва маҳсулотлар турини кенгайтириш келгусида Марказий Осиё мамлакатлари миллий иқтисодиётини ўстиришда янги локомотивга айланиши шубҳасиз.

Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида трансчегаравий дарё ресурсларидан минтақавий фойдаланиш соҳасидаги ҳамкорлик ривожланмоқда. Жорий йилнинг август ойида Тожикистон Республикаси президентининг Тошкентга уюштирган ташрифи якунида Зарафшон дарёсида 320 мВт қувватли иккита ГЭС қуриш бўйича келишувга эришилди. Бу трансчегаравий сув ресурсларидан фойдаланиш бўйича минтақавий ҳамкорликда муҳим қадамлардан бири бўлди.

Ўзбекистоннинг минтақада ягона энергетика тизимини тиклашга доир сайъ-ҳаракатлари ва интилишлари ҳам эътиборга сазовор бўлмоқда. Бу Марказий Осиё мамлакатларига умумий қувватлардан фойдаланиш ва электр етишмовчилигидан қийналмаслик имконини беради. Бугунги кунда Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг энергия тизими халқа режимида ишламоқда, энергия 500 кВ ва 220 кВ да узатилмоқда. Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон энергия тизимида бир хил ишлайдиган участкалар бор. Бугунги кунда энергетика халқасини кенгайтириш ва кучайтириш чоралари кўрилмоқда. Хусусан, шу йилнинг ноябрь ойида Осиё тараққиёт банки ана шу мақсадлар учун 35 млн. АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратди.

Ўзбекистон шунингдек, қўшни давлатларга электр энергиясини етказиб беришга оид минтақавий лойиҳаларни ҳам қўллаб-қувватламоқда. Шу йилнинг ноябрь ойи охирида Женева шаҳрида бўлиб ўтган Афғонистон бўйича халқаро анжуман доирасида Ўзбекистон ташқи ишлар вазири А. Комилов Ўзбекистон CASA-1000 лойиҳасининг бир қисми бўлиши мумкин бўлган «Сурхон – Пули Хумри» янги электр узатиш линиясини қураётганини маълум қилди. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги раҳбарининг сўзларига кўра, бу Ўзбекистоннинг Афғонистонга электр етказиб беришини 70% га – йилига 6 миллиард киловатт-соатгача ошириш имконини беради. Линия Қобулни Марказий Осиёнинг ягона электр тизимига улайди, бундан ташқари у CASA-1000 лойиҳасининг таркибий қисмига айланиши ҳам мумкин.

Экстремистик ва террорчилик тузилмаларига ҳамкорликда қарши курашиш бўйича ҳам келишувларга эришилди. Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон ўртасида 2018-2019 йилларда Комплекс тадбирлар режалари имзоланди. Жорий йилнинг июль ойидан сентябрь ойига қадар Ўзбекистон Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистон билан ҳамкорликда антитеррорчилик машғулотларини ўтказди.

Ўзбекистоннинг сўнгги икки йил ичидаги ташқи сиёсати ҳақиқатан ҳам ҳайратланарлидир: Тошкентнинг кўп сонли ташаббуслари ва инвестициялар пакети. Марказий Осиё ҳақида гапирадиган бўлсак, Ўзбекистоннинг қайси ташаббуслари муваффақиятли амалга оширилиши ва бутун минтақага таъсир кўрсатиши мумкин?

Аввал айтиб ўтганимдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарор ривожланишни таъминлаш масалалари мамлакатнинг ташқи сиёсатида янгича жадаллик касб этди. Мамлакат раҳбари 2017 йил сентябрда БМТ Бош Ассамблеясининг 72-й сессиясида минтақада хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш бўйича Марказий Осиё мамлакатларининг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш борасида қуйидаги муҳим ташаббусларни таклиф қилди:

1) Мунтазам равишда Марказий Осиё давлат раҳбарларининг маслаҳат учрашувларини ўтказиш. Мазкур ташаббус минтақадаги барча давлатлар томонидан қўллаб-қувватланди ва шу йилнинг март ойида Остона шаҳрида Марказий Осиё давлат раҳбарларининг илк маслаҳат учрашуви бўлиб ўтди. Умумминтақавий муаммоларни ҳамкорликда ҳал этиш чораларини қидиришга бўлган бугунги эҳтиёж шароитида мунтазам фаолият юритадиган майдончанинг ташкил этилиши минтақавий ҳамкорликнинг долзарб масалаларини муҳокама қилиш ва улар бўйича ўзаро мақбул ечимлар ишлаб чиқиш имконини беради.

2) БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенцияни ишлаб чиқиш ҳамда БМТ Бош Ассамблеясининг “Маърифат ва диний бағрикенглик” деб номланган махсус резолюциясини қабул қилиш. Таҳлиллар шуни кўрсатдики, халқаро терроризм ва экстремизм илдизини бошқа омиллар билан бирга жаҳолат ва муросасизлик ташкил этади. Шу муносабат билан одамлар, биринчи навбатда, ёшларнинг онгу тафаккурини маърифат асосида шакллантириш ҳамда бутун жаҳон жамоатчилигига Ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини етказиш энг муҳим вазифадир. Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси ШҲТга аъзо мамлакатлар томонидан қўллаб-қувватланди. Жорий йилнинг июнь ойида ШҲТ давлат раҳбарларининг Ёшларга қўшма мурожаати ва уни амалга ошириш бўйича Ҳаракатлар дастурининг қабул қилингани бунинг яққол далилидир.

Шунингдек, Шавкат Мирзиёевнинг Самарқанд шаҳрида БМТ шафелигида Марказий Осиё бўйича халқаро конференция (2017 йил ноябрь) доирасида киритган минтақавий ҳамкорлик тенденциялари ва яхши қўшничилик муносабатларини кучайтиришга йўналтирилган ташаббуслари ҳам эътиборга лойиқдир.

Бугунги кунда ҳар қандай ҳудуднинг хавфсизлик муаммосини унинг иқтисодий ривожланиш масаласидан айро ҳолда кўриб чиқиб бўлмайди. Савдо-иқтисодий алоқаларни янада чуқурлаштириш, товар айланмасини ўстириш ва кооперацияни мустаҳкамлаш учун қулай шароитлар яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти Минтақавий иқтисодий форумни ташкил этиш ҳамда Марказий Осиё давлатларининг ҳудудлари раҳбарлари бизнес ҳамжамиятининг ассоциациясини таъсис этишни таклиф этди. Бу борада шуни таъкидлаш керакки, Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида Чегараолди ҳудудлар кенгаши ташкил этилди ва муваффақиятли фаолият юритмоқда. Хусусан, жорий йилнинг март ойида Фарғона шаҳрида Ўзбекистон ва Қирғизистон чегараолди вилоятлари ҳокимлари (ҳукуматнинг ваколатли вакиллари) кенгашининг илк йиғилиши бўлиб ўтди. Кенгаш чегараолди вилоятлар ўртасидаги икки томонлама алоқаларни мунтазам мониторинг ва таҳлил қилади ҳамда ҳамкорликни чуқурлаштиришга йўналтирилган таклифлар ишлаб чиқади.

Ўзбекистоннинг Марказий Осиёни янада ривржлантиришга ижобий таъсир кўрсатадиган истиқболли ташаббусларига келадиган бўлсак, транзит-логистика салоҳиятидан янада самарали фойдаланиш, минтақадаги ички туризмни ривожлантириш ҳамда диний экстремизм ва терроризмга қарши курашда саъй-ҳаракатларни бирлаштиришни таъкидлашни истардим.

Биринчидан, минтақа транспорт инфратузилмасининг жадал ривожланишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Самарқанд шаҳрида Марказий Осиё бўйича халқаро конференция доирасида Транспорт коммуникацияларини ривожлантириш бўйича умумминтақавий дастурни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш ташаббуси киритилди. Марказий Осиё мамлакатларининг ушбу масала бўйича умумий ёндашувларини келишиб олиш мақсадида шу йилнинг 20 сентябрь куни Тошкент шаҳрида “Марказий Осиё халқаро транспорт йўлаклари тизимида:стратегик истиқболлар ва фойдаланилмаган имкониятлар”мавзуида халқаро конференция бўлиб ўтди. Тадбирда таъкидланганидек, мавжуд муаммолар Марказий Осиё мамлакатларининг экспорт маҳсулотларининг рақобатбардошлигини камайтирибгина қолмасдан, минтақанинг транзит салоҳиятига салбий таъсир этмоқда ҳам. Хусусан, бугунги кунда (65%) автомобиль йўлларининг эскиргани, транспорт логистикасига бўлган катта ҳаражатлар (маҳсулот қийматининг 70-80% гача) ҳамда божхона-тартиб-таомилларининг мукаммал эмаслиги оқибатида юк ташувчилар товарларни етказиб беришга кетадиган вақтнинг 40 фоизгача бўлган қисмини беҳуда йўқотмоқда ва бу Евроосиё мамлакатлари билан бўладиган савдо ҳажмининг ошишига тўсқинлик қилмоқда.

