Ўзбекистон Турк кенгашида фаол қатнашишни истайди

2018 йилнинг 3 сентябрь куни Қирғизистоннинг Чўлпон ота шаҳридаги Чингиз Айтматов номидаги «Руҳ Ордо» маданият марказида Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг 6-саммити бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев илк маротаба иштирок этди ва Туркий кенгашга аъзо бўлиш истагини билдирди.

Таниқли олим ва этносиёсий жараёнлар бўйича мутахассис Равшан Назаров Ўзбекистоннинг Туркий кенгашга аъзо бўлиши ва унинг ушбу ташкилотдаги роли хусусида сўзлаб берди.

Равшан Назаров


Равшан Назаров 1966 йил 26 апрелда Фарғона шаҳрида туғилган. 1988 йилда М.В.Ломоносов номидаги МДУ (Москва давлат университети) нинг фалсафа факультетини тугатган. Фалсафа фанлари номзоди (1995 й.), 2006 йилда Джорджия Университети (АҚШ, Джрджия, Афенс)да ҳамда 2007-2008 йилларда Москвадаги МДУ Ахборот-таҳлил марказида тажриба оширган. МДУ ва РДГУ (Россия давлат гуманитар университети)да маърузалар ўқиган. 1988-1993 йилларда ТДТУ (Тошкент давлат техника университети) ва 1993-1999 йилларда ЎзМУ (Ўзбекистон Миллий университети)да дарс берган. 1999-2002 йилларда ЎзР Фанлар Академиясининг фалсафа ва ҳуқуқ институтида меҳнат қилган, 2003 йилдан буён ЎзР Фанлар Академиясининг Тарих институтида “Янги ва энг янги тарих” бўлими мудири ўринбосари сифатида меҳнат қилиб келмоқда. “Қозоғистон халқи Ассамблеясининг ХХ йиллиги” медали соҳиби, Шэньсий университети (Сиань, Хитой)нинг фахрий профессори. Илмий қизиқишлари соҳаси: этносиёсий жараёнлар, этник ва динлараро муносабатлар, Марказий Осиё тарихи, Марказий Осиёдаги халқаро муносабатлар ва хавфсизлик масалалари.

Ўзбекистон Туркий кенгашга интеграциялашмоқда

2009 йил 3 октябрда ташкил этилган Туркий кенгаш турк давлатларини бирлаштирувчи замонавий халқаро ташкилот бўлиб, унинг асосий мақсади – ташкилотга аъзо давлатлар ўртасида ҳар томонлама ҳамкорлик муносабатларини ривожлантиришдир.

Жорий йил Ўзбекистон ушбу Кенгашга қўшилиш истагини маълум қилди. Венгрия Туркий кенгаш кузатувчиси мақомини олди. Қозоғистон Президенти Н.Назарбоев саммитнинг очилиш қисмида «Йиғилишда шундай муҳтарам меҳмонларнинг иштирок этиши Туркий кенгашнинг нечоғлик юксак аҳамият касб этиши ва таъсири кенг эканлигидан далолатдир», деб таъкидлади. Президент «мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик ва қардошлик алоқалари янги сифат босқичига кўтарилишига» ишонч билдирди.

«Мамлакатларимиз долзарб халқаро ва минтақавий масалаларда ўзаро мос ёки яқин қараш ва ёндашувларга амал қилиб келмоқда. Айни вақтда халқларимизнинг ҳаётий манфаатларига тўла жавоб берадиган иқтисодиёт, инвестиция, инновация, транспорт ва коммуникация, туризм, илм-фан ва таълим каби соҳаларда ўзаро ҳамкорлик фаол ривожланмоқда», деди Ўзбекистон Президенти Ш.Мирзиёев.

Шунингдек, мамлакат раҳбари турк халқларини ўхшаш тил, муштарак маънавий қадриятлар ва ҳамкорлик ришталари бир-бирига боғлаб келаётгани, бугунги кунда Кенгашнинг сиёсий кун тартибида ҳеч қандай муаммо ёки келишмовчилик мавжуд эмаслигини қайд этди.

Дарвоқе, Туркий кенгашнинг икки аъзоси: Қозоғистон — 7,4% (3-ўринда) ва Туркия — 5,5% (4-ўринда) Ўзбекистоннинг йирик савдо ҳамкорлари бешталигига киради.

