The Silk Roads

2015 йили Хитой томони ташаббуси билан “Бир макон – бир йўл” лойиҳаси илгари сурилди. Шу билан деярли бир вақтда, оксофрд тарихчиси Питер Франкопаннинг нашр этилган The Silk Roads. A New History of the World («Ипак йўллари. Дунёнинг янги тарихи») номли китоби тезда оламшумул воқеага айланди. Танқидчилар, мутахассислар муаллиф ишига юқори баҳо бериб, тарихга европамарказлашган қараш, жасур чиқиш, Шарқ ва Ғарб маданияти очиб берилган, янги ва яхши тадқиқот манбаларидан самарали фойдаланилган, деган фикрларни таъкидладилар. Баъзилар шундай киришиб кетдиларки, китобни “дунёни тушунишда инқилоб”, “ихтиро” ва “жиззакилик” деб номладилар.

Дарҳақиқат, китоб йўналиши дунёнинг икки томони зиддиятларини занжир билан боғлаб, тўғри тушунтириб бериш, Ғарб дунёси тарихига қисман тўхталиб, асосий эътиборни Шарққа қаратиш пойдеворига қурилган. Китоб бобларининг номланиши йўл (roads) теварагига – эътиқод, мўйна, тилла ва кумушлардан тортиб то урушларга, қора олтинга ва фожиага, амалда – қадимги дунёдан то замонавий Толибон воқеаларигача боғланган. Марказий Осиёнинг ҳам ўз ўрни бўлган дунё тарихи ҳақиқатда кишини ҳаяжонга солади. Минтақа учун муҳим аҳамиятга эга бўлган ўша вақеа ва жараёнларни қамраб олган 500 саҳифалик китоб ҳақида айрим тафсилотлар билан ўртоқлашамиз.

Сўз бошида Питер Франкопаннинг ўзи дарҳол замонавий контекстни эсга олади: Хитойнинг ўсиши, Ҳиндистон ҳамда Марказий Осиёнинг беш мамлакати – Қозоғистон, Ўзбекистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Тожикистондаги ижтимоий ўзгаришлар. Уларга Ғарб билан Шарқ ўртасидаги марказ сифатида баҳо беради. Минтақа ўзининг беқарор режими, зўравонлик ва халқаро хавфсизлик, диктаторлар, failed states, коррупция, эркин фикрнинг камлиги билан бутун дунёга танилган.

Лекин барча “ёввойилик”лар ортида муаллиф бу ерда тамаддунлар туташувини, цивилизация туғилган жойни кўради. Беш минг йил аввал бу ерда биринчи жуда катта мегаполислар, дунёнинг ажойиботлари, нозик маданиятлар, турли-туман динлар, маъмурий бинолар, қурилмалар, каналлар ва ҳоказолар пайдо бўлган. Ўша пайтнинг Оксфорд ва Гарвардлари Бағдод, Бухоро ва Самарқандда жойлашган эди.

Дунёлар бир-бирига доимо боғлиқ. Марказий Осиёнинг чўлларида бўлган воқеа Шимолий Африкада, Бағдоддаги воқеалар – Скандинавияда билинган, Америкадаги очилишлар Хитойдаги тилланинг қийматини ўзгартирган. Бунинг барчаси савдонинг яшовчанлик кучи туфайли – ғоя, билим, тил ва эътиқод орқали савдо ривожланган.

Қадимги грек мифологиясида Зевс икки бургутнинг бирини Шарқдан, иккинчисини Ғарбдан бир-бирларига қараб учиради. Улар учрашган жойларига тош тушириб, коинот марказини аниқлаб олишлари лозим эди. Ушбу тош қаерга тушган ва Ернинг киндиги қаерда? Франкопаннинг ишонч билан айтишича, тош жойлашган масканнинг номи йўқ ва тарих адабиётларида ҳам қайд этилмаган Осиёнинг маркази – Ўртаер деб аталиши керак.

Ипак йўллари – туғилиш

Ипак йўли тошқин дарёлар ва саҳоватли заминга эга, империялар ўчоғи саналмиш Месопотамияда юзага келган. Бу империяларнинг энг улуғи Эрон (Форс) бўлган. Агарда улар бегона маданиятнинг афзаллигини кўрсалар, ҳеч бир монеликларсиз ушбу анъаналарни қабул қилишган, деб ёзган эди Геродот. Янги ғоялар ва амалиётдаги бундай очиқлик форсларга турли ҳалқларни, улкан ерларни бошқариш имкониятини берди. Амалдорлар йўллар аҳволини назорат қилишган, ирригация тизимларини бошқаришган ва савдони қўллаб-қувватлаб, фойда олишган. Маблағлар эса ҳарбий юришларни ва элитанинг экстравагант қатламини молиялаштириш учун сарфланган.

Нью-Йоркдаги Метропόлитен музейидаги шарқона безаклар

Александр Македонский учун Шарқ биринчи даражали аҳамиятга эга манзил эди ва шунинг учун ҳам тахтга ўтириши биланоқ у Шарқ томонга кўз тикди. Эрон ва Шарқни эгаллаш шиддатли ҳамда таъсирчан кечди. Эллинизация – қадимги грекларнинг ғоялари, мавзулари ва рамзлари – минтақага катта таъсир ўтказган: эски грек тилидан яна юз йиллар мобайнида фойдаланилган, Апполон ҳайкали замонавий Тожикистоннинг жанубида ҳам учраган. Энеида ва Маҳобҳорат, Илиада ва Рамаяна мавзулар билан алмашишган, ёш форслар эса Софокл ва Еврепидлар фожиасини ёд олишни кўп машқ қилганлар.