Иккинчидан, Остона шаҳрида бўлиб ўтган Марказий Осиё давлат раҳбарларининг биринчи маслаҳат учрашувида Ўзбекистон Республикаси Президенти минтақада ички туризмни ривожлантириш ва қўшма сайёҳлик маҳсулотларини ташқи бозорларга олиб чиқиш ташаббуси билан чиқди. Марказий Осиё ноёб сайёҳлик ресурслари ва сайёҳлик тармоғини ривожлантиришда улкан салоҳиятга эгалигига қарамасдан, минтақа мамлакатлари ЯИМ да туризмнинг улуши 5,5% ни, ўртача кўрсатгич бўйича 10,4% ташкил этмоқда, холос,

Бу борада шуни таъкидлаш керакки, жорий йилнинг 16 ноябрь куни Ўзбекистон ва Қозоғистон Ипак йўли мамлакатларининг виза тартибини ўзаро тан олиш ҳақида шартнома имзолади, бу аралаш туризм (битта тур доирасида турли давлатлар ва шаҳарларга саёҳат қилиш)нинг бошланишидир. Келгусида ўзаро виза алмашинувига Ипак йўлининг бошқа мамлакатлари – Қирғизистон ва Тожикистон ҳам қўшилиши мумкин. Ҳозирги кунда аралаш туризм учун дунё минтақаларининг миллий иқтисодиётини ривожлантириш омили сифатида зарур шароитлар яратиш мақсадида махсус меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган ва тегишли тузилмалар ташкил этилган.

Масалан, ОТҲ (Осиё ва Тинч океани Ҳудуди) (Австралия, Канада, Индонезия, Япония, Жанубий Корея Республикаси, Малайзия, Таиланд, АҚШ ва бошқалар) да “Туризм хартияси” қабул қилинган ва ОТҲ шаҳарлари туризмини ривожлантириш ташкилоти тузилган, Кариб ҳавзасида (Мексика, Колумбия, Куба, Ямайка ва б.ш.) – Кариб сайёҳлик ташкилоти ва «Кариб жамиятининг стратегик режаси», Меконг дарёси ҳавзасида (ХХР (Хитой Халқ Республикаси), Лаос, Мьянма, Таиланд, Камбоджа, Вьетнам) – Туризмни ривожлантириш стратегияси ва Мувофиқлаштириш сайёҳлик бюроси ташкил этилган.

Учинчидан, давлатимиз раҳбари маслаҳат учрашувидаги чиқишида диний экстремизм ва терроризмга қарши кураш ҳамда Афғонистонни тартибга солиш масалалари бўйича умумий ёндашувлар ва позицияларни ишлаб чиқиш мақсадида барча саъй-ҳаракатларни имкон қадар бирлаштириш зарурлигини маълум қилди. Экстремистик мафкурага қарши ҳаракат қилиш муҳим вазифа ҳисобланади. Шу боис Ўзбекистонда Имом Бухорий номидаги халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ислом цивилизацияси маркази ҳамда Ўзбекистон халқаро ислом академияси ташкил этилди.

Афғонистонни тартибга солиш муаммоси Марказий Осиёда хавфсизликни таъминлаш борасидаги долзарб масалалардан бири бўлиб қолади. Афғонистон муаммоси ҳозирги босқичда мураккаблигича қолмоқда. Шанхай Ҳамкорлик ташкилотининг Минтақавий антитеррорчилик тузилмасидан олинган маълумотларга кўра, Сурия ва Ироқдан Афғонистонга қайтаётган жангарилар сони ошмоқда. Ҳозирги кунда 5 минг нафаргача бўлган жангари Афғонистон Ислом Республикасига йўлга отланган бўлиб, уларнинг 750 нафари Марказий Осиёлик бўлган собиқ жангарилардир. Марказий Осиё мамлакатлари Афғонистондаги вазиятни тартибга солиш, Афғонистон жамиятини қўллаб-қувватлаш ва мамлакат иқтисодиётини қайта тиклаш бўйича катта тажрибага эгадирлар ҳамда бу борада ўз ҳиссаларини қўшиб келмоқдалар. Шундай бўлсада, Марказий Осиё мамлакатлари сиёсатининг Афғонистон йўналиши бўйича самарадорлиги ва таъсирчанлигини ошириш мақсадида Афғонистонда ҳамкорликдаги инфратузилма ва иқтисодий лойиҳаларни амалга оширишда ҳамда мазкур мамлакатдан чиқаётган чақириқ ва таҳдидларни бартараф этишда бўлинмас хавфсизлик тамойили асосида минтақа давлатларининг сайъ-ҳаракатларини имкон қадар бирлаштириши зарур.

