2018 йил 6 декабрь куни Ўзбекистон тарихи музейида Ўзбекистон тарихи масалаларига оид махсус йиғилиш ўтказилди[1]. Унда республиканинг етакчи тарихчи олимлари ва давлат арбоблари қатнашди. Йиғилиш сўнгида Ўзбекистон тарихи бўйича янги концеция ишлаб чиқилиши кераклиги айтилиб, махсус ишчи гуруҳ тузилди. Охирги марта тарих бўйича «янги» концепция 1998 йилда қабул қилинган эди. Хўш, нима учун айнан ҳозир янги концепцияга эҳтиёж туғилди? Нима учун Ўзбекистоннинг тарих масалалари «тепадан» ҳал қилиниши лозим? Ўзбекистон тарихи жаҳон тарихи билан ҳамнафасми?

Муаллиф:


Бахтиёр Алимджанов, тарих фанлари номзоди, халқаро мустақил тадқиқотчи

Ўзбекистон ўтмишининг “советча” варианти

Маълумки, Ўзбекистон тарихи Совет давлати сиёсатининг маҳсулидир. XX асрнинг 40-50 йилларида И.В.Сталин кўрсатмалари асосида «миллий» тарих ёзилиши бошланди. Тарихчилар «халқлар дўстлиги» ғояси асосида интернационал руҳда «миллий» тарих ёзишлари шарт эди. Лекин, Ўзбекистон ССРга тарихчи кадрлар етишмасди ва илмий текшириш институтлар сони оз эди. Ўрта Осиё давлат университетининг (САГУ) тарих факультети 1935 йили очилган бўлиб, асосан русийзабон талабалар таҳсил олишар эди. 1937-1939 йй. қатағон сиёсати ўзбек зиёлиларини янчиб ташлади. Улар ичида тарих фани бўйича профессор Пўлат Солиев ва тилшунос ҳамда муаррих Абдурауф Фитрат бор эди.

Иккинчи Жаҳон уруши вазиятни ўзгартириб юборди. 1943 йили Ўзбекистон Фанлар академиясига асос солинди. 1945 йили Ўзбекистон Фанлари академияси негизида Тарих институти ташкил этилди. 1942 йили биринчи бор университетлар учун А.Ю. Якубовский ва К.В. Тревер[2] томонидан дарслик яратилди. Лекин, бу дарслик танқидга учради ва чоп этилмади. 1947-1950 йилларда Москва ва Ленинград (ҳозирги Санкт-Петербург) тарихчилари бошчилигида 2 жилдли «Ўзбекистон халқлари тарихи» академик варианти чоп этилди. Шуниси қизиқки, 1947 йилда 2-жилд (XVI аср – 1917 йй.) чоп этилди. Сабаби, совет давлати учун тарих мафкуравий қурол бўлиб яқин ўтмишга ўз муносабатини билдириш ва тарихни бошқариш зарур эди. Бу академик тарих версиясида ўзбек халқининг шаклланиши ва «миллий» қаҳрамонлар кашф этилган эди. Энг асосийси, Совет давлати Ўрта Осиё тарихини талқин қилишда тарихий дўстлик концепциясига таянди. Масалан, Навоий ва Жомий дўстлиги – ўзбек ва тожик халқларининг дўстлиги рамзи эди. Яъни, туркий ва форсий халқлар «умумий» ўтмишга эга экани ва «умумий» аждодлари – сак ва массагетлар, хоразмийлар ва бақтрийлар экани таъкидланди. Бундай муносабат ягона Ўрта Осиё бирлигини (ёки цивилизациясини) яратиши лозим эди. Бир вақтнинг ўзида советлар тарих фанида «космополитизм», «паниранизм», «пантюркизм», «панисламизм» ва «миллатчиликка» кураш эълон қилишди[3]. Яъники, Совет мафкурачилари наздида бу назариялар Ўрта Осиё халқлари тарихини «бузиб» талқин қилишаётган эди. «Бузғунчиларга» қарши 1949 йил 21-27 апрель кунлари Тошкентда Ўзбекистон Фанлар академияси ижтимоий фанлар секторининг кенгайтирилган йиғилишлари ўтказилди[4]. Мажлисларда атоқли тарихчи ва филологлар қатнашишди (Ойбек, Ғ. Ғулом, М.Г. Ваҳобов, Т.Н. Қори-Ниёзий ва бошқалар). «Космополит» тарихчиларнинг асосий айби коммунистча фикрловчи тарихчилар фикрича – Компаратив (солиштириш) методи эди. Яъни, «адашган» тарихчилар ўзбекларнинг ўзига хос маданиятини рад этишаяпти ва «араб, форс, турк» маданияти устунлигини ёритишаяпти, деб айб қўйишди. Мажлисларда тарихчи Р.Н. Набиев сўз олиб «араб маданияти», «ислом маданияти» ва «турк маданияти» буржуа-дворян тарихшунослигидан олинган бўлиб, марксистик-ленинистик тарих талқинига зидлигини таъкидлади. Таниқли тарихчи М.Г. Ваҳобов эса «адашган» миллий тарихчиларни «идеализмда» айблади. Т.Н. Қори-Ниёзий ўз нутқларида дин Ўрта Осиёда доимо фанга зидлигини таъкидлади ва мисол тариқасида Мирзо Улуғбекнинг диндорлар томонидан ўлдирилганини факт сифатида кўрсатди. 1949 йил йиғилишлари натижасида Ўзбекистон тарихи ўта мафкуралашди. Яъни, Ўзбекистон ўтмиши фақат «дўстлик» концепцияси ва «миллатчиликсиз» миллий тарих ёзилди.

