kinopoisk.ru

Нозим Тўлахўжаев билан ўзбек мультипликацияси ҳақида суҳбатлашиш ҳам мароқли, ҳам мураккаб. Ундан қайнаб чиқаётган фикрлар ва ҳиссиётларни қабул қилиб улгуриш мушкул. Аммо бир нарса аёнки, Нозим миллий анимацион кино теварагидаги воқеа-ҳодисаларга ва жараёнларга бефарқ эмас.

Мультипликация оламида Нозим Тўлахўжаев номи 1984 йилда пайдо бўлди. Ўша йили у суратга олган “Майин ёмғир ёғади” мультфильми Германиянинг Лейпциг шаҳрида ўтган фестивалда “Олтин глобус”, Испаниядаги фестивалда “Кумуш Микельди” совринларини қўлга киритди. Бу эса унинг анимация кинорежиссёри сифатида эришган ютуқларининг дебочаси бўлди. У муваффақият билан бадиий фильмлар актёри ва режиссёри сифатида ҳам фаолият юритади. Аммо бугунги суҳбат анимацион кино ҳақида.

Нозим Тўлахўжаев uzanalytics.com мухбирига ўзбек анимацияси, мультипликациясининг бугуни, истиқболлари, ютуқ ва муаммолари ҳақида гапириб берди.

Театр режиссёрлигидан аниматорликка

– Сиз театр режиссёрлиги йўналиши бўйича Москвада таълим олгансиз, анимация йўналишига қандай келиб қолдингиз?

– 1975 йили ўқишни тугаллаб, Тошкентга қайтдим. 1-2 та бадиий фильмларда режиссёр ассистенти сифатида ишладим. 1976 йили тасодифан мультфильмлар студиясига режиссёр сифатида ишга қабул қилишди. Анимацияга қизиқишим юқори бўлгани учун тезда ишга киришиб кетдим, мавзуга кира олдим. Илк ишим – «Саҳродаги кўл» фильми кетма-кет турли халқаро мукофотларга сазовор бўлди. Фильм инсон ўзи учун ўзи яратаётган муаммолари ҳақида ҳикоя қилади. Экология, сув, табиат, ўсимликларга нотўғри ва шафқатсизларча муносабат фожеага олиб келиши кўрсатиб берилган эди.

Бугунги вазият

– Мультипликациянинг бугунги аҳволи ҳақида нима дея оласиз?

– Бугунга келиб ижодий уюшмамиз теварагида юз бераётган улкан ўзгаришлардан барчамиз бирдек мамнунмиз. Ўз ҳисоб рақамимизга эга бўлдик ва молиявий мустақил уюшмага айландик. Ажойиб инсон ва ижодкор Обид Асомовнинг “Мультипликацион фильмлар студияси” ДУКга директор ва бадиий раҳбар этиб тайинлангани ҳам ижобий ўзгаришлар сифатида баҳоланди. Биласиз, Обид Асомов яхши рассом ҳам ҳисобланади, шу йўналишда таҳсил олган. У болаларни, анимацияни яхши кўради. Шунинг учун унинг ўзбек мультипликациясида пайдо бўлиши ва бошқарувга масъул этиб тайинланиши тез кунларда ўз самарасини беради, деб ишонч билан айтиш мумкин.

Албатта, бугунги кунда анимацион фильмларнинг бола тарбиясидаги ўрнини исботлашга ҳожат йўқ. Бола айнан анимацион кино орқали дунёни, атрофни англай бошлайди, дунёқараши шаклланади, одамларни танийди, мафкураси уйғонади. У санъатнинг жиддий, жуда муҳим бўлган йўналиши. Юз берган ўзгаришлар ортида биз соҳамизни янги босқичларга, юқори сифатларга олиб чиқа оламиз, деб айтишни истардим. Ҳозир биз замонавий мавзуларда, эртак-афсоналар ва сатирик йўналишларда янги лойиҳаларга қўл урганмиз.

