«Демократия — бошқарувнинг энг ёмон шаклидир, бироқ инсоният бундан яхшироғини ҳали ўйлаб топгани йўқ» (Уинстон Черчилль)

Мустақиллик синови

1991 йилда собиқ Совет Иттифоқи парчалангандан сўнг Марказий Осиё республикалари олдида илк бор замонавий мустақил давлатчилигини барпо этиш имконияти, мақсади ва зарурати пайдо бўлди. Ўзбекистон Республикаси ҳам мустақил давлат мақомини олгач, мисли кўрилмаган бир қатор янги вазифалар билан тўқнашди. Бундай бир нечта йирик ва мураккаб вазифаларнинг бир вақтнинг ўзида пайдо бўлиши ёш мустақил давлат учун катта ҳаётий синов бўлди. Янги замонавий давлатнинг ташкилий ва сиёсий асосларини барпо этиш, демократик давлат ва жамиятни яратиш, бозор иқтисодига ўтиш, миллий қадриятлар ва миллий онгни мустаҳкамлаш, динга эркинлик бериш, жаҳон давлатлари билан дипломатик алоқаларни ўрнатиш ва янги ташқи сиёсатни олиб бориш, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) ва бошқа халқаро ташкилотларга аъзо бўлиш каби вазифалар шулар қаторидандир.

Мустақилликнинг дастлабки даврларида айрим собиқ совет республикалари, шу жумладан Ўзбекистонга нисбатан шундай башоратлар айтилган эдики, улар гўё ўта заиф ва мустақилликдек оғир юкни кўтара олмайди. Боз устига, ўша йиллар бир томондан ХХ аср оҳирида бошланган глобаллашув жараёнининг тобора кучайиб бориши ва янги жаҳон тартиботининг шаклланиши, иккинчи томондан эса улкан совет давлати парчаланиши боис Марказий Осиёда геосиёсий кураш янада авж олиб кетиши пайтига тўғри келиб, вазиятни янада чигаллаштирди.

Муаллиф


Фарҳод Толипов

“Билим карвони” нодавлат илмий муассасаси,Тошкент, Ўзбекистон

Мана мустақилликка ҳам 27 йил бўлибди. Ушбу чорак асрдан кўпроқ давр ичида минтақадаги нафақат энг йирик давлат бўлмиш Ўзбекистон, балки энг кичик давлат бўлмиш Қирғизистон ҳам ўзининг давлатчилигини муваффақиятли равишда қура олди, жаҳон ҳамжамияти томонидан тан олинди ва шу маънода юқорида эслатилган башоратларнинг асоссиз эканлигини исботлади. Шу чорак аср давомида “ўтиш даври” деган муайян трансформацион жараён содир бўлиб, унда юқорида келтирилган бир қатор янги вазифаларнинг йирик қисми бажарилди. Буни “Ўзбекистон-1.0” деган рамзий иборада ифодаласа бўлади. Энди “Ўзбекистон-2.0” даврига ўтилмоқда. У Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йилда бошлаган ислоҳотлари билан боғлиқ бўладиган даврдир.

Ҳўш, “Ўзбекистон-2.0” қандай давр, унинг ўзига ҳослиги нимада, ундаги асосий вазифалар нимадан иборат? Мен бу мақоламда фақат демократик истиқбол масаласи тўғрисида сўз юритмоқчиман.

Мафкуравий эклектика ва синтез

Совет тузуми даврида бизда коммунистик мафкуранинг якка ҳокимлиги ўрнатилган бўлса, мустақиллик даврида мафкуравий бўшлиқ пайдо бўлди ва жамоатчилик онгида турлича мафкуравий қарашлар ўрин эгаллай бошлади. Мафкуравий ҳилма хилликка тайёр бўлмаган инсонлар дунёқарашида эклектика ҳодисаси кузатилди. Турли мафкуравий унсурлари билан йўғрилган либерализм, миллатчилик, меркантилизм, жадидчилик, пан-туронизм, патернализм, модернизм, ғарбпарастлик, диний фундаментализм каби ижтимоий, сиёсий, диний ва фалсафий оқимлар тарқала бошлади. Оддий инсон булар орасида тўғри танлов қилиши албатта ўта мушкулдир.

