Элен Тибо: Марказий Осиёда ҳижоб ва секуляризмнинг муваффақиятсизликлари ҳақида

Оригинал: https://caa-network.org/archives/6934

Марказий Осиёда хотин-қизларнинг ислом кўрсатмаларига асосан кийиниши масаласи улкан сиёсий курашга айланиб кетди. Минтақа аҳолисининг аксарият қисми мусулмон ҳисобланишини эслатишнинг ўзи ортиқча. Биз ҳижоб ва сиёсатчиларнинг унга қаратган диққат-эътибори сабаблари тўғрисида Марказий Осиёдаги динлар, миллий ўзига хослик ва советлар мероси бўйича тадқиқотчи Элен Тибо билан суҳбатлашдик. Тибо Канададаги Монреал Университетининг Халқаро муносабатлар марказида тадқиқотчи бўлиб ишлайди. У 2014 йилда Оттава Университетида сиёсий фанлар доктори даражасини олган (PhD). Тадқиқотчининг сўнгг ииши билан Central Eurasia – Religion in International Affairs (CERIA): Female Virtue, Religion and State Ideology in Tajikistan сайтида танишиш мумкин.

– Ислом динида ҳижоб нима ва мусулмон хотин-қизлар уни кийиб юришлари шартми? Сочларни ёпиб юриш қоидаси тўғрисида айнан нима дейилган?

– Қуръондаги бир неча оятлар мазкур мавзуга бағишланган. Қуръонда айтилишича, хотин-қизлар оддий кийинишлари ва бош ўрашда қўлланиладиган мато сифатида тушуниладиган химар билан кўкракларини ёпиб юришлари лозим. Бироқ, мусулмон дин пешволари бу борадаги фикрлари турлича бўлиб, уларнинг ҳаммаси ҳам бу оятни хотин-қизларнинг бош ва сочларини ёпиб юришлари шарт деб талқин қилишмайди. Ҳатто, уларнинг айримлари юзни тўлиқ ёпиб юриш зарур эмас, деб ҳисоблайдилар. Бугун ушбу қоидага ҳамма жойда турлича амал қилинмоқда. Эрон, Саудия Арабистони сингари бир неча мамлакатларда барча хотин-қизлар рўмол ўраши шарт. Мусулмон ва мусулмон бўлмаган мамлакатларда мусулмон хотин-қизлар ҳижоб киймасликни афзал кўришади.

– Ислом динида ҳижоб кийиш шарт эмас, деган фикрни билдирган олимларнинг номларини айта оласизми? Масалан, мен бундай деб гапирган Марказий Осиёда шу фикрдаги биронта ҳам мусулмон дини пешвоси ҳақида эшитмаганман ва ушбу минтақадаги барча уламолар бир овоздан бошни ёпиш шарт дейдилар.

– Мен фиқҳ (ислом ҳуқуқи) бўйича мутахассис эмасман ва бу саволга жавоб бериш мен учун қийин. Бироқ, умуман олганда, аксарият уламолар хотин-қизларга бошларини ёпиб юришларини тавсия қиладилар. Тожикистоннинг расмий мусулмон органи бўлмиш Олимлар кенгаши хотин-қизларга исломий либосларни эрон, турк ва араб маданияти бўйича эмас, миллий маданиятга мувофиқ кийишларини тавсия этгани қизиқарли.

– Нима учун Марказий Осиёдаги хотин-қизлар ҳижоб киядилар? Кимлар ва қайси ёш тоифасидагилар ҳижобда юришади? Улар шаҳарларда истиқомат қиладиларми ёки шаҳардан четдами, ҳижобни турмуш ўртоқларининг ҳоҳишига кўра киядиларми ёки бу урф, ижтимоий тренд бўлгани учунми, жамият томонидан босим сабабиданми ёҳуд ўз истаклари биланми?

– Совет Иттифоқи тугаб, ҳижоб кийишга бўлган тақиқлар бекор қилинганидан сўнг аёллар кўпроқ ҳижоб киядиган бўлдилар. Ҳижоб гарчи Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистонда кўпроқ намоён бўлаётган бўлсада, Марказий Осиёда кузатилаётган кенг кўламли диний тикланишнинг бир қисмига айланди. Кўплаб диндор хотин-қизлар ўз динининг рамзи сифатида ҳижоб кийишни шарт деб биладилар. Гарчи баъзи ҳолларда бу шарқ ислом урфи билан боғлиқ тренднинг бир қисми ҳисобланади ва айрим хотин-қизлар гулли рўмоллар ва ажойиб макияжда “исломий жиҳатдан ёрқин” кўринадилар.

