Жаҳон харитасида СССРнинг парчаланиб ва йўқолиб кетиши оқибати ўлароқ унинг ҳудудида ХХ асрнинг 90-йиллари бошида қатор мустақил давлатлар ташкил топди. Ҳозир уларни “МДҲ давлатлари” деб аташ русумга кирди. Уларнинг ичида Марказий Осиёнинг ўртасида жойлашган мамлакат – бу Ўзбекистон Республикаси – ўзининг ўтган 27 йиллик мустақиллик даврида фуқароик жамияти қуришга доир қатор ислоҳотларни амалга оширди.

Муаллиф


Муқимжон Қирғизбоев, сиёсий фанлар доктори, профессор, Ўзбекистон журналистика ва оммавий, коммуникациялар университети Умумтаълим, фанлар кафедраси мудири

Ўтган давр тажрибаси шуни кўрсатдики, фуқаролик жамияти Европанинг янги ва эски дунёсидаги мамлакатлар каби фуқаролик жамияти қуриш босқичларини босиб ўтиши анча мушкул ва машаққатли ўтиш даври бўлишини тақозо этар экан. Айниқса, Марказий Осиё минтақаси тарихида бозор иқтисодиётига асосланган тажриба ва капиталистик муносабатлар йўлини босиб ўтмаганлиги, бу минтақадаги давлатларнинг ҳар бирида бозор иқтисодиётига хос ягона миллий бозорнинг ривожланмаганлиги каби ҳолатлар фуқаролик жамияти қуриш ислоҳотларини жадал ривожланишига ғов эканлигини таъкидлаб ўтиш лозим. Қолаверса, миллий менталитет, маданият, маънавият, миллат руҳияти каби жиҳатларнинг демократик қадриятларни ўзлаштириш учун ҳали тайёр эмаслиги ҳам ўзини намоён қилиши натижасида “фуқаролар фаоллиги” ёки нодавлат нотижорат ташкилотлар (ННТ) ташаббусларини унчалик сезилмаслиги ҳам ўтиш даври ислоҳотларига салбий таъсир этмоқда.

Шу билан бирга, фуқаролик жамиятининг иқтисодий таянчи, фуқаролик жамиятига ўтишда асосий иқтисодий ва сиёсий куч сифатида намоён бўладиган ўрта ижтимоий қатламнинг ҳали шаклланиб бўлмганлиги омили ҳам фуқаролик жамияти ривожланишига имкон бермаётганлиги сезила бошланди. Жамиятдаги ижтимоий қатламларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини сустлиги сиёсий партияларнинг демократик принциплар асосида фаолият юрита олмаслигига сабаб бўла бошлади. Жамиятдаги ана шу ҳолатлар ҳозирги даврда ҳар бир мамлакатда фуқаролик жамиятини ривожланиш йўли турли хилда ва турли мезонларда бўлишини тақоз эта бошлади. Шимолий Америка ва Европа мамлакатлар фуқаролик жамияти қуришдан аввал индустриал жамиятни барпо этганлиги, саноат ва технологияларни юксак даражада ривожланганлиги, хусусий мулкчилик иқтисодиётнинг асоси даражасига кўтарилганлиги каби тажрибалар Марказий Осий давлатлари жамиятларида энди шаклланиш босқичини ўз бошидан кечираётганлиги ҳам ҳозирги ислоҳотларни амалга оширишда турли муаммоларни келтириб чиқармоқда.

Шунингдек, аҳолининг сиёсий ва ҳуқуқий маданияти ҳал олдинги анъаналардан тўлиқ халос бўлмаганлиги, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ва демократиқ қадриятлар фуқаролар дунёқарашида намоён бўлиши каби жараёнлар ҳам иқтисодий ва сиёсий омиллар билан боғлиқ ҳолда секин кечаётганлиги ҳам ўтиш даврининг катта муаммоларидан бири сифатида ўзни намоён қилмоқда.

