Электромобиллар GM Uzbekistan автомобилларига рақобатчи бўла оладими?

Баъзи турдаги енгил автомобилларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб киришда импорт божига тортишнинг янги тартиби 2019 йил 1 январдан бошлаб кучга кириши яна бир бор маълум қилинди.

Муаллиф: Tulkin Chulliev


Жаҳон Иқтисодиёти ва Дипломатия Университети докторанти/Temelsu International Eng Services Inc. Харидлар бўйича мутахассиси

Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси (ДБҚ) бошқарма бошлиғи ўринбосари Фаррух Файзуллаев Podrobno.uz билан бўлган суҳбатда хабар берди. Унинг сўзларига кўра, “1 январдан эътиборан, мамлакатимизда янги тартиб жорий қилинади ва ушбу тартиб қиймати 40 минг АҚШ доллари эквивалентига тенг ва ундан юқори бўлган автотранспорт воситаларига тегишли бўлади. Шунингдек, мазкур автотранспорт воситалари янги бўлиши зарур. “Янги” деганда, божхона расмийлаштирилуви вақтида автотранспорт воситаси ишлаб чиқарилган санасига 2 йилдан ошмаган бўлиши талаб этилади. Ушбу талабларга жавоб берувчи автотранспорт воситаларига пасайтирилган бож ставкалари қўлланилади”.

Суҳбат чоғида маълум бўлишича, божхона тўловининг умумий қиймати автотранспорт воситаси қийматининг 44%ини ташкил этиши кўзда тутилган. Фаррух Файзуллаевнинг фикрича, “дунёнинг исталган давлати ўша давлатда фаолият олиб бораётган маҳаллий ишлаб чиқарувчилар манфаатларини ҳимоя қилади”. Шу сабабли ҳам, юқоридаги тартиб мамлакатимизда фаолият юритаётган GM Uzbekistan ва келажакда кириб келиши мумкин бўлган бошқа ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида фақатгина премиум даражали автотранспорт воситаларига қўлланилади.

Эътиборлиси, мазкур янги тартиб Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 29 июндаги “Ўзбекистон Республикасининг ташқи иқтисодий фаолиятини янада тартибга солиш ҳамда божхона-тариф жиҳатдан тартибга солиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида кўзда тутилган. Бу қарорда, шунингдек, тўлиқ электр двигатель ёрдамида ҳаракатлантириладиган транспорт воситалари учун ноль қийматли бож қўлланилиши белгиланган (код ТИФТН 870380). Лекин электромобиллар учун божхона тўловининг умумий қиймати электромобиль қийматининг тахминан 23% ини ташкил қилишини инобатга олиш зарур. Умуман олганда, автотранспорт воситасининг умумий қиймати унинг нархи, божхона божи ва акциз солиғидан ташкил топади. Нарх олди-сотди шартномасида кўрсатилган қиймат ёки халқаро нархлар каталоги орқали ҳисобланади. Бунда умумий қийматдан 20% миқдорда қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС), 0,2% божхонада расмийлаштириш йиғими ($25дан кам, $3000 дан кўп эмас) ва Республика йўл фондига 3% йиғим ҳисобланади. Электромобиллар учун акциз солиғи ва божхона божи нолга тенглигини инобатга олган ҳолда, фақат уларнинг нархидан 20% миқдорда ҚҚС, 0,2% божхонада расмийлаштириш йиғими ва Республика йўл фондига 3% йиғим тўланади. Мисол учун, чет элдан Ўзбекистон Республикасига $10 000 қийматли электромобиль олиб кирмоқчи бўлган шахс $2 320 миқдорида божхона тўлови тўлаши талаб этилади. Бундан ташқари, ташиш ва етказиб бериш харажатлари унинг ўзи томонидан қопланади.

Ўзбекистонда автотранспорт воситалари бозорида юқорида таҳлил қилганимиз конъюнктура шаклланаётганини, глобал электромобиль бозорининг шиддат билан ривожланаётганини, шунингдек, GM Uzbekistan монополиясига қарши бир қатор мунозаралар юзага келаётганини эътиборга олган ҳолда, нархи ва хусусиятлари жиҳатдан миллий автомобилларимизга рақобат ярата оладиган бир нечта электромобиллар билан танишиб чиқишимиз мумкин.

