Йўлбарсхон Мансуров: “Технологияни ўзлаштириш, яъни бошқа давлатларнинг ишланмаларидан Ўзбекистонда қонуний фойдаланиш зарур”

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари, “Буюк Келажак” халқаро нодавлат нотижорат ташкилоти эксперти Юлбарсхон Мансуров инсон капитали, илмий ишланмалар ва Ўзбекистоннинг барча фуқаролари учун мўлжалланган инновациялар тўғрисида.

Ўзбекистонда кадрлар сиёсати фан ва технологиялар ривожига қай тарзда таъсир кўрсатади? Нима учун баъзи мамлакатлар, жумладан, Ўзбекистон ҳам юксак малакали мутахассислар учун шарт-шароитлар яратиб бера олишмайди?

Мамлакатнинг кадрлар сиёсати унинг фан ва технологиялари даражаси билан бевосита боғлиқ бўлади. Айни пайтда мамлакатда юқори технологияли, илмий асосланган ишлаб чиқаришларни ташкил қилиш учун юксак малакали мутахассисларга нисбатан эҳтиёж бор. Хорижий экспертлар, масалан, “Буюк Келажак” халқаро нодавлат нотижорат ташкилоти экспертларининг фикрича, Ўзбекистонда илмий асосланган, юқори технологияли ишлаб чиқаришлар деярли йўқ ҳисоби. Бунинг сабаби — иқтисодиётнинг юқори технологияли ишлаб чиқаришлар мавжуд бўлган тегишли тармоқларида инновацион иқтисодиёт талабларига мос тарзда ишлай оладиган кадрларнинг йўқлигидадир.

Бундан ташқари, Ўзбекистонда кадрлар етишмовчилиги мактабгача таълимдан тортиб, олий таълимгача бўлган тизимда сифатнинг йўқлиги оқибатида юзага келганини тушуниш керак. Масалан, республикадаги олий таълим муассасаларида маърузалар фақат назарий форматда ўтказилади ва бунда маърузачи асосий бўғин ҳисобланади. Талабалардан фақат бир нарса, маърузачи тақдим этган материални ўзлаштириш талаб қилинади холос. Таълим олувчиларнинг ўқув машғулотлари материалига доир масалалар бўйича ўз компетенцияси бўйича малака шаклланишига баҳо берилмайди, бу эса ўз навбатида, жамиятнинг барча жабҳаларида кадрлар салоҳиятига нисбатан муаммоларни юзага келтиради. Чунки олий таълим муассасалари талабаларга керакли билим бера олишмайди. Кўпчилик ёшлар замонавий ва сифатли таълим олиш мақсадида чет элларга чиқишмоқда. Бундан ташқари, Ўзбекистонда хорижий университетларнинг филиаллари ҳам очилмоқдаки, бу ҳам таълим соҳасида рақобатни ривожлантиришга, бу эса ёшларга сифатли таълим бериш учун шароитлар яратишга ҳам хизмат қилади.

Паст даражадаги инновацион иқтисодиёт ва юксак малакали кадрларнинг тегишли иш ҳақи олиш мақсадида четга чиқиб кетиши — мамлакат таълим тизимининг жаҳон таълим тизимига интеграциялашмаганининг оқибатидир.

Мамлакатдаги янгича сиёсат ҳамда таълим соҳасидаги вазиятни тўғри англаш туфайли сўнгги икки йил ичида мактабгача таълимдан тортиб, олий таълимгача бўлган тизим тубдан ўзгармоқда. Мавжуд муаммоларни ҳал этиш ва истиқболлар бўйича ўзбеклардан кўра бошқача нуқтаи назарга эга хориждаги ватандошларимиз, “Буюк Келажак” халқаро нодавлат нотижорат ташкилоти экспертлари бунда бизга ёрдам беришмоқда.

Сиз илмий ишларни тижоратлаштириш соҳаси мутахассисисиз. Илм-фанни тижоратлаштириш механизми, сизнингча, қандай бўлиши керак? Бу борада сиз Ўзбекистон инновацион ривожланиш вазири ўринбосари сифатида нималарни жорий этдингиз?

