Отабек Акромов билан xалқаро муносабатлар ва Ўзбекистоннинг янги сиёсати ҳақида суҳбат

Отабек Акромов – ЖИДУнинг 5-курс талабаси. Тошкентда истиқомат қилувчи ёш мутахассис халқаро муносабатлар ва Ўзбекистон сиёсатига қизиқади. 2018 йилнинг бошида Отабек ўзининг биринчи китобини ҳам омма эътиборига тақдим этди.  UzAnalytics билан суҳбатда у халқаро муносабатлар, Мирзиёев “модели”, мамлакат имиджи масаласи ва ОАВ ҳақида фикрларини билдирди.

“Халқаро муносабатлар” талабаси сифатида, халқаро сиёсатга жуда қизиқасиз. Бу йил “Янги халқаро тартиб ўрнатишда Путиннинг Россияси” номли китобингиз нашр этилди. Россиянинг сўнгги ташқи сиёсати ҳақидаги фикрларингиз билан ўртоқлашсангиз.

Агар сиз Путиннинг дунё тартиби борасидаги нутқларини, жумладан, Мюнхендаги нутқини, бошқариб бўлмайдиган тартибсизликни келтириб чиқарувчи Американинг бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашуви ҳамда халқаро ҳуқуқ ва нормаларга риоя қилмаслиги борасида ташвишланганлигини ифодаловчи мазмунини таҳлил қилсангиз, бундай халқаро тартиб Россияни қониқтирмайди деган хулоса чиқаришингиз мумкин. Ростдан ҳам, Яқин Шарқда содир бўлаётган воқеаларга қаранг. Аввалига, АҚШ Саддам Ҳусайнни, кейинчалик Муаммар Қаддафийни йўқотиб юборди. Минтақада “Араб баҳори” бўрони тарқалиб, унинг мантиқий натижаси Сурияда эди, бу ерда эса Россиянинг реакциясини амалда кўрдик. Бугунги кунда Россия халқаро тизимда пайдо бўлган тартибсизликни ёқламаётган бирдан-бир куч сифатида АҚШга қарши тура оладиган ягона давлатдир. Шунинг учун Россиянинг Суриядаги иштироки бу минтақага тартибсизлик олиб келаётган АҚШнинг ўзбошимчалик ва бир томонлама давлатларнинг ички ишларига аралашишига нисбатан норозилигининг ифодасидир. Москва эса ўйин қоидаларига амал қилиниши ва ҳурмат қилинишини талаб қилмоқда. Ҳа, сиз буни Россиянинг айнан бу даврдаги миллий манфаати дейишингиз мумкин, бироқ, Москва ўрнатмоқчи бўлган тартиб нафақат унинг ўзи учун, балки бутун халқаро тизим учун фойдалидир. Мен, тизимнинг шаклланишида суперкучнинг (superpower) ролини кенг маънода ўрганадиган “Халқаро муносабатлар”нинг Инглиз Мактаби (English School) тамойилларига асосланиб, шундай хулосага келдим. Ушбу назарияни нафақат Россиянинг ташқи сиёсатини, балки бутун бир халқаро тизимни тушуниш учун жуда ҳам муҳим деб ҳисоблайман[1].

Россиянинг ушбу ташқи сиёсатида Ўзбекистон ёки Марказий Осиё учун бирон бир таҳдидлар мавжудми?

Таҳдидлар ҳар доим мавжуд бўлади. Минтақадаги барча давлатларнинг мудофаа учун катта миқдорда пул сарфлагани бежиз эмас. Хусусан, Украинадаги Москва ҳаракати ва Қримнинг Россия Федерацияси таркибига ўтиши Собиқ совет давлатларини, жумладан, Марказий Осиё мамлакатларини ҳам ташвишга солаётганини унутмаслик керак. Бироқ, менингча, буни Россия ва Украина можароси нуқтаи назаридан кўриб чиқиш нотўғри бўлар эди. Бу жараёнларга Россия-Америка муносабатларининг инқирози томонидан кўпроқ кўриб чиқиш тўғри бўлади. Маълумки, Украина Америка ва Ғарб учун бир «қизил чизиқ» бўлган эди, аммо улар ушбу чегарани кесиб ўтдилар. Натижада, Қрим Россиянинг бир қисмига айланиб қолди.

Ўзбекистон сиёсатини Россия билан биргаликда тузадими? Евроосиё иқтисодий иттифоқига ёки Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотига (КХШТ) аъзо бўлиши керакми?