Нью –Йоркдаги Метрополитен музейдаги шарқлик жангчининг ҳарбий кийими

Марказий Осиё чўлларини дунё тарихи бўронларида айлантирган гирдоб, Синьцзяннинг ғарбий чегараларигача чўзилган Хань династияси Хитойнинг кўтарилишини ҳам таъминлаган. Хитой ҳукмдорларига ички тартибни қўллаб-қувватлаш учун отлар керак бўлган – бу ердан Хунну чўл кўчманчилари билан чегараларда узлуксиз савдо бўлган. Энг қимматбаҳо от насллари Помир яқинида Фарғона водийсида кўпайтирилган. Бу отлар, хитойликлар таъбири билан айтганда “қонли тери”дан бўлган, ва ҳурмат билан “коинот отлари” аталиб, уларни хитойлик ҳунармандлар ҳайкаллар ва расмларда тасвирлашган. “Хом гўшт истеъмол қилувчи ва қон сурувчи” ваҳший хуннулар билан муносабатлар, унча енгил бўлмаган, лекин, хитойликлар улар билан уришишдан кўра, ҳисоблашишни хуш кўрар эдилар. Номадарга гуручни, майларни ва матоларни олиб бориб, тинчликка алмаштирардилар. Айниқса ипак жуда енгил бўлганлиги сабабли кўчманчилар томонидан юқори баҳоланарди, ҳамда сиёсий ва ижтимоий ҳокимликни рамзи бўлган – қабила бошлиғининг либоси бўлган.

“Хитой билан ташқи дунё орасида савдо аста-секин ривожланган, янги йўллар, улкан кучлар эвазига очилган, савдогарларга узун йўлларни босиб ўтиш, қароқчилар таҳдидлари ва ҳамлаларини бартараф этиш керак бўлган. Фойда эса буларнинг ҳаммасини қоплаган.”

“Энди улар Хитой молларини яхши кўриб қолишди, – деб таъкидлаган эди бир хитойлик амалдор. – Хунну анъаналари ўзгармоқда, пировардида Хитой Хуннунинг барча ерларини эгаллайди”. Лекин бу амалга ошмади, тинчликни сақлашда дипломатия катта харажатлар талаб қила бошлади ва ўн йиллаб чўзилган ҳамда эрамиздан аввалги 119 йилда тугаган юришлар натижасида Хитой Гансу оралиғини ўз назоратига ўтказди. Ғарбда Помир тоғлари ётган ва қитъалараро тармоқларнинг янги дунёси очилган, у томонга Хитой йўл очган – Ипак йўллари шундай дунёга келди. Хитой амалдорлари уларга очилган дунё Ҳиндистон, Эрон ва Марказий Осиёни ўрганишни бошладилар.

“Ушбу дунёда яшовчилар қуролга ёмон эгалик қиладилар, лекин савдода зеҳни анча ўткир. Бақтрияда ҳамма нарсани харид қилиш ва сотиш мумкин”, дея ёзган эди тарихчилардан бири. Хитой билан ташқи дунё орасида савдо аста-секин ривожланган, янги йўллар, улкан кучлар эвазига очилган, савдогарларга узун йўлларни босиб ўтиш, қароқчилар таҳдидлари ва ҳамлаларини бартараф этиш керак бўлган. Фойда эса буларнинг ҳаммасини қоплаган. Айниқса, ипак савдоси. Ипак бузилмаган, енгил ва жуда қимматбаҳо ашё саналган. Яъни, идеал халқаро валюта. Икки минг йил аввал глабаллашув муаммоларни келтириб чиқарувчи ва технологик жараёнларни ҳаракатлантирувчи, имкониятларни ваъда қилган, ҳаётнинг амали бўлган.

Улардан минг миль йироқда Ўрта ер денгизида Тибр дарёсидаги шаҳарда янги минтақавий империя – Рим пайдо бўла бошлаган. Рим, Александр Македонский Грецияси каби, ўзининг бойликларига Ғарбда эмас, балки Шарқда – аввал Мисрни, сўнг Осиёни забт этиб эришган. Страбон савдо мақсадларида бир йилда Римдан Ҳиндистонга жўнаётган 120 та кема тўғрисида ёзади. “Жозибадор кемалар дарёнинг оқ кўпигини ўйнатиб, тилла олиб келади ва қалампир олиб кетади”, деб ўша замон Ҳинд достонлари гувоҳлик беради. Лекин римликлар нафақат зираворлар, балки қалай, мис, қўрғошин, қимматбаҳо тошлар, фил суяги каби ноёб молларни олиб кетганлар. Ҳиндистоннинг шарқий ва ғарбий соҳилларига Осиёдан моллар олиб боришган. Рим шарқий дабдабада чўмилган, аскет-файласуфлар ҳеч қаерини ёпмайдиган ҳаёсизлик билан юпқа ипакка кийинган рим аёлларини экстравагант лаззатини ошкор қилишни бошлаганлар. Қадимги Римнинг юз миллионлаб кумуш тангалари Осиёдан импортни тўлаган, бу эса империянинг барча пул массасининг ярмини ташкил этган.

Савдо йўллари ёнида жойлашган қишлоқлар шаҳарларга, шаҳарлар – ҳашаматли савдо марказларига, кейинчалик эса империяларга айланган. Рим валютасида гуллаган ва молларни турли жойлардан йиғган, энг муҳими, Рим ва Хитой ўртасида даллол бўлган Кушон империяси шундай туғилган. Хитойликларнинг ўзи Рим билан савдо-сотиқда аҳамиятсиз роль ўйнаган, лекин марварид ва мирра ҳамда машҳур Самарқанд шафтолилари билан савдо қилиб, Эрон билан савдо ва дипломатик миссияларни шиддатли тарзда алмашишган. Лекин Эрон Римнинг ғолиб юришлари объекти бўлган, бу эса мамлакат ичкарисида сиёсий қўзғолон чиқириб, савдо-сотиқ назоратини марказлаштириш ва кучайтириб, ҳокимиятга Сосонийлар сулоласи чиқишига олиб келди. Эрон гуллади, Рим эса ўзининг шахсий экспансиясидан азоб чекишни бошлади. Янги серғайрат Рим императори Константин вазиятни тубдан ўзгартириш режаларига мувофиқ Европа ва Осиё чегарасида Римни қайта қуришга қарор қилди.

