Муҳаммад Темур АЪЗАМ (Темур Худайбердиев) – Ўзбекистонда иш бошлаган AzonTV онлайн телеканали директори. 1989 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. Ўзбекистон Миллий Университетининг журналистика факультетини тамомлаган. “Ўзбекистон овози” газетаси ва “Гулистон” журналида фаолият юритган. Рус тилидан таржималар қилади. Севимли китоблари: Мурод Муҳаммад Дўстнинг “Лолазор” романи, Достоевскийнинг “Жиноят ва жазо” ҳамда “Телба” романлари. 2019 йилнинг 10 февраль куни Ўзбекистонда AzonTV онлайн телеканали ўз фаолиятини бошлади. Мазкур телеканал Ўзбекистонда онлайн тарзда фаолият олиб борувчи илк илмий-маърифий телеканал ҳисобланади. AzonTV қандай телеканал, томошабинлар ундан қандай дастурларни кутиши мумкин ва бошқа саволлар билан Uzanalytics.com мухбири Муҳаммад Темур Аъзамга мурожаат қилди.

AzonFM ва Azon TV ни ташкил этиш ғояси қандай пайдо бўлган?

– Azon.uz ахборот-таҳлилий портали 2017 йилнинг август ойида иш бошлаган эди. Сайт ўз фаолиятини бошлаган вақтдаёқ онлайн радио ва телевидение фаолиятини йўлга қўйиш фикримиз бор эди. Шу сабабли сайт доирасида доимий равишда видеоинтервьюлар қилиб борилди. Ўз навбатида тайёрланган видеоматериалларнинг аудио вариантини ҳам тайёрлаб қўя бошладик. Натижада 2017 йилнинг декабрь ойида АzonFM онлайн радиоси ўз фаолиятини бошлади.

Тўғрисини айтадиган бўлсак, AzonTV лойиҳаси беш йиллардан кейин ишга тушиши керак эди. Аммо ахборот бозорида бунга эҳтиёж бор эканлиги, шунингдек, Ўзбекистонда ҳали росмана онлайн телеканал йўқлиги бизга ўзгача илҳом берди ва AzonTV лойиҳаси устида 2018 йилнинг ноябрь ойида иш бошладик. 2019 йилнинг 10 февраль санасида телеканалимиз расман ўз фаолиятини бошлади.

Радио ва ТВ канал қандай аудиторияга мўлжалланган?

– Бизнинг аудиятория бошиданоқ 7 ёшдан 70 ёшгача бўлган одамларга мўлжалланган. Айниқса, радиода бу жиҳатларга жиддий эътибор қаратган ҳолда болалар учун ҳам эшиттиришлар тайёрлагандик. ТВда ҳам бу ишни амалга ошириш режамиз бор. ТВда шунингдек, аёллар ва кексалар учун мўлжалланган алоҳида кўрсатувлар бўлиши назарда тутилган.

Радио ва ТВ даги энг оммабоп эшиттириш қайси ва улар нима ҳақида?

– Радиода энг оммалашган эшиттириш “Саодат манзиллари” бўлган. Баъзи сабабларга кўра бу дастур тўхтаб қолди. Яқин орада давом эттириш ниятимиз бор. Мазкур эшиттиришда турли рукнлар мавжуд бўлиб, ҳар бир инсонни саодат сари етаклайдиган амалларни яна бир бор эслатиш мақсадида ташкил этилганди.

ТВда айни пайтда “Нигоҳ” кўрсатуви анча оммалашди. Мазкур дастурда юртимизнинг таниқли уламолари билан туркум суҳбатлар бериб бориляпти. Томошабинларга маъқул келаётганини улар билдирган фикрлардан англаб оляпмиз.