Қаршимиздаги энг катта муаммо – бадиий ва анимацион фильмлар учун хос бўлган яхши сценарий етишмаслигидир. 10 дақиқа давом этадиган анимацион кинода бола тарбияси учун керак барча жихатларни жамлаш жуда ҳам муҳим. Биз режиссёрлар, рассомлар қўлимиздаги бор материаллар билан чекланмасдан, келгуси йилда, истиқболда қандай фильмлар суратга олиш ҳақида бош қотиришимиз керак. Сценарий етишмовчилиги муаммосини бартараф эта олсак, улкан натижаларга эришишимиз осон кечади. Ўзбек ёзувчилари болалар учун ҳам яхши асарлар, сценарийлар ёзиши, келажакка, унинг маънавиятига эътиборда бўлиши назардан четда қолиши керак бўлмаган масала эканини ёдда сақласалар яхши бўларди.

Тез фурсатларда ҳал этилиши керак бўлган навбатдаги муаммо бу – технологиялар. Афсуски, биз бу томондан дунёдан анча орқада қолганмиз. Ҳозир биз маънавий эскирган 10-15 йиллик компьютерларда ишлаяпмиз. «Асосийси ғоя, асосийси бадиий мазмун», деб ўзимизни юпатишимиз мумкин. Лекин, ана шу асосий нарсалар ҳам юқори технологиялар ёрдамида амалиётга татбиқ қилинади-ку!

Мультуюшманинг техник жихозлаш ишларини замон талаблари асосида амалга ошириш масаланинг бир томони бўлса, ҳамма даврлар учун хос бўлган навбатдаги муаммо – ижодий ходимлар масаласи. Аниматорлар, мультипликаторлар, рассомлар… Бугун бизда аниматорлар, рассомлар жамоаси мавжуд, аммо у жуда ҳам кичкина, кам. Рассомлар тегишли факультетларда ўқиб чиқяпти, лекин, айнан мультипликацияга бош қўшадиган аниматорлар ҳали етишмайди. Режамиз 1 йилда 10 тагача картина суратга олишни тақазо қилади, аммо, бунча ходим фожеали даражада оз ҳисобланади. Биз олий ўқув юртларида соҳамиз бўйича кадрлар тайёрлаш ҳажмини ошириш юзасидан таклифларимизни бердик. Уюшмамиз қошида ишлаб турган маҳорат мактабида ҳам тингловчилар оз.

Одамларда, мутахассисларда соҳа истиқболига ишонч қолмаган, сусайган. Иқтидорли кадрлар ўзларини олиб қочишяпти, соҳага яқин келишмаяпти. Ахир бу касб ўзига хос касб ҳисобланади. Аниматор-рассом дегани бу деярли бадиий фильм актёри билан бир хил касб эгаси демак! У ич-ичидан маҳоратли актёр, персонажининг ҳар бир нафасини хис қилади ва уни чизиб бера олади. Персонаж қўл-оёқларининг харакати, қадам ташлаши, юз ифодалари кабиларни қалбидан ҳис қилиб чизиб беради. Бу катта маҳорат талаб қилувчи санъат ва бутун дунёда қадрланади. Бугун аниматор касбини эгаллаганлар озчиликни ташкил қилади ва аниматор дунёдаги энг нуфузли касблардан бири саналади.

– Ўзбек мультипликациясини ҳозир қандай янгиликлар кутмоқда? Жаҳон тажрибасидан ёки қўшниларимиз амалиётидан ўрганадиган қандай жиҳатлар бор?

– Юқорида таъкидлаганимдек, ривожланиш учун ҳаракатлар бошланган. Жаҳон киноси, аннимацияси билан, табиийки, мунтазам равишда танишиб, кузатиб борамиз. Россия, Осиё, Америка анимацион киноларини томоша қиламиз, ўзимизга нималарнидир оламиз. Бунда миллийлигимизга мос, тўғри келадиган жиҳатларига эътибор қаратамиз. Халқлар ягона, ижод ягона бўлиши мумкин. Аммо миллий ёндашув, ўзига хослик сақланиб қолиши лозим. Бу жиҳатдан масалан, японларга қойил қолмай иложи йўқ. Улар болалар анимацион киносига ўзига хос тарзда ёндошадилар. Уларнинг бошқа ҳеч бир миллатга ўхшамаган хусусиятлари бор. Биз ҳам анимацион киноларимизда ажралиб турадиган жиҳатларни яратишимиз, топа билишимиз зарур. Болалар учун ҳам, катталар учун ҳам.

