Халқаро ОАВда Ўзбекистоннинг иқтисодий ҳаёти, унинг бошқа мамлакатлар билан алоқалари ҳақида кўп ёзиляпти. Бунда расмий Тошкентнинг мамлакатни сиёсий ва иқтисодий яккаликдан қандай килиб олиб чиқаётганига алоҳида эътибор қаратиляпти.

Жаҳон банки

Европа ва Марказий Осиё банки вице-президенти Сирил Мюллернинг Тошкентга уюштирган икки кунлик ташрифи якунига етди. Мюллер ташриф давомида президент Шавкат Мирзиёев ва турли давлат амалдорлари билан учрашди, Тошкент Вестминстер университетида бўлиб, “Ўзбекистон келажагига нисбатан менинг ишончим” мавзуида нутқ сўзлади.

Жаҳон банки ўзгаришларнинг фуқаролар ҳаётига қандай таъсир кўрсатаётганини билиш мақсадида ҳар ойда “Ўзбекистон фуқароларини тинглаш” номли сўров ўтказади. Тадқиқотнинг 95% иштирокчиси мамлакат келажагига ишонч билан қарашади, ягона валюта айирбошлаш курсининг ўрнатилиши сингари асосий ислоҳотлар аксарият фуқаролар томонидан ижобий қабул қилинмоқда.

Мюллер иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотлар оддий фуқаролар ҳаётини сезиларли даражада ўзгартираётганини қайд этди. Шаҳарликлар бозорларда янада кенг турдаги маҳсулотларни кўришмоқда, фермерлар эса, экспорт назорати каби қийинчиликларга дуч келишмаяпти, пахта ва буғдой нархининг анча оширилиши ҳам фермерлар даромадининг кўпайишига ёрдам бермоқда. Тадбиркорлар уларнинг ўсишига тўсқинлик қилган нақд пул бериш ва лицензия талабларига оид чекловлар каби тартиб-қоидаларга камроқ тўқнаш келишмоқда.

Мюллер шунингдек, Ўзбекистон томонидан еврооблигацияларнинг муомалага чиқарилишини ҳам юқори баҳолади ва ҳамма мамлактлар иқтисодиётлари ҳам бунга эришолмаслигини қайд этди. Облигацияларнинг қиймати ошгани сабабли 8 марта имзоланган. Бу Ўзбекистон келажагига бўлган ишончдир. Сармоядорлар ислоҳотларнинг давом этиши ва мамлакат тўғри йўлда эканига ишонч билдирдилар. Мюллер айтганидек, Жаҳон Банки 2017 ва 2018 йилларнинг ўзида Ўзбекистоннинг янги лойиҳалари учун 1 миллиард АҚШ доллари маблағ ажратган.

Халқаро капитал бозорларига чиқиш

Етакчи нашрлардан бири “Bloomberg” мазкур туркумга оид материалларида “Ўзбекистон облигацияларини 1 млрд АҚШ долларига сотиб, яккаликдан чиқди” мавзуидаги мақолани чоп этди.

Унда Ўзбекистон халқаро бозорларга дастлабки чиқишидаёқ облигацияларини 1 миллиард АҚШ долларига сотгани айтилади. Собиқ совет республикаси йигирма йилдан ортиқ муддатлик яккаликдан сўнг ўз иқтисодиётига инвестиция киритиш мақсадида хорижий сармоядорларни жалб этмоқда. Ўзбекистон иқтисодиётига сармоя киритиш корпоратив эмитентлар билан муносабатни йўлга қўйишга интилаётган давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев юритаётган сиёсатнинг энг муҳим жиҳати ҳисобланади.

5,75 фоизли бўлган 5 йил муддатга ва 5,375 фоизли бўлган 10 йил муддатга мўлжалланган икки хил кўринишдаги давлат қарзлари таклиф этилди. Ўзбекистон S & P Global Ratings ва Fitch Ratings рейтингларида BB инвестиция кўрсатгичи шкаласи бўйича Боливия, Бразилия ва Бангладеш мамлакатлари сингари уч даража паст дея баҳоланган.

Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Жамшид Қўчқоровнинг Bloomberg TV га берган интервьюсида Ўзбекистоннинг баъзи йирик тижорат банклари ҳам халқаро облигациялар бозорига чиқа олишларини маълум қилган.

