Ўзбекистоннинг совет даври тарихига оид фундаментал тадқиқот чоп этилди

Ўзбекистон республикаси Фанлар академияси Тарих институти олимлари тайёрлаган «Ўзбекистон тарихи (1917–1991 йиллар)» асари икки томдан иборат. Биринчи китоб 1917–1939 йиллар воқеаларига бағишланган. Иккинчи китоб эса 1939–1991 йиллар воқеаларини ўз ичига олади. Ушбу фундаментал китоб муаллифлар жамоасининг узоқ муддатли изланиши натижаси бўлиб, унда улкан ҳажмдаги тарихий материаллар илк бор илмий муомалага киритилди.

Равшан НАЗАРОВ


Равшан Ринатович НАЗАРОВ – фалсафа фанлари номзоди, ЎзФА Тарих институтининг “Янги ва энг янги тарих” бўлими мудири ўринбосари, “Қозоғистон халқ ассамблеясига ХХ йил” медали совриндори, Шэньсий университетининг фахрий профессори (Сиань, Хитой). Мингдан зиёд мақолалар, жумладан, 2 та муаллифлик монографияси, 10 дан зиёд дарслик ва ўқув қўлланмалари муаллифи, 20 дан ортиқ жамоавий монографияларда ҳаммуаллиф сифатида қатнашган.

UzAnalytics.com мухбири ЎзФА Тарих институтининг “Янги ва энг янги тарих” бўлими мудири ўринбосари Равшан Назаров билан учрашиб, унга бир неча савол билан мурожаат этди.

– Ўзбекистон тарихига янгича ёндашув нимадан иборат?

– Мазкур тадқиқотнинг аввалги совет давридан олдинги ишлардан асосий фарқи муаллифлар жамоасининг Ўзбекистонда совет даврига оид воқеаларни баҳолашда ҳар қандай мафкуравий ақидалардан холи, бутунлай илмий асосда қарашга бўлган интилишидир. Шунингдек, дарсликда тарихий далиллар билангина чекланиб қолмасдан, даврнинг мураккаб жараёнларини баён қилишга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Воқеаларни баҳолашда хилма-хил материаллар, бутунлай илмий принципларга таяниш ҳамда замонавий тарихий илм-фан ютуқларидан фойдаланиш тамойиллари кузатилади.

– Миллат пайдо бўлишини қисқача қандай баён қилиш мумкин?

– Ҳар бир халқнинг келиб чиқиши – асрлар мобайнида ўз номи, маданияти ва тилига эга халқнинг пайдо бўлиши билан боғлиқ мураккаб жараён. Халқ ўзидан олдинги халқларнинг ирсияти, маданияти, тилини ўзлаштиради. Унинг номи эса, одатда ўша жой номи (бақтрияликлар, суғдлар, хоразмликлар ва ҳк.) ёки қабиладошлари халқ/давлат асосчиси деб тан олган қандайдир машҳур ҳукмдор/йўлбошчининг номи билан боғлиқ бўлади (ўғузлар, салжуқлар ва ҳк.). Тарихда бундай ҳолатлар жуда кўп. Бироқ ҳар қандай халқнинг ҳақиқий илдизларини топиш учун тадқиқотни энг қадимий даврлардан бошлаш керак. Замонавий тарих ва этнология фани дунёда қадим замонлардан буён юз бераётган барча жараёнларни пухта ўрганмоқда. Марказий Осиёнинг икки дарё (Амударё ва Сирдарё) оралиғида XI-XII асрларда яшаган туркий тилли аҳоли замонавий ўзбек халқининг асосини ташкил қилади. Мазкур минтақа аҳолиси таркибига кирган туркий тилли кўчманчиларнинг сўнгги тўлқини даштиқипчоқ ўзбеклари – XV аср охири, XVI аср бошларида Шайбонийхон бошчилигида Марказий Осиёга кўчиб келган туркий кўчманчи қабилалардир. Даштиқипчоқ ўзбеклари ушбу туркийз тилли аҳолига сўнгги этник қатлам сифатида қўшилиб, унга “ўзбек” этнонимини берган. Замонавий ўзбек халқининг шаклланиш жараёни Марказий Осиёнинг шимолидаги чўл ҳудудларида, Фарғона, Зарафшон, Қашқадарё ва Сурхондарё водийлари ҳамда Хоразм ва Тошкент воҳаларининг зироатчилик туманларида юз берган. Чўл ва деҳқончилик воҳалари аҳолисининг узоқ давом этган этник яқинлашуви ва маданий-хўжалик алоқалари натижасида бу ерда ушбу икки олам элементларини ўзига сингдирган замонавий ўзбек миллати шаклланган. Албатта, 1924 йилда Ўзбек совет республикасининг ташкил этилиши бу борада муҳим омил бўлди. Унинг асосида 1991 йилда Ўзбекистон Республикаси эълон қилинди.

– Китобда совет ўзбек тарихининг энг нозик жиҳатлари қандай талқин қилинади?