Инновацион ривожланиш вазирлиги, хусусан, технологиялар ва илмий ишланмаларни тижоратлаштиш ва кўчириш бошқармаси илмий ва илмий техникавий фаолият натижаларини Президентнинг 2018 йил 14 июлдаги №ПҚ-3855 сонли “Илмий ва илмий-техникавий фаолият натижаларини тижоратлаштириш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ тижоратлаштиришни амалга оширади. Тижоратлашириш жараёни босқичлари қуйидаги расмда келтирилган (1 расм):

Тижоратлаштириш босқичлари Ўзбекистондаги воқеликка мос тарзда тузиб чиқилган. Тижоратлаштиришнинг қуйидаги механизмлари тайёрланди: интеллектуал фаолият ишланмаси ёки натижасини лицензия келишуви асосида тўғридан-тўғри сотиш, инновацион компания ташкил этиш, маҳсулотларни ишлаб чиқувчиларга сотиш. Юқорида санаб ўтилган механизмлар бўйича ҳозирда 53 та илмий ишланма тижоратлаштириш арафасида турибди. Умумий қиймати 3,8 млрд сўмдан ортиқ бўлган янги маҳсулот муддатидан аввал тайёрланди, қиймати 100 минг АҚШ долларидан зиёд бўлган хизматлар кўрсатилди.

Ҳозирги босқичда биз илмий асосланган технологияларни тижоратлаштириш ва кўчириш соҳасида фан ва технологияларнинг у ёки бу соҳалари бўйича юқори ривожланган мамлакатлар, масалан, Исроилнинг Tectum Inc, Россиянинг “Росснано” сингари компаниялари билан халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга ҳаракат қиляпмиз.

Бундан ташқари, тижоратлаштириш жараёнини комплекс таҳлил қилиш, мамлакатда инновацияни ривожлантириш ва молиялаштириш бўйича узоқ муддатли стратегияни ишлаб чиқиш мақсадида Жаҳон Банки билан ҳамкорлик қиляпмиз. Вазирлик ҳузурида Интеллектуал фаолият натижаларини тижоратлаштириш Президент фонди ташкил этилди.

Илмий патентлар ва муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш бўйича ишлар қандай кетмоқда? Сизнинг Вазирлигингиз Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлиги билан қай даражада самарали ҳамкорлик қилмоқда?

Бу борада бир неча рақамларни келтираман. Интеллектуал мулк агентлигида илмий фаолият натижалари бўйича йилига ўртача 1200 та интеллектуал мулк объекти рўйхатган ўтказилади, шулардан 190 таси ихтиролардир. Агарда бир йилда амалга ошириладиган илмий лойиҳаларнинг ўртача сони (1750 та) эътиборга олинса, 10-15 фоиздан камроқ лойиҳалар ихтиро билан тугайди, деганидир. Бу жуда кам албатта!

Шуни таъкидлаш жоизки, биринчидан, интеллектуал мулк объектини олиш муддатлари бўйича қатъий талаблар мавжуд эмас. Иккинчидан, ихтиро учун талабнома юбориш, қабул қилиш, шунингдек, ихтиро учун патент олиш жараёнида иштирок этувчилар бир-бирларини тўғри тушунишлари керак. Ҳеч ким патент бир-икки ойда олиниши керак, деб даъво қилмайди. Бу борада тадбиркор (ўз ихтироси учун патент олиш учун даъвогар) тезкор равишда ўз ишланмаси ёки бозорга чиқараётган маҳсулоти учун ҳуқуқий ҳимоя олиши лозим. Бугунги кунда бозор шу қадар тез ўзгаряптики, ишланма 18 ойдан сўнг ( Ўзбекистон Интеллектуал мулк агентлиги амалиётидаги муддатлар) бозорда ушбу маҳсулотга бўлган талабнинг пасайиши билан у эскирган ҳисобланиши мумкин (маҳсулот жуда тез фурсатда функционал эскириши мумкин).

Даъвогарга вақтинчалик ҳуқуқий ҳимоя тақдим этиш ёки ана шундай ишланмалар учун дастлабки патент институтини киритиш зарурлигини аниқ тушуниш керак. Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг дастлабки йилларида бу нарса амалиётда кузатилган. Бир (узоғи икки) ойда расмий экспертиза тугаши билан талабнома бўйича тақдим этилган интеллектуал фаолият натижаси вақтинчалик (патент олингунга қадар) ҳуқуқий ҳимояга эга эканини билдирувчи ҳужжат бериш керак.