Ўзбекистон Россия билан доимо сиёсат тузарди. Албатта, рус-ўзбек муносабатлари тарихида қийинчиликлар ҳам бўлган. Оммавий ахборот воситалари ва аналитик доираларда Ўзбекистон Россиядан узоқлашганлиги ва АҚШ томон йўл олиши ҳақида ҳам ёзилган эди, аммо бу юзаки таҳлил бўлган. Очиқчаси, Марказий Осиё АҚШ учун устувор минтақа бўлгани йўқ ва унинг ягона мақсади янги давлатларнинг суверенитетини қувватлаб, Россияни заифлаштириш эди. Марказий Осиё мамлакатлари эса иқтисодий ёрдамга муҳтож эдилар. Географияни ҳисобга олган ҳолда, Россия бизнинг ташқи сиёсатимизда доимо устувор йўналиш бўлаверади. Биз КХШТга аъзо бўлмасак ҳам, Россия билан иттифоқдошмиз.

КХШТга аъзо бўлиш масаласига келсак, мен яқин келажакда Ўзбекистоннинг позициясида ўзгаришлар бўлмайди, деб ўйлайман. Шавкат Мирзиёев келганидан буён икки йил ўтди ва ўша пайтдан бери мамлакатимизнинг 2012 йилда тасдиқланган ташқи сиёсат концепцияси ҳеч ўзгармади. Унинг асосий маъноси Ўзбекистоннинг ҳеч қандай блокларга кўшилмаслигини акс эттириш, КХШТ эса ҳарбий блокдир.

Мен Евроосиё иқтисодий иттифоқи доирасида ҳеч қандай истиқболни кўрмаяпман. Биринчи навбатда ушбу иқтисодий платформада тенглик тушунчаси йўқдир. Россия ва Белоруссия, Қозоғистон ва Қирғизистон ўртасида маҳсулот ва одамлар ҳаракати эркинлиги тўғрисида бир неча келишмовчиликлар ҳам мавжуд эди. Россиянинг Олий Иқтисодиёт мактабида Россия ва Хитой муносабатларига бағишланган конференцияда Сергей Караганов, Фёдор Лукьянов ва Дмитрий Суслов каби машҳур рус халқаро муносабатлар олимларидан Евроосиё иқтисодий иттифоқининг ва Хитойнинг “Бир белбоғ, бир йўл” ғояси бир бирига тўғри келиши иқтисодий манфаатлари учун эмас, фақатгина “Америка таҳдидига” қаршилиги учун самарали бўлишини эшитдим. Шунинг учун Евроосиё иқтисодий иттифоқини иқтисодий лойиҳа эмас, уни кўпроқ сиёсий ташкилот деб аташ мумкин.

Ички сиёсатимиз ҳақида гапирсак. Бир йил аввал “International Policy Digest” учун Мирзиёев модели ҳақида ёзган мақолангизда янги ҳукуматнинг коррупцияга қарши кураш, ҳукуматни тартибга солиш, иқтисодий эркинлаштириш ва Ўзбекистоннинг обрўсини оширишга қаратилган PR кампанияси назарда тутилган эди. Бу жараён қандай давом этмоқда?

Ўзбекистон обрўсини тарғиб қилиш – ушбу “модель”нинг муваффақиятли элементларидан бири. Рухсатингиз билан мана шундан бошласам. Биринчидан, Америка ва Европанинг таҳлилий доираларида президентимизга уни ислоҳотчи дея атаб илтифот кўрсатишмоқда. Яқинда Марказий Осиё ва Кавказ институти Ш.Мирзиёев ташаббуси билан регионализм йўналишидаги ютуқлар ва янги ислоҳотлар белгилаб берилган “Ўзбекистоннинг янги юзи” (Uzbekistan’s New Face) номли китобини тақдим этди. Иккинчидан, президентимизнинг Вашингтонга қилган сўнгги ташрифи нафақат иқтисодий ва бошқа прагматик мақсадлар нуқтаи назаридан, балки Ўзбекистон обрўсини тарғиб қилиш нуқтаи назаридан ҳам кўриб чиқилиши керак. Чунки Овал офисга унинг эгасининг шахсий таклифи билан ташриф буюриш ҳамма давлат раҳбарларининг ҳам қўлидан келавермайди. Учинчидан, хорижий сармоядорларнинг Ўзбекистонга бўлган қизиқиши ортиб бормоқда. Мисол учун, яқинда ЖИДУга McLarty Associates (АҚШ консалтинг компанияси)нинг Евросиё бўйича мутахассиси Клейр Кайсер (Claire Kaiser) ташриф буюрди. Унинг бозорни ўрганиш мақсадида Тошкентда бўлиши; АҚШ Савдо вазири Вилбур Росс (Wilbur Ross)нинг Тошкентга ташрифи АҚШнинг Ўзбекистонга нисбатан иқтисодий манфаатдорлигидан далолат беради.