Миллий ТВ каналлар миллий фильмларни кўрсатмайди

– Мультипликация давлат томонидан молиялаштирилиши сир эмас. Аммо бизда унинг тижорат имкониятлари қандай? Тижорат йўллари билан маблағ топиш чораларини кўриш мумкинми?

– Биз асосан 10 дақиқагача бўлган анимацион фильмлар ишлаб чиқарамиз ва улар ўзини моддий томондан қоплай олмайди. Собиқ Иттифоқ даврида болалар учун махсус катта-катта кинозаллар бўлган ва уларда мультфильмлар кўрсатилган. Ёки бадиий фильмлар намойишидан аввал анимацион фильмлар намойиш этиларди. Ҳозир ундай эмас. Шу боис айни пайтда бизнинг умидимиз фақат телеканаллардан. Яқин кунларгача маҳаллий телеканалларимиз асосан хориж анимацион фильмларини кўпроқ намойиш этишарди. Ўзбек мультфильмларига иккинчи даражали маҳсулот сифатида қараш шаклланган эди. Обид Асомов иш бошлагач, Ўзбекистонда нима учун ўзимизнинг миллий картиналарга эътибор кам, нега улар тез-тез ТВ каналлар орқали намойиш этилмайди, деган маънода бу ҳолга норозилигини билдирди. Шундан кейин вазият бироз ижобий томонга ўзгарди. Аста-секин маҳаллий ТВ каналларда миллий мультфильмлар намойиши кўпая бошлади. Ахир 1968 йилдан бошлаб, ўзбек мультипликацияси тарихида, шу кунгача 400 тадан ортиқ фильмлар яратилган.

«Нўхатполвон»нинг инқирози…

– Маълумки, анимацион фильмларнинг ҳудудий ва халқаро фестиваллари ўтказиб турилади. Ўзбек асарларининг улардаги иштироки қандай?

– Гап шундаки, техник ва технологик оқсаш, айрим мафкуравий қарашлар сабаб ўзбек анимацион фильмлари халқаро кинофестиваллар эстетик талаби тендеридан ўта олмаяпти. Халқаро танлов ва фестиваллар талаби шундайки, фильм катталар учун бўладими, болалар учунми ёки сатирик-юмористик йўналишдами, фарқи йўқ, улар ўта замонавий технологияларга, хулосаларга, мантиқларга асосланган бўлиши керак. Биздаги технологик ва мафкуравий имкониятлар эса улар учун бирмунча эскирган ҳисобланади. Улар сюжет, шакл, пластика, мақсад авангард кўринишида бўлишини талаб қилишади.

Тўламетражли фильмлар эса уларнинг қаричида жуда бўлмаса 200 та штат бирлигини жамлаши лозим. Бизда эса штат нари борса бор-йўғи 15 нафарни ташкил қилади. Бир пайтлар тўлиқметражли фильм қилишга уриниш бошланганда биз раҳбариятга ўз талабларимизни киритган эдик. «Нўхатполвон» фильмини суратга олиш учун кўплаб режиссёр, рассом, муҳаррир, мультипликатор, техник ходим, замонавий компьютер ва технологиялар керак бўлишини, уч нафар режиссёр ва 5 нафар рассом – 8 киши билан тўлиқметражли фильм олиб бўлмаслигини узоқ тушунтирганмиз.

Собиқ раҳбарият бизни тушунишни истамаган ва «мавжуд куч ва бор ижодий гуруҳ билан фильмни суратга олинг, акс ҳолда кўчадан бошқа одамларни топамиз», деб жавоб беришган. Оқибатда, 4 ярим йил мобайнида фильм ҳаминқадар суратга олинди, топширилди, премьераси бўлиб ўтди. Аммо ижодий гуруҳ аъзоларидан ҳеч биримизнинг фильмдан кўнглимиз тўлмади. Собиқ раҳбарлар фильм муваффақиятсизликка учрагани учун биздан хафа бўлди. Ахир 70 минг АҚШ долларидан иборат минимал бюджет, 8 кишилик минимал ижодий ходим билан бундан ортиғини қилиб ҳам бўлмасди. Мен ўзимизни улар билан тенглаштирмоқчи эмасман, аммо америкалик ҳамкасбларимиз тўлиқ метражли фильмни 4-5 йилда олишади. Ваҳоланки, уларда штат бирлиги 1000 киши, бюджети бир неча 10 миллион АҚШ доллари атрофида бўлади.