Ўзбекистон ўтмишининг 1991-2016 йиллардаги версиялари

Совет давлати қулаши билан тарихга муносабат ўзгара бошлади. XX асрнинг 90-йилларида тарих учун кураш авжига чиқди. Ҳар бир зиёли «ҳаққоний» тарихни излай бошлади. Илмий текшириш институтлари «ҳаққоний» миллий тарих ёзилишга киришдилар. Давлат арбоблари фикрча, тарих энди ёш миллий республикани сиёсий жиҳатдан мустаҳкамлаши зарур эди. Асосан, 90-йилларда тарихнинг 3 та версияси мавжуд эди: 1) «миллий» давлатчилик тарихшунослиги – давлатни ва элитани мустаҳкамловчи тарихий талқин; 2) «миллий» интеллектуал-миллатчи тарихшунослиги – ўзбек халқини «уйғотадиган» ва онгини ўстиридиган тарихий версия; 3) «миллий» диний-интеллектуал тарихшунослик – ислом тарихи ва диний «ўзлик» тарихий вариантлари. Алалоқибат, «миллий» давлатчилик тарихшунослиги версияси ғалаба қозонди. Бунга асосий сабаб И. Каримов олиб борган сиёсат эди.

1998 йили И.Каримов тарихчилар билан учрашиб тарихий «ҳақиқатни» тиклашни буюрди, яъни, давлатчилик тарихшуносликнинг тамал тоши мавзусига айланди. Барча тарихий жараёнлар давлатчилик нуқтаи назаридан ёзилиш бошланди. Тарихнинг давлатчилик версияси советларнинг тарихий концепциясидан унчалик узоқмас. Таниқли файласуф ва антрополог В.С. Ханнинг ёзишича, «марксизмдан юзаки тарзда воз кечилиши марксизмнинг соддалашган варианти ҳукмронлигини кузатмоқдамиз»[5]. Яъни, Маркс кетиб Карл тарихшунослигимизда қолаяпти. Давлатчилик концепциясининг «миллий» тарихшунослигимизда ҳукмронлиги, тарихимизда мавжуд барча ижтимоий, иқтисодий ва маданий жараёнларни фақат давлатчилик нуқтаи назарида талқин қилиниши бир тарафликка олиб келди ва тарихимиз «инқироз» ҳолатига келиб қолди. Давлатчилик концепциясининг асосий «нуқсони» унинг мавҳумлиги ва тарихий моҳиятининг ўзгармаслиги билан белгиланади. Яъни, «абадий» давлат формалари тарихий жараёнларни белигилайди, йўналтиради ва мазмун бағишлайди. Давлат ва давлатчиликнинг «миллий» тарихимизда устунлиги фуқаролик жамиятини қуришга тўсқинлик қилади ва истаган қаттиққўллик ва зўравонлик оқланади. Фикримизнинг далили сифатида 2009 йилда чоп этилган «Ўзбекистон давлатчилигининг тарихи»[6] 1-жилди бўла олади. Асарда Ўзбекистоннинг қадимги тарихи давлатчилик концепцияси орқали талқин қилинган. Муаллифларнинг фикрича, Ўзбекистон ҳудудидаги барча давлатлар «шарқона деспотия» бошқарув типида бўлган. Энг қизиғи, Ўзбекистон тарихчилари фикрича Марказий Осиёдаги давлатчиликнинг биринчи типи – шоҳлик, бошқарув формаси эса абсолют монархия[7] бўлган. Кўриниб турибдики, Ўзбекистон тарихчиларининг давлатчилик ҳақидаги «назариялари» мавжуд сиёсий тузумни оқлашга ва мустаҳкамлашга йўналтирилган эди.

Ҳозирги давр Ўзбекистон тарихидаги вазият (2016–2018 йй.)