Саммит Туркий тилли давлатлар интеграцияси тўғрисидаги Декларациянинг имзоланиши ҳамда Кенгаш давлатлари раҳбарларининг ёшлар ва миллий спорт турлари бўйича ҳамкорликни ривожлантириш тўғрисидаги қўшма баёноти билан якунланди.

Ислом Каримов Туркий кенгашга нисбатан ҳушёр эди

Бу кўпроқ 2005-2006 йиллардан сўнг Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги муносабатлар билан боғлиқ. Муҳолифат етакчиси ва «Эрк» партияси бошлиғи Муҳаммад Солиҳ ва бошқа муҳолифат кучлар Туркиядан паноҳ топгач, мамлакатлар ўртасидаги муносабатлар совиди. 2006 йилда Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов Анталияда ўтган туркий саммитда иштирок этишни рад этади.

Бундан ташқари, 2005 йилги Андижон воқеаларидан сўнг Ўзбекистон маълум даражадаги халқаро яккаликда эди, туркий тилли мамлакатлар томонидан ҳеч қандай мадад ҳам кутилмасди. Ҳатто Туркия ҳам БМТнинг «ўзбек кучишлатар идоралари томонидан номутаносиб кучнинг қўлланиши»ни қораловчи резолюцияни қўллаб-қувватлаган эди. Бироқ Ислом Каримов Ўзбекистондаги туркларга нисбатан ҳамиша ҳушёр қарар эди. Масалан, мамлакатдаги Фетхуллоҳ Гюленнинг ўқув даргоҳлари 1999 йилдаёқ тақиқланди.

Шавкат Мирзиёев турк олами билан ҳамкорлик тарафдори

Ш.М.Миризиёев эски келишмовчиликларни четга сурган ҳолда, Туркия билан яқин ҳамкорлик қилиш сиёсатини қабул қилди. Минтақадаги муҳим давлат ҳисобланган Ўзбекистон Қирғизистон, Туркманистон ва Тожикистон билан ҳам янги даражадаги ҳамкорлик йўлини тутди.

Тошкент туркий тилли мамлакатлар билан ҳамкорлик қилишни танлаган ҳолда, минтақада тинч яшаш тарафдори. Тошкентнинг туркий тилли давлатлар билан бўладиган алоқаларда қатнашиши – барча томонлар манфаатига хизмат қилади.

Ўз навбатида, Анқара ҳам Марказий Осиёнинг туркий тилли мамлакатларини бирлаштирган ҳолда минтақада чуқур ўрнашиб олиш, ҳудудда беқарорлик кучайган тақдирда, воқеаларда илгарилаб кетиш, ҳодисаларни назорат қилиш ва жараёнларда иштирок этишни мақсад қилган. Озарбайжон сиёсатшуноси И.Велизаде таъкидлаганидек: «Турк саммитининг ўтказилиши нафақат ушбу форматдаги ҳамкорликнинг, айни дамда Ўрта ер денгизидан тортиб, Олтой тоғларигача бўлган улкан ҳудуддаги сиёсий ва иқтисодий жараёнларнинг янги босқичда ривожланиши учун ҳам таянч нуқта бўлади»

Мирзиёев Хива шаҳрини Туркий кенгаш пойтахти сифатида таклиф қилди

Ш.М.Мирзиёев ўз нутқида Туркий давлатлар кенгаши саммитида 10 йил ичида илк маротаба фахрий меҳмон сифатида иштирок этаётганини таъкидлади. «Биз мазкур ташкилотнинг аъзоси бўлишдан хурсандмиз бўламиз ва Хива шаҳрини Туркий кенгашнинг пойтахти сифатида таклиф этамиз», деб қайд этди Президент.

Хива Марказий Осиёдаги қадимий шаҳарлардан бири саналади. 1999 йилда ЮНЕСКО раҳбарлигида шаҳарнинг 2500 йиллиги кенг нишонланди. Хива турк оламининг умумий мероси бўлмиш тарихий-маданий ёдгорликларга бой шаҳар: Ичан-қалъа (Ички шаҳар), Жума масжиди, Куня-Арк қўрғони, Муҳаммад Аминхон мадрасаси, Тош ҳовли, Паҳлавон Маҳмуд мақбараси, миноралар (Калта-Минор, Мурод-Тўра ва б.ш.), Хоразм Маъмун Академияси шулар жумласидандир.