Дастлаб, электромобилларнинг глобал бозоридаги вазият ҳақида тасаввур шаклланиши учун 2011-2017 йилларда энг йирик бозорларда электромобилларнинг глобал сотув ҳажми кўрсатилган жадвалга мурожаат қиламиз. Кўриниб турибдики, ҳар йили сотув ҳажми ўртача 60-70% га ошмоқда ва бу тенденция келажакда ҳам давом этишини кутиш мумкин.

Кўриниб турибдики, ҳар йили сотув ҳажми ўртача 60-70% га ошмоқда ва бу тенденция келажакда ҳам давом этишини кутиш мумкин.

Қуйида GM Uzbekistan автомобилларига рақобатбардош бўлган бир неча электромобилларни кўриб чиқамиз.

Chevrolet Spark автомобилига глобал бозорда рақобатчилар жудаям кўп. Булардан асосийлари Хитой Халқ Республикасида ишлаб чиқарилаётган Chery eQ ва BJEV EC180 (BAIC) моделлари ҳамда Францияда ишлаб чиқарилаётган Renault Zoe ZE20 модели. Ушбу моделларнинг солиштирма жадвали қуйидагича.

Шу каби Ўзбекистон бозорида Damas, Captiva, Lacetti ва Malibu автомобилларининг ўрнини босиши мумкин бўлган бошқа электромобиль моделлари ҳам мавжуд:

Эътиборли жиҳати шундаки, юқорида санаб ўтилган хорижда ишлаб чиқарилган электромобилларни иккиламчи бозордан кўрсатиб ўтилган нархлардан 2-3 марта арзон нархларда сотиб олиш ҳам мумкин.

Мисол учун Россия Федерациясида машҳур электромобиль Nissan Leafни иккиламчи бозордан $6 000 дан $13 000 гача сотиб олиш мумкин.

Иккиламчи бозордаги бошқа машҳур электромобиллар нархи қуйидагича:

Бунда бир нарсага эътибор бериш керакки, Хитой Халқ Республикасида ишлаб чиқарилган электромобилларнинг иккиламчи бозори бутун дунёда ҳали энди шаклланмоқда. Яъни бундай электромобиллар нархи бозордаги Tesla, Nissan, BMW каби йирик ўйинчилар томонидан ишлаб чиқарилаётган электромобиллар нархидан кўра бир неча баробар пастроқ. Шу сабабли ишлатилган Хитой электромобилини сотиб олгандан кўра, янгисини сотиб олиш иқтисодий жиҳатдан манфаатлироқ ҳисобланади. Шунингдек, Хитой электромобиллари таклифи асосан ички бозор ҳисобига қопланишини инобатга олган ҳолда, уларнинг ҳалигача дунё миқёсида машҳурлашмаганини англаш мумкин.

Юқоридагиларни инобатга олиб, ишонч билан айтиш мумкинки, Ўзбекистонда келажакда GM Uzbekistan автомобилларига муқобил рақобатбардош электромобиллар бозори шаклланиши мумкин.

Биринчидан, электромобиллардан фойдаланиш харажатлари бензин ёки дизель двигателли транспорт воситаларига нисбатан 1,5-2 марта камроқ. Мичиган транспорт тадқиқотлари институти олимлари Брандон Шоёттл (Brandon Schoettle) ва Майкл Сивак (Michael Sivak) томонидан олиб борилган ўрганишларга кўра, АҚШда электромобилдан фойдаланиш харажати йилига ўртача $485 ни, бензин ёки дизель двигателли автомобилдан фойдаланиш харажати $1 117 ни ташкил этади. Бундан ташқари, ушбу тадқиқотда электромобилнинг нисбатан камроқ эҳтиёт қисмларга эга эканини инобатга олган ҳолда, ундан фойдаланиш ва таъмирлаш харажатлари ҳам камроқ бўлиши таъкидланган.