Демак, мамлакат ривожида бошланган янги босқич мафкурачилар ва олимлар олдида янгича ёндашувларни тақозо этмоқда. У мафкуравий кураш даври бўлади, ва бу курашга тайёр туриш керак, чунки Биринчи Президент Ислом Каримов ибораси билан айтганда, «бугун мафкура полигонлари ядро полигонларидан ҳам дахшатлироқдир»[1].

Бундай шароитда демократиянинг тақдири қандай бўлади? Мен демократиянинг мафкуравий ўлчами бор деб ҳисоблайман, чунки уни нафақат давлат бошқарув шакли сифатида таърифлашади, балки у қадрият сифатида ҳам эътироф этилади. Шунинг учун, менинг назаримда, хаотик мафкуравий эклектикага демократик синтез орқали барҳам бериш мумкин. Синтез деганда, ўз навбатида, тартиблаштирилган, мақсадли уйғунлаштириш сиёсатини тасаввур қилиш мумкин.

Нима учун синтез муҳим? Гап шундаки ҳилма хил қарашларнинг тарқалиши, одамларнинг турли сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий моделларга мойиллик, ҳаттоки демократияни турлича тушуниш сиёсий жараёнда муайян синтез стратегиясини тақозо этиши муқаррардир.

Демократиянинг универсал ва миллий жиҳатлари

Шу йил 7 август куни Халқаро адабиёт конференция иштирокчиларига қилган мурожаатида Президент Мирзиёев Ўзбекистон янги босқичга, яъни миллий тикланишдан миллий фаровонликка ўтмоқда, деб баён қилди. Президентнинг таъкидлашича, янги мақсадга фақат жаҳон халқлари билан дўстлик муносабатларини мустаҳкамлаш, очиқ демократик жамиятни барпо этиш ва миллий ва умумбашарий қадриятларни жорий қилиш орқалигина эришиш мумкин.[2] Дарҳақиқат, айнан мана шу учта йўналишни бир бирига ўзаро боғлиқ тарзда, бирликда кўриш, менимча, жуда муҳим диалектик ёндашувдан далолат беради.

Биз хам мана шу учта вазифаларни уларнинг диалектик бирлигида ва мавзуимиз доирасида қисқача таҳлил қилиб кўрсак.

А) Жаҳон халқлари билан дўстлик муносабатларини мустаҳкамлаш. Маълумки, илғор демократик давлатлар, ҳусусан АҚШ ва ЕИ, ёш мустақил давлатлардаги демократия ҳолатига ўзларининг баҳоларини беради ва улар билан ҳамкорлигини ушбу баҳоларга мутаносиб тарзда олиб боради. Президент Мирзиёев 2018 йил май ойида АҚШга қилган сафарида Америка Президенти Дональд Трамп Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотларни юқори баҳолади, шу билан бирга демократик ислоҳотларда ҳали анча ишлар қилиниши кераклиги ҳам таъкидланди. Бизнинг делегациямиз аъзолари томонидан Ўзбекистонга янги парламент керак, деган фикр ҳам билдирилди. Демак Ўзбекистон ўзининг туб демократик ислоҳотлари билан ўзининг халқаро обрўсини оширади.

Б) Очиқ демократик жамиятни барпо этиш. Лекин демократияни жозибадор шиор қилиш ёки олий мақсад деб эълон қилиш осон, аммо унинг институционал, сиёсий ва ижтимоий жиҳатларини яратиш анча мураккаброқ. Демократик таълим беришдан тортиб то демократик бошқарувни ташкил этиш ҳамда фуқаролик жамиятни кучайтиришгача бизда ҳали муаммолар жуда кўп.