Шунингдек, фуқаролик жамиятини ривожлантиришдан асосий манфаатдор бўлган ва бу каби жамиятга кучли эҳтиёж сезаётган асосий ижтимоий қатлам – мулкдорларнинг кичик бизнес корхоналари ҳам ҳали фуқаролик жамияти амал қилаётган АҚШ ҳамда Европа мамлакатлари даражаситга етгани йўқ (қаранг: жадвал 1).

Жадвал 1

Манба: Информация о состоянии и развитии малого бизнеса и частного предпринимательства в Узбекистане 

Марказий Осиёдаги жадал ривожланиш йўлини бошлаган Ўзбекистон Республикасида 2017 йилдан бошланган фуқаролик жамияти қуриш ислоҳотларини янада чуқурлаштириш зарурияти хорижий тажрибаларни янада кенгроқ ўрганишни долзарб вазифа сифатида ҳаёт кун тартибига қўймоқда. Фуқаролик жамияти қуришда Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистон мамлакатлари, учун хос бўлган муаммолар асосан қуйидагилардан иборатдир:

  • бу мамлакатларда жамият ва давлатни бошқаришда ҳамон миллий анъаналардан воз кечиш жараёнлари секинлик билан кечмоқда;
  • жамиятдаги ижтимоий-иқтисодий ҳолатга мутаносиб ҳолда ижтимоий қатламлар ўзлари иштирок этаётган нодавлат нотижорат ташкилотларни (ННТ) молиявий жиҳатлардан таъминлашда пассивлик қилмоқда;
  • мамлакат ўтиш даврини ўз бошидан кечираётганлиги сабабли аҳоли ўз манфаатларини ННТ воситасида қондириш тажрибасини ҳали тўлиқ эгаллагани йўқ;
  • мамлакатда демографик жарёнлар кучли тарзда кечмоқда. Бу жараён давлатнинг иқтисодий-молиявий салоҳиятини ривожланишига ҳалал бермоқда. Масалан, Ўзбекистонда ҳар йили аҳоли 1,4-1,5 фоиз ўсгани ҳолда, ялпи ички маҳсулот 5-6 фоизга ўсмоқда;
  • фуқароларнинг демократик принципларга хос ҳуқуқий ва сиёсий маданияти энди ўз ривожланиш босқичини бошлади.

Ҳозирги даврда Ўзбекистонда ННТ сони 1991 йилдаги 200тадан 2018 йилда 9200 тага кўпайди. Мамлакатда аввал бир париявийлик тизими ҳукмрон бўлган бўлса, ҳозир мамлакатда 4 та сиёсий партия фаолият юритмоқда. 16 та йирик тармоқлар касаба уюшмалари фуқароларнинг ижтмимоий манфаатларини қондиришга ҳаракат қилмоқда. 10.000 га яқин ўзини ўзи бошқариш органлари, 1500 та оммавий ахборот воситалари (уларнинг аксарияти хусусий ва мустақил) фаолият юритмоқда.

Ўзбекистонда фуқаролик жамиятини ривожланиши асосан 2017 йилга келиб бошланди. 2016 йил охирида Ш.М.Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайланиши билан фуқаролик жамияти қуриш соҳасида бир неча ўн йилларга тенг бўлган ўзгаришлар амалга оширилди. Дастлаб, фуқаролик жамиятини ривожланишига тўсиқ бўлиб турган тўсиқ – ижроия ҳокимияти тизимини ҳуқуқий давлат талаблари асосида ислоҳ этишга муҳим аҳамият берилди. Зеро, фуқаролик жамияти фақат демократик принциплар асосида фаолият юритадиган давлат шаротидагина ривожланиши мумкин.

Дастлаб фуқаролик жамияти қуришга асосий тўсиқ бўлиб турган давлат ижроия ҳокимияти тизимини фақат бошқариш органи эмас, балки фуқароларга давлат хизмати кўрсатиш органига айлантиришга доир ислоҳотларни амалга оширди. Бу соҳадаги ислоҳотларга “халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” принцип асос қилиб олинди. 2017 йил “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилинди. 2016 йил 28 декабрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони эълон қилинди. Унга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхонаси ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида, шунингдек ҳар бир туман ва шаҳарда (туманга бўйсунувчи шаҳарлардан ташқари) Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхоналари тузилди. Қабулхоналар иши натижаси асосида фуқароларнинг турли соҳалардаги бюрократик тўсиқларга дуч келиши, қонунга зид бўлган кўплаб идоравий йўриқномаларни бекор қилиш, оптимал бўлган банк кредитлари ажратиш, тадбиркорлик бўйича ноқонуний текширишларга барҳам бериш ҳақида, ҳуқуқ-тартибот идораларининг фаолияти тубдан ўзгартиришга доир ишлар амалга оширилди[2]. Бир йил ичида халқ қабулхоналарига 1,5 млн.дан ортиқ мурожаатлар келиб тушди.