Константинополь Ўрта ер денгизининг энг муҳим шаҳри бўлди, ўшанда янги дин – Шарқдан келган христианлик пайдо бўлди.

Эътиқод йўллари

“Ипак йўллари”да динлар сиёсий таъсир учун ўзаро рақобатлашганлар. Қандайдир ажойибот ёки ваъзлардан таъсирланиб, ҳукмдорлар динни руҳоний ва жамоаларни назорат қилишга кўмаклашувчи восита сифатида кўрган. Савдо йўлларида айниқса буддизм кучли таъсирга эга бўлган, унга будда ибодатхоналарини тиклаган Кушон империяси ҳомийлик қилган. Буддизм эрамиздан аввалги биринчи асрда Ҳиндистоннинг шимолидан то Марказий Осиёгача анча пухта ва ингловчан (мусиқачиларни ашула этишлари туфайли) бўлган, 460 йилларга келиб Хитойда у асосий оқим вазифасини ўтаган. Бутпарастлар Шарққа суриб чиқарилганидан сўнг, Сосоний Эрони пайдо бўлаётган насронийликка душманларча муносабат йўлини танлади.

“Христианлик 7 аср ўртасига келиб, Тинч ва Атлантика океани сарҳадларини бирлаштириб улгурди, яъни, зардўштийлик, яҳудийлик ва бутпарастлик ҳам Осиёни қамраб олди. Лекин инқилоб рўй бериб, ислом дини кириб келди.”

4 асрга келиб дунёда иқлим ўзгаришлари бошланди, денгиз сатҳи кўтарила бошлади, касалликлар тарқалди, Осиёда эса Орол денгизининг шўрланиши ва Тянь-Шянда музликлар эришининг камайиши вегетатив ўзгаришларга олиб келди. Бир Сўғд савдогарининг ёзишича, Хитойда озиқ-овқат етишмовчилиги, очарчилик ва тартибсизликлар савдо-сотиққа барҳам берди. Буюк миграция палласи бошланди. Жоҳиллар Римга унинг савдо йўллари, шу жумладан, Эрон орқали юрдилар. Маъмурчилик дурдонаси саналган ва узунлиги 135 миль бўлган Каспий ва Қора денгиз орасидаги салмоқли деворни қуриш учун римлик ва форслар бирлашдилар, бироқ вақт ўтган эди. Барча Ўрта ер денгизини карахт аҳволга солиб Вестготлар йўлбошчиси Аларих сиқуви остида Рим 410 йилда таслим бўлди.

5 асрнинг ўрталарига келиб Европада Атилла йўлбошчи сифатида майдонга чиқди, бу эса Гуннлар (хунлар) пайдо бўлишига олиб келди. Уларнинг кўриниши кишини ваҳимага соладиган даражада эди (калла суяклари бошни чўққи шаклга келтириш учун мақсадли ўзгартирилганини қазиш ишлари ва топилмалар ҳам тасдиқлайди). Бунинг устига улар, “дала каламушлари мўйналаридан тикилган кийимлар кийишган, ўриндиқлари остида сақланган хом гўштни истеъмол қилишган, юзларида ёшликда орттирилган чандиқлар бўлган”. Гуннлар душманлари иттифоқи томонидан 451 йилда мағлуб қилинишларидан аввал, 15 йил мобайнида Болқонни вайрон қилганлар.

Шундан сўнг нима бўлди? Христианлик шарқий ва ғарбий қисмга бўлинди. Шарқий (ортодоксаль, православь) Константинополда жойлашди ва Осиёда тарқала бошлади. Архиепископлар-нестроианцлар, Кентерберий Архиепископи пайдо бўлишидан анча аввал, Марв ёки Қашқар каби шаҳарларда пайдо бўлди. Самарқанд ва Бухорода христиан динига Америкадагидан 1000 йиллар аввал эътиқод қилинган. Ўша пайтда эрон ҳукмдорлари христианликка тўсқинлик қилишни бас қилишди, чунки, тинчлик сулҳи тузилганидан сўнг Кавказда тугаган уруш эвазига Константинополдан маблағ олинди. Диний бағри кенглик, иқтисодий ривожланиш ва илмга ҳомийлик, Левантедан то Марказий Осиёгача бўлган ерларни бошқариш Сосонийларнинг ўзига хос фазилати бўлди. Христианлик 7 аср ўртасига келиб, Тинч ва Атлантика океани сарҳадларини бирлаштириб улгурди, яъни, зардўштийлик, яҳудийлик ва бутпарастлик ҳам Осиёни қамраб олди. Лекин инқилоб рўй бериб, ислом дини кириб келди.

Қуръон. Нью-Йоркдаги метрополитен-музейи

6 асрнинг ўрталарига келиб, туркларнинг кучли бирлашмаси Евроосиё чўлларида гуннларнинг ўрнини эгаллади ва уларнинг яхши тижорат малакаларини “қийин ва ишончсиз” деб атаган хитойликлар норозилигига сабаб бўлди. Савдо-сотиқда фаол қатнаша бошлади. Турклар қизиққон, узоқни кўра билувчи хусусиятлари билан ҳарбий иттифоқ тузиш ва Эронни вайрон қилиш истагида элчиларини Константинополга жўнатишди. Эронга биргаликда уюштирилган ҳужум муваффақиятсизликка учраган бўлса ҳам, Рим ва Эрон ўртасидаги муносабатлар кескинлашди ҳамда минтақада ички барқарорликни ёмонлашувига, иқтисодиётни пасайишига, камбағалликни ортишига таъсир қилди. Худо яккаю-ёлғиз маъносида диннинг тарғиботчилари кўпайди, савдогарлик билан шуғулланган Муҳаммад – ҳаммадан кўп тарафдорларга эга бўлди.