Шунингдек, қисқа савол-жавоблар устига қурилган “Йўловчи” кўрсатувимиз ҳам анча оммалашди. Унда одамларга тўртта савол берилади. Ҳаммасига жавоб берилса, ҳомийимиз “Qamar” китоблар дўкони томонидан тақдим этилган китоб совға қилинади. Охирида иштирокчи супер ўйинга таклиф этилади ва ўз ютуғини бой бермаган ҳолда қимматбаҳо китобни ютиб олиши мумкин бўлади.

Azon.uz сайтингиз қай даражада таниқли ва бир кунда неча киши ушбу сайтга ташриф буюради?

– Azon.uz фаолиятини бошлаганидан бери кундан-кунга муштарийлари сони ортиб бормоқда. Айни пайтда сайтимизга бир кунда ўртача 10-15 минг киши мурожаат қилади. Телеграм каналимизга уланганлар сони 28 мингдан ошди, фейсбук саҳифамизда 20 мингга яқин обуначи бор. Таъкидлаш ўринли, биз шу кунгача обуначилар сонини кўпайтириш мақсадида ҳеч қандай реклама қилмаганмиз.

Сайтингизни қанча одам ўқийди ва ўқувчилар сизга нималар ҳақида ёзадилар?

– Сайтдаги ўқишлар сони 30 минг атрофида бўлади. Одамларнинг фикри турлича, кимдир мақтайди, кимдир ёмонлайди, ҳатто сўкади ҳам. Бироқ бизнинг ўз олдимизга қўйган мақсадимиз бор. Шу боис негатив фикрларга у қадар эътибор бермаймиз. Мақтовларга ҳам учмасликка интиламиз, мақтовлар одамни йўлдан оздириши мумкин.

Сайтингизда улар қандай материалларни ўқишни исташади?

– Сайт ўқувчилари таҳлилий мақолалар ва илмий материалларга кўпроқ эътибор қаратишади. Шунингдек, глобал мавзуда янгиликларга ҳам эътибор яхши. Биз мақола тайёрлашда бу каби жиҳатларни инобатга олишга ҳаракат қиламиз.

Сайт исломий йўналишдаги бошқа сайтлардан нимаси билан фарқ қилади?

– Бизнинг сайтимиз расман исломий сайт эмас. Лицензия ҳам илмий-маърифий деб берилган. Ўзбекистонда диний мавзуда мақолалар берадиган мустақил сайтлар кўп эмас. Аксари масжид ва вакилликларнинг сайтларидир. Бизнинг асосий фарқимиз шуки, Azon.uz да улардан кўра кўпроқ мақолалар чиқади, турли хабарлар тайёрлашга ҳам катта эътибор қаратилади. Сайтнинг ўзида 10 нафардан кўпроқ одам меҳнат қилади.

Радио ва ТВ учун материалларни қандай тайёрлайсиз, уларни тайёрлаш қай даражада қийин?

– Радио учун материал тайёрлаш бирмунча осонроқ. Сабаби бунда овоз ва унинг сифати муҳим. ТВ материаллари эса умуман бошқа масала. Бу ерда тасвир, камеранинг жойлашуви, монтаж – яхшигина вақтни оладиган жараён. Гоҳида бир кўрсатув устида 10 кунлаб меҳнат қиламиз. Ташқаридан қараганда бир кўрсатув қандайдир 15-20 дақиқада ўтиб кетади. Аммо унинг ортида катта машаққат ётган бўлади.

Диний сайтда журналист бўлиб ишлаш қийинми?

– Албатта қийин. Сабаби, менинг диний илмим йўқ. Фақат журналистика бўйича расмий таҳсил олганман. Раҳматли дадам берган тарбия, бобо ва бувилардан ўрганганимиз, қолаверса, кейинчалик шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг китобларини ўқиш орқали бу борада ҳам бирмунча тасаввур пайдо бўлган. Ҳозир ҳам ҳар дақиқада ўрганишдан тўхтамаймиз. Чунки диний соҳа жуда нозик ва бу йўналишда қилинган хато жуда қимматга тушиши мумкин.