2017 йилнинг 8 сентябрида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонини қабул қилганидан кейин бошланди. “Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепцияси” мамлакатда ижроия ҳокимияти тизимини модернизациялашнинг ҳуқуқий асоси ва стратегик концепциясини мужассамлаштирди. Албатта, ижроия ҳокимияти тизимини халқ манфаатлари ва эҳтиёжлари асосида ишлайдиган бошқарув органига айлантириш – бу мамлакатда фуқаролик жамияти ва ҳуқуқий давлатга хос бўлган хусусиятлар ва белгиларни шаклланганлигини англата бошлади. Мазкур фармон билан “Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепцияси” тасдиқланди. Мазкур фармонда нафақат маъмурий ислоҳотларни амалга ошириш вазифалари, балки бу ислоҳотларнинг авж олишига ғов бўлаётган эски бошқарув усулларининг асоратлари, уларнинг қандай тарзда ва қандай ҳолатда давлат бошқарувини модернизациялашга имкон бермаётганлиги тафсилотларини атрофлича аниқлаб берди.

Концепциянинг мазмун-моҳияти ва унда қўйилган вазифалар ривожланган мамлакатлардаги давлат ижроия бошқаруви тизимини модернизациялаш тажрибаси билан миллий анъаналар ўзаро уйғунлашди. Мазкур концепцияга мувофиқ 2017 йил 12 декабрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Аҳолига давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди. Маълумки, қисқа давр – бир йил ичида мамлакатда давлат органларининг хизмат кўрсатишга доир фаолияти сифатини ошириш, тадбиркорлик субъектларига “ягона дарча” тамойили бўйича давлат хизматларини кўрсатишда мақбул шарт-шароитлар ва қулайликлар яратишга йўналтирилган комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди. Хусусан, 2017 йил 1 февралдан Тадбиркорлик субъектларига “ягона дарча” тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш ягона марказларининг туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари тузилмасидан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тасарруфига ўтказилиши мазкур соҳани ривожлантириш бўйича муҳим қадам бўлиб, вертикал бошқарувни шакллантириш, уларнинг самарали фаолиятини ташкил этиш имконини берди. Натижада ушбу марказлар томонидан кўрсатиладиган давлат хизматлари сони 100 тагача ошди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 11 апрелда қабул қилган “Давлат хизматларини кўрсатиш тизимини жадал ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ижроия ҳокимияти ва унинг маҳаллий тузилмаларини модернизациялашнинг янги босқичини бошлаб берди. Фармонда, биринчидан, ижроия ҳокимияти ва унинг маҳаллий тузилмаларини асосий фаолиятини аҳолига давлат хизмати кўрсатишга мослаштириш ислоҳотларининг вазифалари эълон қилинди. Унда давлат хизматлари агентликларига мурожаатлари давлат ҳокимияти органлари мансабдорлари фаолиятига доир ахборотлар, уларни ўз хизмат вазифаларини суистеъмол қилишларига доир хабарларни тезлик билан етказиб турувчи ўзига хос “халқ мониторинги”ни шакллантириш назарда тутилди. Натижада ижроия ҳокимияти фаолияти устидан нафақат жамоатчилик назорати, балки фуқаролар назорати амалга ошди.

Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистонда маъмурий ислоҳотларни амалга ошириш мақсадларидан бири – бу номарказлаштириш асосида фуқаролик жамиятини шакллантиришдир. Фуқаролик жамияти давлат органлари ҳокимиятлар бўлинишининг нафақат горизонтал, балки вертикал бўлиниши, яъни сайланадиган давлат органларининг ўзаро мувозанатда мавжудлиги шароитидагина ривожланиши мумкин.