Масалан одамларнинг, айниқса ёшларнинг демократияга оид билимларини ўрганиб кўрайлик. Демократия ўзи бу нима, фуқаролик жамияти дегани нима? Ўзбекистонликларнинг бу борада савияси қандай? Аминманки, демократия ҳақида фуқароларимизнинг тасаввурлари тор, савияси паст. Университетларимизда бу мавзу бўйича дарсларда юзаки маълумотлар берилади, айниқса замонавий илмий назариялар бўйича.

4 май куни Президентнинг “Мамлакатни демократик янгилаш жараёнида фуқаролик жамияти институтларининг ролини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.[3] Бу жуда муҳим ва керакли қарор бўлди, чунки унда демократиянинг долзарб масалалари ўз аксини топди. Хусусан, фуқароларнинг сиёсий маданияти ва ҳуқуқий онгини оширишда, уларнинг маънавий ва бошқа номоддий эҳтиёжларини қондиришда нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаол иштирок этишига тўсқинлик қилаётган қатор тизимли муаммо ва камчиликлар мавжудлиги қайд этилди.

Айтиш жоизки, бундай муаммо ва камчиликлардан энг биринчиси – бу демократияни тўғри идрок этишдир.

В) Миллий ва умумбашарий қадриятларни жорий қилиш.

Кўпинча шундай ҳолатни кузатиш мумкин: бизнинг мафкурачиларимиз, сиёсатшуносларимиз, оммавий ахборот воситаларимиз (ОАВ) ва айрим давлат ҳизматчиларимиз ғарбона ва шарқона демократияларни бир биридан ажратса-да, аксарият ҳолларда на ғарбона демократиянинг маъносини, на шарқона демократиянинг унсурларини айтиб бера олган. Кўпинча Ғарбдаги олимлар демократия бу универсал қадрият ва унинг асосий унсурлари ва қоидалари ҳамма ерда бир хил бўлади, деб таъкидласа, бизда эса, аксинча, ўзимизга ҳос ва мос демократияни қурамиз ва Ғарбдан андоза олмаймиз, бизга ғарбона демократия тўғри келмайди, деб бонг уриб келинди. Бундай ёндашув, ўз навбатида ориентализм ва оксидентализм деган мафкуравий оғишга олиб келди.[4]

Ҳўш, миллий ва умумбашарий қадриятлар орасида қандай мутаносиблик ва номутаносиблик мавжуд? Шу ўринда мен америкалик олим Фарид Закариянинг “Озодликнинг келажаги” деб номланган китобидан бир жумла келтирмоқчиман: “Қаердаки [мамлакатлар] ўз иқтисоди ва сиёсатининг либераллашувини амалга оширишда олға силжиса, улар на маданият, на дин, на жойлашув табиатан демократияга қаршилик қилади деган ҳақиқатни дунёга хабар қилади”.[5] Бу жумлада фундаментал бир фикр яширинган, яъни: демократия бу фақатгина Ғарбга ҳос бўлган тузум ва қадрият эмас, балки умумбашарий қадриятдир ва унга барча халқлар эришиши мумкин; лекин қайсидир ўлкаларда ва мамлакатларда демократияга эришилмаган бўлса, бунга сабаб уларнинг диний, миллий, маданий ёки жуғрофий ўзига хослиги эмас, – бошқа омиллардир.