«Кенгашга аъзо мамлакатлар тадбиркорларининг навбатдаги форумини Тошкентда ўтказишни ҳамда Ўзбекистон ҳудудида жойлашган Ислом цивилизациясининг муқаддас жойларига туризм-зиёратини ташкиллаштиришни таклиф этаман», деди Ўзбекистон Президенти.

Туркий кенгаш мамлакатларининг иқтисодий салоҳияти

Туркий кенгаш сиёсий минтақавий бирлашиш учун зарур барча аломатларга, ҳуқуқий мавқе ва маълум ташкилий тузилмага эга бўлиши даргумон. Туркий давлатлар тараққиётнинг турли геосиёсий мақсадларини ёқлайди ва кенг кўламли сиёсий интеграцияни кутмаслик керак. Шу боис, сўнгги саммит ҳам миллий спорт турлари ва ёшлар сиёсатига бағишланди.

Шундай бўлсада, кўплаб экспертлар Туркий кенгашнинг келажакда яхши ишлаши, жумладан иқтсодиёт соҳасида самарали меҳнат қилишига ишонч билдирмоқдалар.

Масалан, Қозоғистон Президенти Н.Назарбоев савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришда «Остона» Халқаро молия марказидан фойдаланишни таклиф этди. Бу ерда молия воситаларини ривожлантириш, капитални бирлаштириш, таниқли сармоядорлар ва молия соҳаси экспертларини жалб қилиш учун етарли шароитлар яратилган.

Туркий тилли мамлакатларнинг иқтисодий салоҳияти алоҳида эътиборга молик. 2017 йилда Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Ўзбекистоннинг жами товар айланмаси ҳажми 146 миллиард АҚШ долларига етган. Туркия билан қўшиб ҳисоблаганда, бу кўрсатгич 536 миллиард АҚШ долларини ташкил этди.

МДҲ давлатларининг 16,1% товар айланмаси ва дунё савдосининг 0,5 фоизи ушбу бешта туркий тилли мамлакатга тўғри келади. Дунё савдосининг 1,4 фоизи олтита (Туркия билан ҳисоблаганда) туркий тилли мамлакатга тўғри келади.

Туркий тилли мамлакатларнинг келгуси иқтисодий ҳамкорлиги декларациянинг амалга оширилишига боғлиқ. Яқинда Каспий мавқеи ҳақида бир тўхтамга келинганидан сўнг энергетика ва транспорт соҳаларида йирик лойиҳаларни амалга ошириш бўйича аниқ чоралар белгиланди.

Туркий мамлакатлар лигасининг истиқболлари

Назарий жиҳатдан бунинг тўла имкони бор, бироқ фаолият фақат маданий йўналишлар билан чекланиб қолади. Туркия Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон ва Туркманистоннинг мустақиллигини тан олган илк мамлакат ҳисобланади. Бунда маданий алоқалар, иқтисодий ҳамкорликни йўлга қўйиш ва ривожлантириш манфаати ҳам муҳим ўрин эгаллагани бор гап. Шунингдек, туркий тилли халқлар ўртасида ўзаро ҳамкорликнинг институционал шаклларини белгилаш масаласи ҳам кун тартибидан ўрин олди.

Туркий тилли давлатлар саммити 1992 йилда буён ўтказиб келинади. 2009 йил 3 октябрда уларнинг 4 таси Нахичеванск битимини имзоламади.

Ташкилотнинг котибияти Истамбулда жойлашган. Бундан ташқари, 1992 йилда Олмаотада Туркий санъат ва тиллар бирлашган маъмурияти, 1993 йилда Халқаро турк санъатлари ташкилоти, 1998 йил Бакуда – Туркий тилли мамлакатлар Парламент Ассамблеяси ташкил этилган.

Барча ташкилотлар Туркий кенгаш раҳбарияти остида жойлашган. 1997 йилда халқаро лойиҳа доирасида бир неча мамлакатларнинг қатор илмий-тадқиқот муассасалари ва давлат идоралари иштирокида «Туркий тил олами» номли китоб нашрдан чиқди.

Туркий тилли мамлакатлар ўртасида парламентлараро муносабатлар механизмини шакллантириш, сиёсий қарашларни яқинлаштириш, маълумот алмашиш, туркий маданиятни тарғиб этиш, иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, турк оламидаги муаммоларни ҳал этиш йўлларини қидириш – Туркий тилли мамлакатлар Парламент Ассамблеясининг вазифалари ҳисобланади.

