Тошкентда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти томонидан БМТнинг Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази ҳамкорлигида Марказий Осиё экспертлар форумининг биринчи мажлиси бўлиб ўтди.

Сув энергетика ресурслари, ҳавфсизлик, савдо ва транзит, сайёҳлик ва таълим каби йўналишлар муҳокамаларнинг марказида бўлди. Бу каби муҳокамаларнинг йўлга қўйилганининг ўзи минтақада келажакка жиддий эътибор қарата бошланганини кўрсатмоқда. Авваллари ҳамкорлик йўлидаги бу каби тадбирлар ҳақида ҳеч ким тасаввур ҳам қила олмас эди. Форумдан асл мақсад – 2019 йилда давлат раҳбарларининг учрашуви учун муҳим масалаларни ва ҳужжатларни тайёрлаш ҳамда ечим топмай турган масалаларни охирига етказишдан иборат.

Мажлиснинг Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистондан ташриф буюрган нуфузли иштирокчилари Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги ҳамкорликнинг жорий ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилиш билан бирга, сўнгги икки йил минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш бўйича тарихий ва жадал ўзгаришлар даври бўлгани, Марказий Осиё давлатлари ўртасида сиёсий, иқтисодий, маданий-гуманитар соҳаларда аниқ мақсадли стратегик шериклик муносабатлари қарор топганини таъкидладилар. Жорий йил 15 март куни Остона шаҳрида Марказий Осиё давлат раҳбарларининг биринчи маслаҳат учрашуви юқори савияда ташкил этилгани бунда муҳим аҳамият касб этгани қайд этилди.

Марказий Осиё мамлакатлари барқарор келажак қуришдек муштарак мақсад йўлида дадил интилмоқда, – деди Марказий Осиё экспертлар форумининг биринчи мажлисидаги маърузасида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори Владимир Норов. – Бу борадаги имкониятларни бирлаштириш, тажриба ва фикр алмашиш, ягона ғоя атрофида бирлашиш учун томонларда сиёсий ирода мавжуд. Ўз мамлакатининг сиёсат йўлини, интеграция концепциясини ишлаб чиқишда иштирок этадиган таҳлил марказлари, тадқиқот институтлари вакиллари бугун умумий қизиқишларни рўёбга чиқариш мақсадида жам бўлди. Янги форматдаги учрашув мамлакатларимиз ўртасида доимий сиёсий маслаҳатлашувларни олиб бориш, аниқ стратегияни ишлаб чиқиш ва уни амалга оширишда муҳим ўрин тутишига ишонаман.

Мажлисни ёритиш ишида иштирок этган UzAnalytics.com мухбири иштирокчиларнинг фикрлари билан қизиқди.


Аҳад Ходжаев, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Шарқшунослик институти профессори:

– Марказий Осиё экспертлари олдидаги долзарб масалалар қаторида энг аввало, ҳудуд мамлакатларининг ўзаро якдил бўлиши, иқтисодий алоқалар юқори даражада бўлишини таъминлашимиз лозим. Минтақамиз доим тили, дини, қадриятлари бўйича яхлит ҳудуд ҳисобланган. Давлатларимиз ҳар қандай халқаро ташкилот ва бирлашмаларда аъзо бўлган тақдирларида ҳам бир хил ёки бир-бирига яқин позицияни эгаллашлари ҳам мухим масала. Яширишнинг кераги йўқ, бир қатор ечимини кутаётган муаммолар мавжуд. Транспорт муаммоси – ҳар бир давлатда темир йўллар, автомобиль йўллари, тарнзит йўлларга турлича солиқ ва шарт-шароитлар жорий этилган. Ўзбекистон “Буюк ипак йўли” чорраҳасида жойлашган. Ҳудудимиздан турли йўналишлар бўйича юклар ташилади, демак-ки, транспортлар ўтади. Агар логистикани тўғри йўлга қўйиб, умумий келишувларга эришсак, Марказий Осиё давлатлари учун бу фақат фойда. Тўғри, бу масала қатор нуфузли тадбир ва мажлисларда бир неча марта кун тартибига қўйиб ҳам келинган ва келинмоқда.

