2018 йил якунида иш ҳақи ўртача 25% га, истеъмол нархларининг умумий индекси эса, 14,3% га ошган. Кўринишдан, даромадларнинг ўсиш суръати инфляциядан ўзиб кетгандек туюлади. Бироқ, даромадлар ва инфляция ўсишини солиштириш учун иқтисодий ҳолатга теранроқ назар ташлаш керак. Аҳоли “биринчи навбатда” пул сарфлайдиган алоҳида товар ва хизматлар бу вақт ичида қанчага ошди? Ўртача иш ҳақи ва “биринчи навбатдаги” товар/хизматлар инфляцияси қай даражада боғлиқ? Бу ҳақда uzanalytics.com сайтидаги таҳлилий материалда ўқишингиз мумкин

Иқтисодиёт вазирининг биринчи ўринбосари Мубин Мирзаев 2017 йилнинг охирларида 2018 йилдан бошлаб Ўзбекистонда ойлик маошлар мамлакатдаги инфляция даражасидан келиб чиққан ҳолда оширилишини маълум қилган эди: “Келгуси йилдан иш ҳақининг оширилиши инфляция даражасидан паст бўлмайди. Бу шунингдек, 2018 йилги солиқ ва бюджет сиёсати концепциясида ҳам кўрсатилган. Масалан, инфляция 1 январдан 1 июлга қадар қандай бўлган бўлса, олти ой якунлари бўйича иш ҳақи ҳам шунча оширилади, йил охирида эса, ойлик маош яна бир марта ошади”, деб қайд этганди у Халқаро пресс-клуб йиғилишидаги чиқишида.

https://www.gazeta.uz/ru/2017/12/15/wages/

2018 йил якунига етди ва статистика давлат қўмитаси ўтган йил бўйича ўртача иш ҳақи ва инфляция маълумотларини эълон қилди. 2018 йилда иш ҳақи ўртача 25% га, истеъмол нархларининг умумий индекси эса, 14,3% га ўсган. Кўринишдан, даромадларнинг ўсиш суръати инфляциядан ўзиб кетгандек туюлади. Бироқ, даромадлар ва инфляция ўсишини солиштириш учун иқтисодий ҳолатга теранроқ назар ташлаш керак. Республика бўйича ўртача иш ҳақи 1822,2 минг сўм ($217,51) эканлигини ва ҳаётий ноз-неъматларнинг ҳозирги нархларини ҳисобга олсак, бундай “ўртача статистик ходим” маошининг асосий қисмини озиқ-овқат, коммунал хизматлар ҳамда фарзандларнинг таълим олиши (масалан, олий ўқув юртларида шартнома пулини тўлаш) ҳаражатларига ишлатади. Аҳоли “биринчи навбатда” пул сарфлайдиган алоҳида товар ва хизматлар бу вақт ичида қанчага ошди? Ўртача иш ҳақи ва “биринчи навбатдаги” товар/хизматлар бўйича инфляциянинг ўсиши қай даражада боғлиқ?

Аввалига, 2018 йилда Ўзбекистон аҳолисининг тармоқлар ва соҳалар бўйича иш ҳақлари қандай бўлганини кўриб чиқсак.

Бош статистика идораси ўз ҳисоботида қайд этганидек, республика бўйича ўртача иш ҳақини ҳисоблашда қишлоқ хўжалигидаги иш ҳақи\даромадлар (фермерларнинг даромадлари ва ходимларининг иш ҳақлари) ва кичик бизнесдаги маошлар ҳисобга олинмади. Ўйлаймизки, бундай маълумотлар йўқлиги учун ҳам улар ҳисобга киритилмади. Қўпол қилиб айтганда, мамлакат бўйича ўртача ҳисоб-китоб кўрсатгичи Ўзбекистон шаҳар аҳолисининг ўртача иш ҳақини акс эттирган.

Давлат статистика қўмитаси ўртача иш ҳақини ҳисоблашда 2,6 млн. ходим меҳнат қиладиган қарийб 60 мингта корхона ва ташкилотларнинг маълумотларидан фойдаланган. Бунда саноат, таълим, банк ва суғурта фаолияти, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар тақдим этиш каби тармоқлар нисбатан эътиборли тармоқлардан ҳисобланади. Ушбу тармоқларда иш ҳақи қоидага кўра, расмий суръатда тўланади.