2017 йилнинг сентябрь ойида қўшни Тожикистон халқаро қимматли қоғозлар бозорига чиқди ва бу муваффақиятли битим бўлганди. Чунки сармоядорлар мазкур мамлакат билан боғлиқ хавфни қабул қилишга тайёр эдилар. Рекорд даражада паст бўлган глобал фоиз ставкалари уларни юқори даромад олишга интилишларига ундаганди. S & P рейтингида ўзбек кўрсатгичидан 3 баравар паст бўлган облигациялар ўшандан кейин 1,1 фоизга кўтарилди. Бу вақтда ривожланаётган бозорларда ўртача йўқотишлар 0,2 фоизни ташкил этди.

Reuters “Ўзбекистон ўзининг газ комплекси учун Россиянинг Газпромбанкидан 300 млн АҚШ доллари миқдорида кредит сўради” сарлавҳали мақолани нашр этди”.

Ушбу мақолага кўра, Ўзбекистон Шўртан давлат газ-кимё комлпексида ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш мақсадида Россиянинг Газпромбанкидан 300 миллион АҚШ доллари қарз сўраган.

Полиэтилен ишлаб чиқарадиган мазкур комплекс Ўзбекистоннинг “Ўзбекнефтгаз” АЖсига тегишли. Компания Россиянинг “Газпром” давлат газ компаниясининг стратегик ҳамкори ҳисобланади. У эса, Газпромбанкнинг асосий акциядоридир.

Газпром 2002 йилдан буён Ўзбекистоннинг энергетик лойиҳаларини амалга ошириб келади ва Россиянинг активлар катталиги бўйича учинчи даражали кредитор ҳисобланади. Ташкилот Ўзбекистон билан турли соҳалар, хусусан,

энергетика тармоғида ҳам ўзаро манфаатли муносабатларни янада ривожлантиришни мақсад қилиб қўйганини ҳамда “Ўзбекнефтгаз” билан ҳамкорлиги доирасида 300 миллион АҚШ доллари миқдорида кредит ажратиш масаласини кўриб чиқаётганини маълум қилди.

Сиёсат

The Washington Post газетасининг ёзишича, Telia телекоммуникация компаниясининг уч нафар собиқ раҳбари Ўзбекистонда пора олиш билан боғлиқ ҳолат юзасидан оқланиб чиққанлар. Швед суди далил-исботларнинг йўқлигини сабаб қилиб кўрсатганди.

Фирма раҳбарлари 2007—2010 йилларда Telia компанияси (ўша вақда TeliaSonera номи билан машҳур бўлган) Марказий Осиёнинг мазкур мамлакатида ўз бизнесини йўлга қўйиш мақсадида ўзбек шеригига пора бериб, сотиб олганликда айбланган эди. Прокурорларнинг даъво қилишича, президент Ислом Каримовнинг қизи Гулнора Каримова ўзбек компаниясининг ҳақиқий эгаси бўлган.

Стокгольм туман судининг судьяси Томас Зандер “Гулнора Каримованинг телекоммуникация тармоғида бирон-бир мансабда фаолият юритганининг исботланмагани прокурорнинг асосий далили бўлди”, деди.

The Diplomat нашри Ўзбекистон Миллий гвардияси фаолияти хусусида гапириб ўтади. Ушбу нашрда чоп этилган маълумотга кўра, 1992 йилда ташкил этилган аниқ функциялари бўлмаган Ўзбекистон Миллий гвардияси кўп йиллик ҳарбий орган ҳисобланади.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг ҳокимият тепасига келиши билан гвардиячиларга ҳукумат томонидан юқори ваколатлар берилди ва ички тартибни таъминловчи йирик органга айланишди. Мирзиёев Миллий гвардияга нафақат жамоатчилик тартибини ҳимоя қилиш, ички терроризмга қарши курашиш ва давлат мулкини ҳимоя қилиш вазифасини юклади, айни дамда ўзининг шахсий хавфсизлигини ҳимоя қилишни ҳам ишониб топширди.

Агентлик февралда икки кун давомида турли сабаблар юзасидан иккита янгилик тайёрлади.

Биринчи янгилик 15 февраль куни Россия Федерацияси миллий гвардияси (Росгвардия) қўшинларининг федерал хизмати вакиллари Ўзбекистонга ташриф буюргани ҳақида бўлди. Ташриф доирасида 2019 йилда Россия гвардияси ва Ўзбекистон Миллий гвардияси ўртасида ҳамкорлик режаси имзоланди. Россия президенти Владимир Путиннинг 2018 йил октябрь ойида Тошкентга ташрифи чоғида ҳам ана шундай келишув имзоланган эди. Ушбу ҳужжат жамоат тартибини таъминлаш, давлат активларини ҳимоя қилиш ва терроризмга қарши кураш масалалари бўйича ҳамкорлик қилишни назарда тутганди.