– Биринчи китоб 1917-1939 йил воқеаларига бағишланган. Мазкур даврнинг ўзига хос жиҳати шундаки, ҳокимият тепасига келган большевиклар инсоният тарихидаги кенг қамровли ва энг баҳсли тажрибаларни амалга оширди. Улар олиб борган ислоҳотлар натижасида Ўзбекистонда янгича ижтимоий-иқтисодий муносабатларга асосланган жамият шаклланди. Инсон ресурсларидан шафқатсиз фойдаланган тоталитар тузум республикамизда маданий тараққиётнинг нисбатан илғор шаклидаги янги иқтисодиётни пайдо қилди. Айни пайтда бу ўзбек халқи учун катта йўқотишлар даври ҳам бўлди. Зиёлилар қатламининг кўплаб вакиллари, тадбиркорлар ва деҳқонларнинг бир қисми қатағон қилинди. Китобда ушбу мураккаб жараёнларнинг барчаси ўз аксини топган.

Иккинчи китоб 1939-1991 йил воқеаларини ўз ичига олади. Ушбу даврнинг энг муҳим ва фожиали ҳодисалари, энг аввало, Иккинчи жаҳон уруши билан боғлиқ бўлиб, ушбу воқеаларни ёритишда республикамиз ва Россия архивларида сақланаётган ноёб материаллардан фойдаланилди ҳамда ўша материалларнинг аксарияти биринчи марта тадқиқ этилмоқда.

Китобда, шунингдек, Ўзбекистон тарихи учун мураккаб ҳисобланган Советлар сиёсий тузумини либераллаштириш даври, 1964-1983 йиллардаги янги репрессия тўлқини ҳам батафсил баён қилинади (бир томондан бу йилларда республикада улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилган, аҳоли фаровонлиги юксалган). Бироқ бошқа томондан 80-йилларда бошланган пахта яккаҳокимлиги, “пахта иши” жараёнларининг кучайиши, советларнинг планли иқтисодиёти ва сиёсий тизимининг қулашига оид маълумотлар тақдим этилади.

1985 йилда бошланган қайта қуриш сиёсати кутилган натижаларни бермади. Шу пайтда Ўзбекистон мустақиллик йўлидаги ўзининг илк дадил қадамларини қўя бошлайди ва 1991 йилда миллий мустақиллигини эълон қилади. Ўз навбатида Ўзбекистон Республикаси таркибида бўлган Қорақалпоғистоннинг сиёсий, ижтимоий-иқтисодий жараёнлари ва маданий ҳаёти ҳам алоҳида бобда ёритилган.

– Ушбу воқеаларнинг қайсилари энг нозик ёки баҳсли ва нима учун шундай?

– Умуман олганда, тарихда баҳсли ва таъсирли воқеалар жуда кўп, бироқ советлар тарихи бундай воқеаларга тўла. Уларни бирма-бир санаб чиқсак:

· Совет ҳокимиятининг ўрнатилиши ва Туркистон (Қўқон) автономияси тақдири;

· фуқаролар уруши ва “босмачилар ҳаракати”;

· 1924-1925 йиллардаги миллий-ҳудудий чегаралаш (аслида бу жараён 1936 йил ва ундан кейин ҳам давом этди);

· саноатлаштириш;

· ер-сув ислоҳоти, қишлоқ хўжалигини коллективлаштириш, қулоқ қилиш;

· уруш, йўқотишлар, асирга олинганлар тақдири, Туркистон легиони тарихи;

· Сталин давридаги сиёсий қатағонлар;

· халқлараро ва динлараро муносабатлар;

· пахта яккаҳокимлиги;

· Орол денгизи инқирози;

· «пахта иши»;

· «қайта қуриш», демократлаштириш, ошкоралик, норасмий ҳаракатлар;

· 1989 йилги Фарғона воқеалари;

· Ўзбекистоннинг Ф. Хўжаев ва А. Икромовдан бошлаб И. Каримовгача бўлган барча сиёсий етакчилари роли.

Китоб муаллифлари қандай йиғилди, улар қайси мамлакат вакиллари?

– Дарслик муаллифлари, асосан, Ўзбекистоннинг 40 дан ортиқ таниқли олимларидир. Масъул муҳаррирлар – тарих фанлари доктори Р.М. Абдуллаев (ЎзР ФА Тарих институти директори), тарих фанлари доктори, профессор М.А. Раҳимов (ЎзР ФА ҳузуридаги Ўзбекистоннинг энг янги тарихи масалалари бўйича мувофиқлаштириш-методик маркази директори), тарих фанлари доктори, профессор К.К. Ражабов (ЎзР ФА Тарих институтининг етакчи илмий ходими). Шунингдек, 10 дан ортиқ нуфузли олимлар таҳрир ҳайъати аъзоларидир.