Мамлакатда амалга оширилаётган ҳозирги ислоҳотлар даврида фуқаролик жамиятига оид назарий қарашлар ва амалий тасаввурларга эга бўлишдек янги долзарб вазифани ҳаёт кун тартибига қўймоқда. Айниқса, фуқаролик жамиятининг ривожланиш босқичлари, белгилари, омиллари, ривожланганлик даражаси каби кўрсаткичлар ўтиш даврини ўз бошидан кечираётган мамлакатлар учун ўз истиболларини белгилаш, янги вазифаларни қўйиш, ўз ривожланиш даражасини жаҳондаги бошқа мамлакатлар билан таққослашда муҳим аҳамият касб этади. Шу нуқтаи назардан қараганда ҳозирги даврда фуқаролик жамиятининг ривожланиш индексларига доир билимларга эга бўлиш – ўз даврини ўзи англаш демакдир.

Фуқаролик жамиятини тадқиқ этишнинг муҳим жиҳатларидан бири – бу унинг ривожланиш босиқичлари ва даражаларини ўлчашдир. Шу мақсадларда ҳозирги давр ижтимоий-гуманитар фанларида кўплаб турлича кўрсаткич ва индекслардан фойдаланилмоқда. Улар мамлакатлар ёки алоҳида минтақаларда фуқаролик жамияти даражасини таснифлашга имкон берадиган индекслар, шунингдек уларнинг демократиялашганлигига доир мезонлар кўрсаткичларидан иборатдир.

Индикатор – это бу бутун бир тизим ҳолати тўғрисида фикр юритиш имконини берадиган (мураккаб тизимга доир) ахборотларнинг бир қисми ҳисобланади. Ҳар қандай индикаторнинг ўсиб ёки ўзгариб бориши шарҳлашни ва тушунишни тақозо этади. Қолаверса, бир қарашда вазиятни баҳолай олиш учун ҳам индикаторларга нисбатан эҳтиёжлр юқори бўлиши табиий бир ҳолдир.

Индекслар ёрдамида фуқаролик жамиятининг турли жиҳатларини баҳолашга имкон туғилади: турмуш кечириш сифати, аҳолини ўзини ўзи ҳис қилиши, эркинлик даражаси, сиёсатга таъсир қилиш даражаси, асосий сиёсий институтларга фуқаролик ишончининг ўлчами, ижтимоий секторнинг фаоллиги, сиёсий ва фуқаролик иштирокининг даражаси ва ҳоказо.

Олинган кўплаб натижаларнинг бир хил маъноли эмаслиги ва ноанъанавийлиги уларнинг асосида кенг умумлаштиришларни ва истиқболли хулосаларни олишга имкон бермайди; лекин, шу билан бирга, олинган бу натижалар ижтимоий ва сиёсий ўгаришларни очиб бериши мумкин, алоҳида олинган мамлакат ёки унинг минтақаларини қиёсий таҳлил этишга имкон беради.

Кўпинча индексларни ҳисолаб чиқишнинг эмпирик базаси репрезентатив териб ва танлаб олиш (жинс, ёш, маълумотлилик ва ҳудудий туманлаштириш бўйича ҳисса ёки улушни ҳисобга олган ҳолда) бўйича вақти-вақти билан аҳолидан сўровлар воситасида олинган маълумотлардан иборат бўлади. Биз бунда кўпроқ аҳамият касб этадиган фуқаролик жамиятининг ривожланиш ва унинг демократиялашганлик даражалари кўрсаткичлари ва индекслари баъзи бирлари тўғрисида фикр юритамиз.