Юқорида санаб ўтилган барча ташаббусларнинг амалга оширилиши минтақага хорижий сармоядорлар қизиқишини оширишга хизмат қилиши шубҳасиз. Хусусан, 2017 йил бошидан то ҳозирги кунга қадар Ўзбекистон ва хорижий мамлакатлар ўртасида қарийб 100 млрд АҚШ долларига тенг 300 дан ортиқ келишув ва шартнома имзоланган.

– Россия билан муносабатлар ҳамда Марказий Осиёда илк АЭС нинг қурилиши ҳақидаги фикрларингиз. Айрим мутахассислар буни қуриш имконсиз бўлган обрўли лойиҳа деб ҳисоблашмоқда. Сиз бу ҳақда нима деб ўйлайсиз?

Россия Ўзбекистоннинг стратегик шериги ҳисобланади. Ҳозирги кунда Ўзбекистон иқтисодиётидаги Россия инвестицияси 8,5 млрд АҚШ долларидан зиёд. Бундан ташқари, жорий йилнинг ўзида иқтисодчиларнинг фикрича, икки мамлакат ўртасидаги товар айланмаси ҳажми 6 млрд АҚШ долларига етади. Бу рақам илгари белгиланагн режалардан кўпдир. Томонлар яқин йилларда бу кўрсатгични 10 млрд АҚШ долларига етказиш вазифасини ўз олдиларига мақсад қилиб қўйганлар.

АЭС лойиҳаси ҳар бири 1200 МВт қувватгача бўлган иккита энергоблоклар қурилишини назарда тутади. «3+» авлодидаги энергоблоклар Атом энергияси бўйича Халқаро агентликнинг хавфсизлик, жумладан замонавий технологияларнинг юксак даражада ишончлилиги бўйича талабларига тўлиқ жавоб беради.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Раҳбариятининг АЭС ни қуриш тўғрисидаги қарори маълум сиёсий мақсадларни кўзламаган, аксинча мамлакатнинг электр энергиясига бўлган эҳтиёжлари билан изоҳланади.

Биринчидан, прогнозларга кўра, 2030  йилга бориб, республикада электр энергиясига бўлган талаб ҳозирги кўрсаткичга нисбатан 2 баравар ўсади ва 105 млрд. квт-соатдан ошади, ўз навбатида амалдаги энергия қуватлари ўсиб бораётган эҳтиёжни таъминлаш учун етарли бўлмай қолади.

Иккинчидан, сўнгги пайтларда Ўзбекистонда кенг кўламли иқтисодий ислоҳотлар амалга оширилмоқда, модернизациялаш жараёни эса, энергия истеъмолининг ошиши билан чамбарчас боғлиқдир.

Учинчидан, АЭС қурилиши мамлакат энергетика хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилади. Гап авваломбор, табиий газ қарамлигининг камайиши ҳақида боряпти. Бугунги кунда ишлаб чиқарилаёган элект энергияси кўпроқ газ улушига тўғри келмоқда (70% – газ ҳисобига, 14% – ГЭС ёрдамида, 13% – кўмир ҳисобига, 3% – нефть ҳисобига). Бўшатилган табиий газ ресурсларини (ҳар йили қарийб 4 млрд АҚШ долллари) экспортга, жумладан қўшни мамлакатларга ҳам йўналтириш мумкин бўлади. Бундан ташқари, шуни ҳам таъкидлаш керакки, АЭС қурилиши якунланганидан сўнг ишлаб чиқарилаётган энергиянинг 15% , газнинг –54%, ГЭС – 14%, кўмирнинг – 11%, нефтнинг – 3%, қайта тикланувчи манбаларнинг – 3 %  режалаштирилаётган атом электр станцияси қурилиши ҳиссасига тўғри келади.

