Ўзбекистонда янгича сиёсий режимнинг ўрнатилиши билан ўткир масалалар ёритила бошланди. Тизимдаги камчиликларни муҳокама қилиш, ҳақиқатни таҳлил қилиш ва юз бераётган воқеалардан хабардорликнинг кучайиб бориши фуқаролар онгини оширмоқда. 2018 йил хотин-қизлар ҳуқуқлари ва оилавий муносабатларга оид масалалар бўйича кескин ўзгаришлар йили бўлди, бу борадаги вазиятнинг реал ҳолатини очиб берди.

Хотин-қизларга нисбатан жинслар тафовутига асосланган жинсий зўравонлик бўйича жиноий қонунчилик

Миллий қонунчиликда хотин-қизларга нисбатан зўравонликни кўрсатиб берувчи алоҳида қоида йўқ. Умумий тартибда, Жиноят кодексида баданга оғир зарар етказишнинг турли даражалари санаб ўтилган (Жиноят кодекси 92-112-моддалар).

Жиноят кодексининг 118-моддасида номусга тегишга – зўрлик ишлатиб, қўрқитиб ёки жабрланувчининг ожизлигидан фойдаланиб жинсий алоқа қилиш деб таъриф берилган ва бунга уч йилдан йигирма йилгача жиноий жазо белгиланган. Миллий қонунчиликда “уй зўравонлиги” деган тушунчага аниқлик киритилмаган. Жиноят кодекси уй зўравонлигини (оиладаги зўравонликни) жиноят деб қарамайди ва бу ҳатти-ҳаракатни таъқиқламайди.

Гарчи мамлакатда, айниқса, қишлоқ жойларида уй зўравонлиги кенг тарқалган бўлсада, оила кодексида ҳам бу ҳолатга нисбатан аниқлик киритилмаган. Ўзбекистон ҳукумати уй зўравонлигини бартараф этиш ва жазолашга қаратилган қонун лойиҳасини ҳалигача ишлаб чиққани йўқ. Жиноят кодексининг “Соғлиққа қарши жиноятлар” бўлими 104-моддасида жисмоний зўравонлик ёки қасддан баданга оғир шикаст еткзганлик учун беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. 105, 106 ва 107-моддалар қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш, кучли руҳий ҳаяжонланиш ҳолатида қасддан баданга оғир ва ўртача оғир шикаст етказиш ҳамда зарурий мудофаа чегарасидан чиқиб, қасддан оғир шикаст етказиш ҳолларида қўлланилади.

«Маиший зўравонликнинг олдини олиш тўғрисида»ги қонунни қабул қилиш режалаштирилмоқда

2018 йилнинг 24 сентябрида ҳукумат порталида маиший зўравонликнинг олдини олиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинди. 

Қонуннинг мақсади – маиший зўравонликнинг олдини олишга оид муносабатларни тартибга солишдан иборат. Қонун Ўзбекистон ҳудудида эр-хотинлар ва уларнинг оила аъзолари, фуқаролигидан қатъи назар бирга яшовчи ва умумий хўжалик юритувчи шахсларга нисбатан қўлланилади.

Энди Ўзбекистон қонунчилигида маиший, жисмоний, иқтисодий ва руҳий зўравонлик тушунчалари пайдо бўлади. Қонун зўравонлик ҳолатларини бартараф этишга ёрдам беради, органларнинг уй зўравонлиги билан боғлиқ муаммоларни ҳал этишига оид мажбуриятларини белгилайди ҳамда келгусида зўравонлик қурбонларини ҳимоя қилади – уларнинг иш ва яшаш жойлари, таълим масканларига боришни таъқиқлайди.

Хотин-қизлар – биринчи навбатда ёрдамга муҳтож бўлган тоифадир. Қабул қилинаётган барча чора-тадбирларга қарамасдан, уларга нисбатан юритилаётган сиёсат ҳанузгача заифлигича қолмоқда. “Ўзбекистон хотин-қизларининг барча эҳтиёжлари тўла таъминланган” деган баландпарвоз сарлавҳаларга қарамай, бизда уй зўравонлигидан ҳимоя қилишга оид дастурлар, оғир аҳволдаги хотин-қизларга кўмаклашувчи НТТ (нодавлат нотижорат ташкилот)лар ва марказлар ҳали ҳам мавжуд эмас, кўпчиликнинг аёллар “мажбур” ва “айбдор” деган фикрлаш тарзи олдингидек асосий ёв бўлиб қолмоқда.

Ўзбекистонда уй ёки маиший зўравонлик қурбонлари сони бўйича расмий статистика юритилмайди.

Ирина Матвиенко Фейсбукда НеМолчи.уз (Жим Турма.уз) саҳифасининг ташкилотчи маъмури.

Мазкур саҳифани очиш ғояси қандай пайдо бўлди?

