«Мени ҳеч нимадан хабарим йўқ! Менга кўчиш ҳақида ҳеч ким хабар бергани йўқ. Энди келиб мендан кўчишни талаб қилишяпти. Менга шу атрофдан (Қоратошдан) муносиб уй беришса, кўчаман. Акс ҳолда, ҳеч қаерга кўчмайман!»

Муҳаббат Умарова «Ўқчи» маҳалласида яшовчи кекса аёл.

Ўзбекистон пойтахти Тошкент шаҳри Совет Иттифоқи даврида ҳамда мустақилликдан сўнг муҳим ўзгаришларни бошдан кечирди. Мустамлака даврида шаҳарнинг ташқи кўлами қайта қурилганди ва Меъморлар Уюшмаси йигирманчи асрнинг замонавий шаҳар услубини қўллашда, тараққиётни акс эттирувчи юқори тузилмаларни қуришда Москвадан ўрнак олишни исташганди. Бу услубдаги замонавий кўп қаватли уй бинолари қурилиши Тошкентнинг анъанавий аҳолиси турмуш тарзини Совет йўналишида қайта шакллантиришга қаратилганди.[i]

Муаллиф


Дилмира Матяқубова

Мустақил тадқиқотчи. Сиёсатшунос

Мустақилликдан сўнг Ўзбекистон ҳукумати Тошкент тарихининг қайта ёзилишида Совет ўтмишини ўчиришга уринди. Карл Макснинг ҳайкали ўрнига миллий тикланишни намоён этишга қаратилган туркий шахс сиймоси — Амир Темур ҳайкали ўрнатилди. Шаҳарни «модернизация» қилиш мақсадида Совет даври бинолари ёрқин ойналар билан қопланганди.

Суратда: Tashkent city лойиҳаси модели

Бугунги кунда ҳукумат Тошкентни янада замонавийлаштириш илинжида кўплаб шаҳарни режалаштириш лойиҳаларини амалга оширмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев иқтисодий ва сиёсий ислоҳотларни амалга ошириш орқали мамлакатга кўпроқ сармоя жалб қилишни кўзда тутмоқда. Шу ўринда, шаҳарда ишбилармонлик учун қулай муҳитлар яратиш учун шаҳар марказини қайта қуришга бағишланган ишлар бошлаб юборилди. Шаҳарни қайта қуришга қаратилган лойиҳалардан бири бу «Ташкент Сити» (Tashkent City) лойиҳасидир.

Манба: презентация, Ҳалқаро Бизнес Маркази, Тошкент. Март 2018

У 80 гектарни эгаллаб, шаҳарнинг марказий, Олмазор, Фурқат, Ислом Каримов (Ўзбекистон) ва Навоий кўчаларини ўз ичига олади. Лойиҳа хорижий инвестиция, техник ёрдам, кредитлар ва бошқа молиявий манбаларга таяниб, бизнес маркази, саноат парки, савдо мажмуалари, конференция заллари, ресторан ва маданий марказлар ҳамда кўп қаватли уй бинолари қурилишини мўлжаллайди.

Ташкент Сити қурилиши учун маданий ва тарихий аҳамиятга эга бўлган бинолар ва маҳаллалар бузилиши бошланиб юборилди. Ўтган йилнинг сўнгида Киночилар Уйи биноси бузилди. Қизиғи шундаки, бу ҳақда оммага ҳеч қандай хабар ёки огоҳлантириш билдирилмади. Анъанавий маҳаллаларнинг бузилиш жараёни эса у ерда яшовчиларни ҳаёти ва фаровонлигига жиддий таъсир кўрсатмоқда.

«Модернизация» ёки маҳалла маданияти?