Шикоят қилиш маъносида эмас, куйиниб кетганимдан айтаман, дунё тажрибасида маҳоратли аниматорлар 5-6 йил давомида тайёрланади. Сўнг улар яна 4-5 йил режиссёр ассистенти бўлиб юрадилар. Ўқиш, малака ошириш ва етук мутахассис бўлиб етишиш учун шунча вақт керак. Биз ҳам маҳаллий етук кадрларни ўқитиш, амалиёт ўташи учун салмоқли маблағни, имкониятларимизни сафарбар этишимиз лозим. Бу ишни ўқимасдан туриб, кўчадан ўрганиб бажариб бўлмайди, аммо афсуски, миллий мультипликациямиз юзини, нуфузини бизда кўпинча ана шундай ҳаваскорлар белгилаб бераяпти. Шунинг учун ҳам токи вазиятни ўнгламас эканмиз, «Нўхатполвон» ва у каби ишлар муваффақиятсизликка учрайверади.

Бадиий кенгаш ёки цензор

– Юқорида мафкурамиздаги айрим камчилик ва тўсиқлар ҳақида гапирдингиз. Шу масалага батафсилроқ тўхталсангиз.

– Бу оғриқли нуқта. Бадиий кенгашнинг таъқиқлари ва «мумкин эмас» деган чекловлари жуда кўп. Мен ва бошқа соғлом фикрлайдиган ижод кишилари тан оладиган чеклов ва таъқиқларни қўллаб-қувватлайман, албатта. Масалан, фильмда порнография, тамаки чекиш, алкоголли маҳсулотларни истеъмол қилиш, давлат тузумига қарши ва диний экстремизмни ёқлайдиган ҳатти-ҳаракатларни кўрсатиш нотўғри. Аммо бошқа мумкин эмасларни ҳеч тушуна олмайман. Яқинда «Довюрак ошпаз» эртак-фильмини суратга олдим. Бадиий кенгаш аъзоларининг эътирозларидан бири шу бўлдики, қаҳрамонимнинг ташқи кўриниши ўзбекка ўхшамас эмиш. Яна бир эътироз, нима учун у ўзи излаган маликани, умр йўлдошини юртимиздан эмас, Таиланд мамлакатидан топади? Биринчидан, эртак фильм қаҳрамонининг кўриниши маҳаллий ўзбек, шарқ аҳолисидан фарқ қилмайди, иккинчидан, эртакларда чегаралардан, тоғлардан, денгизу уммонлардан ошиб юрадиган ошиқлар, персонажлар истаганча топилади, қолаверса, фильм сценарийси бўйича ҳам шундай.

Йиғилишларда, мажлисларда айнан шу Бадиий кенгаш аъзоларидан эътирозлар бўлиб қолади: нега сизлар ишлаган фильмлар халқаро майдонларга чиқа олмаяпти? Ҳурматли, Бадиий кенгаш аъзолари! Халқаро майдонда, фестиваль ва танловларда фақат холис, адолатдан сўзлайдиган, бадиий пухта асарлар эътироф этилади. Сизнинг таъқиқ ва мумкин эмас-мумкин эмасларингиз туфайли фильмларимиз ўзимизнинг девордан нарига ўтмаяпти, деб жавоб бергим келади. Бадиий кенгаш муҳокамаси жараёнида мумкин эмаслар сабаб тайёр фильмнинг жуда кўплаб кадрлари кесиб ташланади, диалоглари ўзгартирилади. Охири пати юлинган товуққа айланади қолади. Уларнинг жуда кўплаб эътирозлари кулгули, мантиқсиз ва инсонни таҳқирловчидир. Масалан, 6 ёшли бола ва қиз қўл ушлашиб мактабга – биринчи қўнғироққа хурсанд ҳолда кетиб боряпти. Мумкин эмас экан, ҳатто болаларнинг қўл ушлаб юриши одобга, тарбияга зид экан. Ёқа ушлайсизми? Бир яхши сценарийни бадиий кенгаш қайтариб берди. Нима эмиш, фильм қаҳрамонлари айиқ билан қўй эмиш. Бу эса рус ва ўзбек миллатига ишора эмиш. Мен дод демай, ким дод десин.