Фуқаролик жамиятининг индекси (CIVICUS Civil Society Index). 2005 йилдан бошлаб МДҲ мамлакатларининг баъзиларида фуқаролик жамиятининг индекси (CIVICUS Civil Society Index) “Фуқаролик иштироки учун бутун жаҳон итиифоқи” ташкилотининг лойиҳаси асосида ўтказила бошланди. Лойиҳа фуқаролик жамияти ташкилотларини тадқиқ этиш ва фуқаролар фаоллигини рағбатлантиришга қаратилди. Индекс фуқаролик жамияти структураларининг ҳолати, улар яшаётган ва ишлаётган ташқи муҳит, фуқаролик жамияти ташкилотлари амал қилаётган ва ҳимоя қилаётган қадриятлар, бу ташкилотларнинг таъсирларини ўзида акс эттирди.

Бу структурларни ўлчаш мамлакатдаги нодавлат ижтимоий сектордаги фаоллик ва унинг ўлчами, унинг таркибий қисмлари, ўзаро алоқалари тартиботлари, фуқаролик жамияти институтлари эгалик қилаётган ресурсларни ўз ичига олади. Ташқи муҳитни ўлчаш қуйидаги ўлчамлар бўйича амалга оширилади: фуқаролик жамияти институтлари тарғиб этаётган ва ўзида ифода қилаётган қадриятлар, меъёрлар ва муносабатлар, улар ўртасидаги консенсус ва нифоқлар.

Қадриятларни ўлчаш фуқаролик жамиятининг амал қилиш ва ривожланишининг ҳуқуқий, сиёсий ва социомаданий шарт-шароитлари, унинг давлат, бизнес, халқаро ноҳукумат ташкилотлари билан ўзаро алоқаларигп тааллуқлидир. Таъсир қилишни ўлчаш фуқаролик жамиятининг ижтимоий-иқтисодий ва сиёий муаммолар ечимини топишга аниқ таъсирини баҳолаш билан боғлиқдир. Мазкур ўлчамларнинг ҳар бири учун алоҳида индикаторлар ишлаб чиқилган. Улардан баъзилари универсаллик характерига эга, бошқалари эса ўзига хос социал ва маданий ўзгаришларни ўлчашда қўлланади[3].

“Фуқаролик жамиятининг ривожланиш индекси” – бу янги халқаро дастур бўлиб, у мамлакатларга доимий равишда фуқаролик жамиятини халқаро стандартлар билан таққослаш учун имкониятлар яратади, шу асосда уни ривожлантириш йўллари ишлаб чиқилади. Охир-оқибатда бу индекс – фуқаролик жамиятини ривожланишини ва мустаҳкамлашнинг мақсадлари ва дастурларини ишлаб чиқиш ва баҳолаш воситаси вазифасини ҳам бажаради.

Фуқаролик жамиятини ривожланишининг яна бир кўрсаткичи сифатида “Ноҳукумат ташкилотларнинг бардошлилик индекси”ни кўрсатиш мумкин. Бу индекс Freedom House томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, у ўрганилаётга мамлакатда нодавлат ёки нотижорат ташкилотларнинг ривожланиш даражасини ўзида ифодалайди. “Ноҳукумат ташкилотларнинг бардошлилик индекси” ўз ичига еттита гуруҳни олган фуқаролик жамиятини ривожланиш даражасини қиёсий баҳолаш воситаси ҳисобланади: ташкилий салоҳият, молиявий имкониятлар, ҳуқуқни ҳимоя қилиш фаолияти, ижтимоий манфаатларни ўзида ифодалаш имконияти, хизмат кўрсатишни таклиф этиши, инфратузилмаси ва жамоатчилик олдидаги қиёфаси. Улар 1 дан 7 гача шкала асосида ўлчанади (1 – яхши аҳамият касб этиш, 7 – ёмон аҳамият касб этиш). 1 дан 3 гача бўлган кўрсаткич ННТни бардошли эканлигини, 4 – ўртача, 5 дан 7 гача ННТни ривожланиши ва бардошли бўлиши учун тўсиқлар мавжуд эканлигини англатади[4].