Мамлакатда диний журналистика шаклланмоқда деб ҳисоблаш мумкинми?

– Қайсидир маънода, ҳа, шаклланяпти. Юқорида айтганимдек, кўплаб масжидлар ва вакилликларнинг сайтлари очилмоқда ва улар журналистларни ҳамкорликка чақирмоқда. Бу эса, ўз навбатида, диний журналистика шаклланишига хизмат қилмоқда деб ўйлайман.

Сизнингча, у дунёвий журналистикадан қандай фарқланиши керак?

– Диний соҳада фаолият кўрсатмоқчи бўлган журналист олимларнинг китобларини ўқиб, маълум бир тасаввурга эга бўлиши зарур деб ҳисоблайман. Чунки ундан чиқадиган ҳар қандай маълумот катта воқеликка айланиш эҳтимоли катта. Шу боис бир сўз устида жиддий ишлаш керак. Кейин зарарли одатлардан холи бўлса, ҳар томонлама яхши бўлади.

Нашрларингиз учун журналистларни қандай тамойиллар бўйича танлаб оласиз, у диндор бўлиши керакми?

– Журналист танлашда биринчи навбатда унинг маҳоратига қараймиз. У диндор бўлиши шарт эмас. Аммо намоз ўқиса, юқорида айтганимдек, зарарли одатлардан холи бўлса, янада яхши бўлади. Азон жамоасида намоз ўқимайдиган ходимлар ҳам бор. Биз уларга сира ёмон гапирмаймиз. Чиройли гапирамиз. Зеро, Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам “Дин насиҳатдир” деганлар. Шунга амал қиламиз.

Ислом мамлакатларидаги қайси ТВларга қараб телевидениени ташкил этгансиз ёки бу алоҳида сизнинг ўз ғоянгиз бўлганми?

– Телеканални ташкил этишда ҳеч бир давлат каналидан андаза олинмаган. Тўғри, бизни илҳомлантирган каналлар бор. Аммо улардан аниқ бир йўналишни олмаганмиз. Чунки улар фаолият кўрсатаётган юртнинг одамлари бошқача, бизнинг одамлар бошқача. Биз шу жиҳатларни инобатга олиб Ўзбекистон шароити учун мос бўлган телеканални ишга тушириш йўлида ишлаганмиз.

Келажак режаларингиз қандай? ТВ, радио ва сайт қандай ривожланади? Ахборот узатишнинг янги шакллари бўладими?

– Келажак режалар ҳақида гапирсак, энг биринчи навбатда ўзимизнинг ТВ павильонимизга эга бўлишимиз зарур. Бу жуда муҳим жиҳат. Кейинги босқичда эса ТВни росмана телеканал сифатида фаолият кўрсатишини таъминлаш ва уни ҳар қандай одам ўз уйида ўтирган ҳолда телевизори орқали томоша қилишига эришиш.

Бизда жуда кўплаб кўрсатувлар лойиҳаси бор. Аввало Аллоҳнинг фазли, сўнгра томошабинларимизнинг дуолари билан ушбу мақсадларни амалга оширмоқчимиз.

Azon.uz сайтида таҳлилий мақолалар борми? ТВ, радио ва сайтга реклама жалб қилинадими?

– Сайтда таҳлилий мақолалар бор, албатта. Мавзулар диний ва ижтимоий йўналишларни қамраб олади. Ўзбекистон ва хорижда бўлаётган воқеалар юзасидан таҳлилий мақолалар бериб борилади. Шунингдек, чет эл нашрларида чиққан таҳлилий мақолаларни ҳам таржима қилиб берамиз.

ТВ ва радиога реклама жалб қилишимиз зарур. Сабаби харажатларимизнинг бир қисмини ўзимиз қоплашимиз керак, деб ўйлайман. Айни пайтда аниқ реклама берувчимиз йўқ. Лекин маркетинг бўйича ходимларимиз бу борада иш олиб боришяпти.

Total
143
Shares

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*
*