Яқин вақт ичида Туркманистон Туркий кенгашга қўшилиши мумкин. 2014 йил 24 декабрда Киевнинг Украинадаги Озарбайжонликлар бирлашган диаспораси офисида Туркий кенгашнинг илк минтақавий диаспора ваколатхонаси очилди (бош мувофиқлаштирувчи Х.Джавадов). 2014 йилда Кенгашнинг Бодрумда бўлиб ўтган саммитида Озарбайжон, Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон вакиллари қатнашган эди. Ўшанда Туркманистоннинг кенгашга қўшилиш масаласи эълон қилинганди.

2016 йилда Кенгашга аъзо давлатлар учун ягона сайёҳлик пакетини жорий этиш тўғрисида қарор қабул қилинди. 2017 йилнинг ёзида Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлигида ёзги ўқув курслар ташкил этилди. Турк академияси турк мамлакатларини интеграциялаш йўлларини белгилаш бўйича дастур устида иш олиб бормоқда. Ягона (араб “Ал-жазира” ва Британиянинг “Би-би-си” каналларига ўхшаш) Турк телевидениесини ташкил этиш масаласи бир неча бор муҳокама қилинди.

Ўзбекистоннинг Туркий кенгашдаги роли

Ўзбекистон Президентининг сиёсий иродаси, очиқ ва амалий ташқи сиёсати туфайли Марказий Осиёда ишонч муҳити ўрнатилди, минтақа давлатлари ўртасида дўстона алоқалар мустаҳкамланди. Давлат раҳбарининг Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия, Озарбайжон билан олий даражадаги мулоқот ва учрашувлари самарасида турли соҳалардаги ҳамкорлик янада ривожланди.

Ўзбекистоннинг Туркий кенгашга аъзо давлатлар билан ўзаро савдо айланмаси ҳажми охирги бир йилда 40% дан ошган. Ўзбекистон Президенти бу кўрсатгичлардан анча юқори марраларга эришиш мумкинлигини таъкидлаб, Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши доирасидаги алоқаларни ривожлантиришга доир муҳим йўналишларга тўхталиб ўтди.

Аввало, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтиириш, етакчи саноат корхоналари, банк-молия институтлари ва тадбиркорлик тузилмалари ўртасида кооперация алоқаларини кучайтириш зарурлигини таъкидлади.

Тарнспорт йўналишларининг интеграциялашган тармоғини яратиш, дунё ва минтақадаги асосий бозорларга чиқиш масаласига эътибор қаратилди. Мамлакатларни инновацион асосда ривожлантириш, бу соҳага масъул бўлган идоралар, илмий-тадқиқот марказлари ва венчур компаниялари ўртасида ҳамкорликни кенгайтириш зарурлиги таъкидланди.

Туризмни ривожлантириш бўйича улкан имкониятлар борлиги, маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш халқларимизни янада яқинлаштириши қайд этилди. Шунингдек, тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш, ёш авлодни илм-маърифат асосида тарбиялаш масалига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига аъзо мамлакатлар, аввало, қўшни давлатлар билан ҳамкорликни изчил ривожланаётгани, ушбу халқаро тузилманинг келажагига катта умид ва ишонч билан қарашини таъкидлади.

«Туркий кенгаш доирасида ўзаро самарали ҳамкорликни янада ривожлантиришдан манфаатдормиз. Ҳозирги босқичда унинг фаолиятида мамлакатимиз учун амалий жиҳатдан қизиқиш уйғотадиган йўналишлар бўйича иштирок этишга тайёрмиз», деди Шавкат Мирзиёев.

Масалан, Туркиянинг туризм соҳасидаги улкан тажрибаси Ўзбекистонга (Марказий Осидаги барча давлатларга ҳам) сайёҳлар учун Россиянинг «Олтин узук» лойиҳасига ўхшаш қўшма, жозибадор лойиҳа яратишларига ёрдам бериши мумкин. Бухоро, Самарқанд, Хива, Фарғона водийси шаҳарлари, Иссиқкўл, Олмаотанинг Медео мажмуасисайёҳлик тармоғини янги сифат босқичига олиб чиқиш имконини беради.

Total
9
Shares

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*
*