Ҳабиб Абдуллаев: Аҳолининг турмуш тарзи ва маиший яшаш даражаси керакли даражадан паст

Ҳабиб Абдуллаев


– 1967 йилда Москва шаҳрида туғилган. 1989 йилда Москва давлат халқаро муносабатлар институтини “халқаро журналист” йўналишида тугаллаган. 2012 йилда Москвадаги Иқтисодиёт Олий мактабини “иқтисод ва инвестиция” мутахассислиги бўйича битирган. “Рикор” (Москва) технопаркининг бош директори, Москвадаги ўзбек миллий-маданий автономияси раиси, “Ўзбегим” газетасининг ношири. Россия Федерацияси нашриёт вазирлиги корхоналарида, АФК “Система” ва бошқа ташкилотларда 25 йиллик раҳбарлик тажрибасига эга.

Айни пайтда “Навоий” эркин иқтисодий зонасининг директори лавозимида фаолият бошлади. “Буюк Келажак” экспертлар кенгаши аъзоси Ҳабиб Абдуллаев uzanalytics.com саволларига жавоб беради.

Ўзбекистондан ташқарида тўплаган тажрибангиз ҳақида гапириб берсангиз. Четда нималарни ўргандингиз? Ўзбекистонда эҳтимол ўрганмолмаслигингиз мумкин бўлган энг асосий нарса нима бўлди?

– Менда бошқа тажрибанинг ўзи бўлмаган – мен 1967 йилда Москвада туғилганман ва ҳеч қачон Ўзбекистонда бўлмаганман. Гарчи тарихий ватаним билан алоқаларни сақлаб қолган бўлсамда, менинг бутун профессионал фаолиятим Россия билан боғлиқ.

Нима деб ўйлайсиз, миграция ўзбекларга таъсир кўрсатдими? Уларни дунёнинг глобаллашган фуқаролари деб айтиш мумкинми ёки халқ орасида ҳали ҳам урф-одат ва анъаналар кучлилик қиладими? Глобализациянинг ижобий томонлари қайсилар, анъаналарники-чи? Экспатриантлар (ватанидан кўчиб кетганлар) ва маҳаллий фуқароларнинг қарашларини бирлаштириш мумкинми, узилиш юз бермадимикин?

– Россиядаги асосий ўзбек мигрантлари ҳақида гапирадиган бўлсак, бу ерда глобализация ҳақида гапириш эҳтимолдан жуда узоқ – бу одамлар миллий анъаналарга содиқ одамлардир. Рус тилини яхши билмаслик ва бошқа тилларни умуман билмаслик уларни глобаллашган ҳамжамиятга интеграциялашдан бутунлай чеклаб қўяди. Россия мегаполислари ҳаётини қабул қилган, жуда тез ва осон мослашувчан ўқимишли қатлам вакиллари – бу бошқа масала. Яна бир бор таъкидлаб айтаманки, бу улар ўзларининг ўтмишдаги илдизларини унутадилар дегани эмас. Тўғри, “оммавий” мигрантлар ва туб аҳолининг деярли параллел турмушига қарамай, барибир айрим маданий одат ва анъаналар билан алмашинув содир бўлмоқда. Бундан ташқари, Россиянинг аксарият туманларида ўзбек маданиятини мақсадли равишда тарғибот қиладиган ўзбеклар этномаданий ташкилотлари ҳам фаолият юритадики, бу россияликларнинг ўзбекларнинг халқ сифатидаги билимларини янада оширишга хизмат қилади. Улар бизнинг кўпчилик анъаналаримизни, хусусан меҳмондўстлик, катталарга бўлган ҳурмат ва ғамхўрлик, ичмаслик, меҳнатсеварлик каби биздаги фазилатларни жуда қадрлашади. Ўз навбатида, мигрантлар Россия ҳаёти билан танишгач, ўз дунёқарашини анча кенгайтирадилар ҳамда фойдали касбий кўникмаларга эга бўладилар.

Бугун Ўзбекистонда қандай ижобий ўзгаришларни кўряпсиз? Нималарни тузатиш керак деб ўйлайсиз?

– Сўнгги икки йилда мамлакат ҳаётида улкан ижобий ўзгаришлар юз берди. Иқтисодиёт жабҳасида олиб қарасак, у либераллашди: валюта эркин муомалага киритилди, солиқ юки камайтирилди, импорт қилиш тартиби соддалаштирилди, хорижий инвесторлар ҳуқуқларининг ҳимояси кучайтирилди. Жойлардаги ҳокимият вакиллари аҳоли муаммоларини ҳал қилишга жиддий қарайдиган бўлишди, ОАВ эркинлашди, аксарият мантиқсиз тақиқлар олиб ташлади. Узоқ йиллик совуқчиликлардан сўнг яқин қўшни давлатлар билан муносабатлар тикланди. Мамлакатни қисқа вақт ичида ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг қонунчилик базаси яратилди.