“Конвертлардаги” норасмий иш ҳақларлари эса, асосан ўрта ва кичик бизнесда қўлланилади. Уларга оид маълумотлар мазкур ҳисоб-китобларда ҳисобга олинмаган. Шу боис, ўртача белгиланган иш ҳақи бўйича тақдим этилган маълумотлар ҳақиқатга яқин деб ўйлашга асос бўлади.

Юқорида кўрсатилган диаграммалардан кўриниб турибдики, молия ва суғурта фаолияти, ахборот, алоқа ва саноат тармоқларида ўртача иш ҳақи нисбатан юқори (2700 мингдан 3500 минг сўмгача). Ўртача 1100 мингдан 1300 минг сўмгача бўлган нисбатан паст иш ҳақи соғлиқни сақлаш, ижтимоий хизматлар ҳамда яшаб туриш ва овқатланиш учун тақдим этиладиган хизматлар каби соҳаларда кузатилади. Тармоқлар бўйича хомчўт қилганда, энг кам ҳақ тўланадиган тармоқлар (соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар) дан тортиб, энг юқори ҳақ тўланадиган тармоқлар (молия ва суғурта фаолияти) гача бўлган ўртача иш ҳақи тахминан 3 бараварга фарқ қилади.

Нафақат иш ҳақлар, балки нарх-наволар ҳам ошди…

Жорий йилнинг январида статистика давлат қўмитаси хабар берганидек, 2018 йилда Ўзбекистонда нарх-наво ўртача 14,3% га ошган. Бироқ бу ўртача кўрсатгичдир. Ўтган йили айрим товар ва хизматлар нархи ҳатто пасайгани, ҳаёт учун зарур бўлган айрим неъматлар нархи эса, 69% гача ошгани кузатилди.

Қарийб ҳар бир оила ҳар куни истеъмол қиладиган маҳсулотлар орасида 2018 йилда нархи ошган маҳсулотлар бўйича нон, гуруч, мол гўшти, қўй гўшти, сут “етакчилик қилган”. Уларнинг нархи бир йилда 18% дан 69% гача ошган. Таъкидлаш жоизки, мол гўшти, қўй гўшти ва сут 2017 йилда нархи ошган маҳсулотлар бўйича «рекордсменлар»дан бўлган. Ушбу маҳсулотларнинг нархи мана 2 йилдан буён шу суръатда кўтарилмоқда.

Ўтган йили тухум, шакар, картошка, пиёз ва узумнинг нархи пасайгани қайд этилган. 2017 йилда тухум ва шакарнинг баҳоси 36% ва 29% га ошгани ҳисобга олинса, 2018 йилда улар нархининг 0,5% ва 11,5% га арзонлашганини катта пасайиш деб бўлмайди.

Ноозиқ-овқат маҳсулотлари орасида қурилиш материаллари, тамаки маҳсулотлари ва автомашиналар учун ёнилғилар инфляция “ташаббускорлари” бўлган. Агарда инсон чекишни ташласа, қурилиш ва таъмирлашни кейинга сурса ва шахсий автомобилида юришни камайтирса, бу тоифадаги товарлар нархининг кўтарилганига бемалол чидаса ҳам бўлади. Акс ҳолда, бу харажатлар учун ўтган йилгига нисбатан 19% дан 28% гача кўпроқ пул тўлашга тўғри келади.