Афғон бурқаси

Барча ёшдаги хотин-қизлар ҳижоб киядилар, уларни шаҳарларда ҳам, қишлоқ жойларида ҳам кўриш мумкин. Тожикистоннинг Чоркух ва Рашт каби нисбатан консерватив туманларида кўп аёллар ҳижобда юришади. Хўжанд сингари анча либерал шаҳарларда кам ҳолларда ҳижобли аёлни учратиш мумкин. Умуман олганда, Марказий Осиё республикаларидаги ҳижобли хотин-қизлар сони ҳали ҳам камчиликни ташкил этади. Мен уларни мажбурий равишда ҳижоб киядилар, деб айтолмайман. Чунки, бир оиладаги ҳамма хотин-қизлар ҳам, масалан, сингилларнинг ҳижоб киймаган ҳолатларни учратиш мумкин. Кичик ёшдаги қизларга бу борада ота-оналарнинг таъсири бор, деса бўлади. Бироқ, бу ерда ҳам ҳижоб кийишни қизалоқларнинг эркини топташ эмас, балки, диний тарбиянингбир қисми деб талқин қилиш мумкин.

– Марказий Осиёдаги кўплаб оддий инсонлар, ҳокимиятлар ва ҳатто Ислом тадқиқотчилари ҳам “ҳижоб” деганда турк услубида рўмол ўрашни тушунадилар ва шу боис улар ҳижоб минтақада яқиндан бошлаб оммалашиб бораётганини айтишмоқда. Бироқ, ҳижоб рўмол ўрашнинг ўшандай янгича урфи эмаску, шундай эмасми? Марказий Осиёнинг катта шаҳарларидан четда истиқомат қиладиган аксарият хотин-қизлар ислом анъаналари бўйича ўранмаганмилар? Фақат ўраниш услуби ва одати бошқача бўлмаганми?

– Минтақага Советларнинг келгунига қадар ҳозирги Тожикистон ва Ўзбекистондаги уй бекалари фаранджу (унинг бошқа номи: паранжи) кийганлар, у уларнинг бутун баданларини ёпиб турган. Паранжини юзни беркитиб турадиган чачвон тўлдириб турган. Ҳозирги кунда Афғонистондаги хотин-қизлар деярли шундай кийинадилар ва бундай либосни «бурқа» деб атайдилар. Қишлоқ жойларидаги хотин-қизлар далада меҳнат қилганлари боис, ҳар доим ҳам бундай либосни кийишмаган. Ўттизинчи йилларнинг охирларида Советлар “ҳужум” номи остида паранжига қарши қаратилган кампанияни бошлайдилар. Тарғибот ва босқинчиликка асосланган ушбу кампания паранжини йўқ қилишга йўналтирилган бўлиб, аёлларга ҳокимият билан муаммолар юзага келмаслиги учун паранжи кийиб юришлари қийин бўлиб қолади. Саксонинчи йилларнинг охирларида, Совет Иттифоқининг қулаши олдидан камчилик аёллар бошларини ўраб юрганлар. Уларнинг аксарияти қишлоқ жойларида яшайдиган ва кекса ёшдаги аёллар бўлган. Мустақилликка ва ғоявий фронтда маълум даражадаги эркинликка эришилгандан сўнг, рўмол сингари дин ҳам ривожлана бошланди. Тожикистонда бош ва бўйинни ўраб турадиган ҳамда кенг тарқалган бош кийими ҳисобланган бурқа ва ҳижобни жуда кам сонли аёллар киядилар. Уни диндорлик даражасига қараб турлича кийишади. Кўп ҳолларда, у “анъанавий” тожик либослари билан бирга киядилар, яъни, икки қисмдан иборат ранг-баранг ансамбль юзага келади, баъзи ҳолларда эса, узун қора либослар остидан кийилади.

Бухоро паранжиси

Ва ниҳоят ҳокимият хотин-қизларни икки қисмдан иборат ранг-баранг ансамбль (кенг шимлар ва калта ёки узун енгли кўйлаклар) бўлган “анъанавий” тожик либосларини кийиб юришга чақиради. Булар советлар ихтироси. Тарихни талқин қилишнинг энг қулай услуби.

– Марказий Осиёнинг айрим республикаларида ҳижобли хотин-қизлар (замонавий турк модасидаги ҳижобни назарда тутяпман) иш жойи ва ўқув муассасаларда турли муаммоларга дуч келишмоқда. Уларнинг биноларга киришида маълум қийинчиликлар кузатилмоқда. Улар ҳатто бозорлар ёки шаҳарларда эркин ҳаракат қилолмайдилар. Нима учун ҳижоб Марказий Осиёда улкан сиёсий муаммога айланди?