2016 йилдан бошлаб Ўзбекистонинг янги ҳукумати республикани модернизация қилиш ва «нормал» давлатга айланишни ўз олдига мақсад қилиб қўйди. «Инновациялар» тарих фанини ҳам чеклаб ўтмади. Айтиб этиш лозимки, мустақиллик йилларида «расмий» тарихшуносликка ва давлатчилик назариясига қўшилмаган «рақиб» тарихшунослик доимо мавжуд бўлган. Айниқса, Ғарбда таҳсил олган ва малака оширган ўзбекистонлик тарихчилар ва шарқшунослар шулар сарасига киради. Масалан, Б.М. Бабаджанов, А. Джумаев, У. Абдурасулов, В.С. Хан ва бошқалар асарларида Э. Саиднинг ориентализм концепциясига асосланиб колониализм ва империализм ғояларини илмий танқид қилишмоқда. Бундан ташқари профессор Д.А. Алимова бошчилигида 2017 йилдан бошлаб регионал тарих йўналиши ривожлантирилмоқда. Афсуски, барча ҳаракатларга қарамасдан Ўзбекистон тарихшунослиги жаҳон тарихининг бир қисмига айланмаяпти. Асосий сабаблардан, ўйлаймизки, хориждаги йирик тарих мактаблари билан «миллий» тарихшунослик мактабимизнинг алоқалари сустлиги; тарих фанига ажратилаётган молиявий маблағларнинг жуда озлиги. Ўзбекистон Фанлар Академияси Тарих институти олимлари чет эл грантларига боғланиб қолишган ва бир вақтда давлат буюртмаларини бажариш билан овора. Ўзбекистон университетларида тарихчиларни тайёрлаш яхши йўлга қўйилмаган. Талабалар эски Совет давридан қолган дарсликлардан ёки 90 йилларда чиққан алмисоқдан қолган назариялар билан танишмоқдалар. Тарих факультетларида чет эллик ҳамкорлар билан илмий ва услубий алмашинув йўқ. Талабаларнинг хорижда ўтказилаётган тадбирлардан хабари йўқ. Университет тарихчилари инглиз ва рус тилларини жуда суст билишади. Энг асосийси, фикримизча, асосий ғов ва тўсиқлар: 1) давлатчилик концепциясининг ҳалиям тарихшунослигимизда устунлиги ва 2) Ўзбекистонда тарихшунослик мактаблари шаклланмаганлиги ва ғоявий ва илмий плюрализмнинг йўқлигидир.

Ўзбекистон тарихшунослигининг келажаги борми?

Ўзбекистон тарихчилари олдида жуда кўп муаммолар турибди. Энг асосийси, жаҳон тарихшунослигини нгтенгҳуқуқли аъзосига айланиш – Ўзбекистон тарихчиси олдида турган вазифадир. Тарихшунослигимиз шуни кўрсатмоқдаки, охирги 75 йилдан бери тарихчилар ҳукумат “вазифасининг” бажарувчисига айланиб қолган ва “сиёсий ўйинларнинг” фаол қатнашчиларидир. Илмийлик четга суриб қўйилиб сиёсий “манфаатлар” биринчи ўринга чиқиши керак эмас. Тарих сиёсатнинг бир қисми эмас, балки, сиёсат тарихнинг бир қисмидир. Шу ҳақиқатни унутмаган Ўзбекистон тарихчиси, албатта, манбаларга асосланган ва жаҳон тарихининг ютуқларига таяниб илмий тарих ёзишига кўзим етади.


[1] http://uzhistory.uz/Novosti/Ekspertnoe-soveschanie-6.12.18

[2] Постников С.В. Труды Т.Н. Кары-Ниязова по истории и их значение в культуре Узбекистана // Актуальные проблемы гуманитарных и социально-экономических наук. Вольский военный институт материального обеспечения (филиал) федерального государственного казенного военного образовательного учреждения высшего профессионального образования «Военная академия материально-технического обеспечения имени генерала армии А.В. Хрулева» Министерства обороны Российской Федерации. – 2012. – № 6 (1). С. 63.

[3] О некоторых вопросах истории народов Средней Азии // Вопросы истории. – 1951. – № 4. С. 3–4.

[4]О марксистско-ленинском освещении истории и истории культуры народов Узбекистана. Стенографический отчет расширенного заседания Отделения гуманитарных наук АН УзССР 21-27 апр. 1949 г. Ташкент: Изд-во АН УзССР, 1951.

[5] Хан В.С. О методологической и логико-эпистемологической ситуации в общественно-гуманитарных науках Центральной Азии // Uzbekistan Initiative Papers. № 16. Март 2014. С. 1–12.

[6] История государственности Узбекистана: в 3-х т. Т. 1. Вторая половина II тысячелетия до нашей эры – III век нашей эры / отв. ред. Э.В. Ртвеладзе, Д.А. Алимова; Институт истории АН РУз. Ташкент: Узбекистан, 2009.

[7] Ўша ерда. 57-бет.

Total
67
Shares

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*
*