Хизматлар нархининг ошиши йилнинг бош тренди

Уй-жой ва коммунал ҳамда таълим хизматларининг ошиши Ўзбекистон аҳолиси учун кутилган, бироқ бир жойда доимо яшовчи ҳар бир киши учун кутилмаган совға бўлди. Уй-жой-коммунал хизматлари учун тўловларни амалга ошириш – ҳар бир оила бюджетининг ҳар доимги ҳаражатидир. Ушбу хизматлар учун тўловларни фақат битта йўл билан иқтисод қилиш мумкин. У ҳам бўлса – агарда сув (совуқ ва иссиқ сув), электр ва газга ҳисоблагичлар ўрнатилган бўлса, улардан камроқ фойдаланиш орқалигина. Уй-жой-коммунал хизматлари учун нархларнинг ошган баробарида иш ҳақининг ошгани самарасини “ҳис қилиш” учун ҳар бир оила бу неъматларни эҳтиёт қилиб ишлатиши керак бўлади. Бироқ, оилада агарда талаба бўлса, олий ўқув юртига шартнома пулини тежашнинг иложи йўқ. 2018 йилда Ўзбекистонда олий таълим муассасалари учун шартнома пули икки босқичда (1 сентябрдан ва 1 ноябрдан) оширилганидан сўнг, шартнома пулининг жами ошиш баҳоси қарийб 20% ни ташкил этди. Агарда шартнома пулининг ҳозирги миқдори – 9 млн. сўм ва ундан юқори экани ҳисобга олинса, талаба фарзанди бор оила учун мазкур тўловнинг 20% га оширилгани қанчага тушишини тахмин қилса бўлади.

2019 йилда таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида иш ҳақларининг оширилиши бўйича прогноз

Жорий йилни таълим ва илм-фан ходимлари йили деб атаса ҳам бўлади. 2019 йилнинг 1 январидан бошлаб ўрта мактаб ўқитувчиларининг ойлик маоши ўртача 29% га оширилди. Бу масалада олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари ходимларининг омади кўпроқ чопди, уларнинг иш ҳақини икки босқичда: шу йилнинг 1 январидан ва 1 июлидан ошириш кўзда тутилган. Иш ҳақларнинг икки босқичли оширилганидан сўнг, олий таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот институтлари ходимларининг ойлик маоши 2019 йилда ўртача 1,5 бараварга, яъни 50% га ошади. Ўйлашимизча, бу соҳа 2019 йил якунига кўра, иш ҳақлари энг кўп оширилган соҳалардан бўлади.

Тиббиёт ходимлари иш ҳақининг оширилиши бўйича ҳолат бироз бошқача. 2018 йилда соғлиқни сақлаш соҳаси ходимларининг ойлик маошлари икки марта: 1 ноябрдан 10% га ва 1 декабрдан 20% га оширилди. Бу ошириш статистика давлат қўмитаси ҳисоботида тармоқ бўйича иш ҳақи фондининг ўзгаришига асосланган ҳисоблаш методикаси туфайли қисман акс этган деб ўйлаймиз. Бошқа томондан эса, 2 марта ҳам иш ҳақининг оширилиши йил охирида амалга оширилгани боис, тиббиёт ходимлари жорий йилда ўз даромадларининг ошганини “сезадилар”. Бундан ташқари, 2019 йил давлат бюджетида иш ҳақини яна бир марта ошириш кўзда тутилган. Жорий йилнинг 1 апрелидан бошлаб, шифокор ва ҳамшираларнинг ойлик маоши 15% га оширилади. Шундай қилиб, бизнинг прогнозимизга кўра, давлат статистика қўмитасининг 2019 йилги ҳисоботида тиббиёт ходимлари иш ҳақининг оширилиши тахминан 38% ни ташкил этади.

Мақолада Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси ва Молия вазирлигининг маълумотларидан фойдаланилган:

1. 2018 йил январь-декабрда ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақи (дастлабки маълумотлар) https://stat.uz/ru/press-tsentr/novosti-komiteta/5266-gosudarstvennyj-komitet-respubliki-uzbekistan-po-statistike-srednemesyachnaya-nominalnaya-nachislennaya-zarabotnaya-plata-za-yanvar-dekabr-2018-goda-predvaritelnye-dannye

2. 2018 йилнинг декабрида Ўзбекистон Республикаси истеъмол секторидаги инфляция https://stat.uz/ru/press-tsentr/novosti-komiteta/5205-inflyatsiya-v-potrebitelskom-sektore-respubliki-uzbekistan-v-dekabre-2018-goda

3. 2017 йилнинг 12 ойи мобайнида истеъмол нархларининг индекслари

https://stat.uz/uploads/doklad/2017/yanvar-dekabr/ru/narxlar-yanvar-dekabr-ru.pdf

4. Фуқаролар учун Бюджет-2019 лойиҳаси (Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги) https://www.mf.uz/media/file/press/budget_2019.pdf

Total
22
Shares

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*
*