– Чунки, у Марказий Осиёнинг кўплаб масканларида дин рамзи (айримлар уни дин белгиси деб ҳам аташади) ҳисобланади. Марказий Осиёнинг дунёвий ҳокимиятлари ҳали ҳам совет ҳокимиятининг тажовузкорона аксил диний сиёсатига амал қилишади ва жамиятни радикаллаштиради, деб билган ҳамма нарсадан қўрқишади. Бундан ташқари Марказий Осиё республикаларининг аксарият маъмурлари сиёсий оппозицияни хуш кўрмайдилар ва Ислом улар учун улардаги секуляризмга қарши чиқадиган сафарбар кучдек кўринади.

– Марказий Осиёнинг диний одатлари, хусусан, ҳижобли хотин-қизлар сиёсий жиҳатдан анча фаолмилар?

– Шарт эмас. Аксарият диндорлар, жумладан, ҳижоб кийган хотин-қизлар динга қизиқадилар холос, улар сиёсатга аралашмайдилар. Бироқ, Ислом дини шундай жиддий сиёсий масалага айландики, ҳижобли аёллар ва соқол қўйган эркаклар ўзлари билмаган ҳолда, фақат ўз қиёфалари билангина сиёсатга аралашиб қолгандек бўлиб қолди. Марказий Осиё ҳукуматлари барча диний партияларни ёпиб ташлади ва шу боис диний масалаларни сиёсий даражада сафарбар қилиш ва ҳимоя қилиш имконсиз бўлиб қолди. Диний одамлар сиёсатга аралашган бўлмаслигиям мумкин, аммо, уларнинг ҳаётий танлови давлатнинг секуляр ғояси қулаганини кўрсатади.

– Анъаналар ва миллий қадриятлар, айниқса, либос билан боғлиқ урф-одатлар ҳақида гап борганда, давлатлар нима учун фақат аёлларга эътибор қаратишади? Эркаклардан эса, масалан, жома ва чопон кийиб юришни талаб этишмайди, гарчи соқол қўйиб юриш ҳам минтақанинг кўп асрлик анъаналарининг бир қисми ҳисоблансада, аксинча, эркакларни соқол олиб юришга мажбур қиладилар (юз йил олдин Марказий Осиёда соқоли олинган эркакни учратиш жуда қийин бўлган).

– Бу саволга жавоб бериш учун яна совет даврига қайтишимизга тўғри келади. Совет ҳокимиятининг дастлабки кунларида хотин-қизларни либераллаштириш икки мақсадга қаратилган эди: биринчиси, хотин-қизларни эркакларнинг патриархал устун бўлишидан озод қилиш, иккинчиси дин ва диний ҳокимиятни барбод қилиш ва делегимитация қилиш. Хотин-қизларни озод қилиш социализм тараққиёти ва муваффақиятининг рамзи деб кўринган. Бугунги кун ҳақида ҳам худди шундай дейиш мумкин. Ҳукуматлар ҳижобли хотин-қизлар сонининг кўпаяётганини жаҳолатпараст анъаналар қайтмоқда, деб билмоқдалар.

– Асосан қандай хотин-қизлар маиший зўравонликка учрайдилар, уйда гапи кам инобатга олинади, ўқишга кириш ва ишга жойлашиш имкониятидан камроқ фойдаланадилар – ҳижоблиларми ёки ҳижоб киймайдиганлар? Бу борада бирон-бир тадқиқот ёки статистика борми? Агар ҳақиқатдан ҳам бу борада фарқ бўлса, бу диндорлик даражасига боғлиқми ёки йўқми? Мен масалан “сен қанчалик диндор бўлсанг ёки бўлмасанг, хизматда кўтарилишинг ва эркин бўлишинг учун имкониятинг ҳам шунча кўп ёки шунча кам бўлади… агар ҳижоб кийсанг ёки киймасанг ҳаётингда нима ўзгаради?”, деб айта оламизми, деган нарсани назарда тутяпман.

– Афсуски, маиший зўравонлик Марказий Осиёда кўплаб хотин-қизлар муаммоси бўлиб, у турлича ижтимоий-иқтисодий ва диний ҳолатдаги хотин-қизларига тааллуқлилиги боис унинг Ислом билан ҳеч қандай алоқаси йўқ. Тожикистонда диний эътиқодига қарамасдан, хотин-қизларнинг ҳақиқатдан эркин бўлишига имкон бермайдиган маълум даражадаги консерватизм ва патернализм мавжуд. Гарчи улар меҳнат бозорида фаол бўлсаларда, хотин-қизларнинг сиёсатда ва давлат ишларидаги иштироки сўнгги йилларда сусайган.