Шу тариқа, ихтиро учун амал қилиш муддати 5 йилгача бўлган дастлабки патент олиш институтини жорий қилинишини ушлаб туриш мумкин бўлади. Бу жаҳон амалиёти ва интеллектуал мулк бозоридан келиб чиқадиган заруратдир. Айни пайтда 2 ойдан ошмайдиган бу расмий экспертиза ўтказиш муддати ва 12 ойдан ошмайдиган (фойдали моделлар учун 6 ойдан ошмайдиган) асли (мазмуни) бўйича экспетиза ўтказиш (мамлакт даражаси бўйича янгилик билан чегарланиш ҳам мумкин) ва ҳимоя ҳужжатини бериш муддати.

Агарда патент эгаси уни 20 йилгача узайтиришдан (фойдали моделлар учун 13 йилгача) ва ўз ихтиросини дунё учун янгилик сифатида тасдиқланишидан манфаатдор бўлса (бу патент олинган маҳсулотни Ўзбекистондан ташқарига экспорт қилишда жуда муҳим саналади), у янада асосли бўлган экспертизага буюртма бериши мумкин. Бу ҳолатда, Интеллектуал мулк агентлиги ушбу муддатларга амал қилиши лозим.

Қонунлар тўсқинлик қилиши эмас, иқтисодиёт ва саноатга хизмат қилмоғи керак. АҚШ Патент офиси бунга мисол бўла олади. Мазкур офис идорага келиб тушадиган ҳар қандай талабнома учун (1 йил муддатга ) вақтинчалик ҳуқуқий ҳимоя тақдим этади ва бу ҳақда даъвогарларга хабар беради. Агарда даъвогар АҚШ Патент офиси билан мулоқотни давом эттирмаса, АҚШ ҳудудида тақдим этилган ҳуқуқий ҳимоя тугатилади. Яна бир мисол. Роспатентда фойдали патентлар учун талабнома тақдим этиладиган кундан 4 ой ўтиб, патент олиш имконини берадиган тезкор экспертиза ўтказиш (қўшимча ҳақ тўланганда) кўзда тутилган. Муаллифлик ҳуқуқи объектлари (ЭҲМ (Электрон ҳисоблаш машиналари), маълумотлар базаси, топологиялар дастурлари) бўйича тезкор экспертиза ўтказилганда, Роспатентга талабнома берган пайтдан бошлаб фақат 7-10 кундан сўнг Расмий (давлат) рўйхатдан ўтказганлик ҳақидаги далолатнома олганлар (фақат расмий экспертиза. Муаллифлик ҳуқуқи формани ҳимоя қилади. Шу боис, бундай объектлар учун экспертиза ўтказилмайди).

Интеллектуал мулк агентлиги эндигина Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тасарруфига ўтди. Шу боис, ушбу идора ва бизнинг Вазирлигимиз ўртасидаги ҳамкорлик ҳақида гапиришга ҳали эрта.

Бугунги кунда Ўзбекистондаги илмий-тадқиқот марказларининг ҳолати қай даражада? Мамлакатнинг ҳозирги шароитида хориж тажрибасидан нималарни жорий этиш мумкин?

Биз республикадаги илмий-тадқиқот марказларининг аҳволини ўргандик, илмий-тадқиқот марказларининг моддий-техник базаси ривожланмагани аниқланди, қабул қилинган қарорга кўра, тикланиши лозим бўлган кўплаб илмий-тадқиқот институтларининг фаолияти тугатилди. Мамлакатимиз илмий соҳасидаги кадрлар салоҳиятига келадиган бўлсак, шуни таъкидлаш керакки, айни пайтда Фанлар академияси таркибида 91 нафар академик фаолият юритмоқда ва тадқиқотлар олиб боришмоқда. Республикада жами 3000 нафардан зиёд фан доктори, профессор ва 7000 дан ортиқ фан номзоди, PhD доктори меҳнат қилишмоқда.

Ҳокимиятга Президент Ш. Мирзиёев жамоасининг келиши билан Ўзбекистонда тадқиқот институтларининг илмий-техник базаси сифатини оширишга кўпроқ эътибор берила бошланди. Ускуналарни янгилаш, илм-фан марказларининг моддий техник базасини жаҳон стандартларига мувофиқлаштириш учун кўпроқ маблағ ажратилмоқда. 2019-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини инновацион ривожлантириш стратегиясида илм-фанни молиялаштириш кўрсаткичларини ялпи ички маҳсулот ҳажмининг 0,2 фоиздан 0,8 фоизгача ошириш бўйича улкан вазифалар белгиланган. Агарда биз илмий-техник база билан жиддий шуғуллансак ва кадрлар салоҳиятини юксалтирсак, белгиланган вазифаларни бажаришнинг уддасидан чиқа оламиз.