Муҳаммаднинг раҳбарлиги нафақат унинг насиҳатларида, балки сиёсий ва ҳарбий истеъдодида намоён бўлди. Кучсизланган Эронга юришлар айниқса муваффақиятли кечди ва ҳарбий ўлжалар улуши хуқуқи ортди. Бу эса Осиёнинг зич ҳудудига ҳарбийларни жўнатишни давом эттиришни рағбатлантирди. Ҳали Европа ўзига келаётганида, солиққа тортилувчи бадавлат фуқароларни ва савдо йўлларини ўз назоратига олиб, мусулмон дунёси кенгайди ва бойиб борди. Марказий Осиё йўналишида ҳарбий муваффақиятларга эришишга, эрамиздан аввалги 627-28 йилларда ҳукм сурган кучли совуқ ва кейинчалик очарчиликлар катта тартибсизликларни келиб чиқишига имкон яратди. Чўл кўчманчилари араблар томонидан суриб чиқарилди, ҳали улар хитой қўшинлари билан Таласда аҳамиятли жангда учрашмасларидан олдин, мусулмонлар жангни ютиб чиққан бўлсалар ҳам, у араб экспансиясига табиий нуқта қўйди. Осиё маркази бойликлари беҳисоб бўлган – санъат асарлари, қимматбаҳо буюмлар, олтин ва бутун шаҳарлар, янги олинган бойлик тимсоли ва Халифанинг яшаш жойи Бағдодни қуриш билан ўз ютуқларини нишонлашни ҳохлаган мусулмонлар қўлига ўтди. Бойлар илмга хайриҳохлик кўрсатди, инновациялар, тараққиёт ва янги ғоялар ривожланди – исломнинг олтин асри бошланди.

«Мўйнали» ва бошқа йўллар

“Агарда уларнинг бири ноҳақликка дучор бўлса ёки у билан бирор бир кўнгилсизлик содир бўлса, у ўз бошини фалакка кўтаради ва “Бир тенгри”, дейди.”

Рим ва Эрон орасидаги рақобатчилик иқдисодиёт ривожланишига, ғоялар очиқлиги ва тараққиётга интилиш, дунёда янги тартиботларни жорий қилишга олиб келди. Минтақанинг бойликларига эга чиқиш учун узоқ манзиллардан келаётган талабгорлар оқими кўпайди. Жоҳиллардан деворлар ва чегаралар билан ҳимояланган нозик дидли ва танти араблар барча бегона нарсаларга бефарқ қолдилар.

“Дунё икки оламга ажралди – Эрон (цивилизация) ва Турон (тартибсизлик)”

“Ипак йўллари” иқтисодиёти Скандинавия савдогарларини ҳам қизиқтирди – викингларнинг энг жасурлари пул топишга Ғарбга эмас, балки Шарққа жўнашди. Шарқда эса улар янги давлат – Русни барпо этдилар. Дарё қайиқларида улар ўз йўлларида кўпгина хавф-хатарга дуч келиб, ўзлари ҳам ҳатто, дўстларга ҳам ишонмасдан, ўтакетган жиноятчи каби кўринишида Каспий ва Қора денгиз бозорларига мум, асал, маржон ва қиличлар билан савдо қилишга жўнаганлар. Моллар билан савдодан ташқари бу ерда, айниқса, юқори талаб бўлган инсонлар – қуллар билан савдо олиб борилган. Уларга талаб юқори бўлган славян аёлларини жанубга сотишган.

Қадимги тангалар, интенсив алмашинувдан гувоҳлик бериб, ҳозирги пайтгача айрим жойларда сақланиб қолган. Қулларнинг улкан сони Африкадан ҳамда Марсель бозорларидан Марказий Осиёнинг турк қабилаларига келтирилган, улар ўзларининг довюраклиги билан юқори баҳоланган. Ҳарам оғаси сифатида фойдаланилган аёллар, эркаклар, ахта қилинган ўғил болалар, венециялик савдогарлар Европа билан савдо-сотиқнинг ўсишига ёрдам беришган. Ўрта ер денгизида қул савдоси шундай тарқалган, ҳатто итальянча “чао” саломи Венеция шевасидан келиб чиқади ва “мен Сизни қулингизман” маъносини билдиради.

Инсон трафиги устидан назоратга кураш зўрайди ва руслар хазарлар билан рўпара туришга кириб, Европа ва мусулмон дунёси ўртасида барча савдони ўзига тўғрилаб, Евросиё чўлларининг шимолида устун турган кучга айланди. Лекин Бағдод халифалиги кучсизланиб борди, дунёнинг таркибий қисмларга ажралиши кучайди. 10 аср охирларида ҳукм сурган қаттиқ совуқ иқлим иқтисодий қийинчиликларни кучайтирди. Савдо маркази русларнинг ва ички қийинчиликларнинг таъсири остида Бағдоддан Константинополга кўчди. Марказий Осиёнинг ўзида мусулмон сулолаларига раҳбарлик ҳарбий тизимда узоқ вақт давомида хизмат қилган, турклар томонидан бошқариладиган янги тузилмалар ташкил этилди. Иззатли ҳарбий бошлиқлар Ғазнавийлар династиясини (шарқий Афғонистонда), бошқа турклар эса – иккита империя ўртасида чегара бўлган Оксус (Амударё) дарёсидан ўтадиган Қорахонийлар империясини ташкил этдилар. Бағдод кўпгина маҳаллий ҳукмдорлар учун қимматли ўлжа сифатида кўриниб қолди. Лекин омад “бургут каби тезкор ва бўри каби оч” – қул-аскарларни империя даражасига кўтарган салжуқларга насиб этди.