Тўртинчидан, нарх омили ҳам истеъмолчилар ва иқтисодда муҳим аҳамият касб этади. АЭС да ишлаб чиқариладиган электр энергияси углеводород хомашёсида ишлаб чиқарилаётган электр энергиясидан анча арзонроқдир. Дунё тажрибаси шуни кўрсатдики, атом электр энергиясидаги киловатт таннархида ураннинг улуши 4-5 %дан ошмайди (табиий газда бу кўрсаткич 60-70%), бу эса хомашё нархларининг ушбу маҳсулот қийматига бўлган таъсир қилиш даражасини имкон қадар камайтиради ва аҳоли ва корхоналар учун тарифларни узоқ муддатгача прогноз қилиш имконини беради.

Ўзбекистонда АЭС қурилиши бўйича скептик фикрларга келадиган бўлсак, шуни таъкидлашни истардимки, Россия Марказий Осиёда барқарорлик ва мустакҳам тараққиётни таъминлашда доимо муҳим ва конструктив роль ўйнайди. Бугунги кунда РФ минтақа ҳудудларига иқтисодиётдан тортиб, хавфсизликни таъминлашгача бўлган деярли барча соҳалар бўйича кўмаклашиб келмоқда. Масалан, сўнгги 25 йил ичида Марказий Осиёда Россия инвестицияларининг ҳажми 20 млрд АҚШ долларини ташкил этди. Россия минтақанинг ривожланишидан манфаатдор. Барқарор ва фаровон Марказий Осиё Россиянинг миллий манфаатларига жавоб беради. Бундан ташқари, бугунги кунда «Росатом» корпорацияси хорижий лойиҳалар сони ва кўлами бўйича дунёда биринчи ўринни эгаллайди – корпорация томонидан дунёнинг 12 мамлакатида 34 та энергоблоклар барпо этилган. Яъни, Ўзбекистонда АЭС нинг қурилиши ҳақиқатан ҳам обрўли лойиҳа ҳисобланади ҳамда Ўзбекистон – Россия муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва чуқурлаштиришга хизмат қилади.

ОАВда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги рақобат ҳақидаги баҳслар фаоллашиб қолди. Бу борада Сизнинг фикрингиз қандай? Бунинг учун реал асослар борми, олдиндан башорат қилиш мумкинми? Агар шундай бўладиган бўлса, рақобат қайси соҳаларда кучаяди?

Ҳақиқатан ҳам Ўзбекистоннинг минтақавий ҳамкорлиги фаоллашганидан сўнг ОАВда деярли ҳар куни Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги рақобатга доир турли фикрларни учратяпмиз. Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги рақобат омили шахсий геосиёсий мақсадларини амалга ошириш учун ташқи ўйинчилар томонидан қилинган дейилса, ҳақиқатга яқинроқ бўларди. Минтақа мамлакатлари сиёсий ва иқтисодий тараққиёт бўйича ҳар хил даражага эга эканини ҳеч ким инкор эта олмайди, бироқ бу кўпроқ Марказий Осиё мамлакатлари мустақилликка эришганидан сўнг ривожланишнинг турли андазалари ва траекторияларини олганлари билан белгиланади. Шу боис, Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги рақобат асоссиздир.

Биринчидан, Марказий Осиёнинг ҳар бир мамлакати ўзига хослик ва устунликка эга бўлиб, усиз бу ҳудудни ягона ва яхлит деб тасаввур этиб бўлмайди. Масалан, Қозоғистон ва Туркманистон углеводород ресурсларига бой, қулай транспорт-коммуникация имкониятларига эга мамлакатлардандир. Қирғизистон ва Тожикистон кучли гидроэнергетик салоҳиятга эга.

Иккинчидан, мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро боғлиқлик географик жойлашув, иқтисодий ўзига хосликлар ва маданий-тарихий мерос билан белгиланади.

Учинчидан, минтақавий ҳамкорликни фаоллаштиришнинг зарурлигини тушуниш ҳамда Марказий Осиё мамлакатларининг шахсий тараққиёт минтақавий даражадаги сиёсий, иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорликка боғлиқлиги тўғрисида тўплаган 25-йиллик тажрибаси. Шу боис ҳам минтақа мамлакатлари рақобатчи сифатида эмас, бир-бирини тўлдирувчи шериклар сифатида чиқиши, авваламбор, ҳозирги кунда Марказий Осиё давлатлари ўртасида кузатилаётган дўстлик, ишонч ва ўзаро ҳурмат муҳитини мустаҳкамлаши лозим.