Ҳозирги кунда биз олимларимизнинг халқаро илмий дастурлар ва халқаро илмий консорциумларда кўпроқ иштирок этиши, чиқиш қилиши устида иш олиб бормоқдамиз. Ўзбекистон учун фаннинг истиқболли йўналишлари бўйича малакали кадрларни тайёрлаган олий таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот институтларининг кадрлар заҳирасини яратган ҳолда, тадқиқот ва ишланмаларни ўтказиш жараёнини интеграциялашда илмий-тадқиқот марказларини жорий этиш масаласини ишлаб чиқяпмиз.

Олий ўқув юртларининг истиқболли илмий тадқиқот йўналишларини ривожлантириш мақсадида стратегик-академик бўлинмалар, шунингдек, илм-фан ва ишлаб чиқариш ўртасида боғловчи бўғинларни яратиш мақсадида кичик инновациявий корхоналар ташкил этмоқдамиз. Биринчи навбатда, сув ва сувдан фойдаланиш, энергетика, инсон ва инсоннинг ҳаётий фаолият юритишида унинг хавфсизлиги муаммоларини ҳал этиш, нано ва биоматериаллар, уларни қайта ишлаш технологиялари, қишлоқ хўжалиги билан боғлиқ тадқиқотлар юртимиз илм-фанидаги истиқболли йўналишлардандир. Ўзбек илм-фани азалдан физика, математика, кимё каби аниқ фанлар бўйича кучли бўлиб келган. Шу боис, бу соҳалардаги тадқиқотларни мунтазам равишда қўллаб-қувватлаш зарур.

Хориж тажрибасидан интеллектуал мулк бозори, IT-технологиялар, қайта тикланувчи энергетика, агросаноат технологияларини ривожлантириш маҳоратини ўрганишимиз лозим. Ўзингиз бир ўйлаб кўринг-а, қуёшли кунларимиз кўп бўлишига қарамасдан, ҳали биронта ҳам қуёш станциясини барпо этмадик; мамлакат иссиқ иқлим шароитида яшайди, бироқ ҳанузгача озиқ-овқат маҳсулотлари бизга четдан импорт қилинади. Бу бемаънилик-ку, ахир!

Инновациялар кичик янгиликлардан бошланади. Бугун Ўзбекистоннинг оддий инсонлари учун қандай инновациялар керак? Мамлакат аҳолиси қандай содда инновацияларсиз яшаяпти?

Оддий инсон? Бундай сўз бирикмаси менга тушунарсиз. Агарда гап Ўзбекистон фуқароси, фуқаролари ҳақида бораётган бўлса, улар юксак ривожланган мамлакатлар фуқароларида мавжуд бўлган қулай турмуш шароитларига: нафақат озиқ-овқат, балки оилани боқиш, ўқиш, малака ошириш, қайта малака ошириш, туризм, тиббий хизмат ва шу кабилар учун етарли бўлган юқори иш ҳақига, бир сўз билан айтганда, шахсий инсон капиталини ривожлантиришга лойиқдирлар ва улар бунга муҳтожлар. Табиийки, етарлича бўлган истеъмол савати ва яшаш шароитлари бўлишини хоҳлардик. Мана шу науқтаи назардан инновациялар мамлакат фуқароларининг барча соҳалари учун кераклидир, аниқроғи, инноватор тили билан айтганда, “технологияларни ютиш”, яъни Ўзбекистонда бошқа мамлакатлар ишланмаларидан маданиятли фойдаланиш керак. Масалан, коммунал хизматлар, жамоат транспортидан фойдаланганлик учун уяли телефон орқали пул тўлаш, мобиль банк яратиш, такси хизматлари учун нақд пулсиз ҳисоб-китоб қилиш ва ҳоказолар.