Ш. Мирзиёевнинг коррупцияга қарши сиёсатига келсак, бу борада аниқ чора-тадбирлар амалга оширилди. Сўнгги пайтларда ҳоким ва ўринбосарларининг мансабдан порахўрлик учун четлатилишининг тез-тез рўй бераётгани, бир томондан, антикоррупция ҳаракатларни олиб боришда давлат фаоллигининг ифодаси ҳисобланади. Масалан, шу йилнинг сентябрь ойида Юнусобод тумани ҳокими Бахтиёр Абдусаматов пора олаётган пайтида ҳибсга олинган. Яна бошқа томондан, президентимиз ўз нутқларида коррупцияни қаттиқ танқид қилиши ва ҳатто, қамоқ жазоси таҳдид солишини эслатиб, жуда тез-тез мурожаат қилишига, шунингдек, Мирзиёев ҳокимият тепасида бўлган даври мобайнида ўнлаб ҳукумат амалдорларини жазолашига қарамай, ҳокимлар ва уларнинг ўринбосарлари бундан ҳеч қандай хулоса қилишмаяпти. Менингча, муаммо давлат ходимларини моддий рағбатлантиришда бўлса керак. Масалан, Сингапурнинг асосчиси Ли Куан Ю коррупцияга қарши сиёсатида нафақат коррупцион жиноятларга қарши жиддий курашган, балки давлат хизматчиларини юқори иш ҳақи (давлат бюджетининг 35 фоизи давлат хизматчиларининг ойлик маошларига ажратилган) тўлаш орқали рағбатлантирган. Натижада у нафақат коррупция муаммосини бартараф қилган, балки истеъдодли мутахассисларни хусусий сектордан давлат секторига жалб қила олган.

Ушбу «модель»нинг энг кучли ва энг заиф томонлари нимада? «Ҳукуматдаги дисфункция»ни йўқ қилиш қандай бораяпти ва бунда асосий аҳамиятни нимага кўпроқ қаратиш керак?

Ушбу модельнинг энг кучли ва энг муваффақиятли томони, барибир, ташқи сиёсатдаги ютуқдадир. Ўзбекистон сўнгги 25 йил мобайнида кескин вазиятда бўлган қўшнилар билан муносабатлар борасида ажойиб иш олиб борди. Ш. Мирзиёев келиши билан яхши қўшничилик алоқалари ўрнатилди. Таҳлилий доираларда, ҳатто минтақавий интеграция имкониятлари ҳақида гапиришни бошлашди.

«Модель»нинг заиф томони – бу халқнинг давлат ҳақида нотўғри тасаввуридир. «Зиёлилар» доирасида «портал» деб аталувчи президентнинг виртуал қабулхонасининг пайдо бўлиши одамлар учун гўё мўъжиза бўлди. Чунки йиллар мобайнида одамларда ҳал қилинмаган муаммолар тўпланиб қолган эди ва улар ҳеч кимга мурожаат қила олишмасди, аниқроғи ҳеч ким уларни тингламас эди. Ушбу платформа пайдо бўлганидан сўнг, президент порталига кўплаб мурожаатлар кела бошлади, ҳукумат бошқа вакилларининг виртуал қабулхоналари эса фуқароларимиз назаридан қисман четда қолди. Одамларнинг фикрига кўра, президентга мурожаат қилиш анча самаралироқ эди. Аслида, президентга юборилган кўпгина сўровлар ва саволлар нафақат кўриб чиқилган, балки зудлик билан ҳал қилинган. Бир томондан, бу президентнинг обрўсига ижобий таъсир кўрсатди, натижада халқнинг ишончини қозонди, бироқ бошқа томондан халқнинг кўзида президент давлат номидан – «орзуларни рўёбга чиқарувчи»га айланди. Мисол учун, яқинда мен телевидениеда тушунтириш дастурига дуч келдим. У ерда виртуал қабулхона орқали мурожаат қилиш – бу муаммонинг зудлик билан ҳал қилиниши дегани эмас, балки бу сизнинг тегишли ҳокимият идорасига мурожаат қилишингизда навбатларда узоқ қолиб кетмаслик ва узоқ (масофа)дан мурожаат этишингиз учун қулайлик яратишни назарда тутади.

