Баҳром, сиз “ижтимоий инновация” (social innovation) тушунчаси ва унинг пост-Совет мамлакатларида татбиқ қилиш усуллари ҳақида илмий иш олиб боргансиз. Аввало, “ижтимоий инновация” тушунчасига тўхталиб ўтсак, у нима ва қандай шаклларга эга? Мисоллар тариқасида тушунтириб ўтсангиз.

Баҳром Раджабов:

Ассалому алайкум.

Ижтимоий инновация – жуда мураккаб тушунча. Мураккаблиги шундаки, фанда ижтимоий инновациянинг турли тушунчалари мавжуд, шу билан бирга, ушбу атамани турли равишда амалиётда қўллашади. Тарихга назар ташласак ҳам, атама қачон қўлланила бошланганини аниқ айтиш мушкул. Аслида, ижтимоий инновациялар охирги бир неча декада аввал ижтимоий фан ҳамда амалиётда муҳокама қилина бошланган. Нима сабабдан, деган савол туғилади. Чунки ривожланиш учун янги, ноанъанавий усуллар кераклиги аён бўлиб қолди.

Келинг, энди баъзи мисолларга тўхталсак. Аввало, айтиш жоизки, ижтимоий инновациялар макро, мезо ва микро кўринишларга эга бўлишлари мумкин. Масалан, Браун университетида ижтимоий инновациялар билан шуғулланаётган профессор Метю Джонсон ижтимоий инновация деганда, АҚШда олий таълим муассасаларида ўқишнинг оммалашганини айтиб ўтган. Аввал фақат молиявий имконияти бўлганларгина АҚШ олий ўқув юртларида тахсил олишлари мумкин эди. Янги, тизимли ижтимоий инновацион ўзгариш амалга оширилгандан сўнг, ҳар хил ижтимоий қатламлардан инсонлар таълим олиш имкониятига эга бўлишди. Бу ўз навбатида, таълим олиш ва олий маълумотли бўлишдек ижтимоий муаммони ечиб, жамиятда ижтимоий ўзгаришга олиб келган. Бу макро даражадаги АҚШ жамиятида ижтимоий инновацияси бўлди деб айтиш мумкин.

Мен, ўз тадқиқотимда микро даражадаги ижтимоий инновацияларни ўрганганман. Булар кичик муаммоларни ечишга ва амалга оширилган лойихаларга қаратилган. Масалан, Арманистоннинг Ереван шаҳридаги учта нуфузли мактабга ўз болаларини ўқишга жойлаштириш ота оналар учун муаммо бўлиб келган. Чунки бу жараён шаффоф бўлмаган. Мактаб директорлари ўз хоҳишлари, ёҳуд баъзида коррупцион тизимлар орқали ўқувчиларни мактабларга жойлаштириш имкониятига эга эдилар. Муаммони ечиш учун махсус онлайн тарзда ишлатиладиган илова яратилди. Энди ота оналар мактабларда бўш жой бор ёки йўқлигини ушбу илова орқали билишлари мумкин. Мактаб директорлари, жой йўқлигини пешлаб, тамагирлик қилиш имкониятидан маҳрум бўлишди, қабул жараёни шаффофлашди. Албатта, бу осон кечмаган. Аммо Таълим вазирлиги лойиҳани қўллаб-қувватлади ва амалга оширишга ёрдам берди.

Сиз БМТТД (UNDP) томонидан қўллаб-қувватланган “ижтимоий инновация” лойиҳаларини таҳлил қилгансиз. Уларнинг Ўзбекистонда амалга жорий этиш услублари қай даражада самарали деб баҳолайсиз?

Ҳа, мен БМТТДнинг ижтимоий инновацияларни амалга оширган лойиҳасида фаолият юритганман. Шуни айтишим керакки, “ижтимоий инновация” атамасининг ўзи ва методологияси Ўзбекистон ва пост Совет мамлакатларига мутлоқ янги ва нотаниш бўлган. БМТТДда ҳеч биримиз ижтимоий инновацион лойиҳаларни қандай ташкиллаштириш ва амалга ошириш ҳақида аниқ бир тушунчага эга эмас эдик. Шунинг учун, биз назарий қўлланмаларни ўқиб, соҳа бўйича мутахассисларни Ўзбекистонга таклиф этиб, ишни бошлаган эдик. Ижтимоий инновацион лойиҳаларни амалга ошириш услублари қай даражада самарали бўлганлигига келсак, барча услубларга тўла амал қилинган эди. Муаммо аслида бошқа нарсада эди. Ижтимоий инновациялар амалга оширилишида бир қанча камчиликлар мавжуд бўлган:

–        Уларни амалга ошираётганлар ижтимоий инновация нималиги ва уни амалга ошириш усуллари ҳақида аниқ тушунчага эга бўлишлари керак. Амалда Ўзбекистонда нафақат БМТТД, балки миллий ҳамкорлар, лойиҳани амалга оширувчи жамоалар ушбу тушунчага эга бўлишмаган;

–        ижтимоий инновациялар институциялашув муаммосига дуч келинган. БМТТД лойиҳани қўллаб-қувватлаб келиши мумкин, методология ва усулларни жорий этиши мумкин эди, лекин лойиҳа натижалари албатта миллий институтлар томонидан ишлатилиши керак. Ҳар доим ҳам бу амалга ошмаган.