Салжуқийлар Константинополни эгаллашдан манфаатдор эмасдилар, уларнинг қизиқишлари Қуддусга, Фотимийлар (шиалар) халифалигига қарши турган ҳолда, Мисрни забт этишга қаратилганди. Византия империяси ва салжуқийлар фақат 1090 йилларга келибгина, яъни салжуқийлар ҳукмронлиги парчаланишни ва янги шаклланаётган салтанатлар минтақа барқарорлигига таҳдид солишни бошлаган бир пайтда жанжаллашиб қоладилар. Шунда Византия императори Рим черковидаги диний мунозараларни четга суриб қўйиб, эътиқодсизлар билан курашда Папага мурожаат қилади. Муқаддас Ер хавф остида, деган даъват Бутун Европа бўйлаб тарқалади. Шарққа томон янги кучлар тўплана бошланади.

Жаннат, дўзах, ўлим ва вайроналик Европа трансформация томонда

1099 йил 15 июлда Қуддус Биринчи салб юришлари рицарларидан енгилади. Шарққа томон уюштирилган саёҳат ўта мураккаб бўлиб чиқди. Кўпчилик жангларда, касаллик ва очликдан ёки асирга тушиб, белгиланган манзилгача етиб бора олмади, унга етганлар эса, бахтдан ёки шаҳар деворларини кўриб, қувонганидан йиғлаб юбордилар. Олти ҳафталик қамалдан сўнг Қуддус таслим бўлди ва ҳақиқий қирғинбарот бошланди. Византиялик рицарлар эмас, европалик (Нормандия, Франция ва Фландриядан бўлган) насронийлар келгуси икки юз йил давомида ғалабани ушлаб қолишга интилган ҳолда, юз йиллаб назорат қилган ва янги мустамлакаларга асос солган мусулмонларни қира бошлайдилар. Улар Қуддусга томон йўлни жаннатга томон йўл деб қабул қиладилар.

Бироқ мусулмон оламида насронийлик ғалабаси лоқайдлик билан кутиб олинди. “Сизлар алдамчи хавфсизлик соясида дам олаётган бир пайтда, Суриядаги оғаларингиз ўзларига туя эгари ва қузғуннинг жиғилдонидан бошқа макон тополмай ётибдилар”, – деб ғазабланганди бир қози Бағдоддаги халифа саройида.

“Сизлар алдамчи хавфсизлик соясида дам олаётган бир пайтда, Суриядаги оғаларингиз ўзларига туя эгари ва қузғуннинг жиғилдонидан бошқа макон тополмай ётибдилар”, дейди Бағдод қозиси Халифага

Бағдод ва Қоҳира учун насронийларни истило қилиш бир-бирига душман бўлган шиалар ва суннийларни назорат қилишдан афзалроқ эди. Ибн-Халдуннинг ёзишича, 10-11 асрларда мусулмонлар энг катта флотга эга бўлган ҳолда, Ўрта ер денгизи ҳамда шимолий Африка ва Европа ўртасидаги савдо йўлларини назорат қилишда давом этиб турадилар. Бироқ уларнинг роли Италия шаҳар-давлатлари таъсири остида сезиларли даражада сусайган эди.

Италия коммуналари шарқий Ўрта ер денгизида савдога катта қизиқиш борлигини билганларидан, аллақачон уларнинг қўл остиларида Константинополь ва Византиянинг бошқа шаҳарларида савдогарларнинг доимий маконлари бор эди. Савдо-сотиқ Италиянинг иқтисодий ривожланишига ёрдам берди. Бу ерда бойлик шу қадар тез тўпландики, 11 асрга келиб Пиза шаҳрида епископ энг баланд минора қуриш бўйича элита ўртасида ўтказилган мусобақани таъқиқлаб қўйишига тўғри келди. Италия шаҳар-давлатлари Қуддусни забт этишнинг тижорий фойдасини ўзлари учун тезда тушуниб етдилар. Улар истило қилинган шаҳарлардаги бозорларни ҳамда солиқдан озод этилган ҳарбий ўлжанинг учдан бир қисмини, масалан “Венеция тақводорлиги ва хасислиги”ни олиш эвазига салиб юришлари қатнашчиларига озиқ-овқат олиб кира бошладилар ҳамда Европа билан алоқа ўрнатишга ёрдам берадилар. Венеция Ўрта ер денгизидаги Пиза ва Генуя ўртасидаги шавқатсиз кураш устидан назоратни амалга оширишда ғолиб бўлди. У қулай географик жойлашув ва барқарор иқтисодиётга эга эди. Венеция дожлари мусулмон ерларига янаям кўпроқ кириб бориш мақсадида Қуддусдаги ғарбий ҳукмдорларни қарз билан таъминлаб турдилар.

Бироқ мусулмонлар ва насронийлар ўртасидаги муносабатлар нисбатан барқарорлигича қолди, улар ўртасидаги низонинг кенгайиши эса, фақат 1170 йилларнинг охирига бориб содир бўлди. Икки томон ҳам ўзаро билим алмашиб турди – Ғарб олимлари Антиох ва Дамашқ кутубхоналаридан мусулмон олами асрларини фаоллик билан тадқиқ этадилар ва ўқиб борадилар. Шарқ чекланган насроний Ғарбга қараганда, анча нафис эканлиги аён эди. Европанинг интеллектуал ва иқтисодий тараққиёти мусулмон олами, Константинополь ва Византия империяси билан бўладиган савдо-сотиқ орқали амалга оширилди. Шиша, металл, ёғ, вино, туз, ипак, пахта, зиғир, матолар, зираворлар Европанинг “ривожланаётган” бозорларига ташқаридан олиб кирилди.