Тўртинчидан, Марказий Осиёнинг ҳар бир мамлакати минтақада хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, тинч ривожланишни мустаҳкамлаш бўйича масъулдир ва бу борада ўзининг муносиб ҳиссасини қўшади.

Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги ҳамкорлик масаласига келадиган бўлсак, республикалар ўртасида турли соҳалар бўйича икки томонлама хусусиятга эга бўлган қарийб 200 ҳужжат имзоланган. Ўзбекистон Республикаси ва Қозоғистон Республикаси ўртасидаги Абадий дўстлик шартномаси (1998 й.) ва Стратегик шерикларик тўғрисидаги шартнома (2013 й.) улардан энг асосийларидир. 2017 йил март ойида Президент Ш. Мирзиёевнинг Қозоғистонга уюштирган давлат ташрифи икки давлат муносабатларида янги саҳифани очди. Олий даражадаги учрашувлар мунтазамлик касб этди (сўнгги икк йил ичида Ш Мирзиёев ва Н. Назарбоев турли тардбирларда 10 маротабадан ортиқ учрашишди). Таҳлиллар Ўзбекистон-Қозоғистон ҳамкорлиги тобора кенгайиб бораётганини кўрсатди. Мамлакатлар ўртасидаги товар айланмаси ҳажми жорий йилнинг учинчи чорагига кўра, 2 млрд АҚШ долларидан ошди ва бу кўрсатгич йил охирига қадар 3 млрд АҚШ долларга етиши кутилмоқда.

Жорий йилнинг март ойида Остона шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги икки томонлама ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг 17-мажлисида томонлар 2020 йилда товар айланмасини 5 млрд АҚШ долларигача оширишни таъминлаш мақсадида келгуси чора-тадбирларни қабул қилишга келишиб олдилар.

Шунингдек, чегараолди ҳамкорлиги бўйича халқаро марказ ва чегараолди ҳудудларида транспорт-логистика марказини қуриш имкониятлари тўғрисида ҳам келишувга эришилди. Ўзбекистон транспорт-логистика имкониятларида қўллаш учун Қозоғистоннинг логистика компанияларини жалб қилиш юзасидан музокаралар олиб борилмоқда, бу Қозоғистон ташқи савдо юкларининг жанубий йўналишдаги мамлакатларидаги истиқболли бозорларга чиқиши ва Ўзбекистон орқали транзит ташувлар ҳажмини оширишига ёрдам беради.

Республикалар ўртасида банк соҳаси бўйича ҳам ҳамкорлик муҳим аҳамиятга эга. Жорий йилнинг июль ойида Ўзбекистон Марказий банки ва Қозоғистон Миллий банки ўртасида банк назорати соҳаси бўйича ҳамкорлик тўғрисида келишув имзоланди. Мазкур ҳужжат икки мамлакат ҳамкорлиги тарихида илк маротаба Қозоғистон банкларининг Ўзбекистон Республикаси бозорига чиқиши учун ҳуқуқий асос яратди.

Ўзбекистоннинг Қозоғистон билан ҳамкорлигининг фаоллашуви Остона томонидан ҳам қўллаб-қувватланмоқда. Хусусан, Қозоғистон Республикаси Президенти Н.Назарбоев «Astana Club» нинг IV-йиғилишида шундай деди: “Ўзбекистонда жуда катта ижобий ўзгаришлар юз бермоқда. Афсуски ўтган йиллар давомида иқтисодиётимизда ўзаро муносабатлар ҳажми 5 фоиздан ошмаган эди. Биз кўп вақт йўқотдик. Чегаралар очиқ, божхона макони умумий бўлди. Мен Ўзбекистон келажагига оптимистик руҳ билан қараяпман. У ерда кўп нарса ўзгарди, иқтисодиёт ҳам, сиёсат ҳам анча либераллашди. Бироқ ҳамма ўзгаришлар тез бўлмайди. Ҳозир Президент жаноб Шавкат Мирзиёев тўғри йўлда ва муносабатларни ҳам тўғри қурмоқда, деб ўйлайман”.

Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги муносабатларга рақобатдан кўра, стратегик шериклик деб баҳо бериш мумкин.


Total
8
Shares

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*
*