Бу жуда йирик ва қизиқ мавзу, унинг муҳокамасига бизнинг олимларимиз, расмийларимиз ва ОАВ ҳали жиддий киришмаган, десам ҳато бўлмайди. Бу соҳада дастлабки бахс-мунозаралар фақат ижтимоий тармоқларда кузатилмоқда, ҳолос. Сиёсатшунос Камолиддин Раббимов жамиятимиз ва давлат ҳодимлари авторитар тизимга ўрганиб қолганлик ҳолатига тўғри эътибор қаратди. Унинг фикрича, ўтган давр ичида авторитар дунёқараш шунчалик чуқур илдиз отганки, ҳаттоки уни оқловчи тегишли мафкуравий асос ҳам яратилди.[6]

Кези келганда, эслатиш ўринлики, Ғарб етакчи демократик давлатларининг дунёда ‘демократияни қўллаб қувватлаш’ (‘democracy promotion’) сиёсати ҳам кўплаб зиддиятли тасаввурларга сабаб бўлмоқда ва турлича баҳоланмоқда. Масалан, айрим таҳлилчилар ва журналистлар АҚШ бундай шиор ниқоби остида гўё ўзининг геосиёсий мақсадларини кўзламоқда ва бошқа давлатларда ҳокимиятни заифлаштирмоқчи, деб таъкидлашади. Менимча бу бир ёқлама ва юзаки талқин бўлиб, масала бундай талқинда ўта соддалаштирилган. ‘Демократияни қўллаб қувватлаш’ бу нафақат муайян сиёсат, балки умумбашарий фалсафий ҳамда маънавий масаладир ва уни атрофлича муҳокама қилишимиз керак, деб ўйлайман.

Плюралистик муҳит

Бундай муҳокамалар, баҳслар ва дарсларни олиб бориш учун аваламбор жамиятда плюралистик муҳит талаб қилинади. Демократия, либерал ислоҳотлар, ҳурфикрлик, “ғарбийлашув” каби бизга “нотаниш” қадриятлардан чўчиш иллати жамиятимизда ханузгача кенг тарқалган. Баъзан “демократияга халқимиз тайёр эмас”, ёки “демократияга аста-секинлик билан борилади” каби огоҳлантирувчи гапларни эшитиш мумкин. Балки бундай гапларга қайсидир маънода асос бордир, бироқ уларнинг мазмунини мутлақлаштириш керак эмас.

Ўзининг бир интервюсида АҚШнинг машҳур сиёсатшунос ва собиқ давлат арбоби Збигнев Бжезинский шундай деганди: “Инсон ҳуқуқлари муаммоси узоқ муддатли интилиш ва мақсад сифатида муҳимдир, буни эътироф этиш лозим. Аммо бу мақсадга интилиш унга дарҳол эришиш дегани эмас, буни ҳам эътироф этиш лозим. Биз шуни тушунишимиз керакки, бу давлатлар [собиқ совет – Ф.Т.] аслида мустамлакачилик муносабатлардан эндигина қутилди, бундай муносабатлар демократик сиёсий маданиятни яратишга хизмат қилмаган, албатта. Демократик сиёсий маданиятни парвариш қилиш вақтни талаб қилади, ва бунга онгли равишда интилиш лозим”.[7]

Мана шу интилиш, доимий жараён ва ишончли қадамлар ўзбек демократиясини белгилаб беради. Бошқача қилиб айтганда, велосипедни қайта кашф этиш керак эмас, уни юргизиш керак. Ва бу жараёнда демократия бу нафақат тегишли давлат институтлар ва қонунлар тизимидир, балки доимий ўрганиш жараёни (learning process) ва демократик билим ва қадриятларнинг ташувчиларининг кўлами кенгайиб бориши демакдир.

Рус олими А. Зубов шундай ёзган эди: “Шарқдаги замонавий парламентар демократияларидаги мафкурага бўлган муносабатни ўргансак, ҳаттоки “постиндустриал” Японияда, шуни кузатиш мумкинки, ғарбийлашув дунёқарашида бўлган интеллектуаллар доирасидан ташқарида ушбу мафкурани камдан кам одамлар тўғри тасаввур қилади ва камдан кам одамлар уни эътиборга ҳам олади, унинг асосчилари ва жамиятдаги тарафдорлари ким бўлишидан қатъий назар”.[8] Ўхшаш ҳолатни бизда ҳам кузатиш мумкин. Камдан кам одиий одамлар демократия ва фуқаролик жамияти нима эканлигини тўғри тушунади ва талқин қилиб бера олади.