Арзимаган сабаб ва баҳоналар билан фильмларни тўхтатиб қўйиш, сценарийларни бекор қилиш фақат ва фақат соҳанинг тараққиётига, ривожига тўсиқ бўлади, холос. Яқинда ўзим тўлиқметражли бадиий фильм суратга олдим. Мавзу халқаро терроризм ва унинг хуружи, жамиятга таҳдиди ҳақида. Диний ниқоб остида юртимизга кириб қўпорувчилик ҳаракатларини амалга оширмоқчи бўлган террористик гуруҳ аъзоси фильм сўнггида жисмонан йўқ қилинади. Бошқача айтганда, фильм қаҳрамони уни ўлдиради. Бадиий кенгаш шу эпизодни олиб ташлашни талаб қилмоқда. Акс ҳолда фильм жавонга ташланар экан. Қўлимдаги яна бир сценарий ҳам хавф остида. У ердаги қиз қаҳрамоним эркаклар кийимини кийиб, айрим ўринларда ўзини эркак деб таништириб ҳаракат қилиши бадиий кенгаш аъзоларининг ғазабини келтирди. Нима эмиш – шармандалик эмиш. Жаҳон классикасида эркакча кийиниб олган қиз персонажлар озмунчами? Йўқ, бизга мумкин эмас экан.

Бизда яхши сценарийлар бор, яхши бадиий, ҳужжатли ва мультфильмлар суратга олинади. Аммо бу каби ҳақиқатни яшириш, мавжуд картинани тўлақонли тақдим қилишдан қўрқиш ҳолатлари мавжуд экан, бизнинг фильмлар халқаро майдонларда ўз ўрнини топа олмай узоқ йиллар сарсон бўлади.

Ислоҳотлар остонасида

– Демак, миллий бадиий, ҳужжатли, анимацион фильмларни ишлаш ишлари, умуман, соҳа жиддий ислоҳотларга муҳтож?

– Биз режиссёрлар яхши бадиий ва пишиқ-пухта анимацион фильмлар олгимиз келади, ола биламиз ҳам. Аммо санъатлар ичида энг қимматлиси, бу – кино. Яхши кино катта маблағ ва сарф-харажатни талаб қилади. Киночилар иши, бошқа ижод аҳлидан фарқли ўлароқ, кимларгадир боғлиқ. Масалан, ёзувчи, рассом, бастакор бир ўзи ҳам катта харажатларсиз етук асарлар ярата олади. Аммо киночилар маблағсиз ва маҳоратли жамоасиз ҳеч нима қила олмайдилар. Бадиий кенгаш дегани асарни бадиий жихатдан такомиллаштириш учун кўмаклашиши керак, режиссёр ёки муаллифга таъқиқ қўйиб, унинг асари патини юлиб, бутун дунёга шарманда қилиши керак эмас. Айни пайтда дунёни ҳайратга солаган буюк режиссёрлар, буюк асарлар бадиий кенгашлар аралашувисиз олинган. Дунё таниган режиссёрларга мухлислар тик оёқда туриб қарсак чалишганида, бу ерда бадиий кенгашнинг хизмати умуман бўлмаган. Бадиий кенгаш кинони миллий ёки миллий эмаслигини белгилаб беришга эмас, такрор бўлса ҳам айтаман, унинг бадиий етуклигини таъминлашга масъул бўлиши керак.

– Сиз иккита сиёсий тузум: СССР ва мустақил Ўзбекистон шароитида ижод қилган ва ижод қилаётган ижодкорсиз. Совет мультипликацияси билан ҳозирги ўзбек мультипликациясининг қандай фарқли жиҳатлари мавжуд?