Бундан ташқари, табиий бойликлардан, хусусан, сувдан фойдаланиш масаласи. Дейлик, минтақадаги энг катта икки дарё бир нечта давлатлар ҳудудидан оқиб ўтган. Ҳар бир давлат ўз ҳудудида ундан қандай фойдаланишни ҳам келишиб ишлашимиз керак. Негаки, ундан бир давлат фойдаланганда унинг таъсири қўшни давлатда албатта сезилади. Масалан, Тожикистондаги Роғун ГЭС қурилиши ёки Қирғизистон томонидан бўлаётган Сирдарё бўйига электр станциясини қуриш таклифи шулардан гувоҳлик беради. Бундай масалаларда битта давлатнинг эмас, умумҳудуднинг манфаатлари инобатга олиниши керак.

Ўзбекистон мисолида оладиган бўлсак, ҳар бир қўшни давлат билан ҳал қилиш керак бўлган масалалар бор. Дейлик, Қирғизистон билан электр энергияси, Тожикистон билан сув, Қозоғистон билан темир йўл, импорт-экспорт каби масалалар ечимини кутмоқда. Туркманистон билан эса виза режими кун тартибида турибди. Ҳеч бўлмаса, транзит транспорт воситалари эгалари ва сайёҳларга имтиёзли визалар жорий этилишини кўриб чиқиш керак. Аммо ҳозирча туркманистонлик экспертлар бу масалага муносабат билиришмади. Президентлар даражасида эса бу келишувларга эришиш учун дастлабки қадамлар ташланган. Бугунги экспертлар форуми ана шу жараёнларни тезлатишга хизмат қилади.

Қувоничбек Шадибеков, Қирғизистон Республикаси стратегик тадқиқотлар миллий институти директори:

– Давлат раҳбарлари Остона шаҳрида бошлаган мулоқотнинг давоми сифатида бугунги форум катта аҳамиятга эга. Бугун 3 та асосий масалалар кўриб чиқилди. Инфратузилма, стратегик манфаатдорлик ва иқтисодий ҳамкорлик. Масалан, бизнинг экспертларимиз бугун тармоқ сайёҳлик ассоциациясини тузиш таклифини ўртага ташлашди. Агар кўрсаткичларимизни жаҳон андозалари билан солиштирсак фаолиятимиз анча суст. Бундан ташқари, ҳозир рақамли иқтисодиёт турмушимизга шиддат билан кириб келмоқда. Ҳар бир соҳани рақамлашжтириш орқали дунё давлатлари яхши натижаларга эришмоқдалар. Биз ҳам ҳудудий ҳамкорликда логистик марказлар тузиш ва бошқа форматларда харакат қилишимиз керак, деган ғоялар экспертларимиз томонидан олға сурилди.

Худоберди Холиқназар: Тожикистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик тадқиқотлар маркази директори:

– Ҳозир икки мамлакат орасида ҳеч қандай тўсиқлар йўқ. Барча йўналишларда тўсиқларни бартараф этиш учун 54 та битим имзоланиб, кучга кирган. Аммо айрим ечимини топмаган муаммолар ҳам йўқ эмас. Бу виза олиш, бериш тартибини соддалаштириш. Ҳозир виза бир ой муддатга берилмоқда, шу муддатни олиб ташлаб визасиз режимга ўтиш мақсадга мувофиқ ва бунинг учун маълум муддат вақт керак. Аминманки, бу масала вақти келиб ўзининг ижобий ечимини топади. Бошқа йирик муаммоли масалалар йўқ. ўйланг, бир неча йил аввал оддий махсулотини чегарадан олиб ўтган кишилар жиноий жавобгарликка тортилган.