Иккинчидан, ҳозирги пайтда кўпчиликда электромобилларнинг узоқ хизмат қила олмаслиги бўйича олдиндан шаклланган нотўғри фикр бор. Лекин, ҳақиқатда аксарият электромобилларнинг 200 000 км ва ундан ортиқ йўл босиши тасдиқланган. 2015 йилда ушбу масала юзасидан Nissan компанияси ўз муносабатини билдирди. Унга кўра, барча батареяларнинг бор-йўғи 0.01% игина муаммолар ёки носозликлар сабабли алмаштирилиши мумкин. Шунингдек, 200 000 кмдан узоқроқ масофани босиб ўтган электромобиллар батареялари билан ҳеч қандай муаммо юзага келмаслиги таъкидланди.

Учинчидан, GM Uzbekistan автомобилларига электромобилларнинг кучли рақобат ярата олиши мумкинлиги уларнинг атроф муҳитга умуман зарарсиз эканлигидадир. Чунки электромобиллар ҳавога ҳеч қандай заҳарли моддалар (қаттиқ элементлар, ўзгарувчан органик бирикмалар, гидроводородлар, углерод моноксиди, қўрғошин ва ҳар хил азот оксидлари кабилар) ажратмайди.

Келажакда электромобилларга тўлиқ ўтиш учун жаҳонда катта-катта қадамлар ташланмоқда. Биргина мисол – Исроил. Исроил Энергетика вазирлигининг 2018 йилнинг 9 октябрдаги маълумотига кўра, мазкур давлатда истиқомат қилувчилар учун 2030 йилдан кейин бензин ёки дизелли транспорт воситаларини сотиб олиш чекланади ва Исроил тўлалигича электрда ҳаракатланувчи транспорт воситалари мамлакатига айланиши кўзда тутилган.

Таҳлилларимиздан бевосита ва билвосита англаш мумкинки, Ўзбекистонда электромобиллар бозорини шакллантириш учун жуда катта имконият мавжуд. Чунки соҳа бўйича юртимизда ҳалигача бирор-бир лойиҳа амалга оширилган эмас. Бундай лойиҳаларни амалга ошириш учун иккита катта тўсиқ мавжуд. Биринчиси, аҳоли томонидан бу каби янгиликнинг қабул қилиниши жуда секин кечади. Сабаби, уларнинг аксарият қисми консерватив дунёқарашга эга. Иккинчи тўсиқ электрда ҳаракатланувчи транспорт воситалари учун Ўзбекистонда мос электр станциялари, умуман олганда, инфратузулманинг шаклланмаганлигидир. Ушбу иккала тўсиқни ва бошқа нисбатан кичик муаммоларни бартараф қилиш ва натижада аҳолини жаҳон андозаларига мос транспорт воситалари билан таъминлашда давлатнинг роли жуда катта деб ҳисоблаймиз.


Фойдаланилган манбалар:

1. https://podrobno.uz/cat/economic/gtk-obyasnil-pochemu-v-uzbekistan/?sphrase_id=217466

2. https://www.spot.uz/ru/2018/07/24/electrocar/?utm_source=push&utm_medium=facebook

3. https://www.autostat.ru/articles/37064/

4. https://en.wikipedia.org/wiki/Electric_car

5. https://www.cargurus.com/

6. https://auto.ru/

7. https://wattev2buy.com/

8. https://www.edmunds.com/electric-car/

9. Постановление Президента Республики Узбекистан №ПП-3818 от 29.06.2018 “О мерах по дальнейшему упорядочению внешнеэкономической деятельности и совершенствованию системы таможенно-тарифного регулирования Республики Узбекистан”.

10. https://www.forbes.com/sites/jeffmcmahon/2018/01/14/electric-vehicles-cost-less-than-half-as-much-to-drive/#718420c3f973

11. https://www.zeit.de/mobilitaet/2015-04/elektroauto-batterie-akku-tesla-s/seite-2

12. https://gigaom.com/2010/03/17/should-pollution-factor-into-electric-car-rollout-plans/

13. https://www.electroauto.com/info/pollmyth.shtml

14. https://lechaim.ru/news/izrail-nameren-polnostyu-perejti-na-elektromobili-k-2030-godu/

https://infogram.com/uz-cars-4-1h7z2llgo9gl2ow?live
Total
82
Shares

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*
*