Мақолада жорий йилнинг январь ойида Ўзбекистон Миллий гвардияси Хитой маҳаллий полицияси фаолиятини назорат қилувчи Жамоат хавфсизлиги вазирлигидаги ҳамкасблари билан тренинг ўтказгани айтилади. 2018 йилнинг февраль ойида эса Ўзбекистон Миллий гвардияси қўмондони Баҳодир Тошматов Туркияга ташрифи давомида Туркия жандармерияси, жамоат тартиби учун масъул бўлган бўлинмалардаги ўз ҳамкасблари билан учрашди.

Минтақавий ҳамкорлик

Қозоғистоннинг LSM.kz нашри «Қозоғистонликлар Made in Uzbekistan кийим-кечакларини кийишга ўтдилар» деб хабар беради.

Қозоғистон нашрининг маълум қилишича, 2017 йилда маҳсулот етказиб бериш бўйича бироз устунлик билан Хитой етакчилик қилган бўлса, ўтган йили катта ҳажмдаги кийим-кечаклар Ўзбекистондан келтирилган (18,4 млн АҚШ долларилик 10,1 минг тонна). 2018 йилда Хитойдан 83,5 млн АҚШ долларига тенг бўлган 8,5 минг тонна кийим-кечак келтирилган.

Ушбу нашр шунингдек, Қозоғистон Ўзбекистонга йилига 2 млн тонна нефть экспорт қилишни режалаштирмоқда, деб ёзади. Бу ҳақда энергетика вазири Канат Бозумбаев маълум қилган.

Мажилис Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги энергетика масалаларига оид келишувни тасдиқлади. Мазкур ҳужжат қўшни мамлакатга нефть ва газни экспорт қилишни назарда тутади.

Энергия вазирлиги раҳбарининг сўзларига кўра, ҳозирги кунда Россия Ўзбекистонга йилига 1 млн тоннагача нефть етказиб бериш масаласини кўриб чиқмоқда. Бу борада Қозоғистон транзит томон сифатида қаралмоқда.

Умуман олганда, Ўзбекистон йилига 5 млн тонна, жумладан, Қозоғистондан 2 млн тоннагача ва Россиядан 3 млн тоннагача нефть харид қилишдан манфаатдор. Бундан ташқари фақат Қозоғистоннинг ўзидан 5 миллион тонна етказиб бериш имконияти ҳам кўриб чиқилмоқда. Бироқ бунинг учун транспорт инфратузилмасига катта миқдорда сармоя киритишни талаб қилади”, — дейди Бозумбаев.

Astanatimes агентлиги “Air Astana” Ўзбекистонга қатновлар сонини кўпайтирмоқда” номли мақола чоп этди. Унда ёзилишича, Марказий Осиёданинг икки мамлакат ҳаво йўллари алоқалари муҳокама қилинди.

Хабар берилишича, “Air Astana” 1 апрелдан бошлаб Олмаотадан Тошкентга ҳафтасига учта қўшимча ва Остонадан Тошкентга ҳафтасига иккита қўшимча қатновларни йўлга қўяди. Шунингдек, авиакомпания “оралиқ пункти” орқали Япония ва АҚШга парвозларни йўлга қўйиш бўйича ҳам музокаралар олиб бормоқда.

Ҳозирги кунда компания Олмаотадан Тошкентга ҳар кунги ва Остонадан эса ҳафтасига тўртта қатновни амалга оширмоқда. Олмаотадан Тошкентга қатнайдиган қўшимча қатновлар душанба, пайшанба ва шанба кунлари соат 21:00 да амалга оширилади. Остонадан Ўзбекистон пойтахтига қатнайдиган қўшимча рейслар душанба ва пайшанба кунлари соат 7:40 да амалга оширилади. Айни пайтда авиакомпания чегирмали Остона-Тошкент-Остона рейсини таклиф этомоқда. Агар чипта 1 дан 30 апрелгача бўлган рейслар учун 28 февралга қадар харид қилинган бўлса, унинг нархи 63 400 тенгени ташкил этади (169 АҚШ доллари). Икки соатли қатновлар учун Airbus A320 ва Embraer 190 самолётларидан фойдаланилади.


Total
4
Shares

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*
*