Ҳозир бу қонунийлаштирилиб, ўзиинг ижобий ечимини топган. Ҳудудимиз эркин иқтисодий алоқалар ҳудудига айланди. Масалан икки давлат орасида товар айланмаси 2014 йилда 36 миллион АҚШ долларини ташкил қилган бўлса, 2016 йилга келиб бу рақам 200 миллион долларни ташкил қилди. 2018 йилнинг биринчи ярим йиллигида эса мамлакатларимиз орасида товар айланма савдоси 220 миллион долларга етди. Йил якунида бу рақам 450-500 миллионни ташкил қилиши кутилмоқда. Кўриб турганингиздек, ўсиш суръати жуда юқори.

Бугун Марказий Осиё экспертлари фақат биргаликда ва ҳамжихатликда ечиш мумкин бўлган муаммолари бўйича гаплашиб олгани йиғилдик. Мен ўзим ҳудудга диний экстримизм солаёган ҳавф ҳақида китоб тайёрлаганман. Бугун экспертлар ҳузурида унинг тақдимотини ўтказдим. Китобда ислом дини тарихи, таълимотини яхши билмаган ёшлар диний экстримизм йўлига кириб қолаётгани сабаблари кўрсатиб берилган. Муаммоларнинг ечимини мураккаб эмас, оддий ечимда кўришимиз лозим.

Наталья Герман, БМТ Бош котибининг махсус вакили, Марказий Осиёда превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази раҳбари:

– Таъкидлаш керакки, Марказий Осиё ҳудуди мамлакатларининг ўзаро ҳамкорлиги сўнгги йилларда анча ривожланди. Давлат ва ҳукумат раҳбарлари, ташқи ишлар раҳбарларининг қўшни давлатларга ўзаро ташрифлари фаоллашиб, самарадорлиги ошди. Ушбу ташрифлар давомида узоқ йиллар ўз ечимини кутиб ётган масалалар, жумладан, стратегик шерикчилик бўйича келишувларга эришилди. Бу кўпмиллионли Марказиё Осиё ахолисининг турмуш фаровонлиги ошишига, минтақанинг ҳар томонлама ривожланишига хизмат қилади.

2019 йил март ойида давлат раҳбарлари даражасида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган саммит арафасида, яъни февраль ойида нафақат Марказий Осиё, балки дунёнинг кўплаб мамлакатларидан экспертлар иштирок этиши кутилаётган яна бир форум ташкил этилмоқда. Ушбу форумда давлат раҳбарлари саммити учун кўриб чиқиладиган масалалар тақдим этилади. БМТ, жумладан мен вакил бўлган лойиҳа бу саъй-харакатларни қўллаб-қувватлайди ва минтақанинг барқарорлиги йўлида ҳар томонлама кўмак беради.

Қўшни афғонистон давлатидаги нотинчлик барчамизни ҳушёрликка чорлаб, у ерда тинчлик ўрнатилиши учун ҳамкорликда барча чораларни кўришимиз кераклигини кўрсатмоқда.

Санъат Кушкумбаев, Қозоғистон Президенти ҳузуридаги Стратегик тадқиқотлар институти директорининг ўринбосари:

– Бундай тадбирларда экспертлар вазиятдан бир қадам олдинда юришлари лозим. Яъни, кун тартибидаги масала бўладими, музокаралар пайтида юзага чиққан мавзу бўладими, экспертлар ўз фикрларини айта олишлари ва муаммодан чиқишнинг йўлларини таҳлиллар орқали кўрсата билишлари керак. Қўшни давлатлар орасида ўзаро муҳокама қилинадиган масалалар доимо бўлади. Биз ҳукуматга ана шу муаммоли масалаларни ечишда тўғри йўл кўрсатишимиз ва тўғри таклифларимизни беришимиз шарт. Президентларимизда, ҳукуматларимизда сиёсий иштиёқ кучли. Биз Марказий Осиё масалалари бўйича махсус вакиллар ёки ишчи гуруҳдан иборат мувофиқлаштирувчи орган тузишни таклиф қиламиз.