Ўзбекистонда жорий этилаётган ёки жорий этилиши режалаштирилаётган “ижтимоий инновация” лойиҳаларининг бошқа пост-Совет давлатларида ривожланаётган лойиҳалардан фарқи нимада? Уларнинг тажрибаларидан Ўзбекистон қандай ўрнак олса бўлади?

Тадқиқот жараёнида БМТТД Ўзбекистонда қўллаб-қувватлаб келган лойиҳаларни БМТТДнинг Арманистонда ва Украинадаги лойиҳалари билан таққослаганман. Лойиҳалар 2012-2013 йилларда бошланган. Натижалар шуни кўрсатадики, иккита давлатдан фарқли ўлароқ, биринчидан, Ўзбекистонда Ахборот Коммуникация Тармоқлари (АКТ) имкониятларидан лойиҳаларда камроқ фойдаланилган. Бунга сабаб, АКТ инфратузилмаси етарли ривожланмаганлигидадир. Аслида қолган иккита давлатда ҳам АКТга тааллуқли муаммолар мавжуд. Аммо, очиқ маълумотларга эга бўлиш, нисбатан осонроқ. Очиқ маълумотлар, ўз ўрнида веб сайтлар, иловалар ва бошқа АКТ маҳсулотларини яратишда ва кичик, маҳаллий ижтимоий муаммоларни ечишда кўмак берарди. Иккинчидан, Ўзбекистонда ижтимоий инновациялар стратегик равишда қўллаб келинмаган. Арманистон ва Украинада ҳам ижтимоий инновацион лойиҳалар стратегик ҳолда қўллаб келинмаган бўлсада, ҳукумат баъзида ижтимоий инновацияларни қўллаб келган эди. Учинчидан, амалда Ўзбекистонда ижтимоий инновацион лойиҳаларни амалга ошириш учун БМТТД индивидуал равишда лойиҳа етакчилари билан ишлаб келар эди. Арманистон ва Украинада эса нодавлат ташкилотлари ҳам бу жараёнда қатнашишарди. Демак, ижтимоий сектор Ўзбекистонда етарли равишда ижтимоий инновацияларда иштирок этмаган. Ижтимоий инновацион лойиҳаларнинг ижтимоий таъсири аниқ ўрганилмаган ва қандай қилиб ижтимоий таъсирни баҳолаш мумкинлиги ноаниқлигича қолди. Бу нафақат Ўзбекистон, балки бошка ривожланаётган ва ҳаттоки, ривожланган мамлакатларда ҳам кузатилади. Ўзбекистон учун намуна бўлиши мумкин бўлган жиҳатларга келсак, мен қуйидагиларни айтиб ўтар эдим:

–       Ижтимоий инновацияларнинг ривожи учун фуқаролик жамияти, нодавлат ташкилотлари жонланиши керак. Улар нафақат ижтимоий инновацияларни қўллашга, балки, уларни ташкил этишга ҳисса қўша олишлари мумкин. Масалан, кўпгина ривожланаётган ва ривожланган мамлакатларда, ижтимоий инновациялар драйверлари айнан нодавлат сектор ҳисобланади. Шу билан бирга, ҳукумат ҳам стратегик равишда ижтимоий инновацион лойиҳаларни қўллаб-қувватлаши мумкин. Бундай мисоллар ҳам дунёда талайгина. Аммо, хоҳ давлат, хоҳ нодавлат сектори бўлсин, бошқа секторлар билан ҳамкорликсиз ижтимоий инновацияларни амалга ошира олмайди. Бошқа кўринишдаги лойиҳалар ягона секторда, ҳаттоки, ягона ташкилотдан (масалан БМТТДдан) келиб чиқиши мумкин. Аммо уларни ижтимоий инновациялар деб бўлмайди. Улар ривожланишга қаратилган лойиҳалар бўлиши мумкин, ижтимоий инновациялар эмас.