Халқ фаровонлиги учун нима керак? Ташкент сити лойиҳаси шаҳарнинг қадимий, ўзбек халқи миллий анъаналарини акс эттирувчи маҳаллалар бузилишини талаб қилади. Жойларда бузилиш ва маҳалла аҳолисини кўп қаватли уй биноларига кўчириш ишлари амалга оширилмоқда. Жараён, ўз ўрнида, шаҳарликларни саросимага солиб, жиддий мунозарага сабаб бўлди. Зотан, маҳалла ўзбек жамиятида муҳим ижтимоий-иқтисодий ўринга эга ўз-ўзини бошқариш институтидир. Шунингдек, маҳалла маданий вазифага эга бўлиб, у ерда яшовчи инсонлар орасида жамоатчилик, бир-бирини қўллаб-қувватлаш ва дўстлик туйғуси жуда кучлидир.

Суратда: Анъанавий Ўзбек маҳалласи. Газета.уз

Маҳаллада яшовчилар баъзи фуқаролар ўз уйидан, маҳалладан кўчиб кетишни исташмайди. Уларнинг фикрига кўра, бузилиш ҳақида кўпчиликнинг хабари бўлмаган ва кўчиш учун жуда қисқа муддат берилган. «Ўқчи» маҳалла фуқаролари Рифат Сабуров, Аҳмад Асимов ва Евгений Горбуновларнинг баён этишларича, бузиш ҳақида фақат Техник Инвентаризация Бюроси оғзаки равишда хабар қилган:

«Албатта, биз уйларимизни шу ерда қурилишини хоҳлаймиз. Аммо кўриб турганингиздек, бунинг имкони йўқ. Бизга баъзи уйларни таклиф қилишди, ўз уйимиз эвазига. Лекин у жойлар бизни қониқтирмади… Биз ҳокимиятдан жавоб истаймиз. Бизга ҳали тузук уй топилмади ва биз бу ерда чанг орасида, чироқ ва газдан узилган ҳолатда яшашга мажбурмиз.»

Ҳукумат аъзоларидан бири Абдужаббор Абдуваҳитовнинг айтишича, маҳаллаларни кўчириш ҳар доим ҳиссий муаммолар ва амалий қийинчиликларни келтириб чиқарувчи нозик масала бўлиб келган. Унинг сўзларига кўра, маҳаллаларни бузиш ва қайта қуриш анчадан бери режалаштирилганлиги ва маконга сармоя ажратилмаганлиги учун жойлардаги яшаш шароитлари яхши эмасди. Ҳукумат маҳаллаларнинг бузилиш муаммоси вақтинчалик эканлиги ва Ташкент Сити лойиҳаси узоқ муддатда аҳоли учун манфаатли бўлишини таъкидлайди.[ii]

Зотан, халқ фаровонлиги бу ўз туғилиб ўсган, фарзандларини вояга етказган ва ҳаётнинг яхши ва ёмон кунларини бошдан кечирган хонадонларида яшаш имконини сақлаб қолиш билан боғлиқдир. Маконга бўлган муҳаббат уларни маҳаллага ҳиссий, яқин боғлиқлигини англатади ва шу сабабли улар учун ўз уйларидан айрилиш қаттиқ зарбадир. Айрим маҳаллаларда яшовчилар бу замонавий лойиҳани қувватлашади. Агарда уларга ўз ҳовлисига тенг жой берилса, улар қарши эмаслигини таъкидлашади. Лекин ҳукумат томонидан таклиф қилинаётган уйлар уларнинг ҳовлисига номуносиблигини айтишади.

Суратда: Маҳалла фуқароси

«Халқ билан Мулоқот?»