Муаммоли масалалар миллий манфаатлар ва ҳудудий манфаатлар муштараклигида кўриб чиқилиши лозим. Масалан, Ўзбекистон ва Қозоғистон давлатлари орасида иқтисодиётни синхронлаштириш масаласи долзарб бўлиб турибди. Бизда салоҳият бор, келинглар, ундан самарали ва тўғри фойдаланайлик. Муаммоларнинг яна бир сабаби минтақа мамлакатларининг айримлари ЖСТга аъзо, яна бошқалари ЕАЭСга аъзо. Шунинг учун манфаатлар кесишадиган нуқтани топиб ҳаракат қилсак, тўғри бўлар эди.

Виктор Духовний, Давлатлараро сув хўжалигини мувофиқлаштириш комиссияси илмий-ахборот Маркази директори (Ўзбекистон):

– Минтақа манфаатларини, унинг ривожланишини битта мақсад ва йўналишга бирлаштириш лозим. Украинларда шундай мақол бор: “Агар жамият учун манфаатли бўлса, отани ҳам калтаклаш мумкин”. Давлатларимиз манфаати учун барча имкониятларни ишга солишимиз ва ягона платформани ишлаб чиқишимиз тўғри қарор бўларди. Натижада, унинг асосида бутун минтақа битта мақсад ва йўналиш бўйича ривожланиш самараларига эришади. Турли соҳа – иқтисод, молия, экспорт, савдо, маданият барчасида янги ва самарали йўлларни излаш керак. Форум экспертлари юқори даражадаги қарорларни қабул қилувчиларга тўғри йўл кўрсатиши ва тўғри маслаҳатлар беришлари керак.

Мени сув ресурслари бўйича мутахассис сифатида бир нарса безовта қилади. Олимлар яна 30-40 йилдан сўнг сув заҳиралари 15 фоизга қисқаришини айтиб, бонг уришмоқда. Аҳолиниг ўсишини ҳам ҳисобга оладиган бўлсак, вазият фожеали кўриниш олиши мумкин. Ҳозир бир кишига бир йилда 2200 куб метр сув тўғри келади, мен айтаётган давр келса бу рақам 1500 куб метрни ташкил қилади. Демак, дунё аҳолиси бу сувни тўғри ишлатиш ва тежамкорликка мослашиши лозим. Инсон ва табиат эҳтиёжлари бирга олиб борилса, биз табиатга етказган зиёнларимизнинг ўрни қопланади, табиат ўзини тиклаб олади. Ўзбекистонлик экспертлар таклиф қилган Давлатлараро сувни тежаб сарфлаш Дастурини қабул қилиш яхши самара бериши мумкин.


Экспертлар глобаллашув шароитида минтақада барқарор иқтисодий ўсиш суръатини таъминлашда қўшни Афғонистонда тинчликка эришиш муҳим аҳамиятга эга эканини эътироф этдилар. Шу мақсадда жафокаш афғон халқига барқарорликка эришиш ва эзгу мақсадларга қаратилган ўз иродасини рўёбга чиқариш имконини берувчи сиёсий ва иқтисодий кўмак беришни давом эттириш зарурлиги қайд этилди.

Тадбирда ўрта ва узоқ муддатли минтақавий ҳамкорликда умумий стратегик ёндашувларни ишлаб чиқишнинг мақсадга мувофиқлиги таъкидланди. Томонлар Марказий Осиёда тинчлик ва барқарор ривожланишни таъминлаш соҳасида аниқ вазифаларни белгилаб олиш, уларга эришиш йўлларини қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди.

Марказий Осиё экспертларининг навбатдаги форуми 2019 йилнинг февраль ойида Тошкентда ўтказилиши режалаштирилган. Унга нафақат Марказий Осиё, балки дунёнинг кўплаб мамлакатларидан ҳам экспертлар таклиф этилади.

Total
3
Shares

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*
*