– Бу Ўзбекистонда зўравонликка қарши курашиш лойиҳаси. Мен зўравонлик қурбонлари, баъзи ҳаётий холатлар ҳақида ёзаман, қандай зўравонлик турлари борлиги тўғрисида ҳикоя қиламан. Лойиҳа бошланган илк даврда жуда кўп вақт талаб этарди. Мен деярли барча шарҳларга жавоб берардим. Кучли стереотиплар борасида тушунтиришлар берар эдим. Кўпинча ўзим айбдорман деган нуқтаи назар билан мурожаат қилишади. Жабрланувчи ёрдам сўраганида у қўллаб-қувватланиш ўрнига, таъна-дашномларга қолиб кетади.

Ирина Матвиенко

Агар зўравонлик юз берса, қурбонни эмас, балки золимнинг жавобгарлиги долзарбдир. Лойиҳанинг фаол шарҳловчилари бор, улар муҳокамаларда жабр чекканларни қўллаб-қувватлайдилар. Бизда Тошкентдан ташқарида кўплаб иштирокчилар бор, улар рус тилида гаплашмайдилар. Аҳолининг аксарият қисмига етказиш учун бу масалани ўзбек тилида кўтариш керак. Бу йўналишдаги ишни давом эттиришимиз керак, одамларда ўзларига ишонч бериш, тўғри йўл кўрсатиш лозим. Чунки шарҳларга жавоб бераётиб фақат суҳбатдошимиз билан мулоқот қилсакда, бизни юзлаб, балки, минглаб одамлар ўқийди.

Хотин-қизлар сизларга тез-тез мурожаат қилишадими? Энг кўп мурожаатлар айнан қайси вилоятлардан келиб бўлади?

– Менда вилоятлар бўйича статистика йўқ. Бизга одатда зўравонлик, шилқимлик ҳолатларига оид аноним хатлар юборишади. Уларда шаҳар ва вилоятлар номлари, исмлар ёзилмайди. Бундай маълумотлар ёзилган тақдирда ҳам, биз уларни ўчириб юборамиз. Зўравонлик ҳар қандай мамлакатда мавжуд ҳолат. Фақат қаердадир бу муаммога аллақачон эътибор беришган, қаердадир у ҳақда энди гапирилмоқда, қаердадир эса, бу оддий ҳолат деб қаралади.

Айнан ёрдам сўраб, жуда кам ҳолатларда мурожаат қилишади. Ойда бир-икки марта бўлса керак. Шундай ҳолларда вазиятга қараб психологни (бизда кўнгилли психолог бор), Хотин-қизлар қўмитасига мурожаат қилишни тавсия қилишим ёки шунчаки гаплашиб ўтиришим мумкин.

НеМолчи.уз (ЖимТурма.уз) фаолияти жараёнида қандай тажриба тўпладингиз?

– Зўравонлик сабаблари, феминизмга нисбатан ўз муносабатимни қайтадан кўриб чиқдим. Маслакдошларни, бир хил қарашлар ва қадриятларга эга ўзига хос гуруҳни топа олдим.

Уй зўравонлигини бартараф этиш ва олдини олишда жамоат ташкилотлари, ОАВ ва ижтимоий тармоқларнинг роли қандай?

– ОАВнинг вазифаси – хабардор қилиш. Ижтимоий тармоқлар ушбу ҳолатга турлича таъсир кўрсата олади. Қаердадир зўравонлик маданиятини қўллаб-қувватловчи муҳит шаклланади (ўша гуруҳ таркиби ва унинг дунёқарашига қараб), қаердадир эса, зўравонликка қарши фаол тарзда кураш олиб борилади. Ҳар қандай ҳолатда ҳам, зўравонлик муаммоси ҳақида қанча кўп гапирилса, унинг сабаблари, умумий ва алоҳида ҳолатлар, зўравонликни олдини олишга қаратилган давлат сиёсати, ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари фаолияти қанча кўп муҳокама қилинса – шунча яхши. Бу – мавзуга эътиборни жалб қилади. Зўравонлик, хусусан, руҳий, иқтисодий кўринишдаги зўравонлик, ота-онага нисбатан салбий муносабатда бўлиш ва шу кабиларнинг мавжудлигини тан олади.

Жамоат ташкилотлари, нодавлат нотижорат ташкилотларининг роли ОАВникига қараганда, кўпроқ амалий хусусиятга эга. ОАВ ахборот тарқатса, НТТлар зўравонлик қурбонларига ёрдам кўрсатишлари: бошпана, бепул юридик ва психологик ёрдам, озиқ-овқат бериши ва шунга ўхшаш хизматларни тақдим этиши мумкин. ОАВ жамиятнинг зўравонлик муаммосига бўлган муносабатига тўла таъсир кўрсата олади. Бунинг учун маърифий мақолалар, ахборотларни тарқатиш зарур.

Мамлакатда маиший зўравонликнинг олдини олиш тўғрисидаги қонун қабул қилинишининг ўзи етарлими? Уй зўравонлигига қарши самарали курашда яна қандай чоралар қабул қилиниши керак?