Ўтган 2017 йил Президент Мирзиёев томонидан «Халқ билан Мулоқот йили» деб эълон қилинганди. Аммо, Ташкент Сити каби улкан лойиҳаларни амалга ошириш чоғида оддий халқ билан на мулоқот, на мунозарага йўл бор. Ҳокимият маҳалла аҳолисига кўмаклашиш тугул фуқаролар сўровларига жавоб бермаган. Кўчиш ҳақидаги хабарни даб-дурустдан эшитган аҳоли саросимага тушган. Юқори жабҳаларда халқ билан мулоқот дейилди-ю, аммо оддий маҳалла халқининг мулоқот ва мунозарага эҳтиёжи бўлганда, уларнинг дардини тинглашга йўл берилмади. Маҳалла фуқароларининг сўзларига кўра, улар ҳовлини ташлаб, кўп қаватли бинога кўчишни хоҳлашмаяпти. Чунки катта майдонни эгалловчи анъанавий маҳаллалардаги ўзбек халқининг турмуш тарзи азалдан ўзига хос табиатга эга бўлиб келган. Кўпчилик маҳалладаги анъанавий турмуш тарзни сақлаб қолишни истайди. «Мен қутида яшашни истамайман» — дейди Нилуфар Арипова, уч нафар фарзанди, бир неча неваралари ва турмуш ўртоғи билан яшайдиган маҳалла аъзоси:

«Мен бутун умр, 52 йил давомида шу ерда, «Олмазор» маҳалласида яшаб келдим. Бу маҳалладан кетишни истамайман. Агар шунга тўғри келса, бутун оилам билан бирга яшашим учун қулай бўлган катта уй берилишини хоҳлайман.»[iii]

Бу маҳаллада Арипованикига ўхшаш бошқа катта оилалар ҳам бор. Баъзилар уйлари бузилса ҳам, шу маҳаллага яқин ердан жой берилишини исташади. Баъзилар кўчишдан бехабар, уй-жой ҳуқуқлари ҳақида маълумотга эга эмас ва айримлар эса ижтимоий ҳимояга мухтож. Кўчишга қаршилик қилиб, чанг орасида ҳали ҳам яшаётганлар бор. Муҳаббат Умарова, ёши кекса маҳалла аъзоси шундай дейди:

«Бу менинг уйим. Туғилганимдан бери шу ерда яшайман. Ўғлим шу ерда вафот этди. Мен ёлғиз яшайман. Мени ҳеч нимадан хабарим йўқ! Менга кўчиш ҳақида ҳеч ким хабар бергани йўқ. Энди келиб мендан кўчишни талаб қилишяпти. Менга шу атрофдан (Қоратошдан) муносиб уй беришса, кўчаман. Акс ҳолда, ҳеч қаерга кўчмайман!»

Афсуски, Умарованинг дардини тинглайдиган кимса атрофда йўқ ва унинг ҳам бу маҳалладан кўчиб кетиши тайин. Ҳукумат таклиф қилаётган уйлар эса бу ерга яқин эмас, балки шаҳар марказидан узоқда, Яшнобод ва бошқа туманларда жойлашган.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш керакки, шаҳар учун янги имидж қуришни ният қиларкан, ҳукумат раҳбарлари дастлаб маҳаллий халқ фаровонлиги ва саодатини таъминлаши лозим. Ҳукумат Tashkent city лойиҳаси аҳолига фойда ўрнига руҳий зарба ва жисмоний зарар етказаётганини англаб, шаҳарни режалаштириш жараёнини қайта кўриб чиқиши зарур. Осмонўпар бизнес маркази қуриб, хорижий сармоя ва меҳмонларни жалб қилиш бу давлат молиявий аҳволига фойда олиб келиши мумкин. Бунга халқ қарши эмас. Аммо буни амалга оширишга тарихий маконларни тубдан йўқ қилиш йўли билан эмас, балки уларни асрашни, янгилашни кўриб чиқиш ва аввало, маҳаллий аҳоли фаровонлигини таъминлаш орқали эришилиши лозим.


[i] Паул Стронски, «Tashkent: Forging a Soviet City,» 1930-1966 (Pittsburgh, PA: University of Pittsburgh Press, 2010).

[ii] Абдужаббор Абдуваҳитов билан суҳбат, Ташқи Ишлар Вазири ўринбосари, Тошкент, Март 2018

[iii] Джоане Лиллис, “Tashkent City: Is ‘Progress’ Worth the Price Being Paid in Uzbekistan?” The Guardian, October 18, 2017, https://www.theguardian.com/ cities/2017/oct/18/people-paying-tashkent-gentrification-mahallas.

Total
2
Shares

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*
*