Талаб – савдони, савдо – рақобатни, рақобат – муносабатларни кучайтирди. Византияликлар ва венецияликлар ўртасида адоват пайдо бўла бошлади ва бу душманчиликда қайси томон лашкарбошисининг юлдузи Саладин (Салоҳиддин) номи билан Мисрга кириб борса, ана шуни ўз фойдаси деб биларди. Саладин, Суриядаги ерларни бирлаштириб ва Мисрда мустаҳкамланиб олгач, 1187 йилнинг июль ойида Хаттиндаги жангда узоқ вақт ичида илк маротаба салбчиларни мағлубиятга учратди, икки ой ўтгач эса, Қуддус мусулмонларга таслим бўлди. Шаҳарни қўлга олишга қаратилган бир неча беҳуда уринишлардан сўнг, европаликлар Константинополни моддий нуқтаи назардан анча қимматбаҳо деб тасаввур қилган ҳолда, бу ерга ўз эътиборларини қаратишди.

1202 йилда Венеция салбчилари кўзи ожиз Энрико Дандоло Дожи бошчилигида Дальмациядаги Задар шаҳрини қўлга оладилар. Шаҳар халқи дин бўйича ўз оғаларининг қурбонига айланганига ишонмай деворларга хоч осиб қўйдилар. 1204 йилнинг март ойи охирларида диндошлар – венецияликлар томонидан энг катта насроний шаҳар бўлган Константинополни қамал қилиш бошланади. Византияликлар “худонинг душманлари” деб эълон қилинади. Константинополь Ғарб насронийлари томонидан қўлга олинганидан сўнг унинг бойликлари ғарбий Европанинг черковлари ва бутхоналарига тарқалиб кетади. Дандоло эса, София черкови (Аё София)да дафн қилинган биринчи одам бўлади.

Византия империяси парчаланади, Италиянинг Пиза, Генуя ва Венеция каби шаҳар-давлатларини идора қилиб келаётган европликлар эса, янада стратегик манзиллар учун кураш бошлашга киришадилар. Ғарб рицарлари Осиёдан гўё рицарларга ёрдам бериш мақсадида руҳоний Иоанн йўлбошчилигида қўшин бостириб келаётгани тўғрисида миш-мишлар юрган вақтда, ўз эътиборларини Мисрга қаратадилар. Осиёдаги қудратли насроний давлат ҳукмдори Иоанн ҳақидаги афсоналар европаликларнинг салжуқийлар империясидан ташқарида нима борлиги тўғрисида нақадар кам нарса билишларини кўрсатди. Европага бостириб келаётган қўшин осиёлик насронийларнинг қўшини эмасди. Бу жаннатга эмас, дўзахга томон йўл эди, чунки, бў йўлда мўғул қўшинлари келаётган эди.

11 асрнинг охирларига келиб, мўғуллар “ҳайвондай яшайдиган, на эътиқоди, на қонунлари бор, бир жойдан бошқа жойга кўчиб юрадиган” Хитой чегарасида истиқомат қиладиган қабилалардан бири эди холос. Замондошларнинг айтишларича, улар ҳам гуннлар сингари “итлар ва сичқонларнинг терисини кийиб юрганлар”. Бироқ мўғулларнинг обрўси уларнинг тарқоқ дайдилигидан эмасди. Аксинча – улар ер юзида улкан империя ўрнатишдек аниқ стратегик мақсадларга эга бўлган ўта тартибли ташкилотга бирлашган эдилар. Кўп сонли ва турли даражадаги кучларни тўплаган Чингизхон уларнинг буюк етакчиси эди.

Мўғуллар Хитойга уюштирган муваффақиятли юришларидан сўнг ўз ерларини янада кенгайтириш учун қулай имконият пайдо бўлади. Мусулмон оламининг марказий ҳокимияти кучсизланган, Хоразм ҳукмдори эса, Шарққа – Хитойга томон юриш қилишни тасаввур қилган ҳолда, ўзаро ички низолар билан банд эди. Бироқ, Хитой истилоси ушалмас орзуга айланади, Хоразмшоҳ эса  империясини парчалаган мўғуллар қувғинидан сўнг Каспий денгизидаги оролда ҳалок бўлади.

Маҳаллий тарихчиларнинг гувоҳлик беришича, “мўғуллар ҳаммани – эркакларни ҳам, аёлларни ҳам, болаларни ҳам қирғин қилганлар”. Чингизхон зўровонликнинг ўзига хос турини қўллаган: бир шаҳарни қириб ташлаб, бу билан бошқа шаҳарларни қўрқитган ҳамда уларни тинчгина ва тез таслим бўлишга мажбур қилган. Масалан, Нишопур бутунлай қириб ташланган, ҳатто итлар, мушуклар, чорва ҳайвонлари ҳам бўғизланган, мурдалар эса, даҳшатли пирамидалар қилиб йиғилган.

Мўғулларнинг ваҳший босқинчиликлари ҳақидаги ваҳималар тез тарақала бошлайди – улар тинчгина таслим бўлганларни мукофотлаганлар ва қаршилик кўрсатганларни аёвсиз жазолаганлар. Чингизхон қўшини техник жиҳатдан жуда яхши таъминланган ҳамда стратегик жиҳатдан узоқни кўзлаган эди. Армия узоқ муддатли қамалларга вақтини сарфлаб ўтирмасди, чунки отлиқлар учун кенг яйловлар керак эди, кейин эса, қамал қилиш санъатидан хабардор бўлган ҳарбийлар ҳамда салбчилар томонидан илк марта синовдан ўтказилган манжаник (катапульта) га эҳтиёж пайдо бўларди.