– Мен шу кунга қадар 20 дан ортиқ картина суратга олган бўлсам, энг яхши фильмларим советлар даврида суратга олинган. «Майин ёмғир ёғади» фильми ўша пайтларда ишланган. Мустақиллик йилларида яратилган энг яхши ишларим қаторида «Алпомиш», «Қиёфа» каби анимацион фильмларни санашим мумкин. Тўғри, советларда қатъий талаб ва қолиплар мавжуд эди. Аммо раҳбарлар ижодкорларни тушунишган, уларга қулоқ солишган, тинглай билишган, фикрлашишган. Ҳозир сизнинг гапингизни биров эшитмайди, худди овозсиз оғиз қимирлатаётгандек ҳис қиласиз ўзингизни. Ҳар иккала даврда яратилган ва яратилаётган асарлар руҳида ҳам бу нарсаларни сезиш мумкин.

Томошабин учун кураш

– Ўзбек мультипликациясининг мероси, тажрибаси, бугунги даражаси жуда ҳам ҳаминқадар эмас. Бой меросимиз бор. Аммо тарихий фильмларни масалан, интернет тармоқларидан топиб бўлмайди. Ўзбек томошабинлари излаб, истаб анимацион фильмларни томоша қилишлари учун нима қилиш керак?

– Ҳақиқатни кўрсатиш ва гапиришни ўрганишимиз лозим. Ҳеч бўлмаса озгина. Собиқ Иттифоқ даврида фалсафий мазмундаги, чуқур маънога эга асарлар кўплаб ишланган. Ҳозир сал фалсафага яқинлашган мавзулардан чўчишади. Ўртача, ҳеч кимни хафа қилмайдиган, камчиликлар ва муаммолар кўрсатиб берилмаган силлиқ фильмлар ишлашни талаб қилишади? Шунинг учун кўпроқ эртак фильмлар ишланг, фақат ундаги шоҳ образи ижобий бўлсин, деб шарт қўйишади. Ахир эртакларда аҳмоқ подшоҳлар ҳам, доно шоҳлар ҳам кўплаб учрайди. Йўқ, бизга фақат ижобий образлар керак экан. Шу ва шу каби гапларни катта ҳамда жиддий йиғилишларда, мажлисларда ақлли, жиддий лавозимли мулозимлардан эшитиб, руҳий касаллар шифохонасидаманми, деб ўйлаб қоламан. Бундай вазиятда томошабиндан кўп нарса талаб қилиш, нимадир кутиш ёки ундан гина қилишнинг ўзи ноқулай.

Шаҳзода Чарльзнинг эътирофи

– Катталар учун ишланаётган анимацион фильмлар ҳақида нима дея оласиз?

– Катталар учун ҳам қатор фильмлар яратилган. Ўзим ҳам асосан катталар учун мультфильмлар оламан. Масалан, «Майин ёмғир ёғади» картинам халқаро танловларда 7 та совринни қўлга киритган. 1984 йили Тошкентга Буюк Британиядан шаҳзода Чарльз ташриф буюрган эди. У билан суҳбатлашиш имконига эга бўлганман. Суҳбат пайтида ушбу фильмим унинг энг севимли асари эканини эътироф этган эди. Шаҳзода ўша пайтда Англияда икки йил муддатга «Майин ёмғир ёғади»ни ТВ да кўрсатиш ҳуқуқини сотиб олган.

– Бугунги кунда қандай лойиҳа устида иш олиб бормоқдасиз?

Айни пайтда эртаклар асосида фильм ишлаш билан бандман.

Фильм жамиятнинг барча қатламлари учун мўлжалланган, ёш тоифаси белгиланмаган. Ундан ташқари қўлимда яна иккита сценарий бор. Бири болалар учун, иккинчиси катталар учун анимацион фильм. Уларнинг нима ҳақида бўлишини айтолмайман, бу ижодий сир. Ҳозир Бадиий Кенгашнинг қарорини кутяпмиз. Негаки, Кенгаш қарорисиз бирорта ишни бошлай олмаймиз. Баъзида хаёл қиламан, «навбатдаги фильмимни бундай тарзда оламан, Бадиий Кенгашга албатта ёқади». Аммо афсуски, доим ҳам биз ўйлаганимиздек бўлавермайди.

Total
43
Shares

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*
*