Нималар қилиш кераклиги борасида ҳам салмоқли рўйхатни келтириш мумкин. Энг аввало иқтисодиётни диверсификация қилиш, экспорт ҳажмини кўпайтириш, ижтимоий хизматларнинг, айниқса қишлоқ жойларида, сони ва сифатини ошириш талаб этилади. Малакали кадрлар тайёрлаш, экологияни яхшилаш каби масалалар ҳам ўта долзарб саналади.

Асосийси, бизда Ўзбекистон 2035 йилга бориб дунёнинг энг ривожланган 50 та давлати қаторидан жой олиш имконини берадиган улкан салоҳият мавжуд. Бу, демак, яқин йиллар ичида аҳолининг турмуш даражасини ошириш учун барча имкониятларга эга эканимизни англатади.

Мамлакатда инсон капитали сифатига қандай баҳо берасиз? У қайси тармоқларда сақланиб қолган, қайсиларида эса йўқ? Инсон капитали сифатини қандай кўтариш мумкин?

– Инсон капитали – таълим ва касбий кўникмалар доирасидан анча узоққа чиқадиган ниҳоятда кенг тушунчадир; у ижодкорлик, инновацияларни қабул қилиш ва ривожлантириш, саломатлик ва ҳатто маданий эҳтиёжни ҳам ўз ичига олади. Менинг билишимча, Ўзбекистон ҳам бу борада охирги ўринларда эмас. Бизда ривожланиш учун катта салоҳият бор – бу эҳтимол барча тармоқларга тегишли. Бизда муҳандис ва малакали бошқарувчилар, шифокорлар, ўқитувчилар кескин етишмайди. Фақат аҳолининг маълум қисмигина таълимдан фойдалана олади. Аксарият ўзбекларнинг турмуш тарзи ва маиший яшаш даражаси керакли даражадан паст. Яқин йиллар ичида буларнинг барчасини тузатиш керак.

Сизнингча, Ўзбекистонни ривожлантирадиган устувор тармоқлар қайси? Мамлакат газ, пахта ва олтиндан ташқари нимани четга экспорт қилиши мумкин?

– Ўзбекистон анчадан буён саноат маҳсулотларининг кўпгина қисми – автомобиль, тайёр тўқимачилик маҳсулотлари, қишлоқ хўжалиги хом ашёсидан қайта тайёрланган маҳсулотлар, қурилиш материаллари, кимёвий ўғитлар ва бошқа маҳсулотларни четга экспорт қилиб келмоқда. Ушбу маҳсулотлар ҳажмини ошириш ва янги позицияларни ўзлаштириш ҳисобига уларнинг экспортдаги улушини ошириш зарур, албатта. Масалан, биз машинасозлик, асбобсозлик, компьютер ва телекоммуникация ускуналари, янги материалларни ишлаб чиқаришни ривожлантиришимиз мумкин. Хизматлар, жумладан АТ-соҳасидаги хизматларни экспорт қилиш ҳам алоҳида йўналиш ҳисобланади. Бизда бунинг учун барча зарур шароитлар ва ресурслар мавжуд.

Экспатриантлар ва чет элдаги жамиятлар мамлакатни ривожлантириш учун қандай ёрдам бера олишлари мумкин?

– Экспатриантлар технологик ва бошқарув билимлари ва шу каби энг яхши амалиётларнинг мутахассислари бўлишлари мумкин. Диаспоралар Ўзбекистонга хорижий инввестицияларни жалб қилиш ҳамда экспортимиз учун янги имкониятлар эшигини очишга яхши ёрдам бера олишлари мумкин.

Навоий ЭИЗда янги фаолиятингизни қандай тасаввур қиласиз? Раҳбар сифатида Россияда орттирган тажрибаларингизни ҳам қўллайсизми?

– Албатта, Россияда орттирилган ва умуман ўзимдаги бор тажрибадан фойдаланаман. Ўзбекистоннинг ўзига яраша талаблари ва ўзига хос вазифалари бор. Иш жараёнида бошқа мамлакатларда ўзини оқлаган энг яхши усулларни қўллаймиз. Бюрократия, умид қиламанки, кам бўлади. Яқинда қонунчиликка киритилган ўзгартиришлар ЭИЗ ривожи йўлида шу пайтгача мавжуд бўлган бюрократик тўсиқларни бартараф этади.


Шуҳратжон ХУРРАМОВ суҳбатлашди.

Total
27
Shares

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*
*