Ўзбекистонда инновацион технологиялардан фойдаланиш бўйича яна бир, янада каттароқ мисол сифатида, хонадонларда, масалан, худди АҚШдагидек тескари айланадиган электрон ҳисоблагичларнинг ўрнатилиши. Эрталаб уй эгалари ишга кетишганида, табиийки, бу хонадонда электр энергияси истеъмоли минимал даражага тушади (одатда фақат музлатгич ишлаб туради). Бунда электр энергиясини сарф қилишни ҳисоблайдиган ҳисоблагич қуёш панелига ўрнатилган бўлса, бир томонга айланади — электр энергия шаҳар тармоғига айланади. Кечқурун барча оила аъзолари уйга қайтганида, электр энергиясига талаб ортади ва ҳисоблагич қарама-қарши томонга қараб айланади — етишмайдиган электр шаҳар тармоғидан олинади. Бунда фуқаро ёки оила фақат ҳисоблагичда кўрсатилган фарқ учун ҳақ тўлайди. Нақадар ажойиб! Афсуски Ўзбекистонда бу қулайлик ҳозирча йўқ. Бироқ бир кун келиб бу албатта бўлади!

Ижтимоий инновацияларга келадиган бўлсак, менингча, биринчи навбатда ишчиларга ҳақ тўлаш ва пенсия тўлови тизимини қайта кўриб чиқиш зарур. Чуқур ўйланган KPI керак. Масалан, илмий-тадқиқот институтлари ва олий таълим муассасалари ходимлари учун олимлик даражалари ва унвонлар бўйича тақсимланадиган энг кам иш ҳақи белгиланса яхши бўларди. У энг кам истеъмол саватли оилани таъминлаш учун етарли бўлиши лозим. Ходимлар ойлик иш ҳақининг катта қисмини ташкилотнинг индикатор кўрсаткичларига мос келадиган ходимларнинг индикатор кўрсаткичларини бажарганликларига қараб бериладиган маблағ ташкил этиши керак. Шу тарзда, ташкилотда ҳар бир ходим тасдиқланган ҳужжатлар билан бажарилган ишлар кўрсаткичларини киритиб бориши лозим бўлган унинг шахсий кабинети белгиланади. Бажарилган ишлар ҳисобланади ва шунга қараб ойлик маош тўланади. Акс ҳолда, бу ўринда ходимлар меҳнатининг сифати ва миқдорини субъектив баҳоланишига дуч келамиз. Масалан, худди бизнинг вазирликдаги сингари – ҳатто вазирнинг шахсан ўзи ҳам қўшимча ҳақ белгилай олмайди. Пенсиялар фақат пенсия жамғармаси томонидан тўланиши керак. Чунки нафақа ёшидаги инсон ишлаган пулларининг бир қисмини айнан шу жамғармага тўлаб борган. Амалиётда эса бошқача, нафақадаги инсонни ишга қабул қилган ташкилот унга пенсия тўлайди, бу эса ҳамиша ҳам ташкилот учун маъқул бўлавермайди. Бу кўпинча юқори малакали кадрларни йўқотишга олиб келади. Ҳа айтганча, олий тоифали кадрлар энг юқори ойлик ва энг юқори пенсия олишлари лозим.

Бугунги кунда мамлакат аҳолиси муҳтож бўлган энг оддий инновациялар ана шулардир, бироқ бу нарса вақтинчаликдир.

Ўзбекистонда идоралараро коммуникация қай даражада ривожланган? Қайси омиллар унинг ривожланишига тўсқинлик қилмоқда?

Инновацион ривожланиш вазирлиги 2019-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини инновацион ривожлантириш стратегияси ижросини мувофиқлаштириш ва мониторинг қилиш ишларини амалга оширмоқда. Стратегиянинг асосий мақсади инсон капиталини ривожлантириш, мамлакат олдида турган энг асосий вазифа эса, 2030 йилга келиб Глобал инновацион индекс рейтинги бўйича жаҳоннинг 50 илғор мамлакати қаторига кириш ҳисобланади. Стратегияда асосий мақсадларга эришишда мамлакатдаги барча вазирлик ва идораларнинг идоралараро коммуникациялари ва мувофиқлашган ишлашини талаб этадиган 81 та кўрсаткич ҳисобга олинган.