Кейинги ўн йилликларда фуқаролик жамиятининг етуклиги ва унинг инсон тараққиётига таъсир эта олиш даражаси мезонларига (индикаторларига) доир назарий қарашлар ривожланиб бормоқда[5]. Олимлар томонидан фуқаролик жамиятинини етуклиги ва инсон тараққиётига таъсир эта олиш мезонларидан бири сифатида қуйидаги ижтимоий иштирок индикаторлар кўрсаткичларини белгилайди:

  • ННТнинг умумий сони;
  • фаол ННТ сони;
  • ННТ фаолиятига жалб этилган аҳоли;
  • НТТ иштирокида амалга оширилган тадбирлар ва лойиҳалар;
  • алоҳида ННТ ва ОАВнинг жамоатчилик томонидан қанчалик эътироф этилиши;
  • жамоатчилик иштироки асосида қабул қилинган давлат қарорларини амалга ошириш даражаси;
  • ННТ томонидан турли манбалардан олинган маблағлар асосидаги молиялашиш ҳажми;
  • ННТ иштирокида амалга оширилган хизматлар ҳажми;
  • ННТнинг ЯИМдаги ҳиссаси;
  • ННТнинг миллий дастурларда эришилган ютуқлардаги ҳиссаси.

Лекин, бизнинг фикримизча, бу индикаторлар қаторига яна қуйидагиларни киритиш лозим, деб ҳисоблаймиз:

  • ўтиш (трансформация) даврини ўз бошидан кечираётган, фуқаролик жамияти қуриш йўлидан бораётган мамлакатлар учун алоҳида махсус индикаторлар ишлаб чиқиш;
  • ННТнинг инсоннинг турли манфаатларини қанчалик даражада ўзида ифода этиши, уларнинг давлат қарорларида қанчалик ифодаланганлигига доир кўрсаткичлар;
  • ННТнинг аҳоли ижтимоий қатламлари манфаатларига асосланган таклиф ва тавсияларининг қанчаси миллий қонунларда ифодаланганлигига доир кўрсаткич;
  • ННТнингнинг давлат ҳокимияти органлари фаолиятида қанчалик даражада иштирок этаётганлигига доир кўрсаткич;
  • ННТларнинг жамият ҳаётида давлат органларидан қанчалик мустақил (де-факто) фаолият юрита олиш қобилияти даражаси кўрсаткичи;

Умуман, хулоса қилиб айтганда, бизнинг фикримизча, ўз мустақиллик даврини бошлаган ва фуқаролик жамиятини шакллантираётган мамлакатларда инсоннинг ўзини тараққий эттиришнинг қуйидаги омилларининг ривожланиши учун шарт-шароитлар яратади:

  • инсон ўз манфаатларини ифодалаш ва ҳимоя қилиш тажрибасини ортиради;
  • ННТни инсон манфаатларини ҳимоя қилиши уларнинг асосий мақсадига айланади, улар давлат билан фуқаролар ўртасида воситачилик қилади;
  • ННТ инсон тараққиётини кафолатлашга қобил бўлган қонунлар қабул қилиш жараёнларида бевосита иштирок этади;
  • фуқаролик жамияти институтларининг жамият ва давлатни бошқарувдаги ўрнини ошиб бориши билан давлат бошқаруви номарказлашиб боради;
  • фуқаролик жамияти институтлари фаолиятида иштирок этиш натижасида инсонни социаллашиш даражаси кучайиб боради.

[1]Манба: Информация о состоянии и развитии малого бизнеса и частного предпринимательстсва в Узбекистане, 23.12.2018//www.mineconomy.uz/ru/node/2089.

[2]Мирзиёев Ш.М. Қонун устуворлиги ва инсон манфаатларини таъминлаш – юрт тараққиёти ва халқ фаровонлигининг гарови: Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маъруза (2016 йил 7 декабрь) // Миллий тараққиёт йўлимизни қатъият билан давом эттириб, янги босқичга кўтарамиз.1-жилд. – Т.:Ўзбекистон, 2017. – Б.114–115.

[3]Индексы развития гражданского общества//www.helpiks.org/7-69318.html.

[4]Мерсиянова И.В. Индексы гражданской активности: сила и слабость методик.-М.,2008.-С.3-8.

[5]Данишевский К.Д., Елизаров В.В., Хананашвили Н.Л. Индикаторы социального участия // Цели развития тысячелетия и национальные проекты – стратегический выбор России.-Москва: Институт комплексных стратегических исследований, 2006.-С.7-8.

Total
14
Shares

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*
*