ЎзР ФА Тарих институти олимлари, шунингдек, ЎзР ФА ҳузуридаги Ўзбекистоннинг энг янги тарихи масалалари бўйича мувофиқлаштириш-методик маркази, ЎзР ФА Қорақалпоғистон бўлими гуманитар фанлар институти, ЎзР Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи, республикадаги етакчи олий ўқув юртлар – Ўзбекистон миллий университети, Тошкент ислом университети, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти, Тошкент ахборот технологиялари университети, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети, ҳудудий университетлар – Қорақалпоғистон, Андижон, Бухоро, Самарқанд, Урганч олий таълим муассасалари вакиллари ҳам дарслик муаллифлари сифатида кўрсатилган.

Китобга қандай янги далил ва ҳодисалар киритилди?

– Муаллифлар ҳеч бир далил ёки муҳим воқеани назардан қочирмасликка, бутун тарихий даврни тўла қамраб олишга ҳаракат қилди. Дарслик далиллар қамрови бўйича тенгсиз манба ҳисобланади.

Иккинчи китоб охирида келтирилган фойдаланилган адабиётлар рўйхати қуйидагиларни ўз ичига олади: чоп этилган ҳужжатлар ва материаллар тўпламлари, съездлар, анжуманлар, пленумлар резолюциялари ва қарорлари, стенография ҳисоботлари, статистик ва демографик нашрлар; архив ҳужжатлари, даврий нашрлар мақолалари; сиёсат ва давлат арбобларининг асарлари; хотиралар ва ёдномалар; совет даврида нашр этилган илмий адабиётлар; хорижий (инглиз, турк, немис, француз, итальян ва бошқа тиллардаги) адабиётлар; Ўзбекистон Республикасида истиқлол йилларида чоп этилган илмий адабиётлар; МДҲ мамлакатларида нашрдан чиққан тарихий адабиётлар; турли маълумотномалар; солномалар, луғатлар ва энциклопедиялар; диссертациялар ва авторефератлар; Интернет саҳифаларидан олинган кенг кўламли адабиётлар ва материаллар.

Қандай ёндашувлар рад этилди?

– Муаллифлар қуйидаги асосий принциплар асосида ишлашга ҳаракат қилди: 1) холислик; 2) фактларни имкон қадар кенг қамраб олиш; 3) тарихий манбалар, далиллар, ҳужжатлар, архив маълумотларига таяниш; 4) илмий ҳалоллик; 5) воқеаларни изчил баён қилиш; 6) тарихийлик принципи (ҳар бир нарсага тарихий нуқтаи назардан ёндашиш) ва 7) ҳар томонламалик.

Шунга кўра, муаллифлар тадқиқотнинг мазкур асосий приципларига мувофиқ келмаган барча нарсаларни рад этди.

Ўзбекистоннинг кўп миллатли тарихига бўлган муносабат қандай?

– Афсуски, сўнгги 30 йил ичида собиқ Совет Иттифоқи маконида гўё бошқа халқлар вакиллари у ёки бу республика тараққиётига ҳеч қандай ҳисса қўшмагандай, давлат тарихини фақат биринчи халқнинг тарихи сифатида ёзиш амалиёти шаклланди. Мазкур қўлланма муаллифлари Ўзбекистон кўп миллатли, кўп динли ва кўп маданиятли давлат сифатида шаклланганини ва шундай давлат бўлиб қолишини жуда яхши тушунади. Тошкент кўчаларига (Ўзбекистоннинг бошқа шаҳарлари каби) зеб бериб турган православ ва католик черковлари, лютеран черковлари, яҳудийлар ибодатхоналари, турли динлар бутхоналари ҳам Ўзбекистоннинг кўп маданиятли давлат эканини тасдиқлайди. Тошкентда рус (А.С. Пушкин), украин (Т.Г. Шевченко), белорус (Я. Колас), грузин (Ш. Руставели), озарбайжон (Низомий Ганжавий, Г. Алиев), қозоқ (Абай), туркман (Махтумқули) ва бошқа қардош халқларнинг таниқли арбоблари шарафига ҳайкаллар ўрнатилган.

Дарсликда “пахта иши” қандай баён қилинган?

– 1983 йил апрели бошида КПССнинг янги бош котиби Ю.В.Андроповнинг кўрсатмасига биноан, “пахта иши” деб номланган иш бўйича комиссия тузилди. Унга Т.Гдлян ва Н.Иванов бошчилик қилди. Комиссия ишини СССР Бош прокуратурасидан иттифоқ прокуратурасининг тергов бўлими бошлиғи Г.П.Каракозов назорат қилган. Тергов давомида юзлаб давлат амалдорлари, хўжалик ва партия ходимлари, колхоз раислари, совхоз раҳбарлари, бригадирлар ўз лавозимларидан бўшатилди ёки пастроқ ишга ўтказилди, кўпчилик партия сафидан четлаштирилди, қамоққа олинди, судланди.

Замонавий ўзбек тарихида “пахта иши” маҳаллий бошқарув аппаратини марказий ҳукумат назорати остига олиш учун кучсизлантириш ҳамда раҳбариятга ва иттифоқнинг бошқа республикаларига Ўзбекистон номини қора қилиб кўрсатиш воситаси бўлган ҳақоратли, асоссиз ва аввалдан ўйлаб топилган ишдир.

Total
23
Shares

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*
*