–          Ҳозирги замонда АКТ ёки интернетсиз ҳаётимизни тасаввур қилиш қийин. Ижтимоий муаммоларни ечишда ҳам АКТ жуда қўл келади. Ушбу соҳани ривожлантирсак, ижтимоий инновацион лойиҳаларни тадбиқ этишда кўпроқ имкониятга эга бўламиз. Масалан, мен ўрганган пост-Совет мамлакатларида очиқ маълумот (open data) лойиҳаларни амалга оширишда катта роль ўйнаган. Очиқ маълумот шаффофликни таъминлайди. Албатта, Арманистон ёки Украинада маълумот очиқ бўлиши ва унга исталган инсон эга бўлиши учун бир неча муҳим қадамлар ташланган. Чунончи, Очиқ Маълумотлар Харитасига кўра, Украинада маълумотларнинг очиқлиги қонунан таъминланиши зарур. Иккала давлат ҳам Open Government Partnership ташкилоти аъзосидир. Шу асосда, очиқ маълумотларни олишда ҳали хануз бу мамлакатларда муаммоларга дуч келинса ҳам, шунга қарамай жараён секин-аста ўзгармоқда. Маҳаллий ҳукуматдан тортиб, миллий ҳукумат ташкилотлари, вазирлик ва идоралар маълумотларни оча бошлашяпти. Ўзбекистонда ҳам бу жараён бошланган. Очиқ маълумотлар портали мавжуд. Аммо, менингча, қилиниши лозим бўлган ишлар талайгина.

–        Ижтимоий инновацион лойиҳалар бир неча элементларга эга бўлиши лозим: а) инклюзивлик, лойиҳа натижасида юзага келаётган янги ижтимоий алоқалар, аввал назардан четда қолган инсонларни, уларнинг муаммоларини қамраб олиши керак; б) лойиҳа албатта маълум бир ижтимоий муаммога қаратилган бўлиши лозим. Унинг ечимини топиш керак. в) лойиҳа маълум бир соҳа, масалан, таълим, соғлиқни сақлаш ёки бошқарув йўналишида бўлиши зарур. Албатта, бу императив эмас, чунки лойиҳа ушбу соҳаларнинг чегарасидан чиқиб кетиши ҳам мумкин. Пост Совет мамлакатларида ижтимоий инновация методологиясининг муҳим принципларидан бири – “human centered approach”, яъни инсонга қаратилган, унинг ижтимоий муаммоларини аниқлаб, уларга ечим топишга ундайдиган принципдир. Ушбу принципга амал қилиш мумкин. Аммо пост Совет мамлакатларида кичик муаммони ечишдаги ташаббускорликни маҳаллий даражада ҳар доим ҳам кўраверваймиз. Масалан, Украинанинг Лвов шаҳри ҳокимияти барча маълумотларни очиб қўйган эди. Уларни ишлатиб қанчадан-қанча шаҳар аҳолисига керакли бўлган АКТ хизматларини тақдим этса бўлар эди. Аммо, маълумотлар ҳокимиятда шунчаки қолаверди. Маълумот билан нима қилиш кераклигини аҳоли билмас ва қизиқмас ҳам эди. Шунинг учун, Лвов ҳокимияти маълумотларни ўзи ишлатиб, аҳоли учун ўзи лойиҳалар қила бошлади. Бу фуқаролик технологиялари лойиҳалари бўлди. Хулоса шуки, ижтимоий фаоллик паст бўлса, ижтимоий инновациялар ривожланмайди. Бошқа мисол, Арманистонда илк бор давлат бюджетини тайёрлашда фуқароларга мурожаат этилди. Одатда, давлат бюджети ҳукумат томонидан тайёрланиб, парламентда муҳокамадан ўтиб, қабул қилинар эди. Эндиликда, фуқароларга мурожаат этилиб, давлатнинг қайси соҳаларига қанча пул ажратилиши лозимлиги бўйича фикрлар билдириш имконияти яратилди. Фуқаролар бу ишда фаол қатнашиб, давлат бюджети тайёрланишида иштирок этишди.

Баҳром, Ўзбекистонда бундай лойиҳаларга ҳукумат томонидан етарли сармоя ажратиляптими? Уларни тамбиқ қилишда фуқаролик жамиятининг роли нимада?

Менингча, ҳукуматнинг роли маблағ ажратишда эмас, инновацион экотизимни ривожлантиришда бўлиши керак. Юқорида айтиб ўтилган ҳукуматнинг стратегик ёндашуви бўйича фикрим айнан шу йўналишда бўлиши лозим деб биламан. Албатта, ҳукумат ижтимоий инновацион лойиҳаларни ижтимоий муаммолар мавжуд бўлган соҳаларда молиявий қўллаб-қувватлаши мумкин. Лекин, шу билан бирга, уларни амалга оширишда инсонларнинг, нодавлат ташкилотларининг ва бошқа исталган шахсларнинг ўрни бўлиши лозим. Шунингдек, тушунарли, шаффоф, самарали бозор механизмлари ҳам мавжуд бўлиши керак. Хусусий сектор ҳам ижтимоий инновацияларни амалга оширишда ўз ҳиссасини қўшиши мумкин.