Ш. Мирзиёев учун энг қийин вазифа – бу ҳукуматдаги дисфункцияни бартараф этиш бўлиб қолди. Биз тинимсиз лавозимдан олиш ва лавозимга тайинлаш ҳақида тез-тез янгиликлар эшитамиз, бу эса юқори малакали кадрлар етишмаслигидан далолат беради. Бу муаммони ҳал қилиш учун Вашингтонга давлат ташрифи давомида Ш.Мирзиёев шахсан АҚШда истиқомат қилаётган ишбилармон фуқароларимизни йиғиб, уларни ўз ватанига қайтиш ва мамлакатимиз тараққиётига ҳисса қўшишга чақирди. Унинг чақириғига ижобий жавоб берганлар ҳам бор эди, лекин, умуман олганда, бу ҳаракатлар натижасиз қолди. Бу ердаги муаммо яна ўша молиявий рағбатлaнтиришдадир: давлат ҳозирги пайтда уларнинг мезбон мамлакатдаги юқори лавозимларни эгаллаган ёки йирик бизнесни бошқаришда давом этаётгандагидай ҳаёт даражасини таъминлашга ва уларниг моддий эҳтиёжларини қондиришга ҳали тайёр эмас. Бироқ, «Буюк Келажак» Экспертлар Кенгашининг ташкил этилиши бу борадаги ижобий қадам бўлди, чунки бу платформанинг аъзолари амалда бўлмасада, лекин ўзларининг инновацион ғоялари билан давлатга ёрдам беришга ҳаракат қилмоқдалар.

Ёш мутахассисларни вазирлар ўринбосарлари сифатида тайинланишларига келсак, улар президентнинг юксак умидларини оқламадилар. Масалан, яқинда халқ таълимининг биринчи энг ёш вазир ўринбосари Алишер Саъдуллаев лавозимидан олиб ташланди, унинг тажрибасизлиги сабаби шунда эдики, у “оқим бўйлаб” сузди. Бироқ, Ўзбекистон эски авлод сиёсатчиларидан уни ажратиб турган ягона нарса – бу PR (Public Relations) тадбирларидир. У ўз атрофида болалар уйлари, мактаблар ва ҳоказоларда турли учрашувлар ўтказиб, у ерда тушган ўз фотосуратларини Фейсбукка жойлаштиришдан иборат бўлган ёш фаолларни тўплади. Ёш вазир ўринбосарининг фаолияти эса фақатгина мана шулар билан чекланиб қолди, ваҳоланки вазир ўринбосари идоранинг стратегиясини белгилашга ҳисса қўшадиган фундаментал ишлар билан машғул бўлиши керак.

Юқорида келтирилган диаспора масаласига келсак, бу нафақат чет элда яшаётган диаспорамизни жалб қилиш, балки “мия оқими”нинг олдини олишдир. ЖИДУ мисолидаги кўплаб талабаларимиз бугунги кунга қадар ўқишни битиргандан сўнг Ташқи ишлар вазирлиги, Ташқи савдо вазирлиги, Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ) ва бошқа давлат органларида ишлашни истамас эдилар. Сабаби ойига атиги 1 200 000 сўмлик маошга яшаш имконсиз эди. Бироқ, юқорида эслатиб ўтилган ташкилотлар билан селектор учрашувда президент уларга иш ҳақи миқдорини ошириш вазифасини юклади. Натижада, СМТИда дастлабки иш ҳақи мукофот пулларидан ташқари 3 500 000 сўмгача ошди ва бошқа вазирликларда эса бошланғич иш ҳақи 2 000 000 сўмни ташкил қилади. Талабаларда, тўғрисини айтсам, давлат идораларида ишлашга бўлган қизиқиш уйғонди – ҳеч бўлмаганда “туннель охирида” нур кўринди.

Ўзбекистондаги оммавий ахборот воситалари ва таҳлилчиларнинг ҳозирги ҳолати қандай? Вазиятни яхшилаш учун нима ишлар қилинмоқда?