Шу пайтгача демократига тегишли расмий унсурларни ва сиёсий тизимнинг ташқи кўринишини яратиш жараёни “юқоридан пастга” тамойили асосида амалга оширилган эди. Энди эса бу жараён “қуйидан юқорига” тамойили билан тўлдирилиши долзарб масала бўлди. Масалан мухолифат муаммосини олайлик. Ўтган давр ичида бизда муҳолифатнинг техник, формал шаклини яратиш бўйича турли тажрибалар ўтказилди, ҳатто қонунчиликка ҳам тегишли моддалар киритилди, аммо бу натижа бермади. Аслида муаммо априори (яъни азалдан) мавжуд ҳурфикр жамоатчилик онгига бўлган талабгорлик учун тегишли ижтимоий ва сиёсий муҳит яратишдадир.[9]

Масалан Ўзбекистондаги мавжуд сиёсий партияларни олайлик. Шу пайтгача уларнинг биронтаси ҳақиқий муҳолифат бўла олмади. Уларга нисбатан кўп танқидий гаплар айтилади. Биздаги партияларни аҳоли орасида обрўси ҳам баланд эмас, уларни кўпчилик фуқаролар танимайди ҳам. Шунинг учун Ўзбекистонда партия тизимини ҳам ислоҳ қилиш керак. Жаҳон сиёсатшунослик фанида партология деган йўналишда жуда кенг қамровли ва чуқур тадқиқотлар олиб борилган. Партияларни кўп ўрганган таниқли сиёсатшунос Ла Паломбара шундай ёзади: “Сиёсий партия ҳар жойда пайдо бўлади, қачонки сиёсий тизим функциялари мураккаблашиб маълум бир даражага етиб борса ёки сиёсий ҳокимият аҳоли давлат ишларида иштирок этишга жалб қилиниши керак, деб ишонч ҳосил қилса… Қачонки хокимиятни ташкил этиш ва сиёсий тадбирларни жорий қилиш вазифаси халқ дардини тушунмайдиган тор доирадаги шахсларнинг [бюрократия – Ф.Т.] имконият чегараларидан чиқса, ушанда сиёсий партия шаклланади”.[10]

Бизда ҳам айнан шундай вазият мавжуд. Президент Мирзиёевнинг “халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халқимизга хизмат қилиши керак” деган шиорида жиддий ва кучли маъно бор. Бундай бўлиши учун маъмурий тизимни ҳам, парламент тизмини хам, партия тизимини хам, кадрлар тизимини ҳам, ОАВ ҳам ва ҳ.к. ислоҳ қилишда авваламбор ҳурфикрлик муҳитини кенгайтириш давр талабига айланди.

Хулоса

Ўзбекистонликларнинг плюралистик дунёқарашлари асосан Интернетда, ижтимоий тармоқларда ўз ифодасини топмоқда. Энди фуқаролик жамиятини ҳам жонлаштиришимиз зарур. 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожланишнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар Стратегиясида фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш, уларнинг ижтимоий ва сиёсий фаоллигини ошириш вазифаси белгиланган. Стратегияга кўра, мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида давлатнинг ролини қисқартириш, давлат бошқарув тизимини марказсизлантириш ва демократлаштириш, давлат-ҳусусий шерикликни кенгайтириш, нодавлат, жамоат ташкилотлари ва маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органларининг ролини ошириш каби ишлар кўзда тутилган.