– Бунинг учун ахборий муҳитни ўзгартириш даркор. Ўзбекистондаги кўплаб зўравонликлар оилада юз беради ИИВ (Ички Ишлар вазирлиги)нинг маълумотларига кўра, қарийб 50% қотилликлар қўни-қўшнилар ва яқин қариндошлар орасида содир бўлади. Бизнинг жамият “маданий қадриятларимиз ва урф-одатларимиз”га мос бўлмаган барча нарсани рад этиш муҳитида тарбияланмоқда. Бунда шакл ва анъаналар биринчи ўринда туради. Шахснинг моҳияти ва қадриятлари четда қолиб кетган.

Татуировкадаги инсон – ҳамиша ҳам жиноятчи дегани эмас. Худди шундай, ҳижоб кийган қиз ёки соқол қўйган эркакни дин мутаассиблари деб, мини юбкадаги қизни “фоҳиша”га тенглаштириб бўлмайди. Ҳар бир шахснинг ташқи кўриниши, сочининг рангги, миллати ва шу каби жиҳатларидан қатъи назар ўз қадриятини аҳолига етказиш зарур. Ҳозирча телевидениеда унда кўрсатилаётган одамларнинг ташқи қиёфасига нисбатан ёпиқ цензура мавжуд. Яъни бугунги кунда бизга фақат битта вариантдаги “тўғри” одам кўрсатиляпти, бунинг устига инсоннинг тўғрилиги унинг қадриятлари ва билими билан эмас, унинг кийиниши билан белгиланмоқда.

Шунингдек, сериалларимиз ҳам. Улардаги сюжетларнинг ҳаммаси бир хил: бахтсиз севги, йигитнинг ҳоҳишисиз уни бошқага уйлантиришади (бироқ бу нарса ҳаётда қабул қилинган-ку), ҳамма йиғлайди. Ёки йигит қизга хиёнат қилади, қиз қийналса ҳам, бунга чидайди. Ёшлар ўз тақдирини ўзлари қуриши, ўз танлови, жумладан ўзлари яшайдиган инсонлар учун ўзлари жавобгар бўлиши керак, деган фикрни ҳаммага етказиш керак.

Ажрим масаласи – ўзаро муносабатлар боши берк кўчага кириб қолганда, табиий ҳол ҳисобланади ва фақат эрнинг ўз аёлини дўппослаши ажрашиш учун “жиддий сабаб” бўлавермайди. Ота-онаси истаги билан турмуш қурганлар бирга бўлолмасликлари ҳам мумкин. Хиёнат, ғазаб ана шундан пайдо бўлади. Улар ажрашишга ва ўз ҳаётини истаган инсон билан бирга қуришга тўла ҳақлидирлар. Аммо бизда масс-медианинг биронта маҳсулоти ҳам эркин танлов ғоясини тарғиб этмайди. Худдики, бу нарса биз учун номақбул нарсадек.

ОАВда шу мавзуга оид фикрни ўзгартиришга қаратилган мақолалар етарли эмас. Худди шундай, амалий механизмлар бўлмаса ва тушуниш ўзгартирилмаса, битта қонуннинг ўзи ҳам камлик қилади. Қонун жуда яхши ишлаб чиқилган бўлиши мумкин, бироқ келин, кейинчалик уни ҳеч ким хотинликка олмаслигидан қўрқиб, калтакланиши ҳақида айтишга қўрқса, ундан нима наф? Бу борада давлат сиёсатини ҳам ўзгартириш керак. Бизникилар қандай бўлмасин бахтли оилани тасвирлашга ҳаракат қилишмоқда. Бахтсиз шасхсиз қандай бахтли оила бўлиши мумкин? Эътиборни индивидга, инсонга, унинг мақсад ва истакларига, ўзини рўёбга чиқаришига қаратиш керак. Кимдир оила қуришни, кимдир эса илм йўлидан боришни, яна кимдир эса, карьера қуришни ҳоҳлайди. Ёки баъзилар ҳамма нарсани ташлаб дунё бўйлаб саёҳат қилишни исташади. Агар инсон шу билан бахтли бўлса – у шуни қилиши керак. Бугунги кунда жамоатчилик фикри фақат бахтли оилага қаратилган ва кўпчилик урф-одатлар, ота-она, қўни-қўшни истаги ва ҳоказолар йўлида ўз қадриятларини қурбон қилишга мажбур бўлмоқда.

“Оилавий муносабатларга аралашиш учун жуда кўп шахсларга нисбатан ваколатлар берилмоқда”, деб ёзади Максим Мальцев сайтида. Сизнингча, маиший зўравонликнинг олдини олиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси жамиятимизнинг ўзига хос хусусиятларини нечоғлик даражада ўзида акс эттирган ва бу қонуннинг қандай бўлишини ҳоҳлайсиз?

– Қонун лойиҳаси 10 йилдан ортиқ вақт давомида ишлаб чиқилди. Унда турли мамлактлар тажрибаси тўпланган. Бизнинг қонунларимиз жуда яхши. Муаммо уларнинг амалга оширилишида. Ушбу қонуннинг амалиётда ишлаши эса энди кўринади.


Total
8
Shares

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*
*