Ипак йўли устидан назоратни қўлга олиш унинг эгалари бўлмиш мўғулларни янги билим ва кўникмалар билан бойитди. Мўғулларнинг варварларга хос бўлган услуби ҳақиқатга тўғри келмасди – улар уста ва саноатчилар санъатини кўрсатган ҳолда шаҳарларни қайта қурар эдилар. Бир роҳиб мўғуллар Самарқандни истило қилганларидан сўнг бир қанча вақт ўтгач, шаҳар атрофидаги боғ-роғлар ва майдонларни тиклаш мақсадида у ерга хитойлик усталарни олиб кирганларини айтиб берганди.

“Мўғулларнинг варварларга хос бўлган услуби ҳақиқатга тўғри келмасди – улар уста ва саноатчилар санъатини кўрсатган ҳолда шаҳарларни қайта қурар эдилар.”

1227 йилда Чингизхон вафот этади, бироқ, унинг ўғли Угедей (Ўқтой) империяни Афғонистон ва Эрондан Россия, Корея, Тибет, Покистон ва шимолий Ҳиндистонгача кенгайтиради. 1241 йилда мўғуллар Европа юрагига бостириб кирадилар ва иккига ажралган ҳолда, Польша ва Венгрияга ҳужум қиладилар. Польша қиролининг қўшини йўқ қилингач, Европа ваҳимага тушади. Венгрия қироли Далмацияга қочади, Рим Папаси эса, Венгрияни ҳимоя қилганлар учун индульгенция эълон қилади, бироқ бу имтиёз ҳам катта қизиқиш уйғотмайди. Аммо мўғуллар Европадан манфаатдор эмасдилар, уларнинг мақсади куманларга бошпана бергани учун венгер ҳумдорини жазолаш эди. Қиролнинг кетидан қувиш Угедей ўлимидан сўнг, мўғуллар ўзлари учун янги буюк хон танлаш мақсадида ўз даштларига қайтганларидан сўнггина тўхтатилади.

Таҳдид пасайганидан сўнг европаликлар ушбу “босқинчилар” ҳақида маълумот олиш мақсадида мўғулларга элчилар жўната бошлайдилар.

Уларнинг қаршисида ғалати олам пайдо бўлганди. Бу ерда итлар, тулкилар ва бўрилар – озиқ-овқат саналади, одамлар сабзавотлар билан озиқланмас, бия сутини ичар ва кўпгина маданиятсизликлар билан шуғулланардилар.

Мўғуллар Папага қарши юриш қилиш билан таҳдид соладилар. Бундан эса, Европанинг айрим черковлари қўрқувдан бирлашадилар. Бироқ мўғулларнинг мақсади ночор Европа эмас, бой Хитой эди. Айнан Хитойда улар Юань сулоласига асос соладилар ва ҳозир Пекин жойлашган ерда янги пойтахт қурадилар. Мўғуллар, шунингдек, ислом оламига ҳам ваҳима соладилар – 1258 йилда улар Бағдодга “оч қирғийлардек” бостириб кирадилар, халифани қўлга олиб, латтага ўрайдилар ва унинг устидан отларни юргизадилар.

Шундан сўнг улар яна Европада пайдо бўладилар, Краковни қўлга оладилар ва Сурияга алоҳида қўшин жўнатадилар. Европа икки хавф ўртасида қолади – Мисрда мўғулларга ўхшаган одамлар томонидан бошқарилаётган босқинчилик режими пайдо бўлганди – мамлуклар-чўл кўчманчилари 1250 йилда Қоҳирани қўлга олгандилар. Мамлуклар (мамалик сўзидан олинган бўлиб, қул деган маънони англатади) Қора денгиз шимолида яшовчи қабилалар орасидаги қуллардан келиб чиққан бўлиб, энди улар Нилнинг ҳосилдор водийлари, савдо йўлларининг марказларни назорат қилаётган эдилар. Марказий ва Шарқий Осиёнинг кўчманчи қабилалари ўртасида ўрта аср цивилизациясини забт этиш учун олиб борилган кураш рамзий маънога эга эди – бу уларнинг сиёсий, маданий ва ижтимоий тизимининг ғалабасидан далолат берарди.

Мамлуклар 1260 йилда Айн-Джалутдаги жангда мўғуллар устидан илк маротаба ғалаба қозонадилар. Суриянинг мўғуллардан зарар кўрган шаҳарлари ёрдам сўраб мамлукларга мурожат қиладилар, насронийлар эса, аксинча, мўғулларни мамлукларга қарши ўзларининг иттифоқдошлари деб биладилар. Мўғуллар 1291 йилда мамлукларни охир оқибат яксон қилган бўлсаларда, насронийлар барибир Қуддусни қайтара олмайдилар – салибчилар ютқизадилар, бироқ ўрта аср ғарбини бутунлай ўзгартириб юборадилар.

Бу орада Италия шаҳарларида савдо-сотиқ тараққий этишда давом этади, Энди бу соҳа Миср ва Муқаддас ердаги ҳарбий ҳаракатлардан узоқда Қрим, Азовск денгизи, Арманистоннинг Сицилия шаҳрида янги мустамлакаларни асос солган ҳамда қуллар томонидан даромадли савдо-сотиқ қилишини амалга оширган ҳолда, Қора денгизда ривожланаётганди. Мўғуллар томонидан ўрнатилган паст тарифлар тизими ҳам Қора денгизда савдони ривожлантиришга хизмат қилади. Мўғуллар моҳир маъмурлар бўлиб чиқади. Мўғуллар билан бўлган алоқанинг натижаси ўлароқ, рус тилининг иқтисодий лўғатига барыш (даромад), деньги (пул), казна (ғазна) каби сўзларнинг кириб келгани бежиздан эмас.