Фуқаролик жамиятига келсак, унинг ролини мен ижтимоий лойиҳаларни ташкил этишда ва уларни амалга оширишда кўраман. Бунинг учун нодавлат сектори яхши ривожланган ва чинакам мустақил бўлиши лозим. Кичик бир лойиҳа битта кичик муаммони ечиши мумкин, аммо ушбу лойиҳа тажрибаси оммалашиб кетса, институтлар ва ижтимоий соҳага сингиб кетса, катта ижобий ўзгаришлар рўй бериши тайин. Бунинг учун давлат, нодавлат, хусусий секторлари орасида мустаҳкам ва самарали алоқалар ўрнатилган бўлиши лозим. Акс ҳолда ҳар қандай ижтимоий инновацион лойиҳа фойдасиз қолиб кетаверади.

Суҳбатимизни якунловчи савол – сизнингча, “ижтимоий инновация” лойиҳаларининг мамлакатдаги ривожи учун қандай сиёсий ёндашув зарур? Қандай муҳит ва омиллар яратилиши лозим?

Менингча, юқорида айтиб ўтганларимдан ташқари, яна бир неча омиллар яратилиши керак. Биринчидан, ижтимоий инновациялар ўзи нима ва Ўзбекистонда қандай қилиб уларни амалга оширишимизни аниқ тушуниб олишимиз зарур. Сентябрь ойида Тошкентда илк бор ташкил этилган ижтимоий инновацияларга бағишланган Ҳалқаро Форумда иштирок этдим. Яқинда ташкил этилган Инновацион Ривожланиш вазирлиги, Ҳаракатлар Стратегияси маркази ва Конрад Аденаур Фонди ташкилотчилар сифатида қатнашишди. Муҳокама ва тақдимотлар ҳар хил йўналиш ва мавзуларда бўлиб ўтди. Шундан хулоса қилиб айтишим мумкинки, ижтимоий инновациялар ҳақидаги тушунча бизда ҳали шаклланмаган. Менингча, аввало шундан бошлаш керак. Масала шундаки, айтиб ўтганимдек, ижтимоий фанда ижтимоий инновацияларга кўпгина изоҳлар бериб ўтилган. Амалиётда эса ҳар қандай лойиҳа – ижтимоий инновация деб айтиб кетиляпти. Аслида эса бир оз суриштирсак, шу лойиҳаларнинг кўпчилиги умуман инновацияларга тааллуқли бўлмаган оддий ижтимоий ташаббус, ривожланиш сари яна бир лойиҳа бўлиб чиқади. Демак, ҳар қандай лойиҳани ижтимоий инновация деб аташдан олдин, инновация сўзини ҳар қандай лойиҳа ёки ташаббусларда ишлатишни тўхтатиш керак.

Иккинчидан, Дюк университети профессори Эрик Млиннинг айтишича, ижтимоий инновацияларнинг ўзи ижтимоий муаммоларни еча олмайди. Муаммоларни ечиш учун ҳамкорлик, ижтимоий фаоллик, сиёсий келишувлар мавжуд бўлиши керак. Ижтимоий инновациялар ва умуман инновациялар – бу ҳар доим жамоавий натижа. Одатда ушбу жамоада фикри бир бирига қарши бўлган инсонлар тўпланади ва иш жараёнида инновацион фикр чархланади. Демак, ҳамкорлик, мустақил ёндашув ва эркинлик жуда муҳим омиллардан саналади. Инновация кўпқирраликни ёқтиради.

Инновацияларга ва ижтимоий инновацияларга бўлган муносабатни ўзгартиришимиз керак. Пост Совет республикаларида тадқиқот олиб борганимда кўп маротаба айнан маҳаллий бошқарувдагилар янгича ёндашувларга қарши чиқиб, уларни қўшимча иш ёки кераксиз бир “юк” деб билишар эди. Лекин лойиҳалар натижа бераётганини кўришса, нисбатан хайриҳоҳ бўлишар эди. Янгилик яратиш ҳар доим ҳам оғир, ўрганилган комфорт зонасидан чиқиш мураккаб. Аммо, ривожланишни истасак, буларни амалга оширишимиз шарт. Умуман олганда, керак бўлса, ҳар куни ўзгаришга тайёр бўлишимиз керак деб ўйлайман.

Баҳром, UzAnalytics билан қизиқарли суҳбатингиз учун катта раҳмат. Сизга илмий ишларингизда муваффақиятлар тилаймиз!


Баҳром Раджабов RedPen (веб-ресурс) таҳлилчиси. У Япониядаги Тсукуба университетида докторлик даражасида таҳсил олмоқда.

Дилмира Матяқубова суҳбатлашди.

Total
10
Shares

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*
*