Ислоҳотларнинг дастлабки босқилари шундан далолат берадики, бу ислоҳотлар муваффақиятли давом этса оламшумул натижаларга олиб келади, чунки, шуни ҳам унутмаслик керакки, Ўзбекистон Марказий Осиё минтақасида энг нуфузли ва етакчи давлат бўлиб, унинг минтақа миқёсидаги таъсири жуда кучлидир. Шунинг учун Ўзбекистон ўз сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ютуқлари билан минтақада пешқадам бўлиб, қўшни давлатларга ўрнак ҳам бўлади.

«Ўзбекистон-2.0» бу соғлом жамият, соғлом давлат ва улар орасидаги соғлом (демократик) муносабатлар туфайли миллий қудратнинг ва фаровонликнинг янада ошиб бориши даври, деган таъриф тарихда қолиши мумкин. Албатта, мен ушбу муносабатларни мукаммал даражада деб баҳолашдан йироқман, зеро бу узвий ва тадрижий жараёндир.

Биз энди демократик жараённи кечиктиролмаймиз, уни жадаллаштиришимиз керак, чунки биз тасаввур қилган замонавий демократия индустриал инқилоб замонида ривож топган бўлиб, унинг ўзи ҳам ўзгариб бормоқда, чунки информацион замонда инсониятнинг бутун ҳаёти тубдан ўзгариб боради, жумладан давлатнинг қиёфаси ва бошқарув услублари ҳам. АҚШда катта тезликда кечаётган бу жараён ҳатто “демократия заифлашиб ва таназзулга юз тутиб бормоқда” деган ташвишларга сабаб бўлмоқда. Бир Америкалик таҳлилчининг сўзлари билан айтганда, то янги тартибот шакллангунча ҳар бир институт – давлатдан тортиб то оилагача, мактабгача ва корхонагача бутун жамиятдаги ижтимоий муносабатлар тубдан ўзгариб кетади.[11] Мен бу ҳодисани ‘пост-демократия’ деб атайман. Биз эса информацион асрга мос давлат институтлари ва бошқарув сифатига, яъни пост-демократияга ўтишдан олдин “классик” демократияни оддий турмуш тарзига айлантиришимиз лозим.


[1] Каримов И.А. Жамиятимиз мафкураси халқни халқ, миллатни – миллат қилишга хизмат этсин. – Т., 1998.

[2] https://regnum.ru/news/2460909.html

[3] http://uza.uz/oz/documents/mamlakatni-demokratik-yangilash-zharayenida-fu-arolik-zhamiya-04-05-2018?sphrase_id=4955614

[4] Толипов Ф. “Ориентализм ва Оксидентализм масалаларига назарий қарашлар. Ўзбекистон ва Марказий Осиёни ўрганиш муаммолари” / Шарқшунослик, №1, 2018.

[5] Fareed Zakaria, The Future of Freedom (N.Y.: Norton &Co, 2007), p.81.

[6] Раббимов К. Новый Узбекистан и тяжелая гравитация авторитаризма. https://centre1.com/uzbekistan/kamoliddin-rabbimov-novyj-uzbekistan-i-tyazhelaya-gravitatsiya-avtoritarizma/ 10.08.2018.

[7] An interview with Zb. Brzezinski: Thoughts on the Political and Geostrategic Realities of the Caucasus and Central Asia, in The Cyber-Caravan, Vol.1, N.2, 25 January 1999.

[8] А.Б. Зубов. Парламентская демократия и политическая традиция Востока. – Москва: «Наука», 1990. – С. 262-263.

[9] Толипов Ф. Проблема многопартийности и оппозиции в демократическом конструировании в Узбекистане // Центральная Азия и Кавказ, Т.14, № 1, 2011.

[10] La Palombara J., Weiner M. Political parties and political development. – The origin and development of political parties (Princeton, NJ, 1966), p.3-4.

[11] Walter Russel Mead. “The Big Shift. How American Democracy Fails Its Way to Success”, in Foreign Affairs, May/June 2018, https://www.foreignaffairs.com/articles/united-states/2018-04-16/big-shift?cid=nlc-fa_twofa-20180419

Total
5
Shares

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*
*