Таълим масаласига келсак, бу ерда масала анча жиддий. Умуман олганда, жуда диндор инсонлар хотин-қизларнинг таълим олишини маъқуллайди. Мен Тожикистонда яшаган пайтларимда “Ислом динида ўқимишли аёл қадрланади”, – деган сўзларни кўп эшитганман. Бироқ, шуни қайд этиш керакки, ўқимишлилик ҳамиша ҳам аёлларга катта имкониятларни тақдим этиш билан боғланмайди, балки, уларга “яхши она” бўлиш учун кўпроқ зарурдир.

Таълим муассалари ичида ҳижоб кийиш тақиқланадиган ғалати парадоксни кузатиш мумкин. Ҳижобли қизлар мактабга бора олмайдилар. Бу дегани – дин эмас, секуляр сиёсат хотин-қизларнинг таълим олишига тўсқинлик қилмоқда. Кўплаб оилалар бунга кўнадилар ва қонунга амал қиладилар. Аксарият ҳолларда қизлар мактабга рўмолларини ечиб кирадилар ва фақат чиқишда уни дарвоза олдида ўраб оладилар, бироқ, баъзилари мактабни ташлайдилар ва олий маълумот олмайдилар. Шунингдек, ҳижобли хотин-қизларнинг ишга жойлашиши ҳам қийинроқ. Улар давлат секторида расман, хусусий секторда амалда ишга жойлашолмайдилар. Ва ниҳоят, ёмон иқтисодий аҳвол ва истиқболнинг йўқлиги ҳам хотин-қизлар учун тўсиқлар яратади.

– Аҳолининг бир қисми, айниқса, шаҳар аҳолиси давлатнинг ҳижобли хотин-қизларга қарши ташаббусларини маъқуллайди. Айни дамда шу одамлар ўзларини мусулмон деб атайдилар. Агар шу инсонларда сиёсий майл бўлмаса, унда нима учун улар бундай муҳим исломий қоидага қарши чиқадилар?

– Диндорликни ифодалашнинг кўп йўллари бор. Ўзини мусулмон деб кўрсатадиган, бироқ, секуляр қарашларга амал қилувчи ва диннинг тикланишини ислом радикализми деб қабул қилган катта қисмдаги аҳоли бор. Бу шубҳасиз, қадриятлар курашидир. Тожикистондаги ҳолат фуқаролик уруши пайтида қарама-қарши томонлар дунёвий ҳозирги ҳокимият ва аксарияти Тожикистон Ислом тикланиш ҳаракати партияси вакиллари бўлган исломчиларга бўлингани билан мураккаблашган эди. Гарчи ўша низо кўпроқ турли ҳудудий уруғ-аймоқлар ўртасидаги кураш бўлган бўлсада, баъзилар Исломни зўравонлик деб билишмоқда. Бироқ, айрим секуляр инсонлар диндорларга ишонишмайди ва уларни мунофиқлар деб атайдилар. Улар диний амалларни бажарадиган ёки зиёратга борадиган кишиларни, аслида динни билмайдиган ва бу расм-русмларни фақат бошқалар олдида ҳурмат қозониш мақсадида бажарадилар деб билишади. Мазкур гуруҳдаги инсонлар ўртасида катта ишончсизлик ва тушунмовчилик бор.

– Ҳижобга қарши кураш Тожикистонда, кейин Ўзбекистонда бошланганди ва анча шавқатсиз қиёфа касб этганди. Ҳозир эса Қозоғистон ва Қирғизистонда ҳижобга қарши чиқиш бошланди. Туркманистон бўйича маълумотга эга эмасман, бироқ, туркман хотин-қизларининг телевидениедаги чиқишига қараганда, улар бир хил миллий совет туркман либосини киядилар. Мазкур республикалар ҳукуматлари сиёсий ва иқтисодий масалалар бўйича қийин тил топишаётганларини эътиборга олганда, ҳижобга қарши қаратилган фронтларнинг бир хил экани ғалати эмасми?

– Марказий Осиёдаги бу бир хилликни шарҳлаш учун яна бир бор совет ўтмишига назар ташлаймиз. Гарчи Совет иттифоқи қулаганидан сўнг коммунизм ғояси четга сурилган бўлсада, дин мазкур мамлакатлар сиёсий элитасида ҳурмат билан қаралмаганича қолиб кетди. Дин тараққиёт ва замонавий ҳаётга қарама-қаршилик деб қаралади. Марказий Осиё ҳокимиятларининг у қадар демократик эмаслиги эътиборга олинганда, диний тикланиш сиёсий оппозицион ҳаракатда ривожланиш салоҳиятига эга бўлгани боис, таҳдид деб қаралади.


Фото: Wikimedia Commons

Total
32
Shares

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*
*