Айрим олимлар, мўғулларнинг тўлов ва солиқлар йиғимининг марказлашмаган маъмурий бошқарув тизими Россия солиқ тизимининг такомиллашувига, бу эса, ўз навбатида унинг якка ҳукмронликка ўтишига, ёрдам берди, деб ҳисоблашади (масалан, рус ерлари учун Ўрдага тўлов йиғадиган Москва князи Иван Калита кучаяди).

Европа ва мўғуллар ўртасида элчилар, савдогарлар, дин тарғиботчилари ва саёҳатчилар қатнаб турди, турли маросимлар, пазандалик кўникмалари ва мода алмашинади. Бир саёҳатчи ёзганидек, Қора денгиздан Хитойгача бўлган йўл “кундузи ҳам, кечаси ҳам бутунлай хавфсиз бўлган ” ва “бу юрт саёҳатчилар учун энг хавфсиз ва энг яхши мамлакат ҳисобланган”. Замонавий хитой тилида ҳозир ҳам араб ва форс тилига тақлид қилинган иборалар учрайди.

Гуанчжоу портига хилма-хил товарларни ортган кемалар ҳар ердан келиб турган – Евроосиёнинг денгиз йўли савдоси ҳам ривожланиб боради. Мўғуллар молия тизимига кумушни олиб кирганлари сабабли, савдо-сотиқда кумуш тангалар асосий валюта бўлиб хизмат қилади.

Мўғуллар Европани вайрон этишни истамаган бўлсаларда, улар Қора ўлим – ўлат орқали деярли бунинг уддасидан чиқдилар. Кўп сонли аҳоли ва чорва моллари яшайдиган Евроосиё чўлларининг экологик ўзига хослиги Yersinia pestis бактериясининг ривожланишига қулай имконият яратди. Ушбу бактериялар бургалар, каламушлар ёки туялар ёрдамида тарқалди. 1346 йилда сирли касаллик Олтин Ўрдадан Қора денгизгача, Генуянинг Каффа портини ишғол этган мўғул қўшинларигача етиб борди. Мўғуллар қамални олиб ташладилар, лекин бунгача улар аҳолини ўлимтик ҳиди ўлдириш ниятида мурдаларни ирғитиб юбордилар. Мўғуллар шу тарзда, биологик атроф-муҳитни синаб кўрган биринчилардан бўлганлар.

Европага томон бўлган савдо йўллари Қора ўлимга етакловчи йўлга айланади. Тартибсизлик, саросима, қўрқув турли оқибатларга олиб келади – ўлат “қиёматнинг бошланиши”, “Худонинг жазоси” туфайли содир бўлди, деган гаплар юради, ибодат қилишга, рўза тутишга, шаҳвоний ишлардан, жинсий алоқадан тийилишга, ювинмасликка, жанубий шамол томонда турмасликка даъват этилади. Германияда дарё ва кўлларнинг заҳарланиши яҳудийлар томонидан содир этилди, деб гумон қилинади ва уларга қарши қирғин уюштирилади. Германия аҳолисининг камида учдан бир қисми ўлат қурбонига айланади.

“Марказий Осиёда Темур салтанати пайдо бўлади ва қулайди, Константинополь Усмонли турклар томонидан ишғол этилади, улар бошқа динларга нисбатан очиқ ва бағрикенг бўлиб чиқадилар ҳамда Испаниядан қочган яҳудийларга бошпана берадилар.”

Европа аҳолисининг кескин камайиши минтақанинг ўзгаришига олиб келди ва унинг келгуси ғалабасига жиддий таъсир кўрсатди: ижтимоий зинапоядаги кўплаб тўсиқларни бартараф этган ҳолда, меҳнат етишмовчилигини кучайтирди ва ойлик маошларнинг ошишига, деҳқонлар, ишчилар ва ҳатто аёлларнинг кучайиши ва дворянларнинг заифлашувига олиб келди. Бойликларнинг нисбатан тенг тақсимланиши зеб-зийнат буюмларига бўлган талабни оширди ва европаликлар кўп нрсаларни, жумладан матоларни ҳам ўзлари ишлаб чиқара бошладилар. Одамлар яхши овқатлана ва узоқ яшай бошладилар. Ишлаб чиқариш унумдорлиги ошади ва бу билан келгуси саноат инқилобининг юзага келишига асос яратди. Уйғониш санъати ва усталари гуллаб-яшнайди.

Осиё билан бўлган савдо-сотиқ валюта етишмовчилиги билан белгиланган кредит инқирози юзага келгунга қадар жадал ривожланди. Одамлар яна ҳалокат бошланишини сеза бошлайдилар. Марказий Осиёда Темур салтанати пайдо бўлади ва қулайди, Константинополь Усмонли турклар томонидан ишғол этилади, улар бошқа динларга нисбатан очиқ ва бағрикенг бўлиб чиқадилар ҳамда Испаниядан қочган яҳудийларга бошпана берадилар.

Европа мутаассибликка берилган эди. Яҳудийлар ва мусулмонлар таъқиб остига олинганди. Диний ҳукмдорлар Қуддусни яна ишғол этишга ҳаракат қила бошлайдилар ва ўзлари учун Осиёдан бой иттифоқчиларни қидиришга тушадилар. Бу орада мунажжимлар ва картографлар Осиёга денгиз орқали боришни уқтирадилар. Муқаддас ер ҳақида орзу қилган Кристофер Колон (Колумб номи билан машҳур) 1492 йилда Испания жанубида учта кема тайёрлайди. Колон ўзи шубҳа қилмаган ҳолда, тараққиёт марказини Шарқдан Ғарбга кўчириш учун йўлга чиқади. Ундан беш йилроқ аввал Лиссабондан узоқ денгиз сафарига отланган Васко да Гама Европани янги тараққиёт босқичига йўналтирмоқчи бўлган эди. Тўсатдан қитъа Ипак йўлларининг сўнгги манзили бўлишдан тўхтайди ва дунё марказига айланади.


Total
40
Shares

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*
*