Шундай бўлсада, вазирлик ва идоралар баъзан битта мақсадга эришиш учун ҳам (кўпинча раҳбариятга маълумот етказиш учун холос) ўзаро рақобатлашаётганини амалиёт кўрсатиб турибди. Бу вазифаларнинг такрорларниши, якуний мақсадларнинг таҳлил қилиниши ва ўз навбатида, бошқарув бўғинида иш самарадорлигининг пасайишига олиб келади. Айни дамда, давлат бошқаруви органларининг ҳамкорликдаги фаолияти мамлакат рақобатбардошлигини оширувчи энг асосий восита ҳисобланади, деган тушунча бор. Айнан шу боис, республика иқтисодиёти ва сиёсатида таркибий ўзгаришлар юз бермоқдаки, бу ўз навбатида менежментни янги замонавий бошқарув даражасига олиб чиқади. Бу ҳақда мен яқинда Бизнес лабораториясида[1] сўзлаб бергандим. Қисқача эслатиб ўтадиган бўлсам, гап Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси таркибини ўзгартириш ҳақида бормоқда. Мамлакат раҳбарининг гапларини бошқача айтганда, мазкур қайта қуришни қуйидагича ифодалаш мумкин: Бош вазир ва вазирлар бўлади, уларнинг ҳар бири ўзининг иш участкаси учун жавоб беради. Бунда кам сонли, бироқ кучли ишчи гуруҳ боғловчи бўғин ҳисобланади.

Мамлакат олдида қисқа муддатли улкан вазифалар турибди, деярли барча йўналишлар бўйича стратегиялар белгиланди. Сизнингча, бу вазифаларни қай даражада амалга ошириш мумкин? Мазкур вазифалар қоғозда қолиб кетмасмикан? Ҳукумат статегик вазифаларни амалга оширишда биринчи навбатда нима қилмоғи керак?

Инновацион ривожланиш вазирлиги стратегия муаллифи ҳисобланади. Шу боис, стратегияни амалга ошириш ва Глобал инновацион индекс бўйича 81 та индексга эришиш мумкинлигига ишончимиз бор. Умуман олганда, стратегия устида ишлаш жараёнида стратегиянинг асосий мақсадига эришишда мамлакатимиз қайси томонга ҳаракатланиши кераклиги — 2030 йилга келиб Глобал инновацион индекс рейтинги бўйича жаҳоннинг 50 та илғор давлати қаторига кириш ҳақидаги тасаввур шаклланган. Вазирлигимизга жалб қилинган хорижий экспертлар Стратегиядаги мақсадларга эришишда бизга ёрдам беришмоқда. Хайнц Карстен (Германия), Ербол Сулейменов (Қозоғистон), Жамшид Авлонов (АҚШ), Виктория Гарип ва Уве Бергер (Австрия) каби мутахассислар ўзбек жахон илм-фанини бирлаштириш, юқори ихтисослашган мутахассислар ва олий тоифали кадрларни тайёрлаш жараёнини такомиллаштириш, Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимини янги босқичга кўтариш, агросаноат технологияларини яхшилаш ва шу каби масалалар бўйича вазирлигимиздаги ходимлар билан бирга ишлашмоқда. Инновацион фаолиятни ривожлантириш учун, биринчи навбатда, электрон ҳукумат ишини фаоллаштириш керак. Электрон мулоқотни самарали таъминлаш мақсадида Ўзбекистонга юқори тезликдаги интернет зарур. Бундан ташқари, бугунги кунда кўплаб давлат тузилмаларида нормаланмаган иш куни кузатилади. Бу профессионал ходимлар йўқлиги кўринишидаги сифат менежментининг йўқлиги ва улар фаолияти самарасининг пастлигини билдиради.

Юқорида айтиб ўтилганидек, стратегик вазифаларга эришишда, энг аввало, идоралараро коммуникацияни йўлга қўйиш ва ҳамкорликдаги фаолиятни мувофиқлаштириш муҳим вазифа саналади. Барча вазирлик ва идоралар, компаниялар Президент атрофида ҳамжиҳатликда ҳаракат қилсагина, мамлакатимизнинг олға интилишига ёрдамлаша оламиз ва жаҳон ҳамжамиятида юртимиз нуфузи ва имижини оширамиз.


[1] Юлбарсхон Мансуров — инновациялар, илм-фан ва давлат органлари иши ҳақида.

10.02.2019 йилда нашр этилган , http://businesslab.uz/2019/02/10/yulbarsxon-mansurov-ob-innovaciyax-nauke-i-rabote-gosudarstvennyx-organov/

Total
40
Shares

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*
*