Сўз эркинлигини таъминлаш – оммавий ахборот воситаларининг ривожланиши ва таҳлил қилувчи мутахассисларни тайёрлаш борасидаги биринчи ва энг муҳим қадамдир. Ўзбекистоннинг ОАВлари тўртинчи ҳокимят бўлиши ҳақида гапириш ҳали эрта, аммо мамлакатдаги сўнгги тенденциялар анча яхши. ОАВлар анча жасоратли бўлишди ва энг муҳими шундаки, давлат уларнинг фикрларини ҳисобга ола бошлади. Эътибор беринг, “ариқдаги сувда турган олтита одам”нинг мунозарали фотосурати онлайн жойлаштирилгандан сўнг, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва истеъмол товарлари бўйича бош вазир ўринбосари Зойир Мирзаев ўз лавозимидан четлатилди. Биз аста-cекин “Давлат сиёсатига аралашма” каби стереотип тушунчалардан узоқлашмоқдамиз. ОAB давлат сиёсатининг ҳам ижобий ва ҳам салбий жиҳатларини қамраб олади. Бироқ, ҳозирги пайтда кўпгина журналистларимиз маълумотларнинг таҳлили билан эмас, балки фақат воқеа-ҳодисаларни ёритиш билан шуғулланишади. Журналистлар, кўпчилик нотўғри тушунганидек, фақат маълум воқеаларни ёритиш билан шуғулланмай, балки ўзлари орқали маълумотни ўтказиб беришлари ва муаммоларнинг асл манбаларини одамларга етказишлари керак. Шу билан бирга, Никита Макаренко ва Юлий Юсупов каби таҳлилий журналистларнинг борлигини ва ҳисса қўшишини таъкидламаслик адолатданмас. Аммо шуни унутмангки, OAB ва таҳлилчилар даражаси истеъмолчиларга кўпроқ боғлиқдир.

Антропология, дин ва мафкура каби мавзуларга қизиқиш билдирганингизни эслатиб ўтгансиз. Сўнгги пайтларда Ўзбекистондаги мафкуравий мунозарада силжиш ёки ўзгаришлар бўлдими?

Дунёвий давлатнинг мафкураси йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас, бироқ давлат сиёсатининг йўлдош фалсафаси мавжуд. Менингча, бундай фалсафани бугунги президент маъмурияти ҳали ривожлантириш жараёнида. Аммо уни аввалги президентнинг фалсафаси билан таққосласак, бу соҳада туб ўзгаришларни кўришимиз мумкин. Масалан, биринчи президент даврида амалга оширилган барча ислоҳотлар “Ким эдигу, ким бўлдик” шиори остида ўтказилган эди. Бу эса “ҳозирда ривожланаётган Ўзбекистон”ни “СССР давридаги ривожланиш даражаси бўйича 15та мамлакатнинг қарийб энг охирги ўринларидан жой олган Ўзбекистон” билан таққослашни англатарди.

“Биз ҳозир СССР даврида яшаганимиздан кўра яхшироқ яшаяпмиз” сиёсати ҳақиқатни акс эттирар эди, аммо у бизни олдинга боришга қўймай, қўлимиздан ушлаб турган, ўзимизга белгилаб қўйган паст бир планка эди. Бугунги кунда мамлакатдаги мавжуд вазиятни «даҳшатли» совет даври билан таққослашдан четлашдик. Биз ниҳоят ҳақиқатга тик қарашни ва муаммоларни очиқ муҳокама қилишни ўргандик. Агар сиз “Мирзиёевни қандай ғоя илҳомлантиради” деб мендан сўрасангиз, мен, “Сармоя” деб жавоб бераман. У биз аллақачон постиндустриал дунёда яшашимизни ва бизнинг иқтисодий салоҳиятимиз билан жаҳон бозоридаги рақобатни шунчаки эплай олмаслигимизни яхши тушунади. Бу борада, сўз эркинлигини таъминлаш, иқтисодиётни эркинлаштириш, мажбурий ва болалар меҳнатини тўхтатиш, Ўзбекистон ва шахсан Шавкат Мирзиёев имиджини тарғиб қиладиган барча хатти-ҳаракатлар – ташқи сармояларни (айниқса, Ғарбдан келадиган сармояларни) жалб қилиш учун қаратилган.

Жавобларингиз учун раҳмат!


[1] Aлбатта, сиёсий peализм (political realism) мактаби нотўғри деб айтиш хатодир, чунки унинг тамойиллари (миллий манфаатлар, куч мувозанати ва халқаро тизимнинг анархик табиати) ҳалиям долзарблигича қолмоқда. Бироқ, ушбу мактабнинг тарафдорлари таъкидлаганларидек, давлатлар одамлар каби табиатан худбин, бинобарин бир бирига нисбатан қарама-қаршиликдалар. Бу талқин эса нафақат уларнинг бугунги жараёнларни тушунишига тўсқинлик қилмоқда, балки уларнинг нотўғри қарорлар қабул қилишига ҳам туртки бўлмоқда. ИМ ҳақида гапирадиган бўлсак, унда суперкучларнинг миллий манфаатлари халқаро тизимдаги тартибни сақлаш масъулиятини (raison de système) ҳам ўз ичига олади. Бу дегани, баъзан кучли давлатлар, халқаро тизим фойдаси учун ўзларининг миллий манфаатларидан воз кечишади.

Total
131
Shares

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*
*